Ошхонадаги жавон ёнида сейфнинг калитини йўқотган ғазначидек уймаланиб юргани сайин, Умрзоқни тер босиб, бош оғриғи баттар кучая борди. Охири пешанасига танғилган нам сочиқдан буғ таратганича келиб, ўзини диванга ташлади. Шу заҳоти эшикнинг қўнғироғи ғалаён кўтарди: «Жир-р-ринг!»
– Кир-р-ринг! –деди Умрзоқ, қўнғироққа кесатиб.
Тарашаланганича Ортиғали қадам ранжида қилди. Кўзи қиров ўрай бошлаган ғайнолини эслатарди.
– Аҳволинг шашалигини билувдим, – деб биғиллади у. –Тўйники текин деб, кеча хурмачангдан жа тоширвординг… Эйқ! Иҳив… Уйда қолган-қутганидан йўқми? Бизни жиғилдонам биёбон бўпкетди.
Умрзоқнинг битай-битай деб турган ярасига қовоғари ниш ургандек бўлди.
– Қолган-қутгани дейсан-а, – новвосҳўнгров қилди у. – Ана, жавонда бус-бутиниёқ турибди. Нақ «Кристал» деганидан!
Ортиғалининг юзи чарақлаб, қўлларини бир-бирига ишқади:
– Э, тилингга шакар! Қани, ўшани алдаб-сулдаб бу ёққа еталаб чиқ-чи.
Умрзоқ тугалай ҳўнграк отиб юборишдан ўзини зўрға тийди.
– Ҳадемай хотиним бозордан қайтиб келади, ўзидан сўраб ичаверасан, – деди лаблари учинқираб.
Эртага хотинининг туғилган куни экани, акаларим табриклашга кепқолишса, қиттак-қиттак қилишар деб, олиб келган арағини жавонга қулфлаб ташлаганини уқтиргунча, жигари тутдек тўкилаёзди. Аммо, Ортиғали ҳафсаласи анча-мунчага пир бўладиганлардан эмасди. Оғир асабий шароитга тушиб қолган синақта дўстини азобдан тезроқ қутқариш чораларини излай бошлади. Ниҳоят, топди ҳам. Унинг таклифини эшитиб, Умрзоқни негадир тутқаноқ тутди.
– Эсинг жойидами, валат? Эшигимиз пешанама-пешана бўлса. Хотиним сени танимасдан ўлибдими?
– Пардоз қилволсам, таниб бўпти, – деди Ортиғали. – Йигирма йилдан бери бекорга артист бўлиб юрибманми? Саҳнада бир кун министр бўлсам, бир кун сўфиман. Бирорта томошабин, бу кечаги нусха-ку, деганмас.
Умрзоқ жомчадаги қораталоқдек ёйилиб, сўррайган асно бир зум ўйланиб турди. Сўнг, нафси устун келиб, чапаничасига қўл силтади:
– Бор-е, бир таваккал қилсак қипмиз-да.
– Бўпти, мен уйда бўптураман, – деди Ортиғали. – Ишқилиб, телефўнимни чалкаштирворма.
Бозор қилиб қайтган Назирахон пойгакда ечиниб, ичкари хонага юрди. Остонадан ўтди-ю, бирдан «зим-м» этиб танасига совуқлик югурди. Эри ғужанак бўлганича гиламда инграб ётарди. «Вой ўлмасам», дея югуриб бориб, унинг қўлтиғидан олди, амаллаб диванга ётқизди.
– Сизга нима бўлди, дадаси?
– Бадан-баданим увишиб… вих… бир ёқдан биқин санчиб… вих… Хотин, рози бўл энди… Вой-ей!
– Ҳой, одамни қўрқитманг…
Назирахоннинг юзи қув оқарди. Умрзоқ биқинини чангаллаган куйи, диван ёнидаги қути устида турган телефонга ёпишди. Инқиллаб-синқиллаб рақам терди.
– Алўв… вих… «Тез ёрдам»ми бу? Дарров келинглар… вой-ей… Борди-келди бўптурибман… Алўв, алўв! Ий, узилиб қолди-ку…
– Қийналмай, бу ёққа берсангиз-чи.
Назирахон эшитқини эрининг қўлидан олиб, эндигина рақам теришга шайланган эдики, эшикнинг қўнғироғи жиринглади. Бориб эшикни очган ҳамоно катта қора кўзойнак таққан, оқ халатли соқолдор киши: «Мен «Тез ёрдам»данман. Касал қани?» –дея остонадан шаталоқлаб ўтди.
– Вой, хаш-паш дегунча қандай етиб келдингиз? – анграйиб сўради Назирахон.
– Биз… анақаларданмиз… хў-ў-ш, – дея тайсалланди дўхтир. – Ҳа! Бизни «Супер тез ёрдам» деб қўйибдилар, хоним. Верталётда келдик.
– Адресниям айтиб улгурмаганидик…
– Верталётдаги компьютер ҳаммасини аниқ кўрсатиб беради.
– Ҳарқалай…
– Э, бошимни бўмбардимон қилвордингиз-ку! Гапни майдаламасдан, менга касални кўрсатинг!
Ўта замонавий ускуналарни пеш қилаётган дўхтирнинг қўлида лоақал биронта эскича асбобнинг йўқлиги Назирахонни баттар таажжубга солди. Дўхтир беморнинг қўл томирини ушлаб, соатига тикилганича «аха, аха» дея файласуфона сузилганини кўрганидан кейингина, кўнгли хийла жойига тушди.
– Бари тушунарли, – деди дўхтир. – Эрингиз томирус тортишус касалига чалинибди.
– Томирус тортишус?!
– Ҳа, томирус тортишус. Оддий тилда томир тортишиш дейилади. Эти увишяптими, ахир?
– Вой, вой-ей… шунақанги увишяптики! – деб ташхисни тасдиқлаган бўлди Умрзоқ. – Бунинг устига… вих… биқинимам санчияпти.
– Тушунарли, демак биқунус санчиғус ҳам бор, – дея Назирахонга соқол чўччайтирди дўхтир. – Эрингиз касалхонага етиб боришни қийин, хоним. Бу ёғи пишиб қопти.
– Вой ўлмасам!..
– Қўрқманг, чорани шўтта кўриб, тузатворсак бўлади. Спирт-мипирт топиладими бу уйда?
– Йўғиди-я…
– Балки… тозароқ арақ бордир? Масалан «Кристал»?
– Бор! Худди ўшандақасидан бор! – деди Назирахон суюниб. Айни пайтда, дўхтирга яна бир синчиланиб, ғалати тикилди.
– Тасодифни қаранг-а! – безрайиб хитоб қилди дўхтир. – «Кристал»ни опчиқиб, тезда ихтиёримга топширинг.
Назирахон ошхона ёққа бир талпинди-ю, пича тўхталиб, дўхтирга тағин каловланиб тикилди.
– Ҳа? Савол борми? – сўради дўхтир.
– Мабодо-о… Ортиғали деган қариндошингиз йўқми? Агар соқолингиз бўлмаса…
– Ҳозир Ортиғали-портиғалига бало борми? – ўшқириб берди дўхтир. – Дорини опчиқинг!
Назирахон масовланган сиёқда ошхонага кириб кетгач, Умрзоқ панжаларини мушуктирноқ қилиб, Ортиғалини пўписалашга тушди:
– Ҳе, дўмпагувалак! Ўргилдим сандақа артистдан. Ҳали телефоннинг эшитқисини қўймасимдан туриб, пирпираб келишингни қара.
– Томоқ тақиллаб кетди-да. Верталётда келдим деб, гапни тўғрилавордим-ку.
– Верталётмиш… Ракетаям бунақа тез келмайди. Буям етмагандек, дабдурустдан «Кристал» деб турибсан…
Назирахон қайтиб чиқиб, жанжал чала қолди. Дўхтир ютиниб-тамшаниб арақни очди. Пиёлага босиб қуйди.
– Томирни ёзадиган манави нарсадан озгина ичасиз энди, бемор. Агар, аччиқ деб қўрқаётган бўлсангиз, ўзимиз ичиб кўрсатишимизга тўғри кепқолади.
Умрзоқ яланиб минғирлади:
– Йў, жа унақа қўрқоқмасмиз…
– Хўжайиним ичиб юрган одамлардан, – эрининг ёнини олди Назирахон. – Ўлганакан шунданам қўрқса.
Бу гаплардан дўхтирнинг қовоқ-тумшуғи осилди.
– Энди-и, қўрқадими-йўқми, намуна кўрсатиб қўйиш бизнинг бурчимиз, – деди у. – Гиппократ қасами деган гаплар бор. Хуллас, мана бундақа қилиб ичилади.
Дўхтир шошмасдан сузи-и-б ича бошлади. Умрзоқ юраги тарс ёрилгудек бўлиб, бошини ликаланглатганича кузатиб турди. Ниҳоят, пиёла бўшаб, яна арақ қуйилди.
– Вой-ей, биқинимдаги оғриқ кучайиб боряпти,– инжиқланди Умрзоқ, узатилган пиёлага бўйланиб.– Дорини сал кўпайтирсакмикин, дўхтир? Ўзингизга қуйгандақа қилиб қуйинг.
Дўхтир: «Майли, дўзани қиттай оширамиз», дея устига озгина қўшди. Умрзоқ ҳам дарёнинг сувини тарновдан ўтказгандек қилиб шошмасдан ичди-да, «хайрият-ей, чап биқиним қўйворди», деб мамнун искаланди. Дўхтир: «Яна биттадан курс олсак, нариги биқиннинг ишиям юришиб кетади», деган эди, у безиллаб шишага қаради ва «Қолган муолажани ўзим давом эттирсамам бўлар», деб тихирланди. Дўхтирнинг бу гапдан астойдил жаҳли чиқди.
– Бу препаратни, – деди у шишани тингиллатиб, – шахсан врач назоратида… янаям аниқроғи, бевосита дўхтирнинг иштирокида қабул қилиш тавсия этилган. Тартибни бузишга ҳаққим йўқ.
Шундай деди-ю, пиёлага яна лимиллатиб қуйди. «Яхшилаб ўрганиб туринг, иккинчиси мана бундақа қилиб отилади», дея арақни бир ағдарувда гумдон қилди. Сўнг, беморга қуйиб узатди. Назирахон эрига дўхтирнинг кўрсатмасига қатъий амал қилиб ичишни тайинлаб, «дори»ни бир зарбда ютишини ҳаяжон билан кузатиб турди.
– Оҳ, оҳ, оҳ! – «малҳам»ни юмалоқ-ястиқ қилиб, кўксини роҳатланиб силаганича болишга ястанди Умрзоқ. – Бу «Кристал» дегани мўмиёйи асилакан-ку. Ўнг биқинимам қўйворди-я.
Беморнинг яшнаб талмовсираши дўхтир учун айни муддао бўлди, «Демак, даволаш курсимиз охирига етибди», деб шиша тагида қолган арақнинг ҳаммасини шовуллатиб пиёлага тўкди. Уни қай тарзда селбосди қилганига кўз илашмай қолди. Умрзоқ: «Ий-й!» дея ўрнидан туриб кетди. Кеч бўлганди.
Дўхтир пиёлани дастурхонга тўнкариб, уйқусираётган алфозда жойидан қўзғалди. Тентираклаганича эшик сари юрди. Остонада тўхтаб, ортга ўгирилди ва кўксига қўл босиб, Назирахонга қашқирнамо тиржайди:
– Меҳмондорчилик учун ка-а-ттакон раҳ-мў-ў-т. Биз томонларгаям айлане-е-б чиқиб туринглар.
Дўхтир кетгандан кейин, Назирахон ёқа ушлаб, эрига юзланди:
– Ё тавба! Мастликда гапни чўзи-и-б хайрлашишиям қуйиб қўйган Ортиғалака-я!
Вужуди шалвираб, диван суянчиғига ёйилиб қолган Умрзоқ йиғламсираган товушда нидо қилди:
– Э, нодон хотин! Хайрлашишини гапирасан-а. У ёғини сўрасанг, шеригининг ҳақини лиққа ичиб қўйишиям ғирт Ортиғалакангни ўзгинаси.
1994 йил.