Ҳошимжон бу кун жуда қайғули. Ичига чироқ ёқсанг ёримайди. Ҳар товуш унинг аччиғини қитиқлайди. Айниқса, кўчада ғириллаб юрган автомабилларнинг ғут-ғутлари унинг асабларига ларза беради.
Ҳукумат автомабилларида юргучиларга қарши турли фикрлар бугун Ҳошимжоннинг миясини эзадилар, қийнайдилар.
— Улардан қай ерим кам? — деб Ҳошимжон тишларини ғижирлатди. Бироқ унинг сўроғига жавоб бера турган, унинг ҳолидан хабар ола турган киши уйда йўқ. Ҳошимжоннинг ёлғиз ўзи тўрт соатдан бери сим кроватда ясланиб ётади. Қош қорайганда бир соат ҳам уйда турмайдиган кишининг шунча вақт уйда қолишига оддий назар солиш тўғри бўлмайди. Зўр алам ўтмаган бўлса Ҳошимжон бундай «гўшанишин» бўлмасди. «Жаннат гуллари»дан бирини искаб кайфини чоғ қила берарди. Лекин бугун бошига тушган кулфат унинг бўғим-бўғимларини бўшаштириб, эски улфатларни, ўтган роҳатларни эсига тушириб юборди.
—Мен бу мамлакатда қандай яхши ишлар қилмадим? Нега аллакимлар кўтарилиб кета беради, улардан қай ерим кам?
Мана бу сўроқлар Ҳошимжоннинг тушунчасига тинчлик бермайдилар. Дунёда 28 йил яшаб, 28 томчи ёмонлик қилганини Ҳошимжон бу гал ҳам эслаб тополмади. Кўнглига доғ қўнмаган маъсум йигит эканини ўзи яна тасдиқлади. Унинг қадрига ета турган, тушунчаларини англайтурган кишилар бу мамлакатда камдан-кам бўлганлиги кўнглини эзди.
— Уф! Бу қандай замон? Жонингни аямай ишлайсан, ишлайсан, бир кун айбланиб ишдан чиқариласан… Мана мукофот…
Ҳошимжоннинг бу сўзларига сим кроватигина жавоб берди. Унга Ҳошимжон эътибор этмади.
* * *
Ҳошимжон кўп ерда, жуда кўп ишда бўлди. Бироқ бир ерда кўп вақт ишлаб яхши ном чиқариш унга насиб бўлмади. Унинг тўғрисида гапирганда кишилар «гап десанг қоп-қоп, иш десанг тоғ-тошлардан топ» деб қўл силтайдилар. Ҳошимжон ҳам шундай кишиларнинг ҳаммасидан норози эди. Кишиларнинг Ҳошимжонга ёмон қарашларининг сабабини унинг ўзи файласуфларча таҳлил қиларди. Сирдош ўртоқларидан бўлган Аминхўжага бир кун шундай деган эди:
—Дўстим, сабабини яхши биламан, агар бир гала товуқ орасига четдан бир хўроз келиб кирса, у ерда кеккайиб юра турган хўроз чидаб туролмайди. Келган хўрозни ҳайдашга тиришади. Бизнинг маҳкамалардаги кишилар ҳам мана шунга ўхшайдилар. Иш билатурган киши маҳкамаларга кириб қолса дарров ҳайдашга тиришадилар. Шунинг учун менга ўхшаганлар сарсон бўлиб юрадилар… Ўлма, гапинг жуда тўғри! Аминхўжа ҳар вақт Ҳошимжоннинг руҳини кўтариб юрарди.
Ҳошимжон жуда онгсиз эмас, у ўз фойдасини жуда яхши билади. Ўз сирдошларига айтадиган фалсафаларини ҳар кимнинг олдида оча бермайди, ким билан гаплашса шунинг кўнглига ёқатурган сўзларни айтишга тиришади. Лекин унинг ўз сўзи билан айтганда «толесизлик қурғур ёмон экан-да».
* * *
Ҳошимжон миллатчилар олдида ўзини миллатчи қилиб кўрсатишга ҳар вақт тиришган, биринчи ва иккинчи учрашишда уларнинг яхши қарашини ўзига тортишга ҳам эришган. Лекин унинг оғзи катталиги, маслаксизлиги уларни ҳам тез кунда қочириб юборган. Ҳошимжон миллатчилар билан сўзлашганда қўлини кўтариб юқори товуш билан айтади:
— Мен руслар, жуҳидлар билан кўп уришаман, сира чиқиша олмайман. Улар ҳар ерда бизнинг ўзбекларнинг йўлини тўсадилар. Ўзлари ҳамма ёқни эгаллаб олмоқчи бўладилар. Уларнинг ҳаммаси миллатчи. Ўрус ва жуҳидлардан коммунист чиқиши мумкин эмас.
Ҳошимжон руҳонийларга ҳам яхши кўринишни истайди. Илгарилар дин, Қуръон деб бақириб юргучилар қаторида жуда фаол бўлган. У 1920 ва 1921 йиллар — «Янги имло Қуръонни бузади, янги имлочилар даҳрийлар» деб гап тарқатиб юрганларнинг бири эди. Ҳошимжоннинг ўзи бир неча жумлани тўғри ёзишни билмаса ҳам, янги имло нима эканига тушунмаса ҳам қарши чиқа берганди. Айниқса, 1921 йилда араб ҳарфларининг ўрнига лотин ҳарфларини олиш деган хабар чиққанда Ҳошимжон ўзини йўқота турган даражада аччиқланган эди.
* * *
Ҳошимжон инқилоб бўлган йилдан бошлаб то шу вақтларгача анча нарса кўрди. Ўзи кўп шаҳарнинг бойлари танийтурган уйда туғилиб ўсган бўлса ҳам инқилобнинг бошларида жадид ўртоқларининг кўмаги билан тузук-тузук усталларга эга бўлиб, бақириб юрди.
Ҳошимжон белига наган, тўппонча тақиб юрган вақтида Қобилхон бойнинг чиройли қизини хотинликка олиб, биринчи ёш хотинига жавоб бериб юборди.
Қобилхонбой қизини Ҳошимжонга бериб зиён қилмади. Унинг «сояйи давлати»да Қобилхонбойнинг уй-жой, пул-моли бутун қолди, бойлигига зарар келмади.
Ҳошимжон бу кунларнинг охири борлигига ишонмасдан кўкрак кериб ҳаммани таъзим қилдириб юрарди. Ишлар тузала борган сари Ҳошимжоннинг ҳоли бузила бошлади. Фирқани тозалаганда темир супурги Ҳошимжонни ҳам ташқари ирғитди.
* * *
Ҳошимжоннинг турмуши жуда бошқаланиб кетди. Янги иқтисодий сиёсатнинг таъсири ҳам унга ўз кучини кўрсатди. Эски вақтда ҳукумат ишларида бирга бўлиб «НЭП бўлгач» қизил савдогарлар қаторига кирган ўртоқлари билан бирликда савдо ишларига ҳам қатнашиб турди. Лекин Ҳошимжон бу ишни очиқдан-очиқ қилишга жасорат этмади. Ўзи ҳукумат ишларида туриб ўртоқлари орқали савдо ишлари билан боғланишни яхши топди. Бундай ишга Ҳошимжон жуда истеъдодли эди. Шунинг учун ҳукумат маҳкамаларида у ҳеч нарса қилолмасди. Ҳошимжон уй ҳаётини ҳам ўзгартди. Икки бола билан хотинини ташлаб «жаннат гуллари» билан бўлишга эришди.
— Нега хотинингиз билан ажрашдингиз?
— Сиз ҳам қизиқ экансиз… Мен маданий бир киши, хотиним нодон, эски турмушни истагучи бўлгандан кейин турмуш қилиш мумкинми?
— Бизнинг ўзбек хотинлари ўқиган билан бир нарса бўлмас экан.
* * *
Ҳошимжон бу кун жуда қайғули. Ичига чироқ ёқсанг ёримайди. Уй ичи қоронғи бўлса ҳам у ўрнидан туриб чироқ ёқмайди. Сим кроватда шипга қараб ёта беради.
— Мумкинми? Уйда киши борми? Эшикни очиб туриб ижозат сўраган кишини Ҳошимжон таниди.
— Кел… мендан бошқа ҳеч ким йўқ.
— Ҳа… нима бўлди? Чироғ ёқмайсан. Бу кун кўринмадинг?
Ҳошимжон ўрнидан туриб чироқ ёқди. Аминхўжа унинг қайғули юзига қаради:
— Жуда қайғули кўринасан… Тобинг йўқми?
— Ўртоқ иш ёмон. Кооператив мудирликдан ҳам ҳайдадилар, бўйинга қарз ҳам тушиб турибди.
— Шунга ҳам хафа бўла берасанми? Бу йилги қилган фойдадан қарзга берасан, қутиласан. Иш бўлса топилмай турган нарса эмас.
— Ўлиб бўлдим…
—Ҳозир савдогарчилик ёмон иш эмас, қўй хафа бўлма! Тўғрилаймиз… Уни-буни қўй… Овқат едингми?
— Йўқ.
— Тур, кийимларингни тузат! Мен икки «жаннат гули» билан ваъдалашиб келдим.
Аминхўжа Ҳошимжон сочини таради, галстугини тузатди, пудрани чаплади ва атрни кийимларига сепди.
Эшикни ёпиб туриб Ҳошимжон сўради:
—Қайси «жаннат гуллари?»
Шаҳардан яқинда келган Нина ва Марусахонлар…
1928