Яхшиям, кечга томон кун исиб кетди, булутлар ортидан чиқай -чиқай деб турган қуёш нурлари бирдан кўчаларга ва уйларнинг устига таманно билан тўкила бошлади; ахир улар худди шу соатларда янги бандаргоҳ ва кемалар яқинидаги манзилда дайдиб юришган, нариги тўлқинтўсардан бу тўлқинтўсар бўйлаб ёки префектура қаршисидаги дўкончадан ҳар хил шринликлар дўкончаси томон сайр қилиб келишаётган бўларди. Оёғида пошнасиз бошмоқ, ясси шляпа остидан бир тутам сариқ сочлари кўриниб турган вазмин Кирстен афтода қиёфада бўларди. Паст бўйли юзлари изтиробдан оқариб кетган асабий Монтес эса гоҳ Кирстеннинг юзига бир пас маъно ўқмоқчидек тикилар, гоҳ ўзи ҳам билмаган ҳолда арқонларни қирғоққа улоқтираётган матросларга адоват билан тикилиб, кемаларнинг номини ўқир эди.
Унинг мўйловининг учини жаҳл билан тишлаганча, шаҳарнинг беташвиш ҳаётидан яна ҳам тўлишиб-йўғонлашган Кирстенни тўғри денгиз шовуллаб ётган, ўзини тутиб туриш ноқулай бўлган катта нам харсанг билан кеманинг қора тунукаси орасидаги кўм-кўк тор йўлакда дафъатан туртиб юбориш истагидан ўзини қандай сақлаб турганини мен ҳозир хаёлан тасаввур қилаяпман. Мен уларни ўша ерда эканлигини билардим; чунки туш пайти Кирстен Монтеснинг изидан идорага келганди ва уларнинг хиёбон томон йўл олишганини кўргандим; Кирстеннинг афт-ангори бугун ҳам худди ёмғир савалаб ташлагандек гезариб-қўпчиб турарди, унинг чеҳраси аёзда қолган ҳайкалнинг ёки ёмғир остида кўзларини юммасдан ухлаётган кишининг юзидек кўказак эди. Кирстеннинг юзини сепкил босган, ундан доимо ертўла ва балиқчилар тўрининг ҳиди анқирди: балки бу бутун вужудига сингиб кетган молхона ва қаймоқнинг исидир; буларнинг бари уни ҳамон ташлаб кетолмаётган олисдаги ватанининг ҳиди деб ўйлардим мен. Бошқа пайтлари улар портга кечаси ёки субҳидамда чиқишарди. Сайр қилиб юришаркан,
Монтес кемаларнинг қулоқни қоматга келтирадиган чинқириқлари орасида хотинининг эркакча бошмоғи тошйўлда қандай хазин товушда шипиллаётганини эшитиб қоларди, шунда шўрлик, номусдан ерга кириб кетгудай ёки қандайдир шафқатсиз бир куч ўзини тилка- пора қилиб тун қўйнига улоқтириб юборгандай бўларди. Бизнинг маҳаллий газеталарда шу ойда жўнаб кетадиган кемалар ҳақидаги эълонлар мунтазам босилиб туриларди ва мен қасам ичиб айтишим мумкинки, сирена чалиниб якорлар кўтарилди дегунча Монтес ҳамиша ўша ерда ҳозиру нозир эди, у токи , кема портдан кўринмай қолгунча, ҳайкалдай қотиб турарди: баъзида гўё ёмғир остида қолгану, у эса балчиқ юзига қалқиб чиқмаган пайтда анҳор тубида ўсадиган гул жуда гўзал кўрингани каби ҳали умидсизлик соя солишга улгурмаган деярли чиройли, катта-катта кўзларини юмишни ҳам унутиб ухлаб ётгандек ёки ўзини ўзи овутаётгандек қотиб қолган, кема изидан хаёлан Оврупага жўнаб кетаётган хотинининг этдор юзига, гарчи ҳеч қандай жавоб олмаса ҳам, савол ва илтижо билан тикилиб-тикилиб қўярди.
Мени шилиб кетишга ҳаракат қилган, шанба ва якшанба кунлари телефондан тушган фойдани мендан яшириб, ёлғиз ўзи ўйнаб, омадини синаб кўрмоқчи бўлган ва натижада тўлай олмас даражада ютқазиб қўйгач, Монтеснинг ўзи бош эгиб келиб ҳаммасини айтиб берган кунидан бери уларнинг қисматидан хаардор ва лекин ҳамон моҳиятига етолмас эдим. Унинг бу ножўя хатти-ҳаракатининг туб сабаби билан қизиққаним ҳам йўқ, бироқ у ҳаммасини айтиб бериш истагига тушган ва шу сабабли, айни дақиқада, омад ва дўстларга, ҳа, айнан уларга ҳамиша ҳайрихох бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаган кўйи уни эшитишга жазм қилган эдим, асосан эса, унга зуғум қилмасликка тиришгандим, чунки охир оқибатда бу муттаҳам мени шилиб кетишга уринмаганда ҳам чўнтагимдан уч минг песо ҳавога учиб кетган бўларди. Мен унинг пасткаш одам, қасамхўр дўст ва учига чиққан қип-қизил ўғри эканлигига ўзида ҳеч қандай шубҳа қолмагунча, ўзим биладиган жамики тахқирли сўзлар тугамагунча оғзимга сиққанича сўккан ва яна ҳатто унинг ўзи ҳам бунга қўшилишга, қачон ва қандай ҳолатда бўлмасин агар талаб қилсам, хоҳлаган кишининг олдида тасдиқлашга тайёр эканлигига ишонмагунимча ҳамда кўнглимдаги алам тарқамагунча уни хақорат қилган эдим. Алалхусус, худди шу душанбадан бошлаб, мен қандай фикр билдирмай тўғридан- тўғри ҳам эмас, ҳар қандай суҳбатда, ҳар қандай шароитда, ўртага қандай кинояли луқма ташламай – ҳар доим у ярамас, шу дақиқадаёқ менинг гапларимнинг мағзини чақиб олар, мўйловининг учларини пир-пир учирганча мени тушунганини ва менинг ҳақ эканлигимни билдириб, маҳрамона табассум қилиб қўядиган одат чиқарганди. Биз у билан бу ҳақда ҳеч қачон келишиб олмагандик, бироқ ҳозиргача шу ҳол давом этиб келарди. Мен унга бир оғиз ҳам гапирмай унинг учун уч минг песо тўлаб юборган ва токи унга ёрдам бериш керакми ёки қонун бўйича жазолашми деган бирон қарорга келгунимча кўзимдан нарида бўлиб туришни сўрагандим; сўнг уни чақириб олиб, орадаги гапни эсдан чиқарганимни, таклифни қабул қилишимни, ойига икки юз песога ишлаб бериши мумкинлигини, бироқ ўзига бир тийин ҳам бермаслигимни билдиргандим. Бир йил-бир ярим йилда у бўйнидаги қарздан қутулади, сўнг тўрт тамони ҳам қибла; менга деса дуч келган биринчи шохгаёқ ўзини оссин. Албатта, у менинг қўл остимда ишлагани йўқ; пойгадаги ютуқларни кузатиб боришни унга юклаш хавфли бўлиб қолгач, Монтеснинг хизматидан энди фойдаланишим мумкин эмас эди. Аввалги битимимизга мувофиқ, уни ўз ишхонамда, фақат одамларни хотиржам қабул қилиш имконига эга бўлиш ва телефон орқали музокараларни етказиб туриш учунгина ушлаб тургандим; энди эса у идораси меникига қўшни бўлган, менинг баъзи ишлардаги шеригим Серрона қўлида ишлай бошлади. Серрона, албатта, унга мояна тўлар, тўғрироғи менга тўлар, уни эса, бири шаҳарнинг у чеккасида, бири бошқа бурчагида бўлган гоҳ божхонага, гоҳ омборхонага кун узоғи билан тиним бермай югуртиргани-югуртирган эди. Мен хизматкорларимдан қайси биридир, худди отчопардаги кассанинг қулфсиз туйнугидек, ишончсиз ва бесубут киши сифатида ном қозонишини сира истамасдим, шу сабабли, бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмай қўя қолганди. Бу воқеаларнинг барини, ёки деярли бирини, у афтидан, юзи мурдадай кўкариб, совуқ тер томчиларидан пешонаси ва бурнининг қирралари хунук ялтираб, худди таланган итдай аянчли қиёфада менинг олдимга кириб келган ўша душанба куниёқ маълум қилиб бўлган эди. Қолган тафсилотларни эса у кейинчалик, бизнинг баъзи-баъзида бўлиб турадиган суҳбатларимизда айтиб берган бўлиши керак. Гарчи шундай бўлишига ўзимиз ҳам унчалик ишонмасакда, салқин ва мусаффо ҳаво бизга омад ҳамда дўстларимиз билан бирга бўладиган ажойиб саргузаштлар, ғаройиб кўнгилхушликлар олиб келади деб, умид қилган бу йилги қиш – қуруқ совуқ билан тўсатдан бошланганди; кўчаларда ва уйларнинг мўриларида аёз жазава билан увиллаб юрарди: эҳтимол, ҳамма нарса айнан шундан бошлангандир. Аёзли оқшомларнинг бирида Монтес уйига қайтади ва хотинини тунука плита олдида тутаб ётган оловдан кўз узмай ўтирган ҳолатда учратади. Бу менга унчалик муҳим воқеа бўлиб туюлмаган бўлсада, у айнан шундай деб бир неча бор такрорлаган эди. Кирстен маҳзуна қиёфада бўлган, бироқ нечун кўз ёш қилганининг сабабини айтишни хоҳламаган, бутун тун ва яна бутун ҳафта давомида шу ҳолатда юраверган. Кирстен – тўла, дуркун ва албатта бадани ҳам момиқдек эди. У бошига мусибат тушган ва беҳад кўп ситам чеккан кишидек чурқ этмай юраверган ва ўзича нима бўлганини ҳам Монтесга айтмаган. У ер шарининг барча мамлакатларидаги барча аёллари каби “йўқ, менга ҳеч нарса бўлгани йўқ” деб жавоб бераверган. Сўнг у Даниядан келтирилган – қироллар, министрлар, сигирлар, тепаликлар ва бошқа ҳар хил манзаралар тасвирланган суратларни бутун уйга илиб ташлаган. Шунда ҳам у аввалгидай, ҳеч қандай ғайритабиий нарса юз бермаганини таъкидлайверган, бу тўнка Монтес эса, гоҳ у нарсадан, гоҳ бу нарсадан гумон қилаверган, бироқ узоқ вақтгача хотинининг нима учун ғамгин эканлигини аниқлай олмаган. Сўнг Даниядан хатлар кела бошлаган; Монтес эса, биронта сўзига ҳам тушунмаган, ниҳоят Кирстеннинг ўзи қайсидир узоқ қариндошига хат ёзганини ва энди ундан жавоб олаётганини, бироқ келаётган хабарлар унчалик қувонарли эмаслигини Монтесга тушунтирган. Шунда Монтес ҳазиллашгандек, мабода у ёққа кетгинг келмаяптими, деб сўраган, Кирстен қатъий қилиб, йўқ, деб жавоб берган худди шу кечадан ёки кейинги кечалардан бошлаб Монтес уйқусизлик балосига йўлиққан.
Кирстен унинг елкаларидан силкиганча ҳеч қаёққа кетмаслигини қатьият билан такрорлайверган, у асабий ҳолда сигарета тутатганича бу воқеани ўқилиши оғир китобни ўқиётгандай қилиб айтиб берганди. Олис Дания ҳақидаги хочнинг сурати бор байроғи ва ўрмон орқали черковга олиб борадиган йўл ҳақидаги ҳикояларини бош қимирлатиб, маъқуллаганча тинглаб ўтираверган. Шунча гаплардан кейингина – Кирстеннинг Америкада ўзи билан қанчалик бахтли эканлигини тушунгачгина Монтес хотиржам уйқуга кетган.
Бир мунча вақт хат келиб кетиб турган ва бир куни кечқурун ўринга ётишганда, Кирстен чироқни ўчириб, туйқусдан; «Агар сен гапимни бўлмасанг, сенга бир нарса айтиб бераман, фақат бир оғиз ҳам гапирмай эшит»,- деган. У «Албатта-албатта»,-деб ғўнғиллаган; Монтес довдираб қолиб, кулдонни чойшабнинг қатига тўкиб юборган ва ҳамма нарсага тайёр қиёфада, хотинининг ёнига чўзилган. Бироқ хотини у кутгандек бошқа эркак ҳақида ҳатто эсламаган ҳам, худди хозиргина йиғлашдан тўхтагандек, паст, хириллоқ товушда, улар велосепидларини ташқарида қаровсиз қолдириши, черковга ёки бошқа бирон ёққа жўнашганда эшикларни очиқ ҳолда ташлаб кетиши, чунки Данияда биронта ҳам ўғри йўқлиги, у ердаги дарахтлар бошқа мамлакатларникига қараганда баландроқ ўсиши ҳамда, кўпроқ яшаши, ва ҳар бир дарахтнинг ўзига хос ҳиди бўлиши ҳақида, ҳатто ўрмонда бошқа дарахтларнинг ҳидларии билан аралашиб кетган тақдирда ҳам қандай ҳид қайси дарахтнинг ҳиди эканини бемалол ажратиш мумкинлиги тўғрисида, одамларни тонгда денгиз қушларининг сайроғи уйғотиши, узоқлардан эса овчиларнинг милтиқ товушлари келиб туриши, баҳор ҳам бу ерларда қорнинг остида узоқ яшириниб ётиб, сўнг худди тоғдан келаётган сел каби, бирдан бостириб келиши ва ҳамма нарсани ўзига маҳлиё қилиб қўйиши, шунда одамлар фақат чувоқли кунлар ҳақидагина гаплаша бошлаши тўғрисида ҳикоя қилиб берган. Данияга, балиқчилар посёлкасига баҳор, худди семиз ғозга ўхшаб лапанглаб кириб келади деган.
Ва Кирстен «Esbirges, xrised kysten*» деб такрорлаган, гарчи, нима дейилганига тушунмаса ҳам худди мана шу сўз Монтесни, айниқса, ҳаяжонга солган: у менга хотинининг товушида ибодат пайтидагидек, муқаддас бир эҳтиромни англаб, йиғлаб юборишига оз қолгани тўғрисида гапириб берган эди. Кирстен бу сўзни қайта ва қайта такрорлаган. Бу сирли сўзлар Монтесни маҳлиё қилиб қўйган ва унда хотинига нисбатан ўзининг имкониятига қараганда йирикроқ ва кучлироқ ачиниш ҳиссини уйғотган; у хотинини, ғирт етим қизни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишни, далда ва таскин беришни истаган: ҳамма бало шунда эдики, бу ўзга тилдаги хитоб Кирстен ҳаётининг ўзига мутлақо номаълум қисмидан эшитилгандек бўлгани учун ҳам уни ўзига ром қилиб қўйган. Мана шу тундан бошлаб унинг қалбида ғайритабиий мурувват туйғуси пайдо бўлган; худди Кирстен оғир касалдан кундан-кун ҳолдан тойяётгандай, тузалиб кетишига ҳеч қандай умид йўқдай бу шафқат соат сайин улғайиб борган. Ҳаётининг маълум қисмини ўз измига бўйсундирадиган, ўзининг ҳам кўнглини чоғ, тилини узун қиладиган, узоқ йиллар кўнглини юпатиб юрадиган катта бир жасорат кўрсатиш керак деган фикрга келган. У Кирстеннинг Данияга жўнаб кетиши учун пул тўплашга киришган. У маълумотномаларни, бу ишга тўла қарор қилмай ва бунинг учун икки минг песо зарурлигини билмай турибоқ, тўғрилай бошлаган. Аммо қаердан олиши мумкинлигини ҳам ўйламай икки минг песо топиш эҳтиёжи унга ҳеч ором бермай қўйган. Афтидан, шундай бўлган, аммо ўзига нима бўлганини ўзи ҳам тушунмаган. Икки минг песо топиб, бу ҳақда Кирстенга серфайз шанба оқшомларининг бирида, қимматбаҳо ресторанда олий навли винонинг сўнгги қадаҳини кўтара туриб айтмоқчи бўлган! Буни айтар экан, у хотинининг юзи хуштаъм таомдан ва ўткир винодан билинар-билинмас қизариб турганини кўради, аввалига Кирстен унга ишонмайди; шунчаки тўқиб-бичаяпти деб ўйлайди, сўнг аста-секин уни ҳам завқ ва ҳаяжон эгаллайди, кўзларидан миннатдор ёшлари сим-сим тўкилади ва ниҳоят у Монтеснинг совғасини олишдан бош тортади. «Менга парво қилма, ҳаммаси ўтиб кетади,»-дейди у, Монтес эса токи хотини ўз совғасини қабул қилмагунча қатьият билан таклиф қилаверади ва яна у Кирстен билан бир умр ажрашмоқчи эмаслигига, токи қайтиб келгунча, уни шу ерда садоқат ила маҳтал бўлиб кутиб туришига ишонтиради.
Бошқа бир кечаси уйқуси учиб у икки минг песо топишнинг ҳар хил йўлларини ўйлар экан, Скопелленнинг хилват бурчагида ўтадиган бўлажак шанба оқшомини хаёлан тасаввур қилган; у ўзини жиддий тутиб, кўзларида суҳбатни сирли табассум билан бошлайди, йўқ, аввал, хотинидан қайси куни узоқ сафарга чиқса хосиятли бўлишини сўрайди; Кирстендан олдинроқ ухлаб қолган бошқа бир кечаси эса унинг тушига хотинининг туши киради ва тушида ҳам Кирстен унга Дания ҳақида ҳикоя қилиб беради. Аслида, бу Дания эмас эди; бу – Кирстен туғилган, дастлаб она тилида чулдирашни ўрганган, илк бор эркак билан рақсга тушган, барча яқинларидан кўз ўнгида бирин-кетин ажралган олис мамлакатнинг бир парчаси, улкан ер шарининг бир ҳовучи эди. Азиз ва қадрдон нарсасини йўқотиб қўйиб, сўнг бир умр унитиши мумкин бўлмагандек, бу Кирстен абадий йўқотган муқаддас жойлар эди. Хотини Дания тўғрисида бошқа воқеаларни ҳам гапириб берар, лекин асосан ўша биттасини кўп такрорларди ва Монтес хотинини қачонлардир юрган ям-яшил йўлларни, баланд-баланд дарахтларни, бағри кенг, шафоатли одамларни, турли уй ҳайвонларини яққол кўриб тургандай бўларди.
Лўппигина Кирстен ўзи билмаган ҳолда уни деворга сиқиб қўйиб, елкасига бошини қўйганча, пичирлаб, ҳикоя қилаверган; тинглаётган кишини бироз зериктирадиган, гўё олис йиллар қаъридан эшитилаётгандек вужудининг тўридан отилиб чиқаётган мунгли товуш билан энг зарур сўзларни чертиб-чертиб гапирар экан, Монтес хотинининг бурун учлари қандай шалпайиб қолганини, кўзлари ингичка ажинлар ҳосил қилиб, қандай қисилаётганини, серэт энгагининг қандай титраётганини аниқ ҳис қилиб турган.
Шунда Монтес беихтиёр, банкдан олинадиган қарз ёки биронта судхўр ҳақида ва ҳатто пулни унга мен бериб туришим мумкинлиги тўғрисида ҳам ўйлаган. Шанба ёки якшанбада менинг идорамда Хасинто билан бирга Палерма ёки Ла-Платадан телефон орқали келаётган хабарларни қабул қилиб ўтирар экан, у Кирстеннинг сафари ҳақида яна хаёлга берилган. Кунлар ланжлик билан ўтаётган эди, фойда минг песога зўрға етарди, баъзан эса қандайдир ўпкаси катта қиморбоз пайдо бўлиб қолар, шунда даромад беш мингдан, баъзан ундан ҳам ошиб тушарди. Монтес менга пойганинг ҳар бир айланиб келиши олдидан ўйиннинг бориши тўғрисида телефон орқали ахборот бериб туриши шарт эди: агар ўйин қандайдир хавфли тус олса – баъзан шундай бўлиб турарди – мен Велес, Мартина ёки Васкодаги етакчи ўйинлар ҳисобига сирғалиб чиқишга ҳаракат қилардим. Худди мана шу дақиқаларда Монтеснинг хаёлига менга билдирмасдан уч-тўрт йирик ҳисобдаги ўйинларни яшириб, минглаб патталарни ўз ҳисобига ўтказиб, агар журъати етишса, ё хотинининг саёҳати учун, ёки пешонага тегадиган ўқ учун ўйнаб кўрсамчи деган шум фикр келиб қолган. Агар у ўзида жасорат топа олса, бу ишни қилмоқчи бўлган: ахир Хасинто ҳар бир қўнғироқда қанча патта ўйналганини қаердан билиб ўтирибди? Монтес менга бу ҳақда бир ой ўйлаб юрганини гапириб берганди. Менимча, у рост гапирган эди, афтидан, бунга ўхшаш кимсалар ўғирлик қилишдан олдин узоқ иккиланадилар, азоб чекадилар, ўйлайвериб, ўзларини адои-тамом қиладилар, ҳар бир телефон қўнғироғи олдидан жиққа терга ботганча асаблари қалтираб турадилар. Агар у алдаётган бўлса, мен буд-шудимни тикиб, ҳеч иккиланмай қасам ичишим мумкин: агар у бу ишга ўз-ўзидан, кутилмаганда киришган бўлса, агар ўз кучи ва қудратига ишониб, тўсатдан қарор қилган ва кейинчалик «Мен айтган эдим-ку, ўшандай кунда ҳам жуда оз патта сотилганди,» деб шубҳа билдирган, бироқ ўша пайтда ҳеч нарсани сезмай қолган, ҳайвондан ҳам баттар Хасинтонинг кўз олдида мени хотиржамгина шилиб кетишга ҳаракат қилган бўлса, жонимни ўртага қўйиб қасам ичишим мумкин. Мен ишонч билан айтишим мумкинки, ҳозир ютуши мумкинлигини ҳис қилиб, унинг юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлиб ура бошлаган; бироқ у жўжани кузда санаб қўйган эди.
Шундай қилиб, у уч минг песога етадиган ўйинни бошлаб юборган ва тўсатдан бу ўйинда ютиб чиқишга ишонмай қўйган, баданидан чим-чим тер оқа бошлаган, ўз ҳисобини қайта-қайта текшириб кўрган ва одамдан кўра кўпроқ ипак кўйлак кийган маймунга ўхшайдиган Хасинтога шубҳа аралаш тикилиб-тикилиб турган; оқшом пайти машиналар билан лиққа тўладиган кўчани деразадан кузатганча, оёғи куйган товуқдай идорада тимирскиланиб юрган. У ютқиза бошлаганини, бошқалар ютуғи ҳар қўнғироқда юз песодан ошиб бораётганини англаган пайтда, мана шундай ҳолатда бўлган: уни жиққа тер – ниҳоят ўзида идорага қайтишга куч топиб, менга ҳаммасини айтиб беришга аҳд қилган ўша душанба куни ҳам баданида ҳиди сақланиб қолган қўрқувнинг совуқ ва бадбўй қора тер бутун вужудини қоплаб олганди.
Кирстенга бу нарсаларни у ҳали мени шилиб кетмасидан олдинроқ айтган; у хотинига яқин кунларда ўзлари учун жуда муҳим, жуда ажойиб нимадир содир бўлади – мен сенга атаб, ҳатто тушингга ҳам кирмаган ғаройиб совға тайёрлаяпман, фақат у қўл билан ушласа бўладиган шунчаки оддий буюм эмас, деган. Шунинг учун ҳам ҳаммаси бой берилгандан сўнг, у хотинига ҳалокат ҳақида гапириб бериш жуда ҳам зарурлигини ҳис этган: бироқ у буни Скопеллининг хилват бурчагида, ўткир хориж ароғи тўла қадаҳни кўтара туриб эмас, ўзларининг емакхонасида, қашшоқ дастурхон устида айтишга мажбур бўлган: у металл найча орқали хўриллатиб мате сўаверган, Кирстен эса, унга ён томони билан ўгирилиб, юзида қизғиш шуълалар ўйноқлаганча, темир плитадаги олов қандай милтиллаётганини кузатиб ўтираверган. Улар қанчалик оби-дийда қилганларидан хабарим йўқ: эртасига Монтес менга қарзини ўзининг маоши билан узиши мумкинлигини айтди: Кирстен эса ўзига иш топишга мажбур бўлди.
Воқеанинг кейинги қисми орадан бир оз вақт ўтгач, ишига ҳеч бир алоқаси бўлмаган пайтларда ҳам Кирстен уйдан индамай чиқиб кетишни одат қилгандан сўнг бошланган; агар улар бирон жойда учрашишни келишсалар, Кирстен ҳамиша кечикиб келган, баъзан эса ярим кечаси ўрнидан туриб; кийиниб, бирон оғиз ҳам гапирмай, қаёққадир жўнаб қолган. Унга бирон нима дейишга, умуман, у билан гаплашиб олишга масалани очиқ-ойдин кўндаланг қўйишга Монтесда журъат етишмаган; чунки улар фақат Кирстеннинг моянаси ҳисобигагина кун кечиришарди, Монтеснинг Серрона кўлидаги иши учун баъзида мен қўйиб берадиган бир стакан винодан бошқа сариқ чақа ҳам тўлашмас эди.
Шундай қилиб, Монтес ўзининг ахмоқона феъл-атвори билан, ҳа, асосан, ахмоқона феъл-атвори билан, устига устак мени шилиб кетмоқчи бўлган кундан буён сақланиб қолган ва афтидан, уни энди бир умр тарк этмайдиган жиззаки кайфияти билан хотинига зуғум қилмаслик учун тилини тишлашга мажбур бўлган. Шубҳа Монтесни тириклай комига тортаверган, у токи бир куни Кирстеннинг изидан хуфёна кузатиб бормагунча, унинг тош йўлни вазмин қадам товушлари билан тўлдириб, портга қараб кетаётганини ва у ерда хотинининг кузатувчилар билан бирга ва шунингдек, улардан алоҳида, жўнаб кетаётган кемалар изидан термулганча, худди бандаргоҳга занжирлангандай қотиб турганини кўрмагунча, турли хил мудҳиш гумонларга бораверган. Кирстеннинг Дания ҳақидаги тунги ҳикоясидек бу ерда ҳам ҳеч қандай бегона эркак бўлмаган. Бу марта Монтес хотини билан гаплашиб олишга журъат этган ва Кирстен ҳаммасини унга очиқ сўзлаб берган; Монтес яна бир нарсани – менимча, унчалик аҳамияти йўқ нарсани – яъни Кирстен унга бу нарсаларни на ғусса, на ғазаб , на хижолат билан эмас, одатдаги оҳангда гапириб берганини менга алоҳида таъкидлаганди, гўё унга ишонмаётгандай, қайта -қайта такрорлаганди. Кирстен унга Овропага жўнаб кетаётган кемани кузатиб қолиш учун, вақт қай маҳал бўлмасин, барибир, портга келиб турганини айтиб берган. Монтес унинг бу хатти-ҳаракатидан қўрқиб кетган ва охири кўнгилсизлик билан тугаши мумкин бўлган бу одатга қарши курашишга қарор қилган: бу ерга келиб туриши – уйда ўтирганидан кўра минг карра баттарроқ эканлигига хотинини ишонтирмоқчи бўлган; бироқ Кирстен ўзини ҳамишагидек жиддий тутиб қатъият билан бу ерда кўнгли бир оз бўлса ҳам юпанишини, шунинг учун портга, албатта, яна келишини, жўнаб кетаётган кемаларни қўл силкиб, токи, кўзлари оғриб қолгунча изидан термулиб ёки шунчаки кузатиб қолишини, буни хоҳлаган ва иложини топган ҳар қандай вазиятда қилаверишини айтган.
Ва охир-оқибатда, Монтес Кирстенни доимо бандаргоҳга кузатиб боришга қарор қилган; худди менинг олдимда ўз қарзини ўтаётгандек, шу йўл билан, хотинининг олдида ҳам ўз бурчини ўтамоқчи бўлган.
Мана энди, ҳар шанба оқшоми кечасими, ёки туш пайтими, ҳаво очиқми ёки Кирстеннинг гезариб кетган юзидай сербулутлими, ёмғирлими, барибир, улар портга қараб йўл олишарди ва кема жўнагунга қадар турли шаклдаги жамодонлар кўтарган, иссиқ пальтолар кийган, қўлларида гул ва кўз ёшларидан нам бўлган рўмолчалар тутган одамлар орасида бир кўриниб, бир кўринмай, хиёбон ичида сайр қилиб юришарди; юракни орзиқтирадиган сирена қийқириғидан сўнг, кема секин жўнаб кета бошларди; токи тинкалари қуриб, ҳолдан тойиб қолгунларича улар қимирлашга ҳам қўрқиб, тошдек қотиб туришар ва ҳар бири ўз-ўзича чуқур ва сирли хаёлларга ғарқ бўлган куйи, айни дақиқада, ўзлари ҳам билмаган ҳолда, иккаласи ҳам бир пайтда, қалбларини аллақачон ўзиники қилиб улгурган ва энди бир умр уларни ўз чангалида олиб юрадиган ватан соғинчи ва ёлғизликнинг бешафқат панжалари ҳақида ўйлашиб, бир-бирининг елкаларидан маҳкам қучганча кетаётган кема изидан жимгина қараб туришарди.
* “Соҳил бўйлаб чопаётган Эсберг” деган маънони беради. (Дания тилида)
Назар Эшонқул таржимаси