Ёзувчи Исажон Султон ва адабиётшунос Гулноз Сатторова суҳбати
– Аввало, ижод ҳодисасига таъриф бериб ўтсак. Ижод моҳияти ҳақида турли талқинлар бор. Бу борада бир-бирини тўлдирадиган, шунингдек, рад этадиган мулоҳазалар ҳам талайгина. Шахсан сиз бу сирли ҳодисага қандай изоҳ берасиз?
– Менимча, бу саволнинг жавоби ғоялар турли-туманлигига қараб бўлади. Кимдир уни кўнгилхушлик ёки кишилар кўнглига ёқадиган томоша ҳодисаси дейди. Яна кимдир эса яратувчилик деб таъриф беради. Менимча, ижод санъатгагина хос атама эмас. Яратилган ҳар қандай янгилик тафаккур меваси бўлиши билан бирга, ижод маҳсули ҳамдир. Мавзуга шу тарз ёндашсак, моҳиятга яқинлашиб борган бўламиз. Янги кашфлар асосида яратилган технологиялардан тортиб то иқтисоднинг янги, самарали моделларигача – бари бирдай ижод эмасми? Айтайлик, кимдир шу маҳалгача фанга маълум қонуниятларни синчиклаб ўргангач, қай бир ҳодисада етишмаётган бир ҳалқа мавжудлигини пайқаб қолган онидан бошлаб ижодкорга айланаверади. Мисол учун, бобомиз Абу Райҳон Беруний сайёрамизнинг оғирлигини аниқлар экан, ҳисобларнинг тугал чиқиши учун уммон ортида яна қуруқлик бўлиши керак, деган маҳалидан ижодкорга айланган бўлса, француз олими Леверье Уран сайёрасининг айланиш чизиғини кузатиб, маълум нуқтада оғиш борлигини пайқаган онидан бошлаб ижодкор эди.
Моддий маҳсуллар ҳам санъатдир, фақат ҳиссий таъсири оз бўлгани учун уларни санъат демаймиз, бу ўринда яна хато қиламиз, назаримда. Масалан, бир киши геометрия, физика, кимё ютуқларидан фойдаланиб, муҳандислик ижоди ўлароқ ажойиб бир кўприк қуради, у минглаб кишилар мушкулини осон қилишидан ташқари, вақт-соати келиб санъат асарига ҳам айланиб кетади. Айтмоқчиманки, санъат бирламчи, яъни ибтидодаги кўринишида ҳар ерда мавжуд. Фақат, уни илғай олиш қобилиятини ривожлантириш керак, менимча. Умуман олганда, халқимиз ардоқлайдиган санъат – инсонни инсонийликка, меҳру муҳаббатга ундайдиган санъатдир.
– У ҳолда, адабиёт ҳақида ҳам шундай дея оламиз, шундайми? Негаки, азал-азалдан бизда адабиёт инсон камолотига, уни руҳан, маънан юксалтиришга хизмат қилиб келган. Бугун дунё адабиётида турли эврилишлар юз бераётган чоғда ҳам, назаримда, биз ўша эзгу ғоядан асло чекинмаслигимиз керак, деб ўйлайман…
– Албатта. Бизга кўра, адабиёт халқнинг орзу-умидларини, армонларини, маълум давр аро яшаб ўтган умрини, шу умрни инсон ўлароқ яшаб ўтиши учун нималар қилиши кераклигини акс эттиради. Қолаверса, халқимиз адабиётдан жуда муҳим вазифани талаб қилади: яъни, ёш авлодни тарбиялашга хизмат қилсин, дейди. Бу худди “Илм ўргатиб беринг”, деб боласини устозга топширган кишига ўхшайди. Шунинг учун унга катта қиймат берамиз, маълум бир кишининг ҳою ҳаваслари тасвирланган асарлардан кўра покликка, инсонийликка чорлайдиган, етишимиз шарт бўлган нурли манзилларни кўрсатиб берадиган ёруғ асарларни севамиз.
Мисол учун, Навоий бобомизнинг машҳур мисраларини келтирсам:
Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондан кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқми,
Ипак қуртича ҳимматинг йўқми?
Ибтидодаги санъатдан хулоса чиқариб, теран тафаккур ҳосил қилган фикр болини она тилнинг бетакрор жилвалари аро тақдим этишнинг ажойиб мисоли эмасми бу?
Мана шу сабабдан ҳам адабиёт Шарқда бениҳоя қийматли хазинадир. Қайлардадир томоша ёки инсон туғёнларини изҳор этиш воситаси, қайдадир эса тафаккур ўйинидир.
– Бугун инсоният онг-шуурида оламшумул ўзгаришлар содир бўлмоқда. Минг йиллик қадриятлар, анъаналарга қайтадан баҳо берилмоқда. Айрим тушунчалар ўз қадрини йўқотиб, бошқа қадриятлар шаклланмоқда. Қизиғи, битта ҳодисага дунёнинг у четидаги одам бошқача, бу четидаги одам бошқача муносабат билдирмоқда. Шундай вазиятда бадиий мезонлар ҳам ўзгармадими, умуман, бадииятга эътибор сусаймадими?
– Йўқ. Қайлардадир сусайган бўлса бордир, лекин бизда эмас. Халқнинг қадриятлари ўзгармас экан, у талаб қиладиган мезонлар ҳам, уни яратувчиларнинг лаёқати ҳам ўзгармайди. Шу сабабли ҳам биз шоирга шеър ёзадиган шахс эмас, мутафаккир деб қиймат бераверамиз. Бунга энг ёрқин мисол – Алишер Навоий бобомиздир. Бугун замонавий дунёнинг янги атамалари орасида “маданият ташувчиси” деган сўз пайдо бўлди. Маълум элнинг урф-одатларини, анъаналарини, тарихини ва бугунини ўзида жо айлаган киши шундай деб аталади. Лекин таёқнинг иккинчи учи ҳам бор: демак, маданият ташимайдиганлар ҳам бор эканки, “ташувчи” дея тасниф қилинмоқда. Биз эса унинг ўрнига “маънавияти юксак” деган иборани қўллаймиз. Фарқни кўряпсизми?! Юксак маънавиятнинг қанчалар қудратли куч эканини биламиз. Шу сабабдан ҳам турли-туман ҳаётий мисолларни киши онгига рўпара қиладиган, тафаккур йўлларини кўрсатадиган, инсон заҳматларини, севинчларини, орзу ва умидларини акс эттирадиган асарларни излайверамиз.
– Демак, бугун ўзгараётган дунёда ўз қиёфамизни, ўзлигимизни сақлаб қолишга интилар эканмиз, халқимизнинг бадииятга муносабати ҳам бетакрор, ҳеч кимга ўхшамайдиган бўлиб қолишини таъминлар эканмиз-да?
– Албатта. Мисол учун, “она юрт” деган тушунчага диққат қаратайлик. Баъзи халқларда у “уйим-маконим” деган маънодан, бошқаларида эса “авлод” ва “туғилмоқ” деган маънолардан турланади. Бизда юрт дейилгани заҳоти кўз ўнгингизга бепоён маконлар, уйлар, дарахтлар, табиат, воқеа-ҳодисалар ва, албатта, инсонлар келади. У бирданига жуда кенг маъноларни қамраб олганини кўрамиз. Яъни, юрт бизлар учун – бир инсоннинг туғилиб ўсган, кўз қорачиғидай асраган, жонини фидо қиладиган бойлиги, бир улуснинг озод ва мустақил ўлароқ яшайдиган тупроғи, ҳавоси, сувидир. Халқ деганимиз фақат ватан дейилган тупроқ парчаси устидагина мавжуд бўла олади. Шу сабаб юртдош, ватандош деймиз. Биз тилга олган бетакрор тафаккур тарзи боис жонсиз нарсалар ҳам тимсолга айланиб кетади. Масалан, онасини соғинган бир ўғил марҳум онаси экиб кетган райҳонлар олдида узоқ ўтиради… Бор-йўғи бир йил яшайдиган шу эфемер ўсимлик унинг учун муқаддас ватаннинг бир бўлагига айланади. Ерга тушган нон увоғини олиб, кўзига сурган одамга кимдир “бечора” деб ачиниши мумкин. Биз эса “Худо берган неъмат исроф бўлмасин, ризқимиз-ку”, дея кўзимизга сурамиз. Булар – ўзлигимиз биносининг муҳташам устунларидир.
Бизнинг санъат, бизнинг адабиёт мана шу муҳитдагина ғоятда ранг-баранг, севимли ва ниҳоятда гўзал. Масалан, чиғаноқ парчасини ўзи бино бўлган сувга солсангиз, ақл бовар қилмас товланишларини кўрасиз.
– Миллий қиёфамизни, минг йиллик қадриятлардан куч олган адабий эътиқодимизни сақлаб қолишга уринишимиз таҳсинга сазовор, лекин бу ҳолатга бегона кўз билан қарайдиган бўлсак, бир саволга жавоб бериш керак бўлади: фақат миллий ўзандан сув ичган адабиёт ўша халқ учунгина қадрли бўлиб қолмайдими?
– Асло. Маънолар ҳақида сўз юритяпмиз-ку? Булар – биз суйган, қалбимиз севиниб қабул қиладиган маънолардир. Шу мазмунни бошқалар тушунолмаслиги мумкинлиги ва бунинг табиий экани ҳақида гапиряпмиз. Дунё тан олган баъзи асарларни бегонасираб мутолаа қилишимизнинг, узоқроқдан туриб кузатишимизнинг сабаби шунда, чунки барчамиз мана шу мазмун билан тўлганмиз, унга бошқа мазмун халал беришини истамаймиз.
Мазмун дедик. У ниҳоятда қудратли бир унсур. Кўклардан ерга тушиб, боғларни ёндирадиган чақмоқдан ҳам кучли. Инсон ичидаги ўй-хулосаларини ёндириб юбориши мумкин. Шу сабабли ҳам, ичу таши халқона мазмун билан тўйинган киши ўзга мазмунларда хавф кўради. Инсонни инсон айлагувчи унинг фикрлари ва ҳис-туйғулари эмасми? Ана шуни ўзгартириб юборадиган унсурлардан хавотир олиши ҳам табиий ҳол.
Ўз “мазмун”имиз аввало, уни англай оладиганлар учун қадрли, албатта. Бадиий асарларнинг бошқа ўлкаларда эътироф қилиниши эса ёқимли ҳолат, яъни ўзбекона тафаккур тарзининг бошқа мазмун ила тўлган халқлар учун қизиқарли, жозибадор бўлиб чиқишида.
– Лекин бугун – ахборот асри, ҳеч қайси халқ ўзини иҳоталаб, ташқи таъсирлардан бутунлай ҳимоя қила олмайди. Хусусан, адабиёт майдонида ҳам. Бунинг ижобий жиҳати ҳам бор. Янги, илғор услублар ўзлаштирилади, миллий адабиёт имкониятлари кенгаяди. Бадииятимизга, адабиётимизга сўнгги йилларда кириб келган замонавий унсурларни кузатарканмиз, шундай хулосага келамиз…
– Албатта, бу табиий ҳол. Тасвирий санъатга кубизм, сюрреализм, постмодернизм кириб келганига кўп бўлди. У усуллар, айтайлик, Ямайкадаги оила ҳаётини тасвирламайди-ку? Яна ўзимизнинг инсонимизни тасвирга муҳрлайди.
Усуллар, шакллар ўзгарса-да, адабиёт ўз ишида давом этаверади – у солномачидир. Тарих китоблари маълум даврда рўй берган воқеалардан дарак берса, адабиёт ўша давр кишиларининг кечинмаларидан сўз юритади, руҳиятига назар солади.
Замонавий усуллар кириб келмай иложи йўқ. Дунё ўзгармоқда, унга қўшилиб биз ҳам ўзгаряпмиз. Ҳамма гап қалбларимизни тўлдирган мана шу ажойиб мазмунни келажак авлодларга узата олишимизда қолмоқда.
Дунёда ахлоқ қоидалари устувор мамлакатлар жуда оз. Борлариям маънавиятсизлик гирдобига чўмиб бормоқда. Ўзбек ахлоқи эса ҳам диний, ҳам миллий ахлоқнинг энг гўзал қирраларини ўзида мужассам этган бетакрор маънавий хазинадир. Бунга мисоллар жуда кўп, улар қаршисида ақлингиз шошади. Масалан, диний эътиқодлар ота-онани эъзозлаш улкан савоб эканини, исрофнинг гуноҳлигини, киши қалбига озор етказиш имондан эмаслигини ва шунга ўхшаш жуда кўп ўгитларни минглаб йиллар давомида кишилар онгига уқтириб келади. Бизда эса у аллақачон халқона қадриятга айланиб бўлган. Ҳалоллик, поклик, киши шахсига ҳурмат… Элимизда булар шу даражада мафтункорки, бошқа бирор жойда бундай гўзалликни учратмайсиз. Шунча йиллик маҳдудлик орасидан ўз қадриятларини ёмби каби эъзозлаб бус-бутун сақлаб келгани эса, ҳақиқатан ҳам, мўъжиза.
Адабиётимиз мана шу жиҳатидан ҳам қийматли, бетакрордир.
– Сўнгги йилларда ҳаётимиз, тушунчаларимиз қанчалик ўзгаргани ўзингизга аён. Биз инсонга бундан ўттиз-қирқ йил олдинги қолиплар асосида баҳо бера олмаймиз. Даврлар синовига дош берадиган асарларда замондошимиз нафасини туйгимиз келади. Хўш, айтинг-чи, бугун яратилаётган асарларда янги давр одамларининг образи намоён бўляптими?
– Ҳа, бугуннинг одами кечаги кишидан фарқ қилади. У ўзининг кеча ким эди-ю, бугун ким бўлганини мулоҳаза қилаётган шахсдир. Узоқ йиллар дунёдан айри яшаган зот ҳозир ўз юртида мустаҳкам тургани ҳолда дунёдаги воқеаларни синчиклаб кузатиб, хулосаларини чиқармоқда. Шу сабабли тўла ишонч билан айта оламанки, бугуннинг қаҳрамони – тафаккур қиладиган кишидир. Етарли билим ва хулосага тўйингач, албатта, ўзининг сўзини айтади.
Бугун адабиёт учун мавзу бениҳоя кўп ва хилма-хил. Янги, озод авлод етишиб келди, улар айтайлик, қачонлардир Совет иттифоқи деган империя бўлганини ва ўз эл-юрти ўша империя зулми остида яшаганини фақат дарсликлардан билади, инсон қаддини букчайтириб, онгини майиштириб ташлаган босимлардан бехабар. Бу авлодни олға бошлаётган мақсадлар, ғоялар, ниятлар қанақа? Улар қалбида инсонийлик деган тушунча қанчалар бойиди? Муқаддас қадриятларимиз уларнинг юрак заминида мустаҳкамми? Ер юзида миллатию халқини билмайдиган, тирикчилик кўйида дайдиб юрадиган янги оломон пайдо бўлмоқда, фан тилида у “биомасса” деб аталмоқда. Ўз мазмунини, яъни ўзини инсон айлаб турган маънавий заминни тарк этиб, ўзга ҳар қандай мазмун билан тўлишга тайёр кишилар оломони дунё бўйлаб бахт-саодат излаб изғимоқда. Мағиз фақат ўз қобиғи ичидагина мавжуд бўла олади. Юртимиз ичидаги бетакрор ҳаётни дунёнинг кўп ўлкаларидан топа олмайсиз, мен буни тўла ишонч билан айта оламан. Шу ва шунга ўхшаш талотўплар аро кишиларимиз қалби акс этган асарлар ёзилиши керак, деб ўйлайман.
Қаранг, кечаги кунни акс эттирган асарлар йиллар ўтиб муҳим этнографик манбага айланди, баъзи анъаналаримиздан, кишиларнинг қандай бўлганидан ҳикоя, қиссаю романлар орқали хабар топамиз. Бугуннинг ҳаёти акс этган ҳикоя, қиссаю, романлар ҳам яна аллақанча йиллар ўтгач, ана шундай манбага айланса, ажаб эмас.
– Энди бутун дунёда урф бўлган “юксак санъат” деган атамага изоҳ бериб ўтсак. Бундай “хос санъатлашув” бадииятнинг халқдан узилиб қолишига олиб келмасмикан?
– Хийла мураккаб мавзу. Жуда кўпчилик санъат чўққиси деб ҳисобланган асарларни ўқигиси келади. Шу жумладан мен ҳам ўзим билганларимдан кучлироқ бошқа мазмунларга интиламан. Бундай жараён умр охиригача давом этса керак. Ардоқли асарлар умр паллаларига қараб ўзгараверар экан. Ўқувчилик чоғларимизда севган асарларимиз билан ҳозир ёқтирадиганларимиз орасида ер билан осмонча фарқ бор. Масалан, талабалик пайтимда Маҳмуд Кошғарийнинг машҳур “Девону луғотит-турк” асарини тушунолмас эдим. Ҳозир шу китобни қўлимга олсам, бепоён яйловларда эсган еллар, ёввойи ифорлар, қўй-қўзилар баъраши, қадди типпа-тик, озод эркак-аёллару болалар овозини эшитгандай бўламан, у менинг онгимга минг йил олисдаги ҳаёт тарзидан хабар беради.
Айтмоқчиманки, бу ўринда ҳам маънавий юксалиш масаласи турибди. Муҳтарам олимларимиз, адибларимиз инсоният тафаккурининг гултожи ҳисобланган турли-туман асарларни ўқиб чиқишгач, яъни руҳияти инжа билимлар билан тўйингач, янада мукаммалроқ асар ўқишни исташади, шу сабабли адабиёт илмида жуда чуқур шўнғишади ва феномен асар талаб қилишади. Лекин улғайиб келаётган болалар ва элнинг бепоён ҳудудларида яшаб умр кечираётган содда кишилар ҳам бор, олим етган даражага етиш учун улар яна анча-мунча йўлни босиб ўтишлари керак. Адабиётнинг соддалашуви мана шу тарзда рўй берса-да, уни сираям содда адабиёт деб бўлмайди, у бор-йўғи мураккаб шакллардан холи, мағизнинг ўзидангина иборат адабиётдир. Ўн олти яшар болакай Арасту асарларини тушунолмаслиги табиий. У бола моҳиятни англай оладиган бўлгунча ўша даражага етиб боришига хизмат қиладиган асарларни мутолаа қилади, шу тариқа босқичма-босқич юксалиб бораверади. Математикани арифметикадан бошлаб, олий тригонометрия билан тугаллаганимиз ҳолда адабиётимизда ҳам мана шундай изчил тадриж масаласи пухта ишлаб чиқилмоғи зарур.
Кўламни кенгроқ олиб қарайвериш керак. Кечагина маҳдудлик замонида ўзлигини бир амаллаб сақлаб келаётган кишилар тақдиридан баҳс этиларди. Адабиёт эл орасида обрў-эътибор қозонган фазилатлар эгаси сифатида ғоят оддий одамлар тақдирини қаламга оларди. У даврнинг кишилар онгида қолдирган яра-чандиқлари нималарда намоён бўлади? Қишли-қировли далалар, териб олинган ҳосилнинг қолган-қутганини ҳам тўплашга ундайдиган чорловлар, болам-чақам деб заҳмат чекаётган эл, фарзандларнинг ноаниқ келажаги, тақиқлар, чекловлар… Энди эса юзлаб турли-туман фалсафалар, қарашлар, ҳийлалар ва манфаатпарастлик ўйинлари давом этаётган замонавий дунёдаги озод ўзбек шахси талқини яратилиши керак. Давр кишиси образи яратилса, менимча, одамлар талашиб-тортишиб ўқийди. Шунда боя айтиб ўтган фикримизнинг тўғри эканига яна бир карра амин бўламиз: ижодкор нафақат ўз халқининг, балки дунё халқларининг тарихини, миллатларнинг қалқиниши ва таназзули қонуниятларини, инсоният бошидан кечирган кўргиликларни, озодлик учун берган қурбонларини, янги илмий кашфиётларни, ўз халқининг кечаги кунини, бугунги орзу-армонларини ва келажагини ҳам истеъдоди ёруғида кўра олиши шарт бўлиб қолмоқда.
– Чиндан ҳам, чинакам истеъдод, катта қалб эгаси нафақат ўз халқининг, балки бутун дунёнинг қайғусини чекади. У курраи заминимизда тинчлик, адолат каби эзгу тушунчалар устувор бўлишини истайди. Миллатидан, ирқидан қатъи назар, барча асл ижодкорлар ўзаро маслакдош саналади.
– Ҳа, айнан шундай. Санъат, адабиёт кишиларни, халқларни бирлаштиради. Жуда улуғ бир вазифа мана шундан келиб чиқади. У – эзгулик хизматига камарбаста бўлишдир. Адабиёт воситасида муайян бир халққа хос фазилатларни бошқаларга “юқтириш” ҳам шу хизматнинг бир қисми ҳисобланади. Бугун миллий адабиётимизда ўзбек кишисининг фазилатлари, ҳеч кимга ўхшамайдиган қирралари, дунёдаги воқеа-ҳодисаларга, оилага, эл-улусга, зурриёдига, ота-онага муносабати бадиий аксланиши керак. Халқлар ва маданиятлар ассимиляцияси рўй бераётган, турли-туман манфаатлар қуршовида тафаккурлар ўзгариб кетаётган замонавий дунёда ўзбек халқи ўзлигини бус-бутун сақлаб турибди. Бу – ҳақиқатан ҳам, мисли кўрилмаган ҳодиса. Ҳалигача минглаб хонадонларда фарзанд юзини ювгач, ота-онаси олдига кириб салом бермоқда, рўзғори бўлак ўғил ишдан қайтаркан, албатта улуғлари ёнига бирров кириб, ҳол-аҳвол сўраб чиқмоқда, онахонлар ҳалигача бир қатра қуруқ ер кўрса, райҳону ялпиз қадаб, бўстон барпо этишга уринмоқда, отахонлар болаларимга дея дов-дарахт экиб, боғ яратмоқда. Хавотирга ҳожат йўқ, бу – чиндан ҳам, кучли ва ниҳоятда қадим илдизларга эга халқдир. Бойлик ва мол-дунё ҳирсидаги кишиларнинг ҳаёти доимо бир хил ва бир-бирига жуда ўхшаш. Эл-улус хизматига бел боғлаган, халқ руҳини, маданиятини бус-бутун ўзига сингдирган кишиларнинг ҳаёти эса ардоққа лойиқдир. Давлатимиз раҳбарининг мана бу сўзларига эътибор берайлик: “Барчамизга аёнки, XXI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”.
Адабиётни ҳам, бошқа соҳаларни ҳам мана шу элнинг тараққиёти учун, келажаги учун хизмат қилиши керак деган катта ғоя бирлаштириб туради. Бугун яратувчилик деган азим бир жараён ҳукм сурмоқда. Нафақат санъату адабиётдан, балки бошқа барча соҳалардан ҳам яратувчилик талаб этилмоқда. Эндиликда шахсияти яксон қилинган кишиларнинг кўр-кўрона итоатли меҳнати эмас, ижодий қобилияти, яратувчилик истеъдоди зарур деб бонг урилмоқда.
– Бу талабни ўз вақтида, тўғри тушунганлар барча соҳаларда муваффақиятга эришаётганига гувоҳмиз. Лекин улкан эврилиш жараёнида юз берадиган катта ҳодисаларни ҳамма ҳам тезкорлик билан идрок эта олмайди, шекилли-да…
– Тўғри. Лекин бу йўлда айнан санъат турлари, хусусан, адабиёт кўмакка келиши керак, деб ўйлайман. Йўқса, ота-боболаримиз қадим замонлардан бери авайлаб авлодларга етказган шу руҳ, шу мазмунни задалаб қўйиш хавфи бор. У мазмун тоза ва покиза ҳолича болалар қалбини тўлдириши керак. Бугун адабиёт учун жуда кўп ва хилма-хил мавзу бор. Адабиётимиз мана шу талотўплар орасида, боя таъкидлаганимиздай, қобиғини бошида кўтариб унган ниҳолни пайқаши ва парвариш қила олиши ҳам керак. Йўқса, турли таҳлил усулларинию ҳар турли бадиий йўналишларни сарҳисоб қилиб ўтиришдан нима наф?
Бугунги илмга чанқоқ болаларимиз худди ўн олти яшар ибн Сино кабидирлар. Яъни, улар Арастунинг “Метафизика”сига улуғ устоз Абу Наср Форобий ёзган шарҳни, албатта, ўқишлари керак. Бу – бир мажоз, аммо бугуннинг ҳодисаларига у шарҳни ким ёзади?
Гап мана шунда эмасми?
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 8-сон