Уч-қуйруғи йўқ, деб таърифланадиган бу шаҳарнинг чекка мавзеларидан биридаги кўп қаватли уйлар худди эгизаклардек бир-бирига ўхшаш. Бола бу уйларнинг қанчалик даражада оқилона тиклангани ҳақида кўп марта хаёлга берилар, аммо ўйлаб ўйининг тагига етолмасди. Қувурлардан оқувчи иссиқ ва совуқ сувнинг эҳтиёжга яраша бир текисда оқиб туришию ва яна қаергадир гумдон бўлиши боланинг назарида, энг донишманд одам ўйлаб топган иш бўлиб, тасаннога арзирди. Улар яшайдиган уй бир хоналик, балкони ҳам шунга яраша тор-танқис, ортиқча буюмлар сақланадиган токчадан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмайди. Уй ёнида темир панжара билан айлантирилган кафтдеккина ер бўлиб, онаси ҳар йили помидор, ҳар хил кўкат, экиб қўяр, аммо парвариш ҳарчанд яхши бўлмасин, ёлчитиб ҳосил олишмасди. Ҳарна-да, болам, сотиб олганга пул чидармиди, ўзинг учун ўл етим, дерди онаси уни шу майдончада ишлашга мажбур қилиб. Тўғрисини айтганда, бола онасининг фикрига кўп ҳам қўшилолмасди: ёз ке
либ, бозорлар мева-чеваю сабзавотга тўлиб кетса, помидору кўкатлар сувтекин бўлиб кетади. Қишликка етадиган қилиб, ул-бул тайёрламоқчи бўлганларга тағин ҳам тушиб беришади. Бола шу буйрадеккина жойда куймалангани учун атрофдаги тенгқурларидан уялар, кўпинча уларнинг даврасидан ўзини олиб қочарди. Айниқса, уларнинг тепасидаги уч хоналик уйда яшовчи Сарвар исмли ундан бир синф юқори ўқийдиган болага юзма-юз келгулик қилмасин. Дадасининг колбаса ишлаб чиқарадиган тсехи бор, тагида машина, ҳар куни сумка-сумка нарса кўтариб, уйига кириб кетади. Сарвар синглиси билан ҳали ананас, ҳали найча билан симириладиган шарбат кўтариб чиқади. Журъат Сарварни кўриши билан болкон томонга ўтиб кетади. Қўшни боланинг эгнига қимматбаҳо кийимларни илиб олиши, ўзини ўзгалардан, айниқса, ундан юқори кўрсатишга интилиши Журъатга оғир ботарди.
— Намунча шу агаротингда ишлайверасан, тонналаб картишка оладиган деҳқондай тер тўкасан-а? Ундан кўра копток теп, валийбол ўйна, ҳали боласан-ку, катта одамларга ўхшаб рўзғор ташвишига кўмилиб қолгансан-эй,— деб қоларди баъзан Сарвар ўзини доноларча тутиб.
Журъат индамайди, биладики, Сарвар билан ўзи орасида ер билан осмонча фарқ бор, шу боис у билан мунозара қилишнинг фойдаси йўқ.
Очиғиини айтганда, Сарвар улғаяётган оила билан уларники орасидаги тафовут нафақат еб-ичиш, кийинишда, балки умумий бир муҳитда, фикрлашда ҳам кузатилар, Журъат баъзан тўла-тўкислик, маъмурчилик ҳукм сурадиган қўшнилари оиласига ўзи тугул онасининг ҳам ҳавас қилишини сезиб қоларди: “Қанийди, отанг ҳаёт бўлса, Сарварнинг дадасига ўхшаб мол-дунё топмаса ҳам соғ-саломат юрса, биздан бахтли оила бўлмасди”.
Ўшанда Журъат қадимий шаҳарга зиёрат учун кетган отасининг аллақайси машинада қандай қилиб ҳалокатга учраганинини англайдиган ёшда эмасди. Хотираси фаромуш бермаса, ҳали уч ёшга етмаганди, ундан кейинги синглиси ҳам, онасининг қорнида бўлиб, кейинчалик дунёга келган укаси ҳам бу аччиқ ҳақиқатнинг тагига энди етишмоқда. Онаси улар берган саволларга кўпинча умид ва ишонч уйғотиб, “Даданг узоққа кетган, бир куни “лоп” этиб келиб қолади” дерди. Ким билсин, онаси ўзга кишига турмушга чиқишини назарда тутиб шундай деганми ёки уларнинг руҳиятини яралагиси келмаганми, ҳар қалай дадасининг оламдан ўтиб кетганини сир тутарди. Журъат йил сайин улғайиб, кетидан уни қувиб етаётган синглиси ва укасини боқишга бир ўзи ожизлик қилаётган онасининг мушкулини осонлаштириш ҳақида ўйлар, аммо қандай қилиб — бунинг иложини тополмасди. Кўча супургани учун бериладиган арзимас маошни онаси шўрлик қаёққа тортқилашни билмас, пул билан боғлиқ муаммолар эса тўлиб-тошиб ётарди: кит
об, дафтар, озиқ-овқат, гоҳо иссиқ жонларига иситма тушиб, дори-дармон, баъзан тўй-маъракалар учун ҳам харажат лозим бўларди.
Бола ошхоналари деразасидан чиқарилган шлангни жўякларга тўғрилаб, жўмракни буради. Бир ҳафта олдин экилган помидор ва қалампир кўчатларини шу кеча-кундузда суғоришмаса, бутун ҳаракатлари чиппакка чиқади. Даставвал кўчатларни идишда сув олиб келиб суғоришди. Экинлар наҳорда тетик турса-да, кун қизий бошлагач, шалпайиб қолишарди. Онаси бугун бир шимдириб суғормасанг, буларнинг “одам” бўлиши қийин, дея тайинлаганди. Журъатнинг фикру ўйи мактабда ҳам шу бўлди, аммо шлангдан сув оқизса, қўшнилар норози бўлиши аниқ, шундан хавотири бор. Шлангдан жуякларга жилдираб энди сув оқа бошлаган эдики, уларнинг тепасида яшайдиган кампирнинг дийдиёси бошланиб қолди:
— Эй, сынок, закрой воду, а я стираю, ты мешаеш, напор вообше мало.
Журъат қўшнининг зардасидан сергак тортиб, юқорига қаради. Сочини қизғиш рангга бўяб олган кампир қўлларини даҳанига тираб, Журъатнинг нимадир деб жавоб қайтаришини кута бошлади. Бола “Сийчас” деди-да, чопқиллаб уйига кириб кетди. Бир парча ернинг оламча ташвиши қурсин, кошкийди онаси уни хижолатга солувчи ҳолатларни тушунса, ўзи ишда бўлгани учун Журъатнинг қўшнилар олдида ўнғайсиз ҳолга тушишини қаёқдан ҳам билсин? Мана, айтган иши чала қолди, онасига нима дейди энди? Яхшиси, челакда суғоради, ҳеч кимга малоллик туғдирмайди, онаси ҳам хурсанд.
* * *
…Бу дунёни бозорга ўхшатган шоирларнинг гапи ростга ўхшайди. Биров билан бировнинг заррача иши йўқ, ҳар кимнинг ҳоли-қудрат тортадиган ўз тирикчилик араваси бор, турмушнинг тошдан қаттиқлиги катталарга-ку кундек равшан, аммо айнан шу ҳақиқатга дуч келган тенгқурлари каби Журъат қам кун сайин,ой сайин фикран тиниқлашиб бораётгандек эди. Бола таътилга чиққач, қандай қилиб бўлмасин, пул ишлаб топиш, жилла қурса, ўзининг эҳтиёжи учун зарурий кийим-кечак, ўқув қуроллари харид қилишни мўлжалламоқда эди. Ахир онаси бечора рўзғорнинг қай томонига кўндаланг бўлсин, ҳали у, ҳали бу, чеки-чегараси йўқ ғалвалар. Онаси унинг писта, қурут сотиш ҳақидаги таклифини рад этгач, бола ўйлаган режаси чиппакка чиққанидан дилтанг бўлди. Онасининг феъл-атворига у тушунмайди, ахир кўмаклашишга уринса, бундан мамнун бўлмайдими?
— Қўй, болам, сира ҳожати йўқ, қўшниларни олдида мени номусларга ўлдирасан-ку, бунинг устига писта ўлгур ҳамма ёқни ифлос қилади, ўзим фаррош бўлмасам ҳам майлийди. Писта чаққанларни кўрсам тутақиб кетаман!
Журъат ботиниб, бир сўз айтолмади. Таътил бўлишини кутади, энг яхшиси шу. Шаҳарда нима кўп, бозор кўп, яхна чой сотади. Ўтган йили синфдоши Мансур энг катта улгуржи бозорда яхна чой сотиб, ўзининг бутун каму кўстларини тўғрилаб олибди. Бу йил ҳам шуни чўтлаяпти, ўзида шундай ният борлигини сир тутди, менга таассуф соляпти, деб ўйлашини истамади. Таътил келаверсин-чи, бир гап бўлар, айтганча, ҳали бу ишга онаси рози бўлармикан, гап шунда.
— Нима қилаяпсан, Журъат, ҳали жуда эрта-ку, бирпас ухла.
Журъат онасини қайтиб безовта қилгиси келмай, ошхона эшигини оҳиста итараркан, тозалаб ювилган бутилкаларга аввал тоғорадаги сувдан солди, сўнг ранг бериш учун қайноқ чойдан бир пиёлача аралаштириб, полга тикка-тикка қилиб қўяверди. Шу тариқа бола бир ярим литрлик ўнта бутилкани яхна чойга тўлатиб, иккита сумкага бештадан жойлади-да, стулга ўтирди: энди тамадди қилиб олиши керак. Бола музлатгичдан сарёғ олиб, булка нонга ёқди ва ширинчой қилиб, апил-тапил симирди-да, бошига шапкасини бостириб кийди. Ҳали бозорга етиб бораман дегунча камида бир соат керак, боз устига юки енгил эмас, ўн беш кило. Кеча у олти бутилка чой олиб чиққанди, ҳаш-паш дегунча пуллаб бўлди, ҳозир жазирама, одам ҳар дақиқада сув ичсин, айрону қимиз симирсин, ташналик чекинмайди. Худо хоҳласа, ўнта бутилка ҳам бир пасда ўз харидорини топиб кетса керак, юз сўмдан сотса, бир ярим минг сўм, ахир ҳар куни шунчадан жамғариб борса, ўн кунда ўн беш минг сўм. Аммо… манзилга етгунча бў
ларича бўладиган кўринади, ҳали ҳеч қанча одимламай, иккала қўлининг кафти ҳам қийилгудек қизариб кетди. Эҳ-ҳе, улгуржи бозорга етгунича уч чақирим бордир-ов, шуниси алам қиладики, бу йўллардан на автобус, на трамвай юради, таксини эса фалон пулга ёллаш керак, бундан не наф, икки оёғидан кўра маъқулроқ уловнинг ўзи йўқ. Бир соатда бўлмаса, икки соатда етар, шошиб қаёққа ҳам борарди, бозор қизиган пайтда иши юришади, савдогарлар унинг яхна чойини талашиб-тортишиб харид қилишади. Бола қайтишда енгил бўлишини ўйлаб, ястаниб ётган бедазор четидан одимлаб борарди. Унинг кўз олди тиниб кетди, ям-яшил ўтлоқ нимагадир сап-сариқ тусда товланиб, кўнгли озди, шу аҳволда бозорга қандай етиб бораркин? Бола онаси зўрлаб узатган булочкани олмаганига афсусланди, тўғриси Журъат, шуни ҳам укаларига илинди, мен бозорда бундай егуликларнинг юз хилини кўраману, олиб ерман, деб ўйлади. Бола эринибгина, худди елкасидан кимдир зилдай юк билан босиб тургандек аранг юриб ке
тмоқда эди. Сумкадаги бутилкалар гўёки уни ерга киргизиб юборадигандек бўлиб, охири бола уларни бир-бирига тираб, майсазор устига қўйди. Қанийди, ҳозир ҳув ўша бозорда бўлиб қолса, хаёлпарастлик яхши-да, амалга ошмаган ишни ёлғондакам, орзу қилганингдай бажариб қўя қоласан.
Бугун — учинчи кун, бола шундан мамнун эдики, онаси чой сотишига қаршилик қилмади. Кўча-кўйда, ариқ ичида, бекатларда, хуллас, оёқ тагида думалаб ётган бутилкалар болага худди қадрли матоҳек кўринар, қучоқ-қучоқ қилиб, катта қопда уйларига келтирарди. Чой сотилган бутилкаларни қайтиб сўрашга биринчидан ийманар, иккинчидан, ўша одамни излаб топиш ҳам амри-маҳол эди.
Улкан оқимда кимдир у ёққа, кимдир бу ёққа ошиқар, ғала-ғовурда бола ўтган-кетганнинг диққатини жалб қилгиси келмай уни қийнаётган бутилкаларни тез-тез эгасига топширгиси келарди.
— Кеп қолинг, яхна чойлар бор. Ичсангиз, мазза қиласиз, сотаману кетаман, бутилкаси юз сўмдан,— Журъат томоғи йиртилгудек бўлиб бақирар, бозорга кириб чиқаётганларнинг, бу ерда росмана хўжайин бўлиб олганларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратиб, қўлидаги чой тўлдирилган лиммо-лим бутилкаларни кўз-кўз қиларди. Чойчақа топиш илинжида чиққан бу бола ўзига энг қулай ва гавжум жойни танлаганидан ҳеч ким унинг ёнидан бефарқ ўтиб кетолмасди. Қолаверса, чой энг арзон ичимлик бўлиб, олди-сотди учун бозорга кирганларнинг арзимас пуллари эвазига оширилар, бирор киши нарх-навоси устида талашиб-тортишиб ҳам ўтирмасди. Бир-бирига суркалиб, туртиниб, нимадир харид қилиш мақсадида раста айланиб юрганлар боланинг ёнидан ўтиб, сўраб қолишарди:
— Чой қанчадан, ука?
Шунда бола эпчиллик билан тўлдирилган бутилкани уларнинг қўлларига тутқазарди:
— Атиги юз сўмдан, ичинг, чанқовингиз босилади.
Чой сўраганлар ҳеч қандай эътирозсиз бутилкани олишар, шунда бола гул-гул ёниб, бақиришда давом этарди:
—Кеп қолинг, муздайгина чойлар бор. Ичсангиз дармонда, ичмасангиз армонда, бор-йўғи юз сўмдан.
—Чойингдан бер,— суратли майка кийиб олган қориндор киши болага яқинлашди.
— Мана, ака, юз сўмдан.
— Намунча қиммат, сенам жа ўзингча деловойсану,— ҳалиги киши бутилкани қўлига олиб, қулқиллатиб ича бошлади. Чанқови босилди шекилли, пешонасидаги терни рўмолчаси билан сидириб артди.
Бола хурсанд бўлиб кетди, навбатдаги харидорни истагандек, атрофга аланг-жаланг қаради. У яхна чой учун жуда кам харажат сарфланишини, лекин оз-оздан пул йиғишнинг машаққатларини ўзидан бошқалар унчалик ҳис қилмаслигини ўйлаб, гоҳо тажанглиги ортарди.
— Ма,— барзанги шимининг чўнтагидан бир ҳовуч пул чиқарди-да, эллик сўмни ажратиб унга узатаркан, писанда қилди:— Эллик сўмам тешиб чиқмайди.
— Э, ака, кўтармайди,— боланинг кайфияти дарҳол ўзгарди, ўз мўлжалидаги нархга сотмаса, нима фойдаси бор, чой солинган бутилкаларни силласи қуригандек кўтариб келганини мана бу нусха тушунармиди?
— Тағин тортишганини қаранг, тур, йўқол, зумраша, сенга пул ишлашни ким қўйибди? Кўтармаса туёғингни шиқиллат, нима, сен чойингни оптомдан сотиб олганмисанки, устига ўзингни долянгни қўшиб сотсанг…
— Ака, унақа деманг, менам зарилликдан…
— Муштдайгина бўп мунча қайсарсан, мижозларингни норози қилсанг, ишинг юришмайди бола, билиб қўй!
— Нархи ёқмаса, ичманг эди,— жанжалга аралашди расталарга турли матоларни ёйиб қўйган жиккаккина киши.
— Э, сиз аралашманг, бу бола сизга ким, қариндошингизми?— ҳамон отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмасди барзангининг.
— Гап қариндошчиликда эмасу, энди шу болаям муҳтожликдан чиққан-да, ука. Ҳаммамизникиям тирикчилик…
— Майли, қўяверинг амаки, — бола ўзига хайрихоҳлик қилаётган кишига бир назарини солди-да, ҳалиги зиқнанинг афтига қайтиб қарагиси келмай нари кетди.
Боланинг тинка-мадори қуриб кетса-да, чойлари тугаб, сумкаси бўшагани учун ўзини қушдек енгил сезди. Шўртигининг орқа чўнтагидаги қўлдан қўлга ўтавериб, ғижимланиб кўрки кетган бир талай юз сўмликларни олиб санай бошлади: бир минг тўрт юз сўм. Бола пулларини тахлаб, яна чўнтагига жойлади, ўзини ўзи рағбатлантиргандек пичирлаб, яшавор, деб қўйди. Энди уйга равона бўлиши мумкин, у йўл-йўлакай учраган егуликлар — сомса, кабоб, гуммага суқланиб қарар, аммо азбаройи пули камайиб қолишини истамаганлигидан индамай ўтиб кетишга мажбур эди. Айниқса, шоколаду печенеларнинг тури кўплигини айтмайсизми? Савдогарларнинг йирик-йирик пулларни санаб, жамлаб сумкага жойлашларини томоша қиларкан, бола улар каби даромади мўл бўлишини орзу қиларди. Шундоққина унинг ёнидаги растага жойлашган қотмагина, қилтириқ гавдасига мос бўлмаган кенг бичиқдаги футболка кийиб олган киши сигаретани устма-уст тортаркан, ҳар дақиқада “Доллар оламиз, доллар” деб ўтган-кетганларга нигоҳ ташла
рди. Бола ҳали бу ернинг кўзга кўринмас қонун-қоидалари мавжудлигини билмас, бу маконга кўпчилик пул ишлаб топиш, иккинчи тоифадагилар эса ўз эҳтиёжларига яраша нимадир харид қилиш учун қадам ранжида этишларини идрок этарди, холос. Ўзи ҳам шулардан бири бўлиб, кечгача унча-мунча пул ишлаб топишни чўтламоқда эди. Ҳеч қурса, шу пулга сумка келар. Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон дегандай… Ҳа, бунинг учун нафсини кўп нарсадан тийиши керак. Кўнгли тусаган нарсани олаверса, жамғарма тўплаши қийин. Кечаги, ўтган кунгини қўшиб ҳисобласа, ажабтовур сумма, онаси қоғозга ўраб, кўздан панароқ жойга олиб қўяркан: “Фақат ўзингга ишлатасан, Журъат. Ҳар куни беш юз, олти юздан йиғиб борсангам, бир ойда анча бойиб қоласан!” деб уни руҳлантириб қўйди. Бугун онаси унинг шунча пул билан кириб борганидан боши кўкка етса керак. Бола бозор дарвозаси атрофида уймалашиб турган тўдага ўзини урди: лоторея ўйини экан, ҳали бунақа ўйинда ўз омадини синаб кўрмаганди, бир хаё
ли беш юз сўмга чипта сотиб олиб, ўчириб кўрмоқчи бўлди, ютуқ чиқса-ку нур устига нур, акси бўлса-чи? Бундай ўйинлар “манаман” деган бойвуччалар учун чиқарилган, ютуқ насиб этмаган тақдирда ҳам сарфлаган пулига афсусланмайди. Яхшиси, оч қорни, тинч қулоғи, уйга кетади.
Офтоб сездирмайгина тиккага кўтарилар, ҳар ким ўз ташвиши билан андармон бозорда одам унча-мунча сийраклашгандек эди. Бола негадир ортига бир қайрилиб қаради, бошидаги оқ кепкасини ҳўллаб олса, иссиқдан ўзини анча ҳимоя қилган бўларди-я. Аммо қани оқар сув, бозорнинг чор тарафи панжара билан ўралган, мўъжазгина дўконларда иссиқдан нолиган савдогарлар ўтиришарди. Бозорнинг шарқий қисмидан лойқа сувлари тўлқинланиб анҳор оқарди. Бола туртиниб-суртиниб ўша анҳорга бориб келгунча анча вақт кетишини ўйлаб, фикри ўзгарди: оппоқ кепкаси лойқа сувда баттар бўлади. У чанқади, тили танглайига ёпишгудек эди, музқаймоқ еб олса зўр бўларди-я, аммо бунинг учун юз сўмдан воз кечиши керак, э йўқ, пулининг баракаси учади. Ҳадемай мактаб бошланади, бу йил синглиси ҳам биринчи синфга чиқадиган, сумка, дафтар, қаламу кийим-кечак унга ҳам лозим. Эҳ, қанийди қоп-қоп пули бўлса, эгнидаги чоклари тикила-тикила идраб турган майка-шўртикларини ҳам янгилаб оларди. Қўшни бола Сарвар
га ўхшаб башанг кийиниб юрса, у ҳам менсимасдан муомала қилишини йиғиштирармиди?
…Журъат уйга етиб келганида, онаси картошка арчиётган экан, пешвоз чиқиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди:
— Эсон-омон келдингми, болажоним? Чойларингни ўтказдингми, ишқилиб, мунча ранг-рўйинг бир ҳолатда, қорнингам роса очиқиб кетгандир?
— Амалладим, ойи, қорним пиёзни пўсти бўлиб кетсаям, ҳеч нарса емадим…
— Вой болажоним-а, бирор нарса олиб есангам майлийди, ўзингни мунақа қийнама. Жонингдан айлансин, пул бўлса топилар, соғлигингни йўқотсанг қимматга тушамиз.
— Э, ойи топганимни еб-ичаверсам, пул йиғолмайман, ҳар қалай сизга ёрдам бергим келади-да, ойи!
— Ўзим ўргилай ақллигинамдан, мени ўйлама, болам. Сизлар учун яшайман, ахир,— деди онаси унинг пешонасидан ўпиб. Шунда бола онасининг оқ-сариққа мойил юзида акс этган ифодага рўпара бўлишдан негадир чўчиб, нигоҳини четга бурди.
— Дадам бўлганида бизам бошқача яшардик, а, ойи?
— Албатта, болам, лекин шу кўрган кунимизга ҳам шукр. Бизданам қийналиб яшаётганлар бор, ахир беш қўл баравар эмас.
Она-боланинг суҳбатига шу билан нуқта қўйилгандек бўлиб, бири ошхонага, икинчиси уйга ўтди. Бола кўрпачага чўзиларкан, оғзини катта очиб эснади, сўнг қўл-оёқларини таранглаштириб керишди. Кўз ўнгида бозордаги айқаш-уйқаш манзаралар бирин-кетин жонлана бошлади. Юзингда кўзинг борми демасдан, уни ҳақорат қилган ҳалиги барзангининг қиёфаси ҳадеб кўз ўнгига келаверди. Катта одамларга кичкина боши билан ақл бўла олармиди? Бошқалар юз сўм учун талашиб-тортишиб ўтиргани ҳам йўқ, у бўлса ўзининг нақадар хасис эканлигини кўрсатди-қўйди. Боланинг кўзларига ширингина бир мудроқ келди, вужуди толиқиш туфайли уйқуга майл сезмоқда эди.
… Бола қаердандир пайдо бўлган мелисанинг овозидан сергак тортди, озғингина жуссасига титроқ югурди, миясидан яшин тезлигида “Қамаб қўяди энди” деган фикр ўтди. Ўғрилик устида қўлга тушган кишидек кўзларини қаерга яширишни билмай каловланди. Банкасидаги охирлаёзган чойни тўкиб ташлагиси, банкани эса чил-чил қилиб синдиргиси келди.
— Ҳа бола, сен нима қилиб юрибсан?
Бола мелисанинг қутқусидан қалтираб кетди:
— Ўзим…
— Ўзингга ўзинг рухсат берсанг, жа зўрсану. Балоғат ёшига етмаганлар бозорда савдо қилиши мумкин эмаслигини биласанми ўзи?
— Йўқ…
— Ота-онанг борми?
— Ойим бор…
— Отанг-чи?
— Аварияда…
— Ёлғон айтма, сени ота-онанг пишиқлаб жўнатган, ҳозир одамлар устаси фаранг бўлиб кетган.
— Ука, қўйинг, шу болага тегманг, ўғирлик қилаётгани йўқ-ку!
Бола тетикланиб, сал нарироқда тўнкарилган яшик устига ўтириб олиб, қурут, писта сотаётган кампирга юзланди. Ўзини ҳимоя қилаётганлар топилгани учун қаддини ғоз тутди.
— Ўғирлик қилиш шартми, холажон? Бўйи бир қарич бўп бозорга чиқишни ким қўйибди бунга. Қонун буни таъқиқлайди, ёшинг неччида ўзи?
— Ўнда…
— Тем боле, ўн уч, ўн тўртда бўлсанг ҳам майли экан!…
Бирдан чор-атроф қоронғилашиб кетди, бола қўрқувдан энтикиб йиғламоқчи бўлар, аммо бахтга қарши товуши ичидан чиқмасди. Таажжуб, бу қандай ҳолат? Гўёки ўзини ўзи бошқаришга қодир эмасдек Журъат кўзларини зўрға очди ва беихтиёр:
— Ойи, пулларим қани, пулларим?— деб қичқириб юборди.
— Вой ўлай, вой ўлай, нима бўлди сенга, терлаб кетганингни қара-я, болам?— ошхонадан югуриб унинг ёнига кирган она фарзандидаги фавқулодда ҳолатдан кўзлари ҳайратга тўлиб тошди.
— Тушимми, ўнгимми, мени мелиса тутиб олиб, бор пулимни олиб қўйди, шунга сўраяпман, ойи,— бола таҳликали ҳолатдан ҳамон ўзига келолмас, рўй берган нохушликни ойдинлаштириб олишга зўр бериб уринмоқда эди.
— Ҳа, шундоқ демайсанми, болагинам-а, қўрқитиб юбординг-ку, туш кўрибсан, ана пулларинг жойида турибди…
— Ростданми?
— Вой, ана ишонмасанг туриб қарагин, уч ярим минг сўм пулингни боягина санаб, анув қутичага солиб қўйдим.
Онаси шундай дея секингина шкафни очди-да, укасига келтирилган туфли ичидаги пулларни унга кўрсатди. Бола енгил тин олди, хайрият ўнги эмас, туши экан ва ўрнидан қўзғолиб, онасига юзланди.
— Ҳалол пулга ҳеч ким ҳеч қаерда чанг сололмайди, болам. Ахир бу пешана теринг эвазига топилган пул-да.
Бола кўрган тушининг таъсири худди туман каби тез тарқаганидан сакраб юборди….