Ҳасан Қудратуллаев. “Бобурнома” асрори калити

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини адабиётшуносликда адиб бошидан ўтказган кунлар йилномаси сифатида баҳолашади. Аммо шоир — Бобур шеърияти муаллифнинг ички дунёсини бор шиддати билан ўқувчига етказувчи ноёб маънавий хазинадир. Бобур рубоийларида ҳам олам-жаҳон маъно ифодаланган.

Улар “Бобурнома” билан ҳамоҳанг, уни мазмунан тўлдиради. Агар Бобур даври, ундан олдинги шоирлар ижодида рубоий жанрида анъанавий ишқ, ошиқ ва маъшуқ, айрим ҳолларда ижтимоий масалалар қаламга олинган бўлса, Заҳириддин Бобур рубоийларида инсон ички кечинмаларининг ранго-ранг жилолари, унинг муаммолари теран акс этганини кўрамиз.
Заҳириддин Бобур табиатидаги ҳаётдан имкон қадар баҳраманд бўлиш, унинг гўзаллигини англаш ва нашидасини суриш одати кишини ҳайратга солади. 12 ёшидан от устидан тушмасдан бобоси Амир Темур салтанатини тиклаш учун кураш олиб борган, муҳорабаларда бўлган шахс баҳор нашидасидан ҳам баҳрамандлик бахтини туяди:

Хотирни баҳор фаслида гашт оладур,
Кўз нурини ранги лолаю дашт оладур.
Хуш улки, талаларда юруб сайр этса,
Бу фаслдаким латифу дилкаш таладур.

Шоир рубоийларининг ўзига хос хусусиятларидан бири — унда кичик сюжет, лирик қаҳрамон бор. Қуйи¬даги рубоийда лирик қаҳрамоннинг унчалик хуррам бўлмаган кайфиятини моҳир наққошдан ислоҳ этишини сўрагани, илтижоси мавжуд. Бир қараганда, бу тўрт мисра шеър осон мутолаа қилинадигандек, аммо муаллифнинг шу тўрт мисрага сюжет, теран фикрни жо этганига тасанно дейсан, киши:

Наққош, менинг ҳолима тадбир этгил,
Бир ёғлиғ аро кашида таҳрир этгил.
Ул сафҳада мен хаёл қилғон янглиғ,
Ул ёрға мушкилимни тақрир этгил.

Бобурнинг Ҳиндистон мамлакатига юриши, аниқроғи, бу ўлкани ўз тасарруфига киритишга интилганини айрим адабиётшунослар Ватандан айрилиқ сифатида талқин этсалар, бошқалари саркарда Бобурнинг Амир Темур салтанатини қайта тиклаш учун қилинган юриши сифатида баҳолайдилар. Аслида, ҳар иккала фикрнинг ҳам асоси бўлса-да, иккинчиси устунлик қилади. “Бобурнома”да мазкур масалага анчагина ойдинлик киритувчи парча бор. У ҳам бўлса, Ҳиндистоннинг шимолий қисмини эгаллаган, Иброҳим Лўдий ва бошқа ҳинд саркардалари устидан ғалаба қозонган, аммо бу ўлканинг барча ҳудудларини ҳали эгаллашга улгурмаган Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзонинг элчиларига билдирган фикри мавжуд. «…Тенгри таолодин умидвормизким, ўшул яқинда Ҳиндустон вилояти қўлга киргай. Ҳавохоҳ ва яхши фарох ҳавсалаларимиздин Ҳиндустон вилоятиға қўюб, ўзумуз маврусий вилоятимизга борғаймиз(таъкид бизники — Ҳ.Қ.). Ва керакким, бори халқимиз бу юрушда, Ҳумоюнға йўлдош бўлуб, ихлос кўрсатгайлар», деб ёзади у.
Ушбу парчадан Бобурнинг ички кечинмалари, руҳий ҳолатини фақат насрий матн талаби билан ҳис этамиз. Бунда адиб ўзи шоҳ бўлса-да, яккаликка бардош ва чидам берганлиги, ўзини ғариб сезганлиги ҳақида умуман сўз юритмайди, балки буни Ватанга қайтиш орзуси орқали ифода этади, холос. Қуйидаги рубоий эса, айнан шоҳ, адиб Бобурнинг ички оламини ўзида мужассамлаган, “Бобурнома” матнини шу жиҳатдан тўлдирганлигини кўрамиз.

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатта севинмас эмиш, албатта, киши.

Заҳириддин Бобурнинг 47 йиллик умри тинимсиз муҳорабалар, қариндош-уруғлар, темурий шаҳзодалар ва бекларнинг бирин-кетин қилган хиёнатлари, фарзандларининг бевақт вафоти муҳитида ўтиб, умрининг охирларида турли касалликлар бу иродаси мустаҳкам кишининг ҳам руҳиятига таъсир этган. “Бобурнома”да биз муаллифнинг бундай машаққатларга нақадар бардош бергани, айрим ҳолатларда дарднинг зўрайиши кўзларига аччиқ ёш, танасига чидамсиз дардни келтириб чиқарганлигини кўрамиз. Муаллиф шу ҳолатлар тасвирини берар экан, насрий матндан кўнгли тўлмайди, ички туғёни, ҳасратларини тўла баён эта олмаганлигини сезиб, кўпинча ўз рубоий, ғазаллари билан, айрим ҳолларда бошқа буюк адиблар — Саъдий, Ҳофиз шеърлари билан насрий матнни бойитади. Айниқса, Бобур вафотидан икки йил олдин касаллик уни кўп ташвишга солади, руҳияти тушкунликка мойил бўлади. Ушбу ҳолат тасвирида ҳам “Бобурнома” матнини қувватлашга муаллиф ўз рубоийсини келтиради. Бунда рубоий унинг руҳиятини аниқ ифода этади. Касаллик пайтидаги тушкун кайфият, дард машаққати унинг жисмига нақадар ташвиш келтиргани аниқ бадиий ифода топгани билан муҳим: “Якшанба куни, муҳаррам ойининг ўн олтисида иситтим, титрадим, нав¬бат-навбат бўлди. Йигирма беш-йигирма олти кунга тортти. Доруйи кор ичтим. Охир басит ярашти, ¬уйқусизлиғ ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим. Бу мараз айёмида уч-тўрт рубоий айтилди. Ул жумладан бири будур:

Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин ўчадур уйқу чу охшам бўладур.
Ҳар иккаласи— ғамим била сабримдек,
Борғон сори бу ортадур, ул кам бўладур.

Бу насрий парчада ҳам Бобурнинг “уйқусизлик ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим” деган жумласи келтирилған рубоийдаги иситманинг маҳкам бўлиши, кўздан уйқунинг қочиши билан мантиқий боғланиб муаллифнинг юксак ташбеҳи – ғам билан сабрнинг кураши, сабрнинг камайиши ва ғамнинг юксалиши жуда юксак бадиият билан ифодаланган. Бобурнинг ана шу ички туғёнини насрда ифодалаш мушкуллиги боис, у айтганидек, уч-тўрт рубоий ёзган ва биттасини “Бобурнома”да келтирган.
Бу мавзуда Бобур яратган рубоийларда яна нималар назарда тутилган, унинг касалликдан ранж торт¬ган вужудида нималар содир бўлган? Бобурни безовта этган, азоб тортишига сабаб бўлган бу давр¬да яратилган рубоийларнинг барчаси юқоридаги “Бобурнома”да келтирилган парчанинг деталлари – иситма, уйқусизлик, ғам ва бошқаларнинг моҳиятини янада очишга, муаллиф ҳолатини батафсилроқ етказишга хизмат қилган. Масалан, мана бу рубоийда Бобур вужудини иситма тутиши – тана ҳарорати ўта юксак бўлгани таъкидланган. Бунда муаллиф мазкур дарддан фориғ бўлиш йўлини унинг аҳволидан хабар олган “ҳабиб” — дўстининг сўроғидан сўнг кўнглига енгиллик шабадаси кириб келганлигини билдирадики, “Бобурнома” матнида мавжуд эмас:

Жисмимда иситма тобидин оташдур,
Жонимға балоу ғусса бебаркашдур.
Кўп дард ила ғамдин манга нохушлуғ эди,
Сен сўрғали, эй ҳабиб, кўнглум хушдур.

Ёки мана бу рубоий ҳам ўша пайтда – Бобур жисмини дард исканжага солганда ёзган бўлиши мумкин. Зеро, муаллифнинг тушкун кайфиятини ифодаловчи “бетоблиғ”, “беоблиғ”, “бехоблиғ” каби сўзлар аввалги рубоийларда кўзга ташланмаганки, юқоридаги мавзуни бойитган.

Ўт солди кўнгулга ранжу бетоблиғим,
Сув қилди бу хаста жонни беоблиғим.
Бу иккаласи агарчи бор муҳлику саъб,
Лек ўлтурадур тонгғача бехоблиғим.

Дарҳақиқат, Заҳириддин Бобур “Бобурнома”нинг бир неча жойида унга касаллик ташвиш келтирганлигини ёзган. Назаримизда, юқоридаги парчада келтирилганидек, 25-26 кунлик беморлик унинг умри давомида бир марта содир бўлган. Иродаси мустаҳкам, барча қийинчиликларга тоб берган Бобурдек шахс ҳам бебақо умрнинг бу имтиҳони пайтида анчагина уқубат чеккан, гоҳида тушкунликка тушган. “Кўнглимда ўту, икки кўзимда сувдур” деб дил дардини баён этган шоир қуйидаги рубоийсида яна юқоридаги рубоийлар деталлари: уйқусизлик, фироқ, беқарорлик, беором оқшомлардан фойдаланиб “Бобурнома”даги мавзуни янада ёрқинроқ ифода этади, бойитади. Ўқувчи унинг хаста ҳолига даво топишни, кўзларига уйқу бахш этишни ўйлаб қолади:

Кўнглимда ўту, икки кўзумда сувдур,
Мен хастаға раҳм қилки, ҳолим будур.
Ғам кундузию фироқ шоми янглиғ,
Туну кун менга не қарору, не уйқудур.

Биз юқорида Бобур умрининг охирида тез-тез касалликка чалингани, азоб-уқубатлар кўргани ҳақида сўз юритдик. Унинг бошига бу савдолар асосан Ҳиндистон сафари пайтида, Бобур ва унинг лашкарлари учун мутлақо бегона “боди самум”— иссиқ шамолнинг таъсирида яшаш, Иброҳим Лўдий ва бош¬қа ҳинд лашкарбошилари билан муҳораба олиб бориш жараёнида тушган. Ана шундай шароитда Бобур томонидан не машаққатлар билан тўпланган лашкар, беку зобитларнинг бир қисми, ноқулай об-ҳаво боис, ўз подшоҳлари ҳукмига бўйсунмай, уни ташлаб кетишга ошиқадилар(“Хейли эл боди самумнинг таъсиридин ҳар замонда йиқилиб-йиқилиб, ўла кириштилар. Бу жиҳатлардин аксар беклар ва ўбдон-ўбдон йигитлар кўнгул солиб эдилар”.). Бобур уларга қанчадан-қанча инъомлар бериб, Ҳиндистонда қолишларини истаган бўлмасин, анчагина қисми Мовароуннаҳр ва Хуросонга қайтиб кетадилар.
Бобурга хасталик ҳолати, фарзандлари — Ҳумоюн, Комроннинг ноаҳиллиги боис салтанат тарқоқлигига асос бўлувчи муносабатлари, Ҳиндистонда давлатчиликнинг мустаҳкам асосини солиш орзуси заминида бу бош-бошдоқлик, итоатсизлик унинг режасини амалга оширишига халал беради, дунёнинг, одамларнинг хиёнати боис додга келади. Масалан, “Бобурнома”да муаллиф надомат билан қуйидаги сатрларни ёзгани фикримиз далилидир: “Бу ғарибдурким, кичик-киримдин бу навбат Кобулдин отланадурғонда, бир нечани янги бек қилилиб эди. Менинг чашмдоштим булардин мундоқ эдиким, мен ўтқа, сувга кирсам-чиқсам, бетаҳоший бизлар била киргайлар ва била чиққайлар. Мен ҳар сориға бўлсам, алар менинг сори бўлғайлар; йўқким: менинг хилофи мақсудим сўз айтқайлар, ҳар иш ва ҳар муҳимнингким, борининг кенгаш ва иттифоқи била ўзумузга жазм қилдук, кенгаштин қўпмасдан бурунроқ ул сўз ва муҳимдин қайтқайлар”.
Заҳириддин Бобурнинг бу ҳасрати, надомати, қўл остидаги кишиларнинг бир ёқадан бош чиқариб, унинг амр-фармонини бажармаслиги, итоатсизликдан ташқари, лашкар тарқоқлигига сабаб бўлувчи ҳаракатлари тартиббузарлик характерига молик эди. Бобурнинг бу фикри, қўл остидаги кишиларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари, давлатдорликда юрт бошлиғига қарши бўлиш, юрт бирлигига соя солувчи ҳаракатлар бугунги кунда ҳам қораланадики, айрим кимсаларга ибрат дарси бўла олади.
Бобур мана бу рубоийни, балки, айнан шундай кайфиятда бўлган пайтида ёзгандир. Унда инсон зотидан озурдалик, киши руҳиятига соя солишга интилувчи кишиларнинг башарасини кўрасан, рубоий муаллифига ўша пайтда қанчалик мушкул бўлганлигини англайсан ҳам:

Даврон мени ўткарди сару сомондин,
Ойирди мени бир йўла хонумондин,
Гаҳ бошимға тож, гаҳ балойи таъна,
Неларки, бошимға келмади даврондин.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга ёзган мактубида ажойиб сатрлар бор. У ҳам бўлса — давлатчиликда, мамлакатни бошқаришда юрт сардори ҳамиша атрофдаги беклар, ҳаётий тажрибага эга шахслар билан машварат қилиши, ёр-биродарларини ғанимат билиб, уларнинг суҳбати ва маслаҳатларини инобатга олишига эътибор қаратилганлигини кўрамиз. Бу сатрлар, тарбиявий аҳамиятидан таш¬қари, темурийлар салтанатида давлатни бошқариш, айниқса, подшоҳ бир қарорга келишда бамаслаҳат иш кўриши лозимлиги талқинида берилиши диққатга молик: “ Агар менинг ризоимни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрлариға қўймай, қошингға чарлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳларнинг иттифоқи била ҳар сўз — унга қарор бергайсан”.
Қуйидаги рубоийда Бобур эл билан бирга бўлиш, уларнинг қадрига етиш ва ҳамиша одам бир-бирига ғанимат ва азиз бўлганлиги боис, эҳтиромини бажо келтиришдек юксак фикрни билдирганки, юқоридаги қарашларини шоирона ифодалар билан тўлдирган:

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!

Заҳириддин Бобур қайси жанрда ижод этмасин, уларнинг барчасида муаллиф таржимаи ҳоли, дунёқараши, умргузаронлик дафтарининг баёни, бир-бирини тўлдирувчи, “Бобурнома”да чала қолган фикр¬ларнинг изоҳи, яширин сирлари бошқа бир асарида янгича жило ва мукаммалликда, шоирона бадиий талқинда ифода этилганлигини кўрамиз. Биз Бобур рубоийларидаги мавзу бирлигини фақат “Бобурнома” билан чоғиштириб, айрим мисоллар таҳлили орқали кўриб чиқдик, холос. Бу масала алоҳида тад¬қиқот мавзуи, уни кенг миқёсда тадқиқ этиш Бобур шахсияти ва ижодини янада теранроқ англаш имконини беради.

 

Ҳасан Қудратуллаев, профессор
“Маърифат” газетасидан