Жорже Баковия (1881-1957)

Жорже Баковия (George Bacovia) румин шеъриятининг символизм оқими етакчиси. 1881 йил 17 сентябрда савдогар оиласида таваллуд топган. Бухарест университетида таҳсил олган. Илк шеърлари 1898 йилдан матбуотда чоп этила бошлаган. Унинг “Қўрғошин” (1916) , “Заъфарон учқунлар” (1926), “Тун парчалари” (1926), “Шеърлар” (1929), “Сиз билан…” (1930) ва бошқа шеърий тўпламлари адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган. Адиб Руминия адабий жамоат­чилиги (1925) ва Миллий мукофоти (1935) совриндори. Шеърлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Шоир 1957 йил 22 майда вафот этган.

СЎНГГИ СОАТДА

Уруш.
Халқлар кўчиши.
Нон ва туз карточкада.

Фанда тараққиёт.
Дараклар, ихтиролар.

Бомбапаноҳ,
бошпана, ўчоқ…

Кечки шафақ,
Ер силкиниши…
Дунё тикланмоқда.

ШОИР БЎЛСАЙДИМ

Шоир бўлсам эди,
Нақадар поклигингни
Тасвирлар эдим.

Ва унутар эдим
Соғинганимни.

Шеърлар ўқир эдим
Қайта ва қайта,
Ёд билганимни.

Рассом бўлсам эди,
Сенинг тасвиринг
Бўлар эди мудом
Мен учун санам
Ва умрим битгунча,
Билмасдим сира
Азалий дард, ғам.

Машшоқ бўлсам агар,
Қўшиқ куйлашга
Флейтани мажбур этардим.
Ўз қайғум билан
Мен сени мангу
Машҳур этардим…

Рус тилидан Фароғат Камолова таржимаси