Россия ва Польша кўпга чўзилган иқтисодий келишмовчиликни батараф этиш арафасида

Полша ва Россия ўртасида бир неча йилдан буён давом этиб келган совуқ муносабатлар ўрнини илиқ қўшничилик алоқалари эгаллаяпти. Бир вақтлар ягона лагерьда бўлган ва замона зайли билан икки қутбга айрилган давлатлар ҳамкорлигининг яна қайта жонланаётгани Полша сиёсий ҳаётида рўй берган сўнгги ўзгаришлар билан боғлиқ. Жорий йилнинг октябрида бўлган парламент сайловида Доналд Туск бошчилигидаги «Фуқаролик платформаси» партияси ғалаба қозонди ва мамлакат қонунларига кўра қонунчилик идорасида кўп ўрин эгаллаган сиёсий гуруҳ сифатида ҳукуматни шакллантирди. Партия етакчиси Доналд Туск эса мамлакат бош вазири вазифасини эгаллади.

Шарқий Европа юрагида жойлашган Полша собиқ шўрольар давриданоқ минтақа ҳаётида муҳим ўрин тутган. Коммунистик режим қулаб, мамлакат ривожланишниг янги йўлига ўтгани ва Европа томон юз бурганидан кейин Варшаванинг сиёсий майдондаги ўрни янада ошди. Хабарингиз бор, 2005 йили Полша ҳукумати тепасига Россияга қарши кайфиятда бўлган ака-ука Лех ва Ярослав Качинскийлар келишди. «Адолат ва қонун» партиясининг асосчилари бўлган ака-укаларнинг бири Полша президенти (Л. Качинский), яна бири бош вазири (Я. Качинский) лавозимига ўтиришди. Давлат ва ҳукумат бошқарувини бир пайтнинг ўзида қўлга киритган арбоблар сифатида тарихга кирган эгизаклар аввал-бошдан Россияга қарши сиёсатни танлашди. Бу ҳолат охир-оқибат мўътадил фикрли Европа Иттифоқи давлатларининг Россияга бўлган муносабатини ҳам кескинлаштирди.

Ҳаммаси 2005 йили Россия Полшадан гўшт маҳсулотлари келтиришни ман этганидан бошланди. Бу ҳолат Москва томонидан «Полша бошқа давлатларда тайёрланаётган сифатсиз гўшт маҳсулотларини экcпорт қилаётгани» билан изоҳланди.

Ўшанда мана шу арзимаган можаро икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни бутунлай тўхтатиб қўйиши, боз устига бу ҳолат Европа Иттифоқи сиёсатига таъсир этиши ҳеч кимнинг, ҳаттоки Москва ва Варшава расмийларининг ҳам хаёлига келмаган эди. Лекин катта сиёсатда можаронинг катта-кичиги бўлмаслиги бу гал ҳам ўз тасдиғини топди.

Ярослав Качинский ҳукумати Россиянинг бу ҳаракатини Полшага қарши фитна деб баҳолади ва муносиб жавоб беришга ваъда берди. Гарчи Кремл маъмурияти қизиққонлиги билан танилган Полша бош вазири сўзига эътибор бермаган бўлса ҳам, кейинроқ – «муносиб жавоб» берилганидан кейин анчайин мураккаб аҳволга тушиб қолди.

Айни ўша пайтларда Россия ташқи ишлар вазири полшалик ҳамкасбига Москвага ташриф буюриш тўғрисида таклиф юборди. Юқоридаги тақиқдан қаттиқ хафа бўлганини ошкора билдирган Полша ташқи ишлар вазирлиги таклифга умуман жавоб бермади. Шу тариқа икки томонлама муносабатлар совуқлашиб кетди.

Аслида гўшт экспортининг тўхтатилиши шунчаки иқтисодий чора эмаслиги аён эди. Кремл мазкур тақиқни Полшада эгизаклар ҳукуматни эгаллагани ва улар Россияга қарши сиёсат юритаётганига жавобан жорий этганди. (Расмий Москва бу усулга тез-тез мурожаат қилиб туради. Масалан, 2006 йили Грузия билан муносабатлар ёмонлашган пайтда грузин виноси экспорти ҳам эмбарго қўйилганди).

Ўз навбатида Полша ҳукуматининг Кремлга нисбатан тўнини терс кийиб олишини ҳам фақатгина гўшт экспорти тақиқланиши билан боғлаш тўғри эмас. Ака-ука Качинскийлар мазкур ҳодисадан анча олдинроқ Россияга нисбатан кескин позицияни танлагандилар.

Кўпчилик таҳлилчилар Москва- Варшава муносабатларини яхшилаш йўлларини тушунтиролмай турган паллада Полша ҳукумати тепасига либерал фикрли, мўътадил қарашли Доналд Туск келдию, жуда кўп саволларга жавоб топилди. Янги ҳукуматни шакллантирган Д. Туск энг аввало Россия билан алоқаларни яхшилаш ниятини билдирди. Агар унинг мухолифи бўлган аввалги бош вазир Кремл билан музокараларни мутлақо рад этган бўлса, у ҳамма ишни қўшни давлат билан тил топишишдан бошлади. Доналд Туск Россия Полша учун яхши ҳамкор бўлгани, муносабатлардаги совуқчилик эндиликда барҳам топишини айтди. Янги бош вазир билдирган фикрларининг амалий ифодаси сифатида Полша бундан буён Россиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо бўлишига қарши эмаслигини эълон қилди.

Россиядек йирик давлатга Полша каби эндигина Европа Иттифоқига аъзо бўлган мамлакатнинг беписанд муносабати оғир ботгани турган гап. Лекин Доналд Тускнинг аввалги ҳукумат айбини тан олиб, муносабатларни яхшилашни таклиф қилгани Россия томонидан беэътибор қолдирилмади. Москва ўтган ҳафта барча можароларнинг «доя»си бўлган эмбаргони олиб ташлади.

Катта сиёсатда ҳар доим ҳам «саломга яраша алик» тамойили амал қилади. Полша ҳукумати ҳам Россия томонидан кўрсатилган эътиборга муносиб жавоб берди. Ташқи ишлар вазирлиги Полшанинг Россия-Европа Иттифоқи ҳамкорлик битими масаласидаги позициясини ўзгаришини эълон қилди.

Шу тариқа иқтисодий келишмовчилик бартараф бўляпти. Томонлар шу кунларда гўштга қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғридаги битим ва ҳамкорликни янгидан кенгайтириш борасидаги ҳужжатлар имзолашга ҳозирлик кўришяпти.

Собиржон Ёқубов,
«Ҳуррият»дан олинди.