Аривара-но Нарихира (在原 業平, 825 — 9 июль 880) — атоқли япон шоири, рассом.
* * *
Агар сўраса одамлар:
“Нима эди ўзи бу?
Қимматбаҳо дурми, олмосми?”
Жавоб беринг: “ Шабнам эди,
Тонгда учиб кетди осмонга”.
* * *
Бир пайтлар севган аёлни кўриб қолиб ёзганим
Наҳотки ой бошқа бўлса?
Наҳотки, ўша мен билган
Баҳор бўлмаса бу баҳор?
Қайда қолди ул сархуш кунлар?
Ахир, ўша-ўшаман-ку мен…
* * *
Миякодори…
Ростдан ҳам пойтахтдан учиб келдингми?
Айтгин, эй, шаҳар қушчаси,
Ўша мен соғинган дилдор
Соғми, омонми?
* * *
Олболулар гуллаган маҳал
Кун-тун боқардиму ҳеч тўймас эдим,
Ҳар гал қайғурардим улар ортидан…
Аммо, мен ҳеч қачон, бирон-бир марта,
Бугунгидек изтироб чекмаган эдим!
* * *
Тобора ортимда қолаётирсан,
Қанча узоқлашсам, шунчалар азиз,
Хайр, она диёрим, хайр, ватаним!
Олдга сузаману ортга талпинган
Тўлқинларга ҳасад билан боқаман.
* * *
Ёмғирда қолиб кетдим
Чечаклар узиб юриб –
Бирдан хаёлдан ўтди:
Бир неча кундан кейин
Баҳор ҳам ўтар-кетар…
* * *
О, тўкилинг олболу
Гуллари сўқмоқларга,
Токи адашиб кетсин
Мен яшаган гўшага
Йўл излаган қарилик…
Хуршид Даврон таржималари
* * *
Ивиб кетдим ёмғир остида,
Гуллаган бута шохи
Ёдгор сифатида синдириб олдим,
Негаки, тез орада тугайди баҳор,
Гуллаш даври ҳам абадий эмас…
* * *
Нечун
Ҳар гал самода сузиб юрган булутлару
Гўзал тоғ чўққилари узра шиддат-ла эсиб
Инграган шамол мисол…
Қайтишга шошиламан.
Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси