Тўқтасун Самудинов (Токтосун Самудинов) 1941 йил 5 сентябрда Қирғизистоннинг Сокулук туманида туғилган. Қирғизистон давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Қирғизистон халқ шоири (2007).
ОВЧИ
Диёримиз ажойиб,
Даласи бор, дашти бор.
Ростин айтсам, оғайни,
Овнинг қизиқ гашти бор.
Насибангга яраша,
Учраб қолар лойиғи.
Гоҳ ҳийлагар тулкивой,
Ёки маймоқ айиғи.
Қирғовулга йўлиқсанг,
Сарсон қилар, биродар.
Бўри чиқар йўлингдан,
Оҳу қочар саросар.
Ов завқидан юткиниб,
Уйдан чиқдим шошилиб.
Елкамда шай турибди
Фотомилтиқ осилиб…
ТОҒДАН ҚАРАСАНГ
Тоғдан туриб қарасанг,
Сувлар тўхтаб қолгандай…
Жилғадаги овуллар
Худди кафтга солгандай.
Кўзим тўймай, атрофга
Қайта-қайта қарайман.
Сакрар, чопар улоқлар
Шундоққина саройда.
Машинадан чиққан тўз
Қуйруқ боғлаб қувалар.
Сой бўйида ёлғиз уй,
Пастда адир, увалар.
Шамол изғир зириллаб,
Булут ўтар яқиндан.
Ўт, оловдир қалбимиз,
Тоғлар бизга топинган.
БЕДОВ ЧОПДИМ
От ёлида туғилмоқлик
Одат бўлиб қолган экан.
Мендай пайтда бобом отчан,
Ердан танга олган экан.
Ҳозир эса тамом бошқа,
Ишга ошар ният деган.
Бироқ тоғлик бола бўлиб,
От минмаслик уят экан.
Тўғри, катта шаҳарларда
Миниш учун от бўлмайди.
Аммо эслик болаларга
Йилқи асли ёт бўлмайди.
Той кишнаган жилғалардан
Менга оғир айри тушмоқ.
Ҳаддан зиёд дилга яқин
Отам ўсиб-унган қишлоқ.
Ер айланар отга минсам,
Нега уни хушламайин?!
Бугун роса бедов чопдим,
Эгар қошин ушламайин.
ҚУШЛАР
Қалдирғочлар яхшийди,
Басма-басга ўйнасак.
Ини турар, ўзи йўқ,
Кетиб қопти ўйласак.
Чуғурчуқ ҳам соз эди,
Басма-басга ўйнасак.
Уяси бор, боласи йўқ,
Парвоз қипти ўйласак.
Куз келганда барчаси
Жўнашибди олисга.
Қишлик уст-бош бўлмагач,
Тўғри келмас қолишга.
Попишагу, укки йўқ,
Яхши эди қолгани.
Кўк тоқида турналар
Арғимчоқлар солгани.
Меҳмон қушлар юртига
Хавф-хатарсиз қўнсайди.
Яна қайтиб келгунча,
Эсон-омон бўлсайди.
ФИЛ ВА ЧИЛ
Тўртинчилар иншо ёзди,
Юрак ютиб, ботиниб.
Жамолбекдан бошқаси
Беш, тўрт олди қотириб.
Партадоши Янгибойдан
Улгурмабди кўчириб.
Қараб бўлмас дафтарини,
Ёзган, чизган, ўчириб.
Чил дейишнинг ўрнига,
Фил учди деб ёзибди.
Ўқитувчи опайнинг
Роса боши қотибди.
Ялқовлигин ташламаса,
Ёмон бўлар, биламиз.
Фил учирган лофчи деб,
Масхаралаб куламиз.
УЧРАШУВ
От Зебрага учрабди,
Балки ростдир, ёлғондир.
Ажабтовур бу суҳбат
Шеърга тушиб қолгандир.
– Йўлатмайсан ҳеч кимни,
Чопқиллайсан саросар.
Эшак, хачир деган бор,
Зотинг нима, биродар?
– Билсанг керак, оғайни,
Насабим аниқ, тайин.
Айбим, одам йўламас,
Наслим йилқи сендайин.
– Бўйинчани билмайсан,
Бошга жабдуқ илмайсан,
Белга эгар киймайсан,
Сен йилқимас, ҳангисан…
ДАРСДА
– Ёд биласан “Алифбе”нинг
Ўттиз икки ҳарфини.
Таниб қолдинг шоирларни,
Тўқтағулни, Барпини.
Айт-чи, сурат остидаги,
Недир оддий рақамлар?
Жавоб берди Тўлаган
Сонларни қўшиб, жамлаб:
– Домлажон, булар бари –
Соткасин рақамлари…
ҚИШДАГИ МУСОБАҚА
Дарсдан кейин тенгдошлар
Қир остида топишдик.
Ечиб куртка, палтони,
Ким ўзарга чопишдик.
Қирда қолди изларимиз,
Ботинканинг, этикнинг.
Ўзиб кетди Искандар,
Аттанг, мен-чи, кечикдим.
Қорнинг қалин эканлигин
Олдинроқ кўрганимда,
Мен ҳам ўзиб кетардим,
Ялангоёқ бўлганимда…
Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари