Дарё суви иккига айрилган жойдаги ботқоқликда ўсган қамишзорга яқин уйда ёлғиз бир қирғиз оиласи ҳаёт кечиради. Азал-азалдан бу ерда тубжой уйғур деҳқонлари яшаб келганди. Ҳозир харсанг тошга ёндош қурилган эски кулбалар харобасидан ташқари, тўрт уйғур оиласининг уйи сақланиб қолган. Уезд шаҳри бу ердан олисроқда жойлашганига қарамай, шаҳарга қатнайдиган бозорчилар кўп ҳам қийналишмасди.
Одамларнинг айтишига қараганда, бир замонлар иссиқкўллик қирғизлар бу томонларга кўчиб келиб, кейин қайтиб кетишибди. Ўшалардан бири Келгинбой исмли йигит оиласи билан бу ерни макон тутиб яшаб қолади. Ёши ўттиздан ошган Келгинбой давоси қийин бўлмиш юқумли терлама хасталигига чалинади. Унинг узоқ сафарга холи келмаслигини тушунган аёли Оймоқжон элдан ажраб, эрини тузатиб, кейин юртга қайтмоқни ният қилади. Келгинбойнинг қариндош-уруғлари ёш оиланинг рўзғорию кафанлигини тайёрлаб бериб:
– О-о, Оймоқжон! Эр деб, унинг этагидан тутиб қолдинг. Хор бўлмагайсан. Ота-боболаримизнинг арвоҳи қўллаб, эрингни ўз элига қўшгин! – дея қўл очиб дуо қилишади.
Келгинбойнинг тақдири Оймоқжонга топширилганидан кейин қайнотаси соқолига томган ёшни артиб, эл-улуснинг олдида шундай дейди:
– Ёруғ дунёда кўрган ёлғиз боламни сенга омонат қолдираман! Илойим, менга ўз юртимнинг тупроғи буюрсин. Қариб қолган чоғимда худо элдан айирмасин. Набирамни энангнинг этагига солиб бер, болам, иси димоғимдан кетмайдиган бўлсин…
Чақалоғини қайнотасига тутқазган Оймоқжоннинг кўзига ёш қалқиб чиқди.
– Манови тугунчани олиб қўй, – деди қайнотаси сафар олдидан, – борди-ю, эринг оғирлашиб қолса, сувда эзиб, оғзига томиз. Тузалиб кетса, қўлига топширасан.
Қирғизлар бири отда, бири пиёда йўлга тушишди.
Юзи сарғайиб, лаблари гезариб, тирик мурдага айланган Келгинбой ёлғиз жонкуяри Оймоқжонинг қўлида қолди. Аёл азоб-уқубатларга чидаб, беморнинг атрофида парвона бўлди… Эрининг бошини қучоқлаб, қоп-қора кўзларидан ёш тўкиб, бир неча кун ухламай чиқди.
Ташвишли кунлар бошланди…
Бошидан сочи тўкилиб, қоқсуяк бўлиб қолганида Келгинбой бироз ўзига келгандай бўлди, лекин ҳар куни бир чойнак қайнатилган сув ичиб, томирлари бўртиб чиққан озғин қўлларига тикилиб тўшакда узоқ ётиб қолди. Оғриқлари оза-йиб, томоғи таъм сезадиган бўлгунча икки ой ўтди. Обдон тузалиб юртига кетмоқчи бўлганида, кеч қолганини англади: сарҳад ёпилганди. Келгинбой қонунга бўйсуниб, ўша дарё айрилишида тўрт хонали уй солиб, узоқ йиллар яшади.
Орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтиб, Келгинбой кексайиб қолганида, унинг бошига оғир мусибат тушди.
Гоминданлик золимлар ҳукмронлик қилиб турган оғир йилларда эл орасида терлама касали тарқалди. Ўлим-йитим кўп бўлди. Кўпгина уйларнинг мўрисидан тутун чиқмай қолди. Уезд шаҳри атрофидаги тепаликлар қабристонга айланди. Ўлим кўпайгани учун замбарга солинган мурдани икки киши кўтариб чиқиб, дуч келган ерни қазиб кўма бошлашди. Оқ кафанлик топилмай қолгани учун аввал чойшаблардан фойдаланишди, у ҳам етмай қолгач, баъзилар ўликни қамишдан тўқилган бўйрага, бошқа бировлар сомонга ўраб кўма бошлашди. Бу офат динга ҳам таъсирини кўрсатмай қолмади. Нарз-ниёз, кўнгил сўрашлар ҳам тамоман унутилди!
Ўша оғир йилларда Келгинбой кампирининг мурдасини кўтариб йўлга тушди. Уч киши – гўрков, қўшни эркак ва чолнинг ўзи Оймоқжонни чойшабга ўраб ерга қўйишди. Қабр устига тупроқ тортилгач, чол анча маҳалгача ўша жойда қимирламай унсиз ўтирди. Қирқ йил бир ёстиққа бош қўйган аёли билан мангу видолашув осонми? Турмуш ўртоғининг буткул ҳаёти чолнинг кўз ўнгидан бирма-бир ўтди. Бошқача айтганда, у кампири билангина эмас, балки ҳаётнинг илиқ бағри билан ҳам хайрлашгандай бўлди.
Чол қабр бошидан турганидан сўнг этак-енгини қоқиб, кўз ёшини кафти билан артиб, уйи томон юрди.
Қайтиб келгач, хонанинг тўрт бурчига назар ташлаб, қозиқда илиниб турган кампирининг кўк кўйлагига нигоҳи тушди. «О, Худойим! Бу ёлғончи дунёда мендай шўрлик бормикан? Элни ямламай ютаётган терлама нима учун мендан ҳазар қилмоқда?» – деб ўйлади чол. Бу совуқ уйда ўзининг ёлғиз қолганини ўйлаб, бояқиш бўзлаб юборди:
– О, қудратли, омонатингни ол! Мени хор қилма!
Бўтаси ўлган туягина ана шундай бўзлайди.
Агар умид деган нарса бўлмаса, ҳар қандай киши ҳам тушкунлик қурбони бўлиши турган гап. Умид ва вақт олдида ҳар қандай қайғу билан ҳасрат ҳам чекинади. Келгинбой чол кўксини куйдирган дард-аламни кўз ёшлари билан ювиб ташлади: тақдирга тан бериб, ўзини-ўзи овута бошлади.
Ҳар қандай бахтсиз киши ҳам ўзининг турмуши борасида ўйга ботади. Келгинбой чол ҳам ўзининг арзимас рўзғорига назар ташлаб, уй ичида сочилиб ётган нарсаларни йиғиб, эски хуржунга солиб қўйди. Кейин нимадир ёдига тушгач, намат устида чордона қуриб ўтириб, чўнтагидан кичик тугунча олди-да, унинг ипини еча бошлади. Тугунча ичида бир ҳовуч туз бор эди. Келгинбой бир чимдим тузни кафтига солиб, унга бир неча марта тилини тегизиб, бол татигандай ютинди. Бошига қийинчилик тушган кезларда тугунчадаги туздан куч-мадор топарди. Ўз ерининг бир тотим тузи Келгинбой чолнинг ғам-ғуссаларини тарқатиб, унинг қалбида яшашга умид уйғотарди…
* * *
Йигит ўз элига қайта олмай, бегона юртда ёлғиз оиласи билан қолгач, Оймоқжон бир қиз ва икки ўғил таваллуд қилди. Икки фарзандини тупроққа қўйган ҳасратли чолга эрмак бўлсин деб, тақдир унинг бир ўғлини тирик қолдирди. Боланинг номи Эшбўл эди. У уезд шаҳрида ўқиб, ўқитувчи бўлганидан кейин бошланғич мактабда ишлай бошлади. Лекин учинчи йили гоминданлик полиция томонидан ушланиб, қамоққа ташланди. Унинг гуноҳи ўзининг ота юрти тўғрисида икки марта ҳикоя қилиб бергани эди: «Шўролар юртида болалар Қрим деган жойга бориб дам олишади, бўйинларига қизил галстук тақиб юришади». Бу ёш ўқитувчининг журналда кўрган суратлардан олган таассуроти эди. Ўша кезларда гоминданлик жосуслар бундай сўзларни айтган кишилар борасида чақимчилик қилишни тирикчилик усулига айлантириб олишганди. Шўролар ҳақидаги «маърузаси»дан кейин беш кун ўтиб, зобитлар тунда Эшбўлни уйғотишди.
Ўша пайтларда майда элатларнинг энг илмлиси ўқитувчи эди. Гоминданлик хитойлар бу касбни уддалай олмагани учунгина, ана шу элат вакили бўлмиш ўқитувчиларга мактабда ишлаш учун рухсат беришга мажбур бўларди. «Молингизни боқиб, экинингизни экиб юраверинг. Сизларга мактабнинг нима кераги бор? Халқ маданиятсиз ҳам яшаб келган!» – деган ҳақоратомуз гапларни ошкора айтишдан ҳайиқишмасди.
Ўқитувчи учун ҳар қадамда тузоқ бор эди. Ҳаммаси бўлмаса ҳам, баъзилар бу қопқонга тушиб қоларди. Уларнинг ўрнига тажрибасиз, билимсиз кишиларни ёки мулла ва сўфиларни тайинлашарди. Гоминданчилар халқ саводхонлигини оширишни шу тариқа тескари тушунишарди. Ўқитувчининг уйини тунда қуролли кишилар босибди, деган гап тарқалса бас, ўша шўрлик ўқитувчи изсиз йўқолиб кетарди.
Зобитлар кириб келганида, Келгинбой чол боласидан тирик айриладиган фурсат етганини сезиб, уни ўқитгани учун ўзини лаънатлаб, тўшаги устида ғуссага ботиб ўтирарди.
Зобитлар атрофни каламушдай искаб, уйдаги бор қоғозларни йиғиштириб олишди. Кейин офицер қисқа буйруқ берди:
– Тур, кийин!
Эшбўл шошилмади. Истар-истамас кийинди. Ўқитувчилиги туфайли «борса келмас»га кетиб бораётганини ички сезгиси билан тушуниб етди. «Ҳозирги соатдан бошлаб ёруғ дунё билан хайрлашиб, ота-онамни қайта кўролмайдиган жойга кетяпман!» – деб ўйлади у. Нима бўлса ҳам, кийимларини кийиб, эшик томонга йўналди. Кўрпадан бошини чиқариб мурдадай ҳолсиз ётган шўрлик Оймоқжон дод солди.
– Эшон! – деди Келгинбой чол шошилиб, у боласини шундай эркалатарди. – Озгина кутиб тур!
Ҳозиргина чўчиб турган бечора аёл чолининг гапидан руҳланиб, югуриб бориб қоқсуяк қўллари билан Эшбўлнинг бўйнига осилди. Уйнинг ичи инсон зоти чидай олмас оҳ-нолага тўлди. Чол тескари қараб, намланган кўзларини артди. Эшбўл қўрқмас, эсли йигит эди. Бундай пайтда нима қилиш кераклигини яхши биларди.
– Ўргилай, энажоним, йиғламанг, жоним омон бўлса, қайтиб келаман, – деб онасининг ёш ювиб тушаётган юз-кўзидан ўпди. Шўрлик аёлнинг кўнгли бир оз тинчланди.
– Қўй, худо паноҳида сақласин десанг, ўғлингнинг омонлигини тилагин… Ҳалиги тугунча қаерда? Туздан ҳеч улуғ нарса йўқ. Туз тотиганнинг қайтиб келмоғи бор, – деди Келгинбой чол соқолини тутамлаб. Кейин ўзи бориб, яшириб қўйган жойидан тугунчани олди.
– Эшон, – деди қария қўли қалтираб, – мана бу тузни олиб, ундан тотиб юргин. Ота-бобомизнинг танглайи мана шу туз билан қотган. Ўз юртингнинг тузи!
Чол бу гапларни айтиб бир оз хотиржам бўлди. Эшбўл қаерда бўлса ҳам, бу хосиятли туз уни асраб, ўз уйига қайтариб келадигандай туюлди. Йигит айрилиқ арафасида отасининг эски ақидасини йўққа чиқаргиси келмади. Тузни қўлига олганидан сўнг бир чимдимини оғзига солди.
Шўрлик онанинг қўллари ҳали ҳам Эшбўлнинг бўйнида эди. Йигит онасининг жиққа ёшга тўлган кўзларини артиб, ўзидан бўшатди-да, гоминданчиларнинг олдига тушди. Оёғини зўрға кўтариб остона ҳатлади. Уй ичидан бўзлаган овозлар анчагача эшитилиб турди.
Бу воқеадан бир йил ўтиб, уездга қарашли ҳамма қишлоқларда юқумли терлама тарқалди.
Мана, энди бахтиқаро Келгинбой хасталикдан вафот этган кампири Оймоқжонни тупроққа қўйиб, бўм-бўш уйда ёлғиз қолди.
Чол хаёлга ботиб ўтиргани учун кампирининг маросимида иштирок этган уйғур қўшнисининг уйга кирганини сезмади. Қўшниси ҳам унинг ўзидай оқибатли киши эди.
– Аллоҳу акбар! – деди қўшниси чўкка тушиб ўтиргач. – Ўзингни қўлга ол, Келгинбой. Хорлик мол-давлатнинг эмас, балки бошнинг йўқлигида эканлигини ёдингдан чиқарма. Худо хоҳласа, Эшбўлни кўриш сенга насиб қилади. Дала-даштда ўсган бола, омон бўлса, фалокат ариб, кунларнинг бирида туйқусдан уйга кириб келади. Сабр қилиб, чойингни ичиб, белингни маҳкам боғлаб, ёлғизингнинг омонлигини худодан тилаб юравер. Кир-чиринг бўлса, менинг бола-чақам ювиб берар. Ўлганнинг ортидан ўлиб бўлмайди. Насиб қилса, элингга ҳам бориб қўшиласан.
Юраги ғусса билан лиммо-лим тўлган чол қўшнисининг сўзларини жимгина тинглади.
Бахтсизликнинг ҳам ниҳояси бўлади. Вақти етиб, у ҳам ўз эрки билан ўрнини бахтга бўшатиб беради. Ҳаётнинг азалий сир-асрори ҳам шунда. Келгинбойнинг кампири кўз юмганидан кейин замон ҳам ҳайратланарли даражада ўзгариб кетди. Зулм суякка бориб тақалгач, золимларга қарши кураш бошланди. Гоминданчилар девор остига кириб кетган илондай яширинишди. Тарихдан маълумки, халқнинг куч-қудратини ҳеч қандай қўрғон тўсиб қололмаган. Оёғида юриб, қурол кўтаришга ярайдиганларнинг ҳаммаси кўчага чиқди! Паншаха ва чўқмор кўтарган халқ замонавий қуроллар билан қуролланган Гоминдан армиясининг йўлини тўсиб, қурол-аслаҳа омборларини эгаллаб ҳужум бошлади. Бошланган ҳаракат тез қулоч ёйиб, бир ойга етмай Или аймоғи тўлиғи билан халқ қўшини ихтиёрига ўтди. Янги тузилган миллий армия Олтой, Тарбағатай томонларда эзилиб ётган қардош халқларни ҳам озодликка чиқариш учун жанг олиб борди. Бу воқеа ер юзида фашизм ўчоғи янчиб ташланган шавкатли қирқ бешинчи йилнинг бошларида содир бўлди.
Ёлғиз яшаса ҳам, кейинги ҳаёти Келгинбой чол учун жуда тез ўтгандай туюлади. Унинг юрагидан қайғу чекина бошлади. Кўксида қотиб қолган дард-алам гоминданчилар билан қўшилиб кетгандай эди.
Шундай яхши кунларнинг бирида Келгинбой чол хурсандчиликдан ўзини йўқотаёзди. Пешин маҳали аскар кийимидаги бир йигит уйга кириб келди.
– Келгинбой оқсоқолнинг уйи шуми?
– Ҳа, айланай, – деди бояқиш чол ўрнидан қўзғалиб. Кейинги йилларда ҳеч ким уни шундай сўраб келмаганди. – Кексалик қурсин, бўтам, сен кимсан?
– Жапаров бўламан.
– Қани, ичкарига киргин…
Йигит кўкрак чўнтагидан бир сурат чиқариб, чолга кўрсатди:
– Танийсизми?
Шўрлик чол уни кўрган заҳоти ёш боладай ҳўнграб юборди. Бу Эшбўлнинг сурати эди.
– Йиғламанг, ота. Майор Келгинбоев Эшбўл ҳозир комиссар. Гоминданчиларнинг адабини бериб юрибди. Мен шу томонга келаётганим учун мана шу суратни бериб, «Отам тирик бўлса, суратимни унинг қўлига топшир. Вафот этган бўлса, онам бордир, унга берасан», деб салом айтиб юборди, – деди Жапаров.
Боласига бўлган соғинчи туфайли чолнинг бошини қуюқ туман қоплаб ётган эди, энди хосиятли бир шамол эсиб, туманни тарқатиб, унинг юраги тубидаги соғинчни юзага чиқарди. Чол авваллари умидсиз эди, энди кўксида умид ва ишонч туғилди.
– Оқсоқол, – деди йигит унга тикилиб, – хавотир бўлманг. Ўғлингизнинг тирик эканига қувонинг. Мен ҳам Эшбўл сингари гоминданчилар томонидан қамалганларнинг бириман. Ўғлингизга ўхшаган ўн чоғли маҳбуснинг оёқ-қўлига кишан солиб ҳайдаб кетишаётганда, бизни қўриқлаб бораётган уч аскарни ўлдириб, кишанларни ечиб тоққа қочганмиз. Кейин бориб қўзғолончиларга кўшилдик. Ўша кундан буён гоминданчилардан ўч оляпмиз. Бизнинг тақдиримиз мана шундай… Энди яхши қолинг!
Шошиб қолган чол дарҳол Жапаровнинг қўлидан тутди:
– Овозингдан айланай, болам, уйимдан туз тотиб кетгин. Қайтиб келишинг осон бўлади.
Эсанкираган мўйсафид нимадир егулик ахтариб юриб, саволлар бера бошлади:
– Эшон бир келиб-кетса бўлмайдими?
– Ҳозирча кела олмайди.
– Қайси уруғдансан, болам? Бизнинг кўлликка ўхшаб турибсан… Тириклик чоғимда Эшон бир келиб, кўриниб кетсин, – деди йигитга нон тутиб.
Боласининг кўнгли қаттиқ оғришини ўйлаб, кампири тўғрисида оғиз очмади:
– Ёлғизимга ота-онанг соғ-омон экан дегин…
Кейин йигитни кузатиб чиқди.
«О, хосиятли еримнинг тузи, Эшонимни қўллаб, тирик сақлаганинг учун миннатдорман! Қанийди, ўлганим тирилиб, ўчганим қайта ёнгани рост бўлса! О, хосиятли еримнинг тузи, энди ёлғизимни фалокатлардан асрагин! Мендай шўрлик мўйсафиднинг манглайидаги юлдузи ёниб, бошидан қайғу-ҳасратнинг аригани ростмикин? Кўп йиллик умримнинг хорликда ўтган кунлари унутилармикан? О, ота еримнинг тузи, ёлғизимни ўз элига эсон-омон қўшгин!» – дея чол ерга тиз чўкиб, икки қўли билан ёқасини ушлаб, узоқ нола қилди…
Келгинбой ўрнидан турганидан кейин қайғусига шерик бўлиб юрган қўшниси билан қувончини баҳам кўргиси келиб, уйғур чолнинг уйи томон жўнади.
* * *
Орадан ойлар ўтди.
Озиқ-овқат, кийим-кечакка етишган элнинг ҳаёти ўнглана бошлади. Қора булутлар ёмғири тиниб, борлиқ ёришди. Эркка интилган оддий фуқаро қўлига қурол олиб майдонга чиқди. Бу йўлда не-не эр йигитларнинг қони тўкилди. Гоминданчилар мустаҳкам ўрнашиб олган Жинхи аймоғида қаттиқ жанг бўлди. Миллий армия халқ озодлиги учун курашда бир қадам ҳам ортига чекинмади. Ниҳоят Урумчининг катта дарвозаси очилиб, Жинхи гоминданчилардан тозаланди. Ўша қирғин-баротда бизнинг Эшбўл ҳам қурбон бўлди. Эл-юрт озодлиги учун курашиб, унинг чегарасини Жинхига қадар етказгач, ўзи ҳам ўша ерда мангу ором топди. Батальон ўнлаб милтиқлардан ўқ отиб, комиссарни сўнгги йўлга кузатиб кўйди.
Ўғлининг ҳалок бўлгани хабарини эшитгач, жабрдийда чол эсини йўкотди. Қўшниси юзига сув сепиб ўзига келтиргач, у кўрган кишини ташвишга соладиган аянчли аҳволда ўрнидан турди-да:
– Ёлғизим, қулуним! – деб ҳайқириб ерга қулади.
Бир умр манглайидан шўри аримаган банданинг ҳолига гувоҳ бўлганларнинг ҳам кўзига ёш келди. Ғам-ғуссадан ҳориган чол бир кун ичида ақл-ҳушидан айрилди. Сочи оқариб, юз-кўзи сўлиб, аввалгидан баттар оғир аҳволга тушиб ётиб қолди. Суянчиғидан айрилиб қолган қайғули қариянинг кўрган куни қурсин!
Эртаси уйғур қўшниси мусофир чолни ўзининг уйига киритиб, хонасининг бурчидан жой берди. Кўрадиганини кўриб, бўладигани бўлган қариянинг аҳволига ачинмаган киши қолмади. Келгинбой гоҳ ўзига келар, гоҳ алаҳсирай бошларди, лекин шунда ҳам тугунчани қўлидан қўймасди.
– Кеча Эшоним келиб, бугун анча соғайиб қолдим. Элга қайтадиганга ўхшаймиз. Эшоним ёнимга келиб, «Ота, юринг, юртимизга қайтайлик, ғам-ғуссадан қутулайлик. Тузингизни бўлиб еб қўя қолайлик», деб айтди-ку, садағанг бўлайин.
У алаҳсираш билан бирга, ўзининг кўрган-кечирганлари, орзу умидлари ҳақида аввалгидай аниқ-тиниқ гапира бошлади:
– Менинг катта армоним Эшоннинг қўлидан тутиб, эл-юртимга қўшмоқ эди. Энди ўзимнинг киндик қоним тўкилиб, танам ювилган ерга боряпман. – Севиниб қўлидаги тузни кўрсатади. – Бу Иссиқкўлнинг – мен туғилган ернинг тузи. О, айланай, уйғур қариндошлар, Эшоним билан мени кузатиб қўйинглар. Бизни ўз еримизнинг тузи тортяпти. Оч қолган пайтимда уни ялаб тўйганман, оғир кунларда ёнимда олиб юрганимда, кўнглим таскин топиб, вужудимга куч-қувват оқиб кирган. Туз ёнимда бўлса, эл-юртимда, қариндош-уруғларимнинг ёнида юргандай бўламан. Еримни, ватанимни қўмсаб ғамга ботганимда, мана шу туздан тотиб, соғинчимни ёзганман. Мен учун дунёда бундан қадрли нарса йўқ. Элдан, ердан ажраб, уни соғинишдан ортиқ азоб йўқ экан! Мен Иссиқкўлдан келиб, қисматнинг қамчисини едим, бойларнинг зўрлигини, йўқчиликнинг кўрлигини кўрдим. Ўшанда ўлиб қоламанми деб қўрқмадим, ўз еримни кўрмай қоламанми деб қўрқдим! Кўр- ган хўрлигим учун ўзимга ачинмадим, элдан, ердан айрилиб қолганимга ачиндим! О, қардошлар, бизни кузатиб қўйинглар, ўз еримизнинг тузи чорлаяпти…
Шундан сўнг Келгинбой тунлари киприк қоқмай чиқди, таом ҳам емади. Орадан уч кун ўтмай, қуруқ суякка айланди.
Бир куни эрта билан Келгинбойнинг тўшакда жонсиз ётганини кўришди. Узоқ йиллар мобайнида қайғу ва ҳасрат, соғинч ва армон ич-этини еб битирган мусофир чол азобли ҳаёт билан мангу хайрлашди. Марҳумни тупроққа қўйган савобталаб одамларнинг айтишича, чолнинг оғзида ўз ерининг бир тотим тузи бор экан!
Қирғиз тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси