Қозоғистоннинг Туркистонда шаҳрида 20-23 декабрь кунлари туркий тилларнинг 12-халқаро шеърият фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Гагаузия, Болгария, Косова, Қрим, Руминия, Греция, Татаристон, Бошқирдистон, Доғистон, Кипр, Ироқ каби ўлкалардан 100 нафар туркийзабон шоирлар иштирок этди.
Фестивал Туркия Ёзувчилар уюшмаси, Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Аҳмад Яссавий номидаги турк-қозоқ университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро шеърият фестивалида «Аҳмад Яссавий замонидан ҳозирги кунгача тасаввуф адабиёти» (профессор, доктор Билол Кемикли), Мағжон Жумабой ўғли ҳаёти ва фаолияти (Улуғбек Есдавлат), Ҳусайн Бойқаро ва Маҳмуд Абдулбоқий ҳақида маърузалар тингланди. Мағжон Жумабой ўғли, Боқий, Ҳусайн Бойқаро, Абай, Калдарбек Найманбай, Туманбой Молдағали, Меҳмет Акиф, Юнус Эмро шеър фаслларида иштирокчилар ўз шеърларини ўқиб бердилар.
Туркий тилларнинг 12-халқаро шеърият фестивалида Ўзбекистондан шоир Фахриёр иштирок этди. Унга Кўня шаҳри ҳокими Мавлоно Жалолиддин Румийнинг 6 жилдли «Маснавийи маънавий» китобининг ўзбекча таржимаси жамланмасини тақдим этди.
Фестивал якунида туркий дунёнинг машҳур шоирлари номи билан аталадиган мукофотлар топширилди. Буюк ўзбек шоири Ҳусайн Бойқаро мукофоти татаристонлик шоир Рамис Аймедга, турк шоири, «султонуш-шуаро» номи билан танилган Боқий мукофоти қирғизистонлик шоир Атантай Акбаровга, қозоқ шоири Мағжон Жумабой ўғли мукофоти туркиялик шоир Мустафо Ўзчеликка насиб этди.
Туркий тилларнинг илк халқаро шеърият фестивали 1992 йили Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган. Кейинги фестиваллар Алмати (Қозоғистон), Ашхобод (Туркманистон), Гирне (Кипр), Стразбург (Франция), Оқмасжид (Қрим), Скопье (Македония), Баку (Озарбайжон), Призрен (Косова), Бишкек (Қирғизистон) ва Қозон (Татаристон) шаҳарларида ўтказилган.
1992 йилги Бурса фестивалида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов Юнус Эмро мукофотини, 2007 йилги Скопье фестивалида шоир Миразиз Аъзам Мавлоно Жалолиддин Румий мукофотини, 2015 йилги Қозон фестивалида шоир Фахриёр Реми Гарипов мукофотини олган.
1992 йилги Бурса фестивалида Алишер Навоий мукофоти озарбойжонлик шоира Фируза Мемметлига, 2005 йилги Гирне фестивалида Заҳириддин Муҳаммад Бобур мукофоти туркманистонлик шоир Отамурод Отабойга, 2009 йилги Оқмасжид фестивалида Аҳмад Яссавий мукофоти туркиялик шоир Жаҳит Кўйтакка топширилган.