Кўп ҳолларда АҚШнинг Жоржия штати билан чалкаштириб юбориладиган мамлакат (инглиз тилида Грузия ҳам, Жоржия ҳам Георгиа тарзида ёзилади) Россия билан юзага келган дипломатик зиддият туфайли яна 2003 йилги «Атиргуллар инқилоби» даври каби халқаро ҳамжамият нигоҳида. Бу нигоҳдан ҳам хавотир, ҳам ҳайрат, ҳам ғолибона табассум, ҳам ташвиш аралаш бетоқатликни уқиш мумкин…
«Сири очилган» айғоқчилар
27 сентябр куни Грузия ички ишлар вазирлиги махсус хизмати 5 нафар Россия ҳарбийсини жосусликда айблаб ҳибсга олди. Одатда ташқи разведкага алоқадор бўлган иш ҳар доим ҳам катта ташвиш келтириб чиқаради. Кавказортидаги Россия ҳарбий қўшинининг юқори лавозимли офицерлари — Александр Сава, Дмитрий Казантсев, Александр Барантсев, Александр Завгородтсев ва катта «балиқ»лар орасига қўшилиб қолган митти «балиқча» — старшина Руслан Скрилниковнинг қамоққа олингани ҳам икки қўшни мамлакат ўртасидаги тутаб турган зиддият оловини гуркиратиб ёндириб юборди. Грузия ички ишлар вазири Вано Мерабишвили шошилинч баёнотида таъкидлашича, ҳибсга олинган рус зобитлари мамлакатда агент ёллаш, махфий маълумотлар йиғиш, ҳаттоки қўпорувчилик ҳаракатлари уюштириш билан шуғулланиб келган. Дарвоқе, Россия раз-
ведка бошқармаси ходимлари деб тахмин қилинаётган рус офицерлари билан бирга 11 нафар Грузия фуқароси ҳам ҳибс қилинган. Улар чет эл разведкасига сотилганлик ва ватанга хиёнатда айбланмоқдалар.
Грузия контразведка хизмати жиноятга алоқадор деб гумон қилинаётган яна бир рус офицери — подполковник Константин Пичугинни ҳам қидирмоқда. Махсус кучлар тахминига кўра, офицер Кавказвортидаги Россия ҳарбий қўшини биносига яширинган.
Грузия ички ишлар вазирининг билдиришича, рус офицерлари маълум муддат давомида кузатиб борилган ва уларнинг айбдорлигини тасдиқловчи рад этиб бўлмас далиллар йиғилган. Мамлакат телеканалларида махсус хизмат томонидан тақдим этилган видео ва телефон ёзуви бир неча марта намойиш этилди. Тасмаларда гўёки рус офицерлари ёлланган грузин фуқароларига махфий маълумотлар йиғишга кўрсатма бераётгани қайд этилган… Тбилиси шаҳар суди айблов идораси далилларини ўрганиб чиқиб, офицерларни икки ой муддат қамоқда сақлашга ижозат берди. Мазкур тергов муддати ичида офицерларга қўйилаётган айблов ўрганиб чиқилади ва иш судга оширилади. Грузия қонунларига кўра, жосуслик учун 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Агар жосуслик тамғаси босилган шахслар, дейлик, ўртамиёна бир давлат фуқаролари бўлганда, иш шу билан шов-шувсиз ёпилиб кетиши мумкин эди. Бироқ айғоқчилик айби билан қамоққа олинганлар Грузия расмий доираларида биринчи рақамли душман сифатида талқин қилинаётган Россия Федерацияси фуқаролари. Шундай бўлгач, суд қарорининг чиқиши ишнинг якунланаётганини эмас, эндигина бошланганини англатади…
«Ҳукумат даражасидаги босқинчилик»
Грузия томонидан рус офицерларининг ҳибсга олиниши расмий Москва томонидан кескин кутиб олинди. Россия ташқи ишлар вазири воқеа муносабати билан берган баёнотида Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатини «иғво» деб баҳолади. Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Михаил Саакашвили ҳукуматини офицерларни зудлик билан озод этишга чақирар экан, Кремл бу йўлда ҳар қандай воситани ишга солажагини ҳам писанда қилиб ўтди.
Россия мудофаа вазири Сергей Иванов томонидан билдирилган муносабат янада кескинроқ бўлди. Ҳарбийлар тақдирига бевосита масъул бўлган мудофаа вазири мазкур ҳодисани ҳукумат ва давлат даражасидаги босқинчилик деб баҳолади.
Офицерлар ҳибсга олинган куннинг ўзида Россиянинг Грузиядаги элчиси
Вячеслав Коваленко Москвага маслаҳат учун чақириб олинди. Гарчи элчининг ватанига келиши дипломатик алоқалар узилганини англатмайди, деб таъкидланган бўлсада, бу тадбир муносабатларга жиддий путур етганини ошкора намойиш қилгандай бўлди. Боз устига, Россия ташқи ишлар вазирлиги буйруғи билан Тбилисидаги элчихона ходимлари ва уларнинг оилалари тезкор равишда Москвага келтирилгани ҳам вазият нечоғли қалтислигини кўрсатади.
Грузия президенти Михаил Саакашвили оддий кундалик ҳуқуқий жараёндан нима учун Москва томони бу қадар хавотирда эканини тушуна олмаётганини билдирди. Давлат раҳбари айни шу баёнотида мамлакат махсус хизматининг мустаҳкам ва юқори касбий маҳоратга эга бўлган йигитларини катта муваффақият билан табриклашни ҳам унутмади. Бироқ президентнинг ана шу алоҳида қутловининг ўзиёқ бу «оддий кундалик ҳуқуқий жараён» эмаслигини очиқ-равшан кўрсатиб турибди.
Ўз навбатида Россия сиёсатдонлари Тбилиси томонидан ҳарбийларга жосуслик айби қўйилаётганидан ҳайратдалар. Уларнинг фикрича, Грузияда Россия учун махфий ва номаълум бўлган сирнинг ўзи йўқ…
Мақсад — йўқотилган обрўни тиклашми?..
Бир қатор кузатувчилар офицерларнинг ҳибсга олиниш воқеасини Грузия раҳбариятининг бой берилган обрў-эътиборини тиклаш йўлидаги ҳаракати сифатида баҳолашди. Ҳақиқатан ҳам, катта сиёсатда давлатни бирор бир халқаро можарога аралаштириб қўйиш орқали омма эътиборини чалғитиш ва сунъий йўл билан аҳоли эътиборини қозониш усули мавжуд. Мазкур усулдан ҳозиргача ҳам кўп ва хўб фойдаланилади. Грузиядаги бугунги вазият кузатувчиларнинг тахминини тасдиқлаётгандек.
2004 йилнинг январьидан президентлик вазифасини бажаришга киришган Михаил Саакашвилидан грузин халқи кў-ўп нарсаларни умид қилганди. Бироқ сўнгги ижтимоий тадқиқотлар «атиргуллар инқилоби» етакчисининг халқ орасидаги обрўси кескин тушиб кетганини кўрсатмоқда. Ана шундай кўнгилсиз бир ҳолатда оммага салкам ёвуз дев сифатида тасвирланган давлатнинг жосуслик фаолияти фош этилиши давлат раҳбариятига муҳим очко келтириши табиий. Айниқса, мамлакат муҳим сиёсий ҳодиса — сайлов остонасида турган пайтда (Эртага Грузияда маҳаллий кенгашлар учун сайлов ўтказилиши режалаштирилган).
Бу танганинг биз кўриб турган томони. Ҳар доим эътибордан четда қолиб кетадиган иккинчи томон ҳам мавжуд.
Бир пайтлар — Совет Иттифоқи даврида улкан мамлакатнинг ажралмас таркибий қисми бўлган Грузияда Россиянинг ўзига хос манфаатлари борлигини унутмаслик керак. Гарчи Саакашвили маъмурияти сиёсий курсни аллақачон Ғарб томон йўналтирган бўлсада, ҳали ҳам мамлакатда Россия ҳарбий кучлари сақланиб қолган. Бунинг устига, Грузиядан ажралиб чиқиш ҳаракатида бўлган можароли ҳудудлар — Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳам кўпдан буён тинчликпарвар куч сифатида Россия ҳарбийлари фаолият юритиб келмоқда. Расмий
Тбилиси эса имкон қадар тез муддатда Россия ҳарбийларидан қутулишни истайди. Грузияда аниқ иқтисодий манфаатни кўзлаётган, Боку-Тбилиси-Жайҳун халқаро нефть қувурини қуришга уринаётган океанорти мамлакати учун ҳам учинчи рақобатчи давлатнинг бўлиши режага тўғри келмайди. Шу маънода «Россия улкан жосуслик тизимининг йўқ қилиниши» ҳодисасини ҳарбийлар фаолиятига шубҳа уйғотиш орқали уларни мамлакатдан тез муддатда чиқариб юбориш ҳаракати дейиш ҳам нотўғри эмас.
Хориж газеталаридан бири воқеа муносабати билан яна бир тахминни илгари сурди. Газета фикрича, жосуслик ўйинини Америка махсус хизмати уюштирган. Мақсад эса 2006 йилнинг баҳорида Федерал хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган 4 нафар инглиз разведкачисини рус офицерларига алмашиш бўлган…
Иқтисодий жазо ўз кучини кўрсатди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳар қандай йўл билан офицерларни озод қилиш ҳақида гапирганда айнан нимани назарда тутгани аниқ эмас. Бироқ ана шу баёнотдан кейин Грузия томонининг бундай жасорати қуролли ҳаракат билан жазоланиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминлар ҳам муҳокама қилина бошлади. Боз устига, Россияда етакчи мавқега эга бўлган Федерация кенгаши раиси Сергей Мироновнинг: «Грузиянинг бу ҳаракати урушга олиб келиши мумкин», деган мулоҳазаси хавотирли овозаларни расмий қарорга айлантириб қўяёзди.
Бироқ кичик давлат билан урушиб ўтиришни эп кўрмаган Кремл Грузия масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши эътиборига ҳавола қилди. Дастлаб 28 сентябрга белгиланган маслаҳат йиғилиши АҚШнинг илтимоси билан бошқа кунга кўчирилди…
Асосий ташаббускор Михаил Саакашвили ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Россия Грузия масаласини БМТга олиб чиқмоқчи бўлаётган пайтда у Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) раҳбари Карел де Гюхт ва АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс билан телефон орқали суҳбатлашди ва керакли маслаҳатларни олди.
Кремлнинг жазо вариантлари орасида иқтисодий жазо чоралари ҳам бор. Саакашвили ҳукумати Москва билан даҳанаки жанг қилаверганидан кейин Россияга Грузия виноси ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб кириш аллақачон ман этилган. Эндиликда эса Россия Грузияга сотилаётган газ нархини янада ошириши, асосийси, мамлакатда меҳнат қилаётган минглаб грузин ишчилари пулларини ўз ватанига юборишга тақиқ қўйиши ҳам мумкин. Россия ҳукумати аллақачон Грузия билан темир йўл, авиация ва денгиз орқали алоқаларни тўхтатган. Қўшни мамлакат билан ҳаттоки почта юборувлари ҳам ман этилган.
Иқтисодий таъсир чораси ўз кучини кўрсатди. Душанба куни тунда ҳибсдаги рус офицерлари Россияга қайтарилди. Бироқ жосусликда айбланган ҳарбийлар озод этилган бўлсада, Кремл Грузия билан ҳар қандай алоқаларни тўхтатиш чорасини бекор қилгани йўқ. Москва расмийларига кўра, рус офицерларини Грузиядан олиб келган самолёт қўшни мамлакатдан келган охирги учоқ бўлиши мумкин…
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди.
П. С. Россия президенти Владимир Путин Грузия масаласида АҚШ раҳбари Жорж Буш билан телефон орқали суҳбатлашди. Россия раҳбари Оқ уй етакчисига Михаил Саакашвилининг минтақада беқарорликка сабаб бўлаётган сиёсатини қўллаб-қуватламасликни маслаҳат берди…