1973 йил 3 апрел. Ҳаво бироз булутли. Нью-Йоркнинг Манхеттен қисмидаги кўчалардан бирида қўлида кичикроқ чамадон ушлаб олган, яхши кийинган, ўрта ёшлардаги бир киши айланиб юрарди. Бинолардан бирининг олдига келгач, у тўхтаб, чамадон ичидан ҳажми ва шаклига кўра ғиштни эслатувчи нарсани олди ва бу «ғишт»га қўли билан нималардир қилди-да, уни қулоғига тутди. «Алло! Салом, Жоэл. Офисингизнинг олд кўриниши жуда чиройли экан, шуни сенга айтмоқчи эдим. Қаердаман? Ҳа, менми? Мен сенинг ойнанг олдида турибман, Жоэл». Трубкадан аввал бир кишининг алам билан сўкингани, кейин эса телефоннинг қисқа овозлари эшитилди.
Дунё тарихидаги уяли телефондан биринчи қўнғироқ ана шундай тарзда амалга оширилган, чамадон кўтарган инсон Motorola корпорациясининг мобил алоқалар бўлими раҳбари Мартин Купер эди. Телефонда эса у Жоэл Энгел — AT&T Bell Labs компаниясининг тадқиқотлар бўлими бошлиғи билан гаплашганди. Бу икки компания биринчи бўлиб уяли телефон аппаратини яратиш устида 10 йил давомида иш олиб борган, охир-оқибат бу курашда Motorola компанияси енгиб чиққан эди.
Ҳаммаси ратсиядан бошланди
Шунга қарамай, юқоридаги воқеани мобил алоқанинг дунёга келган вақти деб ҳисобламаслик лозим. Бу жараён анча аввалроқ бошланганди. Уяли телефония ғояси юқорида тилга олинган АТ&Т Белл Лабс компаниясида 1946 йилдаёқ туғилган эди. Ўшанда бу фирма радиоузатгич ёрдамида ишловчи дастлабки телефонни яратган эди. Бироқ бу радиотелефонга қўнғироқ қилиш жуда мураккаб жараённи ўз ичига оларди: абонент аввал телефон стантсиясига қўнғироқ қилиш ва керакли телефон рақамини айтиши лозим эди. Стантсияда эса алоқа деярли қўл билан улаб қўйиларди. («Яхши қиз, илтимос, Қўқонни улаб беринг», деганидек) Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзида гаплашиш имкони ҳам йўқ эди. Алоқа худди ҳозирги ратсиялардек амалга ошарди: овозни узатиш учун зарур тугмача босилиши, эшитиш учун у қўйиб юборилиши керак эди. Товушнинг жуда паст эшитилиши ва алоқа радиусининг кичкина эканлиги ҳам бундай телефонларнинг оммалашувига тўсқинлик қиларди.
Тўғри, кейинроқ AT&T Bell Labs ҳар бир аппаратга алоҳида радиостантсия ўрнатиб, бу муаммонинг ечимини топди. Аммо натижада оғирлиги 40 килограммга етган мазкур аппаратларни фақатгина ўта қизиқувчан автомобил эгалари ишлатиши мумкин эди. Улар радиостантсияни автомобилнинг юкхонасига, антеннани эса томига қўйишиб, трубкани салонда олиб юришарди. Бир сўз билан айтганда, бу хизматдан фойдаланувчилар сони жуда кам эди ва орадан беш йил муддат ўтгач (1947-1952), АТ&Т уни тўхтатишга мажбур бўлди. Шу тариқа Америка компаниялари ихчам мобил телефон аппаратини ясаш имконсиздир, деган қарорга келиб, уяли телефон яратиш соҳасидаги тадқиқотларни бутунлай унутишди.
Фақат автомобил эгалари учун
Бироқ скандинавияликлар бошқачароқ фикрда эдилар. 1940-йилларнинг охирига келиб, Швециядаги Телеверкет компанияси икки ходимига — Стюр Лаурен ва Рагнар Берглундга оддий стационар аппаратларга ўхшаб ишлайдиган, аммо кўтариб юриш мумкин бўлган телефон яратишни топширади. Уни нафақат муайян доирадаги одамлар (ҳарбийлар, полициячилар ва ишқибозлар), балки оддий одамлар ҳам ишлата олиши кераклиги асосий шарт қилиб қўйилади. Ва 1950 йилнинг 3 декабрида Швециянинг Лидинг шаҳридаги Васагатан кўчасида, ўзининг Волво хизмат машинаси ичида туриб, автомобил ичига ўрнатилган телефондан ҳаяжон билан қайнонасининг уй рақамини теради… Кекса аёл эса куёвим ақлдан озибди, деган хулосага келади: «Стюре, қандай қилиб машинанинг ичида ўтириб, телефонда гаплашиш мумкин? Йўқ, сен тадқиқотларингга жуда қаттиқ берилиб кетибсан. Албатта руҳшунос-докторимизга бориб учраш». Лаурен руҳшуносга бориб кўрингани бизга қоронғу, аммо гаплашгани учун бир марка ҳам тўламаганлиги аниқ.
Шведларнинг бу кашфиётига МТА, яъни Mobile Telefonsystem A (А мобил телефония тизими) деб ном берилади ва 1956 йилда сотувга чиқарилади. Тўғри, уларни «мобил» деб фақат ихтирочиларнинг ўзларигина айтиши мумкин эди. Чунки бу телефон аппаратларининг ҳам оғирлиги камида 35 килограмм бўлиб, автомобилнинг орқа ўриндиғини эгаллаган, трубка эса олд ўриндиқларнинг ўртасига жойлаштириларди. Шу сабабли, МТА фақат Стокголм ва Гётеборг шаҳарларида хизмат кўрсатар, 1956 йилнинг охирига келиб бутун Швецияда 26 та абонент бор эди холос. Битта мобил телефоннинг нархи автомобилнинг ярим пулига тенг бўлганлигини инобатга олсак, бу таажжубланарли ҳол эмас.
Аммо шведлар ҳаракатдан тўхташмади ва 1969 йилда бутун Скандинавия яриморолида (Швеция, Норвегия, Финляндия) ягона мобил алоқа тармоғи яратишга киришди. Бундан кўзланган асосий мақсад битта телефон ва абонент рақами билан учта давлатда ҳам гаплашиб юриш имконини яратиш эди. Ғоя муаллифи Стокголм техника мактабини эндигина битирган, бугунги кунда замонавий мобил телефониясининг отаси саналадиган Эстен Мякитоло эди. Унинг лойиҳаси NMT — Nordisk Mobil Telefon (Скандинавия мобил телефонияси) деган ном олди. Шунга қарамай, лойиҳани рўёбга чиқариш бирданига бошланмаган. Чунки ўша пайтдаги микропротсессорлар мобил телефон терминаллари(экрани)ни ихчам бўлишига имкон бермасди. Микропроцессорсиз эса телефон ишламайди. Шу боис, швед мутахассислари бу борадаги барча тадқиқотларни микрочиплар яратилгунига қадар тўхтатиб қўйишди.
Биринчи «кичкинтой»
Америкаликлар эса қўл қовуштириб ўтиришмади. Мақоламиз бошида айтиб ўтганимиздек, 1973 йилда Motorola компанияси ҳажми ва шакли жиҳатдан анча ихчам аппарат яратишга муваффақ бўлганди. Тўғри, бу биринчи «кичкинтой» ҳозирги қўл телефонларига умуман ўхшамас эди. Бўйи 25 см, эни 15 см ва қалинлиги 5 см, ўзи 1 кг бўлган бу телефонга Dyna-Tac деб ном беришган. Олд қисмида 12 та тугмача бўлиб, улардан 10 таси рақамлар, қолган 2 таси қўнғироқ қилиш ва алоқани тугатиш учун хизмат қилган. Экран ҳам, қўшимча функтсиялар ҳам унда мавжуд эмасди. Dyna-Tacнинг аккумулятори 35 дақиқага етган, аммо бунинг учун батарейкани камида 10 соат зарядлаш керак бўлган. Шу сабабли, алоқа сифати нисбатан юқори бўлишига қарамай, оммавий ишлаб чиқариш учун уни ҳали анча такомиллаштириш лозим эди. Ва AMPS стандартидаги биринчи оммавий уяли телефон орадан ўн йил ўтгач, 1983 йилнинг 6 март куни юзага келди. Бироқ кейин ташаббусни яна европаликлар қўлга олди.
Микропроцессорлар яратилгач, скандинав олимлар ўзларининг NMT стандарти устида яна иш бошлаб юборишади. Тизимни такомиллаштириш жараёнида 40 дан ортиқ фирмалар иштирок этади. Уларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида, кўп ўтмай янги алоқа тизимининг база станциялари, алоқа узатгичлар ва мобил телефонлар яратилади. Тадқиқотларда энг фаол қатнашган компания Ericsson эди. Қизиғи шундаки, скандинавларнинг илк мобил телефония тизими аввал Саудия Арабистонида ишга туширилади. Кейинроқ NMT-450 тизимининг премьераси ўзининг тарихий ватанида бўлиб ўтади. Нима бўлган тақдирда ҳам, 1983 йилдан бошлаб ҳозирги авлод уяли алоқаси тарихининг илк саҳифалари очилди.
Дарҳақиқат, NMT450, кейинроқ эса NMT-900 стандартлари Ericsson Hotline ва Curt сингари ихчам, ҳажми жиҳатдан ҳозирги аппаратларни эслатувчи биринчи мобил телефонларни яратиш имконини берди. Дастлаб бу аппаратларни полиция ходимлари учун 300 дона ишлаб чиқиш кўзда тутилган, аммо кейин режа бирдан ўзгаради ва улар оммавий равишда ишлаб чиқаришга қўйилади. Айнан шу даврга келиб, мобил телефонлар соҳасида кескин рақобат ҳам пайдо бўлди. Бозорга янги ўйинчи — Nokia компанияси ўзининг Mobira Cityman аппарати билан кириб келди.
Бир тармоқ остида
Кейинроқ — 80-йилларнинг охирига келиб телекоммуникация компаниялари бутун Европа бўйича ягона алоқа стандарти яратиш таклифи билан чиқади. Дастлаб ҳар бир томон ўзининг стандартини илгари сура бошлади. Скандинавия ва Бенилюкс мамлакатлари NMT стандартини, Германия C-Netz, французлар Radiocom-2000, италянлар эса RTMI/RTMS стандартини ягона тармоқ сифатида кўришни хоҳларди. Ниҳоят, бир тўхтамга келиш учун Ғарбий Европадаги давлат телекоммуникацион корхоналари GSM — Group Speciale Mobile тармоғини шакллантиради. GSM иштирокчилари телефонлар ва уларнинг стантсияларини ишлаб чиқаришда ягона ёндашувни ишлаб чиқишга муваффақ бўладилар. Янги тизим ўзида аввалги барча тармоқларнинг барча ижобий жиҳатларини мужассамлаштирарди. Шундай қилиб, уяли алоқанинг иккинчи авлоди бўлмиш GSM дунёга келади.
Уни рўёбга чиқариш учун яна бир неча йил керак бўлди ва 1990 йилдагина Финляндиянинг Radiolinia компанияси дунёдаги биринчи GSM тармоғини ишга туширади. Бир йил ўтгач, худди шундай тармоқлар бошқа скандинав мамлакатларида ҳам пайдо бўлади. Гарчи бошида GSM-операторлар ва абонент терминаллари жуда қиммат бўлса-да, улар фаолият кўрсата бошлаганидан сўнг бир йил ичида Скандинавия давлатларида уланганлар сони 1 миллиондан ортиб кетди. Телефон ишлаб чиқариш саноати ҳам тобора ривожланиб борар ва бу уларнинг ҳажми, оғирлигининг камайишига, янги имкониятлар очилишига туртки бўлди. 1996 йилда Nokia нафақат қўнғироқ қилиш, балки электрон почта, факс юбориш ва интернетга ҳам улаш имконини берувчи биринчи коммуникаторни таништирди. Худди ўша йили Motorola оғирлиги 90 грам бўлган афсонавий телефон-китобча StarTac-GSMни ишлаб чиқара бошлади. Озгина вақт ўтгач, Philips битта заряд билан 350 соат ишлай оладиган Philips-Sparkни оммага намойиш қилди. 1998 йилда Япониянинг Sharp компанияси сенсорли, яъни «сезувчи» экранли Sharp PMS1 Smartpjone билан ҳаммани ҳайратга солди. 1999 йилдан бошлаб уч ўлчамли тасвирни кўрсата олувчи Motorola L7089 ва Ericsson Т28s аппаратлари пайдо бўлди. Айнан ўша йил Nokia-7110 моделида WAP (расмлар, мусиқани юбориш имконини берадиган тизим) технологиялари ўз аксини топди.
Сўнгги маълумотлар (2007)
Ҳозирги кунда дунё бўйича уяли алоқа абонентлари сони 2 миллиарддан ошиб кетди. Wireless Intellegence агентлиги мутахассислари мобил алоқа бозорини тадқиқ қилиб, ана шундай натижаларни олди. Уяли алоқадан фойдаланувчилар сонининг бундай юқори суръатлар билан ўсиши асосан Хитой, Ҳиндистон, Шарқий Европа, Лотин Америкаси, Марказий ва Жанубий Осиё, Африка мамлакатлари томонидан таъминланмоқда. Сайёрамиздаги 6,5 миллиард одамнинг учдан бир қисми уяли алоқа абонентидир. Айтиб ўтиш керакки, мобил алоқадан фойдаланувчиларнинг ҳақиқий сони бироз камроқ бўлиши ҳам мумкин. Чунки бир одам айни пайтда бир неча операторлар хизматидан фойдаланаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Уяли алоқа аппаратларини ишлаб чиқарувчи етакчилар ҳақида айтиб ўтсак, Gartner компанияси томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, шу йилнинг биринчи чорагида бутун дунёда сотилган мобил телефонларнинг 31,9 фоизи Nokia томонидан ишлаб чиқарилган. Иккинчи ўринни дунё бозоридаги 17,9 фоиз улуши билан Американинг Motorola компанияси, учинчи ўринни Жанубий Кореянинг Samsung компанияси (12,8 фоиз) эгаллаб турибди.