Яхши-ёмон кунларда ҳамфикр, ҳамдард қидирамиз. Кўпинча улар оила бағридан топилса-да, яна кимнидир кутамиз, қадамига интиқ бўламиз. Бу — қўшнимиз.
Қўшничилик халқимизда қадрият даражасига кўтарилган. Шундай қўшнилар борки, бир оила аъзоларидай. Бир-бирларига муносабатидан кўнглингиз яйрайди. Яна шундай қўшнилар ҳам борки…
Яхшиси, ёзишга ундаган воқеадан бошлайлик. Қадимда эмас, худди ҳозирги замонда икки қўшни яшаётган экан. Яратган уларга мол-давлат берибди. Фарзанддан ҳам қисмабди. Бойлик, дунё борган сари уларни ўзига тортаверибди. Пул кетидан келаётган пул икки қўшнининг ҳам ўй-хаёлини банд этибди. Энди улар ўзларини, дунёларини одамларга кўрсатиб қўйишни истаб қолибдилар. «Кўргазма»ни уйни баландлатишдан бошлабдилар. Деворни, томни кўтарибдилар.
Биринчи қўшни уйни қанча баландлатмасин, иккинчисиникидан пастроқдай туюлаверибди. Аксига олиб, у қўшнига ҳам бунинг девори баландга ўхшаб кўринармиш. Шундай қилиб, у ҳам уйни кўтараверибди, бу ҳам. Биринчи қўшни уйни қанча кўтарса, иккинчиси ундан баланд қилиб қўяверибди. Кейин яна… Ўртада фарзандлар ҳам «Паст-баланд» ўйини билан овора. Охири… жанжал кўтарилибди. Бошқа қўшнилар ҳам бу ғалвалардан чарчабдилар. Тез орада бу машмаша маҳалла оқсоқолининг қулоғига етиб борибди. Оқсоқол икки қўшнини ортиқча уришмабди, сўкмабди. Фақат шундай дебди: «Йўлнинг у ёғидаги Қурбон акани биласизми? Хоҳласа, икковингизникидан ҳам баландроқ уй қурдиришга қурби етади. Лекин уйига бир қаранглар». Маҳалла оқсоқоли назарда тутган кишининг уйи оддий ва бошқа қўшнилариникидан фарқ қилмас эди. Аслида, бир-бирини «эйиш»га-да тайёр турган икки қўшнига бу гаплар ҳар қандай танбеҳу уришлардан ҳам оғирроқ эди.
Бу воқеанинг «қадим замонда шундай бўлган экан» деб бошланишини жуда хоҳлаган эдик. Афсус…
Қўшничилик, қўшнининг ҳақлари ҳақида ҳадисларда ҳам айтилган. Бухорийдан ривоят қилинган мана бу ҳадисларга эътибор беринг:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига азият бермасин».
«Жаброил менга қўшни ҳақида тинимсиз васият қилар эдиларки, ҳатто яқинда қўшни меросхўрга айлантирилса керак, деб ўйлаб қолдим».
Расулуллоҳ(с.а.в.): «Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!» – деб уч марта қайтардилар. «Ким?»- дейишди. У зот: «Қўшнилар унинг азиятидан омонда бўлмаган киши», дедилар.
Лекин бугунги «янги» қўшнилар-чи? Уларнинг ўзаро бегоналардай муносабатларидан ажабланасан киши. Бир-бирини танимайдиган қўшнилар озми?
— «Дом»га келганимизга бир ярим йил бўлди, — деб гап бошлади бир суҳбатдош акамиз. — Аёлим ёш боламизга қарайди. Гўдак эмасми, соатлаб йиғлаган пайтлари ҳам бўлади. Айниқса, иситмалаб қолганда. Тўғриси, мени боламнинг йиғисидан ҳам кўра қўшниларнинг муносабати қийнайди. Ҳол-аҳвол сўрамаса ҳам майли, шу боланинг йиғлаганига жаҳл қилишади. Қишлоқда бўлса-ку, «Нима бўлди?» деб югуриб чиқадиганлар кўп. Бу ерда эса… Энди болам йиғламаса эди, деб ҳайиқадиган бўлдим.
Ҳақиқатан ҳам, бир девор ортидаги инсонларга шунчалик бефарқмизки, ҳатто уларнинг исмларини ҳам билмаймиз. Ёки қўшнимизнинг фаровон турмушига ҳасад қилиб, унга ёмонлик тилаймиз. Ҳатто қўшничилик билан боғлиқ шундай латифанамо гаплар ҳам пайдо бўлди. Сеҳргарни учратиб қолган бир одам ундан бирор тилагини рўёбга чиқаришини сўрабди. Сеҳргар эса бир шарт билангина рози бўлишини айтибди. «Агар хоҳлаган тилагингни амалга оширсам, қўшнингга худди ўша нарсанинг икки баробари насиб этади», — дебди у. «Унда бир кўзим кўр бўлиб қолсин», дебди бояги одам. Ҳар бир латифаю ҳангоманинг тагида ҳам бир ҳақиқат, яширин дард бўлади. Биз эшитиб куладиган юқоридаги ҳазилнамо ҳикмат аслида йиғлашга ҳам асос бўлиши мумкин.
Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас(аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшаётган қўшнидир, деган экан Ҳасан Басрий. Энг ачинарлиси, биз қўшнимизнинг яхши-ёмонлигини ҳам билмаймиз. Бу қандай қўшничилик бўлди?
Шундай пайтлар борки, қўшнининг бир оғиз сўзига илҳақ бўласиз. Бундан ташқари, қўшнилар хонадонингиз қўриқчиси, уйингизга келиб-кетганларни назорат қилиб ҳам туришади. Лозим пайтда, фарзандингизни боғча ёки мактабдан олиб келиб, ёрдам беради. Иссиқ-совуғингизда биринчи «лаббай» дегувчилар ҳам улар.
Шукрки, кўнгилни ёриштирадиган бир таскин бор: яхши қўшнилар ҳам оз эмас.
Бир онахон ўғил уйлантирди. Тўй куни унинг яқин қўшниларидан бири шифохонага тушиб қолди. У дарров тансиқ таомлардан олиб, шифохонага югурди. Қўшнисини кўриб, ҳол-аҳвол сўрамагунча кўнгли тинчимади. Уйига узоқ-яқиндан келаётган юзлаб қариндошу таниш-билишдан ортиб, қўшни розилиги учун югураётган аёлни кўриб одамийлик ўлмаганига, яхши қўшнилар борлигига қувондик…
Маҳалладан ўтган-кетганларни суриштирадиган, сўроққа тутадиган ёши улуғроқ отахон ёки онахонлар болаларнинг ҳам ортиқча шўхлик қилишига, экинларни пайҳон этиб, дарахт шохларини синдиришига йўл қўймайди. Бизга ёқса-ёқмаса, ана шундай «маҳалла назоратчиси»нинг ўз ўрни бор. Эҳтимол, баъзи ўғил-қизларнинг бебош бўлиб кетаётганига қўшничилик муносабатларимизнинг яхши эмаслиги ҳам сабаб бўлаётгандир…
Шундай экан, ёшларга ҳам қўни-қўшничилик анъаналарини ўргатиб бориш керак эмасми? Ўйлаб кўринг-чи, охирги марта қўшнингиз билан қачон гаплашдингиз?
Беҳзод Фазлиддин