Ҳалол…

Барча эзгуликларнинг, хайр­ли ишларнинг боши ҳалолликдир, десак, янглишмасак керак. Ҳалолликнинг ўзи каби дўстлари кўп: яхшилик, барака, хотиржамлик, осойишталик… Эҳтимол, дунёни гўзалликдан ҳам олдин ҳалоллик қутқарар… Ибрат кўзи билан боқсангиз, ҳалол инсоннинг дили, йўли тўғри, даражаси улуғ. «Ҳалол бўлсанг, яшай олмайсан» эса оғзига кучи етмаган, бўйни меҳнатга ёр бермайдиган маҳмадоналарнинг чала хулосаси эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Ҳалол луқма томоғингизга тиқилмайди, жиғилдонни қайнатмайди, уйқунгизни қочирмайди. Ҳар нарсанинг ҳалоли бўлсин, деб бежизга айтишмайди-да.

«Туришингни қара, чўпга ўхшаб қолибсан-ку. Катта-катта есанг-чи. Оғзингга келганини қайтарма. Даврингни суриб қолмайсанми?»

Танишимга шундай деб маслаҳат бераётган бу «акахон» ҳақида ён-атрофдагилардан эшитдим-у негадир унинг болаларига ачиндим. Қинғир иши кўп экан. Фарзандларига ҳам шундай «насиҳат» қилса керак. Унинг олдида мунғайиб­гина турган бояги «чўпдай» танишим ўша пайтда кўзимга жуда чиройли кўриниб кетди…

Тан олиш керак, кўпчиликда ҳалол бўлиш жуда қийин, деган тушунча бор. Шунинг учунми, яшашнинг осон йўлларини қидирамиз. Яйраб қолгимиз келади. «Бошқалар ҳам шундай яшаяпти-ку» дея ўзимизни овутгандай бўламиз. Нега ҳалолликдан бу қадар қўрқамиз? Наҳотки, ҳалол яшаш шунча қийин бўлса?
Неча марта ғалаба қозонгансиз?

«Ҳалол!» Курашда рақибининг икки елкасини ҳеч қандай ғирром ишлатмасдан ерга текказган полвонлар учун, аслида, энг олий мукофот шу биргина сўз. «Ҳалол» – беллашаётган марднинг ори, номуси, ғурури. Ҳамма полвонлар шу каломни эшитиш орзусида майдонга тушадилар. «Ҳалол» учун курашадилар. Аслида, ҳаётнинг ўзи кураш майдони. Унда фақат мардлар бўлмаслиги аниқ. Лекин ғирром билан ютганлар эл олдида қандай обрўга эга бўлиши мумкин?

Шунингдек, ушбу майдонда «ҳалол лафз», «ҳалол луқма» деган тушунчалар ҳам бор. Лафзи, луқмаси ҳалол бўлганлар ютқазмайдилар. «Ҳалол» соф ғалабани билдиради. Ҳақиқий ғолибларгина мана шу сўзни эшитадилар. Ўйлаб кўринг-чи, сиз неча марта ғалаба қозонгансиз?

«Ҳаром»нинг «салмоғи»

Назаримизда, «ҳаром» сўзига нисбатан муносабат ўзгарди. Одамлар гўё уни «оддийлаштириб» юбордилар. «Ушлама, ҳаром!», «Ҳаром қилибсан», «Ҳаром бўлади» каби гаплар билан болаларга танбеҳ беришади. Баъзи жойларда ҳатто ўз боласини «Ҳароми» (!) деб уришадиганлар бор экан.

Ёш бола назарида бу гаплар фақат ташқи жиҳатдан «нотоза» бўлган нарсаларга нисбатан айтилади. Тўғри, болага бу ҳақда тушунча бериб, «ҳаром»­га яқинлашмасликка ўргатиб борган яхши. Аммо «ҳаром» фақат моддий нарсаларга нисбатангина ишлатилиши керакмикан? Маънавий ҳалоллик-чи?

«Ҳаром»ни «оддийлаштириб» бориш натижасида борган сари ундан қўрқмайдиган киши «тарбияланади». Унинг назарида бу арзимасдек бўлиб туюлади. Ва…

Ҳалоллик фақат бозордаги тарози билан ўлчанмаслиги рост. Амалларингизни қалб тарозисига солиб кўринг, қайси палла кўпроқ тош босар экан?
Бемор табиб

Ҳалоллик устозларга ҳам шу даражада ярашадики…

– Таълим-тарбия жараёнида ҳалолликнинг ўрни жуда муҳим, – деб гап бошлади бир ўқитувчи. – Ёшларга бу гўзал фазилатнинг қадри, аҳамиятини тушунтириш учун бор куч ва имкониятимиз билан ҳаракат қиламиз. Бир ривоят эшитгандим. Боласининг кўп асал ейишидан ташвишга тушган ота уни табибга олиб боради. Кичкинтойнинг бу одати ҳақида эшитган ҳаким отага уни даволатиш учун қирқ кундан кейин келишини тайинлайди. Ниҳоят, белгиланган кун келиб, ота яна ўғли билан табибнинг ҳузурига шошади. У эса кичкинтойнинг бошини силаб: «Ўғлим, бундан кейин­ асал еманг», – дейди ва отасига кетиши мумкинлигини, энди бола бундай қилмаслигини айтади. Ҳайрон бўлганини яшира олмаган ота сўрайди: «Шу гапни ўша биз келган биринчи куннинг ўзидаёқ айтиб қўйсангиз бўларди-ку?». Донишманд ҳаким эса жилмайиб: «Тўғри. Лекин ўша куни ўзим ҳам асал еган эдим. Шунинг учун болага айтган насиҳатим кор қилмасди. Қирқ кун асал емадим. Энди болангиз ҳам кўп асал ейишини бас қилади», дейди. Донишманд болани даволашнинг бундай усулини айтиб, отани ҳам лол қолдирган эди.

Бу билан нима демоқчиман? Демак, биз ўқитувчилар ҳам, аввало, ўзимизни тарбиялаб, кейин бу ҳақда ўқувчиларга гапирганимиз маъқул. Нега гапларимиз болаларга таъсир қилмаяпти? Нима учун фарзанд­ларимизга ҳалоллик, олижаноблик ҳақида айтганларимиз эртакдай туюлаяпти? Чунки ўзимиз ҳозир ана шу асал еб қўйган табиб аҳволидамиз. Болаларимиз фақат кўп асал ейиш «касал»игагина чалинган бўлсалар, қанийди. Биз ҳам қирқ кун асал емай туриб насиҳат қилсак бўларди. Аммо ўқувчиларга ҳалоллик ҳақида гапиришимиз учун ўзимиз ҳам маънавий тайёргарлик кўришимиз шарт.

Ҳалол орзулар

Эндигина мактаб ёшига етган ўғил-қизлар ота-онасини жуда яхши кўриб кетгани сабабми, баъзан «Катта бўлсам, сизга машина совға қиламан», «Пулим кўпайса, ойимга фалон нарса олиб бераман» деб айтадилар. Фарзанднинг ёшликданоқ ота-онасига бу қадар меҳр қўйиши, уларга ёрдам беришни хоҳлаётгани яхши, албатта. Лекин бу қимматбаҳо нарсаларни фақатгина ҳалол йўл билан пул топиб олиш кераклигини айтишни унутиб қўймаяпсизми? Аслини олганда, бу ҳам болани ҳалолликка ўргатиб боришнинг бир йўли.

Ҳалоллик фақат олди-сотдида эмас, биз жуда оддий, арзимас деб ўйлаган ишларда ҳам бўй кўрсатиши мумкин. Биргина баҳо олиш ва қўйиш тартибини олайлик. Бунда ўқитувчи ва ўқувчига ҳам катта масъулият юкланади. Осонгина олган «5» сизга татирмикан? Кечаю кундуз демай ўқиб-ўрганиб, дарсга имтиҳондагидан ҳам кўпроқ тайёрланган тенгдошингиз зўрға «аъло» баҳо оладию, сизга ҳам «5». Баҳони ҳам ҳалоллаб олиш керак эмасми?

Олий ўқув юртига ҳужжат топширган йигит-қизлар кўпинча ўқишга киришнинг осон йўлларини қидирадилар. Қандай қилиб бўлса-да, талаба бўлиш керак. Баъзилар қинғир­ йўллар орқали олий даргоҳга кирмоқчи бўладилар. Эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйган ёшлар илк қадамларини бундай эгри йўллар билан бошласа, уларнинг келажагини қандай тасаввур қилиш мумкин?

Хулоса ўрнидаги ҳикоят

Ҳалоллик ҳақидаги мулоҳазаларни бир кичик мақолага сиғдириб бўлмайди. Шу боис ибратли бир ҳикоят билан фикримизга якун ясаймиз-да, хулосани ўзингизга қолдирамиз.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авф мўминларнинг халифаси ҳазрат Умар (р.а) нинг зиёратига келди. Салом берди-да, кутиб турди.

Халифа ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди.

Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у ҳазрат Умарга:

– Эй, Амирал-мўъминин! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўхшаш бошқа шамни ёқдингиз. Бунинг бир ҳикмати бордир? – деди. Амирал-мўъминин ҳазрат Умар (р.а) табассум билан деди:

– Ё Абдураҳмон, ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқишим ҳалоллик бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим. Ўзимникини ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман?

Беҳзод Фазлиддин
“Маърифат” газетасидан олинди.