Ахборот асри деб ном олаётган ҳозирги даврда илгари бизнинг тасаввуримизда уят деб ҳисобланиб келинган кўп нарсалар одатий ҳолга айланиб қолди. Тиливизирга қарасанг, кўкраги лорсиллаган хонимчалар учраган хуштори билан ўпишиб кетаверади, ФМ тўлқинлари “Лабингдан ўпай, қурбонинг бўлай”лардан бўшамайди, Интернетни очсанг, порносексларни томоша қилиб истаганча тасаввурингни бойитишинг мумкин. Британия вазирликларидан бирида ходимлар интернетдан ўз хизмат компютерларига 2 миллиондан зиёд порносуратларни кўчириб олиб иш пайтида маза қилиб томоша қилиб ўтиришармиш. Бундай яланғоч суратлар бизнинг компютерларга ҳам пўш-пўшсиз кириб келаяпти. Яқинда бир ташкилот бизнинг хонамизда уч кун меҳмон бўлган эди, компютеридаги яланғоч суратларни мириқиб томоша қилдик. Айниқса шашка ўйини мусобақалари авж олиб кетди. Тўртта шашка доналарини олиб қўйиб, ўйинда компютерни ютсанг, унинг ичида турган қиз битта-битта кийимларини ечади, охирида қип-яланғоч бўлиб қолади
. Аёллар бўйича бир мутахассисимиз уч кун мобайнида тинимсиз шашка ўйнаб бу порносуратларнинг руҳиятини ўрганди. Ҳозир ўша бўйича “Аёл макри ва унда компютерлар аҳамияти” мавзуида илмий иш олиб бораяпти. Ташкилот ўз жойига кўчиб ўтганидан кейин бир ҳафта қўлимиз ишга бормади. Яхшиям сурат нусхаларидан стол тортмасига бир уюм қилиб ташлаб кетишган экан, шулар билан қаноатланиб юрибмиз.
Ғарбона яланғочликларнинг тобора оммалашиб бораётганлигини барча соҳада кузатиш мумкин. Мана, масалан театрни олайлик. “Илҳом” театри ҳозир намойиш қилаётган спектакллардан бирида эркаклар қип-яланғоч бўлиб, саҳнага чиқишаркан. Бу театр ижодкорларининг нақадар табиийликка ташналигидан далолат беради. Тўғри-да, саҳнага фақат яланғоч аёллар чиқаверадими, эркаклар ҳам аёллар билан тенг ҳуқуққа эга-ку! Бунинг устига яланғоч эркак саҳнага жундор кўкрагини, яна алламбалоларини, қўзивой тарвуздай думалоқ қорнини, қийшиқ оёқларини кўз-кўз қилиб, узоқ қариндоши бўлмиш маймунга ўхшаб икки қўлини осилтириб чиқса, томоша қилишга арзийдиган бирор ҳолат рўй бериши турган гап. Шундан кейин ё ўша артистни томошабинлар тошбўрон қилишади, ёки ўзлари ҳам яланғоч юрадиган бўлишади. Бу шуни кўрсатадики, демак шундай давр етиб келган. Илгари рассомлар фақат яланғоч аёлларнинг суратини чизишарди, энди яланғоч эркакларнинг даври келганга ўхшайди. Театр реж
иссёри фикр яланғочлигини кўрсатиб ўтирмасдан бадан яланғочлигини намойиш қилиши унинг жуда нозик таъб эканлигини кўрсатади. Ўша режиссёр яқинда “1-ҳаммомдаги учрашув” деган яланғоч эркаклар саҳнасини қўйишни режалаштираётган экан. Нима ҳам деймиз, ғарб барибир ўзиникини олади! Ғарбда бу ҳодисалар аллақачон эскириб бўлган. У ерда келин бўлмиш турмушга чиқишидан олдин бошқалар билан юрмаган бўлса, куёв бола унга уйланишдан ор қилади. Агар ўшангача келин бола беш-олтитаси билан юриб улгурган бўлса, куёв бундан ғурурланади, “мана менинг қайлиғим қанақа, кўриб қўйинглар”, -деб мақтанади. Бизда буни тушунмаган содда ўзбек бунақа куёвни қисқагина қилиб “даъюс” деб қўяқолади. Чунки у хотинини биров билан бўлишмайди, иложи бўлса, тўрттасига уйланиб, жиловини маҳкам тутиб олади, “чуҳ” деса, тўртови бир бўлиб унча-мунча юкни бемалол тортиб кетаверади.
Поезияда ўтган асрнинг бошларида ғарбда “авангардизм” деган оқим пайдо бўлиб, яланғоч шеърлар бозори авж олган эди. Бу оқим анча вақт бир мавжланиб, бир кўпириб, бир тиниб турди-ю, ҳозирга келиб бизда модернизм тусига кирди. Японларнинг хокку, какку, танка усулида унча-мунча қоғоз қоралаб юрганларга худо берди-тумовдан иситмаси кўтарилиб, туш кўрган бемор алаҳсирашидай бир-биридан баланд пафосли шеърлар пайдо бўлди. Бундай ижод мевалари гуркираб, катта-катта давраларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди, модернистлар поезия байроқдорлари деб тан олинди. Аммо байроқ қандай рангдалиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Айниқса шоир Фақир Ҳақирнинг бу соҳадаги ижоди кўкларга кўтарилди.
Оғзингдан келган қон-гулга ўхшайди,
Суякларинг синар қандай ёғимли.
Ичак-чавоғингдан гулдаста ясаб
Ойнинг тобутига боқиб бўзлайман…
Қандай ажойиб яланғочлик! Ҳамма нарса кафтдагидек тўрт қатор модернизацияда аён бўлади-қўяди. Тобут учун ҳам бориб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу ҳали изланишлар йўлидаги бир эксперимент холос. Бу соҳада шундай ҳамкасблар борки, (улар модерн шеъриятни касб қилиб олишган) уларнинг ижод намуналарини ўқисангиз ҳўнг-ҳўнг йиғлайсиз. Шоир Сўқир Қўқир бу соҳада революция қилди.
ўзимни қовурдим кўз косасида,
Тишим жигаримнинг калбосасида,
Аждаҳога бердим калла-почани,
Сўнгра хириллаган қуёшни сўйиб,
Дўзах итлари-ла тановул қилдим.
Шоир Аҳзан Маҳзан ижодини поетика чўққиси деса бўлади.
Ой кезади кўкда иштонсиз,
ўпай десам дудоғи чаппа.
Қўтир бўлган туйғуни сотиб
Јонимга нон ботириб едим!
Мана сизга юксак пафос, ҳақиқий модернизм! Лекин ғарбдан кириб келаётган бундай оламшумул яланғочлик ўзининг муносиб баҳосини олмаётганлиги ачинарли ҳол. Агар мабодо ўша “Илҳом” театри яланғоч эркакларни, дейлик, ғарб мамлакатларига олиб бориб ўйнатса, ёки модерн шоирлар ўша ёққа бориб шеърларини таржима қилдиришса борми, бир зумда машҳур бўлиб кетишарди. Бунинг устига у томонларда ҳаворангийлар байроғи остида яланғоч бўлиб юрадиганлар анча-мунчани ташкил этади. Бизнинг содда мусулмон кўчада яланғоч одамни кўрса, “Ие, бу одам яланғоч-ку, телба бўлса керак”, -деб ўйлайди. Ғарбда бунга парво қилишмайди. Улар “Яланғоч қирол”ни кўрган сарой аъёнларига ўхшаб яланғоч одамни “Вой, кийимингиз бунча чиройли!” дея мақташади, фақат болаларгина уни кўриб “Қирол яланғоч-ку!” деб тўғрисини айтиши мумкин. Чунки бола-ғарбда ҳам бола-да!