Пианино созловчи, соқол-мўйлови тоза қирилган, юзи заъфарон, қулоғига пахта тиққан Муркин деган бир одам номердан коридорга чиқди-да, дўриллаган овоз билан:
— Семён! Ҳой, малай! — деб чақирди.
Унинг юзини шундай қўрқув босган эдики, кўрган одам бошига шифт тушиб кетдими, ё бўлмаса номердан жин чиқдими деб ўйларди:
— Бу нима қилганинг, Семён? — деди у, бақириб, олдига югуриб келган малайга. — Бу нима қилганинг? Мен касалманд одам бўлсам, оёғимда бодим бўлса, сен мени ялангоёқ юришга мажбур этасан! Нега шу маҳалгача этигимни келтирмайсан? Қани менинг этигим?
Семён, Муркиннинг номерига кирди-да, этикни тозалаб келтириб қўядиган жойга қараб, елкасини қашиди: этик йўқ эди.
— Қаерга йўқолиптийкин, лаънати? — деди Семён, ҳайрон бўлиб. — Кеча кечқурун топтоза қилиб келтириб қўйгандай эдим… Ҳм… Ростини айтсам, кеча бироз кайфим бор эди… Бошқа номерга киритиб қўйдиммикан, а? Ҳа, а, Афанасий Егорич, бошқа номерга киритиб қўйган эканман! Нима кўп, этик кўп, мастликда отангни ҳам танимаганингдан кейин, қайси этиклигини биласан… Бойвучча хонимнинг номерига киритиб қўйгандирман, худди сизнинг ёнингизда туради… Ўзи актриса…
— Сенинг касрингдан энди бойвучча хонимни безовта қилишга тўғри келади! Арзимаган бир нарсага аёл кишини безовта қилган яхшими?
Муркин нафасини ростлади, бир йўталиб олди-да, нариги эшикни бориб секин қоқа бошлади.
— Ким у? — деган хотин кишининг овози эшитилди бирпасдан кейин.
— Мен, мен! — деди Муркин, худди кибор хоним билан гаплашаётган олифта йигитга ўхшаб ва ёлворучи бир оҳангда. — Безовта қилганим учун кечирасиз, хоним, аммо мен касалманд одамман, оёғимда бодим бор… Доктор оёғингни иссиқ тутиб юр деб буюрган, бунинг устига мен ҳозир генеральша Шевелицинанинг уйларига бориб, роялларини созлаб беришим керак. Ялангоёқ боролмайман!..
— Ҳа нима керак сизга ўзи? Қанақа рояль?
— Рояль эмас, хоним, мен этигимни айтаман! Нодон Семён менинг этигимни тозалаб, билмасдан сизнинг номерингизга киритиб қўйипти. Илтифотингизни аяманг, этигимни чиқариб беринг!
Уй ичидан бировнинг тургани, кроватдан сакраб тушгани, оёқ товуши эшитилди, кейин эшик қия очилди-да, аёл кишининг момиқдай семизгина қўли Муркиннинг оёғи тагига бир жуфт этикни чиқариб ташлади. Созчи ташаккур билдирди-да, этикни олиб, ўз номерига кириб кетди.
— Ажабо, — деб пўнғирлади у, этикни оёққа тортабошлаб. — Биттаси ўнг этикка ўхшамайдими, назаримда? Ийя, иккови ҳам чап оёқники-ку! Ҳой, Семён, менга қара: бу менинг этигим эмаску! Менинг этигимнинг қулоғи қизил, бут-бутун эди, буларинг ямалганку! Қулоғи ҳам йўқ буларнинг!
Семён этикни қўлга олди-да, кўзининг олдига келтириб, бир-икки марта айлантириб кўрди, қовоқларини солди.
— Бу Павел Александровичнинг этиклари бўлса керак… — деди Семён қия боқиб.
Унинг бир кўзи ғилай эди.
— Қайси Павел Александровичнинг?
— Актёр Павел Александровичнинг этиклари… ҳар сешанба куни келиб ётиб кетадилар… сизникини адаш кийиб кетиптиларда… Кеча этигингизни бойвуччанинг уйига киритиб қўйган эдим, иккаласини ҳам киритиб қўйган эдим. Э, дардисар!
— Кириб алиштириб чиқақол!
— Анови кишининг гапларини қаранг! — деди Семён тиржайиб. — Кириб алиштириб чиқақол эмиш… Қаердан топаман энди у кишини? Кетганига бир соатдан ошди… Энди топиб бўладими!
— Уйи қаерда?
— Ким билади! Ҳар сешанба оқшом келиб ётиб кетади, қаерда туриши бизга номаълум. У сешанбадан бу сешанбагача кутиш керак.
— Кўрдингми, қилган ишингни, тентак одам! Мен энди нима қиламан? Генеральша Шевелицинанинг уйига боришим керак, ахир жин ургур! Оёқларим совуқотиб кетди-ку!
— Этикни алиштириш қийин эмас. Кечқурунгача шу этикда юратуринг, кечқурун театрга борақоларсиз. — Бориб, Блистанов деган актёрни сўрайсиз… Агар театрга бормайман десангиз, келаси сешанбагача кутасиз. У киша бу ерга фақат сешанба кунлари келади…
— Йўға, нега энди иккови ҳам чап оёқники? — деди Муркин, этикни хазар билан қўлга олиб.
— Худонинг қудрати-да, нега бўларди. Камбағал одам… Яхшисини актёр қаердан олсин?„ «Шу ҳам этикми, Павел Александрович! Шармандабозлик-ку!..» десам, «Жим бўл! Мен шу этикда граф ва князь рольларида ўйнаганман!» дейди. Жуда аломат халқ бўларкан, шу актёрлар. Артист артистлигига боради-да! Мен губернатор ёки катта мансабдор одам бўлганимда, ҳамма актёрларни тўплаб, қаматтирар эдим.
Муркин қийнала-қийнала пойма-пой этикни кийди ва оқсоқланиб-оқсоқланиб генеральша Шевелицинанинг уйига кетди. Эртадан кечгача шаҳарни кезиб, ҳар кимларнинг пианиноларини созлаб юрди, унинг назарида ҳамма одамлар худди унинг пошналари қийшайиб кетган, ямок-ясқоқ этигидан кўзини узмай қараб юрганга ўхшарди. Бунинг устига, оёқларининг бармоқлари қавариб, шилиниб кетган эди.
Кечқурун театрга борди. «Кўк соқол» спектакли ўйналаётган экан. Охирги парда олдидан Муркин найчи бир танишининг ёрдами билан саҳна орқасига киришга муваффақ бўлди. Эркаклар пардозхонасига кириб қараса, бутун уй ичи эркак артистлар билан лиқ тўла. Баъзилари кийинмоқда, баъзилар ечинмокда, баъзилари юзларига грим суркамоқда, бошқалари тамаки чекиб ўтирар эдилар. Кўк соқол король Бабеш билан бирга алланималарни гапиришар, унга тўппончасини кўрсатиб турар эди.
— Ол! — дерди, Кўк соқол. — Курскдалигимда бир пайти келиб қолувди, саккиз сўмга олган эдим, сен олти сўм берақол… Жуда бехато отади ўзи ҳам!
— Эҳтиёт бўл, ўқланган бўлса…
— Блистанов афандини кўрсам бўладими? — деди созчи, пардозхонага кириб.
— Ҳа, мен бўламан! — деди Кўк соқол, унга қайрилиб қараб. — Хизмат?
— Кечирасиз, афандим, безовта қилганим учун, — деди Муркин, ёлворган бир овоз билан. — Мен бир касалманд одамман ўзим, оёғимда бодим бор. Докторлар оёғингни иссиқ тут деб буюришган…
— Ҳа, нима демоқчисиз ўзингиз?
— Гап шундаки… — деб давом этди созчи, Кўк соқолга мурожаат қилиб, — ҳа… шу кечаси сиз Бахтев деган савдогарнинг мусофирхонасига борган экансиз… 64-нчи номерга…
— Бу гапинг нимаси! — деди кулиб, король Бабеш. — 64-нчи номерда менинг хотиним туради!
— Сизнинг хотииингиз? Жуда яхши… — Муркин илжайди. — Бу кишининг этикларини сизнинг рафиқангиз менга чиқариб бердилар-да… Бу киши, — созчи Блистановни кўрсатди, — бу киши чиқиб кетганларидан кейин этигимни кияй деб қарасам, иш шунақа… Кейин малайни чақирдим, малай: «Сизнинг этигингизни адашиб бошқа номерга киритиб қўйгандирман!» деди. Ичиб маст бўлганида, менинг этигимни ҳам сизникига қўшиб 64-нчи номерга киритиб қўйган экан, — деди Муркин, яна Блистановга мурожаат қилиб. — Сиз бу кишининг рафиқалари ёнидан чиқиб кетаётганингизда менинг этигимни кийиб кетибсиз…
— Бу нима деганингиз? — деди Блистанов, қовоғини солиб! — Бу ерга чақимчилик қилгани келдингизми?
— Ҳеч бир-да! Худо сақласин мсни бу ишдан! Гапимга тушунмадингиз… Мен нима демоқчи бўламан? Мен этикни айтмоқчиман! Сиз шу кечаси 64-нчи номерга кириб ётганмидингиз?
— Қачон?
— Шу кеча.
— Ўз кўзингиз билан кўриб айтаётибсизми?
— Йўқ, мен кўрганим йўқ, — деди Муркин, ҳижолат билан. Курсига ўтирди-да, оёғидаги этикни еча бошлади. — Менку ўз кўзим билан кўрганим йўға, аммо мана бу сизнинг этигингизни бу кишининг рафиқалари ўз қўллари билан чиқариб бердилар… Менинг этигим ўрнига.
— Бундай гапларни гапириб юришга қандай ҳақингиз бор, афандим? Ўзимни айтаман, мен эркак кишиман, аммо хотин кишини, ўз эрининг олдида ҳақорат қилишга қандай ҳақингиз бор?
Саҳна орқасида тўс-тўпалон бошланиб кетди. Таҳқир этилган эр, король Бабешнинг бирдан юзи қип-қизариб кетиб, кучининг борича столни бир урган эди, нариги уйда ўтирган актрисалардан иккитаси ҳушидан кетиб йиқилди.
— Сен шу гапга ишонасанми, а? — деб бақирарди Кўк соқол, — шу аблаҳнинг гапига ишонасанми? — О-о-о! Ўлдир дегин шу заҳоти тил торттирмай ўлдираман бу одамни! Ўлдирайми? Ўлдирайми? Ҳозирнинг ўзида чалпак қилиб ташлайман. Тилка порасини чиқариб юбораман!
Шу кеча ёзлик театр ёнидаги боғда сайр қилиб юрганлар тўртинчи пардадан олдин театрдан ялангоёқ бир одамнинг югуриб чиқиб, катта хиёбондан қочиб кетганини кўрганларини айтадилар, қочган одамнинг юзи заъфарон, кўзларига даҳшат тўла дейдилар. Унинг кетидан Кўксоқол кийими кийган бир киши қўлида тўппонча ушлаб қувган экан. Воқианинг буёғи нима бўлганини ҳечким билмайди. Фақат шуниси маълум бўлдики, Муркин Блистанов билан танишгандан кейин икки ҳафта бетоб бўлиб ётипти ва «мен касалманд одамман, оёғимда бодим бор» деган сўзларга «мен ярадор одамман» деб қўшиб айтадиган бўпти…
О. Раҳимий таржимаси