Адабий қаҳрамон ҳар доим адабиётнинг энг муҳим муаммоларидан бири саналади. Чунки адабиётнинг “қиёфа”си, унда Одам ва олам манзаралари тасвири аввало адабий қаҳрамонларда акс этади. Адабий қаҳрамон образи ҳар бир даврда миллий адабиёт инсон дунёсини англаш, тушунишда қандай даражага эришганини кўрсатади. Негаки қаҳрамон дунёқарашида, унинг феъл-атвори, кечинмаларида муайян тарихий даврнинг ўзига хос ижтимоий-сиёсий манзараси, кишиларнинг турмуш тарзи намоён бўлади. Шу боисдан ҳар бир давр адабиётининг барча муаммолари, ижодкорлар фаолияти аввало адабий қаҳрамонлар образининг бадиий гавдалаштирилиши асосида таҳлил қилинади. Адабиётшуносликка доир барча масалалар бевосита адабий қаҳрамон билан боғлангани боис ушбу илмнинг илмий-назарий муаммолари марказида ҳам бевосита адабий қаҳрамон масаласи туради.
Адабий асарлар уларда қўлланган ўхшатиш, сифатлаш каби бадиий санъатлар ёки кўтарилган масала-муаммолари туфайли эмас, аввало, адабий қаҳрамонлари орқали ижтимоий-сиёсий таъсир кучига эга бўлади. Достон, роман, қисса, ҳикоялардаги бадиий санъатлар, сюжет воқеалари, асар композицияси таркибидаги пейзаж, портрет каби қисмлар адабий қаҳрамонлар оламини таъсирчан кўрсатиш воситаси саналади. Асарда баён этилган турли воқеа-ҳодисалар, эътибор қаратилган ҳар хил муаммолар, ижтимоий-сиёсий масалалар эса адабий қаҳрамон тимсолида муайян давр кишиларининг дарди, ташвишларини акс эттириш омили ҳисобланади. Шу боисдан Фирдавсий тўғрисида сўз кетганда Рустам, Суҳроб; Навоий ҳақида гапирилганда Фарҳод, Ширин; Фёдор Достоевский хусусида мулоҳаза юритилганда князь Мишкин, Раскольников ёки Лев Толстой деганда Анна Каренина, Андрей Болконский каби адабий қаҳрамонлар беихтиёр тилга олинади. Умуман, барча ижодкорлар номи улар яратган адабий қаҳрамонлар туфайли эътибор топади. Фольклор асарлари тўғрисидаги сўз ҳам аввало улардаги қаҳрамонлар хусусидаги мулоҳазадан бошланади. Чунки уларда ҳам айнан ҳаётнинг муайян ҳақиқатлари қаҳрамонлар воситасида гавдалантирилади.
Бадиий асарда ҳаёт воқелиги, одамлар турмуши адабий қаҳрамонлар хатти-ҳаракати, ўй-фикрларини ифодалаш орқали акс эттирилади. Ижодкорнинг дунёқараши, мақсади, ижтимоий ҳаёт ҳодисалари ва инсон дунёси тўғрисидаги фалсафий мушоҳадалари ҳам айнан адабий қаҳрамонлар образида ифодаланади. Ёзувчи, шоир, драматург таржимаи ҳоли, ижодий фаолияти тўғрисидаги мулоҳазалар шу боис бевосита адабий қаҳрамонлар билан боғланади. “Достоевский тўғрисидаги жуда кўп адабиётлар билан танишаётиб, – дейди М.Бахтин, – гўё сўз роман ва қиссалар ёзган ижодкор-адиб тўғрисида эмас, балки Раскольников, Мишкин, Ставрогин, Иван Карамазов, Буюк Инквизитор ва бошқа бир қатор муаллиф-донишмандларнинг яхлит бир фалсафий мушоҳадалари тўғрисида кетаётгандай таассурот пайдо бўлади. Адабий-танқидий тафаккур Достоевский ижоди асосида унинг қаҳрамонларини ҳимоя қилувчи бир неча мустақил ва бир-бирига қарама-қарши фалсафий қарашларга бўлинади. Бу қарашларнинг барчасида ҳам асосий эътибор муаллифнинг фалсафий мушоҳадаларига қаратилмайди. Баъзи тадқиқотчилар Достоевскийнинг овози у яратган у ёки бу қаҳрамон билан қўшилиб кетади дейишса, айримлар бу овозни барча ғоявий овозларнинг ўзига хос умумлашмаси, деб қарашади. Яна баъзи бирлари эса қаҳрамонлар овози орасида муаллифнинг овози умуман эшитилмайди, дейишади. Достоевский Гётенинг Прометейига ўхшаш овозсиз қуллар (Зевс каби)ни эмас, балки ўзларини яратган ижодкор билан бир сафда тура оладиган, у билан келиша олмайдиган ва ҳатто, унга қарши чиқадиган озод одамларни яратади… Достоевскийнинг бош қаҳрамонлари аслида ҳам санъаткорнинг ижтимоий тафаккурига кўра муаллиф сўзи учун объект эмас, айни чоғда, улар ҳақиқий маънода ўзига хос мустақил субъектлардир… Қаҳрамоннинг ўзи ва дунё тўғрисидаги мулоҳазалари муаллифнинг одатдаги сўзлари билан тенгма-тенг, баравар келади; унинг мулоҳазалари қаҳрамоннинг зарур хусусиятларидан бири бўлган объектдаги образига бўйсунмайди, аммо у муаллиф мулоҳазаларини етказиб берувчи карнай вазифасини ҳам бажармайди. У асар тизимида мустақил, ўзига хос ўрин тутади, қаҳрамон мулоҳазалари гўё муаллиф сўзлари билан ёнма-ён тарзда эшитилади ва муаллиф сўзлари, шунингдек, бошқа қаҳрамонларнинг тўлақонли мулоҳазалари билан уйғунлашади”[1], дейди.
Ҳаётнинг барча муаммолари марказида турадиган инсон образи дастлаб санъат ва адабиёт асарларида илоҳий кучлар билан боғланиб кўрсатилган. Эртак, достонларда мушкул вазиятга тушган қаҳрамонларга маъбудлар, фаришталар ёрдам бергани нақл қилинган. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Манас” каби достонлар қаҳрамонлари шу боис фавқулодда куч-қудратга эришган. Уларнинг беқиёс куч-қудрати, мардлиги, жасорати туфайли кишилар машаққат, уқубат, зулмлардан халос бўлган. Эртак, достонлардаги бу қаҳрамонлар асрлар давомида кишилар учун ҳаётни, унинг муаммоларини тушуниш, идрок этишда ўзига хос восита вазифасини бажарган. Кишилар бу қаҳрамонлар фаолиятини хаёлан тасаввур қилиб, эзгулик ва ёвузликни таққослаб, таҳлил қилиб, хулосалар чиқаришган. Эртак, достонлардаги, афсона, ривоят, қисса, романлардаги адабий қаҳрамонлар кишиларнинг дунёқарашига, албатта, самарали таъсир кўрсатган. Адабий қаҳрамонларни бу жиҳатдан бошқа бирор нарсага чоғиштириб, қиёслаб бўлмайди. Адабий қаҳрамонлар барча замонларда кишилар онги, тафаккурига китоблар, фильмлар, тасвирий санъат асарлари воситасида, яна бошқа шаклларда кириб борган. Яъни одамлар адабий қаҳрамонлардан беихтиёр таъсирланишган. Инсоният эзгулик учун мардона кураш олиб борган Прометей, Рустам, Алпомиш, Манас, Фарҳод кабиларга ҳавас қилса, уларнинг душманлари, рақиблари, қотилларидан нафратланган. Шу тариқа кишилар ўзлари сезмаган, англамаган ҳолда адабий қаҳрамонларнинг айрим хусусият, фазилатларини беихтиёр ўзларига “кўчиришган” ва “қабул қилган”ларини айрим пайтларда амалда қўллашган. Бу эса уларда ички қониқиш ҳосил қилган. Адабий қаҳрамонларнинг ижобий хусусиятларидан ўрнак, ибрат олишга интилиш инсониятни маданий-маърифий жиҳатдан ҳозирги даражага кўтарган.
Адабий қаҳрамонлар кишиларга теварак-атрофдаги ҳодисаларни, ўзини ва бошқаларни тушуниш, ҳис қилишга яқиндан кўмаклашади. Албатта, адабий қаҳрамонлар ҳеч кимга бевосита ёрдам бермайди. Яъни ҳеч кимнинг ёнига келиб: “Бу ишни қил-у, бунисини қилма!” деб қўлидан етаклаб юрмайди. Адабий қаҳрамонларнинг “кўмаги” яхшиликнинг самаралари, ёмонликнинг хунук оқибатлари тўғрисида ўйлантириши, мушоҳадага ундашида кўринади. Одамзод кечаги кунидан бугуни, бугунидан эртаси яхшироқ бўлишини истагани боис адабиёт асарларида азалдан эзгулик учун интилувчилар билан ёвуз ниятда курашувчилар ўртасидаги қарама-қаршилик, зиддият асосий мавзу бўлиб келади. Адабий қаҳрамонлар мана шу зиддиятни ифодалайди.
Адабий қаҳрамонларнинг исми уларнинг дастлабки ўзига хос белгисидир. Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳар бир инсоннинг исми осмондан тушиши илоҳий китобда баён этилганини таъкидлаб, Фарҳод туғилганида унинг исми ҳам маълум бўлди. Бу сўзда унинг тақдир-қисматига ишора бор эди, дейди. Бадиий асарлардаги қаҳрамонлар исми кўпинча уларнинг феъл-атвори, дунёқарашига мувофиқ келади. Албатта, ҳаётда исми Абдуллатиф бўлатуриб, падаркушлик қилганлар ҳамма замонда топилганидек, адабий асарларда ҳам исми феъл-атвори, хатти-ҳаракатига номувофиқ қаҳрамонлар учрайди.
Адабий қаҳрамонларни аниқ тасаввур қилишга имкон берадиган иккинчи бир хусусият уларнинг портретидир. Чунки ташқи кўриниш ҳар бир одамнинг ўзига хос асосий белгиси. Бадиий асарларда ҳам ана шу белгини гавдалантиришга алоҳида аҳамият берилади. Аксарият эртак, достон, роман, қисса, ҳикояларда персонажларнинг портрети шундай тасвирланадики, улардаги сифат, хусусият, белгилар кўпинча шу адабий қаҳрамонларнинг феъл-атвори, характери, дунёқараши тўғрисида муайян тасаввур ҳосил қилади. Эртак, достонларда қаҳрамонлар портрети кўпинча фантастик-хаёлий сифатлар билан таърифланади. “Алпомиш” достонида қалмоқ паҳлавонлари портрети “Шомурти шохалаб ҳар ёққа кетган, Ичида сичқонлар болалаб ётган, Изидан тушган пишак олти ойда етган”; “Одам тушмас бунинг айтган тилига, Беш юз қулоч арқон етмас белига”; “Оҳ урса оламни бузар довуши, Тўқсон молнинг терисидан ковуши”; “Қаҳрланса тошни ёрар қаҳри, Тўқсон норнинг гўшти бўлмас наҳори”; “Олтмиш қарич олачадан қалпоғи, Тўқсон қўйнинг терисидан телпаги”[2] деб таърифланади. “Ўткан кунлар” романида эса қаҳрамонлар портрети худди одамларнинг қиёфаси, кўриниши каби: “Оғир табиатли, улуғ гавдали, кўркам ва оқ юзли, келишган қора кўзли, мутаносиб қора қошли ва эндигина мурти сабз урган бир йигит” (Отабек); “Олтмиш ёшлар чамасида, чўзиқ юзли, дўнгроқ пешонали, сариққа мойил тўгарак қора кўзли, оппоқ узун соқолли” (Ҳасанали); “Гавдага кичик, юзга тўла, озроққина соқол, муртли, йигирма беш ёшлар чамалик бир йигит” (Раҳмат); “Узун бўйли, қора чўтир юзли, чоғир кўзли, чувоқ соқол, ўттиз беш ёшларда бўлган кўримсиз бир киши”[3] (Ҳомид) деб тасвирланади.
Қаҳрамонларнинг қиёфа, кўринишидаги бундай сифат, хусусиятлар уларнинг феъл-атвори, хатти-ҳаракатларида ҳам намоён бўлади. “Шомурти шохалаб ҳар ёққа кетган” қўрқинчли қаҳрамонлар адолат тарафдори Алпомишга душманлик қилишади. “Кўримсиз бир киши” – Ҳомид покиза муҳаббат соҳиблари Отабек ва Кумушнинг турмушини бузиш мақсадида турли жиноятларга қўл уради. Адабий қаҳрамонларнинг қиёфасини бу хилда тасвирлаш орқали уларнинг феъл-атворига ишора қилиш барча халқлар оғзаки ва ёзма адабиётида кузатилади.
Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея” достонларида ҳам кўркам, чиройли, бақувват қаҳрамонлар ватанпарвар, мард, жасур; кўриниши қўпол, хунуклар эса ёвуз, қабиҳ эканлиги воқеалар давомида очиб берилади. “Манас”, “Рамаяна”, “Маҳобхорат”, “Қўрқут ота китоби” каби асарларда ҳам қаҳрамонлар қиёфаси уларнинг табиати, хатти-ҳаракатларига уйғун ҳолда кўрсатилади. Бундан эса инсон дунёсини акс эттиришдаги фольклорга хос кўпгина жиҳатлар ёзма адабиётга ҳам “кўчган”и аниқ кўринади. Роман, қисса, ҳикояларда ҳам кўпинча худди эртак, достонлардаги каби қаҳрамонлар қиёфаси уларнинг феъл-атворига мутаносиб ҳолда тасвирланади. “Ўткан кунлар” романида Отабек ва Кумушга душманлик қилганлардан бири Жаннатнинг қиёфаси “ердан бичиб олгандек пак-пакана, бурни юзи билан баравар, деярли теп-текис, кўзи қоққан қозиқ ўрнидек чўп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ солишар даражада жуда катта, юзи қирқ йиллик оғриқларникидек сап-сариқ қирқ беш ёш чамасида бир хотин”[4] деб тасвирланади. Отабекни ўлдиришга қасд қилган унинг ўғли Содиқнинг кўриниши ҳам: “сариқ танли, уккининг кўзидек чақчайиб ўйнаб ва ёниб турган қизил кўзли, юзига парчинлангандек пучуқ бурунли, манглайи қанча ташқарига ўсиб чиққан бўлса, юзи ўшанча ичкарига кетган, қисқаси, вақтсизроқ яратилиб қолган бир махлуқ”[5] деб тавсифланади.
Фёдор Достоевский асарларида портрет моҳир рассом томонидан чизилгандай ёрқин тасвирланиб, уларнинг ҳар бир вазиятдаги ҳолат, кечинмаси кенг, батафсил, ички дунёси билан боғлиқ ҳолда очиб берилади. “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар” романида князь Валковскийнинг бир ҳолати қуйидагича тасвирланади: “У бизга диққат билан кўз югуртирди. Бу қарашдан у бу ерга дўст бўлиб келдими, душман бўлиб келдими, аниқлаб бўлмасди… У қирқ бешдан ошмаган, хушбичим ва ниҳоятда чиройли бир одам эди, юзининг ифодаси шароитга қараб ўзгариб турарди; ўзгарганда ҳам жуда кескин ўзгарар, гўёки қандайдир бир пружинасини бехосдан босиб юборганларидек кўз очиб-юмгунча энг ёқимли ифода бирдан ўзгариб, қайғу ёки норозилик ифодаси пайдо бўларди. Чиройли, хушбичим, юзи қорачадан келган, тишлари бутун, юпқа лаблари келишган. Тўғри, бир з узунроқ бурни, битта ҳам ажин тушмаган кенг пешонаси, катта-катта қўй кўзлари бирга қўшилиб, уни чиройли кўрсатар, лекин шунга қарамай, бу чирой совуқ, кишида ёқимли таассурот қолдирмасди. Юзидаги ифода гўёки ўзиники эмасдек, ҳамиша сохта, ясама, бировдан ўрганиб олингандек кўринардики, бу кишининг нафратини қўзғатарди ва сизда юзининг асли ифодасини ҳеч қачон кўриб бўлмайди, деган ишонч уйғотарди. Зеҳн солиб қараган сарингиз бу доимий ниқоб остида қандайдир ёвузлик, қувлик ва ўтакетган худбинлик яшириниб ётганга ўхшаб кўринарди. Айниқса, ажойиб тиниқ қўй кўзлари диққатингизни жалб этарди. Фақат кўзларигина унинг ихтиёрига бўйсунмайдигандек эди. Балки у одамларга меҳр-муҳаббат билан қарашни истарди, бироқ қарашида илиқ бир ифода билан бирга, қандайдир бир хунуклик ва совуқлик асари ҳам бор эди… У анча новчадан келган, қомати келишган, қотмароқ ва ўз ёшига нисбатан анча ёш кўринарди. Тўқ сариқ, майин сочларига ҳали битта ҳам оқ тушмаган. Қулоқлари, қўллари, оёқлари ниҳоятда келишган. Хуллас, бу наслий бир гўзаллик эди. У дид билан нафис ва ниҳоятда озода кийинган, бироқ ёшига нисбатан кийиниши бачканароқ кўринса ҳам, шунга қарамай, ўзига жуда ярашган эди. У Алёшанинг катта акасидек кўринарди. Ҳар қалай, уни шу кап-катта йигитнинг отаси деб бўлмасди”[6]. Қаҳрамон портретининг бундай тасвирланиши ижодкорнинг инсон дунёсини жуда теран тушунишини намоён этади. Бундан аён бўладики, ижодкорнинг бадиий маҳоратини унинг адабий қаҳрамон портретини тасвирлашига қараб ҳам белгиласа бўлади. Шундай экан, миллий адабиётларнинг, ҳар бир ижодкорнинг инсон дунёси ва ҳаёт ҳодисаларини бадиий акс эттиришда қандай даражага эришганлигини белгилашда портрет тасвири ҳам ўзига хос мезон бўла олади.
Ҳар бир даврнинг ўз муаммолари бўлади. Бадиий асарларда ана шу муаммолар адабий қаҳрамонлар ҳаёти орқали акс эттирилади. Халқлар ўртасида урушлар рўй берган пайтларда буюк баҳодир, паҳлавонларнинг ватанпарварлиги, жасоратини мадҳ этувчи “Илиада”, “Одиссея” каби асарлар яратилгани ҳам шундан далолат беради. Юнонлар билан трояликлар ўртасида бўлиб ўтган уруш тўғрисидаги ривоятлар асос қилиб олинган “Илиада” достонида Ахиллиснинг куч-қудрати, душманга қаҳру ғазаби, дўстига садоқати, мардлиги мадҳ этилади. “Одиссея”да эса Троя жангидан қайтаётган жасур, мард Одиссейнинг саргузаштлари нақл қилинади. Бу достонларнинг қаҳрамонлари деҳқон ёки чўпон эмас. Ахилл Фессалия подшоҳи Пелей ва денгиз маъбудаси Фетиданинг ўғли бўлса, Одиссей – Итака подшоҳи. Ахиллга ҳеч бир паҳлавон тенглаша олмайди. У ўзининг куч-қудрати билан трояликлар лашкарини шу даражада қўрқитиб қўйганки, ҳеч ким шаҳар дарвозасини очиб ташқарига чиқмайди. Одиссей ҳам шу даражада кучли, қудратли, жасурки, у денгиз маъбуди Посейдондан устун келади. “Алпомиш” достони қаҳрамонни Алпомиш ҳам, “Манас” қаҳрамони Манас ҳам, “Рамаяна”, “Махобхорат”, “Қўрқут ота китоби” қаҳрамонлари ҳам ҳукмдорларнинг фарзандлари. Уларни маъбудлар, чилтонлар тарбия қилади, мушкул вазиятга тушганида ёрдамга келишади.
Ҳаётда зулм ва адолатсизлик мавжудлиги, кишиларнинг оғир қисмати, уларнинг мавжуд турмуш тартибини ўзгартириш йўлидаги интилишлари, курашлари замонлар ўтиши билан адабиётда оддий одамлар ҳаётини ҳам бош мавзуга айлантирган. Оддий одамлар узоқ замонлардан сўнг шоҳ, султон, амалдорлар сингари асарларнинг асосий адабий қаҳрамони сифатида кўрсатилган. Умуман, инсон дунёсини, ҳаёт ҳодисаларини кўрсатишда барча халқлар адабиёти бу жиҳатдан бир-бирига ўхшаш тарихий тараққиёт йўлини босиб ўтган. Яъни барча халқлар адабиётида дастлаб маъбудлар, ҳукмдорлар, кейинчалик эса оддий одамлар асосий адабий қаҳрамон сифатида кўрсатилган. Жумладан, “Шоҳнома”, “Хамса”ларда ҳам асосан ҳукмдорлар – султонлар, шаҳзодалар, маликалар, вазирлар ҳаёти ҳақида сўз юритилган. Фирдавсий ҳам, Низомий ҳам, Хусрав Деҳлавий ҳам шоҳлар, шаҳзодалар, маликаларни асосий қаҳрамон қилиб кўрсатган. Навоий қаҳрамонлари Фарҳод ҳам, Баҳром ҳам, Искандар ҳам – шоҳ. Мажнун, Лайлилар ҳам оддий фуқаро эмас. Улар қабила бошлиқларининг фарзандлари – ҳукмдорлар табақасидан.
Барча халқлар мумтоз адабиёти намуналарида зулм, зўрликнинг барҳам топиши, кишиларнинг ҳур, эркин, фаровон ҳаёт кечириши аввало шоҳлар, ҳукмдорларнинг “тузалиши”, ҳар жиҳатдан комил бўлишига боғлиқ, деб кўрсатилган. Шунинг учун қадимги юнон шоирлари ҳам, француз, немис адиблари ҳам аслзода киборлар ҳаёти, уларнинг маиший турмушини асарларига асосий мавзу қилиб олишган. Жумладан, “Илоҳий комедия” (Данте), “Фауст” (Гёте), “Евгений Онегин” (Пушкин) каби жаҳон адабиёти мумтоз намуналарида аслзодалар ҳаёти, уларнинг маънавий-ахлоқий дунёси гавдалантирилган. Уларда киборлар дунёқараши, ахлоқидаги иллатлар кескин танқид қилиниб, оддий одамлар феъл-атворидаги ижобий жиҳатлар ибрат қилиб кўрсатилган. Ушбу асарларда шоирларнинг ўзи айрим ўринларида асосий қаҳрамон сифатида ёвузликни қоралаб, эзгуликка даъват қилган.
Рус адабиёти инсон дунёсини бадиий гавдалантиришда И.Тургенев, Л.Толстой Ф.Достоевский каби ёзувчилар асарлари орқали янги босқичга эришган. Рус ижодкорлари Европа, айниқса, француз адабиётининг ҳаёт ҳодисалари ва инсон дунёсини бадиий акс эттиришдаги энг илғор жиҳатларини ижодий ўзлаштиришган ҳамда хўрланган, ҳақоратланган оддий одамларни асарларининг асосий қаҳрамони қилиб кўрсатишган. “Уйқу истаги” (Чехов), “Муму” (Тургенев) асарларидаги оддий одамлар образи ҳар қандай давр кишиси қалбини ҳаяжонга солади, ачинтиради. Оддий одамларнинг алам, изтиробларини кўрсатишда, айниқса, Фёдор Достоевский бетакрор ва ибратли асарлар яратди. Бу рус адибининг адабий қаҳрамонлари нафақат оддий одамлар дунёсини гавдалантириши, балки инсон қалбидаги мураккаб жараёнлар тўғрисидаги тасаввурларни теранлаштириши жиҳатидан ҳам жаҳон адабиётидаги ўзига хос ҳодиса бўлди. Ҳаёт ҳодисалари ва инсон дунёси мураккабликларини бадиий акс эттириш борасида Фёдор Достоевский асарлари Шарқ ва Ғарб адабиёти учун ибратга айланди. XIX–XX асрда бу улуғ рус адиби асарлари ижодкорлар бадиий маҳоратини баҳолашнинг ўзига хос мезони бўлиб қолди. Чунки унинг “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар”, “Телба”, “Жиноят ва жазо”, “Ака-ука Карамазовлар”, “Маъсума”, “Қиморбоз” каби асарларида адабий қаҳрамонлар руҳияти, портрети, хатти-ҳаракатлари ёрқин бадиий акс эттирилиб, инсон дунёси ва ҳаёт ҳодисалари мураккабликлари ғоят таъсирчан кўрсатилган.
Санъатнинг ҳеч бир тури инсон дунёсини тўла-тўкис гавдалантиролмайди. Ҳар бир санъат тури бу сирли хилқатнинг маълум бир қиррасинигина акс эттиради. Адабий жанрларда ҳам бу оламнинг муайян жиҳати кўрсатилади. Ғазал, рубоий туюқ, сонетда инсоннинг лаҳзалар ичидаги кечинма, ҳиссиётлари ифодаланса, роман, достонда инсон дунёси, уни қуршаб турган муҳит нисбатан кенгроқ гавдалантирилади. Шу боисдан миллий адабиётларнинг инсон дунёсини кўрсатишдаги тараққиёти даражаси асосан достонлар ҳамда романларга қараб белгиланади. Роман эндиликда адабиётнинг етакчи жанри саналади. Инсон дунёсини адабий қаҳрамонлар тимсолида акс эттиришда роман жанрининг янги имкониятлари намоён бўлмоқда. Бу сирли оламни бадиий таҳлил қилишда Достоевский романларининг самарали таъсири натижасида Европа, Америка адабиётида, хусусан, Жойс, Кафка, Камю, Борхес, Маркес, Айтматов каби адиблар асарларида таъсирчан адабий қаҳрамонлар образлари яратилди.
Абдулла Улуғов, филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 5-сон
[1] Бахтин М. Проблемы поэтики Достоевского. Изд. 4-е. – М.: «Советская Россия», 1979. – 320 с. – с. 5-7.
[2] Алпомиш. Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси. – Т.: “Фан”, 1999. – 832 б. – 202-203-бетлар.
[3] Қодирий А. Ўткан кунлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974. – 400 б. – 7-8-бетлар.
[4] Ўша манба. – 171-бет.
[5] Ўша манба. – 177-бет.
[6] Достоевский Ф.М. Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар. Тўрт қисмдан иборат роман. Ҳабиба Зиёхонова тарж. –Т.: “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти, 1966. – 400-б. – 110-111-бетлар.