Журналистлар ўлими ҳамон жумбоқлигича қолмоқда

Жаҳон газеталари ассоциацияси ўтган 2006 йилни журналистлар учун оғир ва хавфли бўлди, деб баҳолади. Чунки 2004 йил ҳисобига кўра 72 журналист ҳалок бўлган бўлса, 2006 йил ноябрь ойигача бўлган вақт давомида 88 журналистнинг ўлими кузатилган. Оммавий ахборот воситалари вакиллари турли ҳолат ва сабабларга кўра ўлим билан юзлашишди. Уларнинг айримлари «қайноқ нуқта»лардан репортаж тайёрлаш жараёнида дайди ўқ қурбони бўлган бўлса, айримларига қасддан ҳужум уюштирилган. Айниқса, Ироқдаги вазият кўплаб журналист­ларнинг ҳаётига рахна солди.

Журналистларга бот-бот уюштирилаётган ҳужумлар сабаби тўлиқ очилмаган. Бироқ бу борада тахминлар мавжуд. Тахминларлардан бири ахборотни четга чиқишидан сақлаш ёки давлат ва жамият тузумини танқид қилиб чиқувчи мухбирлардан «қутулиш»дир. Масалан, Филиппинда сиёсат ва наркобизнес мавзусида эшиттиришлар тайёрлаган радиобошловчи Армандо Пейкни йўлда отиб ўлдиришган. Яна бир покистонлик фотограф Ҳаятуллоҳ Хон «ал-Қоида» ҳаракатлари акс этган суратлардан сўнг қатл этилган. 7 октябр куни Москвада содир бўлган мухбир Анна Политковскаянинг ўлими кўпчиликка маълум. У ҳам Чеченистон масаласи, инсон ҳуқуқлари ва бош­қа мавзуларда танқидий мақолалар муаллифи эди. Ҳужумлар эса ким томонидан уюштирилгани кўп ҳолларда ноаниқлигича қолади. Жаҳон газеталари ассоциацияси вакили Тимоти Болдинг жуда кам қотиллар қўлга олинганини, шунингдек, бу ҳужумлар биргина шахсга, яъни журналистга қарата эмас, бу орқали бутун бир давлатга уюштирилаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Зеро, ҳалок бўлганларнинг аксарияти профессионал мухбирлардир.

Масаланинг яна бир томони ҳам борки, ҳалок бўлган журналистлар ичида сиёсий мавзу ёки бирор давлатдаги салбий ҳолатларни ёритмаган, бундай масалалар билан умуман шуғулланмаган мухбирлар ҳам бор. Мисол учун қасддан ўлдирилган ироқлик журналист Акил Сархан спорт каналида фаолият кўрсатарди. Филиппинлик Мелендрес эса сариқ матбуот нашр­ларидан бирида мухбир эди. Шу сабаб журналистларни ҳимоя қилувчи халқаро қўмиталар бу каби журналистларнинг ўлими касбий фаолиятга дахлдормикин, дея ўйга толишмоқда. Ундан таш­қари, қурбон бўлганларнинг ҳаммаси ҳам мухбир бўлиб қолмай, улар орасида фотограф, тасвирчи ёки журналистларнинг ҳайдовчилари ҳам бор.

Ўтган 10 йил ичида 500 дан ортиқ журналистнинг ўлими кузатилгач, хориж ОАВ вакиллари орасида «Ёмон мақола ёзсанг ишингдан, яхши мақола ёзсанг жонингдан айриласан» ибораси пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас.

Дурдона Алимова

www.hurriyat.uz