Меҳрибон Абдураҳмонова 1964 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг рус филологияси факультетини тамомлаган. Унинг “Эшик олди гулхайри”, “Оқшомлар қўшиғи” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
КУЗ
Япроқлар салқиди куз қабоғида,
Силкилатиб тўкди мезон шамоли.
Юлқиб, олиб қочди у ёқ-бу ёққа,
Тийрамоҳнинг парча-парча рўмолин.
Тили тарс ёрилди кампирчопоннинг
Буришиқ юзлари баттар тиришиб.
Шамолдан юзлари тўрлаган қирқма
Ҳамон пайкалларда ётар керишиб.
Бу йил кўк ёмғири тансиқ, арзанда,
Мезон учиб кетди томоғи қақраб.
Хазон аравасин шалдиратганча
Шамолни қувалаб келарди ақраб.
НАТЮРМОРТ
Қишлоқ. Тупроқ кўча товон ботгудай.
Уй – отам қадрини тиклаган девор.
Онамнинг қалбида яшаган ҳовли.
Остона – кўча ҳатламаган номус-ор.
Ўчоқбоши. Таппи қаланган ўчоқ.
Оппоқ сутга тўла қоп-қора қозон.
Косов – тишда тишлаб ўтилган умид.
Кул – шамол совурар бўлажак тўзон.
Бостирма. Оғзини очган охурлар.
Замбил – ташвиш ташиб тўлмаган сабр.
Нарвон – бутун умр кўкни туш кўриб,
Тушлари тескари қилинган таъбир…
ИШҚ НАФАСИ
Мен бир ишқ тиловдим,
ашклар келдиё.
Чалқанча сузишни ўргатди мавжи.
Мен бир ишқ сўровдим,
рашклар келдиё.
Фалакни куйдириб юборди авжи.
Ялангоёқ чопдим чўғлар устида,
Кўнгил куйигига бас келмай ранжи.
Қолгандим қаҳрли тиғлар остида,
Ишқнинг пичоғида қирқилди панжа.
Мен бир ишқ тиловдим,
ул ишқ келдиё.
Қандай асрай энди, бебаҳо ганжим?
Дунёлардан тўсиб,
дунёни тўсиб,
фақатгина уни кўрмоқ илинжи,
фақат унгагина кўринмоқ қасди –
кўзимга мил тортдим,
дилга паранжи.
Оҳ, қип-қизил ашким,
оҳ, оппоқ рашким,
ў-ў, ширин озорим,
ў-ў, гўзал ранжим!
Майса нафаслигим – ям-яшил васли,
қўнғироқсаслигим – зарғалдоқ ҳажри.
Чиройлим – оқ, қизил, зангори, пушти.
(Дунё рангларининг етмаган харжи.)
Не бир балоларга рўбарў қўйиб,
не-не балолардан асраган ажри –
ердай хокисорим,
осмондай кўшким – ишқим!
ХУШХАБАР
Қиш туни. Мудрарди кўнгил кўнгилсиз,
Йиртиғини ямаб қалин чокларда.
Туйқус туйнугини қоқди хушхабар:
“Сени учираман ҳалинчакларда”.
Қирқ йил қаҳратонда қақшаган дилга,
Баҳорлар бостириб кирди ногаҳон.
Ногаҳон чақмоқлар чақди қарсиллаб,
Тарсиллаб иккига бўлинди осмон.
Кечиккан ёмғирлар қуйди шаррослаб,
Ичиккан бойчечак ҳовучлаб ичди.
Қаҳратон қаҳридан омон қолган дил
Ишқнинг боғларида ҳалинчак учди.
Ҳалинчак иплари ишқдан ўрилган,
Ишқ асрар еру кўк мувозанатин.
Узилса, қулайди осмон тоқидан,
Йиқилса, ёрилиб кетади замин.
Булар ғирт фалсафа – мавҳум тушунча,
Аммо, ҳалинчаклар борлиги аён.
Осмон наволанар, ер ҳаволанар,
Ҳалинчак учса гар муниса аёл.
Бари туш. Мудрарди кўнгил кўнгилсиз,
Йиртиғини ямаб қалин чокларда.
Аммо, эшитилди туйқус таниш сас:
“Сени учираман ҳалинчакларда”.
ҚИЗЧА, ҚУЁШ ВА ЮЛДУЗЛАР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Тун. Чигиртка чириллар тинмай,
Онда-сонда итлар ҳуради.
Ғайир сочи қоп-қора қизча,
Бахт ҳақида тушлар кўради.
Тушларини ёритади ой,
Супра юлдуз ясайди кулча.
Қўриқлайди, Етти қароқчи,
Қизчани то тонг отгунича.
Топширади тонгга соғ-омон,
Қуёш чиқар майин эркалаб.
Юзларини ювар шудринглар,
Қушлар куйлаб берар эрталаб.
Куни билан ўйнар кун билан,
Бузоғининг ортидан чопиб,
Чап кўксига яшириб қайтар,
Ботаётган қуёшни топиб.
Сўнг, ухлайди кунни қучоқлаб,
Супра юлдуз ясайди кулча.
Яна қўрир Етти қароқчи,
Қизчани то тонг отгунича.
Тонглар отар, мусаффо, оппоқ
Ёғдуларга тўлар эртаси.
Асра доим, она табиат
Озод юртнинг озод эркасин.