Азаматнинг бор умиди шу ишидан эди. Ўтган ҳафта келганида бошлиқ “Бизга ишчи керак. Кейинги ҳафта келинг, албатта, қабул қиламиз” деганида ўзида йўқ севиниб кетганди. Бир ҳафта тилла топган гадойдек кўнгли тўқ бўлиб юрди. Бугун тонгда уйғониб, соқолини олди, ўзига оро берди. Хотинининг нонуштасига ҳам қарамай, йўлга отланди. Унинг ҳаяжондан юраги дукиллаб урар, ичида ишқилиб олсинда, деган сўзларни мингинчи бор такрорларди эҳтимол. Етиб келганида бошлиқ тугул ҳатто котиба, ходимлар ҳам ишга келмаган экан. Дарвозани очган қоровул чол унга норозиланиб тўнғиллади:
— Ишчилар келишсин, кейин кирарсан!
Қоровулнинг иддаоси ҳам Азаматнинг кайфиятини бузолмади. У чеккароққа ўтиб, умидли нигоҳини машиналар ғизиллаб ўтаётган кўчага тикди. Қанийди, тезроқ бошлиқ кела қолса-ю, у тайинланган ишни бошласа. У кўпроқ ишлашни, намунали ходим бўлиб, бошлиқнинг назарига тушишни орзулаб, хаёлга берилди. Кунлар шамолдек ўтиб, маош тарқатиладиган кун келади. У қўлига тушган пулларни тийинини ҳам ишлатмасдан уйига олиб боради. Хотинига, болаларига қандай ишлаганини шу пуллар кўрсатади…
— Ҳой, бошлиқ келди, кирмайсанми? — деди қоровул чол бир пайт беписанд оҳангда.
Азамат чўчиб тушди. Уйқудан уйғонибоқ, хушхабар эшитган одамдек севиниб, ичкарига кирди. Котиба “бироз кутинг” деб уни ўриндиққа таклиф этди. Азамат бир соат кутди. Бошлиқ муҳим масалани ҳал қилаётганини айтишди. Девордаги соат миллари Азаматнинг асаб томирларини узмоқчидек борган сари баландроқ чиқилларди. У бетоқатлик билан даҳлизга чиқди. Ходимларнинг у ёқдан буёққа ўтаётганини кўриб, бироздан кейин ўзи ҳам ўшалар орасида бўлишини ўйлаб, энтикиб жилмайди. Котиба унга ичкарига киришини айтди.
— Кечирасиз, ҳозирча ишчи қабул қила олмаймиз. Ўзимиз ишчиларимизни бўшатяпмиз. Ташкилотнинг молиявий аҳволи шуни талаб қиляпти, — деди бошлиқ қуруққина қилиб.
Азаматнинг бирдан бўшашиб кетди. Бошлиқнинг юзига умид билан мўлтиради. Унинг турқи ўзгармаганини кўриб, чорасиз ўрнидан қўзғалди. Оёқ-қўллари ўзига буйсунмай, олдинга илдамлади. Бироздан кейин Азамат ўзини машиналар қатновидаги кўчада кўрди. Юрагини яна ўша ёқимсиз, эзгин ҳислар эгаллади. Адашиб қолган болакайдек атрофга аланглади. Оёқлари яна унга буйсунмай одимларди.
— Э, кўзингга қарамайсанми найнов! — деди ҳайдовчилардан бири ўдағайлаб.
Азамат машина йўлида турганини кўриб, қўрқиб кетди. Ҳайдовчидан узр сўрашни ҳам унутиб, чеккага ўтди. Машиналар катта йўлдан ғизиллаб ўтар, йўлнинг нариги томонига ўтишнинг иложи йўқ эди. Азамат ортга қайрилиб, йўлак бўйлаб кета бошлади. У шу дамда нима ҳақида ўйлашни ҳам билмасди. Авваллари иш йўқлигини эшитганида юрагига ўт кетгандек бўларди. Ўзини камситилгандек ҳис қилиб, жунбушга келарди. “Шунча одам ишлаб юрибди-ку. Нега битта менга иш топилмас экан. Улардан қаерим кам?..” дерди алам билан сўкиниб. Бугун эса ҳеч нарса демади, сўкинмади. Гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдек бўшашиб ортига қайтди.
— Акажон, садақа беринг! Болаларингизни роҳатини кўринг, қўша қаринг, илойим!.. — дея қаршисида қўл чўзиб турган лўли болани кўриб, юзи буришиб кетди. Кейин эса лўли бола ушлаб олган қўлини силтаб олдинга интилди. Болакай унга янаям қаттиқроқ ёпишиб олди. Азамат болани итқитиб ташламоқчи бўлди-ю, унинг кўзидаги умидни кўриб, ғалати бўлди. Бу беғубор тиланчи боланинг нигоҳидаги умидни улоқтириб ташлаёлмади. Беихтиёр чўнтагига қўл суқди. Бармоқларига юз сўмлик пул илашиб чиқди. Азаматнинг қўлидан пулни олган бола дуо қилиб, узоқлашди. У болакайни ортидан бир муддат тикилиб туриб, яна қайта чўнтагини кавлади. Қуп-қуруқ. Азамат болакайга бериб юборган охирги пулига ачинмади. Авваллари тиланчиларни кўрса Азаматнинг энсаси қотиб, жаҳли қўзирди. Бугун эса ундан жирканмади.
Йўлда бир-икки танишига дуч келган Азамат уларнинг олдида гаплашиб турмасдан тезроқ узоқлашишни лозим топди. Чунки иши, маоши тўғрисида суриштиришларини истамасди. Уйига қайтай деса, яна иш тополмаганини хотинига қандай айтади? Бу сафар Муяссарнинг фиғони фалакка чиқиши тайин. Ахир беш ойдан бери эрининг бугун топаман, эртага албатта, ишга кираман дея қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришига зўрға чидаб турибди. Бир-икки марта рўзғордаги камчиликларни айтиб, Азаматдан балога қолди.
— Менам ўйнаб юрганим йўқ-ку, иш излаяпман. Насиб этса бугун албатта, топаман, — деб чиқиб кетарди Азамат.
Кечқурун эса сувга тушган мушукдек шумшайиб кириб борарди. Хотинининг саволомуз нигоҳига қараёлмай, чарчаганини баҳона қилиб, ётоқхонага ўзини урарди. Бироздан кейин болалари чиқиб, овқатга чақирар, у эса истар-истамас ташқаритга чиқарди.
Бугун эса кузнинг сўнгги япроғи узилиб тушгандек Азаматнинг юраги ҳам бўм-бўш бўлиб қолганди. У тентираб кечгача кўчаларни кезди, қоронғи тушганида уйига кириб борди.
— Бугун бошлиқ келмади, эртага келармиш, — деб ёлғонлади Азамат хотинининг кўзига қараёлмай.
— Уф, ўлсин шу эртаси ҳам ҳеч тугамас эканда. Яхшиси, ўзим ишга чиқаман. Бир бекат нарида янги супермаркет очилибди, бориб кўрдим. Фаррош керак дейишди. Эртага бошлиғига кириб, ишга киришимни айтаман!
Азамат хотинида бунчалик қатъият борлигини билмаганди. Уни энди кўраётгандек анграйиб қолди. Хотини овқат ейишга ундади. Аммо Азаматнинг томоғидан овқат ўтмай, яна ётоқхонага кирди. “Менга нима жин урган ўзи? Нимага борган жойимда иш йўқ, деб қайтараверишади. Ё пешонамга “касофат” деб ёзиб қўйилганми?..” дея унсиз йиғларди у. Болаларини ухлатиб бўлгач, хотини ёнига кирди. Муяссар чироқни ўчириб, оғир хўрсинди. Азамат хотинининг аламдан бақириб-чақиришини, йиғлаб-сиқташини истарди. Ҳеч бўлмаганда юрагидаги ғуборларни чиқариб ташласа, ичига ютмаса дейди. Бироқ Муяссар индамайди, хўрсинишдан нарига ўтмайди. Азамат қоронғида кўрмаса-да, хотинининг шифтга термилиб ётганини сезиб турар, ортиқ бундай сукунатга бардоши етмасди. Ўрнидан туриб, кўйлагини кийди. Эшикни ёпганида ҳам Муяссар миқ этмади. Азамат ҳовлига чиқиб, чуқур нафас олди. Кўзи осмондаги ғужғон юлдузларга қадалди. Ўзининг ёруғ юлдузини қидирди, тополмади. Ишонмай, яна қайта синчиклаб кўздан кечирди. Йўқ. Унинг толе юлдузи йўқ. Азаматнинг юраги увишди. Болалигидан унга ҳамроҳ бўлган, кўзини қувнатган энг ёруғ юлдузи бугун кўринмасди. Тўйиб йиғлагиси, самони тит-питини чиқариб бўлсаям ўз юлдузини топгиси келди. Қўли етмаслиги, чорасизлиги алам қилиб кетди. Эсида, болалигида ёз келди дегунча кечаси ҳовлидаги кенг кароватда акалари билан ётарди. Азамат энг чеккадаги ўринда ухларди. Акалари куни бўйи ишлаганидан тезда уйқуга кетишар, Азамат бўлса ярим тунгача осмон тўла юлдузларга маҳлиё бўлиб тикиларди. Ғужғон юлдузлар орасидан энг ёруғини ўзиники қилиб танлаганди. У ҳар куни ўз юлдузини соатлаб томоша қиларди. Митти юраги кун келиб у ҳам юлдузи каби каттакон, таниқли одам бўлишини уқтирарди. У институтга ўқишга кирганида ҳам, кейинчалик ишлаб, шаҳарда уй-жойли бўлганида ҳам кечалари осмонга қараб, ўз юлдузига термилишни канда қилмади. Юлдузи ҳам унинг интиқлигини сезгандек ярқираб пайдо бўларди. Бугун ундан дом-дарак йўқ. Азаматнинг юраги ғашланиб, ҳовлидаги ўриндиқда бироз ўтирди. Кейин уйига кириб, уйқуга ётди. Тушига ҳам юлдузи кирибди, Азамат уни ахтариб юрганмиш.
Эрталаб шикаста руҳ билан уйғонган Азамат ўғлидан онасини ишга кетганини эшитиб, ғалати бўлди. Муяссарнинг кечаги шаҳди ҳақ эканлигини сезди. Қизи мактабга кетган, ўғли ўйинчоқларини ўйнаб ўтирарди. Азамат уларга нонушта тайёрлаб бериб, ўзи телевизорга тикилди.
— Дада, кўчага чиқаман! — деди ўғли инжиқланиб.
— Кўчада нима қиласан, манави ўйинчоқларингни ўйнаб ўтирсангчи, — деди Азамат жеркиниб.
Ўғли уч ёшга кирган бўлсаям кўнгли бўш эди, дарров йиғлаб юборди. Азамат уни кўчага олиб чиқишдан ўзга чораси қолмаганини пайқаб, кийинди. Йўлакча бўйлаб юришди.
— Дада, чуппа чупс! — деди ўғли нарироқда турган сотувчи аёлнинг олдидагиларга имо қилиб.
— Эртага олиб бераман.
— Йўқ, ҳозир олиб беринг!.. — дея хархаша қилди ўғли.
Сотувчи аёл болакайнинг умидворлигини сезгандек унга қараб ялтоқланди:
— Чуппа чупс хоҳлайсанми, айланай. Дадаси, шу ширин болага обера қолинг.
Азамат ўғлининг билагидан тутиб, кетишга чоғланди.
— Ўлсин энди шу беш юз сўмлик конфетни обермасангиз…,— Сотувчи иддао билан чимирилди.
— Обера қолинг!.. — деди бола йиғлаб.
Ўғлининг кўз ёш тўкиши Азаматнинг жаҳлини чиқарди. Уни силтаб олдинга юрмоқчи эди, ўғли тихирлик қилиб туриб қолди.
— Юр!.. — дея ўдағайлаганча ўғлининг юзига қараган Азамат унинг нигоҳида у лиммо-лим илтижони кўриб, ғалати бўлиб кетди. Боланинг кўзида кучли хоҳиш-истак, алам ўрнашиб қолгандек эди. Бу умидвор нигоҳларни рад этишга инсон зотининг бардоши етмайдигандек эди. Азамат беихтиёр чўнтагини кавлади. Ўғлининг илтижоли нигоҳи, сотувчининг ғолибона табассуми уни довдиратиб қўйганди. Чўнтакларини қайта-қайта кавлаштирди, ҳеч вақо йўқ.
— Ўғлим, ҳозир шошилиб чиқибман. Уйга кирайлик, пул олиб чиқиб олиб бераман, — деди Азамат юмшоқлик билан.
— Йўқ! — Ўғлининг ўжар, жарангдор овози янгради.
Азамат яна ўтинди. Ахийри болакай отасининг гапига ишониб, унга эргашди. Сотувчи хотиннинг эса яна аламли ғўлдираши эшитилди.
Азамат уйга кириб, ўзини ваннахонага урди. Юрагини тўлдириб юборган алам ўкирик бўлиб отилиб чиқди. У бақувват кафтини оғзига тўсиб йиғларди.
Муяссар кечаси қайтди. Унинг ҳорғин чеҳраси, синиққан рангига қараб Азаматнинг юрагидаги изтироблар жунбушга келди. “Эртага ўзим ишга чиқаман!” деди тишларини ғижирлатиб.
Муяссар унга ёвқараш қилди. Азамат унинг нигоҳларига дош беролмади.
У соатни тонгги бешга уйғотадиган қилиб, уйқуга кетди.
Соат бир маротаба жиринглаши билан ўрнидан дик этиб турди. Оёқ учида юриб, даҳлизга чиқди. Ўн беш дақиқада кийиниб, кўчага отланди. Хотинининг сезмагани уни қувонтирар, назарида бугун омади келиб, иш топадигандек туюларди.
У анча йўл босди. Бир неча ишхонага кириб чиқди. Улардан жўяли жавоб ололмагач, йўлида давом этди. Бугун шаҳарни пиёда айланиб чиқсаям иш топиши керак. Шу пайт кўзи йўл ёқасидаги симёғочга ёпиштирилган “Даромадли иш” деб ёзилган қоғозчага тушди. Юраги қувончдан кўксини ёриб чиққудек эди. Қоғозчани олиб, обдон кўздан кечирди. У ерда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилишни ўйлади. Ёнидан елиб-югураётган йўловчилардан телефон сўради. Гўшакни ёқимли овозли қиз кўтарди. У ишхона манзилини айтди. Телефонни миннатдорона эгасига қайтараётган Азамат айтилган манзилга учиб боргудек эди.
Айтилган жой узоқ бўлгани учун Азамат тушликдан кейин кириб борди. Ишхона кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашганди.
— Бироз кутинг, ичкарида одам бор, — деди ёш қиз уни таклиф қилиб.
Азамат ўриндиққа чўкди. Бошлиқ билан бўладиган суҳбатни хаёлан ўйлади. Бу гал ишга киришини таъкидлаётгандек юраги гурсиллаб урарди. Ниҳоят, ичкаридаги киши чиқиб, Азамат кирди. Бошлиқ ўрта ёшли, жуссаси миқтигина киши эди. Азамат билан қуюқ сўрашиб, ўтиришга таклиф қилди.
— Аввал ишлаганмисиз?
— Ишлардим, беш ой аввал иш ўрни қисқартирилиб, бўшадим. Кейин бир-икки жойга ишга кирдим, баъзилари менга тўғри келмади, баъзиларида ишлаб кетолмадим.
— Шундай денг, — деди салмоқланиб бошлиқ ва Азаматга таъна назари билан қаради, — ундай бўлса, бизнинг ишни ҳам тўғри келмайди десангиз-чи…
— Йўқ, ундай демайман! — деди жон ҳолатда Азамат, — қандай иш бўлсаям қилавераман!
— Ишни оғир-енгил деб ўтирмайсиз, шундайми? Кўринишингиздан спорт билан шуғулланадиганга ўхшайсиз… — деб ижикилади бошлиқ.
— Акажон, айтяпман-ку, ҳамма ишни қиламан деб. Фақат ишласам, маош олсам бўлди. Оилам қийналиб қолди. Болаларниям еб-ичиши… — дея каловланди Азамат.
— Биз яхши маош тўлаймиз. Иш ҳам сиз айтганчалик оғир эмас. Лекин иккита шартимиз бор…
— Қандай шарт?
— Аввало, бизнинг ишимиз махфий иш. Оғзингизга маҳкам бўлсангиз, топшириғимизни сўзсиз бажарсангиз, қўлингизга мўмайгина пул тушади. Ахир сизга пул керак-ку.
— У қандай иш экан? — деб ажабланди Азамат.
— Буни кейинроқ айтамиз. Бугун уйингизга боринг, яхшилаб дам олинг. Икки-уч кун ичида буюртма оламиз. Кейин сизни чақиртириб, ишни топширамиз.
— Ҳайдовчиликми? Бошқа давлатга мол олиб бориш керакми?— сўради Азамат бетоқатланиб.
— Айтяпман-ку сизга, бизнинг ишимизда қизиқувчанлик, шошма-шошарлик ярамайди. Сизга пул керак, бизга эса яхши ишчи. Ишингизни кўнгилдагидек бажарсангиз, сизни ҳам, бизниям ошиғимиз олчи бўлади. Ҳайдовчиликка келсак, сизга топширадиган юмушимиз ҳам шунга ўхшаш. Бизнинг ишда сиздек ўнлаб ходимлар ишлашади, кўнглингизни тўқ қилинг!
Азамат уйга қувониб қайтди. Хотинининг “нега кетиб қолдингиз, мен ишга боришим керак эди” деб жиғибийрон бўлиши ҳам асабини бузмади. Фақат уни юпатиш учун “Энди сени ишлашинг шарт эмас! Мен зўр иш топдим, маошиям кўп” деди. Муяссар бу гал ҳам эри алдаётганини тусмол қилиб, хўрсинишдан нарига ўтмади.
Икки кун ўтиб, Азаматни телефон орқали чақиришди. Ниҳоят, иши юришганидан унинг оғзи қулоғида бўлиб уйдан чиқди. Уни ўша бошлиқнинг ўзи кутиб олди.
— Ҳозир сизни бир жойга олиб боришади. У ердан молни олиб, хорижий давлатга етказиб берасиз. Паспортингизни беринг, самолётга билет олиш керак. Ишни битириб қайтганингизда улушингизни оласиз! — деди эркак хайрихоҳ овозда.
Азамат қирқ ёшлардаги тепакал эркак билан айтилган жойга борди. У хонадонда бирга кетадиган ёш бир аёл ҳам бор эди. Билет олиниб, самолёт жўнашига қисқа вақт қолганида уларнинг қўлига махсус капсулаларни беришди. Азамат аввалига тушунолмади, кейин эса барчасини тушуниб, бош тортди. Эркак унга қирғийқараш қилди. Азаматнинг кўз олдига кўчадаги конфетга талпинган ўғли, унинг умидли жавдираши келди. Ўғлининг кўнглини ўкситмаслик учун ҳам барчасига розилигини туйди. Эркакнинг имоси билан кафтидаги учта капсулани бирин-кетин ютди. Аёл ҳам унинг қилиғини такрорлади.
— Сизларни у давлатнинг аэропортида кутиб олишади. Бирон кишига сездирмасдан, миқ этмай юринглар, тушунарлими? — деди эркак таҳдидомуз.
Азамат билан аёлни самолётга чиқаришди. Аёл бу ишнинг ҳадисини олганми ёки эркакнинг огоҳлантиришидан қўрқдими, йўл бўйи миқ этмади. Азамат эса ички қўрқувини сездирмаслик учун дераза оша оппоқ кўпириб ётган булутларни томоша қилиб кетди..
Радан бир неча соат ўтиб, Азаматнинг ошқозонида қаттиқ оғриқ турди. Бояги овқат ёқмади деб ўйлаган Азамат аввалига ўтиб кетар деб кутди. Оғриқ борган сари забтига олиб, бошига чиқди. Яна озгина чидаса, манзилга етиб олишини ўйлаб, Азамат тишини тишига босди. Пешонасидан қуйилаётган совуқ тер, ошқозонидан бошланиб, бутун вужудини қамраётган оғриқ унинг қувватини кунпоя кун қилишга қодирдек эди. Самолёт ерга қўниб, тўхташга ҳозирлик бошланди. Азамат ўзини қўлга олишга қанчалик уринмасин, уддасидан чиқолмаётганди, кўзларининг ола-кула бўлишини, тишлари орасидан сирғалиб чиқаётган ихраш атрофдагиларнинг диққатини тортаётганди. Самолёт тўхтаб, стюардесса йўловчиларга тушиш лозимлигини хушмуомалалик билан айтди. Азамат ўрнидан туриб, юришга чоғланди. Шу пайт кўз олдини оппоқ туман қоплаб, ҳаммаси чаплашиб кетди.
Кўзини очганида нотаниш хонада чойшаблари оппоқ кароватда ётарди. Нима бўлганини тушунолмай, бошини кўтаришга уринди.
— Бахтингиз бор экан, оғайни, омон қолдингиз! — деди ёнидаги кароватда ётган эркак кулимсираб, — ўзиям нақ жаҳаннамнинг оғзидан қайтдингиз-а?
Азамат уни танимади. Кўзини юмиб, тин олди.
— Менга нима бўлди? Нимага бу ерда ётибман?
— Ие, қизиқ экансиз-ку, оғайни. Касалхонага беҳуш ҳолатда олиб келишибди. Ошқозонингизни операция қилишди. Насибангиз узилмаган экан, омон қолдингиз. Кечадан бери кўзингизни очмайсиз-а? Ўзи нимага ҳушингизни йўқотдингиз?.. — деб тили танглайига тегмаётган эркак истеҳзоли кулиб турарди.
Азаматнинг унга жавоб қайтаришга мадори етмади. Кўзини юмган куйи ётаверди. Ҳамшира кириб, унга укол урди. Шифокор эса кўзининг косасини синчиклаб текширди.
— Кеч ҳам бўлди, бирон нарса тамадди қиласизми, оғайни? — сўради ҳамхонаси унинг тепасига келиб.
Азамат “йўқ” деб бошини чайқади. Эркак қандайдир мумтоз қўшиқни хиргойи қилиб, чиқиб кетди. Азамат кўзини очди. У ҳозир ўтган воқеаларни ўйлаб, таҳлил қиладиган аҳволда эмасди. Хиёл бурилиб, деразага қаради. Хона чироғи дераза оша акс бериб турарди. Азамат нотаниш жойнинг осмонига қаради. Кўзи ёғду сочиб турган юлдузга тушди. Яхшироқ тикилди. Ўша ўзининг юлдузи унга қараб тургандек дераза оша мўраларди. Азаматнинг юраги ҳаприқиб кетди. “Юлдузимни топдим!..” деди пичирлаб. Самодан унинг юрагига қувонч, меҳр қуйилиб келаётгандек эди. Кўз олдига хотини, болалари келиб, юзи ёришди. Уларни кўргиси келди. Лекин оиласи билан дийдорлашув энди қачон насиб этади Азамат буни билмасди….