Ўтган асрнинг 20–30-йиллари ўзбек матбуотида рўй берган воқеликларни ўрганар эканмиз, ўша даврдаги газета ва журналлар билан бирга ўзбек маърифатчилиги ва журналистикаси тараққиёти йўлида жонини фидо қилган Чўлпон, Ғози Юнус, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов, Санжар Сиддиқ, Абдулла Қамчинбек, Муҳаммад Ҳасан каби бир қатор таниқли арбоблар номлари тилга олинади. Ушбу ёзувчи ва журналистлар қаторида ўзбек матбуотига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган Аъзам Аюб ҳам бор эди.
Аъзам Аюбов 1904 йил 21 августда Тошкентнинг Раис кўча маҳалласида хизматчи оиласида дунёга келган. 1917 йил отасининг вафот этиши Аъзам Аюбни мактабни ташлашга мажбур этади. Ёш Аъзам оила боқиш билан бирга 1918 йилдан Мунавварқори Абдурашидхоновнинг Хадрадаги етти йиллик “Намуна” мактабида ўқишини давом эттирди ва у ерда Фитрат ҳамда Қаюм Рамазонлардан сабоқ олади. 1919 йили устозларининг тавсияси билан “Турон” кутубхонасига китоб ташувчи бўлиб ишга жойлашади. Иш жараёнидаги бўш вақтида ўзбек, рус, турк тилларидаги китобларни мутолаа қиларди. Дастлаб “Иштирокиюн” ва “РосТА” деворий газеталари таҳририятига бориб, у ерда Мирмулла Шермуҳаммад, Чўлпон, Ғози Юнус каби муҳаррирлар билан танишади. Тез орада “Иштирокиюн” газетасига мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишга жойлашади. Шу билан бирга 1920 йил ўрталарига келиб, Аъзам Аюб “Ёш бухороликлар”нинг “Тонг” журналига мақолаларни оққа кўчирувчи котиб-мирза сифатида ишга қабул қилинади. Икки нашрдаги фаолияти жараёнида Вали Алломов, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат каби маърифатпарвар зиёлилардан адабиёт, санъат, бадиий ижод сирларини ўрганади.
1922 йил сентябридан “Қизил байроқ” газетаси “Туркистон” номи билан чиқа бошлайди. Аъзам Аюбнинг бу пайтга келиб журналистика борасидаги тажрибаси ва жўшқин меҳнат фаолияти инобатга олиниб, у дастлаб бўлим мудири, кейин эса масъул котиб ўринбосари лавозимларига кўтарилади. 1925 йилдан “Туркистон” газетаси “Қизил Ўзбекистон” номи билан чиқа бошлайди ва Аъзам Аюб 1937 йилга қадар мазкур газетада масъул котиб ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатади. Ушбу газета таҳририяти таниқли адиблар – Абдулла Қодирий, Элбек, Ойбек, Боту ва бошқалар келиб турадиган, ўзаро фикр алмашадиган манзил эди. Газетада қаламкаш сифатида танила бошлаган Аъзам Аюб бу адиблар билан тез-тез мулоқотда бўлади. Натижада у матбуотда ишлаш учун фақат амалий тажриба етарли бўлмаслигини англайди. Шу боис аввал ўрта мактабни тугатади, сўнг САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ижтимоий фанлар факультетида ўқийди.
Аъзам Аюб 1925 йилда “Камбағал деҳқон” газетасининг шаклланишида фаол иштирок этиб, 1925 йил июлдан 1926 йил июлигача шу газетада масъул котиб лавозимида ҳам иш юритади. Фаолияти давомида “Қизил Ўзбекистон” газетасининг иловаси бўлган “Ер юзи” номли суратли журналга (1926–1928) масъул котиблик қилади. Дунё маданияти, ижтимоий ҳаёти, жаҳон адиблари фаолияти ва асарлари билан ўзбек ўқувчиларини илк бор таништирган бу журналнинг сермазмун чиқишида Аъзам Аюбнинг хизмати катта бўлган. Кейинчалик бу журнал “Машъала”, “Гулистон” номи билан чиқа бошлаганда ҳам, у муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган (1931–1937). Фақатгина матбуот билан кифояланмай, ўша давр адабий ҳаракатига фаол аралашишга интилган. Аъзам Аюб даврий нашрларда санъат ва адабий ҳаётга доир қатор тақризлар эълон қилган. У ўз мақолаларига “Аъзам Аюб”, “Чиғатой”, “Аъзам”, “Аюб”, “Жимит”, “Газетчи” “Томошачи”, “Тошкентли”, “А.А.” тахаллуслари билан имзо чеккан.
Афсуски, мустамлакачи тузум матбуотчи сифатида эндигина элга танилган ҳамда таржима соҳасида изчил фаолият бошлаган Аъзам Аюбнинг ҳаёт ва ижод йўлига нуқта қўйди. У 1937 йил 15 октябрь куни НКВД ходимлари томонидан туҳмат билан қамоққа олинди. 1938 йил 5 октябрь куни НКВД “учлиги”нинг ёпиқ суди уни сохта айбловлар асосида олий жазога ҳукм қилди. Ҳукм 1938 йил 4 октябрда НКВД Ҳарбий коллегиясининг шу ҳақидаги қарори чиқмасдан олдин ижро этилган эди. Шу тариқа юртнинг асл фарзандларидан бирининг тақдирига НКВД Ҳарбий коллегияси томонидан хулоса ясалган эди. Аъзам Аюбов ўлимидан салкам 20 йил ўтиб, унинг иши қайта кўриб чиқилади ва 1957 йил 1 августда синглиси Муборак Аюбовага журналист Аъзам Аюбовнинг оқлангани маълум қилинади.
Аъзам Аюб ўз ижодий фаолияти давомида миллат, халқ манфаатини ҳимоя қилган кўплаб мақолалар, ҳикоялар ёзган. Шунингдек, қаламга олган мавзулар жамият ҳаётидаги энг долзарб муаммоларга бағишланганлиги, инсонлардаги ёмон иллатларни бартараф этишга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Унинг яратган барча асарлари, таржималари ва мақолалари ўз даврида ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинган. Аъзам Аюб таржима соҳасида ҳам ўзига хос из қолдирган. Чунончи, у Гольдонининг “Меҳмонхона бекаси”, Шиллернинг “Макр ва муҳаббат” каби қатор саҳна асарларини русчадан ўзбек тилига таржима қилган. У вақтли матбуот саҳифаларида ҳам эълон қилинган кўплаб кичик ҳикояларни таржима қилган. Жумладан, П. Сумботтининг “Адабсиз занжи”[1], Борис Пилнякнинг “Султоннинг қаҳваси”[2], Блоску Ибониюснинг “Йўловчи”[3], Анри Барбюснинг “Шаҳзода Фердинанд”[4] каби асарлари фикримиз далилидир. Албатта, биз келтирган мисоллар Аъзам Аюбнинг улкан ижодий меросидан бир қатра, холос. А.Аюб таржима учун танлаган ҳикояларида воқеалар қаерда бўлаётгани, ким томонидан ҳикоя этилаётганлигидан қатъи назар ўқувчининг кўз олдида кечаётган жараёнларга ҳамоҳанг боради. У бутун воқеликни ўқувчининг савияси, дунёқарашига мослаб, маҳорат билан ҳикоя қилади. Умуман, бу ҳикояларга юксак бадиий савия, тилнинг равонлиги ва пишиқлик хосдир.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 7-сон
[1] “Аъзам”. Адабсиз занжи // Ер юзи. 1928 йил. № 6. – Б. 8-9.
[2] А. Аюбий. Султоннинг қаҳваси // Ер юзи. № 10. (43) 1928. – Б. 6-7.
[3] “Газетчи”. Йўловчи // Ер юзи. 1928. № 18. – Б. 6-7.
[4] “Газетчи”. Шаҳзода Фердинанд // Ер юзи. № 3. (56) 1929. – Б. 4-5.