16 март куни Тошкентда АҚШ элчихонаси очилган кунни хотирлаш ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан байроқ кўтариш маросими ўтказилди. Тадбир айнан 25 йил аввал биринчи АҚШ элчихонаси очилган маскан – Чилонзор туманида жойлашган эски элчихона биносида бўлиб ўтди.
Элчихона матбуот хизмати хабарига кўра, байрам тадбирида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен ҳамда бошқа дипломатлар, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент ҳокимияти вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Бундан йигирма беш йил илгари муваққат ишлар вакили жаноб Мозур Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан ушбу масканда АҚШ элчихонаси очилиши шарафига ташкил этилган байроқ кўтариш маросимига гувоҳ бўлган ҳамда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаат ва ҳурматга асосланган муносабат ўрнатишга содиқлигини намоён этган эди”, – дея таъкидлади элчи Памела Спратлен хоним.
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни 1992 йил 19 февралда йўлга қўйган. 1992 йил 16 март куни эса Тошкентда АҚШ элчихонаси расмий равишда очилган.
Ўзбекистон-Америка муносабатлари доирасидаги барча йўналишларда сифат жиҳатидан янги ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни белгилаб берган асосий ҳужжат бу икки мамлакат ўртасида 2002 йил мартда имзоланган Стратегик шерикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги Декларация ҳисобланади.
Шу мавзудаги мақола:
Ўзбекистон ва АҚШ дипломатик муносабатларига 25 йил тўлди. 20.02.2017