Усмон Туркой (1927-2001)

Усмон Туркой 1927 йилнинг 16 февралида таваллуд топган. Гирна шаҳрида инглиз олий мактабига кириб ўқиган. Сўнг Англияда Ҳозирги замон тиллари мактабининг газетачилик-журналистика бўлимида таҳсил кўрган. Лондон университетининг фалсафа факультетини тугатган.
Усмон Туркойнинг инглиз ҳамда турк тилларида 30 га яқин китоби нашр этилган. Шеърлари француз, итальян, швед, чех, Бразилияда португал, Аргентинада испан, Хитой Халқ Республикаси, Гонконг ва Тайванда хитой, Ҳиндистонда ҳинд тилларида, Таиландда тай тилида, Кувайтда, Қатар ҳамда Мисрда ва тағин бир қанча элларда бир қанча тилларда босилиб чиққан.
1988, 1990 йилларда Қитъалараро шеърият уюшмаси томонидан Нобель мукофотига номзод этиб кўрсатилган. Усмон Туркой йигирмага яқин халқаро шеърият мукофотининт соҳиби бўлган. Улар орасида Альберт Эйнштейн академияси таъсис этган «Эйнштейн», Италия халқаро поэзияси мукофотлари бор.

БИСМИЛЛО

Бу кеча тушимга кирди
Ҳар тонгда туғадиган қуёш,
Бу кеча қуёшдан узилди ўзга дунё,
Бу кеча фазога учирилди илк сунъий йўлдош —
Жимитгина бир ой.
Бу кеча оламда айрича тезлик, ғиз-ғиз бор.
Тупроқда фазо, фазода оташ, оташда юлдуз бор.
Бу кеча дунёмизнинг орбитасида
Йўлдошлар сайёр.
Бу кеча жаранглаб бисмилло ила урди соат,
Бу кеча бисмилло ила чақирди қалам:
Меҳрибон, раҳмли Тангри номи ила
Ётоқдан турдим хотиржам.
На шуҳрат, на шараф, на шон…
Бисмилло, бисмилло… шишди бош чаноғим.
На булут, на уфқ, на юлдуз…
Бисмилло, бисмилло… узайди шом чоғим.
На томир, на мушак, на суяк, на қон…
Бисмилло, бисмилло… чўзилди билакларим,
Оғзим, кўзларим, қулоқларим,
Олувчи ва берувчи аъзоларим.
Бисмилло, бисмилло эгасиз,
Ёппа-ёлғиз.
Меҳрибон, раҳмли Тангри номи ила
Чўзилганча Сомон йўлида ётардим.
Меҳрибон, раҳмли Тангри номи ила
Фазоликларга мисралар сотардим,
Сизларни тушунтирар, англатардим.
Меҳрибон, раҳмли Тангри номи ила
Қуёшдан ерликларга сўз қотардим
Ва юлдузларни ғужум-ғужум узум каби узиб
Лўттивозлар бошига пизиллатиб отардим.

ОҚ ДЕНГИЗНИНГ МОВИЙ ИНЖУСИ ҚИБРИС

I

Оқ денгизнинг мовий инжуси Қибрис!
Туғилганим, илк қуёш нурларини кўрганим,
Шеърдан, тинчликдан, вазминликдан нафас олганим ўлка!
Ҳозир сени ўттиз беш минг қадам юксакликда
Ҳиндистондан Лондонга учаркан
Учоқнинг дарчасидан кузатмоқдаман.
Топинганча жамолингни ютмоқдаман юрагимга,
Соғинч билан ҳижрон доғин ютум-ютум ичмоқдаман.
Кўкларнинг мовий рангида
Тутамоқда олов-олов фикрларим.
Қучоқлаб тушларимда сени, ўпарканман, тупроғингни
Севги, эҳтиром тўла туйғулар ила,
Кўряпман: яраларинг ҳануз тузалмаган…
Ёлвораман ич-ичимдан бекитиқча,
Ёлвораман яна бир бора:
Ўйланмаган, шошилинч эҳтиросларга
Бериб қўйма ўзингни,
Бағрингда қонга ва кинга жой берма…
Руҳимнинг теранидан ўтиниб сўрайман:
«Эй, борлигимнинг муқаддас тупроғи, ўлкам маним!
Сўз бер шундай сокин, осойишта қолишга
Ва сўнгсиз тинчлигу ором юрти бўлишга!»

II

Товушларнинг, рангларнинг ва чексиз зулматларнинг —
Коинотда ҳар нарсанинг ўз тили бор —
Уларни маънога айлантира оласиз.
Чунончи, менга яқинлашган кунботар
Ва миллион бор жилваланган шуъла
Мусиқа тили билан сўзлайди
Ва тушларим ложувард оққушларга айланар,
Учишда ўтаётган вақтнинг бир тилимида
Мени тебраётган бешик ичида
Ҳамон ўша гўдак, сенинг парчанг эдим.
Сенинг ўз ўғлинг: гоҳ йиғлардим,
Гоҳ жилмаярдим шеърий бир нафислик-ла…
Бугун, шу онда, сендан жуда юксакларда,
Қибрисим, ўлкам маним!
Инсон қўли тегмаган
Миллионларча тонна қордай оқ пахтани эслатувчи булутлар
Сенинг сирларингни маънога айлантириб
Бош-кети йўқ ушбу паллада
Синиқ, узгун қалбимга қуймоқда…
Бу қалбда айрилиқнинг ўчмас доғлари
Изоларим билан қўшилиб
Ёсуман сўриларининг, лимон ва пўртахол гулларининг,
Эски шароб тулумларининг ичидаги дунёнинг
Ва сарин найсон елларида
Кумуш рангли денгизлардай
Долғаланган, гул очган зайтун дарахтларининг
Мусиқасини акс эттирмоқда ўтаётган онлар аро…
Энди соғинчларим уммонига тик чўмаман
Барча эски ва янги тушларим билан…
Ва шу онда ҳар вақтдагидан ҳам яқинлигимни
Ҳис этаман бутун коинотда.

III

Эвоҳ, бирдан ўзимни ва тушларимни эзилгандай кўрдим:
Умидсизликнинг музтоғлари орасида
Севгим чормихида, овозим бўғилганди…
Чунки ҳақиқат дунёси билан тушлар дунёси
Шу қадар бошқа-бошқа, шу қадар чатишиқки,
Дод дегим келади ва қалтирайман,
У ён-бу ён тўлғонаман оромкурсимда…
Ғарбга қараб учаётган учоқ ичида
Сен, гўзал ва нафис кўксингни нақшлаган
Зайтун дарахтларинг, боғларинг, пўртахол боғчаларинг билан
Тинч-сокин уйқуга ётар экансан,
Сирли ҳасратларим, алам тўла, маъюс ва ҳазин
Мусиқага айланмоқца йўлингда шаҳид бўлганлар учун,
Йилт-йилт ёнган руҳлар учмоқда,
Йўлида жон берганлари тупроқлар узра…
Ҳилоллимидилар, хочлимидилар?..
Ўлимнинг дини йўқ.
Нечук миллати бўлсин!
Ўлим моддий оламда шундай бир ҳодисаки,
Одамзотни бир-бирига қўшиб юборар.
Мана, қара, бир замонлар инсон бўлганлар
Ер билан кўк орасида бир макон топиб
Йилт-йилт ёниб уни қандай ёритмоқдалар.

IV

Титроқ қалб-ла мен кузатган манзара энди
Юлдузлар ва руҳлар ҳоким бир маскан эди.
Гўё ҳамма эшиклари очилиб кўкнинг,
Ҳамма тўсиқлари йиқилган эди.
Бир замонлар булар бари ўз инсонимиз —
Бир тупроқнинг фарзандлари — қиз-ўғлонимиз
Энди ушбу чексиз зулматлар аро
Ўхшайдилар юлдузларнинг тўдаларига:
Мана, бири учаётир ост-уст вазнсиз,
Бири эса оқаётир думли юлдуздай
Ва узоқда шаҳид бўлган гўдак руҳлари —
Ўтда куйган парвоналар ила ўйнашар,
Сассиз, қутли ўт рақсига тўла муҳитда…
Эй Қибрисим, она юртим, сенгаучоқнинг
Дарчасидан: «Хуш қол!» дея қўл силкитаман.
Уруш кўпдан битган.
Урушлар ўлдирар ва ўлар.
Фақат инсонийлик абадий, холос.
Жаннат бор-йўғи бир рамздир.
Шарқ хорижи бир руҳ ҳолатида.
Инсон ўзидан кечишни идрок қилса,
Уни фақат тинчлик, ёлғиз тинчлик ва меҳр
Ер юзига индиражакдир.

ШОИР БОЛАНИНГ ТОНГГИ ДУОСИ

Тангрим,
нима бўпти, ҳар куни шундай
Кўк юзи беғубор,
Ҳаво иссиқ бўлсин.
Бешбармоқ тоғининг нарёқларидан
Қуёш бизга қараб онамдай кулсин.
Покиза севинчлар-ла дудоқларимиз
Ўпсин нурга чўмган титроқ чечакларни.
Жун йигирсин момолар,
Эмизсин бир тўп нур болаларни оналар.
Қалдирғочлар тебратсин бешикларни.
Тангрим, нима бўпти, ақл чироғимиз
Ёруғ бўлсин, йўлда итни тошламасин.
Сувдай ёд бўлсин-у ҳар сабоғимиз,
Муаллим бир кун ҳам
Дарсни таҳқирдан бошламасин.
Тангрим,
нима бўпти, бир умр бўйи
Ўтли қўшиқлар айтсин чўпонларимиз.
Унутилсин дала-дала унган фиғонларимиз.
Бирга-бирга ер тепсин, сакраб улоқларимиз,
Тангрим,
нима бўпти, ёруғ нурларинг
Бизни йирик гуллар кўнглига ёр айласин.
Тоғдан тоққа соврилсин капалак тўзларимиз.
Катта товуқлар очсин қопқамизни.
Каккули соатдай вақтида сайрасин
Уйқу телбаси хўрозларимиз.
Ғу-ғу дея ғуғуласин кабутарлар,
Учиб юрсин учоқаарида ниначилар,
Гўзал қўшикдар айтсин зағизғон
Ва бизни қўрқитмасин,
Туннелдан чинқириб поезд чиққандай,
Уясидан қаршимизга даъватсиз чиққан
Сарсари қора илон.

ТЎРТ ЙЎЛ ОҒЗИДА УЙҒОНИШ

Дедим: Сен айтган тонг ўлкасими шу?
Уфқлар чароғон, ер юзи умид, кўклар беғубор?
Қай тилда сўйлар бу соҳилларда кечалари юлдузларга сув?
Деди: Бу чин инсонлар, бу ҳақиқий диёр!
Кўрарсан улар нурли йўллардан келишларини!
Оёқлари нофармон тупроқ, қўллари энди кирган баҳор!
Бир овоз янгради чақмоқ чақиб бўшлиқда,
Шаҳар нурларига қоришди.
Юрардим вазмин одимлар ила
Кўклам ва уруш кемалари оқара бошлаган уфқда.
Тўрт йўл оғзида тўхтадим: бошқачадир бу кун бу дунё,
Бир кардиограмма, илм даври ва механик шовқинлар ила
Бир кўчки бўлиб тушди устимга Америка, Оврупо, Осиё.
Тўрт йўл оғзида тўхтадим: компьютерлар ишга тушди бир бошдан.
Нил соҳилида бир буғдой бошоғи,
Оқ денгизда уруш кемалари.
Лабларимда бир қўшиқ:
«Финжонни ўярлар тошдан…»
Тўрт йўл оғзида тўхтадим: одамлар югурарди ўнгга, сўлга,
Рангпар юзларида ваҳм, юракларида қўрқув.
Кентлар эмас, қитъалар тушганди мубҳам, серташвиш бир йўлга.
Дедим: Шулар бўлса керак пўлат эритган эллар,
Бири тупроқ портлатиб юксалган қоя, бири ойдан сакраган сиймо…
Ва ниҳоят бир қара: қуриган лаблари қандай кулар…
Деди: Тайёр бир ёқилғи,
Бироқуларда ҳам суяк, тери, қон…
Ишлашар тарих оқими ичра — билмасдан бу қандай макон.
Чунки уларни оқизган сув қандай ирмоқлиги ноаён…
Овоз янгради яна бир бор: сесканиб қўзғалдим жойимдан.
Уруш кемалари ўтар эди очиқ денгизларимдан.

«Ўзбекистон овози», 1994 йил 13 январь.