Эмиль Верхарн XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида яшаган жаҳон адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлиб, символизмнинг формал изланишлари пафосига суғорилган шеърияти билан машҳурдир. Шеърий техникани такомиллаштириш, шаклини янгилаш йўлидан борган Э.Верхарн таъсири Ойбекнинг “Машъала” (1932) тўпламидан ўрин олган айрим асарларида сезилиб туради. Шунингдек, Э.Верхарн романтизм – Гюго анъаналари руҳида ҳам асарлар яратди.
“Ойбек 1928-1929 йилларда В.Брюсов ва Бельгиянинг атоқли шоири Эмиль Верхарн поэзиясини кўп ўқир эди. Бу ўқиш унга ижодий таъсир кўрсатган. Э.Верхарн поэтик традициясидан ижодий фойдаланиш борлиқнинг абадийлигини, ниҳоясизлигини тасдиқлашда, у билан шоирнинг узвий боғлиқлигини таъкидлашда ўз кучини кўрсатди. Ижодий ўрганиш чегараларининг кенгайиши Ойбек лирикасининг тараққиётида жиддий аҳамиятга эга бўлди”[1] деб ёзади профессор Ҳ.Ёқубов.
Э.Верхарннинг “Ҳаво ипакларига…” деб бошланган сарлавҳасиз бир пейзаж шеърини таржима қилган Ойбек 1929 йилда “Онлар” номли икки пейзаж шеър яратди. Уларга эпиграф қилиб “Қара, абадият нақадар гўзал ва сокиндир” деган Э.Верхарннинг сатрларини иқтибос қилиб келтиради. Ойбек томонидан таржима қилиниб, илк бор “Машъала” тўпламида чоп этилган юқоридаги шеърда акс этган Фламендия қишлоғига хос гўзал манзаралар лирик қаҳрамоннинг абадийлик, чексизлик ҳақидаги кечинмалари, турфа мушоҳадалари талқинида муҳим ўрин тутган. Шеър “Ҳаво ипакларига Олтин билан тўқилган, Эй нашъамиз порламаси! Мана нозик уй ва енгил шийпон. Мана боғча ва мевазорлар. Олма боғчаларнинг кўланкасида Ана супача…”[2] тарздаги тасвир билан бошланади. Сўнгги тасвир “олма оғочларидан оқ баҳордек тўкилаётган эринчак ва эркаловчи гул япроқлари”га ўтади. Шеърнинг “Ана нурли каптарларнинг жавлони Порлоқ кўкда сирпанган Бир белги каби… Тоза мовий шиша лабидан Ерга тушган бўсалардек Ана икки соф ва содда Зангори кулча”[3] сатрларида борлиқ билан муштараклик, абадийлик касб этиши ифодаланган. Сўнг умр ўткинчилиги, оламнинг эса абадийлиги ҳақидаги фикр қуйидагича ифодаланади: “Эй нашъамиз порламаси, бизлар ҳам бу боғчада яшаймиз, Ўз хотирамиз билан…” Э.Верхарн боғча тимсолида абадий, чексиз олам ва унинг сўнгсиз ҳаракати, ўткинчи инсонни мангулаштирувчи хотира ҳақидаги кечинмаларни тасвирлайди. Тўкилаётган олма гули япроқлари, борлиққа бўлган маъсум, эрксиз гуллар, нурли каптарлар жавлони, жимирлаётган икки зангори сояда ҳам борлиқнинг абадий ҳаракати мужассамлиги ҳақидаги фикрлар, Э.Верхарн ижодига хос бўлган абадийлик ва сўнгсизлик ҳақидаги ғоялар Ойбекнинг юқорида “Онлар (II)” шеърида ҳам кўриниб туради. 1929 йилнинг апрель, май ойларида Ойбекнинг Ялтага сафари чоғида ёзилган ушбу шеърларда Қрим табиатининг бетакрор манзаралари биринчи шоирда Қора денгиз бўйида қуёш ботиши, иккинчисида қуёш чиқиши манзараси тасвирида намоён бўлади. Абадиятнинг сокин ва гўзал, чексизликка туташ манзараси қофияланиш тизими терцина шаклидаги икки банд бўйича а, б, в; а, б, в; г, д, е; г, д, е тарзидаги сатрларда ифодаланган. Э.Верхарн ва Ойбек шеърларида Фламендия ва Ялта табиати тасвиридаги ўзаро яқинлик табиатнинг бетакрор, уйғун чизгиларини юзага келтиради. Поёнсизлик, мангулик, сокинлик, шу сокинликда ҳам ҳаракатдаги борлиқнинг ўзига хос гўзаллиги ва улуғворлигидан туғилган ҳайрат Э.Верхарнда баҳор чоғидаги боғчалар, Ойбекда Қримга оқшом тушиши ҳамда тонг отиши чоғидаги лаҳзалик манзаралар абадийлиги ҳақидаги ўйлар билан уйғун чизгисига хизмат қилган. Қуёшнинг ботиш чоғидаги табиатнинг рангин жилолари, ҳодисалари инсон қиёфаси, унинг бирор аъзоси шаклида (“бир тўплам олов соч”, “енгил табассум”, “гўзал қиз каби ётар”) юз кўрсатади. Қуёш нурларининг дарахтлардаги товланиши олов сочга айланса, майин мовий туманлар қанотларини ёзиб парвозга чоғланган қушлар шаклига киради. Сўнгсиз, зангори осмон енгил табассум қилаётган қиз қиёфасида намоён бўлади.
Мавҳум тушунчаларни моддийлаштириш хусусияти шеърнинг “Кўкда юлдузлар ёнар, Абадият гўзал қиз Каби ётар толамен…” каби сатрли шеърнинг 7-12-сатрлари қўлёзмада ва “Ер юзи” журналининг 1929 йил 2-сонидаги нусхаларида “Юлдузларнинг узоқда Олтин киприги титрар, Осмон мовий ва сўнгсиз. Коинотда шу чоқда Тўкилади кўп сирлар Шоир қалбига ёлғиз…” тарзида ифодаланган. Оққа кўчирилган ва китоб ҳолида чоп этилган вариантда ушбу тасвир жиддий ўзгаришга учрайди. Мовий осмон “зангори”га, олтин кипригини титраётган юлдузлар “ёнаётган” ҳолатга, абадият гўзал қизга айланади. Фалсафий фикр, ифода салмоғи, аниқлиги, туйғу ва оҳангнинг изчил тасвири бандлар давомида орта боради. С.Цвейг Э.Верхарн ижодий лабораторияси ҳақида ёзаркан: “унинг қўлёзмалари шоир қўли билан ўлдирилган сўзларга тўла жанг майдонини эслатади”[4], дея ёзади. Ушбу фикрни Ойбекнинг шеърни мукаммаллаштириш борасидаги ижодий жараёнига ҳам тўла тадбиқ этиш мумкин.
Э.Верхарн ижодига хос бўлган табиатнинг яхлит манзарасини бетакрор ранглар, лаҳзалик ҳолатлар билан изчил акс эттириш услуби унинг илк тўплами “Фламендия шеърлари” (1883) га кирган “Якшанба тонги”, “Мевали боғлар”, “Деҳқонлар”, шунингдек, “Йўл бўйларида” (1882-1894) китобидаги “Ноябрь”, “Қаердадир” шеърларида табиат тасвирининг нозик ҳис-туйғуларга йўғрилган ва чуқур фалсафий фикрлар сингдирилган ҳолда намоён бўлишини кўриш мумкин. Ушбу жиҳатлар Ойбекнинг юқорида тилга олинган шеърий тўплами “Машъала” (1932) га кирган ва Қримда яратилган қатор шеърларининг юзага келишига ижодий туртки берган. Ушбу ўринда профессор И.Ҳаққулнинг “Шеъриятда символизм оқими тажрибаларини пухта ўрганган ва ижодий ўзлаштирган Ойбек борлиқ-оламга ажиб таассуротлар нигоҳи билан қарайди, ундаги нарса, воқеа-ҳодисалар қандай ҳис этилади, руҳ ва кўнгилга улар қандай шавқ, қандай изтироб қўзғайди – мана шуларни рангин бўёқларда тасвирлаб беради”[5], деган сўзлари характерлидир.
Э.Верхарннинг “Ноябрь” шеъридаги табиат воқеалари лирик қаҳрамоннинг нозик туйғу-кечинмалари билан уйғунлашиб бетакрор манзара юзага келади. Оламнинг абадий, сўнгсиз ҳаракати заъфарон баргларнинг ёмғирдек тўхтовсиз тўкилиши тасвирида акс этади: “Яра тусли ҳамда қайғули барглар. Мен турган заминга қулар бетиним. Оғир ва заъфарон бамисоли дардлар Қулайдилар аста қалбимга маним. Лахтаклари билан вазмин булутлар Басир кўзларини беркитиб олган. Шамол узра кирар оғир нолалар Қуёшнинг соққаси қартайган, толган. Ноябрь менинг қалбимда”[6] сатрларидаги тўкилаётган барглар, вазмин булутларга тўла осмон, қартайган қуёш, дарахтзор узра янграган нолалар сирлилиги билан жумбоқ ва мўъжизаларга тўла борлиқ ҳақида тасаввур уйғотади.
Тилсимотларга тўла олам ва инсон кўнгли, чексизлик ва абадийлик, умр ўткинчилиги ва сўнгсиз ҳаракат ҳақидаги кечинмалар тасвири Ойбекнинг “Оқшом сезгиси” (1929) шеърининг ҳам асосини ташкил этади. “Учиб бир гала қуш аллақайларга Йўқолди кўзимдан нуқталар каби. Сукунат чўзилди жар ва сойларга, Ҳар ёқда кундузнинг ўчди шўх дами” сатрларидаги бир қарашда табиатнинг гўзал, оний ҳолати акс этгандек таассурот қолдирувчи ушбу шеърда биз мангу ҳаракатдаги замин ва замон ҳамда ана шу абадийликнинг бир қисми бўлган денгиз, гала қушлар, Қрим қизлари тасвирини кўрамиз.
“Ноябрь” шеъридаги тинимсиз тўкилаётган япроқлар тасвири Ойбекнинг юқоридаги шеъридаги аллақайларга учиб бораётган, нуқталар каби йўқолган қушлар тасвирининг яратилишига ижодий туртки берган. Дарахтзорда янграган нолаларнинг узоқлардаги акс-садолари, Қрим қизларининг мунгли қўшиқлари тасвирининг яратилишига таъсир ўтказган. “Тоғларда илинди қуёш этаги, Оғочлар узоқда бир тўплам кўлка. Денгизда порлаган ғуруб чечаги – Сувларнинг қўйнида қизил машъала… Фақат онда-сонда юксалар секин Қрим қизларининг мунгли қўшиғи. Ёнаркан юлдузлар ҳам бирин-сирин Оқади кўнглингга олтин туйғуси” тарзи табиатнинг ҳар бир оний лаҳзалардаги манзаралари, ва уларда абадийлик ва чексизлик муҳрини кўради. Турфа оҳанг ва ранглар оғушидаги борлиқнинг ўзига хос тасвирини яратишга муваффақ бўлади. Ойбек юқоридаги шеърий картинада истиоравий иборалар (“қуёш этаги”, “ғуруб чечаги”, “қизил машъала”)дан, ўхшатиш (“нуқталар каби”, “бир тўплам кўлка”) ҳамда сифатлаш (“қизил”, “шўх”, “мунгли”, “олтин”)лардан маҳорат билан фойдаланиб, табиатнинг лаҳзалик манзара ва ранглар жилоси, ҳолат ва ҳодисаларини яхлитликда ифодалайди. Қуёш нурлари этакка, денгиздаги товланиш чечакка, машъалага, гала қушларнинг узоқлашиб, кўкка сингиб кетиши нуқталарга, юлдузлар нури олтинга айланади.
Айтишларича, Э.Верхарнда ижод жараёнида, шеър ёза бошлаганда энг аввало, оҳанг юзага келаркан. “Верхарн доимо аниқ, ўткир ва ўзига хос тарзда ҳаракат ва ҳолатни кўради: шеърларидаги динамизм ана шу зийраклик билан узвий боғлиқдир. Ҳаракат – Верхарн поэзиясидаги товушлар оҳангдорлиги, муштараклигининг асоси”[7], дея таъкидлайди Я.Фрид. Ойбек ҳам Верхарн каби доим ҳаракатда бўлган борлиқ, тилсимотлари тўла олам тасвирини шеърга олиб кириб, башариятни ўйга тўлдирган азалий муаммоларга жавоб излайди.
Э.Верхарннинг “Мумдек юмшоқ кеча қўйнига Бостириб киради аёз, сукунат. Қайғу зарбалари бўлиб бешафқат Абадиятни киритар онгга” (“Гумбазлар остида”) сатрларидаги товушлар уйғунлиги тасвирдаги ҳаракат билан муштараклик касб этади. Фалсафий фикр салмоғини, таъсирчанликни оширади. Бу эса Ойбекнинг “Ой кўкда бепарво тентирар яна, Кумуш тун, чексизлик қучоқлашганлар” (“Ялта кечаси-2”) тарздаги оҳангдор, аллитерацияга асосланган сатрларнинг яратилиши ҳам асос бўлган. Ёки, Э.Верхарндаги “Ҳайбатли шаффоф гумбаз, самарасиз ва бўм-бўш Юлдузлар тўнган аёз – ҳувиллаган чексизлик. Инсоний нолаларни бунда мушкулдир англаш – Кўзгусида акс этар музлаган абадийлик” (“Аёз”) тарздаги сирли ва нажиб, Ойбек шеъридаги “Фақат сўнгсизлик ҳар он Хаёлимни қўзғайди. Белгисиз узоқлардан Туйғулар бағишлайди” (“Кўклам тароналари”) сатрларидаги ифодаларда инсоний нолаларни англаш мушкул бўлган чексизлик, унинг кўзгусида акс этган абадийлик билан қаҳрамон туйғуларини қўзғовчи сўнгсизлик ва белгисиз узоқлик уйғунлашади. Жўравозлик ва фикрий муштаракликни юзага келтиради.
“…Э.Верхарн шеъриятида ранг, нур ва зулмат образлари ижтимоий маъно ташийди ва ҳаётни реалистик ифодалашда кенг имкониятларга эга эканлигини кўрсатди. Умуман, Шарқ адабиётида реалистик символларга интилиш кучлидир. Эҳтимол, Э. Верхарн ижодининг Ойбек эътиборини ўзига тортганлиги сабаби ҳам шундадир”[8], дея ёзади адабиётшунос А.Раҳимов.
Э.Верхарннинг “Эй мангулик йўлчиси! Эй инсон! Англаб, ҳис этдингми, сен қайдан?” (“Шаҳар ва далалар”) сатрларидаги “мангулик йўлчиси” образи Ойбекнинг “Эй чексизлик йўлчиси, Кўзи юмуқ, кучли қиз!” (“Нур қизга”) мисраларидаги “чексизлик йўлчиси – кўзи юмуқ кучли қиз” образининг яратилишига ижодий таъсир кўрсатган. Ижодий таъсирнинг тафаккур элагида сараланган, мукаммал ишланган намуналарини яратган Ойбек Э.Верхарннинг эргашувчиси ва тақлидчиси бўлмади. Бу унинг қатор шеърларидаги мавзулар талқини, образлар тизими ҳамда ифода воситаларидаги ўзига хосликда яққол сезилиб туради.
Хуллас, Э.Верхарн асарларидан Ойбекнинг ижодий таъсирланиши борлиқдаги нарса ва ҳодисаларда бетинимликни, тадрижий такомилни акс эттиришда, табиатни майда тафсилотлари билан изчил тасвирлаш воситасида бетакрор картиналар яратиш маҳоратида, тасвир ва сўз такрорларидан самарали фойдаланиб, хушоҳангликни юзага чиқаришида, мусиқийлик сатрлар замиридаги ҳаракат тасвири билан уйғунлашиб кетишида кўзга ташланади. Ўтган асрнинг 20-30 йиллар шеъриятида кўп қўлланган кеча, йўлчи, барг, денгиз, оқшом, япроқ, оғоч каби сўз ва образлар Ойбек шеъриятида янгича маъно касб этиб, чексизлик ва абадийлик ҳақидаги фалсафий фикрлар ифодасига хизмат қилдиришда намоён бўлган.
Акбар Сабирдинов,
филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 7-сон
[1] Ёқубов Ҳ. Ойбек лирикасида ғоявийлик ва маҳорат. Тошкент, “Фан”, 1963. – Б. 87.
[2] Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 15-том. Тошкент, “Фан”, 1980. – Б. 432.
[3] Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами. 1-том, Тошкент, “Фан”, 1975. –Б. 198-199.
[4] Цвейг С. Избранное сочинения: В 2-х томах. –Т., 2. –М.: Гослитиздат, 1956. –С. 37.
[5] Иброҳим Ҳаққул. Ойбек маҳорати ва шеъриятига доир // Ўзбек тили ва адабиёти. – 2005. -№ 2. – Б. 32.
[6] Верхарн Э. Стихи. – М., Л.: Худ.лит., 1961. –С. 44.
[7] Фрид Я. Эмиль Верхарн. Творческий пут поэта. –М.: Худ.лит., 1985. – С. 99.
[8] Сафо Очил, Азим Раҳим. Замон ва замон садолари. –Тошкент, Адабиёт ва санъат, 1985. –Б. 157.