Буюк мутафаккир, туркий оламнинг улуғ шоири Алишер Навоий асарлари шарқшунос олимлар олиб бораётган дунёвий тадқиқотларнинг марказида бўлиб келмоқда. Ҳазрат ижодини ўрганиш, унинг ижодига муносабат Шарқда шоир яшаган даврдан бошланган бўлса, бу йўналишдаги илк тадқиқотлар Ғарб оламида XVI асрда юзага келгани, асарлари таржима қилинганлиги маълум. Аммо, таассуфки, хориж навоийшунослиги тарихида кўплаб зиддиятли, сохта қарашлар ҳам мавжуд эдики, айрим чет эллик шарқшунослар муайян давр мафкурасига бўйсуниши оқибатида мумтоз адабиётимиз, шу жумладан, Алишер Навоий ижодига баҳо беришда ҳам сиёсий-ижтимоий мафкура талабларидан келиб чиқиб иш тутганлар[1]. Айниқса, ўтган асрнинг 50–80-йилларида Навоий адабий-илмий мероси, айниқса, ғазалларини ижтимоийлаштириш билан унинг “тенденциоз ижодкор” эканлигини исботлашга уриниш каби қарашлар хориж навоийшунослиги тарихида ҳам ўз муҳрини қолдирган эди.
Жаҳонда юз бераётган сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар, янги даврдаги ўзаро муносабатлардаги янгича йўналишлар Алишер Навоий ижодига ёндашувнинг ҳам объектив тамойилларини яратиб берди. Бу даврда шоир дунёқараши, ижодий-эстетик концепцияси, олам ва одам моҳияти хусусидаги эстетик қарашларининг бадиий талқини, фалсафий-мажозий моҳият мушоҳадаси каби муҳим омилларга эътибор қаратишдек сифатий силжишлар яққол кўзга ташлана бошланди. Даврлар ўтиши билан нафақат мутахассислар, балки мутахассис бўлмаган китобхонлар, ёшлар орасида ҳам Навоий ижодига қайтиш, у яратган маънавий меросга эҳтиёж ҳисси ортиб борди[2]. Ўтган йилнинг январь ойида Франциянинг Париж шаҳрида Ўрта Осиё масалаларига бағишланган, Ғарб оламидаги етакчи журналлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб келаётган “Ўрта Осиё дафтари” илмий журналидаги аксарият мақолалар ҳам Навоий ижоди тадқиқига бағишлангани юқоридаги фикрларимизни яна бир бор тасдиқлайди[3].
Ўрта авлод навоийшунослари К.Адахл[4], Д.Девис[5], В.Фелдмен[6], Д.Генчтурк[7], A.Радфал[8], M.Сабтелни[9], Г.Текин[10], Г.Дик[11], Б.Фрагнер[12] каби Америка, Германия, Австрия, Канада олимлари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотлар олиб бориб, мутафаккир ижодини қиёсий-тарихий, матншунослик нуқтаи назаридан, адабиётшунослик мезонлари ва айни пайтда илмий-назарий ёндашув асосида ўргандилар, асарларидан таржималар қилиб, шоир ижодини дунёга танитиш борасида кўплаб савобли ишларни амалга оширдилар.
Мустақилликдан кейин жаҳон навоийшунослиги янги авлод мутахассисларининг эски ва замонавий адабий тилни яхши ўзлаштириши, муайян масалани бирламчи манбалар асосида ўрганиши, мумтоз адабий матн моҳиятига чуқур кира олиш қобилияти яққол кўринди, энг муҳими, Ўзбекистондаги эркинлик шабадалари инъом этган имкониятлар асосида хориж навоийшунослиги янги тараққиёт босқичга кўтарилди. Япониялик Казауки Кубо, француз ёш олимлари Марк Тоутант, Александр Папас, америкалик навоийшунос Николас Вомсли каби Шарқ ва Ғарб тилларини яхши ўзлаштирган, қўлёзма манбаларини ўқий оладиган, адабий матн моҳиятини чуқур тушуниш қобилиятига эга бўлган навоийшуносларнинг янги авлоди шаклланди. Ўзбекистондаги адабий-илмий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ёш навоийшуносларнинг юртимизга келиб, Алишер Навоий ижодига оид илмий, адабий манбалардан бемалол фойдалана олиши, ўзбек олимлари билан бевосита мулоқотлар қилиш имкониятлари уларнинг аввалги мафкуравий жараёнлардан холи, ўзига хос, бири иккинчисини такрорламайдиган тадқиқотлар яратишига, илмий-ижодий қобилияти, меҳнатлари самараси нисбатан тезроқ юзага чиқишига замин яратди.
Бу авлоднинг аввалги хориж навоийшунослигидан яна бир фарқли жиҳати – ҳазрат Алишер Навоий асарлари тадқиқи билан изчил ва кенг қамровда шуғулланиб келаётганлиги билан ҳам характерланади. Жумладан, ёш француз олими Марк Тоутант 2014 йилда “Сўнгги Темурийлар даври маданияти: назира амалиётини Алишер Навоийнинг “Хамса” асари мисолида ўрганиш” (“The culture of the Last Timurids: Study of Imitation Practices through the case of ʿAlī Shīr Nawā’ī (1441-1501)’s Khamsa”) мавзусида салмоқли (700 саҳифа) тадқиқот яратди ва докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Тадқиқот темурийлар сулоласининг сўнгги вакилларидан бири Ҳусайн Бойқаро давридаги адабий жараён буюк мутафаккир шоирнинг “Хамса” асари мисолида тадқиқ этилади. Навоийнинг мазкур асари туркий тилдаги форсийгўй шоирлар, жумладан, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомийнинг ушбу жанрдаги асарлари билан қиёсий усулда ўрганилган ва бу масала илк бора француз илмий жамоатчилигига тақдим этилган.
Американинг Индиана университетида Навоий ижоди бўйича изланишлар олиб бораётган Николас Вомсли, Париж шаҳрида жойлашган “Турк, Усмонли, Болқон ва Марказий Осиёни ўрганиш” илмий текшириш институти тадқиқотчиси Адександр Папаслар Марк Тоутантнинг тенгқур сафдошлари бўлиб, улар ҳам темурийлар даври адабиёти, маданияти, шу жумладан, Алишер Навоий ижоди бўйича изланишлар олиб бораётган ёш олимлар қаторида саналади. Француз олими Александр Папас Навоийнинг илмий мероси, хусусан, “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ўрганаётган бўлса, АҚШ тадқиқотчиси Николас Вомсли “Насойим ул-муҳаббат” тазкираси таҳлилига оид қизиқарли кузатишларни амалга оширган. Унинг 2014 йилда “Тасаввуф илмини ўрганиш мужоҳадаси” журналининг учинчи сонида нашр этилган “Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида Яссавия тариқати. Марказий Осиёдаги ҳагиографияни ўрганиш масалалари” номли мақоласини Навоий ижодининг Ғарб оламига тарғиб этилиши йўлидаги йирик қадамлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Николас Вомслининг фикрича, “Насойим ул-муҳаббат” Ўрта Осиёда эски ўзбек тилида битилган илк биографик луғат. У мазкур асарини Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асари таржимаси билан бошлаган бўлса-да, Хуросон, Ҳиндистон ва Туркистондаги тасаввуф тариқати намояндалари ҳақидаги маълумотларни кенгайтиргани, ривожлантиргани катта аҳамиятга эга. Олимнинг фикрича, тазкира жанри VII–XIII асрларда шаклланган бўлиб, Навоийнинг ушбу тазкираси ҳагиографик адабиётдаги сўфийлар хусусида энг тўлиқ ва муҳим маълумотларни бера олган илк асар ҳисобланади.
Япониянинг Киото университетида фаолият олиб бораётган филология фанлари доктори, профессор Казауки Кубо ҳам истеъдодли осиёшунос олимлардан бири бўлиб, у кўпроқ Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятига эътибор беради. Олим кенг кўламда таҳлил этилмаган муҳим масалалардан бири – Навоийнинг ҳомий сифатидаги фаолиятини ўрганган. У “Навоийнинг ҳомийлик фаолияти” тадқиқотида “Макорим ул-ахлоқ”, “Бадое ул-вақое”, “Бобурнома”, “Тарихи Рашидий”, “Вақфия” каби асрларга таяниб, саховатли шоирнинг ижтимоий-маданий фаолиятини таҳлил қилган. Казауки Кубо яна бир қанча манбаларга таяниб, Ҳиротда Алишер Навоий ҳомийлигида фаолият юритган кўплаб мулозимлар исми-шарифларини аниқлаган. Улар орасида ёзувчилар, хаттотлар, мусиқашунослар, рассомлар бўлиб, Навоий уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Кубонинг мавжуд манбалар асосидаги мулоҳазаларига кўра, ўн битта хаттот Навоийнинг шахсий кутубхонасида ишлаганлар ва саховатли шоир уларга маош тўлаб, иқтисодий жиҳатдан мунтазам кўмак бериб турган. Бундан ташқари, Навоий жуда кўп олимларга уй ва боғлар ҳам инъом этган.
Маълум бўладики, Кубо Шарқ ва Ғарб навоийшунослари тадқиқотларида атрофлича ўрганилмаган масалаларга эътибор қаратиб, ишончли манбалар асосида Навоийнинг ҳомийлик фаолиятини ўрганган. Шоирнинг маданий соҳадаги фаолияти юзасидан япон олими чиқарган хулосалар аниқ манбаларга таянилганлиги билан аҳамият касб этади.
Юқоридаги кузатишларимиздан англашиладики, жаҳон навоийшунослиги бир жойда қотиб қолгани йўқ, у мудом ҳаракатда, силжишда. Тадқиқотлар яратиляпти, изланишлар давом этаяпти. Ҳазрат Навоий асарлари жаҳон мамлакатларининг турли тилларига таржима қилиняпти. Таассуфки, хориж оламида Алишер Навоий ижоди таҳлилига оид изланишларни ўрганиш, тадқиқ этиш, шу асосда хориж навоийшунослиги даражаси, савиясини белгилаш мутахассислар эътиборидан четда қолиб келаётир. Айтиш жоизки, ҳатто баъзан Ғарбда ўзбек адабиёти тадқиқига оид изланишларга бир қадар беписандлик билан қараш, уларни ўрганмай туриб кескин муносабатлар билдириш ҳолатлари ҳам кўзга ташланади. Тўғри, хорижлик мутахассис ўзбек адабиёти, шу жумладан, Алишер Навоий асарлари ҳақида ўзбек олимларидан юқори фикр айта олмаслиги фактини инкор қилиб бўлмайди, балки айрим тадқиқотларда ҳануз эскича қарашлар сақланиб қолаётгани ҳам ҳақиқат, умуман, назаримизда бугунги хориж навоийшунослиги биз кутган даражага ҳали етиб боролганича йўқ. Бу ҳолат мумтоз адабий матн, шу жумладан, Алишер Навоий ижоди таҳлили мураккабликлари билан изоҳланса, масала янада ойдинлашади. Зотан, ҳазратнинг ижодий оламига яқинлашиш, унинг асарлари замиридаги маъно қатламларини англай олишнинг биз билган ва билмаган мураккабликлари бор.
Бир сўз билан айтганда, жаҳон адабиётшунослиги майдонида Алишер Навоий ҳақида билдирилаётган ҳар қандай субъектив ёхуд объектив муносабатлардан хабардор бўлиш, хориж навоийшунослигидаги энг илғор тамойилларни белгилаш, ўзбек ва хориж олимлари тадқиқотларидаги муштарак ва фарқли жиҳатлар, шунингдек, Навоий асарлари таржималарининг аслиятга адекватлигини белгилаш, ҳаққоний илмий мезонлар билан бугунги жаҳон хориж навоийшунослиги савияси, даражасини аниқлаш лозим, деб ўйлаймиз. Яратилажак тадқиқотлар воситасида миллат шарафини янада улуғлаш, буюк мутафаккирнинг дунё маданий ҳаёти тарихида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса эканлигини кўрсатиб бериш бугун мутахассислар олдида турган энг муҳим вазифадир.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 2-сон
–––––––––––––––––––––
[1] Edward A. Allworth. The Soviet Interpretation of two lines by an Asian Poet. American Salvic and East European Review, Vol.16, p. 203.
[2] Адабий суҳбатларимиздан бирида Ғарб университетларининг Марказий Осиёни ўрганиш бўлимларида таҳсил олаётган талабалар “Ёш навоийшунослар” тўгарагини ташкил этганлиги ҳақида айтгандик. Улар Навоий ва унинг асарларига камоли ихлос сабаб ўзларини ҳазрат достонларидаги исмлар – Лайли, Мажнун, Фарҳод, Ширин, Искандар деб атайдилар. Бу талабаларнинг “Садди Искандарий”, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин” достонларидан узундан-узоқ парчаларни ёд айтиб бериши улар руҳиятида Навоийни англашга эҳтиёж ҳиссининг кучли эканлигини кўрсатади.
[3] Бу ҳақда қаранг: Literature and Society in Central Asia New Sources for the Study of Culture and Power from the Fifteenth Century to the Present, №24, 2015, France (Paris).
[4] Adahl K. A copy of the Divan of Mir Alisher Nava’I of the late Eighteenth Century in the Lund University and the Kashmiri School of Miniature Painting. Persian Painting, from the Mongols to the Qajars: Studies in Honour of Basil W. Robinson. Ed. R Hillenbrand. London: Tauris, in association with the Centre of Middle eastern Studies, University of Cambridge, 2000. 3–18.
[5] DeWeese, Devin A. “The Predecessors of Navā’ī in the Funūn Al-Balāghah of Shaykh Ahmad B.Khudāydād ṬArāzī: A Neglected Source on Central Asian Literary Culture from the Fifteen Century”. Journal of Turkish studies 29 (2005):73-163.
[6] Feldman, W. Genre and Narrative Strategies in The “Seven Planets” (Sab`a-I Sayyār) by Mīr `Alī Shīr Navaā’ī. Edebiyât 10 (1999):243–78.
[7] Gençtürk-Demircioğlu, Tülay. Narrative Aspects in Nevayi’s Yek-Ahenk Ghazals. Journal of Turkish studies 30.ii (2006):63–75.
[8] Rādfar, Abu’l-Qāsim.Navā’ī, NiẓĀm Al-Mulk Ii and Amīrkabīr of Khurāsān. Anthology of Iranian Studies 4(2000):62–77.
[9] Subtelny, M. E. `Alī Shīr Navā`Ī: Bakhshī and Beg. Harvard Ukrainian Studies 3-4 (1980):797-807; Timurid Educational and Charitable Foundation: The IkhlāṣIyya Complex of `Alī Shīr Navā’ī in 15th-Century Herat and Its Endowment. Journal of the American Oriental Society 111 (1991): 38–61; The Vaqfīya of Mīr `Alī Šīr Navā’ī as Apologia. Journal of Turkish Studies 15 (1991): 257–86.
[10] Tekin, Gönül. The Motif of Cypress – River – Beloved One – Garden In Nevā’ī’s and Aḥ Med Pāşā’s Poetry and Its Archetypefind More Like This. Oriente Moderno 15/76/1996 (1997): 463–83.
[11] Dick G. The language of the bird. Translated by Gary Dick and Nosir Qambarov. Tashkent, 2000.
[12] Mir `Ali Sher Nava´i: The `Judgement´ reconsidered, in: Éva M. Jeremiás (ed.): Irano-Turkic Cultural Contacts in the 11th-17th Centuries. Piliscsaba: The Avicenna Institute of Middle Eastern Studies [2002] 2003, pp. 53–66.