Ҳаммомдан бири новча, бири пакани йигит чиқди. Икковиням хўп буғлангани кўриниб турарди: юзлари қип-қизил. Паканаси хўжайинлардан бўлса керак, новчага гап уқтирирар, шериги қўли кўксида, бош қимирлатарди. Йигитлар бегона бўлгани учунми, чойхонадагиларнинг диққати уларга бурилди. Йигитлар эса, бу эътиборга парво қилишмади: на салом беришди, на хол-аҳвол сўрашди, сўрилар орасидан машиналари томон ўтиб кетишди.
— Молга ўхшаганларни қара, — деди Сиддиқ ака қўлларини силтаб. – Отанг тенги одамлар ўтирибди, салом бериб куявер, сенлардан ош-нон сўраптими!
Сиддиқ аканинг оғрингани таъсир қилдими, йигитларнинг машинаси ўт олавермади. «Чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ!» қилади, юришдан дарак йўқ. Новчаси тушиб, маторини ковлаштирган бўлди. Яна ўша «Чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ!» Пакана нимадир деб бақирди, англомадик. Йигитлар ўрин алмашишди: пакана мотор кавлаштирди, новча калит буради: яна ўша «чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ!»
Сиддиқ ака чидолмади.
— Хўв, илгариям машина мингансилар ўзи! – деб ўрнидан туриб йигитлар томон юрди. — Ванғиллатаверадими, маторни қийнаб! Буниям жони бор! Тўк келмай, свечалар хўлланиб бўлди! Ключни олинг, очиб, тозалаш керак.
Машина атрофига томошаталаблар тўпланди.
— Мана, кўряпсизми, – Сиддиқ ака свечаларни олиб, йигитларга уқтира кетди, — пишилиб энасиникига кириб кетибди-ю, ўтайдми бу! Ие, мановисини қаранг, ёққа чўмилиб ётибди. Латтани олинг, артиб, қуритиш керак…
Ака эринмай свечаларни тозалади, қуритди, ўрнига қотирди.
— Энди калитни бурасак, яна свечалар пишилиб қолиши мумкин. Аммо итарворсак, юриб кетади, — деди ишни тамомлагач. Кейин томошабинларга юзланди: — Қани, йигитлар, ёрдам бериб юборинглар, меҳмонлар экан.
Уч-тўрт йигит машинага ёпишдик. Ўн беш–йигирма метрча итардик, машина юрмади.
— Ҳалиям тўк келмаяпти, шекилли, — Сиддиқ ака машина капотини очиб, яна ковлаштира кетди. — Энди юради, — деди сўнг ишонч билан.
Беш-олти метр қадамда машина гуриллаб юриб кетди. Аммо шу юрганча тўхтамадиям! Пакананинг ёнига новча шундай эпчиллик билан чиқиб олдики, ҳаммамиз ҳайрон қолдик.
— Айтганингиздай, мол боллар экан, бир марта раҳмат айтишга ҳам ярашмади-я! — деди Аҳмадилло.
— Ҳақиқий моллигини энди кўрасан, ҳе-ҳе-ҳе! – Сиддиқ ака кулиб, қўлидаги халтага ишора қилди. — Ҳамма ключи қолиб кетди-ю!
Сиддиқ ака билиб гапирган экан. У ключларни сўри остига қўйиб турганди, машина ортига қайтиб келди. Аммо Сиддиқ ака уларга парво қилмай сўрига ўтириб, рақибига юзланди:
— Қартани ким тарқатади? Сенми? Суз! Ҳисоб неччи-ю неччи эди?
Новча йигит машинада тушиб, Сиддиқ аканинг тепасига борди:
— Ака, ключлар қолиб кетибди…
— Машинанинг ўзи қани? – сўради Сиддиқ ака ўйиндан бош кўтармай.
— Ана, йўл ёқасида турибди…
— Хўжайинингга айт, олдин қаерга тўхтатган бўлса, ўша жойга машинани қўйиб, ўчирсин, кўрадиган жойи бор.
Новча кетди. Пакана билан жиндай ғижиллашди. Аммо машинани жойига қўйиб, ўчиришди, ҳарқалай. Сиддиқ ака ўйинни якунига етказиб, ўрнидан турди. Сўри остидан ключларни қўлтиғига қистириб, машинанинг олдига борди.
— Мана, ключларинг, — деди ҳалтани узатиб. — Буларни тўғри келган жойга ташлаб кетавермайди-да, моллар!
Биз — сўридагилар «боллар» сўзининг «моллар» атай деб айтилганини сезиб, кулиб юбордик.
Сиддиқ ака уйи томон юрди.
Йигитлар машина ўтиришди. Калит буралди. Таниш овоз эшитила бошлади: «Чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ, чғ-ғ-ғ-ғ!»
Новча тушиб, Сиддиқ аканинг ортидан чақирди. У парво қилмай, йўлида давом этди.