21 сентябрь куни таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор 65 ёшида вафот этди.
“Оғир жудолик бўлди ҳаммамиз учун, айни ижодий балоғат ёшида у ёруғ оламни тарк этди. Ҳали режалари кўп эди, охирига етмаган шеърий туркумлари, достонлари, таржималари иш столида қолди. Усмон Қўчқор ўз ҳаёт йўлини мардона босиб ўтди. Шоир бугун орамизда йўқ. Бироқ, у бетакрор асарлари билан мухлислари, ёру дўстлари, фарзандлари қалбида яшашда давом этади”, – дея марҳумни ёдга олган дўстлари.
Шоирнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига таъзия изҳор этган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази бу Озарбойжон адабиёти учун ҳам улкан йўқотиш эканини таъкидлаган.
“Усмон Қўчқор яхши инсон, истеъдодли шоир, маҳоратли таржимон эди. Ҳеч нима даъво қилмасдан, индамасдан ижод қилди. Гарчи юрагида дарди кўп бўлса-да, уни ҳаммага очавермади, фақат ва фақат шеърига ишонди. Оллоҳ раҳматига олсин!” – деб ёзди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон.
Усмон Қўчқор 1953 йил 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.
Узоқ йиллар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, “Ўзбекистон”, “Чўлпон” ва “Маънавият” нашриётларида, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти” журналларида масъул лавозимларда ишлаган.
Усмон Қўчқорнинг “Ҳаяжонга кўмилган дунё”, “Акссиз садолар”, “Уйқудаги минора”, “Оғир карвон”, “Чамангул”, “Широқ” каби шеърий китоблари, “Қувғун” достони ва “Имом Бухорий” шеърий драмаси чоп этилган.
У озарбойжон адибларидан Саййид Имоддиддин Насимийнинг “Мен бу жаҳонга сиғмасман” шеърий тўпламини, Ҳусайн Жовиднинг “Амир Темур” драмасини, Жалил Маммадқулизоданинг қисса ва ҳикояларини, Юсуф Самад ўғлининг “Қатл куни”, Анорнинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати”, “Мен, сен, у ва телефон”, Собир Рустамхонлининг “Кўк тангри”, Юнус Ўғузнинг “Амир Темур”, “Малика ва жодугар”, “Султон Алп Арслон” асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.