Аргентина орадан чорак аср ўтсада, Фолкленд уруши аламини эсдан чиқара олмаяпти
Буюк Британия ва Аргентина ўртасида бундан роппа-роса 25 йил аввал пайдо бўлган муросасизлик ҳалигача тарқаган эмас. Албатта, уруш, қон тўкилишлар билан тарихга кирган ҳодисани шунчаки муросасизлик дейиш ҳам адолатдан эмас. Ўшанда икки давлат ўртасида ҳақиқий маънодаги жанг — қирғинбарот юз берган эди. Аргентинанинг шундоққина биқинида — Атлантика океани ҳудудида жойлашган Фолкленд (Малвин) ороли қуролли ихтилофнинг бош омили бўлган эди.
1982 йилнинг март ойи охирларида Аргентинанинг фуқаро кийимидаги махсус хизмати вакиллари Буюк Британия тасарруфидаги Фолкленд оролига кириб келишди. Улар зиммасига оролни назорат қилиб турган инглиз ҳарбийлари билан низо чиқариш вазифаси топширилганди. Давлат тўнтариши билан Аргентинада ҳокимиятни эгаллаган Леополдо Галтиери бошлиқ ҳарбийлар мамлакатнинг тарихий мулки деб ҳисобланадиган оролни қуролли йўл билан эгаллашни мақсад қилишган эди. Режалар белгилангандан зиёда амалга ошди. Кутилгандек инглиз ва аргентиналик ҳарбийлар ўртасида қуролли тўқнашув бошланди.
Орол ҳудудидаги оз сонли инглиз ҳарбий бўлинмаси Аргентинанинг сараланган махсус гвардиясига қарши чиқа олмас эди. Аргентинада ҳарбий яккаҳокимлик (хунта) ўрнатган Леополдо Галтиери ҳам ана шунга ишонган, яъни Буюк Британиянинг илғор қисмлари Лондонда — оролдан анча узоқда бўлганидан фойдаланиб, ҳудудни осонлик билан эгаллашни мақсад қилган эди.
Аргентинанинг Фолклендни уруш орқали қайтариб олишга таваккалчилик билан қўл ургани бежиз эмас эди. Айни ўша йилларда орол ҳудудидан жуда катта миқдорда нефть заҳираси топилганди. Қолаверса, ҳудуд Атлантика ва Тинч океанини боғловчи халқа сифатида ҳам ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга эди. Энг асосийси, Аргентина ҳокимиятини эгаллаб, оз фурсат ичида ўн минглаб одамларни қатағон қилган ҳарбий диктатура учун жуда катта ғалаба керак эди. Ғалаба бўлганда ҳам, зулм-зўравонликдан сабр косаси тўлган халқнинг норозилигини босиб кетадиган зафар лозим эди.
Аргентина диктаторининг омадсизлигини қарангки, 1980-йилларда Буюк Британия ҳукуматини «темир хоним» номи билан шуҳрат қозонган Маргарет Тетчер бошқарар эди. Консерваторлар етакчиси Фолкленд оролига Аргентина ҳужум қилганини эшитган заҳоти иккиланиб ўтирмасдан у ерга жуда катта ҳарбий қўшин жўнатди. Бу ўринда Буюк Британия — асрлар давомида дунёнинг биринчи мустамлакачи империяси бўлган қиролликдан бошқа давлат бўлганда, эҳтимолки, бор-йўғи 12 минг 170 кв. км. лик орол учун жон куйдириб ҳам ўтирмаган бўлармиди? Бироқ катта сиёсатда чўрткесар, қайсар ва қироллик манфаатларининг фаол ҳимоячиси сифатида ном қозонган М. Тетчер Аргентинага қарши 28 минг аскар ва 110 ҳарбий кемадан иборат бутун бошли армияни сафарбар қилди.
Фолкленд ороли учун жанг 1982 йилнинг 2 апрелидан 14 июньигача — 74 кун давом этди. 900 киши қурбон бўлган жанг Аргентинанинг таслим бўлиш тўғрисидаги таклифи билан якунланди.
Уруш ҳар икки томон учун катта йўқотишлар келтирди. Британ қироллиги ҳарбий ҳаракат учун 1,6 миллиард фунт стерлинг маблағ сарфлади, жанг пайтида 258 инглиз аскари ҳалок бўлди. Бироқ барибир урушда мағлуб томоннинг талафотлари ғолиб томонга қараганда кўпроқ бўлди. Аргентина диктаторлари учун шармандали якунланган ҳарбий ҳаракатлар пайтида 650 аскар ҳалок бўлди, яна 10 мингга яқини инглизлар қўлига асир тушди, мамлакат денгиз флоти жуда катта талафот кўрди. Қанча аскар қурбон бўлгани, қанча кема йўқ қилингани ва ҳарбий операциялар учун қанча маблағ сарфланганидан қатъи назар, Фолкленд уруши Аргентинага улкан маънавий зарба бўлди. Нега деганда, Лотин Америкасида лидер бўлишга интилаётган мамлакат деярли ўз ҳудудида бўлган жангда мағлуб бўлган эди. Ушбу мағлубият Аргентина давлати тепасидаги турган диктатура тузумининг ағдарилишини ҳам тезлаштирди. 1983 йилги сайловда Леополдо Галтиери бошчилигидаги ҳарбийлар ҳокимияти бутунлай мағлуб бўлди.
Кимга тўй, кимга аза. Фолкленд урушидаги ғалаба Маргарет Тетчер хонимга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади. Орадан бир йил кейин ўтган сайловда темир хоним раҳбарлигидаги консерваторлар яна бир муддатга ҳукумат тепасида қолиш имконини қўлга киритишди.
Тўғриси, Маргарет Тетчер томонидан Фолклендни сақлаб қолиш йўлида жуда катта ҳарбий амалиёт ўтказилгани мухолифларнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. Чунки мўъжазгина орол учун қироллик йиллик даромадининг салмоқли қисми сарфлаб юборилган эди. Бироқ орадан йиллар ўтиб, аслида сиёсат ва мамлакат обрўси учун олиб борилган уруш ортида катта иқтисодий манфаат ҳам борлиги аён бўляпти.
Айни пайтда нефть саноати билан бирга балиқчилик ҳам ривожланган Фолкленд ороли қироллик ғазнасига миллиардлаб фунт даромад келтиради. Бир замонлар Англия ва Шотландиядан сургун қилинган жиноятчилар макони бўлган орол бугун дунё миқёсида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад борасида ҳам энг олдинги ўринларда туради (50 минг доллар).
Бундан чорак аср олдин рўй берган тўқнашувлар ҳали ҳам Лондон ва Буэнос-Айрес муносабатларига соя солиб турибди. Ғолиб одатда барибир бағри кенгроқ бўлишга ҳаракат қилади. Инглиз ҳукумати ҳам Аргентина билан муносабатларни қайтадан тиклашга ҳаракат қилиб келади. Бироқ Аргентина раҳбарияти мамлакатнинг тарихий мулкини зўрлик билан тортиб олган қироллик билан кўпам яқин бўлишни хоҳламайди.
Фолкленд можаросига 25 йил тўлган шу кунларда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Бекетт Лотин Америкаси мамлакати билан муносабатларни яхшилаш мақсадида икки томондан ҳам аскарлар ўлимига сабаб бўлган урушдан афсус билдирган ҳолда, аргентиналиклар бевосита орол ҳудудида хотира маросимлари ўтказишлари мумкинлигини таклиф қилди. Бироқ бу таклиф ҳам Аргентина раҳбариятининг кўнгилини юмшата олмади. Аргентина расмий Лондоннинг таклифини рад этиш билан чекланмай, Фолкленд ороли бўйларидаги нефть конларини инглизлар билан ҳамкорликда ўзлаштириш тўғрисидаги лойиҳадан чиққанини ҳам эълон қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Хорхе Таяна эса инглиз ҳукуматини манманликда айблади ва Британиядаги Фолкленд уруши муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар қурбонларни хотирлаш эмас, ҳарбий ғалаба паради эканини таъкидлади.
Хуллас, орадан чорак аср ўтсада, Аргентина томони ҳали ҳам Фолкленддан умидини узмади. Мамлакатда ҳозирга қадар ҳаттоки катта сиёсий доираларда ҳам орол Аргентина мулки сифатида эътироф этилади. Маҳаллий газеталар эса Аргентинанинг бошқа ҳудудлари қатори Фолкленд оролидаги об-ҳаво маълумотларини ҳам мунтазам бериб келишади…
Собиржон ЁҚУБОВ
www.hurriyat.uz