Анвар Обиджон. Тўпорича гап-гаштаклар (ҳажвия)

Сал маданиятли кўринай деб шунча вақт бекорга овора бўлдим: тирикчилик масаласи чатоқлашиб кетаётганини ҳазил-ҳузулга йўйиб, минг марта шама қилгандирман, на тепадагилар тушунишди, на пастдагилар. Энди асли тўпорилигимга қайтиб, тўғрисини гапираман – ишлар хуржун! Умуман кун кўриб бўлмай қолди!
Бу қанақаси – берган ойликларига яраша мол тополмайсан, топган молингга яраша ойлик беришмайди. «Қоработир» кооперативида ҳамма нарса бор, «Тоҳир-Зуҳра» магазинида ҳеч вақо йўқ. Хўш, арзингни кимга айтасан, маҳалла оқсоқолигами? Айтиб кўрдим. У бепарво қўл силтаб: «Овозингни кўп ишлатма, ука, ўша биринчи йўқотган нарсамизни топсак, ҳамма ғалва бирдан тинчийди-қолади», деди.
Ўзи бу мамлакатда энг олдин нима гумдон бўлувди? Бир эслаб кўрайлиг-а…
Йўқ, шакармас, бу – яқиндаги гап.
Агар янглишмасам, юртимизда энг олдин қўнғироқли соатлар камайиб, ғофил бандалар кўпайди. Ғофилликдан Ланжлик, Ланжликдан Бефарқлик, Бефарқликдан Ғурурсизлик туғилди. Ғурурсизлик ўсиб-улғайиб, қудрати шу даражага етдики, унинг ҳукмига тобе эркаклар ўз боласига дўкондан пайпоқ тополмай қолсаям, «Хизмат кўрсатган пахтакор» деган темирни талашиб юраверди. Назоратсиз қолган хотинлар эса, болаларига кийим топиш баҳонасида бозорма-бозор санғийдиган бўлди. Шунда эркаклар: «Хўш, ожизаларимиз қачон тенг ҳуқуқли бўлади», деб дағдағали савол ёғдиришди. Бу – хотинларимиз қачон ёлчитиб ишлашади, деган гап эди. Буни тўғри илғаган доно ҳукуматимиз аёлларни сайилбоп пойабзалдан шартта қисиб қўйди.
Ўз фойдасига иш қилишга келганда, дунёда аёллардан зўрроқ кашфиётчи йўқ – улар ҳаш-паш дегунча бу мушкул вазиятдан чиқишга йўл топиб, эркакча кийинишга ўтишди. Энди каллани ишлатиш навбати эркакларга келди. Дурустроқ чора топишолмагач, хотинларга аралашволиб, қўл учида ишлашни ўрганишди…
Давлатимиз бу ғайриқонуний мусобақадан дастлаб довдираб қолди. Кейин қатор кенгашлар ўтказиб, ягона тўғри йўлни топди-ю, бир зарб билан ҳамма турдаги устараларни сотувдан супуриб ташлади. Натижада, мамлакат фуқаросининг жинсини аниқлаш имкони туғилиб, энди оғир ишларни соқоллиларга буюрадиган бўлишди. Шўринг қурғур соқоллилар ҳар бешйиллик сайин эзилгандан эзилаверди. Инсоф билан айтинг-чи, бунақа хўрликка арақ ичмасдан чидаб бўладими?
Хонадонда ичимлик кўпайганидан кейин, муғамбир хотинлар ҳам тезда ўзини эзилганга солишди. Сенларни қачон эзибмиз, дейишга эркакларнинг тили бормади. Шу тариқа кўкноритабиат болалар кўпаяверди. Улар вояга етиб, тап тортмасдан ҳар хил лавозимларни эгаллаб олишаётганда лоп этиб кўзимиз очилди, жамиятни бошқаришда соғларга ҳам ўрин қолдириш мақсадида камбағал арақни контурреволюционер деб эълон қилдик…
Сиз айтган шакарга мана энди навбат келди. Балки шакарнинг батамом қаҳат бўлишига ҳақиқатанам мусалласфурушлар сабабчидир. Лекин бошқа нарсалар-чи? Нима, зараркунанда пиёнисталар кирсовунни пива, шампунни шампанский қилиб ичворишдими?
Масалан, сарёғ қаёққа кетди? Сигирларга кунжара етказиб беролмаяпмиз десак, айб ўзимизга ағдарилади. Бу – энди ёмон. Айбни сигирларга ағдарайлик десак, афсуски баҳона тополмаймиз, чунки улар норасмийларга қўшилиб митинг қилаётгани йўқ.
Бу кўргиликлар балки ҳолвадир. Шу кетишда кетаверсак, ким билади дейсиз…
Тасаввур қилингки, бирдан гугурт ғойиб бўлди. Энди кўричакни олдириш учун жарроҳга «гардкам» деб уч қути гугурт юмалатасиз. Энг танноз қизларнинг қулоғида тилло балдоқ ўрнига тўрт қутидан гугурт. Бойваччалар отарчининг дўпписига беш-олтита гугурт қистирворган…
Кейин туз йўқолди. Илгарилари тўйларда қанча қўй сўйилиб, қанча арақ ичилгани гапириларди. Энди бутун шаҳарда «фалончининг базмида ярим тонна туз ишлатишибди», деган миш-миш. Овқатни оғизга олиб бўладими, йўқми, бу билан кимнинг иши бор. Муҳими – минглаб одамларда шўрва қайнатишга туз топилмаётганда, унинг тўйидаги беш қозон паловнинг тўрт ярим қозони ғирт туз…
Айтайлик, мевалар ичида биринчи бўлиб анор қулоғини ушлаб кетди. Кейин суриштириб билсак, Япония Дашнобод билан юқори баҳода шартнома тузиб, анорлар таркибидаги алюминдан (бу ер алюмин заводига яқин) учоқлар ясаб сотаётган бўлади…
Аммо, гўштнинг йўқолгани анчагача сезилмади. Барака топкур ўрдак-товуқларимиз, ҳарқалай, бир-икки йилга яраб турди. Кейин Ҳиндистондан фил, Австралиядан кенгуру, Мозамбикадан типратикон олиб едик. Ундан кейин Аргентина тошбақаларию Канада қарғаларининг уруғини қуритдик. Навбат Истамбул сичқонларига келганда, гўштга ташналигимиз шу даражага бориб етдики…
Кунлардан бир куни «Тошкент – Қарши» йўналишида бораётган лайнернинг алоқачиси Кармана тарафдан зоти номаълум чумчуқ учиб келаётгани ҳақида аэропортга хабар берди. Бу маълумот зум ўтмай юқорига узатилди. Каттақўрғон томонга учаётган чумчуқнинг координати тўлиқ назоратга олингач, овчилар жамияти ёппасига қўзғалиб, яккахон парранданинг парвозидан баҳраманд бўлган барча ўрамларни порох тутуни қоплади.
Кўп балоларни кўрган тажрибали чумчуқ сочма ўқ етмайдиган баландликда қанот қоқаётгани маълум бўлгандан сўнг, Ургут ички ишлар бўлими жанговар қуролдан фойдаланишга рухсат сўраб, тегишли маҳкамага телефонограмма жўнатди. Аммо, жавоб келган пайтда чумчуқ аллақачон Деновни қаҳрамонларча ёриб ўтаётган эди. Ниҳоят Туркистон ҳарбий округининг вертолётлари осмонга кўтарилди. Шоввоз чумчуқ уларга ҳам усталик билан панд бериб, энди жонҳолатда Термизга талпинди.
Объект Афғонистонга яқинлашгани сайин ташвиш ортиб бораверди. Чегара қўшинларида биринчи номерли тайёргарлик эълон қилинди, Ер-Ҳаво типидаги ракеталар зўр бериб нишонни қидира бошлади.
Бу вақтда чалатирик чумчуқнинг икки кўзи Ҳайратон кўпригида эди. Кўприк устидан эсон-омон ўтиб олса бас, у ёғи кимсасиз тоғ этаклари.
Минг афсуски, ноёб учар масаллиғ шу жойга келганда батамом ҳолдан тойди, қанотлари унинг хоҳишига бўйсунмай қўйди, тошдек қулаб, гупиллаганича ерга тушди… Термизда байрам бошланди…
Ҳа, одамзод озгина хаёлпарастликка берилса, тугалай ақлдан озиши ҳеч гапмас. Агар… унда ақлнинг ўзи бор бўлса.
Дарвоқе, ўша биринчи бўлиб йўқотган нарсамиз, мабодо, Ақл эмасмиди?!
1990 йил.