Бошлиқ унга:
– Бу сафар қорнингизнинг ҳурматини қилиб кечирдим. Охиргиси, албатта,- деди алохида таъкидлаб.-Бугун узоқ бир дўстимнинг ерини ҳайдагани борасиз.
Маматбой тракторчи бундай кечиришларга кўникиб кетган. Ҳар сафар тушга яқин трактор паркига кириб келадиган Маматбой қорнининг шарофати билан хайфсандан қутулиб қоларди. Бошлиқнинг хузуридан чиқаркан, гавдасига ярашмаган қорнини енгилгина шапатилади. Паркда фақатгина Маматбойнинг тракторигина қолган, барча тракторчилар қуёш кўз очмасданоқ далага чиқиб кетишган. Маматбой тракторчилар орасида энг ёши бўлса ҳам қориндори эди. Гарчи унинг қорни гап-гаштакларда “тинимсиз ўққа тутилса” ҳам бошлиғининг олдида дакки-дашномлардан пана қиларди. Қориндорлигининг дастлабки йилларида Маматбой хотинининг эътирозларини кўп эшитди:”Қўшнимиз Халимахоннинг хомиласи саккиз ойлик бўлибди. Лекин қорни сизникидан кичкина”. Маматбой ўз хохиши билан қорин қўйгани йўқ. Буни хотин тушунармиди? Ёшлигидан ўртоқлари билан чойхонадан бери келмайдиган Маматбой ўзи билмаган ҳолда қориндорга айланди-қолди. Бошида уялиб юрди: ҳарқалай ёш йигитчанинг қориндорлиги кимнинг кулгусини қистатмай
ди, дейсиз. Тракторчиликка ишга кирдию, унинг ейиш-ичиши кўпайди. Мана, неча йилдирки Маматбойнинг қорни қулдираш нималигини билмайди.
Бошлиқнинг дўсти Маматбойни ортиқча мулозаматсиз кутиб олди ва далага бошлади.
– Гап бундай: кечгача ишни битиринг!-деди у ва трактордан сакраб тушиб қолди.
“Чап томони билан уйғонган, шекилли. Мундоқ муомаланиям билмайдия”, ғижинди Маматбой. У зарда билан тракторни йўрттириб, далага кириб кетди. Қориндор халқи тез очқайдиган бўлади. Айниқса, кўпроқ ҳаракат қилса. Уфқ қизармасданоқ Маматбойнинг қорни қўнғироқ чала бошлади. “Наҳотки, у-бу егулик олиб келишмаса”. Шу вақтгача қаерда ер ҳайдабдики, овқатдан муаммо бўлмаган эди. Маматбой жаҳл билан “Э, менга нима зарил”, деб кетиб юборгиси келдию, бу қилиғи учун эртага бошлиқнинг олдида уни “қорнининг ҳурмати” ҳам қутқариб қололмаслигини ўйлаб ўзини аранг босди. Осмонда ой сузиб юрган маҳалда Маматбой бир амаллаб ерни ҳайдаб бўлди. Ер эгасидан хамон дарак йўқ. Маматбой ичида бўралатиб сўкинганча, уйга йўл олди. У ухлаб ётган хотинини турткилади:
– Ўв… Тур ўрнингдан… Овқат суз!
Маматбой уйида деярли овқатланмасди. Шунинг учун хотини уйқусираган кўзларини катта-катта очиб тикилди.
– Шарманда бўлдим, хотин, – деди Маматбой чапиллатиб овқат чайнаб. – Эртага бутун қишлоқ қорним кичрайиб қолганлигини аския қиладиган бўлди…