Отомо-но Якамоти (大伴家持) — япон шоири. Отомо-но Табитонинг ўғли. Яаон шеъриятининг йиғувчиларидан бири. «Манъёсю» антологиясининг тузувчиларидан. Антологияга унинг 46 нагаут ва 480 танкаси киритилган.
* * *
Оқшом чўкар экан,
Дарвозани очиб қўйганча,
Тушларимда шивирлаб шодмон
“Ҳузурингга бораман” деган
Маҳбубамни кутаман интиқ…
* * *
Ҳаттоки ёлғондаям
Мисқолчалик ҳақиқат бор-ку!
Сен ҳам, балки, эй суюкли ёр,
“Сени севмайман” деганинг билан
Озгина бўлса ҳам яхши кўрарсан?
* * *
Фалаклардан тўкилган
Шаффоф қордай беғубор,
Дарвозамнинг олдида
Қишки олхўри шохи
Оппоқ бўлиб гуллабди!
* * *
Бугун эрта саҳарда кузнинг
Шамоллари совуқ келтирди.
Оҳ, яқиндир, жуда яқиндир,
Ёввойи ғоз – саргардон сайёҳ
Сўнг бор бўзлаб учиб кетади…
* * *
Зийрак қулоқ тутсанг, эшитажаксан —
Куз келганда, тонготар маҳал,
Илк шуълалар жимирлаган пайт,
Тоғлар аро қалдироқ солиб,
Ёлғизликда бўзлайди буғу.
* * *
Одам зоти бўлмаган бирор гўша бормикан ,
Биронта жон бўлмаган ўлка борми дунёда ?
Ўша ўлкага кетсам
Суюкли ёрим билан,
Барча чеккан азобим унутилиб кетарми?
Хуршид Даврон таржималари
* * *
Муҳаббатинг изтироб,
Фироққа беролмам тоб.
Яшма бўлганим маъқул,
Уни тақиб мен билан
Қолар эди моҳитоб!
* * *
Мунча йироқсан, пойтахт!
Дилдор ҳам олис жуда…
Минг севаман десам-да,
Кўролмайман уни ҳеч
На тушим, на уйқуда!
* * *
Бўрон шабадасидан
Олча гули тўзгандай,
Дарак бердинг пайдар-пай…
Севгим қайта уйғонар,
Шодман, садағанг кетай!
* * *
Ўтди ғозлар галаси
Булутдан баланд ҳатто.
Сен ҳам олисда пари…
Васлинг излаб, овора
Бўлдим топгунимча то!
Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.