Саййид Пошшохожа ибн Абдулваҳобхожа мутафаккирнинг тўлиқ исми бўлиб, Хожа унинг тахаллусидир.
Хожа 1480 йили Нисо шаҳрида дунёга келган. У дастлаб отаси қўлида, сўнгра Нисо ва Марв мадрасаларида муфассал таълим олган. Ижтимоий фаолиятини темурийзодалардан Нисо вилояти ҳукмдори Кепак Мирзо ҳукуматида 1496 йили ёзида садрлик (ер ўлчовчи) билан бошлаган. 1508 йили Нисо ва Обивард вилоятлари Шайбонийлар томонидан забт этилганда Хожа етук шоир ва адиб сифатида танилган эди. Шу йили Шайбонийхон урушдан қайтаётганида Нисода тўхтаб, Хожани Дурун вилоятига ҳоким қилиб тайинлайди. Шу орада Нисога шоир амир Муҳаммад Солиҳ ҳоким этиб юборилди. 1510 йили кеч кузида Хожа ва Муҳаммад Солиҳ Марв мудофаасига келадилар, Шайбонийхон ҳалокатидан кейин эса Хожа мамлакат ичкарисига — дастлаб Самарқанд ва сал кейин Бухорога келиб ватан тутади. 1514 йилгача Темур Султон, кейин Кучкунчихон хизматида бўлиб, 1515— 1516 йиллардан эътиборан Кармана ҳокими Жонибек Султон ҳукуматида Жумлатулмулк, садрлик лавозимларни бошқаради.
У 1529 йили Бухоро ҳокими Убайдуллохон замонида кисқа вақт шайхулисломлик қилган. 1534 йили Убайдуллохон Нишопурга келганда Балх ҳокими Кистан Қаро ундан Хожани Балхга юборишини сўрайди. Шундан сўнг Хожа Балхда аввал садрлик, кўп ўтмай эса шайхулисломлик вазифасини бажаради. 1543 йили ҳоким Кистан Қаро руҳий касалликка чалингандан кейин Хожа ўз вазифасидан кетиб ижод билан машғул бўлди. Хожа 1547 йили Бухорода вафот этади ва Баҳовуддин Нақшбанд мақбараси ёнига дафн қилади.
Хожанинг бизгача Темур Султонга аталган “Мифтоҳ ул-адл” (“Адолат калити” 1508—1510 йиллар), Кистан Каро Одилга бағишланган “Гулзор” (1538 йил) фалсафий-ахлоқий асарлари ва Жонибек Султонга аталган “Мақсад ул-атвор” (1514—1520 йиллар) ахлоқий-дидактик маснавий-достони ҳамда бир неча ғазаллари етиб келган. Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккир ал-аҳбоб” тазкирасида келтирилишича, Хожа “Лайли ва Мажнун” номли асар ҳам ёзган, аммо бу асар ҳалигача топилгани йўқ.
Хожа буюк мутафаккир-устоз Алишер Навоийга эргашиб, “Хамса” яратиш орзусида бўлган бўлиши мумкин. Хожанинг “Мифтоҳ ул-адл” ва “Гулзор” номли асарлари аксар қўлёзмаларда битта китоб қилиб муқоваланган. Бу икки асар мазмун жиҳатидан бир-бирига яқин туради. “Мифтоҳ ул-адл” асари ўн беш бобдан ташкил топган бўлиб, ҳар бир бобда ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий масалаларга бағишланган бирор назария, кўп ҳолларда ҳадис ёки Қуръон оятларидан келтирилади вауларни изоҳлаш мақсадида шоир “Назир ҳикоятлар” баён қилиб, ўзининг хулосаси билан якунлайди. Масалан: асарда келтирилган боблар: “Олимларнинг баёни”, “Одил султонларнинг баёни”, “Золим султонларнинг ва золимбекларнинг баёни”, “Султонларга мутеъ бўлмоқнинг баёни”, “Ўғурликнинг баёни”, “Зино ҳаддининг баёни” каби масалалар таҳлилига бағишланган.
Хожа ҳар бир бобда инсоният маънавий тараққиётида барча даврлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган муаммоларни изоҳлаб беришга ҳаракат қилган. Шоирнинг “Гулзор” асари ҳам мазмун ва кўтарилган муаммоларнинг долзарблиги билан “Мифтоҳул-адл”га ўхшаб кетади. Хожа “Гулзор” асарини Балх давлатининг шайхулисломи лавозимида туриб, хоннинг дин борасидаги маслаҳатчиси бўлган пайтида ёзган. Дин ҳомийлари эса у пайтларда катта нуфузга эга бўлганлар. Бинобарин, Пошшохожа асари ҳам беклар учун давлатни бошқариш, халқ билан қандай муносабатда бўлиш ҳақида битилган ўгитлар тўла асар ҳисобланади.
Хожанинг “Мақсад ул-атвор” достони унинг дунёқарашини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Хожа инсонни фақат яхшилик қилиш учун яратилган, деб билади ва ундаги салбий иллатларни ақл-заковат ва донолик ёрдамида йўқотиш мумкинлигига ишонади. Хожа зеб-зийнат, бойлик ва мартаба инсонга маънавий фазилат бермайди, деган хулосага келади. Шунинг учун ҳам у ўз қарашларида хон, бек ва катта мол-дунё эгалари бўлган кишиларни инсофли, диёнатли, саховатли бўлишга чақириб, бева-бечоралар, камбағал-қашшоқлар ҳақидан қўрқмайдиган ситамгар, золим, қонхўр, хасис кишиларни фош қилади.
Хожа ўз даврининг етук мутафаккири, шоири, дин ва тасаввуф илмларини ҳам чуқур эгаллаган, ўша даврда Мовароуннаҳрда кучли оқимга айланган яссавия, қаландария, нақшбандия тариқатлари моҳиятини тўла англаб етган шайхулислом даражасига кўтарилган сиймолардан бири эди.
Хожа ўз қарашларида ер юзидаги барча инсонлар дини, жинси, ирқи, миллати, тили қандай бўлишидан қатьий назар худо яратган бандалар, деб билади, одамларни тутган ўрни, мавқеи, мартабаси қанақа — шоҳми, гадоми — Ҳақ таоло олдида тенг ва жавобгар эканлигини айтади. Шу боис инсон нафсоний ҳавасларга берилиб, ўткинчи дунё ташвишларига мукка кетмаслиги, ботиний дунё ғамини ҳам ёддан чиқармаслиги керак деган фикрни олға суради. Унга руҳий комиллик туфайли эришиш мумкин. Бунинг учун инсон ростгўй, ҳалол, диёнатли, инсофли, меҳр-шафқатли, камтар бўлмоғи, бошқаларга яхшилик қилиб, меҳр-оқибат кўрсатиш фикри билан яшамоғи, дилозорлик, ўғрилик, мунофиқлик каби ярамас иллатларни акл-фаросат ва қаноат билан енгиб ўтмоғи керак.
Инсон бу дунёда нимаики иш қилмасин, қандай шароитда яшамасин ундан фақат яхшилик қолади:
Одам улдирким жаҳонда яхши сўздин панд олур,
Қолмас ушбу одам, аммо олам ичра сўз қолур.
Сўзки келди аршдин ер юзини ислом учун,
Ояти Қуръондур улким, нуридин партав солур.
Қолган барча нарсалар ўткинчи ва бу зоҳирий дунё моҳиятинигина акс эттируви ҳодисалардир.
Хожа жамиятда ижтимоий адолат барпо этилиши учун шу жамиятни бошқариб борадиган султон, бек ва йирик амалдор шахслар, дини ислом ҳомийларини инсоф ва диёнатга, тўғрилик ва ҳалолликка даъват этади, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқ ва бурчидан тўғри фойдалансин, деган фикрга келади. Айниқса, унинг мукаммал жамиятда одам тенгҳуқуқли бўлиши лозим, деган фикри диққатга сазовордир.
Шоир инсон муайян ижтимоий муҳитда, таълим-тарбия натижасида яхши хулқли бўлиши мумкин, деб ўйлайди. Адиб ўзининг “Мақсад ул-атвор” деган асарида дин ва илм кишини ростгўйликка, ҳалолликка, покликка, ёмонни яхшидан ажратишга олиб келади, деган фикрни илгари суради.
XVI асрнинг етук шоирларидан Бобур Хожанинг бир неча ғазаллари билан танишиб, унга ижодкор сифатида ҳурмат билан қарайди ва ўзининг мулоҳазалари, маслаҳатларини бериб туради. Хожагон тариқатининг XVI асрдаги буюк тарғиботчиларидан бўлган мутасаввуф олим Маҳдуми Аъзам Косоний асарларида Хожани “юксак парвозли лочин” деб таърифлайди.
фал. ф.д. Алиқулов, ф.ф.н. С. Ғозиев