ИШХОНА
Шопенҳауэрга тегишли қоғозлар орасида тик чизиқлар билан иккига бўлинган варақ сақланиб қолган бўлиб, уларнинг бирига: “Франкфурт”, бошқасига эса: “Манҳайм” деб ёзиб қўйилган экан. Мазкур рукнларнинг ҳар бирида Шопенҳауэр иккала шаҳарнинг ўзига хос хислатлари ва камчиликларини эринмай бирма-бир санаб чиққан. Тасодиф измига ишониб, кутилмаган кўнгилсизликларга дуч келишни истамаган файласуфга хос эҳтиёткорлик билан қулайликлар, кўнгил очиш ва ишлаш учун нималар зарурлигини олдиндан пухта ўйлаб, чамалаб, мулоҳаза қилиб кўрган ва шундан кейингина Франкфурт-Майнга кўчиб бориб жойлашган ва у ерда умрининг охирига қадар истиқомат қилган. Уй-жойни шунчалик узоқни кўра билишлик билан танлай олишда у барча ақлий меҳнат кишиларига, агар уларнинг ҳар бири эркин танлов имкониятига эга бўлиш даражасида таъмин этилган бўлса, ибрат бўлиб хизмат қилиши мумкин эди.
Ёзувчилар, айниқса, шоирлар одатда кўчманчиларга хос ҳаёт кечирадилар. Афсона, ривоятларда Ҳомер кўз олдимизда қўлида узун асо билан элма-эл, юртма-юрт кезиб юрадиган сайёр рапсод (қадимги грекларда рапсодия – эпик асарлардан парчалар айтиб юрувчи бахши – Тарж.) қиёфасида, Архилох – олтин изловчи ва жангчи, Алкей эса қувғин қилинган, озодлик учун толмас курашчи сифатида намоён бўлади, улар энг қадимги даврдан бошлаб элу юрт кезиб, кўчиб юришни бошлаб берган ва уларнинг сони тобора ошиб борган. Дантенинг сафар ва саёҳатлари, Мольер ва Шекспирнинг кўчманчилиги, Шеллининг адоқсиз дарбадарликлари, Байроннинг қизғин ва жўшқин саёҳатлари, Мицкевичнинг бир жойдан иккинчи жойга мудом кўчиб юришлари, Рембонинг Африкадаги саргузаштлари – буларнинг барчаси ўзига хос ҳодисалар ҳисобланади. Давлат молия бошқармасида узоқ йиллар хизмат қилган биргина Альбер Саменга то мункиллаб қолгунга қадар бир манзилдан бошқа бир манзилга кўчиб юрган, шундан кейин Верленга ўхшаб юзлаб шоирлар тинч, сокин бошпана топа олмаган. Шоирнинг илҳоми бой-бадавлат патрон (ҳомий, ҳимоячи)нинг инжиқлик, қайсарликларига боғлиқ бўлган замонларда шоир, албатта, эртага бошпанаси бўладими-йўқми, буни аниқ билолмас эди. Ҳаттоки моддий қарамликни ҳисобга олмаган тақдирдаям, шоирлар умрининг қандайдир бир қисми кечган дунёнинг турли бурчакларида ёдгорлик лавҳаларини осиб ташлаш учун ҳам барибир инжиқлик, терслик, ногаҳоний шиддат, ҳаяжон, саргузашт ва янгиликларга ташналик етарли эди.
Ёзувчининг олдида ҳамиша: қишлоқми ёки шаҳар, деган савол кўндаланг турган ва у доимо очиқлигича қолиб келган. Ушбу масаланинг пайдо бўлиши Лондон, Нью-Йорк, Париж каби замонавий улкан шаҳарларнинг тараққиёти билан боғлиқ эмас, балки кўча қатновининг доимий ўсиб бориши, моторлар шовқини, бензин ҳиди ва фабрикаларнинг мўриларидан чиқаётган дуд, қурумлар сабабли янаям долзарб тус олган бўлса эҳтимол. Нозик, сезгир асаблар учун шаҳар ҳамиша ноқулай жой бўлиб келган. Сершовқин ва дим Афинанинг, аҳолиси кўп, нотинч ва безовта Искандариянинг, салкам бир миллион киши яшайдиган Римнинг бизга жозибали бўлиб туюладиган, аслида эса аҳолиси зич жойларга хос барча камчиликлар мавжуд, чунончи, ўз даврида бадбўй, қўланса, ифлос, ириб-чириб сасиган ўрта аср шаҳарларидан ҳеч қандай афзаллик томонлари йўқ. Улар бу дунёнинг фонийлигидан четлашган қалбларга жаннатнинг деворлар билан ўраб олинмаганини ва у ерда кўчалар ўрнига гуллаб ётган боғлараро сўқмоқлар ўтганини эслатиб турган. Ижодий тафаккур ҳамиша табиатга қараб интилган. Афлотун ўз мактабини Академ дарахтзорида тузган. Эпикур Афинанинг бошқа бир чеккадаги хилват гўшасида боғ-роғига эга бўлган. Шахсий ижод тури бўйича кутубхоналар ва архивлар яқинида яшашга мажбур бўлган ёзувчилар шаҳар марказидан узоқроқда туришга интилишган, хаёлот дунёси бой бўлган адиблар эса осойишта ва чекка жойлардан қўним топишган.
Дунёнинг ўзлари танлаган қайси бир бурчаги бўлмасин, уни ўз номлари билан тарих саҳифаларига абадий муҳрлаган ижодкорлар қанчадан-қанча! Бугунги кунда шакл-шамойили ҳам ноаниқ бўлган Колона ҳақидаги эсдаликлар қатида Софокл кўланкаси яшаб келади, Тиволидаги Римга қарашли Тибур харобалари орасидан Ҳораций изларини қидириб топиш мумкин, Воклюз эманлари остида Петрарканинг Лаура ҳақидаги тушлари қолиб кетган, Сельвапьяна эса мункиллаган шоирнинг янги ижод манбаига макон бўлганидан фахрланади. Поляк адабиёти бўсағаларида Ян Кохановскийнинг қора ўрмон (япроқли дарахтлар ўрмони) арғувонлари муаттар бўй таратиб турибди. Бошқаларга қараганда поляк адабиёти қишлоққа анча яқин бўлган. У бир неча асрлар давомида – Пётр Скарга сингари хизмат юзасидан шаҳарга боғланиб қолган руҳонийлар ва сарой аъёнларини ҳисобга олмаганда – шаҳарларнинг тошкўчаларига деярли қадам босмаган. Шаҳарликлар либоси кунтуш (қадимги полякча ва украинча тўн) ва жупан (поляк ва украинларнинг уст кийими, чопон – Тарж.)лар орасида гоҳ-гоҳ кўзга чалиниб қоларди. Бу манзара XIX асрга келибгина ўзгара бошлайди, бироқ шунда ҳам поляк ёзувчиларининг ота-боболардан мерос – табиатга бўлган теран меҳр-муҳаббатига заррача путур етмайди. Каспровичнинг “Харенда” уйчаси, Жеромскийнинг Наленчоводаги кулбаси ёки Константиндаги вилланинг улуғланиш боиси ҳам шундан. Қишлоқни Раҳмон яратган, шаҳарни эса Шайтон, деган экан Жеромский. Халқ туҳфаси сифатида шаҳар ташқарисидаги ер майдони (томорқа) ёки Варшавадаги ғиштин иморатни танлаш имконига эга бўлган Сенкевич Обленгорекни афзал кўрган. Толстой Ясная Полянани тарихга абадий муҳрлаган.
Ёзувчи одам ёшлигида асосан шаҳарда туришни маъқул кўради, чунки шаҳар унинг маънавий юксалиши учун қулайлик туғдиради, ижодини тўхтовсиз рағбатлантириб боради. Ижодига берилган баҳо кўплаб ёзувчиларга бутун умри мобайнида илҳом беради. Иззат-икром, ҳурмат-эҳтиромлар, имтиёзу мукофотларнинг қишлоқ жойларга етиб бориши қийин. Аммо шунинг эвазига одатда ёзувчи шон-шуҳрат ёки норасмий бўлса-да, ҳақиқий эътирофга эришгач, шаҳар билан хайрлашади. Мабодо шаҳарда қолган тақдирда ҳам, уни энди чорбоғлар қурила бошлаган шаҳар атрофларидан ёки одам кам қатнайдиган, пастқам, хилват жойлардан, боғ, хиёбонли мавзелардан излаш керак ва ёзувчини қўлида сув пуркагич билан гулзорлар атрофида айланиб юрган пайтида учратаман, деб гаров ўйнаган одамнинг баҳсда ютиб чиқиши турган гап. Кейинчалик машҳур бўлиб кетган талантлар илк саҳнага чиқадиган ёки ўз даври билан чиқишолмай қолган даҳолар шуҳрати сўнадиган болохона, бир томондан ва иккинчи томондан олганда эса – кўм-кўк дов-дарахтларга кўмилган шахсий уйча – ёзувчининг ҳаёти кўпинча мана шу икки қутб орасида кечади.
Албатта, шаҳарга мутаассиб ишқибозлар ҳам учраб туради. Ундайларнинг бири сифатида, шубҳасиз, Суқротни айтиб ўтиш мумкин, у, агар зарурат бўлмаса, ҳеч қачон Афинани тарк этмаган. Унинг Кефис соҳилида Федро билан қилган суҳбати шунчалик фавқулодда воқеа бўлганки, Афлотун унга ўз асаридаги диалогнинг энг гўзал саҳифаларини бағишлашни ўзининг бурчи деб билган. Агар афсонага ишонадиган бўлсак, Кант ҳам юқоридаги тоифага мансуб бўлиши мумкин, чунки у Кёнигсбергда ярим аср яшаб, бу шаҳар денгиз бўйида жойлашганини бирон марта ҳам ўз кўзи билан кўриб, ишонч ҳосил қилмаган экан. Искандариялик баъзи бир шоирларни шаҳардан ташқарида тасаввур қилиш қийин, Вийон ёки Верленга руҳан яқин бўлганлар ҳам шулар жумласидандир. Леон-Поль Фарг оёқлари остида Париж тошкўчаларини ҳис қилмасдан яшай олмагани боис, “Рieton de Paris” – “парижлик пиёда” деган лақабни орттирган экан. Яшил ранг менга ярашмайди, дея ҳазиллашаркан у. Таверна (майхона), тамаддихона, қаҳвахоналар шаҳарга мансуб кўплаб авлодлар учун бошпана вазифасини ўтаган. Эски торкўчалар ва тарихий биноларга кўнгил қўйган ёзувчилар ўрмон ва далаларнинг кенг ҳавосидан нафас олишга қийналишади. Улар дов-дарахтлар ва гулларнинг гўзаллигини ҳис этишмайди, гўзалликни фақат колонна (устун)лар ва карнизларда кўришади, холос.
– Менга ҳикоя қилишларича, – дея таъкидлайди Конрад ўз хотираларида, – баъзи бир ёзувчилар вагонда ва ҳаттоки ичкийим илинадиган арғамчи, чилвир устида оёқларини чалиштириб ўтирган ҳолда ҳам ёзавераркан. Ўзимга келсак, шуни очиқ айтишим керакки, менинг ялло қилиб юришим ҳеч бўлмаганда стулга ўхшаш бир нима муҳайё бўлгандагина ёзишга имкон беради.
Ушбу ҳазиломуз иқрорни ҳам кема каютасида бошланган ёзувчи ижодий йўлининг ибтидосига, ҳам таркидунёчиликдан узоқ бўлган энг сўнгги йилларнинг талабларига бирдек тааллуқли деб ҳисоблаш мумкин. Тўғри, дуч келган жойда: ошхона столи атрофида, диван устида, осма тўр беланчакда ҳам бемалол ишлай оладиган ёзувчилар учраб туради. Уларнинг баъзилари атрофдаги ҳар қандай муҳитдан “ажрала олиш” қобилиятига эга бўлиб, шовқин-сурон, югур-югур, қий-чув ичида – казармалар, идоралар, вокзал, таҳририятларда ҳам ёзишнинг уддасидан чиқа олишади. Готье “Капитан Фракасс”нинг бир неча бобини босмахонада, тарақа-туруқ ишлаётган машиналарни тўсиб турган юпқагина девор ортида ўтириб қоғозга туширган экан. Қаҳвахона кўплаб шоирларнинг қофияларига ҳеч қандай халақит бермаган. Бернанос қаҳвахонадаги кўповозли ғовур-ғувурни ўзининг фикрлар тўлқини билан боса олган. Бир одамдан эшитгандим, Закопанедаги қандолатчи ҳузурига кирган киши Сенкевичнинг у ердаги мўъжазгина столча атрофида ўтирган кўйи Кмицид саргузаштларини қоғозга тушириб ўтирганига гувоҳ бўлар экан.
Бироқ буларнинг барчаси камдан-кам учрайдиган ёки фавқулодда ҳодисалардир. Ёзувчи ўз табиатига кўра асли хосхонада ўтириб ишлайдиган одам. Унинг, майли, чордоқда бўлсин, каптархонадай бўлса ҳам, тўрт девордан иборат, деразали ўз уйи бўлиши лозим, унга яна стол ва стул ҳам керак. Лекин шунда ҳам ёзувчи ҳақиқий зоҳид бўлмаса агар, буларга қаноат қилиши қийин. Фикримча, Диоген ҳам ўз бочкасини папирусга сўз ёзиш учун эмас, балки фалсафий фикр-мулоҳазалар учун тавсия қилган экан.
Ёзувчининг иш жойи ҳақидаги масала, агар бу муаммо билан аёл киши – машҳур инглиз адибаси Виржиния Вулф астойдил шуғулланмаганида эди, уни таърифлашдан ташқарига чиқмаган бўлардик. Вулфнинг маърузалардан тузилган “A room of one’s own” – “Шахсий хона” деб номланган мўъжазгина китобчаси бир қарашда унчалик муҳим бўлмаган ушбу масаланинг ўта жиддий муҳокамасига бағишланган. Асрлар мобайнида адабиёт оламига кириб келган камсонли аёллар тўғрисида тўхталар экан, муаллиф бу йўлда уларга тўсқинлик қилган урф-одатлар ва бидъатларни кўрсатиб ўтади. Аёл киши ёзувчилик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида ўз шахсий хонасига эга бўлиш учун мустақилликнинг шундай бир даражасига камдан-кам ҳолларда ва, одатдагидек, яхши номини йўқотиш эвазига эриша олар эди. Бошқача қилиб айтганда, ана шу меҳнат атрофдагилар томонидан тан олиниб, эътироф этилиши ёки ҳеч бўлмаганда унга кўниб, муроса қилишлари учун: “Шекспир заковатига эга бўлган аёл XVI асрда таъқиб остига олиниб, қувғин қилинган, ўзини-ўзи ўлдирган ёки одамлар кўзидан йироқда, чекка, хилват қишлоқдами, қаердадир жодугар хотиндай ўз ҳаётига чек қўйган бўлар эди”.
XIX асрдагина аёл адабий ҳаётга чинакамига кириб келди ва ҳозирги кунда табиий ва зарур бўлган қулайликларни талаб қилишга журъат этди. Илгарилари эса, ёзиш-чизишга ботинган тақдирда ҳам, худди Жейн Остинга ўхшаб, ота-онасининг уйидаги меҳмонхонада ўтирган кўйи уйга бирорта бегона одам кириб келгудек бўлса, уялиб, ийманиб қўлёзмани дарров бекитиб, яширишга мажбур эди. Ҳа, унинг зорланганича ҳам бор: “Эркаклар ёзиш имтиёзига бундан бир неча минг йиллар муқаддам эришган ва фақат ибтидоий жамоа тузумидагина шоирнинг ўз фикру хаёлларини бир ерга жамлаб олиш имкониятига эга бўлмоқ учун унга хилват, кўздан йироқ бошпана зарур эканини исботлаб беришига тўғри келган бўлур эди”.
Тор ва қоронғи каталак кулбачаларда, чордоқларда кўплаб асарлар ёзилган ва уларнинг орасида йирик, салмоқлилари ҳам учраб туради. Ундай жойларда қанчадан-қанча ажойиб ақл соҳибларининг ижоди гуллаб-яшнаган ёки инқирозга юз тутган. Айрим ёзувчилар эса ўз ташвишлари билан андармон бўлган одамлар ичида, шовқин-суронга тўла, тиқилинч, тирбанд умумий хоналарда ёзиш учун қулай фурсат пойлаб, ижод қилишга мажбур бўлишган. Ана шундай ноқулай шарт-шароитлар асарларга ҳам албатта ўз таъсирини кўрсатган, баъзан ҳатто композиция, услубга қараб туриб, муаллиф ўз асарини қаерда ёзган – кенг, ёруғ хонадами ёки тор, дим, ҳавоси бўғиқ жойдами, буни бемалол ҳис қилиш мумкин.
Гарчи бу ўринда хилма-хилликка дуч келинса-да, барибир ёзувчиларни икки асосий тоифага ажратиш мумкин. Биринчи тоифадаги ёзувчилар учун ёзиш – завқ-шавқ, ҳавас, одат, ҳаётий зарурият бўлиб, бу иш билан улар тизимли тарзда, кун ва туннинг маълум бир соатларида машғул бўладилар. Бундай ёзувчилар – Апеллес тамойилининг мухлислари “nulla dies sine linea” (“Бирон сатр ёзилмайдиган кун йўқ”) қоидасига амал қиладилар (ушбу ҳикматли сўз Золянинг иш кабинетидаги камин тепасига ўйиб ёзиб қўйилган экан). Антони Троллоп ҳар кун учун ўзига ўзи маълум миқдорда сўз ёзишни белгилаб олган ва бу ишни ўттиз йил фаолият кўрсатган почта ходимига хос бўлган соф виждон билан бажарар экан. Метерлинк ҳар куни айнан бир вақтнинг ўзида ёзув столига ўтирар ва ҳаттоки бирон жумла ёзолмаган тақдирда ҳам, тушгача ўрнидан турмас экан. Бундай тоифадаги ёзувчилар қулай иш жойи ҳақида қайғуришларига тўғри келади.
Иккинчи тоифадаги ёзувчиларнинг ижодий ўй-хаёллари пўртанадек отилиб, уларни қизғин ва жўшқин истак ижод қилишга мажбур этади. Бундай ёзувчилар ишлаш учун жой танлаб ўтиришмайди, балки дуч келган жойда, ҳаттоки боғдаги ўриндиқнинг суянчиғи устида ҳам ёзиб кетаверадилар. Афсуски, бундай ажойиб, сахий қалбли инсонлар ниҳоятда кам учрайди!
Ёзувчининг хосхонаси унинг диди ва қизиқишлари ҳисобга олинган ҳолда қулай бўлиши лозим. Бу ўринда моддий масала унча муҳим роль ўйнамайди. Муҳтожликка чидаш мумкин, қолаверса, эҳтиёткорлик, тежамкорлик, иштиёқ ва қайсарлик туфайли кабинетни саройга айлантириб юборса бўлади. Агар Толстойга ўхшаб бой бўлсангиз, хонангизни бошқача қилиб, оддийгина жиҳозлашингиз ҳам мумкин. Ҳа, айтгандай, ёзувчилар майда-чуйда безакларни унчалик ҳам ёқтиришавермайди. Уйини нақ музейга айлантириб юборган Гёте ишлаган пайтда диққати бўлинмаслиги учун ўзига кулбага ўхшаш оддийгина хона ажратволган экан. Башарти ёзувчида иштиёқ, ишқибозлик бўлса, бошқа масала.
– Хонамнинг деворларини ўзим гул солиб безатганман, – дейди Норвид Нью-Йоркдаги ўз тураржойи ҳақида ҳикоя қиларкан. – Гризайль услубидаги барельеф (текис юзага бўрттириб ишланган ясси ҳайкалсимон нақш – Тарж.)ларда қадимги ва янги дунё тарихига оид турли хил саҳналар тасвирланган. Бунга яна антик даврда яшаб ўтган буюк кишиларнинг медальонларини ҳам қўшиб, уларни худди дўстларим ва танишларимга ўхшатиб қўйганман, масалан, Август Цешковский Суқрот, яна бир ошнам – Платон, учинчиси – Искандар Зулқарнайн, аёл танишим эса Сафо қиёфасида акс эттирилган.
Агар зарурат ва ундан келиб чиқадиган чекловлар бўлмаса, ёзувчи ўз ишхонасидаги жиҳозлар, хонанинг ёритилиши, деворларнинг ранги ва ҳоказолар орқали ўз таъб-дидини намоён этади, шунингдек, деразалардан кўриниб турадиган манзараларни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Монтеннинг “Essais” – “Тажрибалар”и қоғозга тушган минора унинг ўзи билан ўзи суҳбат қуриши учун нақадар мос бўлганини билсангиз эди! Гернсидаги уммон узра нур таратган ўша ойнавон чироқ – “Radeau de la Meduse” – “Медуза соли”дан кўра яхшироқ иш кабинетини Виктор Гюго тасаввур қилолганмиди? Пюпитр ортидаги алвон мато узра хиёл энгашган кўйи уммоннинг чексиз кенгликларини кузатган “Денгиз заҳматкашлари”нинг муаллифи уммон бўйлаб сузиб бораётган кўплаб кемалар учун баайни сигналчи сифатида хизмат қилган бўлса ҳам ажабмас. У ерда у “Асрлар афсонаси”, “Кулаётган одам”, “Ўрмон ва кўча қўшиқлари” каби асарлари билан бирга денгизчилар ҳақидаги эпопеяни ҳам ёзган, унинг ҳар бир жумласи тузга тўйинган денгиз шамолининг нафаси билан йўғрилган эди.
Оромкурсиларнинг маълум бир шакли Вольтер номи билан юритиларди. Улар шунчалик кенг, қулай ва шинам эдики, тез орада кампирларнинг севимли жиҳозига айланди, чунки ўтириб тўқиш, тасбиҳ ўгириш ва мизғиб олишга ҳам ўнғай эди. Вольтер ҳатто ўринда ётиб ҳам столда ўтириб ёзадиган бошқа ўнлаб ёзувчиларга қараганда кўпроқ ғайрат билан ишлай олар, шунинг учун бунақанги оромкурсилардан жон деб фойдаланарди.
Бироқ ёзувчилар бу борада Вольтердан камроқ ўрнак олишар, улар одамни эринчоқлик тутадиган бундай ўта қулай ва шинам оромкурсилардан воз кечишни афзал кўришарди. Фавқулодда меҳнат қобилиятига эга бўлган Каспрович менга бир вақтлар ўзининг бесўнақай Закопане курсиларини фахр билан кўрсатиб, уларни кўкларга кўтариб мақтаган эди. Аслида ҳам муваффақиятли ижод учун энг кам миқдордаги қулайлик кифоя қилади, чоғи. Вилье де Лиль-Аданнинг жиҳозлари кимошди савдосида сотилиб кетгач, бечора пол устида ёзишга мажбур бўлган экан. Бу шоирнинг ўзига хос қаҳрамонлигидан далолат берса-да, аммо унга тақлид қилишнинг ҳожати бўлмаса керак.
Баъзида кабинетдаги вазият бутунлай тасодифий бўлиши, одатда унинг тузилиши ҳақида ёзувчининг таржимаи ҳолидан айрим парчалар орқалигина билиб олиш мумкин. Ҳар бири бунга ўз меҳнати, ўзи яшаб, ижод қилган ёки қилаётган оламдан ниманидир қўшади. Буклама елпиғич ва нафис тўқилган тўр қандайдир аёл шарпасининг излари бўлса, пальма тропик пейзаж ўрнини босади, деҳқонча уст-бошдаги ҳайкалча эса хона соҳибининг фикру зикри олис қишлоққа қаратилганидан дарак беради. Айниқса, тарихий мавзу устида ишлаётган ёзувчининг столи устида ҳар хил буюм, нарсалар уйилиб ётади. Ёзувчи уларнинг ўз кўз олдида бўлишини, уларга қўл теккизиб кўришни истайди, чунки улар ўзи тасвирлаётган даврнинг излари бўлиб, шакл-шамойиллари, чизиқ ва нақшлари уни ўша давр билан яқиндан алоқага, мулоқотга чорлайди, улардан нафис, билинар-билинмас ва айни чоқда енгиб бўлмайдиган жозиба уфуриб туради. Франс ўзининг “Жанна д’ Арк” номли асарини ёзган пайтда ўрта аср буюмларига кўмилиб олган, ишни тугатгандан сўнг, улар кўнглига шунақанги урган эканки, ўзини бу эски-туски лаш-лушлардан халос қилишни дўстларидан ўтиниб сўраган экан. Бироқ ўзига мафтун қилувчи аёл назокати намоён бўлиб турган торс (ҳайкалнинг бошсиз, оёқ-қўлсиз танаси – Тарж.) – қадимий мармар бўлагидан ҳеч қачон ажралишни истамасди – чунки қадимги дунё олдида қандай бўлса, аёл зотига ҳам худди шундай таъзим қилгувчи инсон учун бу мармар парчаси гўзал санам даражасига кўтарилган эди.
Гонкур япон санъатининг шайдоси эди, у нафақат кабинетига кириб борган, балки бутун уйда ҳам ҳукмронлик қиларди.
Ёзувчининг хосхонасидаги буюм, ашёларга қараб, унинг айни пайтда нималар билан банд эканини бемалол пайқаб олиш мумкин. Метерлинк “Асаларилар ҳаёти”ни ёзаётганида асалариларни жалб этиш учун ёзув столи устига асал солинган ликопча қўйиб олган экан. Ёзувчининг ижодхонаси, таъбир жоиз бўлса, унинг интеллектуал қизиқишлари намойиш этиладиган кўргазмага ўхшаб кетади. Гюисмансдан бирон саҳифа ҳам ўқимай туриб, кабинетига кирган одам унинг услуби ва дунёқарашидан воқиф бўлиши мумкин эди. Сирти алвон мато билан сирилган, ҳолландиялик усталар яратган гравюралар, суратлар, ҳашамдор муқовали қадимий нодир китоблар, фил суягидан ясалган ашёлар, бронза буюмлар, ўрта асрларга оид кашта гуллар билан безатилган пиллани бир тасаввур қилинг – муаллифнинг кўп йиллик ўй-хаёллари маҳсули, “Тескари” деб номланган романидаги асилзода Дез Эссент образи ана шундай пайдо бўлган экан. Юнг ўзининг ғамгин “Тунлар”ини одамнинг бош суягига суқилган шам ёруғида ёзган дейишади.
Стол ёки бюро (баланд ёзув столи – Тарж.) баъзан хийла махфийроқ сирларни ҳам ошкор қилиб қўяркан: бир қарашдаёқ у ерда ҳосилдорлик ҳукм сураяптими ёки қурғоқчиликми – буни билиб олиш мумкин. Ўртаси очиб қўйилган китоб ёки саҳифалар орасидаги пичоқча, сиёҳи қуриб, қорайиб кетган сиёҳдон, қоғозга санчилган перо, синган қалам – буларнинг барчаси ёзувчи фаолиятининг самарасизлигидан яққол далолатдир. Гоҳо мана шу саҳро бўйлаб кўтарилиб турадиган ва ўзидан кейин ёйилиб, сочилиб ётган хилма-хил мавзулардаги китобчалар, журналлар, янги газеталар, эски ёндафтарчаларни қолдирадиган бўрон излари ҳам бизни алдамайди. Бу боши-кети йўқ тартибсизлик – унумли ишдан нишона эмас, балки беҳуда, самарасиз изланишлар, ташвиш, хавотир, қониқмаслик, норозилик аломатларидир. Ҳатто энг зўр расмиятчи, майдакаш ҳам бунақа пайтларда тартиб-қоидага риоя қилолмай қолиши турган гап.
Негаки, ёзувчиларнинг икки тури мавжуд: биринчиси тартиб сақлашга қодир, иккинчиси – қодир эмас. Ғалати тарафи шундаки, униси ҳам, буниси ҳам тартибни бирдай яхши кўради. Энг паришонхотир ёзувчи ҳам унга интилади ва орзу қилади. Бироқ ўз шахсий ёзув столини тартибга сололмаган одам, қанчалик уринмасин, бунга ҳеч қачон эриша олмайди. Гўёки бадбуруш, ёмон ниятли гном – ажина чалгандай, йиғиштирилганига атиги бир соат бўлар-бўлмас, стол усти қачон ва қандай қилиб яна даста-даста китоблар билан тўлиб қолаётганига ўзининг ҳам ақли етмайди. Бундайин ёзувчи эртами-кечми ўзининг пала-партишлигини тан олади ва ноилож мана шундай тартибсизликка кўникиб, ҳаётда унга худди ўзига таниш ўрмон чакалакзори каби мослашиб яшай бошлайди. Энди ундаги барча сўқмоқ ва сўқмоқчалар унинг ёлғиз ўзигагина маълум, бу чалкаш ва чигал манзарага дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Санъат, бу – тартибсизлик, – бир шоирнинг уй хизматкори шундай деган экан. Аммо китоблар уйиб ташланмаган стол кўпроқ шоирларда, оддий романнавислар, драматургларда учрайди, чунки улар файласуфлар ва тарихий роман муаллифларидан фарқли тарзда кўпроқ ўз шахсий тасаввурларига таяниб иш кўрадилар. Улар учун бир варақ оқ қоғоз кифоя, буларнинг қўлида эса бутун бир архив бўлиши керак.
Албатта, бу – умумий қоида эмас. Баъзан лирик шеърларининг охирги бандига ҳозиргина нуқта қўйган шоирнинг ёзув столи у ерда гўё тарихий довул бўлиб ўтгандай таассурот қолдирса, айни пайтда ёзувчига урушлар ва сиёсий иғво, найранглар майдони сифатида хизмат қилган стол худди сокин, беозор фалсафий фикр ва мулоҳазалар саҳнаси каби кўнгилдагидек батартиб бўлади. Мен Жюль Роменнинг Тур яқинидаги ерида бўлган чоғимда унинг ёзув столини кўриб, роса ҳайрон қолгандим, чунки стол усти худди қўл тегмагандай шунақанги тоза эдики, “Les Hommes de bonne volonte” – “Яхши ниятли кишилар”даги шунча оломон қандай қилиб у ерга сиға олдийкан, бунга сира ақл бовар қилмасди. Демак, муаллиф уларнинг ҳаммасини миясига жойлай олган, шу холос. Худди Сенкевичга ишлаш учун меҳмонхона номеридаги столчадан бошқа ҳеч нарса керак бўлмай, ўз қаҳрамонларининг бир талайини бутун Европа бўйлаб ўзи билан бирга олиб юргани каби.
Янаям ҳайратланарлиси шуки, баъзан ёзувчининг феъл-атвори билан ёзган китобларида ифодаланган индивидуаллик, яъни ўзига хос хусусиятлари ўртасида ҳеч қандай мувофиқлик сезилмайди. Қизғин ва жўшқин мизож майдакашлик билан ажойиб тарзда чиқишиб кетади. Бенуқсон классик эса энг бетартиб романтикни ҳам ўз ишхонасидаги тартибсизлик билан хижолат қилиб қўяди. Виктор Гюго лиқиллаб турган камбаргина новча стол устида ўтириб ишларди, аслида у ер мадам де Севиньига мактуб ёзиш учун муносиб эди. Дарҳақиқат, “Хўрланганлар” дунёсидаги ҳамда “Париж Биби Марям ибодатхонаси”даги гавжум, серодам ҳаёт қандай қилиб ушбу ўйинчоқни эзиб, пачоқ қилиб юбормагани, қолаверса, улуғ адибнинг ўзи ҳам нега унинг дабдаласини чиқармагани мудом сирлигича қолаётир. Дювернуа локланган, ялтироқ стол устида ёзаркан. Бунга Колетт ҳайрон бўлиб: “Тушунмайман, қандай қилиб ҳовуз бетида ёзиш мумкин”, деган экан.
Ўрта асрлар ва Ренессанс даврига оид қабртош ёзувларида, ёдгорликларда, ранг-баранг безалган қўлёзмалар, қадимги ёғоч ўймакорлиги буюмларига солинган суратларда ёзувчиларни камтарона жиҳозланган оддийгина хоналарда ишлаб ўтирган ҳолда кўрамиз. Мана, Марцин Бельский икки деразали хонада ўтирибди, деразаларнинг бирига тувакда гуллар қўйилган, ўртада узун стол, эмандан ясалган бўлса керак, унинг олдида курси – улардаги чиройли, бежирим ўйма нақшлар беихтиёр Закопане жиҳозларини эслатади. “Аёллар сейми”нинг муаллифи курси устига ёстиқ қўйган, совуқ кирмаслиги учун дераза пардаларини ёпган. Деразалар ўртасидаги токчага бир талай китоблар териб қўйилган. Шундоққина ёнида муз солинган қадаҳ. У очиқ дафтарга ёзмоқда. Курсига гитара суяб қўйилган.
Гитаранинг бу ерда туриши тасодиф эмас, уни наққош ўзича ўйлаб топмаган. Ёзувчиларнинг ишхоналарида мусиқа асбобларининг учраб туриши камдан-кам юз берадиган ҳолат эмас. Шопенҳауэр Россини совға қилган флейтани деярли ҳар куни чалиб турарди. Ромен Роллан ўз хонасидаги роялда тез-тез куй машқ қилиб туришга одатланган эди. Ивашкевичнинг ёзув столи ёнида ҳам рояль турар, унга мусиқа адабиёт каби қадрли эди. Мусиқа билан кечган дамлар мияда ёки қоғозда фикр билан сўз ўртасида юзага келадиган номувофиқликларга, пойма-пой жумлаларга барҳам бериб, кайфиятни созлайди, кишига кўтаринки руҳ бағишлаб, ижод завқини оширади, бу бизга Мицкевичнинг импровизацияларидан ҳам яхши маълум. “Уоллес ҳақидаги трагедия устида ишлаётган пайтимда, – деб ёзган эди Словацкий онасига йўллаган мактубида, – кўпинча ўрнимдан туриб, ёзаётган саҳифаларимга маҳзунлик инсин, дея худди ўша вальсни чаламан…”
Шу билан бирга, мусиқа кўпчилик ёзувчилар учун душман ҳисобланади: қўшни хонадан таралиши биланоқ, иш таққа тўхтайди, иккита сўзни бир-бирига боғлашнинг ҳам иложи бўлмай, баъзида бутун кун зое кетади. Радио бино бўлгандан бери, ёввойилар унинг овозини пасайтиришни хаёлларига ҳам келтирмайди, оқибатда ёзувчилар асаби таранглашиб, дўзах азобини бошдан кечиришади: қимматли ижод дамлари бой берилади.
Адабиёт тарихида, шунингдек, ёзувчи қаламининг тасвирий санъат қуроллари билан ҳамкорлиги ҳам тилга олинади. Сўз муаллифга бўйсунмай қоладиган самарасиз пайтларда кўпинча мўйқалам, кўмир ёрдамга келиб, уни ҳасрат доғидан фориғ этишда кўмакчи вазифасини ўтайди. Ҳаммаёғига ёзиб, чизиб ташланган юзлаб қўлёзмалар бадиий образлар ифодаси бўлмиш фикрнинг адашиб, тентирашлари ва саргардонликларидан ҳикоя қилади, улардаги турли хил расмлар, топографик режалар, силуэтлар қурилиш ҳавозалари янглиғ фантазиянинг парвозидан далолат беради, гоҳо қандайдир гул ёки барг зум ўтмай, тугалланмаган жумлага истиора бўлиб қўшилиб, матнга сингиб кетади. Шоир халқи ҳаётининг маълум бир даврида қалам ёки мўйқаламдан қай бирини афзал кўришни билолмай, иккиланган пайтлар ҳам кўп бўлган. Масалан, Гёте ёки Ибсенни оладиган бўлсак, Ибсенни ўз хотини акварелчи рассомлик санъатидан воз кечишга кўндирган экан. Кейинчалик Ибсеннинг ўғли бу ҳақда шундай деган эди: “Онамнинг икки буюк хизмати бор, у норвегларни иккинчи разрядли рассомдан халос қилиб, уларга гениал драматургни берди”.
Шунга қарамасдан, Жеромский, Норвид сингари кўплаб ёзувчилар шон-шуҳрат учун эмас, балки рассомлик санъатини шеъриятга тенг билиб, қўлларига мўйқалам олишган, Норвид бундан ташқари ҳайкалтарош ҳам бўлган. Ленартовичнинг ҳайкалтарошлик соҳасидаги асарларидан бири Калиш костёли (поляк католиклари ибодатхонаси – Тарж.)да сақланмоқда.
Ёзувчининг иш кабинетида аслида китоблар бўлиши лозимга ўхшайди. Бироқ бу мажбурий эмас. Не тонгки, китобдан ўзини эҳтиёт қиладиган ёзувчилар ҳам учраб туради. Булар – ё китобнинг душмани ёки уларни жуда яхши кўради. Мароқли, қизиқарли деб аталадиган романлар ёки театр учун пьесалар ёзадиган қанчадан-қанча ўртамиёна ёзувчилар бор. Уларнинг асарлари ҳар қандай интеллектуал маданиятдан маҳрум бўлиб, “яхши чиққан” ҳисобланади. Бундай асарлардаги воқеалар аслида қандайдир қаҳвахона, қовоқхона ёки қиморхоналарда бўлиб ўтади, лекин улар “бизнинг китобимиз ҳаётнинг ўзидан олинган” дея мақтанишгани-мақтанишган. Мазкур ёзувчилар китоб мутолаасини зерикарли иш деб ҳисоблашади, китоблар гўё уларнинг тасаввурини парвоз завқидан, фикр янгилигидан мосуво қилармиш.
Яна шуниси ҳам борки, китобларни ҳаддан ортиқ севадиган ёзувчи ҳам ўз иш кабинетида китоб бўлишидан қўрқади. Унда беихтиёр васвасага берилиб, қаламни бир четга олиб қўйиш ва китоб муқовасига яшириниб олган гиёҳванд моддаларга қўл чўзиш қийин бўлмай қолади. Ўткир ақл соҳиблари, буюк инсонлар билан тез-тез мулоқот қилгинг келади, лекин уларни яқин атрофда учратиш осонмас. Анатол Франс азбаройи зерикканидан бунинг иложини топган, иш кабинетининг шипидан то полига қадар айланиб оққан ин-октаво (нимчорак), ин-кварто (чорак) ва ин-фолио (ярим) оқимига шўнғиб кетган. Анча йиллардан буён Варшавада Реймонтнинг аёли эри ёзувчиликдан чалғиб кетмаслиги учун қўлидан китобни тортиб олиб қўяркан, деган гап юради. Албатта, у эрига нисбатан яхши иш қилмаган. Ахир, ёзувчининг ўз тафаккури заифлашиб, бошқа бировларнинг кучидан қувват олишга эҳтиёж сезган пайтда китоб нақадар қудратли рағбат ва мададга айланишини у бечора қаёқданам билсин. Ёзувчиларнинг кутилмаган, ногаҳоний учрашувлардан гўзаллик кашф эта олишлари, бегона, ёт асарнинг ўқилган ҳар бир саҳифаси ўзлари, эҳтимол, ҳеч қачон билиб ололмайдиган нарсаларни англашга кўмак бериши ҳеч кимга сир эмас.
Буюк сўз усталари янгиликларни қадрлабгина қолмай, уларни нафақат ўзларига тенг, балки анча пастроқ ёзувчилардан ҳам ахтариб юришади. Изланаётган ижодкор уйғунликка ҳамоҳанглик танлар экан, улар ўзларига руҳан яқин бўлган муаллифнинг китобига мурожаат қилиб, унга шунчалик шўнғиб кетишадики, буни мутолаа дейишгаям тил бормайди, чунки улар ҳатто ўқилган биронта саҳифанинг мазмунини ҳам айтиб беришолмайди, ҳолбуки, бундан атиги бир соат олдин худди ўша саҳифадаги сўзлар уларни жунбишга келтирган бўлса ҳам. Бошқа пайтларда эса руҳан мутлақо ёт асарларга ҳам мурожаат қилишадики, улардаги услуб, композиция, муаллиф дунёқараши кўнгилни қолдиради, аммо бу фойдадан холи эмас, чунки бундай диссонанс (ноуйғунлик) жўшқин, фаол зарбага сабаб бўлиб, мутолаа жараёни энди яккама-якка олишувга айланар, наинки ютуқ ва нуқсонлар “ялт” этиб кўзга ташланар, балки ёзувчи ана шу “жанг”дан сўнг, янги куч-ғайрат билан ёзув столига ўтирар экан. Сомерсет Моэм ёзишдан олдин “Кандида”ни қайта ўқиб чиқиб: “Мутолаа чоғида гўё бошимни шон-шуҳрат, ўткир зеҳн ва нафосат нури остига қўйгандай бўлардим”, деган экан.
Кимки агар ўзи китоб ёзса, охир-оқибат унинг шинавандасига айланиши аниқ ва бу ҳолат мутлақо табиий. Ўзидан шахсий кутубхона мерос қолдирмайдиган ёзувчини топиб бўлмаса керак. Одатда бундай кутубхонанинг тақдири доимо аянчли бўлади. Агар у васиятнома бўйича бирорта каттароқ китоб жамғармаси ихтиёрига ўтмаса, уни бепарво, бефарқ ва очкўз меросхўрлар битталаб ташиб битиришади. Қимматбаҳо ва эсдалик китоблар чордоқларда чанг босиб ётади, кимошди савдоси залларида сотилиб, лоқайд кишилар қўлида йўқ бўлиб кетади. Сўнг адабиётшунослар уларни қийинчилик билан қўлга киритиб, остига чизиб қўйилган жумлаларни, ҳошияларига битилган қайдларни ўрганиб, тадқиқ қилиб, ёзувчи ижодининг номаълум, янги қирраларини кашф этадилар. 1374 йилда, Петрарка вафотидан сўнг, ундан мерос қолган Европадаги энг катта кутубхонанинг тақдири не кечгани маълум. Ўзаро урушлар ва ҳарбий юришлар чоғида кутубхона Италия ва Франциянинг турли-туман шаҳарлари бўйлаб саргардон “кезаркан”, уришқоқ қироллар қўлида улоқ бўлиб, қўлдан-қўлга ўтиб юрган. Пьер де Нольяк улуғ инсонпарвар шоирнинг белги, ёзув ва қайдларини синчиклаб ўрганиб чиқиб, кутубхонанинг пухта каталогини тузган. Худди шундай хайрли ишни ҳормас-толмас, омадли тадқиқотчи Биркенмайер ҳам амалга оширган. У Коперник кутубхонасига тегишли китоблардан ўқув материаллари сифатида фойдаланиш учун зарур бўлган тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиб, саналаригача аниқ тайин қилган. Сент-Бёв ҳақидаги монография муаллифи Боннеронинг хизмати ҳам таҳсинга сазовор: у Париж кутубхоналарининг архивларини титкилаб, Сент-Бёв буюртма берган барча китоблар рўйхатини аниқлашга ҳамда унинг иш тақвимини деярли кунма-кун аниқ тиклашга муваффақ бўлган.
Шунга қарамай, ёзувчининг ҳақиқий ишхонаси унинг ишлаб чиқариш қуроллари қаерда бўлса, ўша ердадир, деб тўла ишонч билан айтиш мумкин.
“Ишхона” сўзини фақат бугунги кунда бемалол ишлатса бўлади. Ўтган авлод вакиллари бу сўзни эшитса, аччиғи чиққан бўларди. Чунки ушбу сўз ақлий меҳнат эмас, қўл меҳнати вакиллари, ҳунармандлар ҳаёти билан ўзаро боғлиқ эди. Иккала соҳа эса олдиндан ўйлаб, тўқиб-бичилган, янглиш, хато фикр, ақидалар, адоват, хусумат ва нафрат туфайли бир-биридан ажралиб қолган эди. Тарихнинг ҳар бир даврида тил жамиятдаги ҳис-туйғулар ва хурофий урф-одатларнинг ҳаққоний солномачиси саналади. Эндиликда “ишхона” тушунчаси олийжаноб мақсадларни англатади. Умумий механизациялаш шароитида ёзувчилик ўз шахсий ишхонасига эга бўлишга эҳтиёж сезадиган камсонли касб-ҳунарлар сирасига киради.
Бундай ишхонада фойдаланиладиган иш қуроллари наинки хизмат қиладиган мақсадига кўра, балки ўзининг узоқ поэтик тарихи туфайли ҳам диққат-эътиборга сазовордир. Мазкур тарих истиоралар билан ранг-баранг қилиб безатилган. Уларнинг ичида энг чиройлиси, бу – “стиль” (услуб, усул) – шиор-сўз, чақириқ-сўз бўлиб, сўз санъаткорлари “цех”ининг рамзи саналади. Унинг келиб чиқиши оддий. Юнончада дастлаб “таёқ”, “қозиқ”, “устун” маъноларини англатган. Ҳозирга қадар бу сўз Опатовскда болтага нисбатан ҳам (соп, даста маъносида) ишлатилади, Польшанинг бошқа айрим жойларида уни “стилиск” деб ҳам аташади. Рим қўшини “стиллар”, яъни учи қайралган қозиқлар билан ўз лагери остоналарини ҳимоя қилган. Кейинчалик ушбу сўз кесиш (йўниш) асбоби – кескич маъносида қўлланила бошлайди. Римликлар бундай асбобдан мумдан қилинган жадвалларга ёзиш учун фойдаланишган. Кескичлар ёғочдан, суякдан ва металдан тайёрланган.
Кескич ва ўткир учи сиёҳга ботириб ёзиладиган қўға (қамиш) бир замонлар адабиётнинг гуллаб-яшнашига баҳолиқудрат хизмат қилган. Сўнгра ғоз патларининг даври бошланиб, Капитолий паррандаси қайта шон-шуҳратга бурканган ва ўз омадини турна, оққуш, ўрдак, қорақарға, қирғийлар билан баҳам кўрган – шу тариқа патларининг енгиллиги, ўткирлиги ва рангига қараб, уларни бир-бири билан таққослаш ва танлаш имконияти юзага келган. Кимки қўлида камалакни тутиб тургиси келса, товус пати билан ёзган. Кескични бизга фақат эски истиораларгина эслатиб туради ва улар ҳали-бери йўқолиб кетмайди. Станислав Гераклиуш Любомирский шу ўринда баъзи бир парадоксга диққатни қаратади. “Эндиликда, – дейди у, – ёзилган нарсалар ҳақида услуб эмас, қалам дейилса, тўғрироқ бўларди. Масалан, бу китоб яхши қалам билан битилган, дейиш мумкин, чунки ҳозир одамлар “услуб”дан воз кечиб, унинг ўрнига “қалам” сўзини қўлламоқдалар”.
Любомирскийнинг тилаги амалга ошмади ва дунё ўша эски истиора билан қолди, фақат унинг ёнига янгиси келиб қўшилди. “Қалами ўткир” дейилганда қўл, пичоқча ва учи ўткирланаётган чўп тасаввур қилинадиган бўлди – менинг бувим ҳам бир пайтлар шундай қиларди, кейин янги ёзилган қоғоз устига ёзув столидаги чиройли қумдондан қум олиб сепиб чиқарди.
Норвид шундай деб ёзган экан:
Қалам!
Мен учун сен бамисоли фариштанинг қанотисан…
Мазкур дабдабали мурожаат оддийгина ғоз патига тааллуқли эди. Ундан Норвид ҳам, Виктор Гюго (“У шамолдай енгил ва яшиндек кучли”) ҳам то умрларининг охирига қадар айрилишмаган. Бизнинг давримизга эса ғоз патини Анатол Франс олиб кирган: унинг Бешеллеридаги ёзув столи 1924 йилнинг кузида қандай қолдирилган бўлса, ҳануз шундайлигича сақланмоқда, стол устидаги ўткир ғоз патлари солинган қадаҳ ҳам жойида турибди. Франс ҳеч қачон бошқача иш қуролларидан фойдаланмаган. Қачонлардир тараққиёт рамзи саналган пўлат перо ҳам биз учун ортиқ мақбул иш қуроли бўлмай қолди. Энди ҳар бир киши ўзича олтин перога эга бўлишга ҳаракат қилади, илгарилари у, худди маршалнинг ҳассасига ўхшаб, адабиёт оламининг юксак мукофоти сифатида бериларди, холос.
Ёзувчилар иш қуролларининг ўлчами, вазни ва шакл-шамойилига ҳеч қачон бефарқ бўлишмаган. Уларнинг мустаҳкам, майин, қулайлиги муҳим. Ёмон перо ижодий ғайратни совитиб, бутун иш кунини йўққа чиқаришга қодир. Марсель Швоб эса атайлаб яроқсиз пероларни йиғиб юрар, уларнинг “қайсарлиги”дан ижодий рағбат оларди. Петер Альтенберг бўлса, “Кун” фирмасининг 201 рақамли ҳаворанг пўлат пероларини шунақаям мақтаб, мадҳ этардики, эшитган одам фирма унга реклама учун пул тўласа керак, деб ўйларди.
Китоб босиш санъати ихтиро қилингунга қадар, муаллиф деярли ҳар доим тиришқоқ хаттот бўлган. Ҳозирги кунда Арнольд Беннет қўлёзмалари ёки Андре Сюареснинг ранг-баранг майда ҳарфлар билан ёзилган қўлёзмалари ёхуд Платон таржимони Владислав Витвицкийнинг фавқулодда чиройли қўлёзмалари нодир хазиналар ҳисобланади. Гоҳо ҳайратланарли нарсалар ҳам учраб туради: Сэмюэл Пипсга тегишли шифр ёки Леонардо да Винчи мактуби, бу мактубдаги ҳарфлар ағдариб ёзилганлиги сабабли уни фақат кўзгуда ўқиш мумкин. Ёзиш жараёнининг ўзи кўпчиликка лаззат бағишлаши сир эмас. Ҳарфларнинг ёзилиш шаклидаёқ ўзига хос гўзаллик яширинган. Буни кўпгина ёзувчилар эътироф этишган, уларнинг кўпчилиги ўз асарларини бир неча марта қайтадан кўчириб чиқиб, қўлёзманинг тоза, бекаму кўст бўлишига интилади, кўпроқ эски урфдаги ёзув қуролларини афзал кўради. “Перони сиёҳга ботиришнинг ўзиёқ, – дейди Декав, – мукаммаллик касб этади: у жуда тез ёзишга изн бермай, кўпгина бемаъни хатолардан сақлайди”. Бернард Шоу эса бу ҳақда бошқача ўйда бўлиб, фикрларини ифодалашга улгуриш учун кўпинча стенографияга мурожаат қилган.
Ёзув қуролларининг асрлар мобайнида ўзгариб бориши ижодий жараён психологиясига доир ўзгаришларни ҳам тақозо этган. Ким кескич билан ёзган, ким хитойлар сингари ингичкагина чўткачадан фойдаланган, миххат билан ёзган қадимги Бобил ёзувчиларини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Албатта, уларнинг психологияси ўртасида катта фарқ мавжуд бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Музейларда улуғ одамлар томонидан узоқ йиллар давомида ишлатилган перо ва сиёҳдон каби ашёлар сақланади, уларнинг ҳаяжонга солувчи излари гоҳо ўз эгаларининг майл, ҳавас, иштиёқлари, хурофий урф-одатлари, бидъат, камчилик, нуқсонларини ҳам ёритиб беради. Гарчи кўп ёзувчилар фақат қаламдан фойдаланган бўлишса-да, негадир у кўринмайди. Худди шундай ёзув машинкаларини ҳам учратмайсиз, бунинг боиси балки уларнинг ёзувчилар ишхонасига қиёсан яқиндагина кириб келганида ва эҳтимол, ҳали бу ёзув анжомида биронта ҳам буюк асар яратилмаганида бўлса керак. Гарчанд ёзув машинкаси одатда қўлёзма нусхаларини тайёрлашга хизмат қилса-да, оригинал асар ёзишда қалам ўрнига ундан фойдаланаётган ёзувчилар тобора кўпайиб бормоқда. Пристли ёзув машинкасининг қатор афзалликлари борлигига амин бўлди. “Ёзув машинкаси, – дейди у, – кишини маълум бир масофада тутиб туради ва ёзган асарига танқидий кўз билан қараш имконини беради”. Майли, шундай бўлсин ҳам дейлик, лекин машинка, энг аввало, шубҳа-гумонлардан холи бўлган, сермаҳсул графоманларга аъло даражада хизмат қилишини унутмаслик лозим. Ана шундайлардан бири, адиба Тайлор Колдуэлл китобларни наридан-бери, юмалоқ-ясси қилиб ёзиб ташлашда катта муваффақиятларга эришган. У чин кўнгилдан иқрор бўлиб, шундай дейди: “Мен машинкада профессионал тезликда ёза оламан. Узоқ ўйлаб ўтирмай, жуда тез битаман. Агар бўш вақтим етарли бўлса, хийла семиз романни ёзиб ташлаш учун менга атиги икки ой кифоя қилади”.
Буни янада яққолроқ тасаввур қилишингиз учун қўшимча қилиб айтмоқчиманки, бу хоним на Францияни, на Европани кўрмай, билмай туриб, Ришельё замонидан роман ёзган. “Уларни кўриб нимаям қилдим, – дейди у, – Буффалода ажойиб кутубхоналар тиқилиб ётган бўлса…”
Ёзувчини иш устида тасаввур қиларкан, ҳеч ким қайчини бирров эсга олмаса керак, ҳойнаҳой. Аммо Краковдаги Каллимах мақбарасининг муаллифи буни эсдан чиқармаган экан. Қайчини ҳозирга қадар ҳам деярли барча ёзувчиларнинг иш столида учратиш мумкин. Бу буюм одатда қўлёзма мутолаасининг якунловчи босқичида, баъзан корректура ўқилаётган пайтда пайдо бўлиб қолади. Шунда саҳифалар кесилиб, матн бўлаклари бир жойдан бошқасига кўчирилади, баъзан шундай ҳам бўладики, бир бобнинг охири унинг бош қисмига ўтиб қолади. Шу тариқа қайчи ва елим ёрдамида енгил ўқилиши ва табиийлиги билан ўқувчини ўзига ром қиладиган қизиқарли сюжет вужудга келади.
Қоғоз – бу энди жуда жиддий масала. У адабиёт оламига кеч, ўрта асрларнинг охиридагина кириб келди ва ҳақиқий маънода инқилоб ясади. Аввалига қоғоз ўзининг ўтмишдоши – пергамент билан “жанг”га киришиб, уни ўз арзонлиги билан таслим қилди. Ҳайвонлар терисидан тайёрланадиган пергаментнинг баҳоси қиммат, бунинг устига камчил эди, шу боис кўпинча палимпсест (пергаментдаги ювиб ёки қириб тозаланган матн устидан ёзиладиган қўлёзма – тарж.)дан фойдаланишга тўғри келарди. Урушда босиб олинган жойлардаги кўпинча беқиёс даражада аҳамиятли бўлган ёт фикрни йўқ қилишдек ваҳшиёна одат қадимги дунё ҳалокатидан сўнг бошланган маданий қашшоқлашишнинг бир кўриниши эди.
Пергамент ёзувчи учун ҳозир унутилиб кетган кўпгина ташвишларни келтириб чиқарар эди. Уни текислаш, ғадир-будир жойларини йўқотиб, силлиқлаш ва бўр билан ишқалаб тозалаб чиқиш лозим бўларди. Аммо-лекин мана шу ишлар бажарилгач, одам ҳузур қиларди! Пергаментни ўша даврдаги ҳатто ниҳоятда ғадир-будир қоғоз билан ҳам таққослаб бўлмасди. Пергаментга қараганда арзон бўлган бу қоғоз барибир ҳозирги нархига қараганда қиммат эди. Бора-бора ёзувчиларнинг иш шароитлари ҳам ўзгарди. Пергамент замонида унинг олдида китоб очиқ ҳолда турар, унинг ёрдамида ҳарфлар силлиқ, сирғанчиқ юзага ҳуснихат билан ёзилар, жойни тежаш учун кўплаб шартли қисқартмалар қилишга тўғри келарди. Ўрта асрларда эса қалин, ғадир-будир қоғоз урф бўлиб, унга қадалган ғоз пати ёзганда ғичирлаб кетарди.
Ёзувчиларнинг дид ва талабларини қондиришда қоғоз саноати қадимда папирус тайёрланган устахоналардан ўтса ўтадики, асло қолишмайди. Эндиликда ёзувчи қоғоз танлашда инжиқлик қилиши ҳам мумкин. Катта-кичиклик, қалинлик (пишиқлик), силлиқлик ёки ғадир-будирлик, ялтироқлик – ёзувчининг индивидуал қизиқишлари қоғознинг, асосан, ана шу сифатлари билан боғлиқ. Агар ёзувчи қоғоз ҳажми ёки қалинлигини зарурат юзасидан эмас, балки ўз хоҳиши билан ўзгартирса, демак, унинг ўзи ҳам қандайдир даражада ўзгарган бўлади. Тажрибали одам қўлёзмага бир қарашдаёқ муаллифнниг ўзига хос феъл-атвори, ижодий усули, баъзида эса услубини ҳам билиб олишга муваффақ бўлади. Тор, камбаргина саҳифалар узоқ йиллар ишлаган газетачига хос бўлса, ҳикоячи (ровий) нафис истиоралар ижод қиладиган шоирдан фарқли ўлароқ, мўлжални кенг олади. Қайси бир ёзувчи кундаликларида катак-катак қоғоз ёмон таъсир қилиши, фикрларини чалкаштириб, руҳий мувозанатини издан чиқаришини таажжуб билан қайд этган. Бу борада баъзан йўлдан оздирадиган васвасалар ҳам учраб туради: харажатлар дафтарининг орқа томонига элегия ёки кирим-чиқим дафтарига роман ёзгинг келиб қолади.
Қоғознинг ранг, туси ҳам эътибордан четда қолмайди. Айрим ёзувчилар уни шунчалик ўзгартириб туришадики, қўлёзманинг ранг, тусига қараб, ижодининг даврларини – худди йилнинг турли фаслларидаги табиат манзаралари сингари пайқаб олиш мумкин. Оқ қоғозда ўзига тортадиган қандайдир сеҳрли бир нарса бор. Бу гўёки очиқ, кенг йўл, ундан номаълумлик сари илк қадам қўяётган кишида бироз қўрқув пайдо бўлади: бамисоли қордек оппоқ, покиза қоғоз бетига доғ туширгинг келмайди.
Руссо ўз “Иқрорнома”сида “Янги Элоиза”нинг дастлабки икки қисми тўғрисида шундай ҳикоя қилади: “Уларни ёзиб бўлгач, қиш мобайнида сўз ила ифодалаб бўлмайдиган қувонч билан оққа кўчирдим, бунда ниҳоятда чиройли заррин қоғоздан ва ёзувни қуритиш учун ложувард ҳамда кумушранг кукундан фойдаланиб, дафтарни ҳаворанг тасмачалар билан қўшиб тикдим”.
Кекса Гёте “Мариенбад элегияси”даги шеърларни ўрта аср қўлёзмаларига хос бўлган дабдабали ҳуснихат билан кўчириб чиқиш учун уч кун вақт сарфлаган. Мовий матодан жуда чиройли қилиб муқоваланган ушбу қўлёзмани бугунги кунда Ваймардаги Гёте ва Шиллер архивида завқ билан томоша қилиш мумкин. Аммо Гёте ҳам худди Руссога ўхшаб, дастлаб ўз қўлёзмасини ипак чилвир билан тикиб, сўнг қизил сахтиён теридан муқовалаган. Ёзувчиларнинг қўлёзмалар тўпламини зийнатлаш учун худди олдиндан мўлжаллангандек, гоҳо зарҳалланган ҳошияли, чиройли муқоваланган қўлёзмалари ҳамон учраб туради.
Ҳар бир ёзувчини эҳтиёткор, узоқни кўра биладиган, тадбирли деб бўлмайди. Анатол Франс ҳеч қачон қоғоз ғамлаб қўймас, қўлига нимаики тушса, ёзиб кетаверар эди. Гоҳида у қоғоз излаб, бутун уйни ковлаштириб кўрар, баъзан ошпаз аёлдан хиралик билан сўраб олар, эски хатлар, хатжилдлар, таклифномалар, ташрифномалар, ҳатто тўлов қоғозлари, патта, чипталарга ҳам ёзиб ташлайверарди. Бир куни аллақайси фирма унга харид қилган жиҳозининг тўлови ҳақида эслатади, Франс эса ҳеч қандай қарзи йўқлигини тушунтирмоқчи бўлиб, беҳуда уринади. Ўз дўстининг одатларини яхши билган мадам де Кайаве ёзувчининг Миллий кутубхонадаги қўлёзмаларини кўздан кечириб, у ердан ҳисоб қоғозини топиб олади, маълум бўлишича, унинг орқа томонига романнинг бир парчаси ёзилган экан. Ёзувчининг у қадар кўркам бўлмаган қўлёзмалари ҳозирги кунда маҳобатли черков китоблари каби бахмал, духоба, тери ва фил суягидан қилинган дабдабали, чиройли муқоваларда сақланмоқда. Малларме қоғозни шоир учун бирдан-бир, ягона хомашё деб ҳисобламас, шеърларини буклама елпиғичлар, чиройли, бежирим конфет қутичаларига, чойнаклар, кўзгучалар, банкалар, рўмолчаларга – мухлислари айтишганидек – “ҳаётнинг ўзига” ёзиб кетаверар эди.
Баъзан ёзув столининг чиройли ва қулай бўлиши ҳақида ўйлаб ўтиришга ҳожат қолмас экан. Масалан, Вилье де Лиль-Аданнинг жиҳозлари мусодара қилинганда шундай вазият юзага келган ёки Тадеуш Риттнер бошқа жойга кўчган пайтда драманинг бир қисмини китоблар ўралган қоғозга қоралаган эди. Тутқунликда, қамоқда ёки қувғинда юрган, ҳатто бир умр эркалик билан умр кечирган одам ҳам, тақдир нимани раво кўрса, шунга қаноат қилади. Оскар Уайльд “De profundis”ни турманинг қўпол ва дағал қоғози саҳифаларига ишониб топширган экан. Серошевский Сибирда илк китобини ўзи тайёрлаган сиёҳ ва перода газета парчаларига ёзган. Бенвенуто Челлини ягона достонини қамоқдалигида турма эшигидан кўчириб олинган пайраҳа ва ғиштни майдалаб тайёрланган сиёҳ билан ёзган экан.
Гарчи унчалик кўп бўлмаса-да, – хоҳ доимий ёки айрим пайтларда бўлсин, – бегона, ёт кишилар ёрдамига таянган ёзувчилар ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Айтиб ёздириш усули аслида қадим замонлардан бери маълум: Цицерон бу ҳақда ўзининг мактубларида кўп марта эслатиб ўтган, Цезарь ҳам бировга айтиб ёздиришни маъқул кўрган. Баъзи кишилар касаллик ёки мажруҳлик сабабли, масалан, Мильтон кўзи ожизлиги, Конрад эса бод хасталиги туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлишган. Ўз кўзим билан кўрганман, Уэллс хонада у ёқдан-бу ёққа юрган кўйи романдан бобни айтиб ёздирарди, у ўша вақтда шу роман устида ишлаётганди, котибанинг эпчил бармоқлари тугмачаларни моҳирона босар, машинка овози жўрлигида турли таъриф-тавсифлар, диалоглар, психологик шарҳлар бирин-кетин қоғозга тушарди.
Энг ёмони – ҳамма нарса жимжитликка ва диққатни бир жойга жамлашга, раҳмдил сеҳргар – ёлғизликка боғлиқ бўлиб турган пайтда, бошқа бир шахснинг малол келадиган даражада пайдо бўлишидир. Ёлғизлик – мукаммаллик доясидир. У “Илоҳий комедия”нинг терцина (ҳар банди уч мисрадан қилиб ёзилган шеър – тарж.)лари узра бедор бўлиб, бир кечада “Импровизация”ни дунёга келтирган. Ҳораций ўз шеърий бандларининг ажойиб сайқал топгани, Гёте эса – “Фауст”нинг иккинчи қисмидаги хаёлий шарпалар учун ундан – ёлғизликдан қарздордир. Ёлғизлик туфайли Флобер янги фаранг насрининг бир текисдаги маромини жон қулоғи билан тинглаган, Диккенснинг хонаси персонажларнинг умрбоқий оломони билан тўлиб-тошган. Хушбахт Августиннинг “Иқрорнома”си ёлғизлик чоғларидаги кўнгил изҳоридан бошқа нимаям бўлиши мумкин? Танҳоликда фикр қанот ёзади, унга етуклик бахш этади, унда сўз ўзининг гуллаган даврини бошдан кечиради. Агар ҳар қандай ёзувчининг шахсий ҳаётига назар солиб қаралса, ундан – қазноқдаги ранги ўчиб кетган эски-туски орасидаги бир ҳовуч дур солинган мўъжазгина қутича каби, албатта, ёлғизлик туҳфасини ҳам топиш мумкин. Ёлғизлик бўлмаса, даҳо куйиб кул бўлар, истеъдод эса заволга юз тутарди. Мицкевичнинг шу боис миннатдорчилик ила йўғрилган шеърий сатрлари қуйидагича жаранглайди:
Ёлғизлик!
Тирикликнинг қайноқ ҳароратидан
Югураман муздай, теран сувларинг томон.
Қандай лаззат, қандайин қувонч бу –
Тоза ва тиниқ оқимингга чўмаман!
Ҳаётнинг сершовқин муҳитида, югур-югур, чоп-чоплари ичида яратилиши мумкин бўлган ҳар тарафлама мукаммал асарни топиш амримаҳол. Хотин подшоҳ Венеранинг хизматига ўзини бағишлаган, жангу жадаллар суронига кўнгил қўйган мард ва олижаноб, буюк асилзода қаҳрамон Дон Жуан агар ҳақиқий ижодкор бўлганида, дарҳол ҳамма нарсадан воз кечиб, тўрт девор ичига қамалиб олган бўлар эди. Тацитнинг нотиқлар тўғрисидаги диалогида Апер бу ҳақда киноя оҳангида шундай дейди: “Чиндан ҳам қимматли бир нима яратишни ният қилган шоирлар дўстлар ҳузуридаги зиёфат, базмлардан, пойтахт ҳаётининг кўнгилхушликларидан, шунингдек, бошқа ҳар қандай ўйин-кулги ва ҳатто мажбуриятлардан ҳам воз кечиб, ўзлари айтгандай – ўрмон ва дарахтзорлар, яъни ёлғизлик томон йўл олмоқлари лозим”.
Ҳар ким ёлғизликни ўз майл, ҳавас ва имкониятларига мос тарзда қидиради. Бальзак – тунги пайт, Вальтер Скотт – эрта тонгда, ҳали барча оила аъзолари ухлаб ётган пайтда туриб, то нонуштага қадар ишларди. Кимки агар ўзига унчалик ишонмаса, одатдан ташқари воситаларни ишга солади. Масалан, Виктор Гюго сочлари ва соқолининг ярмисини олиб, қайчини деразадан пастга улоқтиради-да, икки ҳафта давомида уйига қамалволиб, ижод қилади. Ижодий ишнинг сиқуви остида бошқа барча яхши кўрган нарсалар, ишқибозликлар заифлашиб қолади. Тиришқоқ чавандоз отни, овчи – милтиқни унутади, трубадур (ўрта асрлардаги Франциянинг жануби (Прованс)да ашула айтиб юрувчи сайёр ҳофиз-шоир – тарж.) эса маҳбубига эътибор бермай қўяди. Бутун олам кичкина, торгина хонага беркиниб олади, ёзувчи тун ярмида ишдан чарчаб, деразани очгандагина ўпкаси эркин, тоза ҳаводан баҳраманд бўлади.
Тинчлик ва жимжитлик – ёзувчи учун унумли ишлашнинг энг муҳим икки шарти мана шу. Баъзилар бунинг учун Карлейлдек шафқатсизлик билан курашишга ҳам тайёр, у ўзининг ювош, беозор хотинини ҳафталаб гапирмай қийнаган экан. Квинтилиан эса ёзувчиларга ажойиб қишлоқ ҳаётидан воз кечишни тавсия қилган, унингча, ҳеч нарса дарахт шохларининг шитирлаши ҳамда қушлар хонишичалик одамнинг диққатини бўлолмас эмиш. У тунда, зичлаб ёпилган хонада, яккаю ягона мойчироқ ёруғида, яна энг яхшиси, худди Демосфенга ўхшаб – ертўлада ишлашни маслаҳат берган. Шопенҳауэр кўча шовқинлари ҳақидаги очеркини қанчалик жаҳл билан ёзганини пайқаш қийин эмас. Касалманд Пруст ишлай олиши учун махсус шарт-шароитлар талаб қилинар, бой-бадавлат бўлгани боис бунга имкони бор эди. Иш кабинетининг деворлари пўкак тиқинлар билан маҳкам бекитиб чиқилганига қарамасдан, у шовқин важидан кундузи ҳам ишлай олмасди. Баъзан Османн хиёбонидаги тураржойини тарк этиб, кўчага отланадиган бўлса, ёзиш учун жимжитлик ва қулайликни ҳар бир икир-чикиригача олдиндан пухта ўйлаб чиқар, қўшниларнинг шовқинидан қутулиш мақсадида меҳмонхонадаги бир нечта хонани ижарага оларди. Унга чин дилдан ҳавас қилмайдиган ёзувчи камдан-кам топилади.
Ўз асари узра энгашиб олган ёзувчи худди телвакезик одамга ўхшайди: агар пастдан қандайдир ҳайқириқни эшитиб қолса борми, қулаб тушиши турган гап. Ҳатто энг азиз кишиси томонидан энг нозик овозда айтилган бегона, ёт сўз ҳам унга яшин ургандай таъсир қилади. Бирданига ҳаммаси барбод бўлиб, тўкилиб-сочилиб кетади ва шоирнинг хаёлот оламидан култепадан бошқа ҳеч нима қолмайди. Ва буларнинг барчасини қайта тиклаш учун кўп вақт талаб қилинади, баъзан эса, узоқдан бўй кўрсатиб турган, тегишли сўзлар ифодасида акс этишга тайёр поэтик образ ҳам бир умрга ғойиб бўлади. Ёзувчи дунёсига аралашишнинг ана шундай ачинарли оқибатлари (генералнинг қизи билан бўлган саргузашт) ҳақида Конрад ўз “Хотиралар”ида ҳикоя қилган.
Ижодий соатнинг астрономик соат билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, у ягона ва бетакрордир. Унинг чорак қисмини олиб ташлаб ёки бошқаси билан алмаштириб бўлмайди. У – бахтли тасодиф, тақдир марҳамати, ниҳоятда қулай шарт-шароитлар туҳфаси. Унга халақит берилса ёки путур етказилса, ҳеч қачон бошқа қайтиб келмайди. Эҳтимол, унинг ишини бошқа бир соат бажариши мумкиндир, лекин ушбу соат бизга нималар олиб келишидан қатъи назар, бой берилган соатда нималардан маҳрум бўлганимизни ҳеч қачон била олмаймиз. Ёзувчи ҳаётини тез-тез бузиб турадиган ногаҳоний шовқин-суронлар, ташрифлардан бири – “Дзядалар”даги айнан “Импровизация” туғилаётган пайтда рўй берганини тасаввур қилиб кўрсак. Мицкевич ана шундай зўр диққат, ижодий руҳни эртасига ҳам топа оларди, деб ким ҳам айта олади? Ёзувчи ҳаётининг замирида йўқотилган лаҳзалар, сўнган образлар, бошланғич ҳолатидаёқ маҳв этилган фикр, ғояларнинг улкан қабристони пинҳон мужассамдир. Бунда асосан, муҳит, қолаверса, қисман ёзувчининг ўзи ҳам айбдор. Эътиборсизлиги, фаромушхотирлиги ёки сабрсизлиги сабабли ижодий завқ лаҳзасини бой бераркан, бунда ўзининг ҳам ҳиссаси бор. Аммо соғлиқнинг яхши эмаслиги, обдан чарчаган асаблар, руҳий тушкунлик ҳолатлари келтириб чиқарадиган у ёки бу кўнгилсизликлар ёзувчига ташқи – хира, шилқим, қўпол ва шафқатсиз дунё етказадиган зиён-заҳматлар билан ҳеч қандай тенглаша олмайди.
Ҳар бир, ҳатто энг ўртамиёна ёзувчи ҳам дарвешона феъл-атвор, хусусиятларга эга. Метерлинк умрининг энг самарали йилларини кўҳна, овлоқ аббатлик (католик монастирь ва унга қарашли мулк – тарж.) – Сен-Вандрилда ўтказган, Юлиуш Словацкийга эса Бечесбан монастирида ўтган кунлари юксак руҳий кўтаринкилик ва “Анхелли” достонини туҳфа қилган эди. Агар роман ёки достонда роҳиб образи учраса, агар шеър монастирь деворларининг акс садоси каби янграса, муаллифнинг исм-шарифи бизни адаштирмасин: у ким бўлишидан қатъи назар, унинг ҳаёти ва дунёқараши қандай бўлмасин, буни ёзган дақиқаларда ўзи ҳам роҳибга, унинг қалбига йўл топиб, унда кундалик турмушнинг ташвишлари ичра эришиш шу қадар қийин бўлган ботиний ҳаётга соғинч ҳиссини уйғота олган одамларнинг биродарига айланганига шак-шубҳа йўқ.
Рус тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-4-сон