ХIХ аср адоғи ва ХХ аср аввалида дунёга келган авлод орасидан шундай ажойиб сиймолар етишиб чиқдики, бу авлод ўзбек халқининг маърифатли, ўзбек диёрининг озод ва обод бўлиши йўлида фидойиларча меҳнат қилди ҳамда янги ўзбек ижтимоий ва бадиий тафаккурига, янги ўзбек фани, адабиёти ва санъатига тамал тошини қўйди.
Таниқли шоир ва жамоат арбоби Боту шу муборак авлоднинг муносиб вакили эди.
Боту тахаллуси билан қалам тебратган шоирнинг асл исм-шарифи Маҳмуд Ҳодиев бўлиб, 1904 йил 16 майда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур даҳасининг Қатортерак маҳалласида бўзчи оиласида туғилган. Отаси Мақсуд Ҳодиев замонасининг ўқимишли кишиларидан бўлмаса-да, маърифатпарвар ва тараққийпарвар кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлган, фарзандининг ҳам “элим деб, юртим деб” ёниб яшаётган замондошлари изидан боришини астойдил истаган киши эди. Онаси Тўхта ая эса ақлли, зийрак, китобхон, меҳрибон аёл бўлиш билан бирга, кўплаб халқ қўшиқ ва эртакларининг хазинабони ҳам эди. Нақл қилишларича, Маҳмуджон беш ёшидаёқ “Тоҳир ва Зуҳра” эртагини ёд олиб, бирор сўзини ҳам қолдирмай, онасига қўшилиб айтар экан. Шундай зеҳни ўткир ва тиришқоқ бола ХХ асрнинг 10-йилларида денгиз янглиғ жўшиб-тошган маърифий-ижтимоий ҳаёт бағрида тез улғаяди. У 1918 йилда “Ватан” мактаби қошида Саид Аҳрорий ташкил этган “Изчи” тўдаси машғулотларида, 1919 – 1921 йилларда эса Фитрат ташуббуси билан тузилган “Чиғатой гурунги” ташкилоти йиғилишларида миллатпарвар ва ҳурриятпарвар инсон сифатида шакллана бошлади.
1919 йилда “чиғатойгурунгчилар” Навоийнинг номаълум бир расмини топиб, матбуотда илк бор эълон қиладилар. Боту бу расмни кўриб, унинг ўз тасаввуридаги Навоийга асло ўхшамаслигини айтиб: “Бу хаёлий бир сурат бўлса керак, чунки бу расм, “Қиёфат ул-башар”да айтилишига кўра, нозик табиат, ҳассос, зариф ва басиратли одамнинг суратига ўхшамайди. Семиз, беғам, дудоғи қалин, барча нарсага лоқайд қарайдиган шахсни эслатади”, дейди ва яна “Мен фолбинга ўхшаб кетдимми-а?” деб қўшиб қўяди. Фитрат ижозати билан эълон қилинган бу расмга шубҳа билан қараш устозга нисбатан ҳам, унинг не ҳасрат билан топган расмига нисбатан ҳам ҳурматсизликка йўйилиши ҳеч гап эмас эди. Лекин Боту Навоийга бўлган катта ихлоси туфайли шундай “шаккоклик”ка журъат этган.
Дарвоқе, Боту – янги ўзбек шеърияти тарихида Навоийга бағишланган биринчи шеърнинг ҳам муаллифидир. Улуғ шоирнинг катта хизматларидан бири, унинг назарида, форсий тили соясида қолиб келаётган ўзбек адабий тилида шеърият дурдоналарини яратиб, тилимизнинг форсийдек гўзал ва бой тил эканлигини асослаб берганида эди. Шунинг учун ҳам Боту 1925 йилда ёзилган “Навоий” шеърида улуғ шоир образини яратишга шу адабий “ракурс”дан туриб ёндашган:
…Араб, форсий қуллари
У сўзларни эшитгач,
Хохолашиб кулдилар.
Мазах қилиб: “Бу киши
Телба бўлмиш”, дедилар.
Бундай янглиш сўзларга
У киши ҳеч боқмади.
Буюк тилак йўлида
Кеча-кундуз ишлади.
Сўзларининг ҳақлигин
Ишлар билан кўрсатди.
“У киши ким?” десангиз,
Айтиб берай, ўртоқлар.
У кишини билсангиз,
Буюк шоир Навоий.
Шунинг учун, болалар,
Навоийни севайлик.
Навоийнинг отини
Олтин билан ёзайлик.
Бу шеър ёзилган вақтда дастлаб Бухорода Фитратнинг “Тонг” журналида ва кейинроқ Қўқондаги “Фарғона” газетаси таҳририятларида хизмат қилган Боту Москвага бориб, 1-Москва давлат университетининг иқтисод факультетида таҳсил олаётган эди. У собиқ СССРнинг энг нуфузли олий ўқув юртида билим олиш, шу ердаги адабий-маданий ҳаётни мароқ ила кузатиш билан бирга айни вақтда замона зайли билан Москвада уюшиб қолган Фитрат ва Чўлпон, Турор Рисқулов ва Абдулла Раҳимбоев, Назир Тўрақулов ва Акмал Икромов сингари ватандошларининг Туркистон Республикаси ваколатхонасидаги йиғилишлари, фикр олишувлари, шатранж ўйнашларида ҳам қатнашиб, шоир ва шахс сифатида юксалиш имкониятига эга бўлди.
Шоир Боту бахтли юлдуз остида туғилган эди. У 1919 йили ёзган дастлабки шеърлари билан Фитратдек аллома шоир назарига тушади. Ёш шоирнинг ёруғ келажагига ишонган устоз уни “Чиғатой гурунги” ташкилоти йиғилишларига жалб этиб, унда тарихга, Ватанга, миллатга муҳаббат туйғусини уйғотади. Ўзининг, Чўлпон ва Элбекнинг шеърларидан таркиб топган “Ўзбек ёш шоирлари” (1922) тўпламига унинг ҳам шеърларини киритади. Бундай катта ишончга сазовор бўлган Боту устозлар умидини оқлаш учун ўз устида қаттиқ ишлайди. 1925 йили унинг “Умид учқунлари”, 1929 йили эса “Тўлқин товушлари” тўпламлари чоп этилади. Шеърдан-шеърга, тўпламдан-тўпламга қалами чархланиб, шеърлари яшнаб бораётган Боту шу йилларда ёшларнинг энг севимли шоирига айланади. Бу қувончли ҳолнинг боиси Боту шеърларида тенгдошларини безовта қилган ҳаётий муаммоларнинг, улар қалбида жавлон урган туйғу ва кечинмаларнинг янги поэтик бўёқлар билан ифодаланганида эди. Улар нафақат ёш шоирнинг лирик қаҳрамонида, балки унинг шеърларида тасвир этилган Сора Эшонтўраева, Германияга ўқишга бораётган Хайриниса Мажидхоноваларнинг образлари кўзгусида ҳам ўз руҳий ҳаётларининг ифодаланганини, ўз орзу-умидларининг рўёбга чиқаётганини кўрганлар ва шу ҳол Боту ижодига бўлган қизиқишларини мунтазам равишда алангалатиб турган.
20-йиллардаги ўзбек шеъриятига назар ташлаган киши поэтик мавзунинг хийла юзаки, ҳатто плакатлашган тасвири устуворлик қилганини кўрмай иложи йўқ. Бундай қусур Боту шеърларига ҳам бегона эмас. Аммо унинг энг яхши шеърлари замирида қандайдир сирли туйғулар, сирли ҳолатлар мавжуд, шикаста қалб замзамалари эшитилиб туради. Шоир ўз қалбининг таг-тагида туғён қилиб турган туйғуларни юзага чиқармайди. У ўқувчини ўз шеърлари мағзини чақишга таклиф қилади.
Сўрма, ўртоқ, кўзларимда ўтли ёш қайнашганин,
Сўрма ҳеч бир юзларимда қайғулар ўрнашганин,
Сўрма бу мажнун кўнгилнинг дард ичида ёнганин,
Сўрма бу маҳзун хаёлнинг қай очунда юрганин…
“Сўрма” (1921) деб аталган бу шеър қуйидаги байт билан якунланган:
Дардлилар дард англатолмас дардсиза сўйлов билан,
Кўрсатиб бўлмас қуёшни кўзсиза мақтов билан.
Фитрат ўзининг илмий рисолаларида шогирдининг бу шеърида қўлланган поэтик усул ва воситаларга эътибор қаратиб, уларни бир неча бор таҳлилга тортганки, бу ҳол “Сўрма”нинг унга айниқса манзур бўлганидан шаҳодат беради.
Боту шеърларидан шу нарса сезиладики, у Москвага қилган сафари ва Москвадаги таҳсил йилларида ўзига ва ватандошларига нисбатан совуқ муносабатни, ҳатто ҳурматсизликни кўрган. Аммо шоир буларнинг ҳаммаси унинг эзгу мақсади олдида ҳеч нарса эмас, деб ҳисоблаган. “Йўлчи сўзи” деб номланган шеърнинг қуйидаги сатрлари шундан далолат бериб туради:
Юртдан, элдан узоқда
Истиқбол деб юраман.
Нечундирким тузоқда
Элим онгин кўраман.
Узоқ ва ёт йўлларда
Турли мудҳиш кўриниш.
Бу зўр, улуғ дунёда
Яшаш учун уриниш…
…Кўрдикларим ҳар бири
Меним учун зўр сабоқ.
Билдикларим ҳар бири
Тузоқ учун бир яроқ.
Шоирнинг сафар ва таҳсил чоғларида чеккан хўрлик ва хорликлари бу сатрлар қатидан инграб тургандек бўлади. Унинг “Кўрдикларим ҳар бири Меним учун бир сабоқ” сингари сатрларида чақилмаган маънолар йўқ эмас.
Боту яшаган давр ҳар томонлама оғир ва мураккаб эди.
У Москванинг бегона иқлимида яшаган йилларида юпун кийинган ва тўйимли озиқ-овқатларни истеъмол қилолмаган бўлса керакки, ўша йилларда кенг тарқалган сил хасталигига йўлиққан. Ҳаёти учун ўта хавфли хасталикдан даво топиш учун Ялтадаги шифохоналардан бирига бориб даволанган. Шоир хаёлида минг хил туйғулар чарх уриб, бир-бири билан ошно бўла олмаган бу туйғулар тазйиқида қуйидаги сатрларни ёзган:
Кучли борлиқ, сирли дунё, кўнгилдан бер бир дарак,
Кўпми ғавғо, кўпми савдо менга бахш айлар фалак?
Қайси тоғда, қайси боғда, қайси чоғда сайр этар,
Эрки кўнгил эркини тун-кун қўриқловчи малак?
Бу чўлпонона руҳ билан йўғрилган шеърда Боту, Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романидаги Ленский сингари, кейинги тақдирига назар ташламоқчи ва уни билмоқчи бўлади. У, балки, ўзини қандай синову даҳшатлар кутаётганини сезгандир, ўшанда. Аммо агар сезган бўлишига ҳам қарамай, “Мен яшаш майдонида қўрқиб курашданми қочай?” – деб мақсад йўлида ортга асло қайтмаслигини айтган.
Ҳа, давр ўта оғир ва мураккаб эди. Аммо, бир томондан, унинг юрагида ёшлик тароналари баланд пардаларда янграб тургани, иккинчи томондан, у ўз олдига халқ ва Ватан тақдири билан боғлиқ буюк мақсадни қўйгани учун даврнинг бу жабру жафоларига дош берди. Дош берибгина қолмай, табиатининг сеҳрли манзараларига суқ билан назар ташлаб, бу ташвишли дунёни унутгандек бўлди; ойдин кечалардаги қора паранжи ёпинган дарахтларнинг шитирлашларига қулоқ солди, ойнинг булутлар билан курашиб, улар қуршовидан ғолибона салобат билан чиқиб келишларини кўрди, гўзал орзулар оққуш янглиғ қанот ёзган қалби мавжларини қоғозга туширди:
Ойли тун, оппоқ, илиқ қўйнингда озроқ дам олай,
Кучли бир денгиз каби тўлқинни ташлаб, тинч қолай.
Бир нафас тинч қолганимда орқа-ўнгга бир қарай,
Кечдигим йўлларда қолган турли изларни санай.
Турли излар кўнглидан тилсимли сирларни сўрай,
Сўнгра турмуш каъбасида саждаларга бир қарай.
Сўнгра борлиқ боқчасинда қип-қизил гуллар терай,
Сирли тўлқин амрига фикру хаёлимни берай…
Ботунинг бундай гўзал лирик шеърларини ўқиган киши унинг келажакда Чўлпон анъаналарини давом эттириб, ўзбек шеъриятини янги босқичга олиб чиқа олиш салоҳиятига эга бўлганига қаноат ҳосил қилади. Лекин, афсуслар бўлсинки, давр унга бундай имкониятни бермади.
Биз юқорида Ботуни бахтли юлдуз остида туғилган, дедик. Афсуски, мустабид тузум ўзининг қонли қиличини биринчи навбатда шундай сиймоларга қаратган эди.
Фитрат ва Чўлпоннинг шогирди бўлмиш Боту, замондошларининг шаҳодат беришларича, туркий ва форсий адабиётнинг Навоийдан бошлаб ҳеч қачон оғиздан қўймаган. “Ботунинг севган шоирларидан бири, – деб ёзган эди Лазиз Азиззода, – Фузулий эди. Табиат ҳаммага катта ақл ва юксак истеъдодни беравермайди. Лирикаси бир олам бўлган Фузулий каби бир шоирнинг дунёга келиши учун кўп вақт кутиш керак бўлади. Унинг:
Эй Фузулий, манзили мақсуда етмак истасанг,
Ҳеч раҳбар ўзмаз, атвори мустаҳсан каби
парчасидан ҳам лаззатли шеър, ҳам кўркам ахлоқ дарси оласиз,” дер эди.
Шарқ мумтоз адабиётига нисбатан оташин муҳаббат руҳида тарбияланган Боту Москвага борганида билим хазинасини бойитишга катта эътибор берди. Агар у 1927-1929 йилларда Тошкентда ишлаб турган чоғида Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) олимларидан А.Л.Вайнштейн, В.А. Ключевский, В.И.Романовский, А.Э. Шмидт, А.Семёновлар билан яқин муносабатда бўлиб, улар билимидан баҳраманд бўлишга интилган бўлса, Москвада унинг қаршисида бундан-да катта имконият пайдо бўлгани учун дунёга машҳур олимларнинг, биринчи навбатда А.В.Луначарскийнинг адабиёт ва санъат ҳақидаги маърузаларини “сувдек симириш”ни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Университетда уюштирилган адабий кечаларни, турли-туман клубларда ўтказилган ва тонгга қадар давом этган баҳс ва мунозараларни, “Никитин шанбаликлари”ни канда қилмади. Бу шанбаликларда рус шоир ва ёзувчиларининг янги асарлари Луначарский иштирокида таҳлил қилинар, ижодий баҳслар ўтказилар, таниқли шоирлар ўзларининг янги шеърларини ўқиб беришар эди. Боту шундай адабий йиғинларда А.Серафимович, М.Безимянский, М.Жаров сингари қалам аҳли билан шахсан танишиб, улар билан мулоқотда бўлган. Москванинг қизғин адабий ҳаёти Ботуни маҳлиё қилганига қарамай, у мумтоз рус адибларидан Пушкин, Лермонтов, Толстой, Чехов асарларини кўпроқ ўқиган. Шоирнинг рафиқаси Валентина Васильеванинг хотирлашича, Пушкин унинг, айниқса, севимли шоири бўлган. “Боту, – деб ёзган эди у, – табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлар, гўзал нарсаларни кўрганда маҳлиё бўлиб қолар, қуёшнинг чиқиш ва ботиш пайтидаги манзарага узоқ тикилиб турар, Москвада кезиниб юришни севар, кўркам уйлар, боғлар, ҳайкалларга алоҳида диққат-эътибор берарди. Пушкин ҳайкали ўрнатилган хиёбон эса унинг энг севимли жойларидан бири бўлиб, у шу ерда ўй-хаёлга берилиб, ҳордиқ олар эди”.
Боту Пушкин ҳайкали қаршисида ўтириб, ўй-хаёлга берилган чоғларида улуғ рус шоирининг сўлим шеърларини ичида ёд ўқир ва тақдир унга ижод билан шуғулланиш имконини берганида уларни, албатта, ўзбек тилига таржима қилишни орзу қилар экан. Унинг таржимон сифатида орзуларидан яна бири Чеховнинг ғаройиб ҳикояларини ҳам ўзбек китобхонларига тақдим этиш бўлган. Афсуски, Боту Пушкиннинг бирорта шеърини таржима қилиш шарафига муяссар бўлмади. Чеховнинг эса фақат “Ванька” деган ҳикоясинигина ўзбек тилига ўгирди, холос.
Боту, нақл қилишларича, Акмал Икромов билан дўстона муносабатда бўлган. Акмал Икромов Москвага келганида, одатда “Метрополь” меҳмонхонасида яшар, аммо у Москвага онда-сонда келгани учун Боту хотини билан бирга унинг хонасида истиқомат қилган. Таниқли давлат арбобининг фарзанди Комил Икромов отаси ҳақидаги китобида шу ҳақда баҳс юритиб, бундай унутилмас воқеани баён этган: “Маҳмуд (Боту демоқчи – Н.К.) ётоқхонада, Акмал (Икромов демоқчи – Н.К.) эса “Метрополь” меҳмонхонасида яшаган. Омадни қарангки, Акмал тез-тез Осиёга бориб яшагани учун хонасини бизларга қолдирар эди. Биз унинг хонасида дўст-ёрларимизни кутиб олардик. Маяковский бизнинг меҳмонимиз бўлган, палов еган. Бир куни Есенин ҳам келган. Бизга уни пияниста дейишарди. У эса бир пиёла ҳам ичимлик ичмади. Паловдан урди, ароққа эса ҳатто қарамади.
Маяковский Акмалга Маҳмуднинг истеъдодли эканини айтган. Лунчарский ҳам: “Ўртоқ Икромов, бундай шоирларни эҳтиёт қилиш, уларга ёрдам бериш лозим”, деган.
Биз учовлон бўлиб театр, концерт ва адабий кечаларга борар эдик. Акмалнинг рухсатномаси бор эди, шу рухматнома билан бормаган жойимиз қолмаган. Кейин эса бизга Женя (Акмал Икромовнинг рафиқаси Е.Л. Зелкина – Н.К.) ҳам қўшилиб, биз тўртовлон бирга борадиган бўлдик”.
Бу узуқ-юлуқ хотиралардан Ботунинг Москвада қайноқ адабий ҳаётда яшаб, ҳам замонавий, ҳам мумтоз рус шоир ва ёзувчиларининг асарларини завқ билан ўқигани, улар маҳорати “сир”ларини қунт билан ўргангани равшан бўлади.
Ҳикоя қилишларича, Боту Москвадан қайтаётганида турли соҳаларга оид 3 ярим мингдан зиёд китобни олиб келган. Бу китоблар орасида рус ёзувчиларидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Толстой, Чехов ва Горькийнинг, ғарб ёзувчиларидан Гюго ва Золянинг, олимлардан эса Бартольд, Семёнов, Поливановларнинг кўп ва якка жилдлик асарлари бўлган, дейишади.
Москва Давлат университетини биринчилар қаторида тугатган Ботунинг 1927 йил ёзида ватанига қайтиши фақат оиласи ва ёр-дўстлари учун эмас, балки барча тошкентлик ёшлар учун ҳам байрам бўлди. У республиканинг ўша йиллардаги пойтахти Самарқандда қисқа муддат турли лавозимларда ишлаганидан сўнг маориф халқ комиссари ўринбосари этиб тайинланади. Комиссарлик ихтиёридаги миллий мактаблар рус мактабларига қараганда бир неча маротаба кўп бўлганига қарамай, комиссарликка ўрнашиб олган кимсалар маориф учун ажратилган маблағнинг катта қисмини рус мактабларига бериб келганлари маълум бўлади. Нафақат Маориф халқ комиссарлиги, балки бошқа давлат идораларини ҳам руслар эгаллаб олиб, миллий кадрларга кун бермаётганлари ҳақидаги фактлар тўла тасдиқланади. Боту шундай ҳолларни бартараф этиш мақсадида Маориф халқ комиссарлигида ерлилаштириш масаласини кўтарди. Бу, тегишли идоралар томонидан миллатчилик сифатида баҳоланиб, комиссарлик ходимларининг Боту бошчилигида катта бир гуруҳи 1930 йил 23 июлда қамоққа олинди.
“1929 – 1930 йиллар бўлса керак, – деб эслаган эди Ботунинг ўғли, тиббиёт фанлари доктори профессор Эркли Ҳодиев, – уйимизга Сегизбоев, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, адабиётчилардан, ёдимда бор, Жулқунбой, шоир Абдулла Алавий (у 1931 йили Ялтада ўпкасидан қон келиб вафот этган) ва бошқалардан иборат катта даврда тўпланган эди. Ҳозиргидек ёдимда: норин тайёрланган. Ўшанда отам ўринларидан туриб, менга бағишланган ва ёрқин келажак тилаган шеърларини ўқиб берганлар. Отам шеър ўқиб бўлгач, ҳамма мен каби болаларнинг нурли келажак меъморлари бўлиши ва бахтли-саодатли яшашларига ишонч билдирган’’.
Бу Ботунинг оиласи ва яқин кишилари бағридаги сўнгги бахтли кунлардан бири эди. Ўн йиллик қамоқ жазосини Соловей оролларида ўтаётган Боту 1938 йил Москвага чақиртириб олинди ва қайта суд қилиниб, ўша йилнинг 9 майида отиб ташланди.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон