Сунь Лицзе: “Зиддиятларни муроса ва мулоқот йўли билан ҳал этиш лозим”

3 ноябрь куни Тошкентда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. Дипломат журналистларга жорий йил 18-24 октябрь кунлари Пекинда бўлиб ўтган Хитой коммунистик партиясининг XIX съезди якунлари бўйича маълумот берди.

“Ушбу съезд социализмнинг Хитойга хос янги даврига қадам қўйилаётган ва ўрта тоифага асосланган жамият бунёд этишга киришилган ҳал қилувчи паллада ўтказилгани билан аҳамиятлидир. У Хитой коммунистик партияси, умуман Хитой ва хитойликлар ҳаётида муҳим тарихий аҳамият касб этади. Унда Хитой коммунистик партияси ва мамлакатнинг яқин йиллардаги тараққиёти бўйича стратегиялар ва дастур белгилаб олинди. Хитой дунёнинг иккинчи йирик иқтисодий мамлакати ва йирик ривожланаётган давлати ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида халқаро майдонда муҳим роль ўйнайди, жаҳон иқтисодиёти ва глобал тараққиётига улкан ҳисса қўшади. Шу боис ҳам съезд бутун дунё жамоатчилиги диққат-эътиборида бўлди”, – деди ХХР элчиси Сунь Лицзе.

Съездда Хитой коммунистик партияси сафидаги 89 миллион аъзодан 2287 делегат қатнашди. Машваратда 18-чақириқ Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитасининг маърузаси, партиянинг интизом бўйича комиссияси ҳисоботи тингланди. Шунингдек, 19-чақириқ Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитаси ҳамда интизом комиссияси таркиби тасдиқланди. Партия Бош котиби лавозимига иккинчи муддатда Си Цзиньпин сайланди. Бош котиб ғоялари асосида партия уставига ўзгартиришлар киритилди.

“Аср ўрталарига қадар йирик ривожланган социалистик мамлакат қуриш бўйича йўл харитаси ва аниқ режалар белгилаб олингани машваратнинг муҳим амалий натижаси саналади”, – деди хитойлик дипломат.

Хитой коммунистик партияси Бош котиби Си Цзиньпин съезда маъруза қилди.  Элчига кўра, маърузада Хитой босиб ўтган беш йиллик йўл баҳоланган. Ўтган муддатда ялпи ички маҳсулот 7,2 фоизга ошиб, 8 триллион доллардан 12 триллион долларга етди. Хитойнинг дунё иқтисодий тараққиётига қўшган улуши 30 фоизга ўсди. Мамлакатда 13 миллион янги иш ўрни яратилди,  аҳолининг реал даромади 7,4 фоизга кўпайди. 60 миллиондан ошиқ киши қашшоқликдан халос бўлди. 2016 йилда Хитойнинг ташқи савдо айланмаси 3 триллион 680 миллиард долларни ташкил этди.

Қолаверса, Хитой раҳбари маърузасида мамлакатни ривожлантириш бўйича улкан режалар белгиланган.

“Биз ушбу вазифаларни уч босқичда амалга оширамиз: 2020 йилгача жамиятни ўрта таъминланган даражада олиб чиқиш; 2020 йилдан 2035 йилгача социалистик модернизацияга эътибор қаратиш; 2035 йилдан мамлакатимизни бой, қудратли, демократик, мутараққий, замонавий социалистик давлатга айлантириш. Жорий йилдан 2020 йилгача ўрта табақадаги жамиятни бунёд этиш ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолади”, – деди Хитой элчиси.

Қайд этилишича, айни пайтда Хитой учун кучли табақаланишни бартараф этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

“Тараққиёт – Хитойдаги барча муаммоларга ечимидир. Биз иқтисодий қурилишга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратамиз ва ўз кучимизга таяниб, очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатини давом эттирамиз”, – деб таъкидлади Хитой элчиси.

Қолаверса, Си Цзиньпин ўз маърузасида социализмнинг Хитойга хос моделини ривожлантириш бўйича 14 бандлик стратегияни эълон қилган. Бу ўринда, аввало, “барчаси халқ учун” ғояси, туб ўзгаришлар, новаторлик таклифлари хусусида сўз бормоқда. Шунингдек, ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “бир мамлакат – икки тизим” концепциясини ривожлантириш, глобал интеграцияни кучайтиришга аҳамият қаратилади.

Давлат раҳбари чиқишида, шунингдек, Хитой замонавий дипломатиясининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Бунга кўра, Хитой бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм суриши, миллатлараро дўстлик қарор топиши, совуқ уруш кайфияти ва зўравонлик сиёсатига барҳам беришни таклиф этади.

“Давлатлараро муносабатларда зиддият ва блокларга бўлинишдан воз кечиб, мулоқот ва ҳамкорликка асосланган янги ёндашувлар қўллаш лозим.  Низо ва ихтилофлар мулоқот ва муроса орқали ҳал этилиши лозим. Савдо ва сармоя соҳасида либераллашув ва соддалаштириш жараёнини қўллаб-қувватлаш лозим”, – деди Хитой элчиси.

Брифинг жараёнида дипломат Хитой ва Ўзбекистон муносабатларига ҳам алоҳида тўхталди.

Қайд этилишича, айни пайтда икки мамлакат алоқалари тарихий юксак босқичга кўтарилган. Жорий йил дипломатик муносабатларнинг 25 йиллиги нишонланди. Элчига кўра, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган мамлакатни ривожлантириш бўйича беш йўналишни қамраб олган Стратегия ХХР Раиси Си Цзиньпин таклиф этаётган ривожланиш тамойилларига уйғундир.

Хитой элчисига кўра, расмий Пекин Ўзбекистон билан вақт синовидан ўтган дўстлик ҳамда стратегик ҳамкорликни қадрлайди ва ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга тайёрдир.

С.Салим