…Аёлнинг кўз ёшини кўриб ректорнинг ҳам кўнгли юмшади. Бўлмаса-ку, шунча вақт дарсларда қатнашмаган талабани ҳеч қачон кечирмаган бўларди. Муштипарнинг юракни эзиб юборувчи ҳасрату нолаларидан кейин факультет деканини койиди – талабасининг ҳолидан хабар олмаганим учун. Ахир бечора тўрт ойдан буён оғир аҳволда ётган бемор отасига қараш билан овора экан. Оиласи ҳам ночорлигини билишмабди. Муҳокамаю мунозара анча чўзилиб кетди. Йигит қайта-қайта тавба қилди. Онаизор йиғисини тўхтатолмай ҳиқиллаб-ҳиқиллаб дуо қилган бўлди. Бу орада котиба қиз кириб ректорга қўшни вилоятдан келган бир киши учрашмоқчилигини ва бироз шошилаётганини айтди. Ректор “Меҳмон кираверсин”, деб муҳокамага қисқа якун ясади.
Аёл ташқарига чиқиши билан меҳмон кирди. Ректорнинг шогирдларидан бўлган бу одам ичкари кирибоқ йигитга кўзи тушиб:
– Ие, Содиқ, сен ҳам шу ердамидинг? – деб сўради.
Талаба ярқ этиб меҳмонга қаради, саросимага тушиб ранги оқариб кетди. Нимадир демоқчи бўлди. Бироқ тили калимага келмади. Хиёл бош силкиб, шошганча чиқиб кетди.
Ректор салом-аликдан кейин ҳайрон бўлиб сўради:
– Нима, сиз бу талаба йигитни танийсизми?
– Ҳа, тоғамнинг ўғли-ку!
– Шундайми? Тоғангиз тузукмилар, ишқилиб?
– Э, зўр. Тоғамни танийсиз, қўшма корхона директори.
– А-а?.. Ҳалиги чиқиб кетган аёл келинойингиз экан-да.
– Йўғ-э, у аёлни танимайман.
Ректор ҳайратдан қотиб қолди.
– Ахир, у аёл бир соатдан буён бечора боласининг оғир аҳволда ётган бемор отасига қараб, дарсларга келолмаганини, эри ўлиб ўлолмай, тузалиб тузалолмай беҳуш ётганини, ўзи ҳам қийналиб адои тамом бўлганини айтиб йиғлади-ку!
– Йўғ-э!… Тоғам кеча Японияга учиб кетди. Хорижлик ҳамкорлар билан шартнома имзолаши керак экан. Бир айланиб келсин деб келинойимни ҳам олиб кетди.
Тезда йигитни ва аёлни топиб қайтариб келишга буйруқ бўлди. Йигитни “ёлланган она”си билан қаҳвахонада чақ-чақлашиб ўтирган еридан топишди ва ҳар иккисини зинғиллатиб институтга олиб келишди.
Жиддий суриштирув чоғида сир очилгач, аёл яна кўзига ёш олди. Йигитнинг илтимосини рад этолмаганини, кўнгли бўшлигини, вақтинча “она”си бўлиб туришга розилик бериб хато қилганини айтиб йиғлади. Лекин бу гал йиғиси ишончсизроқ чиқди.
Талаба йигит эса тўқликка шўхлиги боис пешонаси деворга урилганини англади, энди ҳаммаси тамом бўлганини тушуниб, бутунлай бошини кўтаролмади.
Қизиғи шундаки, бу ҳол биринчиси эмас экан. Муайян ҳақ эвазига “муштипар она”, “бечора ота” ролини ўйнайдиганлар, ўйнатадиганлар онда-сонда бўлса-да учраб тураркан.
Шундан кейин ҳангоматалаб талабалар ва ўқитувчилар орасида буюртмалар қабул қилинаётгани ҳақида ҳазиломуз эълонлар тарқалди: “вақтинчалик она” ҳар соати – 50 минг сўм”, “вақтинчалик ота” ҳар соати – 100 минг сўм”.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 1-сон