Forbes иқтисодий журнали тадқиқотларига кўра, Жанубий Кореяликлар дунёнинг энг меҳнатсевар кишилари деб эълон қилинди. Жанубий Кореяликларга биринчиликни тақдим этган ҳолат уларнинг йилига 2 минг 357 соат иш вақтига эга бўлганликларидир. Бу ерда 6 кунлик иш ҳафтаси кўпчилик компаниялар учун нормадир. Кўпчлик ташкилотларда эса таътил муддати йилига атиги 3 кундир.
Forbes журнали ёзишича, жанубий кореялик 39 ёшли Ли қишлоқ ва балиқ хўжалиги вазирлигида ишлайди. У ҳар куни эрталаб 5.30 да туради. Ювиниб, кийиниб бўлгач йўлга чиқади, поездда 2 соат йўл юриб, Сеулдаги ишхонасига етиб келади. 8.30 да иш столига ўтирган қаҳрамонимиз кечқурун 21.00 дагина ишдан бўшайди. Яна икки соат поездда йўл босиб, уйига етиб келади. яна ювиниб, уйқуга кетади. Эртаси куни ҳам худди шу ҳолат такрорланади. Ли уйланган бўлиб, 3 нафар фарзанди ҳам бор. «Мен фарзандларим учун ҳафтасига атиги 15 минут ажрата оламан, холос. Фақатгина якшанба куни оилам билан бирга бўла оламан», дейди Ли. Йил бўйи худди шу режимда меҳнат қилган Ли йилига атиги 3 кунгина таътилга чиқади. Ҳа, атиги 3 кун.
Худди шу ҳолатни енгиллатиш мақсадида Жанубий Кореяда ҳозирда бирқанча қонуний ҳужжатлар тайёрланмоқда. Иш соатини камайтириш ва дам олиш кунларини кўпайтириш мақсадида 2004 йилдан мактабларда ва ишчилари сони 1000 дан кўп бўлган компанияларда 5 кунлик меҳнат ҳафтасига ўтилди. Аммо эски «авторитар маданият» даври анъаналарига кўникиб қолган корейслар учун бу янги тамойил фақатгина қоғозда қолиб кетади, дея таъкидламоқдалар мутахассислар.
Меҳнатсевар осиёликлардан кейинги ўринни европалик йилига 2 минг 52 иш соати билан греклар эгаллаганлар. Фахрли 3-5 ўринларни Шарқий Европа давлатлари вакиллари эгаллаганлар – Чехия, Венгрия ва Полша. Учала давлатда ҳам йиллик меҳнат таътили 20 кунни ташкил этади. Венгрияда 45 ёшдан сўнг меҳнат таътили 30 кунга етса, Полшада 10 йиллик иш стажидан сўнггина йиллик таътил 26 кунни ташкил этади.
Қардошларимиз меҳнатсевар туркияликларнинг йиллик иш соатлари 1918 соатни ташкил этади. Берилган маълумотларга кўра, туркларнинг 1,2 миллион нафари бошқа ҳорижий давлатларда ишлашади.
Рейтингда АҚШликлар 9-ўринни эгаллашган. АҚШда йилига 10 кун таътил бўлгани ҳолда, йиллик иш вақти 1797 соатни ташкил этади.
Буюк Британия эса рўйхатда 20-ўринни эгаллаган. Норвегия, Германия, Голландия давлатлари эса йилига тахминан 1 минг 390 соат иш вақти билан рўйхатнинг сўнгги поғоналаридан ўрин олган.
Дунёнинг энг меҳнатсевар мамлакатлари – Forbes 2008
№ | Давлат | Иш соати | Таътил куни/йилига | Байрамлар | Ялпи ички маҳсулот/киши бошига | ЯИМ соҳалар бўйича | Аҳолиси | Ишчи аҳоли |
1 | Жанубий Корея | 2357 | 10 | 11 | 24,600 $ | Қ/х* 3,2%, саноат 39,6%, х/к* 57,2% | 49,23 млн | 23,99 млн |
2 | Греция | 2052 | 20 | 12 | 30,500 $ | Қ/х 3,2%, саноат 20,6%, х/к 76,3% | 10,72 млн | 4,94 млн |
3 | Чехия | 1997 | 20 | 12 | 24,400 $ | Қ/х 2,4%, саноат 39,7%, х/к 57,9% | 10,22 млн | 5,35 млн |
4 | Венгрия | 1989 | 20 (45 ёшдан сўнг 30 кун) | 10 | 19,500 $ | Қ/х 3,3%, саноат 32,4%, х/к 64,2% | 9,93 млн | 4,19 млн |
5 | Полша | 1985 | 20 (10 йил ишлагандан сўнг 26 кун) | 12 | 16,200 $ | Қ/х 4,1%, саноат 31,9%, х/к 64% | 38,5 млн | 17,0 млн |
6 | Туркия | 1918 | 14-26 | 7 | 9,400 $ | Қ/х 8,9%, саноат 30,8%, х/к 59,3% | 71,89 млн | 25,27 млн |
7 | Мексика | 1883 | 8-16 | 14 | 12,500 $ | Қ/х 3,9%, саноат 26,3%, х/к 69,9% | 109,96 млн | 45,38 млн |
8 | Италия | 1800 | 20-32 | 12 | 31,100 $ | Қ/х 1,9%, саноат 28,8%, х/к 69,3% | 58,15 млн | 24,86 млн |
9 | АҚШ | 1797 | 10 | 8 | 46,000 $ | Қ/х 0,9%, саноат 20,6%, х/к 78,5% | 303,82 млн | 153,1 млн |
10 | Исландия | 1794 | 24 | 12 | 39,400 $ | Қ/х 5,3%, саноат 26,3%, х/к 68,4% | 304367 | 180000 |
* Қ/х – қишлоқ хўжалиги, х/к – хизмат кўрсатиш