Хурсандбек Тўлибоев (1985)

Хурсандбек Тўлибоев 1985 йилда туғилган. Бердақ номидаги ҚДУнинг ўзбек филологияси факультетини битирган. Ажиниёз номидаги НДПИ магистратура бўлимида таҳсил олган. Алишер Навоий номидаги СамДУ аспиранти. Ижодий ишлари “Амударё ҳақиқати”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” газета-журналларида эълон қилинган. Ўттизга яқин илмий-публицистик мақолалар муаллифи. “Адабий тафаккурдаги эврилишлар”, “Исажон Султон ижодий портретига чизгилар” номли рисолалари чоп қилинган.

САВОЛ

Тақдир бешафқатми ёки мен ўзим,
Йиллар сўроғидан кўнгиллар зада?
Тап-тақир саҳрода қолдим севгилим,
Имкон йўқ, мадор йўқ қадам ташлашга.
Борлиқ хазон бўлди, не учун билмам,
Хотирам қаърида ишқнинг видоси.
Ҳаётда сен учун яшайман, десам,
Юракка ким солди бундай савдони?
Қашқирлар макони, атрофимда жам,
Кимдир мазах қилар, кимдир юпатар.
Бу ёруғ оламда муҳаббат, десам,
Ғанимлар қўлимга оғу  тутқазар.
Тун ҳам ботиб кетди, борлиқ зулумот,
Сингиб кетаяпман билмам қайларга?
Ёлғиз саҳро экан билсам коинот,
Айтаман ичимда сирим Оллоҳга.
Кузми бу? Баҳорми бир бутун борлиқ,
Сариқ япроқларда ойнинг сурати.
Билсанг, дилимдаги оғирдир оғриқ,
Шуми севган дилнинг мангу қисмати?
Ҳаёт бешафқатми азизим, ҳаёт,
Шодлик не эканин кўрмай кетурман?
Яшар юрагида ишқ бор барҳаёт
Ва сенсиз мунгли куй бўлиб ўтурман.

* * *

Тун дедим, зулматга ташлама, эй дил,
Мени зулмат домидан ўзинг қутқаргил.
Йўлимни ёритгин, шафқат қил менга,
Оҳимни эшитгил, ҳайрат бер менга.
Келишдан не мақсад? Кетишдан не наф?
Сенинг дунёнг сирли, мен-чи, ҳар тараф.
Меҳрибон волидам меҳридан бергил,
Соғиндим, ёнимга соғиниб келгил.
Ё сенсиз дунёдан савоб кутай мен,
Савоблар ичра бир жавоб кутай мен.
Куйларим бор эди жонимни ёққан,
Сўзларим бор эди зулматдан қочган.
Не дейман борлиққа сочилган сирлар,
Хурсандинг дардига борми шериклар?

СЕНИНГ ЁДИНГ ҲАҚИДА СЎЗЛАР…

Биламан:
тугадим,
тўхтадим.
Сенинг ёдинг билан ўсмоғим бордир.
Сенсизлик –
ёлғизлик,
чарчадим.
Ҳар бир нигоҳингда туҳфа – озордир.
Қайрилиб,
қизиқиб
боқмайсан.
Негадир ўзимни паст урдим?
Севгилим,
соғиндим
билмайсан.
Куз келмай, соб бўлдим, букилдим.
Ўзимга,
сўзимга
қайтдингми?
Ҳеч қурса бир сўзга ташнаман.
Соғиндим,
соғинчинг
айтдингми?
Мен сени кутаман, кутаман.

* * *

“Ўксиб-ўксиб ахтараман нур”,
Юлдузлардан сўрайми сени?
Кимсаки бор беролмас ҳузур,
Беадоғ ўй қийнайди мени.
Баҳор келди. Юлдузим баҳор,
Сенга бошлар йўллар гуллайди.
Ғанимлардан етмоқда озор,
Тангрим билар, ҳеч ким билмайди.
Орзу нима, недир саодат,
Неча кунки ғам ботди кўзга?
Ишқи борлиқ, қайда адолат,
Етолмасман юлдузим кузга.
Эзиламан кунлар ўтмасди,
Сен ёдимга тушасан шу он.
Қийналишим одам билмасди,
Бир вужудда қадримиз арзон.
Сен – маъносан, овунч малҳами,
Сен – дунёнинг сирисан дилдор.
Йиғлай-йиғлай ахтариб сени
Руҳим кўкда кезар умидвор.
“Ўксиб-ўксиб ахтараман нур”,
Ўтиб кетган сониялардан.
Кимса борки беролмас ҳузур,
Ўсиб кетдим мағлубликлардан.
Дўстим ўзинг, нажот фариштам,
Дунё – армон, дунё – ёлғизлик.
Юрагимда юрак ўзингсан,
Мени қийнар доим сенсизлик.

ТУРФАЛИК

Инсон қисматининг кўчалари кўп,
Яхшию ёмону қилчалари кўп.
Бир кунда дунёни айланиб қайтар,
Инсонлик шарафи сайланиб қайтар.
Баҳорга сир очган кимлар қолмади,
Саратон изиллаб, сўзлар ёнмади?
Бир йўлда талашар бир кўнгил учун,
Бир кўнгил талашар бир йўллар учун.
Қай тупроқ Ватан дер, таниб таъмини,
Ерга топширадир оғриқ вазнини.
Кимнинг хатосидан кимдир унадир,
Қарасанг, дунёмиз ҳам турфа-турфадир.
Айтишар нолаю оҳдан бир шингил,
Фақат юракларда улғаяр кўнгил.
Замоннинг дардини ортмоқлайди ким,
Яхшини юксакка чорлайди билим.
Турфалик бор, асли, табиатда шон,
Шундан нусха олиб яшайди инсон.
Лек кўнгил турфалик тўнин кийса ҳам,
Унга ярашади кўнгил деган ном.