Сентябрда иссиқ пасайиб, чидаса бўладиган ҳолатга келади. Осмон тубсиз ва ложувард бўлиб қолади. Дарё тозаланиб хантал рангидаги енгил тўлқинларни ҳайдай бошлайди. Тиниқ сувда юпқа сирпанчиқ тошлар кўринади. Ҳавода нам япроқ ва балиқ ҳиди анқийди. Соҳилбўйи майсазорида анча салқин бўлади. Дарахт остида ўсган қўнғир йўсин чайқалади. Қуёш куйдирган ўтлар орасида йирик чигирткалар сакраб қолишди. Зағча ва шум зағизғонлар бутун атрофни ағдар-тўнтар қилишди. Тепароқда, жарлик ёқасида ва ундан нарида, ўрим пайти семиз беданалар сайраяпти. Қишлоқ қиёфаси ҳам ўзгарди, боғлар ва узумзорлар қизил-қўнғир тусга кирди. Куз ҳиди қишлоқ йўли узра осилиб турибди. Ёнғоқлар ҳамма жойда қоқиб олинган, йўл сариқ япроқ ва қорайган пўстлоқ билан тўшалиб ётибди. Ҳовлиларда бўйралар устида тўғралган олма ва шафтоли қоқи қуритилмоқда. Болохона устунларига осилган ипларда эса чурчхелла учун ёнғоқлар осиб қўйилган.
Йўл бўйлаб ғичирлаганча арава кетиб бораяпти. У саватлар тўла қаҳрабо ранг узум олиб кетаяпти. Узум устида асалари ва ёввойи арилар ғужғон ўйнайди. Араванинг олдинги ўриндиғида қорасоч, бақувват деҳқон ўтирибди. У қўлидаги хивич билан аравани тортаётган буйволларни секин уриб қўяди. Унинг эгнида қора куйлак ва шим. Шимининг почалари оппоқ жун пайпоғи ичига киритилган, оёғида шаҳар туфлиси, бошида эса қадимий кигиз қалпоқ. Арава ортидан тўладан келган бўлиқ кўкракли аёл бораяпти. Унинг бир қўлида сара узум бошлари тўла саватча, иккинчи қўли билан арава тўсиғини ушлаб олган. Юзидан тер оқаяпти – афтидан чарчаган кўринади, бунинг устига иссиқ ҳам ҳолдан тойдирган. Шунга қарамай, у юкини аравага қўймасликка уринаяпти. Эрининг орқасидан ғазаб билан қараб ўзича тўнғиллайди. Арава ғичир-ғичиридан эркак хотинининг гапини эшитмайди. Балки эшитса ҳам эътибор бермаётгандир. Буйволлар бақувват бўйинлари билан оғир юкни аста-секин эриниб тортиб бораяпти.
Темирчилик устахонаси ёнида турган эркаклар келаётган аравага қараб туришибди.
– Уларни меҳмон қил, узумга таклиф қил, сен бунақага устасан-ку, – тўнғиллайди хотин.
– Бу ёққа келинглар, узумдан татиб кўринглар, – дейди қувноқ эр буйволларни тўхтатиб.
– Эртароқ узмадингми, Георги? – дейди бир қария, арава томон тортиниброқ қадам ташларкан.
– Ҳеч ҳам эртамас, мана татиб кўринг. Жудаям ширин!
Узумдан бир икки донадан узиб олган одамлар ҳайрон бўлиб:
– Ие, ростдан ҳам жуда ширин.
– Олинглар, еб кўринглар, – дейди зўраки оҳангда аёл.
Эри бўлса базўр жилмайиб, тескари қарайди.
Эркаклар узумдан бир шингил-бир шингил олишади.
– Олинглар, олсангларчи, уялманглар!
– Олиш мумкин, лекин бунақада ахир…
– Ие, худо ҳаққи! – аёл ёлғонни яшира олмади ва қип-қизариб кетди.
Соқолини ҳафсала билан қиртишлаган йигит катта-катта узум бошларини чаққонлик билан ҳаммага тарқатиб чиқди. Бир годори бир пасда яримигача бўшаб қолди.
Аёл орқасига қарамасдан олдинга ўтиб кетди. Унинг қадам ташлашидан нақадар жаҳли чиққани сезилиб турарди.
– Шакарнинг ўзи! – дейди бир киши, ёпишқоқ қўлларини шимига артаркан.
– Нима, ҳали вақти эмасми?
– Э, сенинг узумзоринг Георги, барибир яхши жойда-да. Узуми эрта пишади.
– Ҳой, тезроқ ҳайдасангиз-чи, қоронғи тушаяпти! – бақиради узоқдан аёл.
Деҳқон буйволларга хивич урди, арава ўрнидан қўзғалди.
– Тарқат, боягидай тарқатавер, бир кўрайчи, уйга нима билан бораркансан?
У жавоб қайтармайди, хивич билан буйволларни ниқтайди ва олға интилади. Йўл бўйида бир болакай турибди. Ёнғоқ пўстлоғидан оғзи қорайиб кетган, аравага тикилади.
Эркак унга қараб жилмайди.
– Узумдан ейсанми, болакай?
Бола оғзига толқон солгандай индамайди.
– Кимнинг ўғлисан, болакай?
– Шаликонинг ўғлиман, – деб жавоб берди бола, оёғи билан тупроққа ниманидир чизиб. Деҳқон боланинг шиппаги йиртиғидан чиқиб турган пуштиранг чангли бармоғига эътибор беради.
– Отанг ҳалиям келмадими? – Георги боланинг отаси ўғриликда айбланиб қамалганидан хабардор.
– Йўқ ҳали… Боланинг юзи тундлашди. Деҳқон аравани тўхтатди. Шошилиб пастга тушди. У қадоқли қора қўлини саватга тушуриб бир-икки бош узумни олди.
– Ма, ол!
Бола кўйлагининг барини очди ва узумни олиб қияликдан чопиб кетди.
– Ҳой, эҳтиёт бўл, тирранча! – боланинг орқасидан бақириб қолди деҳқон ва тўкилган узумларни териб қайтадан саватга ташлади.
Арава ғичирлаб йўлга тушди. Буйволлар эринибгина қадам ташларди. Уйлардан бирининг олдида, дўнг устида букчайганча бир кампир ўтирарди.
– Салом, бувижон! – овоз беради деҳқон ва яна аравадан тушади.
Бўйволлар сабр билан эгасини кутмоқда. У бўлса энг яхши узум бошларини саралаб кампирга узатади.
– Олинг, бувижон!
– Худо сенга бахт берсин, болам, – дейди кампир, кейин бирдан деҳқонни таниб қолади ва қўлларини тиззаларига уради.
– Вой, бу сенсан-ку Георги! Худо уйингга бахт ато қилсин! Ахир менинг Ясоним сенинг тенгқуринг эди-ку, ўғлим! Тангри унинг ўрнига мени ола қолса, бўлмасмиди?
Яна арава ғичирлади. Атроф рангларга тўла. Гарчи сариқ, яшил, кумуш ва қизғиш ранглар кўп бўлса-да, лекин барибир қизил-қўнғир туслар зиёдароқ. Тепадан бўлса ложуворд осмон гумбаз мисол осилиб турибди. Буйволлар эриниб қадам ташлайди. Арава устида қорасоч, бақувват деҳқон мағрур ўтирибди. У хотинининг тўнғиллашига эътибор ҳам бермайди. Унинг қалбини тушуниб бўлмас қувонч эгаллаган. Куз…
Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон