Нега уни ҳалигача эслашади, у ҳақда ёзишади? Одатда яхшилар ҳақида, ўзларидан «боғ» қолдирганлар тўғрисида бот-бот ёзишса ҳам, ўзларидан «доғ» қолдирган шахслар эсга олинмай, бора-бора тарих китобларида тилга олинишдан нарига ўтмайдиган ҳолда, халқлар хотирасидан ўчиб кетади. Аммо, мана, қарийб бир асрдирки уни ҳалигача эслашади, шахси юзасидан баҳслашишади ва ёзишади.
Ўтган йилнинг баҳор ойларида Германияда бир пайтлар шахсан Сталин учун ёзилган Гитлер ҳақидаги янги китоб дунё юзини кўрди. Ўтган йилнинг ёзида эса ушбу китобнинг рус тилидаги нусхаси «Номаълум Гитлер» номи билан нашрдан чиқди. Китоб Гитлерни узоқ вақт кузатган ва унга хизмат қилган икки офицер: фюрернинг камердинери Хайнтс Линге ҳамда шахсий адютанти Отто Гюнше берган кўрсатма ва маълумотлар асосида ёзилган.
Суҳбатдошимиз эллик йилдан ортиқ вақт давомида «ўта махфий» тамғаси остида сақланган Сталин ҳақидаги маълумотларнинг муаллифларидан бири, доктор Маттиас Улем. У ҳозирда Москвада иш бошлаган «Германия тарихи институти»да фаолият кўрсатади.
— Гитлер ҳақидаги бу китобнинг, у тўғрисида чиққан илгариги китоблардан фарқли жиҳатлари борми?
— Бу китоб тарихий ҳужжатдир. Унда, асосан, қалтис ва оғир вазиятлар тилга олинган. Кўрсатма берганлар ҳам ўз маълумотларининг ноёблигига сўроққа тутганларни, аввалига ишонтира олишмаган. Аммо иккала тутқун ҳам Гитлернинг ҳаётига оид маълумотлар ва у айтган гапларни жуда аниқ қилиб келтириб берадилар. Бироз ноаниқликларни ҳисобга олмаганда, Гитлер ҳақида эълон қилинган бошқа маълумотлар билан солиштирилса, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин.
— Германияда бу китоб бестселлер бўлган дейишади.
— Худди шундай. Йигирма мингдан ортиқ китоб сотилди ва кенг китобхонлар эътиборини торта олди. Энг асосийси, китобда «учинчи рейх»га нисбатан янгича қарашлар акс этган. Хусусан, Линге Германияга қайтгандан сўнг собиқ Совет Иттифоқида эълон қилинган маълумот ва қарашлардан кескин фарқ қилувчи мемуарини эълон қилди.
— Сизнингча китоб ўта кўтаринки руҳда ёзилмаганми?
— Албатта, аммо мендай тарихчи учун бу жуда қизиқарли ва ноёб ҳужжатдир. Унда қарашларнинг уч даража ва уч қатлами акс этган: Линге ва Гюншенинг шахсий хотиралари, Совет Иттифоқи билан муносабатлар ҳамда «совуқ уруш» бошланишидаги зиддиятлар.
— Учинчи рейхнинг тарихини ўрганувчи жиддий мутахассислар, китобни ўқиб у ҳақда янги маълумотларни олди, деб ўйлайсизми?
— Уларнинг айтишича, Гитлернинг шахсан ўзи Гимлердан олган лойиҳа асосида барча газ камераларини алмаштиришга буйруқ берган экан. Тарихчилар учун бу жуда муҳим янгилик.
— Тарихчи сифатида бу маълумотларни қаэрдадир ўқигандек бўлаяпман?
— Бу табиий, албатта. Ахир китобни иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг уч йил ўтибоқ ёзишган. Ҳозир эса, уруш тугаганига олтмиш йилдан ошаяпти.
— Балки китобдаги айрим маълумотлар илгари эълон қилингандир, яъни бу бутунлай сир тутилмаган бўлса керак?
— Балки шундайдир. Лекин олтмишинчи йилларда Совет Иттифоқи тарихчилари билан ГФР (Германия Федератив Республикаси) тарихчилари Гитлернинг ўлими хусусида, у ўзини ўзи отиб ўлдирганми ё заҳар ичганми, деган савол устида кескин тортишувлар бўлган. Бу орада эса Лев Безûменский бу ҳақдаги айрим маълумотларни эълон қилиб борган.
— Айтингчи, шахсан ўзингиз ҳам китобни ўқиб чиққач, Гитлер ўзини отиб ўлдирган, деган хулосага ишондингизми?
— Ҳа! Китобнинг сўнгсўзидаги (бу фақатгина немис нашрларига хос) «Операция», «Миф» бобида биз Гитлернинг ўз жонига қасд қилишига оид маълумотларни ўқиб, янада аниқ тушунчага эга бўламиз. 1946 йилда яхшироқ кузатиш учун Гюнше ва Лингени Берлиндаги рейхкантселярия биносига келтиришади. Улар диққат билан Гитлер жонига қасд қилган диванни ва девордаги доғларни кўргач, унинг ҳақиқатан ҳам ўзини отиб ўлдирганлигига ишонч ҳосил қилишди…
Расул Кушербоев таржимаси