Муродбой Низанов. Ақчагул (қисса)

– Ақчагул, сен шу ерда тушардинг, шекилли? – деди маршрут такси ҳайдовчиси машинасини уч қаватли улкан бино рўпарасида тўхтатиб.
– Шундай қилинг, опа, манави кастрюлингиз биқинимни пишириб юборди-ку, – деди ўриндиққа қиялаганча зўрға сиғиб ўтирган ёшгина йигит муртидан кулиб.
Машинадагилар енгил кулишди. Ақчагул эса уялганидан икки юзи қизариб, индамасдан туша бошлади. У ҳар сафар бу ерда машинадан тушгач, бошини тик тутиб, ҳайдовчига:
– Раҳмат, ҳайдайверинг, – дея эшикни гурсиллатиб ёпганча ўз йўлига равона бўларди. Бу гал ортига бурилиб қарамади. Сал юргач, такси эшигининг ёпилгани эшитилди.
“Исмимни ҳам билиб олганини қаранг” дея Ақчагул лабини тишлади. У бир-икки сафар ўша идорада ишлайдиган аёллар билан машинада ёнма-ён ўтириб қолиб, йўл-йўлакай гаплашиб келганди. Бу одам шунда исмини эслаб қолган бўлса керак. Ҳайдовчиларнинг кўзи йўлда бўлгани билан қулоғи динг бўлар экан-да? Лекин шу чоққача ҳеч бири унга бугунгидай эркинсиб, ўктам оҳангда гапирмаган эди. Буниси ўзини худди ёшликдан бирга ўсган қурдошидай тутади…
Ҳозир одамлар уст-бошингга, юриш-туришингга қараб муомала қилишади. Ундан бошқа шартакироқ аёл бўлганида индамай қўярмиди?
– Нима, исмимни қулоғимга азон айттириб қўйганмидинг?! – деб оғзига урган бўларди.
Ақчагул ундай қилолмайди. Тортинчоқ бўлиб қолган. Ҳамма унинг камбағаллигини юзига солаётгандай. Етишмовчилик юки мудом елкасидан зилдай босиб туради.
Баъзан туни билан тўрт-беш марта уйғониб, охири тонггача ухлолмай чиқади. Қулоғи остида болаларининг одатдаги хархашаси янг-рагандай бўлади:
– Ойи, туғилган кунимни нишонлайлик.
– Ойи, менга кета олиб беринг, муаллимим уришяпти.
– Уйда қора чой тугаганига уч кун бўлди!
Ақчагулнинг ҳаммасидан хабари бор. Уч кундан бери қора чой йўқлигини ҳам кўриб турибди. Есен яқинда тўққизга киради, туғилган кунини қилиб берса-ку, ўзининг ҳам боши осмонга етарди. Кўнгил қурғур шуни тусайди, лекин бунга имкон қани? Ўғлининг синфдошлари ёпирилиб келиб қолишса, уларнинг олдига нима қўяди? Каттагина дастурхонни ҳар хил пишириқлар билан бир нави тўлдирса бўлар. Лекин шунинг ўзи билан иш битмайди. Бир сиқим бўғирсоқ шунча болага нимаям бўларди. Қолаверса, ўқитувчиси ҳам уларга қўшилиб келади. У камтаргина дастурхонни менсимасдан бурнини жийириб ўтирса-чи… Муаллиманинг олдига қўйиш учун писта-бодом, кола-пола олишга қўли калталик қилади. Бунинг устига, унинг бошига қимматроқ рўмол ўраб юбориши керак. Ҳозир элда шу удум бўлган.
Ақчагул ҳар гал ўғли ғингшиганида:
– Шошмай тур, болам, ўн олтига кириб паспорт олсанг, ўзим сенга катта тўй қилиб бераман, – дея уни чалғитишга уринади.
Эсини таниб қолган болани алдаш осон эканми? Есен алам устида китобларини у ёқдан-бу ёққа отади. Охири тоқати тоқ бўлган бояқиш она оғзига келганини қайтармайди:
– Қилиб беролмайман туғилган кунингни! Этимдан эт кесиб олсангам иложи йўқ, билдингми?! Бу аҳволда бир кун мени тириклай гўрга тиқасизлар! Сизларни туққунча тошбақа туғсам бўлмасмиди!
Шундан кейин Есен бир бурчакка тиқилиб олиб, шўрқ-шўрқ йиғлайди-да, қуруқ ерда мук тушганча ухлаб қолади. Бир муддатдан сўнг Ақчагул ўзининг қилмишидан афсусланиб кетади. Ўғлининг устки кийимларини авайлаб ечиб олади-да, устига кўрпа ёпиб, бошига ёстиқ қўяди. Бугун эрталаб ҳам йўлга чиқар чоғида ўғли эски қўшиғини бошлаётган эди, у дарҳол жеркиб берди:
– Тилингни тийиб ўтир, жувонмарг! Сенинг туғилган кунингни ўйлайми ё кечки томоқларингними…
Ўшанда шу гапни айтишга-айтди-ю, ичида “тилим танглайимга ёпишсин, кимга ўхшаб бораяпман” деб ёқасига туфлади. Хаёлида боласи чиндан ҳам жувонмарг бўлиб қоладигандай, қўрқиб кетди.
– Ойи, менга кета, – деди ўртанчаси Қувват қўрқа-писа.
– Яхши, уйга қараб ўтир, савдо юришса, олиб келаман…
У шундай ўй-хаёллар билан бўлиб, ҳар кунги тушадиган жойига етиб келганини ҳам пайқамабди. Яхшиям, ҳайдовчи уни таниб қолган экан, ўзи тўхтади.
Ақчагулнинг “савдо юришса” дегани бежиз эмас. У кечқурун кўзига уйқу тиқилиб, мудраганча хамир қоради. Арзайимга бир-икки қордирганди, хамири унмай қолаверди. Кўпнинг кўнглини топиш осонми? Одамлар ҳам пул тўлагандан кейин яхши овқат есам дейди. Ақчагул бугун эринчоқлик қилса, эртага ўзига қийин. Харидорни бир қочирсанг, кейин бетини берман қаратолмайсан. Сотадиган овқатининг масаллиқларини тайёрлашни қизига ўргатиб, бироз бўлса-да ўзининг мушкулини осон қилмоқчи эди-ю, шуларни ўйлаб яна фикридан қайтди. Қўй, ўқисин, деди. “Хамир қоришни ўргангани билан нари борса менчалик бўлар, бундан нима орттиради, бошингга торт-санг оёғингга етмайди, оёғингга тортсанг бошингга… Ундан кўра ўқиб, билим олгани яхши. Ҳозир мактабда яхши ўқитишади, ҳаракат қилса, бир куни одам бўлиб қолар”.
Шундан сўнг қизини қийнамасликни маъқул кўрди. Ўзи хамир қориб, гўштини қайнатиб, пиёзи, қиймасини аралаштиради. Қайнатгандан кейин этдан ажралган суяк-саёқлардан эртаси куни кеч-қурун шўрва пиширади.
Дастлабки кезларда бу ишни ўзига ор билиб юрди. Лекин бориб-бориб кўникди. Кўникмай ҳам қаёққа борарди? Аввалги ишхонаси ёпилиб қолди. Шундан сўнг иш ахтариб қанча жойга бош уриб бормади. Биронта одамнинг унга ичи ачигани йўқ. Эри Нуржаннинг эса парвойи фалак. “Бошингда эринг соғ бўлса, очдан ўлдирмайди” де-йишган экан қадимда. Аммо ҳозир замон ўзгардими, ишқилиб, бу ўчоқнинг ўтини сўндирмайман, деб жонини жабборга бериб югуриб юрадиган аввалги Нуржан энди йўқ. Ёки эри ҳам унга орқа қилиб ўрганиб қолдимикин? Куйиб кетган пайтларида сиртида тўнғиллаб-сўнғиллаб қўяди-да, сўнг дарров ёқасига туфлайди:
– Туф-туф, тил-оғзимга тош! Топмаса-топмасин, эсон-омон бўсағадан кириб-чиқиб юрса етади.
Шундай пайтларда четдан қараган киши гап-сўзларидан Ақчагулни эндигина қирқдан ошаётган келинчак эмас, етмиш яшар кампир бўлса керак деб ўйлайди. Лекин қанча қийинчилик кўрса-да, икки юзидаги олмасининг қизили кетмагани, чиройли кўзлари чарақлаб, жилмайганида кулдиргичлари ўзига ярашиб туриши унинг ёшлигида сулув қиз бўлганлигини айтиб турарди.
Начора, турмуш оғирликлари унинг чеҳрасидаги ёқимли ноз-жилвани хиралаштириб, син-сумбатини эртароқ ола бошлади. У неча вақт-лардан бери эртадан-кечгача иссиқ манти қозон билан бир товоқ сомсани бағрига босиб, кўча-кўйда қатнайди. Суюқ овқатни шалдиратиб олиб юришга қийналади. Лекин ҳамиша ҳам Ақчагулнинг иши юришавермайди. Шунинг учун ҳар куни эрталаб: “Худойим, ишимни ўнгидан бер”,– деб бўсағадан ўнг оёғи билан остона ҳатлаб кўчага чиқади. Айрим кунлари унинг манти-сомсалари талаш бўлиб кетади. Аммо баъзида уйга қайтариб келинган овқатни кечқурун болаларига иситиб беради. Лекин уларнинг бу нарсалар билан иши йўқ. Бирига пайпоқ, бирига колготки, бирига кета, отасига эса сигарет керак… Эрталаб яна таниш хархашасини бошлашади:
– Ойи, пайпоқ!
– Ойи, колготки!
– Ойи, кета!
– Ҳой, онаси, кеча сенга сигарет олиб кел деган эдим-ку!
– Мени нимталаб, бўлиштириб олақолинг! – дея жеркиб беради у охири. Сўнг манти қозон билан сомса тўла товоқни қўлтиғига қистириб, зарда билан уйдан чиқиб кетади. Шундагина унинг қулоғи тинчийди.
Ана шундай ўй-хаёллар билан бўлиб, у кунда ўзи овқат сотадиган идорага етиб келганини сезмай ҳам қолди. Негадир бугун бино атрофида машиналар кам эди. Одатда бундай пайтларда одамлар билан гавжум бўладиган фойе ҳам анча сокин. Тушликка чиқиб кетишган деса, ҳали унга анча вақт бор. Бу ердагилар тушликдан бир соат илгари чошгоҳлик чой ичишади. Ҳаммаси Ақчагулнинг манти, сомсасига кўз тикиб ўтиришади. Икки манти, бир сомса билан ярим чойнак чой ичиб олишса олам гулистон, кейин “соат неча бўлдийкин” деб теваракка аланглайвермай, тўйган қўзидайгина бўлиб ўтиришади-да, бошлиқлардан кейинлатиб тушликкка чиқишади.
Ақчагул кираверишдаги қоровулга салом берди.
– Келин, бугун сенинг овқатинг ўтармикин, – деди қоровул ўйчан қиёфада.
Ақчагул ҳеч нарсага тушунолмай, унга унсиз тикилди.
– Ҳамма таъзияга кетди, – деди қоровул. – Айтақнинг қайнонаси қайтиш бўлибди.
– Ким у Айтақ? – у шундай дейишга деди-ю, уялиб кетди. – Мен қайси Айтақни танирдим…
Ақчагул бу гапни ичида, овоз чиқармай айтган эди.
– Министрнинг ўринбосари, – дея изоҳ берди қоровул. – Ўтавер. Остонада турма. Бир пасда келиб қолишар.
Ақчагул ичкарига кириб, кастрюли билан тоғорасини қоровулнинг ёнидаги омонатгина стулга қўйди. Ерга қўймоқчи эди-ю, аммо совуб қолишидан ҳадиксираб, бу фикридан қайтди… Одамлар таъзиядан қачон қайтишади? Балки йўл-йўлакай овқатланиб ҳам келишар. Биров қазо қилса-ю, у ўзининг овқатини сотишни ўйласа-я…
У идишларини қайтадан қўлига олди.
– Айтмоқчи, юқорига чиқиб кўр-чи, – деди қоровул бир нарса ёдига тушгандек. – Таъзияга ҳамма кетмагандир, ёш қизлар, йигитлар бордай эди.
Қоровулнинг бу гапи унинг юрагида умид учқунини ёққандай бўлди. Ҳаммасини бўлмаса, ярмини сотса бўларди. Ахир, бугун кета олиб бормаса, Қуват хафа бўлади. Кета олиб бориш учун жиллақурса, идишларидан бирини бўшатиши керак. У зинадан тез-тез юқори кўтарилди. Учинчи қаватга чиқиб, ўнгга бурилди, бироз юрди-ю, савлатли кишининг чарм қопламали эшикдан чиқаётиб, ортига бурилганча гапириб турганини кўриб, бироз довдираб қолди. Лекин шу заҳоти ўзини қўлга олиб, йўрғалаганча олдинга интилди.
– Ҳой қиз, телефонга бохабар бўл! Бироздан сўнг факс келиши керак. Анави телефонограммани ҳамма туманларга тарқат, тушундингми?!
Ақчагул савлатли киши гапини тугатгунча рўпарасидан ўтиб олишни чамалаган эди. Бироқ кутилмаганда у гавдасини ўнглаб, олдинга қадам ташлади. Ақчагул чўчиб ўзини четга олди, савлатли киши унинг кастрюлига урилиб кетишига бир бахя қолди.
– Кимсиз?! – дея у аччиғи чиқиб, сўнг жавоб ҳам кутмасдан боя ўзи гапириб турган эшикка қараб бақирди. – Гуля, пастга тушиб қоровулга айт, бундан кейин сомсафурушларни юқорига қўймасин. Индамасанг, булар министрнинг хонасига ҳам бостириб киришдан тоймайди. Овқат керак одам ўзи топиб ейди.
Ақчагулнинг манглайига чақмоқ ургандек бўлди. Олдинга юришини ҳам, ортга қайтишини ҳам билмай, қаққайиб туриб қолди. Шу пайт чарм қопламали эшикдан қўғирчоқдай ясаниб олган икки қиз чиқиб келди-да, биттаси унга жиркангандек қараб ўшқирди:
– Эшитмадингизми, нега турибсиз! Кетинг! Сизга биров овқат олиб келинг дедими? Устида оқ халати ҳам йўқ. Санэпидстанциядан рухсатномангиз борми? Уф, ҳаммаёқни ачқимтил ҳид босиб кетди-ку!
Ақчагул бир муддат унсиз туриб қолди. “Мен шунчалик абгор кўринаманми?” дея ўксинди ичида. Кечагина эмасмиди овулнинг ҳамма йигитлари унинг йўлига интизор бўлиб, қачон бўйи етаркин деб оғзининг суви оқиб юргани. Энди ундан бадбўй ҳид тараладиган бўлиб қолдими?
Аслида Ақчагул унақа иркит аёл эмас эди. Кичкиналигида онаси уни ерда ётган бир чўпни ушласа ҳам дарров қўлини совунлаб ювишга ўргатганди. Совунлаб бўлгандан кейин эса тоза сув билан тўққиз марта чайдирар эди. Бир гал овул мулласи унинг онасига шундай деганди:
– Келин, сувнинг ҳам уволи бўлади, унақа кўп исроф қилаверманг. “Уч ювсанг кири кетади, тўрт ювсанг нури кетади” дейилган китобларда.
– Билмасам, бизнинг отамиз ҳам толиби илмлардан эди, лекин бирон марта у кишининг, “қўлингни тўрт марта ювмагин” деб насиҳат қилганини эшитмовдим.
Шундан сўнг овул мулласи қайтиб Ақчагулнинг онасига шариатдан оғиз очмади. Қайтанга бирон маърака-маросим бўлса:
– Шу келинга топширинглар! Унинг ушлаб-тутгани тоза бўлади! – дейдиган бўлди. Овул-элда эса “сариштали келин” деган ном орттирганди онаси. Шундай аёлнинг тарбиясини олган, оғзидан чиққанларини зиёда қилиб бажарган қиз энди ўзидан ёқимсиз ҳид таратадиган аёл бўлиб қолдими? Камбағалчилик қурсин, тилимни қисқа қилди-я, деган изтиробли ўй кечди хаёлидан.
Лекин қизларга ҳеч нарса дейолмади. Гапиргани билан ниманиям тушунишарди! Бу қизлар рўзғор ташвиши хаёлига ҳам кириб чиқмаган, егани олдида, емагани ортида, ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари бўлишса керак.
Юқоридан тушаётиб қоровулга дуч келди.
– Ие, кетаяпсанми? Келин, бундан кейин келсанг ҳам мен йўқ пайтимда келгин. Қоровулларнинг орасида ёши улуғи эдим, министр инимизнинг гапи ботиб кетди. Ўзларининг қорни тўқ, усти бут бўлгач, бошқаларни ўйлармиди улар.
– Кечирасиз, оға.
– Йўғ-ей, мендан кечирим сўрашингнинг ҳожати йўқ. Эрталаб “ё Биби Фотима” деб йўлга чиқ, болам. Тумор-пумор тақиб юр, шунда кинна-суқдан холи бўласан…
– Менинг нимамга кўз тегарди, – деди Ақчагул тортиниб. – Топганим рўзғоримга етмайди. Кинна-суқ деганлари бор бўлса, қават-қават иморат солиб, қўша-қўша машина миниб юрганларни топмасмиди…
– Сен ичи-сиртинг тоза, кўзга яқин аёлсан. Кинна-суқ ҳам тоза одамни топади. Ма, манавига етганича манти берақол, қуруқ қайтма, – деб қоровул чол унга икки юз сўмлик пул узатди. – Ҳозир чой ичмоқчи бўлиб турувдим. Қурғур шу бир парча қоғозни кўзимиз қиймаганидан жағимиз қийшайиб, қотган нон ковшаб ўтирамиз. Шу билан дунёни орқалаб кетармидик?
Ақчагул қоровулнинг ўзига раҳми келганидан манти олмоқчи эканлигини пайқади. Унга бир дона мантини зиёд бергиси келиб, қўли идишга бориб-келиб турди-ю, бунга журъати етмади. Фақирлик қурсин…
Шундан сўнг у совуброқ қолган кастрюл билан қалай тоғорани қўлтиқлаганча йўлнинг нариги тарафига ўтди. Қаршисида яқиндагина қурилган тўрт қаватли иморат савлат тўкиб турарди. Бироқ шу чоққача у ерга кириб кўргани йўқ эди. Эшитишича, бино ичкарисида замонавий ошхонаси ҳам бор эмиш. Ақчагул манти-сомса сотадиган идорадагиларнинг ҳам киссаси бақувватроқлари шу ерда тушлик қилиб кетишади. Баъзан унинг совуб, ёғи тўнглаб қолган икки-уч қатор манти билан ўн-ўн бештача сомсани уйга қайтариб кетишининг сабаби ҳам шу эди.
Ақчагул оёғи тортмаса-да, ноилож ҳашаматли бинога қараб юрди. Бозорга олиб боргунича ҳаммаси совуб қолади. Совумаганда ҳам у ердаги мантифурушлар яқинига йўлатишмайди. Ё арзон бериб кетиши, ёки бозор оралаб сотиши керак. У ердагилар ҳам дуч келган одамнинг овқатини еявермайди, кунда-шунда овқатфурушлар аллақачон уларни ўзларига мижоз қилиб олишган. Пулнинг бетига қарамасдан, масаллиғини мўл-кўл солиб, кўзи тушган одамнинг иштаҳасини қитиқлайдиган манти-сомса пишириш учун эса қўл калталик қилади. Бунинг устига, билиб-билмай битта-яримтасининг “мулки”га кўз олайтирсанг, қутулмас балога қолишинг тайин. Биронта беҳаёроғига дуч келиб қолсанг, юз-кўзингни тимдалаб, чор бозорга масхара қилишдан ҳам тоймайди. Худди бозор отасининг маҳрига тушгандай! Худо кўрсатмасин! Шунинг учун бозор оралашдан Ақчагулнинг юраги безиллайди. Буюргани бўлар, чет-чақада ҳам насибамни териб юравераман, деб ўша идорага айланишиб юрган эди. Аммо кейинги пайт-ларда у ерда ҳам ишлари орқага кетаяпти.
Бугун у илк бор қадам қўйган янги иморатнинг ташқарисигача буруннинг қонидай қип-қизил гилам тўшалган экан. Оёқ остига бир бор назар ташламасдан уни босиб ўтишга ҳам тортинасан киши. Ақчагул гиламга оёқ босишдан аввал пастдаги пойафзал тозалагичга ковушларини қайта-қайта артди. Сўнг аста юқорига қараб юрди. У зинадан кўтарилгунча бошини ердан узмади. Турли хаёлларга борди. Овқатимни олармикин деб бировларнинг юзига термилиб юриши не азоб? У ҳам баъзи хотинларга ўхшаб беш-олти юз кило картошка-пиёзни олис жойларга олиб бориб сотиб келгани яхши эмасми? Худога шукр, тўрт мучаси бут. Қирқ-эллик килолик қопни кўрдим демай елкалаб кетишга кучи етади. Элда бир ўзи эмас-ку. Эрлари хонанишин бўлиб қолган аёлларнинг кўпчилиги шу йўл билан бола-чақа боқишаяпти. Қундуз деган аёл олти ой бир фермернинг чўчқасини боқиб, қайтиб келгач, келинининг қалин молини тўлади, тўй бериб, қуда чақирди. Кундалик қозонини зўрға қайнатиб туришга яраётганини айтмаса, кунда икки товоқ овқат сотгани билан нимагаям эриша оларди…
–Ҳой, хотин! Сенга “бу ерга яқин йўлама” деб айтганимга уч кун бўлди-ку. Ичкарида ўзимизнинг ошхонамиз бор! Қанақа гапга тушунмайдиган бетамиз аёлсан!
Ақчагул қаршисида ёши олтмишлардан ошган, бадбашара, серсоқол бир кишининг ўзига еб қўйгудек қараб турганини кўрди.
– Астағфирулло! – деб шивирлади ўзича. – Уч кун бўлди дейди… Мен бу ерга бугун келаяпман-ку!
– Бор, бор… Тезроқ кетсанг-чи, безраймай! – дея у қўшқўллаб Ақчагулни орқага итариб юборди. Ақчагул тисарилиб бориб, зинага тиззалаб ўтириб қолди. Манти тўла кострюл қўлидан чиқиб кетиб, пастга думалади. Кастрюлнинг сиртига ўралган дастурхон ечилиб, қопқоғи даранглаб отилиб кетди. Буғи чиқиб турган иссиққина мантилар картошкадай ҳар ёққа сочилди. Сомса жойланган товоқ тўнкарилиб тушган жойида туриб қолди.
Ақчагул кутилмаган воқеадан ўзини йўқотиб қўйиб, беихтиёр инграб юборди. Аммо шаллақилик қилиб ҳўнграб йиғламади. Икки елкасини силкитиб, ўксиб йиғлади. Кечқурун болалари унинг олдига югуриб чиқиши, эртадан-кечгача уй олдида қарта ўйнаб ўтирадиган эрининг ёш боладай сумка титкилаши эсига тушиб йиғлади. Ҳаммасидан ҳам кабағаллиги ёдига тушиб ўксинди. Буёғи қандоқ бўлди? Садақа сўраган лўлилардан нима фарқи қолди? Нега бу аҳволга тушди? Бояқиш онаси нимага ўн бир ёшида уни етим қолдириб кетди? Болалигида тўйиб ўйнай олмагани каммиди? Бир пайтлар оёқ остига чой қутини тўнкариб нон ёпаётганига кўзи тушган қўшни Амангул кампир:
– Худойим-ей, манави муштдайгина норасиданинг нима гуноҳи бор эди, – дея тандир бошида ўтириб олиб, нола қилган эди. Ақчагул шу топда ўша кампирнинг ҳолига тушган эди.
– Келин, тур, идишингни ол!
Юзларига ажин тушган икки аёл аста қўлтиғидан кўтаришди. Уни итариб юборган киши аллақачон ичкарига кириб кетган экан.
– Бугун бир бемаъни қоровулнинг навбати эди, шунга дуч келиб қолибсан, – деди аёлларнинг ёши улуғроғи. – Ҳечқиси йўқ. Мантиларни йиғиб олайлик, садағаси кетай, увол бўлади-я. Яхшиям манави товоқдагиси сочилиб кетмабди.
Ақчагул аёлларнинг ҳамдардлигидан енгил тортиб, ўзини қўлга олди.
– Бу лаънати қайси куни қатиқ олиб келган бир хотинни ҳам қувиб солганди, – деди бояги аёл. – Сигирларга овсил дориган, телевизорда айтди дейди.
– Қайси юртнинг сигирларига? – сўради ёнидаги ёшроқ аёл.
– Худо билади, денгизнинг нарёғида дейди-ку!
– Уйи куйсин унинг! Одам овсилдан ҳам қўрқадими! – деди бояги аёл секингина. – Овсил дегани норасида гўдакнинг тили оқ ем бўлганидай гап, молнинг тилини бир-икки марта туз билан ишқалаб, қатиқ ичкизилса, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетади.
Ақчагулнинг бир кастрюл мантиси яроқсиз ҳолга келган эди.
– Энди буни нима қиласан? – дея сўради катта ёшли аёл.
– Қайдам?
–Боғлаб боқиб ўтирган молинг ё итинг борми?
–Йўқ.
–Хафа бўлма, келин. Сен бу мантиларингни менга арзонроққа бериб кетақол. Қўшним мол боқади, ўшанга олиб бориб бераман.
Ақчагул арзон бўлса ҳам мантисига харидор топилганидан қувониб кетди.
– Майли, олақолинг.
– Қанча берай?
– Кўнглингиздан чиқариб…
Кекса аёл кастрюлни бўшатиб келиш учун ичкарига кириб кетди.
– Алжиган кампир! Шундай таомни ҳаромга зое қилади-ку! Сен ҳам, “уйда молим бор, қайтариб олиб кетаман” демайсанми, келин… Боядан бери шунча кўз қисаман, ҳеч қарамайсан.
Ақчагул онг-тонг бўлиб қолди.
– Бу кампир сенинг мантингни чиқитга аралаштириб, чўчқа боқадиган ўрис қўшнисига сотади.
Худойим аёл зотини нега бунча қизғанчиқ қилиб яратдийкин, деган ўй кечди Ақчагулнинг хаёлидан. Сўнг ўзи ҳам ана шу аёлларнинг бири эканлигини эслаб, хафа бўлиб кетди.
Ичкаридан бояги аёл чиқиб, уларнинг гапи бўлиниб қолди.
– Келин, туришингга қараса, жинғилдай жувон экансан, бирон жойда ишласанг бўлмайдими, – деди у кастрюлни Ақчагулга узата туриб.
Ақчагул ерга қаради.
– Иш излаб чарчадим.
– Саводинг борми?
– Тўққизинчини битирганман.
– Биздан кўра тузук экансан-ку. – Кекса аёл бироз ўйланиб қолди. – Эртага келсанг, сени бир кишига йўлиқтираман. Ишинг ўнгидан келса, менга раҳмат дейсан.
Икки аёл уни сал наригача кузатиб қўйди. Кекса аёл унга:
– Бироз ўзингга қараб, ясан-тусан қилиб кел! – дея тайинлади.
– Иҳм! – деб томоқ қирди иккинчиси. Бу унинг “келма” дегани эди.
Ақчагул бир товоқ сомсани кўтариб бозорга борди. Нон сотаётганлар ёнида туриб, харидор чақирмоқчи эди, тили келишмади. Сут-қатиқчиларнинг орасида ҳам иши юришмади. Охири ҳар хил салатлар, қовурилган балиқ сотиладиган қаторнинг энг чеккасига бориб, товоғини ерга қўйди. Шу ер қулайроқ экан. Қаршисида бўғирсоқ, ширинкулча сотувчи қиз-жувонлар тизилишган. У битта сомсани товоққа ўралган дастурхон устига кўринарли қилиб чиқариб қўйди.
– Бу ер бошқа бировнинг жойи-ку! – деди рўпарасида бўғирсоқ сотиб ўтирган келинчак.
– Мен бирпасда сотаману кетаман.
– Ҳа, сенинг сомсангни оламан деб кўзи учиб турибди одамларнинг!
Шу пайт бир ёшгина жувон жой пули йиғиб келиб қолди.
– Мен ҳозиргина келувдим.
– Ҳозир келдингми ёки эртага келасанми, менга фарқи йўқ! Бозорда минг киши бор, қайси бири билан тортишиб ўтираман!
У анча серғайрат, тили бийронгина жувон экан. Ақчагулга гапира туриб, атрофдагилардан жой пули йиғиб олишга улгурди.
– Қани, бўлдингми? – У Ақчагулнинг юзига қараб туриб, кутилмаганда жаҳли чиқиб кетди. – Ўзи, сен қаердан келиб қолдинг? Бу ер Гулхатчанинг ўрни-ку?
– Ҳозиргина келдим, бир товоқ сомсам бор, сотиб бўлишим билан кетаман.
– Сотиб бўлиши билан кетармиш! Бу жойни одамлар неча сўмга сотиб олиб қўйганини биласанми? Қани, кўтар тўрва-халтангни, товоғингни ол!
– Дугонажон, ярим соатгина ўтира турай, ўтмаса ўзим кетаман.
– Бозор бедарвоза эмас, билдингми? Нега бозорқўмдан рухсат олмайсан? Овқат пишириш учун справканг борми? Дўхтирдан ўтганмисан? Патентинг қани?
– Патентим йўқ.
Жувон Ақчагул билан ади-бади айтишиб ўтиришни ўзига эп кўрмай, шу заҳоти товоққа чанг солди. Ақчагул ноилож боя арзон-гаровга сотилган мантининг пулини унга узатди.
– Тезроқ сот-да, бу ердан жўна! – деди паттачи шаштидан тушиб. – Бозорқўм кўриб қолса, бошимга итнинг кунини солади.
– Астағфирулло! – дея хўрсинди Ақчагул ичида. – Минг киши сиққан бозорга бир мен сиғмасам-а!

* * *

Азондан бери тик оёқда юравериб, Ақчагул роса толиқди. Бозор ёнидан маршрут таксига ўтириб, юмшоқ ўриндиқда бироз нафас ростламоқчи эди, шуям насиб қилмади. Кўчадан бир чақиримча берида тушиб қолишга мажбур бўлди. Салонда ундан бошқа одам қолмаган эди.
– Сенинг бир ўзинг учун шунча жойга ҳайдамайман. Орқадаги машинага чиқақол, – деди-да, ҳайдовчи асфальтнинг устида ғирра ортига бурилди.
Чарчаган одамнинг қадами ҳам унмайди. Кун ботай-ботай деб турибди. Бояқиш болалари унинг йўлига кўз тикиб ўтиришгандир. Арзайим кечки овқатнинг тараддудида бўлса керак, бироқ қозонга солинадиган масаллиқлар унинг сумкасида. Имкони бўлса-ку, ора-сира уйга тўрт-беш кунга етадиган масаллиқ олиб бориб қўярди. Кечки емак учун зарур бўладиган нарсаларни кунлик топган пулига олиб келади. Эрталаб тўрт-беш дона картошка билан иккита помидор, уч-тўрт бош пиёз қолгандай эди. Лекин ёшгина қизи ундан бирор таом тайёрлашнинг уддасидан чиқармиди.
– Нуржан, кампиринг келаяпти, суюнчи бер! Энди хуморинг босиладиган бўлди.
Дарвоза олдидаги омонатгина ёғоч супада қарта ўйнаб ўтирган қўшни йигитлар Ақчагулни узоқдан кўриб, Нуржанни эрмак қила бошлашди.
– Оббо, эсимдан чиқибди-ку, – дея лабини тишлади Ақчагул. У эрига сигарет олиб келишни унутган эди. Аслида, бугун сигарет олиш кўнглига сиғармиди? Эрталабдан иши юришмади. Ҳайдовчининг ўзи туширмаганда вокзалдан ортига қайтиб келарди. Қолаверса, “ўлгиси келган эчки чўпоннинг таёғига суйкалади” деганларидай кастрюлини қўлтиқлаб, министр билан тўқнашиб кетай деди. Сўнгра шу чоққача қадам босмаган идорага борганидаги аҳвол, бозордаги ғалва, хуллас, айтгулиги йўқ. Бугун бир хосиятсиз кун бўлди унинг учун. Яхшиям бир йигит “идорада туғилган кунимни нишонламоқчи эдим” деб бирваракайига қирқта сомсасини олиб кетди. Бўлмаса, Қувватга кета, ярим кило гўшту, бир стакан қора чой қайда-ю. Ҳалиям Худонинг ўзи қўллади. Сомсасини сотиб бўлганида бир киши “кета, футболка!” дея бақирганча қатордан ўтиб қолди. Бўлмаса, шу нарса ҳам буткул ёдидан кўтарилган экан. Унинг ортидан бир келинчак “семизгина қочарнинг гўшти”ни сотиб келди. Анчайинда бозорда “сигарет, гугурт, таракан дори” деб жар солиб юрадиган бир йигитни кўп кўрарди, аксига олиб, бугун шуям дуч келмади. Боя қўшнилар “Нуржан, хуморинг босиладиган бўлди” деганидан кейин сигарет олишни унутгани эсига тушди. Энди Нружан ундан тумшуқ буриши тайин. Шунча йил бирга яшаб, ораларидан қаттиқ-қуруқ гап ўтмагани учунми, эрининг аразлаши унга қаттиқ ботади. У хафа бўлса, қовоғи очилмай қолади. Емай-ичмай, тумшайганча ўтираверади. Оила бошчиси дастурхон бошига келмаса, ичганинг қора қон бўлар экан. Бундай кезларда унинг қовоғи очилмагунча ҳеч ким очилиб сўзлашмайди. Луқмасини жимгина ютаверади, томоқдан ўтгани ҳисоб. Буни яхши билгани учун Ақчагул ҳеч вақт эрининг гапини икки қилмасди, аксига олиб, бугун ёдидан кўтарилибди. Қолаверса, унинг ўзи ҳам эрталаб эсига солмабди. Саҳарда туриб, кеч ётиб, минг бир ташвиш билан елиб-югуриб юрган аёлнинг хаёлиям кирди-чиқди бўлиб қоларкан.
– Кампир, сигаретни олиб кел! – деди Нуржан анча наридан. Ақчагулга бу гап оғир ботиб, эшитилар-эшитилмас тўнғиллади:
– Кампирингиз нимаси!
У эрининг “сигаретни олиб кел” деган гапини эшитмагандек, ичкарига кириб кетди.
Худога шукр, ошхонадан овқат ҳиди келаяпти.
– Арзай, нима пишираяпсан?
– Шилпилдоқ.
– Шилпилдоқ! – эрталаб супрадаги бор унни қоқиб-силкиб ийлагани шу пайтда Ақчагулнинг ёдига тушди. – Уйда ун йўқ эди-ку?
Арзайим онасига ҳайрон бўлиб қаради.
– Овулдаги дўконга икки халта уннинг пулини бериб қўйганимга икки ҳафта бўлди. Ҳар куни эрта-индин деб у ҳам ортга солади…
Ақчагул эрининг ташқаридан энтикиб кириб келаётганини кўриб, гапини тугатолмади.
– Нега сигаретни ташлаб кетмайсан?
– Кечиринг, Нуржан, сигарет олишни унутибман.
– Нима?
– Хаёлимдан кўтарилибди мен эсипастнинг!
– Ҳе, эсингни отасининг…
Нуржан Ақчагулнинг чаккасига шапалоқ туширишга чоғланди.
– Ота! – Арзайим югуриб келиб, отасининг қўлига осилди. – Нима, қаригунча онамни ураверасизми?
– Бунга “кунора бир қути сигарет олиб келасан” деб тайинлаб қўйибман-ку… Манави сумкадаги нима?
– Кета.
– Кета олишни унутмайсан, сигаретни унутасан!
– Ахир, буни ўзингизнинг болангиз кияди…
– Ҳе, болангнинг бақайининг… Ўша болалардан нима роҳат кўраман! Отам мендан нима наф кўрди?
Нуржан кейинги вақтларда шу гапни кўп такрорлашга одатланган. Рост, отаси ўлганида унинг ёш боладан деярли фарқи йўқ эди. Турмада ўтириб келгандан кейин тез-тез отасини эслайдиган бўлди, ичиб олса йиғлайди, аччиғи чиқса Ақчагулга қўл кўтаришдан ҳам тоймайди. Лекин бир пасдан сўнг ўзи кечирим сўрайди.
– Қамоқда кўп калтак едим, ўшанда бошимга заха етган бўлса керак, – дейди хафа бўлиб. – Ўзимни тутолмай қоламан. Қалтираб кетаман.
Шунинг учунми, Ақчагул эрининг баъзан жаҳл устида тилга оладиган эркакча сўкишларини кўнглига оғир олмайди. Қайтанга ярашиб олгандан кейин ичган чойи мазали туюлади унга.
– Ҳозир, отаси, бироз сабр қилинг, сигарет олиб келаман, – деб Ақчагул қўлидаги сумкани Арзайимга тутқазди. – Юр, Қувват, кетанинг ҳақига мен билан дўконга бориб келасан. Қайтгунимча қорон-ғи тушиб қолади, бир ўзим қўрқаман. Арзай, сен Тамара холангдан бир зувалага етгудай ун олиб келиб, хамир ийлайвер. Ойим бир-икки кунда қайтараркан, дегин.
Кун говгумлаша бошлаган эди. Ақчагул ноилож Қувватни эргаштириб, уч чақирим наридаги навбатчи дўконга йўл олди. Кўча бошидаги савдогарлар насияга беришмайди. Ўша дўкондагилар эса уни яхши танишади, бир-икки кун қарзга бериб туришади.
Қувватнинг ортидан пилдираб келиши Ақчагулга ёшлик чоғларини эслатиб юборди. Кичкина пайтларида у яйловдан қайтмаган қўйларини ахтариш учун кўчага чиққан онасининг орқасидан эргашарди. Ўша пайтларда онаси ёши бир жойга бориб қолган кампирларга ўхшаса-да, аммо юрганида унга етиб олиши қийин эди. Бўлмаса, Ақчагул тўққиз-ўн яшар шўх-шаддод, ўйинқароқ қизча эди. Энди ўйласа, онаси анча ёш бўлган экан. Буни марҳуманинг қабри бошига “Бегжан қизи Бибинияз, 1915-1971” сўзлари ўйиб ёзилган мармар тош қўйишганда билди. Улар уйга қайтмаган қўй-эчкисини энг аввал Нуржанларнинг қўрасидан излашарди. Чунки уларнинг қўйи кўп эди. Бошқа уйларда тўрт-беш қўй-жонлиқ бўлса, уларники ҳар йили ўттиздан кам бўлмасди. Нуржаннинг бобоси Пирнияз чол мудом ана шу қўйлар билан андармон. Кечқурун яйловдан қайтган қўйларнинг олдига янтоқ сочади. Азонда яна сурувга қўшгач, қўйлар туни билан еб чиққан янтоқнинг поясини ташқарига ёйиб, кампирига тандир ўтин тайёрлаб қўяди! Кейин қўрага эшак аравада қум келтириб тўкади. Бундай парвариш кўрган қўйларнинг жуни ялтираб, ҳамиша топ-тоза бўлиб юради. Мол ҳам тозаликни ёқтирса керак. Ақчагулларнинг подадан қайтмаган қўйлари доим Пирнияз чолнинг қўрасидан топилади. Пирнияз чол феъли кенг одам, эгаси ахтариб келмагунча бегона қўйни қўрадан чиқариб ҳайдаб юбормайди.
Қўра Нуржанларнинг уйининг қибла тарафида, ҳовли ташқарисида жойлашган. Шу ердан қўрани кўздан кечириб, адашган қўйларининг бор-йўқлигини билиб олса ҳам бўлади. Лекин Ақчагулнинг онаси ундай қилмайди. Тўғри уйга бориб, деразани тақиллатади.
– Нурнияз, ҳой Нурнияз? – деб чолнинг ўғлини чақиради.
Нурнияз овулнинг таниқли тракторчиси. Овулдаги кекса кампирларнинг айтишича, биринчи “Фармол”ни ҳам шу ҳайдаган. “Тепон-ғич трактори бор эди унинг, – деб кулишади янгалари. – Кўп бор фармолчи боланинг бурни дўмбирадай шишиб юрганини кўрганмиз!”.
– Ўшанда сизларни эгатнинг бошига челаклаб сув ташитардим, эсингиздан чиқдими? – деб гапни илиб кетади у.
– Жуда бало эдинг, сен қирчин! Тракторнинг радиаторига тухум пишириб ер эдинг-а.
Ақчагул ўшанда бу гап-сўзларнинг маъносини тушунмасди. Бироқ унинг онаси Нурнияз билан ҳазиллашмас эди. У шунисига хурсанд бўларди. Чунки онасини ҳаммадан қизғонарди. Бибинияз опа Нурниязни чақиргани билан қўрани кўрсатишга унинг ўғли Нуржан чиқади. Ақчагул бундай кезларда ич-ичидан қувонади. Негалигини билмайди. Ҳайтовур Нуржанни кўргиси келади. Қўйларининг тугал келмаганига-да хурсанд бўлади. Эрталаблари ҳам уйдагиларнинг кўзини шамғалат қилиб, ўғринча деразадан ташқарига мўралаб-мўралаб олади. Нуржан ўтиб қолса, ичиб турган чойини ҳам чала қолдириб, папкасини кўтарганча кўчага югуради. Кўринмаса ошиқмайди.
Синфда Нуржан иккови бир партада ўтиради. Иккинчи синфда шундай тартиб жорий қилинди. Муаллим “ўғил болалар билан қизлар дўст бўлиши керак” деган гап топиб келди. Дастлаб Ақчагулнинг ёнига Сапар ўтирадиган бўлди. Шунда у муаллимни еб қўйгудай бўлганди. “Нега Нуржанни ўтирғизмайди? Сапарни орқага ўтказиб юборсин. Илойим, унинг ёнига бошқа қиз ўтирмасин!” Лекин сиртида ҳеч нарса дейолмади.
У Сапар икковининг орасига папкасини қўйиб ўтирадиган бўлди. Партанинг устидан қалам билан чизиқ тортиб, тенг иккига бўлди.
– Тирсагинг манави чизиқдан берига ўтмасин! – деди Сапарга.
Сапар бояқиш “хўп” дегандек жимгина бош ирғади.
Барибир у билан тез-тез уришиб қолар эди.
– Оёғингни торт! – деб тўпиғига тепиб юборади Ақчагул йўқ жойдан жанжал чиқаргиси келиб.
Сапар унга оғрингандек қараб қўяди-да, янаям нарироққа сурилиб, партанинг чеккасига зўрға илашиб ўтиради. Унинг миясига сабоқ кирмайди, нима қилсам Ақчагулга ёқар эканман, деб хаёл қилади. Лекин Ақчагул уни ҳечам хушламайди. Бир куни танаффусда Сапар унга:
– Ақчагул, Ақчагул! – деб шивирлади ҳамма синфдан чиқиб кетаётганда.
– Нима? – деб жеркиб берди Ақчагул.
– Ҳеч нарса! – дея шалвираб қолди Сапар.
– Гапирсанг-чи, шалвирамай!
Сапар аста сумкасини очиб, сиртига ёғи чиқиб турган ўроғлик қоғозни олди.
– Қуймоқ ейсанми?
– Сендан қуймоқ сўрадимми? – Ақчагул бурнини жийирганча даҳлизга чиқиб кетди. Ўшанда унинг жудаям қуймоқ егиси келганди, аммо ғурури йўл бермади. Назарида Сапар унга ёқиш учун бу ишни қилганди. Чинданам, Сапар бир кун бурун онасига:
– Синфда ҳамма болалар қуймоқ еб юрибди, – деб хархаша қилавериб тухум қовуртирганди. Барибир фойдаси бўлмади.
Ақчагул танаффус пайтида ҳар хил баҳона топиб, Нуржан билан ўйнаб қоларди. Гоҳида оғзига сув тўлдириб келиб, Нуржаннинг бўйнига пуркаб юборади. Баъзан ортидан келиб, кафтлари билан унинг кўзларини юмиб олади.
– Қўй, Ақча, – дейди Нуржан уялиб. Бошқа гапиролмайди. Ақчагул бўлса гўё катта одамни кичрайтириб қўйгандай, ҳар балоларни ўйлаб топади. Баъзан укасига ғамхўрлик қилгандай, Нуржаннинг уст-бошининг чангини қоқиб қўяди. Чанг қаёқда! Бу бир баҳона! Нима қилиб бўлсаям Нуржан билан ўйнаб-кулгиси келади. Лекин у очилиб ўтирмайди. Топ-тоза, ораста кийиниб, партада одоб билан ўтирганча, жимгина дарс тинглайди. Нуржан қанчалик индамагани сари Ақчагулга шунча яхши кўриниб кетар эди. Лекин буни унинг ўзи билмайди, муаллим ҳам Ақчагулнинг кўнглида не борлигидан бехабар.
Ёшликдан шу тариқа кўнглига ўтириб қолгани учунми, Ақчагул эрининг унча-мунча қилиқларини бир зумда унутиб юборади. Бугун ҳам унинг сигаретни деб уни сўккани, бунинг устига, кечқурун зинғиллатиб дўконга жўнатгани яхши бўлмади. Бошқа биров бўлганида бу иши учун сира кечира олмас эди. Лекин тотли болалик хотиралари бирин-кетин хаёлида жонлангани сари унинг кўнглидаги ана шу гина-қудурат ҳам эсидан чиқа бошлади.
Эҳ, болалик!
– Нуржан! – деди у бир куни танаффус вақтида. – Сенга бир гап айтайми?
Нуржан “айт” дегандай унга юзланди.
– Сапарнинг бир ёқимсиз иси бор-а?
– Билмасам.
– Ёнида ўтирсанг биласан.
– Ахир, мен қиз бола эмасман-ку, – деди Нуржан. “Унда нега сен менинг ёнимда ўтирмайсан?” – деб юборгиси келди Ақчагулнинг. Бироқ ботинолмади.
Шу тариқа биринчи чорак тугади. Ақчагулнинг ўзлаштириши пасайиб кетди.
– Сенга нима бўлди? – деди муаллим янги чорак бошланишида. – “Фақат “беш”га ўқирдинг, “тўрт”га тушиб қолдинг? Ҳатто, “уч”инг ҳам бор.
Ақчагул миқ этмади. Танаффусга қадар ичидан тўлиб ўтирган эди, бир пайт ручкасини қўш қўллаб қисимлаб:
– Ҳаммасига сен сабабчисан! Сен! Сен! – деб аямасдан Сапарнинг билагига ура бошлади. Сапарнинг қўли қонаб, кўйлагининг енги титилиб кетди. Ақчагул ўпкасини боса олмай, папкасига ҳам қарамасдан ташқарига югуриб чиқиб кетди.
Эртаси куни Сапарнинг қўлини ҳамшира чақириб боғлатишганидан хабар топди. Шу куни Нуржан унинг папкасини уйига келтириб берган экан. Лекин у муаллим келган бўлса керак деб қўрқиб, таш-қарига чиқмади. Билгач, чиқмаганига ўкинди.
Сапар уч кун мактабга келмади. Бола бўлса ҳам уялишга ақли етиб, уйдагиларига Ақчагул урганини айтмабди. Саккизинчи синфни битираётганда унинг ўзи шундай деди.
Муаллим Ақчагулни унчалик койимади.
– Лекин синфдаги тартибни буза олмайман, – деди у. – Барибир, бир қиз, бир ўғил бола ўтираверасизлар. Нуржан, сен Ақчагулнинг партасига кел, сенинг ўрнингга Сапар ўтиради.
Нуржан китобларини тахлаб, уяла-уяла Ақчагулнинг ёнига келиб ўтирди. Ақчагул уч ойдан бери ўртада турган папкасини олиб, парта остидаги токчага қўйди. Сўнг ўртада тортилган чизиқни дастрўмолчаси билан тупуклаб ўчирди.
Ақчагул йўл бўйи ўз хотиралари билан андармон бўлиб, ўғлига бир сўз демасдан дўконга етиб келди.
– Ие, ойи, ёпиқ-ку! – деди Қувват дўконнинг эшигини тортиб кўриб.
– Оббо, энди нима қиламиз? Эшиги қулфланганми?
Қувват қулф уриладиган тешикдан ичкарига мўралади.
– Йўқ, қулфланмаган, фақат ичкаридан илиб қўйилган.
– Унда ҳали ёпилмаган. Юр, орқа тарафидан айланиб ўтамиз.
Дўконнинг ҳовли дарвозаси очиқ экан. Ҳовлида усти ёпиқ машина турарди. Ун келган экан. Юқорида, ҳайдовчи бўлса керак, бир киши дўкончи қизни:
– Бўлақол, елкангни тут, – деб қистаяпти.
– Қўйсангиз-чи, кўтара олмайман!
– Кўтара олмасанг, нега ёздириб келдинг!
– Сизам эртароқ олиб келмайсизми? Биронтасига беш-ўн кило ун бериб, туширтириб олардим.
– Анави болани чақир, бир тарафидан кўтаришиб юборади, – деди ҳайдовчи Қувватга кўзи тушиб.
– Қани? – деди дўкончи қиз умид билан ўша томонга тикилиб. Қувватнинг суяги қотмаган бола эканини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди.
– Ўзингиз тушириб берсангиз, эвазига ўн кило ун берардим. Ярим соатда уддалайсиз.
– Керак эмас. Ўзи, азондан бери юз халта ун туширганман, ўлай деб турибман.
Ақчагул аста машинага яқинлашди.
– Неча халта экан? – деб сўради сўнг.
– Ўттиз халта-ёв, – деди дўкончи қиз унга умидвор қараб. – Ҳой, Ақчагул опа, сизмисиз, келганингиз яхши бўлди. Ёрдамлашиб юборинг.
Ақчагул бировга кўмак беришдан қочмайди. Лекин қуруқ ёрдам ўрнига… Эвазига боя ўзи айтган ўн кило унни берса яхши бўларди. Дўкончига шуни айтмоқчи бўлиб тараддудланди-ю, аммо номус кучлилик қилди, айта олмади.
– Қани, бир таваккал қилиб кўринг-чи, – деди ҳайдовчи бир халта унни бу томонга судраб. Ақчагул қопнинг бир тарафига бармоқларини ботириб, маҳкам ушлади. Дўкончи қиз нариги тарафидан тутди. Улар машинадан тортиб олиши биланоқ, қоп “гуп” этиб ерга тушди. Дўкончи қизнинг нозик қўллари бундай оғирликка дош беролмаган эди.
– Ўлсин, кўтармайман, – деди у йиғламсираб. – Қайтариб олиб кетаверинг. Тирноғимни қўпориб юборай деди-ку.
Ақчагул энди унинг ердаги қопни қайта ушламаслигини билди. У халтанинг тагидан бир чеккага тортиб қўйди-да, машинага елкасини тутди.
– Менинг елкамга юклай қолинг!
– Қўйинг, опа, майиб бўласиз, – деди ҳайдовчи ўнғайсизланиб.
– Юклайверинг. Овулда олтмиш килолик қанорни эгатнинг у бошидан бу бошига орқалаб борганда ҳам майиб бўлмаган эдим.
Ҳақиқатан ҳам Ақчагул ўн беш-ўн олти ёшга чиққанида бирдан бўйи чўзилиб, улғайиб қолди. Бунинг устига, чевар теримчига айланди. Эрталаб аёллар ҳовли-жойини йиғиштириб, далага етиб келишгунча у бир қанорни пахтага тўлдиришга улгуради.
– Ана, Ақчагулни қаранг, муштдайгина қиз. Сизларнинг эрталабдан-кечгача терганингизни бир пасда тарозига келтириб қўяди, – дея Эжибой биргат тушда аёлларни йиғиб, бир замон ваъз ўқийди. Бундай пайтларда Ақчагул уялиб кетади. Ўзини чевар теримчи деб мақташганига ичидан қувонса-да, аёлларнинг четга чиққач, ғийбат қилишини билади.
– Ўзи муштдайгина қиз бўлса, қайси бола-чақасига етмаётган экан, – деб тўнғиллайди улар эшакларига мина туриб. Бу гапни улар Ақчагулга эшиттирмай айтишади. Эшиттириб айтишга ундан эмас, худодан қўрқишади. Ақчагулнинг тўртинчи синфни битирган йили онасидан етим қолиши овулдагиларнинг ҳаммаси учун оғир қайғу бўлди. Қолаверса, муштдайгина норасиданинг онаси учун қайғуришга ақли етганини, ҳатто, икки марта ҳушидан кетиб қолганини кўриб, катта одамларнинг ҳам кўпчилиги эсидан айрилаёзди. Буни кўрган овулнинг эркак-аёли унинг юзига қаттиқ-қуруқ гап айтишдан ўзларини тияди. Етимни йиғлатишдан қўрқишади. Кўнгли шикаста қизнинг кўз ёшига қолгилари келмайди.
Етимлик одамни тез улғайтирар экан. Йиғлай-йиғлай, унинг дийдаси қотиб қолди. Белини маҳкам боғлаб, уй ишларига уннади. Акаларининг камзулини, ҳатто, пальтоларини ювади. Сиқишга кучи етмай қолганида кийимларнинг енгини теракка боғлаб олиб, икки қўллаб сиқади. Катталар ювган кир бир соатда қуриса, уники бир кунда селгийди. Нима бўлганда ҳам бировга ялинмайди.
Кузда унинг ташвиши бурунгидан беш баттар кўпаяди. Отаси эшик олдидаги томорқага тариқ, жўхори, кунжут экар эди. Акалари тариқ билан жўхорини эшак қўшда ҳайдаб беришади. У шуларни қоқиб, қобиғидан ажратиб олса кифоя. Кунжутни саранжомлаш эса бир ўзига тан. Остига олача ёйиб, бир-икки кун қуритиб қўяди. Унга гала-гала бўлиб чумчуқ ёпирилади. Бунинг устига, бошоқлари сочилиб кетмасдан бурун қуритиб омасанг, ҳаммаси эгатга тўкилиб қолади. Акалари Жанаберган билан Узақбай бир муддатда ўриб ташлайди-да, йиғиштириб олишни Ақчагулга қолдиришади. Укаси Худайберган эринчоқроқ. Қолаверса, Ақчагулнинг ўзи уни аяйди. Йўқ ердан енгилроқ юмуш топиб бериб, шунга буюриб қўяди-да, ўзи тоғни қўпорадиган кучи бордек, оғир ишларга уннайди.
Қора меҳнат аёл кишининг ҳам қўлларини чиниқтириб, билагини бақувват қиларкан. Бир гал, саккизинчи синфда ўқийдиган вақтида эллик беш килолик қанорни бир ўзи эшакка ортди. Аччиқ устида кучи кўпайиб кетиб ортди. Дастлаб бу ишни уддалолмасам керак деб ўйлаган эди. Соат ўн бирларда қанорни тўлдириб, оғзини боғлаб турганида табелчи Сарсенбой ёнига келиб қолди. У бир марта уйланиб хотин қўйган, ўзи ҳам тузи камроқ, енгилтак йигит эди.
– Сарсенбой оға, эшакка ортишиб юборасизми? – деди Ақчагул қанорга ишора қилиб.
– Сен айтгач, бизда жон қолармиди! – деб Сарсенбой дарров кўна қолди. Ақчагул унинг бемаъни гапидан жаҳли чиқса-да, сир бой бермай нарироқда боғлоғлиқ турган эшагини олиб келди.
– Қўлингни бер, – деб Сарсенбой қанорнинг ортидан ўнг қўлини узатди. У биринчи марта бегона эркакка илкини тутмоқда эди. Сарсенбойнинг қаттиқ, йирик панжалари унинг юмшоқ кафти билан нозик бармоқларини қўшиб маҳкам сиқимлади.
– Қани, Ақча, бир-икки-уч… – Қанор ердан кўтарилди. Бироқ кутилмаганда Сарсенбой қўлини ёзиб юборди-да, “ҳеҳ-ий” деб қанор кўтарган қўли билан Ақчагулнинг диркиллаган кўкрагини сиқимлаб олди.
Ақчагулнинг аъзои бадани титраб кетди. Ошиғичда оғзига гап келмади. Суриниб бориб, ердан бир кесак олди-да, Сарсенбойга қараб отди. У эса бошини эгиб қолиб, тарози томонга қочди. Ақчагулнинг қаттиқ хўрлиги келди. Лекин етимликда қотиб қолган дийдаси унинг бўғзига тиқилган ўксикни сиртига чиқаришга йўл бермади. Қанор тўла пахтани бир ўзи тарозига олиб боришга қарор қилди. Эшакни ариқнинг ичига туширди. Қанорни қўшқўллаб қучоқлаганча тиззаси билан силжитиб, ўнглаб олди. Сўнг “хўппа” деб бор кучи билан қанорнинг тагидан кўтарган эди, эшак бир чайқалиб, гандираклаганча олға юриб кетди. Лекин қанор ерга ағдарилмади. Бир дафъадаёқ эшакка теппа-тенг ортилган экан. Аччиқдан икки юзининг олмаси қизариб, терган пахтасини тарозига олиб борди. Унинг бахтига Сарсенбой бу ердан ҳам ғойиб бўлган экан, Нукусдан келган талабаларнинг муаллими тарози тортиб, колхозчиларникини алоҳида, шогирдлариникини алоҳида дафтарга ёзиб турарди.
Ёшлигидан ана шундай оғир меҳнатга кўникиб қолгани учун эллик килолик қоп унга ҳеч нарса бўлиб кўрингани йўқ. Қопларни бирин-кетин ичкарига ташиб, дўкончи қиз кўрсатган жойга гурсиллатиб отаверди. Ўттиз халта ун бир пасда дўконга жойланди. Ҳайдовчи қоғозга қўл қўйдириб жўнаб қолди.
– Опа, халтангиз борми? – деб сўради дўкончи қиз Ақчагулдан.
– Йўқ.
– Ун солиб бермоқчи эдим.
– Йўғ-ей, синглим. Қора кучимни пулга сотаманми энди? Менга қарзга икки қути сигарет бериб турсангиз етади. Эримнинг сургунига учраб, бу ерга келган эдим. Бир-икки кунда йўл-йўлакай пулини бериб ўтаман.
Дўкончи қиз икки қути сигаретни раста устига қўйди-да, каттагина елим халтанинг оғзини очди.
–Иним, ушлаб тур, – деди Қувватга. – Опа, сиз бўлмаганингизда бошқа бировгаям берардим буни. Ваъда қилдим, олиб кетинг.
– Барака топинг, қароғим.
Дўкончи қиз ўн кило ун ўлчаб берди.
– Сизни сигаретга юборган оғамга раҳмат, – деди сўнг кулиб.
Ақчагул дўкончининг “ўн кило ун берар эдим” деган гапини эшитса-да, бунга унча ишомаган эди. Чунки, кейинги бир ойдан бери ун танқис бўлиб қолди. Ўзи, ҳар йили шу пайтда оз-моз узилиш бўлиб туради. Гоҳо ғалла тортилиб, заводга янги дон келмай қўяди. Бундай кезларда маҳаллакомларга худо беради. Овулдаги дўкончига икки халта уннинг пулини ортиғи билан бериб қўйган бўлса-да, ҳалигача олмаётганининг сабаби шу эди. Дўкончи маҳаллакомдан қўрқади. Бу ерда-ку яхши экан. Ақчагулнинг кўчасидаги маҳаллаком дўкон ёпилмагунча уйига кетмайди. Сотувчини қўрқитиб, озми-кўпми яланиб қолади.
Ақчагул анча толиққан бўлса-да, ўн кило ун қўлига теккач, оёғи ерга тегмай учиб қайтди. “Эркак киши аралашган иш баракали бўлади, – деб эрини мақтаб қўйди ичида. – У сигарет сўрамаганида говгунда дўконга келармидим?” Арзай Тамарадан сўраб олган унни бугуноқ қайтариб олиб бориб берсаммикин, деб ўйлади ўзича. Бирпасда қаердан топди ҳайрон қолсин! Йўқ, яхшиси, ундай қилмаганим маъқул. Тамаранинг кўзи ёмон! Унинг касрига болалари суқланиб қолиши мумкин. “Сенинг ичи-сиртинг тоза, кўзга яқин аёлсан. Кинна-суқ ҳам тоза одамни топади”,– деган эди-ку бояги қоровул. Нима бўлгандаям Тамара шу кўчанинг одами. Ақчагулни ўзига яқин олиб юради. Авваллари катталар билан ҳам борди-келдиси бўлган. Эри ўлгач, қўли қисқариб, шу чоққача остонасидан кириб-чиқиб юрган одамларнинг оёғи тортилиб қолган. Тўй-маъракаларда унинг уйига қўноқ беришлар ҳам сийраклаша бошлаган.
– Айланайин, келиним-ов, – дея у бир куни Ақчагулга ёрилди. – Қадимда бир кампир айтган экан, “тўқсон – яшайин деган ёшиммиди, арпа-талқон – ичайин деган ошиммиди” деб. Ўша айтгандай, катталарнинг мавзесида ўн икки хонали уйим бор эди, аввал эрим ўлди, ортидан уйланай деб турган икки бирдай жигарбандим машина ҳалокатидан жувонмарг кетишди, сўнг ҳамма мени талайверди, боримни тортиб олаверди, охири данғиллама уйимни сотиб, кенжатойим билан мана шу тўрт девор орасига кириб мунғайиб ўтирибман. Бу ер менинг ўтирайин деган жойиммиди?
Тамара бурунги дориломон кунларини ҳалигача тусайди, аслида у ҳозирги дов-даскоси билан ҳам кўчадаги ўттиз бир хўжаликнинг барини сотиб олишга чамаси келадигандай. Ҳар бармоғида қўша-қўша олмос кўзли узук, қулоғида олтин зирак, уни ҳам тез-тез алмаштириб тақади. Ўғлининг қаерда ишлашини ҳеч кимга айтмайди, тўрт-беш кунда бир уйига келиб кетади. Нима қилса ҳам топармон-тутармон. Пул топишнинг кўзини билади. Бир куни у Ақчагулни ёнига чақириб шундай деди:
– Шу кўчадаги энг тиришқоқ, саришта келинчак ўзингсан. Қачондан бери ишимдан айрилдим деб қўл қовуштириб ўтирибсан! Ёки ҳукумат боқади деб умид қилаяпсанми? Ундан кўра ҳаракатингни қил, – дея уни овқат сотишга ўргатди. Шу ишни қилмаганида қариндош-уруғларнинг ҳаммасига бирма-бир қўл чўзиб чиққан бўларди. Бир нарса сўраб борсанг, улар ҳам бир-икки марта қуруқ қайтармас, лекин кейинчалик, сен ҳам тирик жонсан, ҳаракатингни қил, де-йишмайдими? Ҳарқалай, вақтида қимирлаган экан. “Яхшидан шарофат” деб шуни айтади-да!
Ўн кило уннинг шамоли билан улар бир зумда уйга етиб келишди. Қоронғи тушгани боис дарвоза олдида қарта ўйнаб ўтирган қўшнилар ҳам тарқалишган экан. Уйга кирганида Эсен дарс тайёрларди. Арзайим катда дустамман тушиб ётибди. Ошхона тарафдан ҳамон таом ҳиди келиб турибди.
– Арзай, отанг қаерда? – деди Ақчагул елим халтани ошхонанинг олдига қўйиб. “Менинг ун олиб келганимни кўрсин” деб атай ичкарига олиб ўтмади.
– Кетди.
– Қаёққа?
– Тўхташ савдодан қайтган экан, шуни кўриб келамиз, деди.
– Худо берибди, шайтоннинг сувига тўйиб келаркан-да.
Арзайим эринчоқлик билан катдан тушди.
– Бир ёққа чиқсангиз, йўқ бўлиб кетасиз-а, ойи.
– Мен ўйнаб юрибманми, қароғим? Сизларнинг томоғингизни… Йиғладингми?
Арзайимнинг икки кўзи қизариб кетган эди. У индамади.
– Қулчатайлоқ едингларми? – деди Ақчагул қизига.
– Ун бўлмаса, нимани еймиз!
– Тамара холангдан сўрамадингми?
– Бермади.
– Ие, нега бермайди?
– Қарз деганни қайтарадиган одамга беради, деди!
Ақчагул қизининг нега йиғлагани сабабини энди билди. Лекин ўзини бепарво тутди. Қизининг кўнглини кўтаришга чоғланди.
– Худойим-ей, шунга кўзингни сувлаб ўтирибсанми? – деди ҳеч нарса бўлмагандай. – Ота-боболар айтган экан “отанг бермаганни бозор беради” деб. Ана, ун олиб келдим. Сен тезда икки зувала ун элаб юбор. Отанг ҳам ановига тўйиб олса, ичини илон ялагандай бўлиб келади. Тамара холангдан ўпкалама. Бировдан кўнгли қолиб, хафа бўлиб ўтирган бўлса керак. Қўшниларга ҳасади келади унинг. Шунинг аламини сендан олгандир.
Ақчагул эрининг тўрдаги ўрнини бўш қолдириб, дастурхон бошига ўтирди. Атрофида болалари жамланди. Кун бўйи муздай бўлиб турган ўчоқ зумда гуриллаб кетгандай бўлди.

* * *

Нуржан телевизорда тунги сериал бошлангунча келмади. Қараса, болаларининг кўзи киртайиб, юмилиб бораяпти. Улар бир-бирига қараб эснай бошлашди. Ақчагул ноилож эрининг ҳақини бўлакча олиб қўйди-да, болаларини овқатлантирди. Ўзи ҳам кун бўйи қаттиқ чарчаган эди. Йўл-йўлакай, уйга боришим билан оғзимдан сувим оқиб, тошдай қотиб қолсам керак деб ўйлаб келаётган эди. Аммо эри уни боягидай “ҳурмат-иззат” билан қарши олди. Бунинг устига, Тамара қизига бир чимдим ун бермай юборганида осмондан тушгандек ўн кило унлик бўлди. Ҳозирги вақтда биров бир сўмни бекорга берадими? Яхшиям танасида қора кучи бор экан. Бир пайтлар аёллар:
– Ноннинг ушоғини туширмай е!
– Синиқ нон турганда бутунини синдирма!
– Бутун нон оқшом Каъбатуллога бориб қайтади, – деб нон ҳақида ҳар хил ривоятларни топиб айтишар эди. Бу гаплар уларнинг қулоғига кириб-кирмаса-да, лекин ичларида, катта одам насиҳат қилганида жимгина тинглаш керак, деб ўйлашарди. Бўлмаса ноннинг ушоғи тўкилганда нима бўларди, қолгани озми?!
Мана, ноннинг қадрини энди билаяпти. Халталаб ун олмаганига икки ойдан ошди. Ўлчаб олгандан кейин баракаси ҳам бўлмас экан. Ёки озайиб боргани сари одам очкўз бўлиб қолармикин?
Тўхташ савдодан олиб келган спирт билан самопални қуйиб, йигитларнинг олдида гердайиб ўтирган бўлса керак, унинг аввалдан шунақа одати бор, деб хаёлидан ўтказди Ақчагул. У савдодан қайтган куни бир кило гўшт олади-да, кўчанинг бошида икки жойда жам бўлиб, қарта ўйнаб ўтирган йигитларни уйига йиғиб, ҳаммасини ароққа тўйдиради. Ўзи ҳам уларга қўшилиб маст бўлади. Ана шундан кейин Тўхташнинг олмайдиган тоғи йўқ. Тинглаб турсанг, ҳеч ким бунинг олдини кесиб ўтолмайдиган. У ёқларда уй олиб қўйган, яқин орада эрига хорижий машина миндиради. Эри Нуримбет бояқишнинг полиз қўриқчисидан фарқи йўқ, гўёки эртагаёқ “Мерседес” минадигандай илжа-йиб ўтираверади. Аслида Тўхташ савдонинг ортидан жуда ошиб-тошиб кетгани йўқ. “Етти йилдан бери умрим поездда ўтаяпти, худога шукр, насибамни йўлга сочиб қўйган экан” деб мақтанади тўй-маъракада аёллар билан ўтириб қолса. Лекин хотинлар унга эътибор беришмайди. Чунки у минг керилгани билан кўрпачасига-кўрпача қўшилиб қолмаганини ҳаммаси билади. Уники фақат тилда. Аёлларнинг бепарволиги унга оғир ботади. Улардан баландроқ бўлгиси келади-да:
– Манави чойнинг сорти паст экан, уйга бориб ўзимникидан дамлаб ичаман, – деб туриб кетади.
Бўғирсоқ пишириш маросимларида “мен капгир ушламадим” деб ўпкалайди. Хуллас, шу бечорага ҳам жир битмайди. Қаерга борса, томизиқдай лов-лов этиб юради. Икки ҳафта овулда бўлганида аёлларни биратўла сондан чиқариб қўяди. Сўнг савдога кетиб тинчийди. Икки-уч ой бегона юртларда юриб келгандан кейин ичи гапга тўлиб кетади-да. Маҳалланинг аёллари гапига қулоқ солмагач, ноилож бекорчи эркакларни йиғиб, ароқ ичириб, кейин шуларнинг олдида сайраб хуморидан чиқади. Улар уйга қайтгач, хотинларига тилидан бол томиб, Тўхташни мақташади.
Ана шу эркаклар орасида ўзининг эри ҳам борлигига Ақчагулнинг ори келади. Ҳозир ҳам шу нарса эсига тушиб, чарчаб турса-да, кўзидан уйқу қочди. Нуржаннинг гулдай умрини беҳуда совурадиган, ким ароқ берса, ўшаникида ўтириб оладиган одам бўлади деб ҳечам ўйламаган эди. Ҳозир ҳам эрини унча-мунча одамдан зиёд деб билади. Баъзан кўнглидан бадбин ўйлар кечади-да, худди эри эшитиб қоладигандай тавба қилади. Бир пайтлар иккови бир-бирига қанчалик меҳрибон эди. Ўша синфда, синф нима, бутун мактабда Нуржандай эсли-ҳушли бола бормиди! Жуда аълочи бўлмасаям, ёмон ўқимасди. Бошқа болалардай эртаю кеч ланка ўйнамайди, копток тепмайди. Синфда партанинг устига чиқиб югурмайди. Шундай тартибли, шундай одобли. Балки, у Ақчагулга ёқиш учун ўзини шундай тутгандир. Ақчагул ҳам Нуржанга эргашиш учун эрталабдан дераза олдидан кетмас эди.
Ақчагул онаси ўлганда бир ҳафтача мактабга боролмади. Сўнг борди. У вақтларда синфдошларнинг жам бўлиб, таъзияли дўстидан кўнгил сўраб бориши одат эмасди. Болаликнинг аломати, мактабга борганидан кейин ҳам ҳеч бир синфдоши ёнига келиб:
– Онанг шундай бўлиб қолдими, ҳечқиси йўқ, хафа бўлма, – демади.
Ақчагулнинг ўзи ҳам улардан буни кутгани йўқ. Мактабга қатнай бошлаганининг эртаси куни иккинчи дарсга қўнғироқ чалинди. Орадан ўн-ўн беш дақиқа вақт ўтди. Муаллимдан эса дарак йўқ. Бир пайт директор кириб:
– Шовқин солмай, кўчага чиқиб ўйнанглар, рус тили муаллими кела олмайди, онаси қайтиш бўлиб қолибди, – деди. Болалар директорнинг ортидан чуғурлашиб кўчага отилишди. Ақчагул билан Нуржан жойида ўтириб қолишди. Ақчагулнинг икки кўзидан оққан ёш юзини ювиб, чаккаларидан пастга сирғалиб тушарди. Нуржан унга нима деб тасалли беришни билмади. Лекин илк бор журъат этиб, папкасидан оппоқ рўмолча олди-да, Ақчагулнинг қароқларида ҳал-қаланиб турган ёшни артди.
– Онам… онам… – деб Ақчагул ўксиб йиғлаб юборди. Нуржан уни юпата олмади, ёнидан жилмай ўтираверди. Ўзининг синфда ўтиргани ёдига тушиб, дарҳол эс-ҳушини йиғиб олган Ақчагул Нуржаннинг ҳам кўзларидан милт-милт ёш томчилаётганини кўрди. Бу ҳол унинг кўнглига бироз таскин бергандай бўлди. Рус тили муаллимининг онаси қазо қилгани ҳақидаги хабар – бу дунёда онасидан айрилган бир у эмаслигини англатди, Нуржаннинг кўз ёшлари эса унинг белига қувват бўлгандай бўлди. Шундай бир меҳрибон одами борлигидан қувонди.
Баҳорда Нуржан мактабга яп-янги форма кийиб келди. Ўзиям ки-йиммисан-кийим эди, ялтироқ сариқ тугмали, чиройли мовутдан тикилган. Мактабдаги юзлаб ўқувчиларнинг ҳеч бирида бундай кийим йўқ эди. Шунинг учун танаффусга чиққанда, синфга кирганда ҳамманинг кўзи Нуржанда. Бунинг устига, қизлар ҳам термилавериб ўлиб қолай дейди. У ўша кийимини қаторасига икки ҳафта кийиб келди. Сўнг киймай қўйди. Бунга Ақчагул сабаб бўлган эди. У яп-янги, хушбичим формаси эгнига ярашиб турган Нуржанга дарс пайтида ҳам бот-бот суқланиб қарайверарди. Қараб ўтириб, унинг ота-онаси тирик эканлиги, ҳатто, саксонни қоралаб қолган бобоси ҳам борлиги эсига тушарди. Агар онаси ҳаёт бўлганида у ҳам ўзига чиройли форма тиктирар, кейин Нуржан иккаласи партада бир жуфт кабутардай бир-бирига ярашиб ўтирган бўларди. Аттанг, энди бунинг имкони йўқ. Эркалатадиган, кўнглига қарайдиган мушфиқ онаизори йўқ унинг. Онаси вафот этгач, отаси бир ўтовда ёлғиз ўзи қолгандай одамови бўлиб қолди, лом-мим деб оғиз очмайди. Овқатдан сўнг Қуръон тиловат қилиб, кампирининг ҳақига узундан-узоқ дуо қилади. Кейин:
– Э, ёлғончи дунё-ей! – деб бир четга қийшаяди-да, чакмонига бурканиб ётиб олади. Ухлайдими, ё ўзини ухлаганга солиб ётадими, буниси Ақчагулга номаълум. Анчадан сўнг:
– Ота, жойингизни солиб қўйдим, – деб уни уйғотади.
Отаси “ё, парвардигор” деб ўрнидан туриб, бир ўзига солинган тўшакка чўкади. Авваллари у ерга икки кўрпача қатор тўшалиб, хотини икковига узун бир ёстиқ қўйилар эди. Онаси ўлгандан сўнг ўша ёстиқ тахмондан олингани йўқ.
Шуларни ўйлаб, Ақчагулнинг кўзларига ёш қалқийди. Буни Нуржан тушунган эди. Тушунгани учун ҳам кейинчалик ўша формасини киймай қўйди. Ақчагулнинг кўнглидаги ярасини тирнамаслик учун киймади. Эҳ, қанчалар тушунган, қанчалар ақлли эди у ўша пайтларда?
“Ўлганнинг ортидан ўлмоқ йўқ” деган гапни ота-боболар топиб айтишган. Ақчагул онасига минг аза тутгани билан барибир ҳали ёш бола эди. Орада тенгдошлари билан чиқиб ўйнагиси келарди. Бир куни Нуржан, Сапар, Жамила тўртови ариқ бўйида бекинмачоқ ўйнашди. Лекин далада яшириниш қийин экан. Бир зумда топиб олаверишди. Бунинг устига, кундуз куни эди.
– Бу ўйин қизиқ эмас, – деди бир пайт Сапар. – Келинглар, уй-уй ўйнаймиз. Тўртовимиз икки уй бўламиз. Бўяндан тўшак қиламиз. Нима дейсизлар?
– Ўйнаймиз, – деди Ақчагул ҳам.
– Унда мен Ақчагул билан бир оила бўламан, Жамила Нуржан билан.
Жамила учиб-қўниб рози бўлди. Ақчагулнинг эса руҳи тушиб кетди. У Нуржан билан бирга бўламан деб ўйлаган эди. Лекин бўлиштириб бўлинган уйни қайта бўлишга журъати етмади. Сапар хурсанд, у гапни биринчи бошлаб, Ақчагулни ўзига тегишли қилиб олганди. Улар бир парча ернинг бўянларини синдириб, ўртани очишди-да, тўшак ҳозирлай бошлашди. Атрофдан ҳам бўян йиғиб келиб, устини қалинроқ қилишди.
– Кун кеч бўлди, ётамиз, – дея Сапар хашакдан тайёрланган ўринга кириб ётиб олди.
Унинг ортидан Жамила иккинчи тўшакка ётди:
– Нуржан, кеч бўлди, кел, ётамиз. Қара, теваракда шоқоллар улияпти.
Сапар Ақчагулни чақиришга ботинолмади. Нуржан ҳам Жамиланинг ёнига бормади.
Шу пайт суви тортилган эски ариқнинг ичидан Ойзода кампир келиб қолди.
– Жамила, ҳой, Жамила!
Жамила дик этиб тўшакдан отилиб турди. Унинг кўйлаги этаклари очилиб қолган эди.
– Ҳе, уятсиз! Бу нима қилиқ?! – Ойзода кампир қизининг чаккасига тарсаки туширди. – Суягинг қотмасдан эрсираб ўлиб бораяпсанми? Мен сенга минг марта айтдим, манави етимчага қўшилма, олдида тек тур дейдиган онаси йўқ урғочи, сени қизлай хотин қилади, деб! Жувормак! – деди-да Ойзода кампир важоҳат билан Ақчагулга қараб юрди.
Ақчагул ўзида қаердан куч, журъат пайдо бўлганини билмайди, киприк қоқмасдан, ўктам бир нигоҳ билан Ойзода кампирнинг юзига тикилиб тураверди. Кампир кўтарилган қўлини пастга туширди, ура олмади. Қизини олдига солиб, ариқ ёқасидаги сўқмоқ бўйлаб уйига қайтди. Сапар Ойзода кампир бақиргандаёқ ўрнидан учиб туриб, қуён бўлган экан.
Жамилалар кетгач, Ақчагул ерга ўтириб, икки қўлини юзига босганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Ўзининг беайб маломатга қолганига чидолмади. Ойзода кампирнинг таъналари қотиб қолган дийдасини биратўла бўшатиб юборган эди. Нуржан уни қандай юпатишни билмади. Катта одам бўлса экан, жўяли гап топиб, тасалли берса. У Ақчагулнинг тепасида бир муддат қаққайиб турди-да, сўнг аста ёнига ўтирди. Ақчагулнинг кўзига тушиб қолган пешона сочларини чап қўли билан юқорига қараб таради.
– Ақча, йиғлама! У ўзи ёмон кампир.
Ақчагул йиғидан тийилиб, оғир қайғудан ҳориган одамдай, Нуржаннинг кичкинагина тиззасига бошини қўйди. Нуржан унинг манг-лай сочларини иккинчи-учинчи марта силади. Бор-йўғи олтинчи синф-да эди-я ўшанда! Қандай ақлли, зийрак бола эди у. Йиғласа юпатгудек, хафа бўлса қувонтиргудек меҳрибон эди.
Самопалга тўйиб олган Тўхташ унинг ана шундай суюкли кишисига қўлини бигиз қилиб:
– Аёл бўлсам ҳам манавига ўхшаган эркаклардан зиёдман! – деб керилади.
Йигитлар эса икки ҳўплам “қорақон”нинг мазасини қиёлмай, “тўғри, тўғри” дея бўйин эгишдан нари ўтишолмайди. Тўхташ ҳам кимга мақтанишни, кимни камситишни билади. Кўчада ўттиз бир хўжалик бўлгани билан зиёфатда ҳаммасининг ҳам эркаги бирдай қатнашавермайди. Худайназар кичикроқ бир маҳкамада бошлиқ. Уни азонда машина олиб кетиб, кечқурун олиб келиб қўяди. Тўй-маъракада кексаларнинг ёнида туз-намак тотиниб:
– Кечирасизлар, менинг йиғилишим бор эди, қўноқ бўлса юбораверинг, уй тайин, – деб ўрнидан туради. Йиғилиши бўлмаса ҳам кетади. Жайилған эса газетада ишлайди. Булар билан бирга ўтириб қолса, уни маломатга кўмиб ташлашади:
– Сизлар нимага ҳақиқатни ёзмайсиз?
– Нимага оқ ёғни кўчада сотишади?
– Нима, уларнинг зиёд жойи борми?
– Йигитлар, сизлар оғзингизга келганини валдирайверасиз. Жа-йилған ҳақиқатни ёзиб кўрсин-чи, ҳоли нима кечаркин?
Хуллас, ана шундай қисир гаплар билан унинг ҳам таъбини тирриқ қилишади. Шунинг учун у маъраканинг бошида ё ўртасида бир кўриниш беради-ю, жуфтакни ростлаб қолади. Қолган беш-олти йигит хотинларининг топганини еб, кун узоғи қарта ўйнашдан чарчамайди. Ўзлариникини ўзлари маъқуллашади. Дастлабки вақтларда улар ҳам оз-моз уялар эди, энди хотинлари: “Иш топиб ишласангиз-чи” деса:
– Қўйсанг-чи, хотин, лўлиларнинг ҳам эркагини аёли боқади. Бизнинг бир лўличалик қадримиз йўқми? – деб баҳона қиладиган бўлишди.
Уларга эргашиб Нуржан ҳам бу гапни айтгиси келиб турганини сезиб, Ақчанинг нафсонияти қўзғайди.
Ахир, Нуржан вақтида қандай меҳнаткаш эди. Ўқиганида катта одам бўлиши мумкин эди. Уни ўша вақтдаги бошлиқлар йўлдан қолдирди, ўзларининг обрўсини сақлаб қолиш учун бировларнинг бахтини боғлашди улар.
– Нурнияз, сен таниқли пахтакорсан, орденли механизаторсан, Нуржан ҳам ота изидан бориши керак, – деб алдаб-авраб, охири уни кўндиришди. Саккизинчи синфдан кейин отаси Нуржанни ўқитмади. Ёнига ўтқазиб, трактор ҳайдатди. Мактабда ўқиб юрганида унга трактор ҳайдашни ўргатганди. Ёш бола рулга ўтиргач, бирдан ҳаволаниб кетди. Бир-икки марта эгатга трактор солиб, ғўзани қириб олмаганига қувониб, тез-тез сўраб ҳайдайдиган бўлди. Бора-бора отаси ҳам унга тракторини ишониб бериб кетадиган одат чиқарди.
– Маладес, Нуржан! – деб мақтайди Эжибой биргат тушда ҳамманинг кўзича унинг елкасига қоқиб. – Отангдан ўтадиган илғор боласан.
Кўнгилчан ўспирин бир кун келиб, ўзининг бошига Эжибой етишини қаёқдан билсин.
Эшик тақиллади.
– Оч, Ақча! – деди Нуржан тили зўрға калимага келиб. Ақчагул уйқу тиқилганидан заҳардай ачишаётган кўзларини уқалаганча даҳлизга чиқди.

* * *

Ақчагул эрталаб кун ёйилганда уйғонди. Ҳар кунгидай тонгда туриб овқатга уннамади. Кеча юраги безиллаб қолган экан, бу ишга қўли тортмади. Бунинг устига, кечаги аёлнинг “эртага келсанг, бир кишига учраштираман” деган гапи оз бўлса-да, кўнглида умид уч-қунини ёққан эди. Ахир, ишлаб юрган аёлларнинг ундан зиёд жойи бор эканми? Нукусга кўчиб келган дастлабки вақтларда у ҳам бир муддат ишли бўлди. Ҳайтовур, алоҳида хонада ўтириб, чўт қоқмаган бўлса-да, ўзи каби ўртамиёна аёллардан кам жойи йўқ эди. Ҳамкасблари уни туғишганидан ҳам зиёд кўришарди. Ҳалигача кўча-кўйда дуч келса, улар билан апоқ-чапоқ бўлиб қолади. Баъзилари билан бир муддат тўй-маъракаларда борди-келди қилиб юрди. Кейинроқ етишмовчилик орага тушиб, бундай йиғинлардан ўзини тортди. Бир-иккитасиникига айтиб келишганда ҳам бормади. Илож қанча? Кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Тўйга борсанг, қўлингга қарашади. Ўтовдай қилиб тикилган тўйхонага кириб, тўёна қилиб чиқмасанг, сендан ўтадиган кўрнамак йўқ. Ундан кўра жимгина уйда ўтирган яхши.
Ақчагул овулдан бош олиб чиқиб кетаман деб сира ўйламаган эди. Онаси қазо қилгач, у узоқроққа бориб ўқий олмаслигини тушунди. Отаси ғарибҳол бир киши бўлиб, ёлғиз қизини ўқитишга ҳоли йўқ эди. Шу чоққача раҳматли онаси бу рўзғорнинг чархини айлантириб ўтирган эди. Овулдаги келинчакларнинг энг сулуви ҳам, уларнинг бошчиси ҳам Бибинияз эди. Тўй-маъракаларда ҳам у дастурхончилик қиларди. Капгиркуйдини ҳам ўзи бўлиштирарди. У бўлиштирса, аёллар ғинг дейишмасди. Бибинияз бўлмаган маъраканинг ўпка-гинаси кейинги йиғинга қадар давом этарди.
Бибинияз қазо қилгач, бу рўзғордан барака кўтарилай деди. Катта акаси Жанаберген йигирма тўрт ёшида уйланди. Қудағай “бораётганнинг болтасини, кетаётганнинг кетмонини тортиб оладиган” аёллардан чиқиб қолди. Қўярда-қўймай уларнинг биратўла учта бузоқли сигирини сотдириб, қалин пули олди. Бунинг устига, бир йилга бормай, қизини Нукусга бўлак чиқартириб юборди. Улар биргина соғин сигир билан бешта эчкига осилиб қолаверди.
Иккинчи акаси Узақбай уйланаётганда отаси жуда қийналди.
– Ўғлим, яна беш-олти йил шошмай тур, сенинг қайин юртингга берадиган ҳеч вақомиз йўқ. Кунимизга яраб турган ёлғиз сигирни сотиб берсак, оғзимиз қуриб қолади, – деди у мунғайиб.
Узақбай ҳам “уйланаман” деб оёқ тираб тургани йўқ эди, кейин маълум бўлишича, қиз томон қисталанг қилаётган экан. Бир куни қўшни овулдаги Сарсенбай биргат Эжибой билан уйларига кириб келди. Ақчагул дастурхон ёзиб, чой ташиб юриб, уларнинг Узақбайга “совчиликка” келишганидан хабар топди.
– Тонготар оға, – деб гап бошлади Эжибой Ақчагулнинг отасига. – Сиз билан биз энди ортга кетсак кетамиз, олдинга юргудек ҳолимиз йўқ. Йўл болаларники. Сизнинг ҳам ёшингиз анчага бориб қолди. Худога шукр, бир ўғлингизни уйлантирдингиз. Энди навбат Узақбайга етди. Кўзингизнинг нури, сўзингизнинг дами кетмай туриб, уни ҳам бир хўжаликка бош қилинг, оға. Омонлик бўлса, ҳали унинг ортида Ақчагул қизимиз билан Худайберген инимиз туришибди. Бирин-кетин оталик фарзингизни адо этаверганингиз маъқул.
– Ўғлимизни уйлантиришга бироз вақт бор, ёш бола ҳам ора-сира “уйланаман” деб хархаша қилади, – деди Тонготар оға. – Гапнинг очиғи, шу кунларда рўзғор халтамизнинг туби кўриниб қолган, шунинг учун бироз чўчиб турибман, иним.
– Дуруст, оға, – деди Эжибой биргат. – Аҳволингизни кўриб турибмиз. Лекин бизнинг ҳам гапимизни охиригача эшитинг. Менинг ёнимдаги қўшни овуллик Сарсенбай биргатни таниган чиқарсиз?
– Бу атрофда мен танимайдиган одам борми, иниларим, – деб қўйди Ақчагулнинг отаси.
– Сарсенбайнинг Хатча исмли опаси бор. Хатча опанинг Ойпарча деган кенжатой қизи билан ўғлингиз бир-бирига кўнгил қўйган экан. Энди-и, келиннинг қайин юртга тушмоғи фарз. Бу фарзни адо қилиш эса сизнинг вазифангиз. Қалин-мол масаласини ўйламаёқ қўя қолинг. Бироқ беш-олтита қўй-жонлиғингни сотиб, баҳолиқудрат элга тўй бериб юборасиз…
– Буни қиламиз-ку, кейин оғир бўлади-да, иним.
– Биз ҳам ана шу оғирни енгиллатамиз деб келиб ўтирибмиз-да, оға. Тўй ўтгач, қиз билан болани Хатча опанинг қўлига берасиз.
Масала равшан бўлди. Ақчагулнинг отаси қанчалик мўмин бўлса ҳам, эркаклик номуси зўр келиб, нима дейишини билмай қолди. Бироқ совчиларнинг иззатини қилиб, уларнинг ҳам аравасини ағдариб ташлолмади.
– Тонготар оға, мен ҳам опамнинг ёлғиз фарзандини сиздан аяётганим йўқ, – дея гапга аралашди Сарсенбай. – Худога шукр, олдимда етти ўғлим бор. Келинингиз ҳам ҳар гал бўшанганида “мана шу боламизни опамнинг этагига солайлик” дерди. Бироқ опам “худо бермаган ўғилни бировдан олиб қаёққа борардим” деб сира кўнмади.
Опа ҳам неча бор ўғил кўрган эди, аммо бечораларнинг куни қисқа экан, бир-икки йил яшамай нобуд бўлаверди. Фарзандларининг олди Гулдериха деган қиз эди, у ҳозир Қорабайлида, опамнинг ўзига ўхшаган кампир ҳолига келиб қолди. Ойпарча икковининг орасида йигирма ёш фарқ бор. Энди кенжа қизи ҳам қўлидан кетса, опам ҳайҳотдай ҳовлида ёлғизланиб қолади.
– Демак, бизнинг ўғилни ичкуёв қилмоқчи экансиз-да, – деди Ақчагулнинг отаси ноаён кайфиятда.
– Ўғлингизнинг қаерда яшашининг нима фарқи бор, бориб-келиб юраверади. Барибир уни ҳам уйли-жойли қилишингиз керак. Тайёр уй-жой… Қолаверса, Хатча опанинг ҳам кўп бўлса, бир қўйнинг умричалик умри қолгандир.
– Қайдам, ўғлим нима деркин? Узақбай!
Узақбай аста келиб, дастурхоннинг бир чеккасига тиз чўкди.
– Эшитдингми, болам?
Узақбай “ҳа” дегандек бош ирғади.
– Нима дейсан?
–Сизлар нима десангиз, шу…
Гўёки Узақбай эмас, Ойпарча уйланаётгандек эди.
Хуллас, совчилар Узақбайнинг отасини кўндиришди. Кўп ўтмай, уларнинг уйида кичикроқ тўй бўлиб ўтди. Бир ҳафтадан кейин Узақбайнинг юк-ёпинчиғини тракторга ортиб, кўчириб кетишди. Ақчагулларнинг уйи биратўла ҳувиллаб қолди. Бу воқеа отасини янаям чўктириб, қаддини букиб қўйди. У икки келин тушириб ҳам роҳатини кўрмади. Кунлик иссиқ-совуғи, таҳорат суви, кир-чирлари бурунгидек муштдайгина қизининг зиммасида қолаверди.
Ақчагул тенгдошлари каби қаддини тик кўтариб юра олмаганига қон йиғлар эди. Ҳайит-маърака деса дугоналари эрта тонгдан ясан-тусан қилиб, биргаликда йўлга чиқишади. Улар йўл-йўлакай Ақчагулларникига ҳам киришади. Лекин у уйдан суғурилиб чиқиб кета олмайди. Ё нон ёпаётган, ё кув пишаётган бўлади. Хуллас, шу уйнинг ёлғиз келинчаги каби бош қашишга қўли тегмайди. Барибир овулини яхши кўради. Гўё унинг овулидай жаннатмонанд жой ҳеч қаерда йўқ. Уйларининг ёнидан оқиб ўтадиган улкан насос ариқ бўйидаги оқ толлар баҳорда ердаги майсадан бурун куртак ёзиб, қараган одамнинг кўзини қамаштириб яшнаб туради. Улардан ўзгача бир ҳид, кўклам ҳиди таралади. Эриган қорнинг тагидан ўт-ўланлар бўй кўрсатганида атроф янаям гўзаллашиб кетади. Кейин адоқсиз дала юмушлари бошланади. Чел олиш, экин экиш, ер суғориш, чопиқ қилиш… Бу ишларнинг бир томонини аёллар кўтаришади. Бироқ қизлар чиқишмайди. Оғирроқ юмушлар эркакларнинг зиммасида. Ғўза кўкариб чиққач, хотин-қизларнинг ташвиши янаям кўпаяди. Ғўзани яганалаш, ўтоқ қилиш уларга тан. Бу борада Ақчагулнинг овулидаги қиз-жувонларнинг олдига тушадигани йўқ. Ҳеч ким “далага чиқ” деб уларнинг деразасини қоқиб юрмайди. Ўзлари билиб чиқаверишади. Табелчи уларнинг ҳар бирига саккиз-ўнтадан жўяк бўлиб беради-да, қозиқ қоқиб, исмини ёзиб кетади. Шундан сўнг ҳар ким ўз ишини билиб қилаверади. Қиз-жувонлар орқада қолишни уят билишади. Улар шунга одатланишган.
Ғўзани ўтоқ қилиш овул аёллари учун байрамга айланиб кетади. Улар ҳар куни эрта тонгдан далага чиқиб, кун ёйилгунча олди-ортига қарамай чангитиб ишлашади-да, чошгоҳлик чойдан сўнг жаранглатиб қўшиқ айтишади. Бундай пайтда бошлиқлардан ҳам, бригадирдан ҳам уялиб, тортиниб ўтиришмайди. Эркаклар уларга халақит бермаслик учун отнинг жиловини буриб, узоқроқдан айланиб ўтишади. Далада турли оҳангларда қўшиқ янграйди:

Оқ олмани сувга солсам ботмайди,
Бизнинг ёрлар каравотда ётмайди…
Оқ терак бошида ойнам қолибди,
Акамдан, янгамдан кўнглим қолибди,
Акамга, янгамга, мол-дунё керак,
Менга суюкли севар ёр керак…
Пахта терсам ўн бармоғим ўйнайди…

Бир-биридан ёқимли, бир-биридан чиройли қўшиқлар. “Бизнинг овулнинг аёлларидан бахтли аёл йўқ”, дея уларга ҳавас қиларди Ақчагул бундай кезларда. Шунинг учун ҳам у овулга қаттиқ боғланиб қолганди. У ҳеч қачон овулни ташлаб кетмаслигига ишонарди. Оилали бўлганидан кейин ҳам улар билан далага чиқиб, жаранглатиб қўшиқ айтиб юравераман, деб ўйларди.
Шу боис ўқиш, бошқа бир касбнинг бошини тутиш тўғрисида бош қотириш у ёқда турсин, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Аммо тақдир изми билан шаҳарга келиб қолди. Қайси идорага борса, “қаерни битказгансан, қўлингда икки энлик қоғозинг борми?” деб сўрашади. Дастлабки кезларда унча-мунча юмушни ўзига ор билиб, унамай юрди. Аммо тирикчилик ҳамма нарсага мажбур қиларкан, ке-йинчалик манти-сомса кўтариб, эшикма-эшик бош суқиб юришга ҳам кўникди. Ўзи ҳам анча хоксор тортиб қолди.
Ақчагул шоша-пиша чой ичди-да, кийиниб йўлга чиқди. Кечаги ичкилик касофатига эрталабгача тўшакда бесаранжом тўлғониб чиққан эрини безовта қилмади. Уйғотса, одатдагидек, “оёғимни бос, бошимни сиқ, қатиқ олиб келиб бер…” деб осилиб олади. Ундан кўра тезроқ кечаги аёлнинг олдига боргани маъқул. Бир нарсанинг дараги бордирки, у “эртага кел, бир кишига йўлиқтираман” дегандир. Зора, иймон-инсофли бир кишига дуч келиб, мушкули осон бўлса… Яна ким билсин, балки ўзларининг мўлжаллаб юрган одами бордир.
Ақчагул кечаги воқеадан юрагини олдириб қўйган эди, шунинг учун ҳашаматли идорага истар-истамас кириб борди. Бахтига, эшик олдида бадбашара қоровул йўқ экан. Унинг ўрнида ёши қирқларни қоралаган йигит ўтирарди. “Ёш йигитлар ҳам қоровуллик қиларкан-да, – деган ўй кечди хаёлидан. – Ёки буям афғончиларданмикин”. У кечаги аёлни қандай топишини билолмай, остонада иккиланиб туриб қолди.
– Ҳа, янга, кимни излаяпсиз? – деб сўради қоровул йигит.
– Бир… Ёши каттароқ опа бор эди.
– Оймарака опами?
– Исмини сўрамабман.
– Ким у, мени сўраётган?
Ақчагулнинг кўзлари “ярқ” этди. Таниш аёл узун даҳлиздан челак кўтариб келарди.
– Келдингизми, синглим? – деб у Ақчагул билан қўл учида саломлашди. – Юринг, ўша одам кетиб қолмасдан олдига кирайлик.
Улар зинадан тўртинчи қаватга кўтарилишди. Сўнг чарм қопламали эшикдан кириб, ўзаро қарама-қарши қараган эшикларнинг чап томондагиси олдида тўхташди.
– Кираверинг, – деди котиба қиз. – Сақбай оғанинг бир ўзи ўтирибди.
Иккаласи олдинма-кейин ичкарига кирди.
– Мумкинми? – деб сўради Оймарака.
– Келинг, келинг, – деди хона тўридаги столда ўтирган савлатли киши қоғоздан бош кўтармай. – Ўтиринг, мен ҳозир.
Ақчагул уни кимгадир ўхшатди. Аммо аниқ эслолмади.
– Хўш, менда нима юмушингиз бор эди? – у қўлидаги қоғоздан кўз узиб, вазмин қад ростлади. – Ия, сен… Ақчагул эмасмисан?
Оймарака уларнинг таниш бўлиб чиққанини кўриб, онг-тонг бўлиб қолди. Ақчагул эса олис ёшлигида юз берган воқеаларни хотирлаб, лаблари титраб кетди. Беихтиёр ёноқлари қизариб, ўтиришини ҳам, юришини ҳам билмай туриб қолди.

* * *

Болаликда киши кўнглида қандайдир бир яхши кўриш сезими бўлади. Бу туйғу чин муҳаббатми ёки ўткинчи ҳолатми, аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳарқалай беғубор қалбларни бесаранжом этувчи бундай ҳиссиётга аниқ бир таъриф бериш мушкул. Балки ўша пайтларда Ақчагулнинг ҳам юрагида муҳаббат туйғуси пайдо бўлгандир. Чунки мактаб деганда у кўз олдига Нуржанни келтирар, ўғил болалар ҳақида гап кетганда ҳам хаёлида Нуржаннинг сиймоси гавдаланарди. Бир сўз билан айтганда, унинг учун мактаб ҳам, бўз бола ҳам – Нуржан эди. Буни фақат ичи билади, бошқаларга айтишга уялади. Уялишдан ҳам кўра ўлгудай қизғанади. Онаси ўлиб, ғамга ботиб юрганида ҳам Нуржан кўнглига юпанч бўлди. Аслида Нуржан қизга далда бўладиган бир оғиз гап айтгани йўқ, Лекин уни кўришининг, тўрт-беш соат бир партада ўтиришининг ўзи Ақчагулга юпанч бағишларди. Баъзи пайтларда иккаласининг оёқлари бир-бирига тегиб турса-да, ҳеч бири тортиб олмайди. Ҳар бири ўзича сезмаяптимикин, деб ўйлайди-ю, шу хаёл туфайли киши билмас ғалати ҳолатни бошдан кечиришади. Борди-ю, сезиб туриб оёғини тортмаётган бўлса, демак, кўнглида нимадир бор.
Нуржан ҳам Ақчагулни ич-ичидан яхши кўради. Лекин тортинчоқлиги туфайли буни айтолмайди. Ҳар гал бир-бирига кўзи тушганида иккаласи ҳам уялиб четга қарайди. Бундай пайтларда у Сапарнинг қўлига ручка кириб, бу партага кўчиб ўтган кунини ўзи учун энг бахтли кун деб ҳисоблайди. Келажакда бундан ҳам каттароқ бир бахтиёр кун кутиб турганини ич-ичидан сезади. Аммо ўша кун қанақа бўлиши, қачон келишини аниқ-тиниқ кўз олдига келтиролмайди.
Ақчагул Нуржаннинг хаёлидан нималар кечишини билолмай қийналарди. “Йигит кишиям шунчалик оғир-вазмин бўладими?”
Болалар ҳар куни мактабдан қайтишда “томорқа ер”нинг ёнидаги сайхонликда қочарман тўп ўйнашади. Бу ўйин қизларга ярашмайди. Шунинг учун улар уйларига қайтишади. Лекин Ақчагул ярим соатнинг нари-берисида улоқларини олдига солиб ўша томонга ошиқади. Жониворлар чор тарафга ёйилиб кетиб, Ақчагулнинг энка-тинкасини қуритади. Сабаби, “томорқа ер”да жонлиққа емиш бўладиган ҳеч вақо йўқ. Отизнинг теварагида эса ҳар ерда чўгирмадай қаққайиб турган қорабарақ билан оқ тиканли қарамиқдан бошқа гиёҳ кўзга ташланмайди. Қорабарақнинг баргини улоқ емайди, қарамиқнинг пишган мевасини аллақачон болалар териб еб қўйишган. Шунинг учун Ақчагулнинг улоқлари у томонга юришдан тайсаллайди. Жониворлар қизнинг кўнгли ўша тарафни тусаб турганини қаердан билсин? Лекин Ақчагул барибир улоқларини ўша ёққа ҳайдаб боради. Юрмаганига қўймайди. Ҳар сафар Нуржан билан шериклари енгилаётганининг устидан чиқади-да, кўнгли бир турли бўлиб, руҳи тушиб кетади. “Нега чаққонроқ ўйнамайди? Нега отилган тўпни ҳавода ушлаб олмайди? Ҳечқурса, маррага бориб-келаётган болани тўп билан уриб бўлса ҳам довни эгаллаб олса бўлмасмикин?” Ажабки, Нуржан ҳам Ақчагулни кўриши билан бирдан жонланиб қолади. Унда ўзгача куч пайдо бўлади. Маймундай чаққон сакраб, осмонда чирпирак бўлиб учиб кетаётган тўпни ушлаб олади.
– Ура! Уч дов бўлдик! – деб чувиллашади унинг шериклари.
Ақчагул ҳам мамнун жилмаяди. Шунинг учун ҳам қачон Нуржан қочарман тўп ўйнаса, уйидан дарров улоқларини ҳайдаб қайтиб келади, уни илҳомлантириш учун келади.
Эсини таний бошлагач, Нуржан тушдан сўнг Ақчагулларникига келадиган бўлди. Бу пайтда Ақчагул уйда ёлғиз бўлади. Укаси дарсга кетади, отаси кексалар билан чиқиб кетиб, шу билан шомга яқин қайтади. Улар узоқ суҳбатлашиб ўтиришади. Бироқ ҳангомалари ўқиган китобларидан ёки бўлмаса овулга движокли кино келганда кўрган фильмларидан нарига ўтмайди. Бу гапларнинг унчалик қизиқарли эмаслигини ўзлари ҳам яхши билади. Лекин бошқа мавзуда сўз очишга ҳеч бирининг юраги дов бермайди. Майли, ишқилиб, бирга ўтириш учун баҳона бўлса бўлди. Бир-бири билан апоқ-чапоқ бўлиб ўтирса кифоя. Улар шунисига сармаст.
– Ақчагул, ҳой Ақчагул! – деб ҳовлиқиб келиб қолди бир куни Эжибой биргат.
Бу пайтда Нуржан иккиси бир китобни ўртага қўйиб, елкасига-елкасини тираб ўтирган эди. Қўрққанидан иккови ҳам баравар ўрнидан сапчиб туришди.
– Ҳе, уятсизлар… Муштдай бўлиб!… Ҳеч бўлмаса деразадан ташқарига қарамайсанларми?
Не кўз билан кўришсинки, ёзги айвонга ўт кетган экан. Улар катта-кичик челакдаги, қумғондаги сувни олиб ташқарига югуришди. Эжибой биргат тўрт челак сув сиғадиган бидонни даст кўтариб олди. Лекин бу уринишлари фойда бермади. Айвон ёниб битди. Тўсинлари тун ярмига довур қизариб, чўғланиб турди. Улар эртага овулда дув-дув гап бўлиб кетишларидан қаттиқ хавотирланишганди. Шу куни Ақчагулнинг қуруқ савлати юрди.
– Онасиз ўсган қизнинг бўлган бўлдиғи шу-да! – деган таъна-маломатга қолишидан чўчиди.
Йўқ, ундай бўлмади. Эжибой бунақа майдагап одам эмас экан. Ҳарқалай, эл оғаси, муштдай болаларни гап қилиб нима обрў топарди?
Бироқ шундан кейин Нуржан уларникига келмай қўйди. Ақчагул кун санаб, ҳафталаб кутди. Эшик “ғийқ” этиб очилармикин деб остонага интизор кўз тикди. Аммо умидлари пучга чиқди. Бир-икки марта мушук унга панд берди. Бир гал Ақчагул алам устида жониворга оташкуракни улоқтирди. Шундан сўнг мушук ҳам эшик қолиб, деразадан уйга кириб-чиқадиган бўлди.
Кунлардан бирида у бир парча қоғозни буклаб, партанинг олдига қистириб қўйди. Унда икки оғиз сўз ёзилган эди:
“Нега бизникига келмай қўйдинг?”
Нуржан қоғозни олди. Сўнг бирпас тескари қараб ўтирди-да, китобини пана қилиб, қоғозга шу сўзларни ёзди: “Уялиб юрибман!”
“Нимага уяласан? Ўт қўйган сен эмас-ку!”
“Бугун борсам майлими?”
“Кутаман.”
Шу куни улар намозгаргача бирга ўтиришди. Бир-бирини анча соғиниб қолган экан. Бироқ суҳбат мазмуни аввалгидек китобий сўзлардан нари ўтмади.
Саккизинчи синфга ўтган йили кузда Нуржан Ақчагулга хат олиб келиб берди.
– Ўзингникими? – деб сўради Ақчагул унинг қўлидаги мактубга тикилиб.
– Йўқ, – деди Нуржан.
– Унда кимники?
– Комсолмол секретари бериб юборди.
Ақчагулнинг аччиғи юзига тепди. Унинг қўлидан хатни юлиб олди-да, йиртиб-йиртиб тоғорага ташлади.
Нуржан “бу нима қилганинг?” дегандек гоҳ Ақчагулга, гоҳ тоғорадаги сувда қалқиб турган хат парчаларига ҳайрон қараб қолди.
– Нега бировнинг хатини олиб келасан? Нима, ўзинг йигит эмасмисан?
Шундан сўнг у жаҳл билан печнинг ортидан ўроқни олди-да:
– Мен сигирга ўт ўришим керак! – деб эшикка қараб юрди. Бу унинг “уйдан чиқиб кет” дегани эди.
Шундан кейин Нуржан яна уларникига келмай қўйди. Ақчагул ҳам синфда “Нимага келмадинг?” деб хат ёзолмади. Қайсарлиги тутди. Лекин бир тарафдан уни аяди. Комсомол секретари яқинда институтни битириб келган, ёшгина йигит. Улар учун муаллим қаторида. “Манави хатни Ақчагулга олиб бориб бер” деса, йўқ дея олармиди? Уни бекор уришди! Аммо йигит кишининг арзимаган сабаб туфайли қиз боладан хафа бўлиб юриши яхшими? Нега ярашишга ҳаракат қилмайди? Ақчагулнинг ундан бошқа ҳеч кимни яхши кўрмаслигини билмасмикин? “Йигит киши туядан тушгандек анқов бўлади” дер эди раҳматли онаси. Шу гап рост экан-да.
Қишки таътил пайтида Ақчагул тасодифан китоблари орасидан бир хат топиб олди. “Ким солиб қўйдийкин, – дея ҳайрон бўлди у. – Қачон солган? Яна Нуржан воситачилик қилдимикин? Агар бу ишда ҳам Нуржаннинг қўли бўлса, у билан бошқа гаплашмайди! Мактабга боргач, бошқа партага кўчиб ўтади!”
Хатни очиб, Нуржаннинг таниш дастхатига кўзи тушгач, Ақчагулнинг бутун вужуди ловуллаб кетгандек бўлди. Ҳам қувонди, ҳам бетоқатланди.
“Ақчагул! Мени кечир! Ўша сафар болалик қилдим. Қолаверса, Қутлимурат оғага йўқ дейишнинг иложини тополмадим. Йўл бўйи хатни йиртиб ташласаммикин деб ўйладим. Лекин бунга ҳам қўлим бормади. Омонатга хиёнат қилолмадим. Сен уни ўз қўлинг билан йиртиб ташлаганингда қанчалик қувонганимни билсанг эди! Мендан ўпкаланиб, уришиб берганларинг, жаҳл билан уйдан чиқиб кетишинг қанчалик ўзингга ярашганини айтмайсанми! Агар ўша хатни кўз олдимда очиб, мароқ билан ўқиганингда менинг ҳолим нима кечарди! Буни ҳечам кўз олдимга келтиролмайман. Раҳмат сенга!
Ақчагул! Сен ҳақингда ўйлаганимда, қорақалпоқнинг ботир Гулойими, гўзал Гулпарчини кўз олдимга келади. Шунинг учун мен сени ҳаммадан қизғонаман! Ҳаммадан, ҳаммадан қизғонаман! Рухсат этсанг, сенинг Нуржанинг”.
Ақчагул ўша мактубни ҳалигача авайлаб сақлаб юради.
– Болалар ўқиб қолса, уят бўлади, – дея Нуржан бир-икки марта йиртиб ташламоқчи бўлган эди, Ақчагул зўрға қўлидан юлиб олди.
– Бу хат менга ўша вақтлардаги Нуржанни эслатиб туради, – деб унинг ғижимланган жойларини авайлаб текислади. – Ўша пайтлар сизни қанчалик яхши кўрганимни билмайсизми?
– Ҳозир-чи? – деди эри ғалати бўлиб.
– Ҳозир ҳам яхши кўраман, бироқ у пайтлардагидан бошқачароқ, болаларимнинг отаси деб яхши кўраман!
Ёшликдаги муҳаббатнинг лаззатли онлари бисёр эди. Лекин ҳеч ким вақтида унинг мазасини ҳис этмас экан. Иккаласининг бир-бирига дил сўзларини айта олмай, пинҳона энтикиб юрган дамлари зумда ортда қолиб кетди. Овулдаги мактабни битирди. Ўша йилларда мактаб торлик қилиб, тўққизинчи-ўнинчи синф очилмай турган эди. Шунинг учун саккизинчи синфни битирганларнинг ҳаммаси беш чақирим наридаги шаҳарга қатнаб ўқишарди.
Нуржанни Эжибой биргат юбормади. Шаҳардаги мактаб мудирлари ҳам юрак ютиб, унга бир нарса дейишолмади. Сабаби, Эжибой биргат районда обрўли одам – меҳнат қаҳрамони эди. Ақчагул “мен ҳам ўқимайман” деб бир ҳафта дарсга бормади, Аммо овул мактабининг директори уйларига келавериб ҳол-жонига қўймади. Агар бормаса, районнинг номига доғ тушаркан, “ёшларга ўрта маълумот бериш режаси” бажарилмай қолармиш.
– Ўқишга бориб-келишда йўловчи машиналарнинг кабинасига миниб юрма, – деди Нуржан уни бекатгача кузатиб қўяркан.
– Қизғонсанг, ўзинг олиб бориб кел!
– Биргат юбормайди-да!
– Ҳали биргат уйлантирмайди ҳам дерсан?
Нуржан уялганидан қизариб кетди. Унинг бу гапи худди ёш гўдакнинг “онам юбормайди” деган гапига ўхшаб, Ақчагул тугул, ўзига ҳам эриш туюлган эди. Илож қанча, оғзидан чиқиб кетди.
Нуржаннинг хавотирланганича бор экан. Ақчагул шаҳар мактабига бориши биланоқ юқори синф ўқувчиларининг назарига тушди. Улар ўтган-қайтганида гап ота бошлашди.
– О-ҳо, манави қизнинг сулувлигини-ей!
– Қайси боғнинг гули экан?
– Овулнинг боғидан бўлса керак!
Кейин бир-икки бўз бола бекатгача ортидан эргашиб келадиган бўлди.
– Ўзим кетавераман, йўлимни тўсманг! – деди Ақчагул аччиқланиб.
– Ие, биз ҳам уйга қайтаяпмиз. Йўл ҳаммага баравар.
– Йўл ҳаммага баравар бўлса, ё олдинга ўтинглар, ё орқада қолинглар!
– Илож қанча, қадам олишимиз баравар экан-да.
“Бечора Нуржан, – дея ўйлади Ақчагул. – Бир оғиз қаттиқроқ гап айтсам, бир йил бетлолмай юради. Манавилар эса уят-пуятни билишмайди, ади десанг, бади деб туради.”
Ақчагул қанчалик ўзини олиб қочмасин, болалар унинг исмини, қайси овулдан қатнаб ўқишини билиб олишибди.
– Менинг исмим Сақбай, – деб ўзини таништирди бир куни улардан бири.
– Сақбай бўлса нима қилай! – деди Ақчагул рўйхуш бермай.
– Онамнинг айтишича, ҳамма нарсага сақ* бўлсин деб исмимни Сақбай қўйишган. Яна, қизлар масаласида ҳам сақ бўлсин деб…
– Яхши бўпти! Шу ерда сал катта кетаяпсан-ов?
Ақчагул бу гапни айтишга-айтди-ю, дарров лабини тишлади. “Бу нима қилганим? Оз-оздан гаплашиб, у билан элакишиб қолмаяпманми? Менинг қайси оҳангда гапиришим билан унинг иши йўқ. Нима қилиб бўлса ҳам мен билан тил топишишнинг пайида. Бугун жеркиб берсам, эртага юмшоқроқ гапиришимга умид қилади. Нега бунақа рўйхушлик бераяпман! Нуржан: “Кабинага минма!” деганди, пиёда юрганлар ҳам анойи эмас экан-ку…”
Ақчагулга эргашган кўланка бирон кун ортидан қолмади. Гап-сўзларидан унинг райондаги Есен деган бошлиқнинг ўғли эканлигини, ота-онаси хизмат билан узоқдаги чорвачилик хўжалигига кўчиб кетишиб, ўзи мактабни битириш учун бу ерда қолганини билиб олди. Сақбай гап орасида районга янги русумдаги машина келса, биринчи бўлиб отаси сотиб олишини ҳам мақтаниб айтиб қолди. “Қиз бола бойликка ўч бўлади” деб хаёл қилган бўлса керак-да. Лекин мақтангани сари Ақчагул уни бадтар ёмон кўриб кетарди.
Сақбай бир куни уни автобусгача кузатиб келди.
– Хўп, яхши бор, Ақчагул! – деди қўлини чўзиб.
Бу пайтда Ақчагул автобуснинг эшигига оёқ қўйиб улгурган эди. “Бу нима қилгани? – деб ўйлади аччиғи келиб. – Ҳар куни мен билан қўл бериб хайрлашиб юргандек тутади ўзини”. Лекин беихтиёр ўзи ҳам Сақбайга қўл узатганини сезмай қолди. Шундай қилмаса одамлар уни нотўғри тушунадигандай туюлди.
Бундай қилмаслиги керак экан. Овулнинг оқкўнгил қизи Сақбайнинг юрагига шум ният оралаганини қаердан билсин.
У Ақчагулнинг қўлини сиқди-да, сездирмасдан пастга тортиб юборди.
Ақчагул мункиб кетди.
– Ҳой, эҳтиёт бўл! – дея Сақбай қизнинг кўкрагидан қучоқлаб олди.
Ақчагул унинг бағридан юлқиниб чиқди-да, қайтадан автобусга минди. Йўл бўйи ўпкаси тиқилиб, йиғлагиси келаверди, лекин ўзини босди. Автобусдан тушгач ҳам кўнглини бўшатиб йиғлай олмади, бекатда одам кўп экан.
Унинг вужудига иккинчи бор эркак кишининг илки чанг солган эди. “Ўзимни қўлга олишим керак, – деб ғижинди ичида, – индамасам, бу бола бошимга чиқиб олади”. Лекин шартакилик унинг табиатига ёт эди, ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам ўзгаларнинг юзига тик қарай олмасди. Қўлидан келгани – ҳар қадамда таъқиб этувчи бегона кўзлардан ўзини олиб қочиш бўлди. Дарсдан қайтишда бир гала қизларнинг орасига сингиб кетиб, кўзга ташланмай юришга тиришди. Танаффусда ташқарига чиқмай, синфда ўтирадиган бўлди. Лекин бу ҳаракатларини Сақбай яхшиликка йўйди. “Қиз бола – асов той, ўша куни қаттиқ ҳуркиб кетди. Бироқ кўнглида муҳаббат сезими уйғонди, юрагига учқун тушди, энди бу имкониятни қўлдан бермаслигим керак”, деб тушунганди у Ақчагулнинг ўйлашича. Катта танаффусда муаллим чиқиб кетиши билан Сақбай эшикда пайдо бўлади.
– Ақчагул, қара, ким келди? – деб кулишади қизлар. Ақчагулнинг аччиғи юзига тепиб, қип-қизариб кетади. Аслида ўн олтига тўлиб, ўн еттига қараган бу қизларнинг кўпчилиги аллақачон бўз йигитларининг назарига тушиб улгурган эди. Қизлар шивир-шивир қилишиб, бу ҳақда бир-бирига мақтанишар, енгилтакроқлари эса танаффус пайтида доскага “Света+Жадигер”, “Абатгул+Сақбай”, “Қизларгул+Дуйсен” каби сўзларни ёзиб қўйишар эди. “Сири фош бўлган” қизлар ёлғондакам қовоқ уйиб, доскадан ўз исмини ўчиришга тушишар эди. Лекин ҳеч бири хафа бўлмас, балки ич-ичидан қувонарди. Ўн олти ёш шундай бир давр экан-да! Бир куни ана шу ёзувларнинг орасида “Ақчагул+Сақбай” деган ёзув ҳам пайдо бўлди. Бу пайтда Ақчагул синфда йўқ эди. Дарсга қўнғироқ чалинишидан сал бурун жойига келиб ўтириши биланоқ доскадаги ёзувга кўзи тушди. Ўрнидан қандай отилиб турганини билмайди, алам устида доскадаги ҳамма ёзувни ўчириб ташлади. Кейин партасига чўкди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Шу пайт адабиёт муаллими Абат оға синфга кириб келди.
– Ақчагул, сенга нима бўлди? – деди у қўлидаги журнални столга қўйиб. Ақчагулнинг баттар бағри эзилиб, дийдагирён бўлиб йиғлади.
– Ким хафа қилди?
– …
– Ҳаммангиз бориб турган беадабсизлар! – деб бақирди муаллим синфдаги ўқувчиларга. – Ундан кўра, тинчгина дарсингизни қилсангиз бўлмайдими? Келаси йили давлат имтиҳонлари бўлади, ўшанда сизлар билан бошқача гаплашаман.
Сўнг аста келиб, Ақчагулнинг елкасини силади.
– Қўй, йиғлама, қароғим. Кап-катта қизсан, баҳорда паспорт оласан. Сўнг етуклик аттестати… Бўйи етган қиз кўз ёш тўкса уят бўлади.
Ақчагул ўзини қўлга олди, лекин ҳамон ҳиқ-ҳиқ қилиб, икки елкаси кўтарилиб-тушарди. У эсини таниганидан бери бунчалик аччиқланмаган эди, ақлини таниганидан бери сиртдан ўзига бундай ҳукм чиқарилмаган эди. Шунисини кўтара олмади у.
– Яхши, қизим, бугунча китобларингни йиғиштир-да, уйингга бор, – деди Абат муаллим. – Барибир бу аҳволда миянгга дарс кирмайди. Янаги дарсда Гулмурот шоирнинг “Қайровдаги ёлғиз ғоз” асарини ўқиб келасан.
Адабиёт охирги дарс эди. Шунинг учун унга рухсат берди. Ақчагул китобларини йиғиштирди-да, тез-тез юриб ташқарига чиқиб кетди. У синфдошларидан қаттиқ хафа бўлган эди. Жаҳли чиққанда одамнинг қадами ҳам тезлашиб кетаркан. Ҳаш-паш дегунча бекатга элтувчи йўлнинг ярмини босиб ўтди. Шу пайт ортидан кимнингдир энтикиб югуриб келаётганини пайқади. Аммо орқасига бурилиб қарамади. Балки, биронтаси ўз ташвиши билан ошиқиб кетаётгандир. Ақчагул билан кимнинг қанчалик иши бор? Янглишган экан.
– Ақчагул, сал секинроқ юрсанг-чи, – деган таниш сас қулоғига чалинди. – Сенга етаман деб ўпкам оғзимга тиқилди.
Бу Сақбайнинг овози эди. “Шу топда йўлимда учраса, уни тириклай еб қўярдим” деб ғижиниб чиққан эди синфдан. Лекин энди “тириклай еб қўйиш” у ёқда турсин, унга бурилиб қарашга ҳам журъати етмади. Унинг учун дунёда Сақбайдан ҳам қўрқинчлироқ одам йўқ эди. Тўғри, унинг ҳеч кимдан кам жойи йўқ. Ўн икки мучаси бут, қадди-қомати келишган йигит. Ўзи бурилиб қарамагани билан ортидан умидвор термилиб юрган қизлар кўп. Қанийди, улардан биронтаси Сақбайни ўзига ром қилиб олса-ю, Ақчагул қутулса. У кўзга чиққан сўгалдай, Ақчагулнинг йўлини тўсишни қўймайди. Қизнинг юрагида эса Нуржандан бошқасига ўрин йўқ. Аммо Нуржаннинг парвойи фалак, бойнинг малайига ўхшаб сўлжа-йиб юраверади.
–Ақчагул дейман! – деб Сақбай дадиллик билан Ақчагулнинг билагидан қўлини ўтказиб олди. – Нега кетаяпсан? Мен сени деразадан кўрдим-у, муаллимни алдаб чиқиб, ортингдан югурдим.
– Йўқол! – деб Ақчагул беихтиёр чинқириб юборди. Билагини тортиб олмоқчи эди, Сақбай қўйиб юбормади. Ақчагул ўнг елкасидаги сумкасини қўлига олиб, зарб билан унинг юзига туширди. Сақбай унинг билагини қўйиб юборди. Ақчагулнинг китоблари ерга сочилиб кетди. Сақбай энкайиб, уларни йиғиштира бошлади.
– Торт қўлингни! – Ақчагул жон ҳолатда туфлисининг пошнаси билан Сақбайнинг қўлини босди.
– Вой-вой, қўлимни қўйиб юбор! – деб бақирди Сақбай. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек қаддини ростлади. – Барибир сен меники бўласан! Керак бўлса, ота-онангни пулга белаб оламан! – деди-да, шартта ортига бурилиб кетди.
Бекатда автобус йўқ экан. Туш пайти эди. Ҳайдовчи овқатланишга кетган бўлса керак. Ақчагулнинг автобус пойлаб ўтиришга сабри чидамади. Пиёда уйга жўнади. Йўл-йўлакай бир-икки машина ёнида тўхтаб, ҳайдовчилар:
– Қариндош, ўтиринг! – деб таклиф қилди.
Ақчагул уларга бурилиб қарамасдан йўлида давом этди. “Ё тавба, – деб ўйлади ўзича. – Кап-катта одамлар боласи тенги қизга гап отишдан уялмайдими?”
Балки, ундай эмасдир. Куннинг иссиғида бир ўзи яёв кетаётганини кўриб, уларнинг раҳми келгандир. Лекин бояги воқеа таъсирида кўнгли зимистон бўлиб келаётган қизнинг хаёлидан шундай бадбин ўйлар ўтаверди.
“Эркаклар бунчалик орсиз бўлишмаса?!”, деб ўзича уларни ёмон кўриб кетди. Бироқ ана шу “орсизлар” қаторига Нуржанни қўшгиси келмади. Овулга етай деганида бир трактор секин ортидан эргашиб келаверди. Анча юргач, ниҳоят Ақчагул ўша томонга бурилиб қарашга мажбур бўлди. Нуржан! Ақчагулни жилмайиб кузатиб келаяпти. Ақчагул ҳам беихтиёр кулиб юборди. Кўз ёшларим юзимга оқиб, билиниб қолмадимикин, деган хаёлда икки қўли билан кўзларининг атрофини артди. Йўл-йўлакай тўхтаган машиналарнинг ҳеч бирига қиё боқмай келаётган қиз Нуржаннинг трактори кабинасига чаққонлик билан чиқиб олди.
– Ҳорма! – деди кулиб.
– Нима дейсан? – деди тракторнинг шовқинидан бу гапни эшитмай қолган Нуржан Ақчагулга қулоғини тутиб.
–Ҳорма деяпман!
– Эшитмай қолибман, бор бўл!
–Унда тракторингнинг товушини пасайтириб ҳайдасанг-чи.
– Пасайтирсам ўчиб қолади-да.
– Ўчиб қолса янаям яхши!
Нуржан бу гапга жавоб тополмай, каловланди.
– Шаҳарда ўқийдиган қиз тракторга чиқмаса керак деб ўйлаган эдим, – деди бироздан сўнг тортинқираб.
– Қандай сакраб минганимни кўрмадингми?
– Кўрдим. Раҳмат.
– Ўзинг қаёқдан келаяпсан?
– Устахонадан. Отам билан бирга пахта териш машинасини ҳайдашим керак экан. Ўшани тузатишга кўмаклашдим.
– Унда менинг олдимга бир-икки қанор пахта тўкиб кетарсан?
– Сенинг ўзинг ҳам машинадан кам термайсан-ку?
– Барибир сенинг берганинг бошқа-да!
– Майли, биргат кўриб қолмаса, тўкиб кетаман!
– Биргат! Биргат! Нима бало, кап-катта йигит бўлиб туриб биргатдан қўрқасанми?!
Нуржан тағин уялиб, гап тополмай қолди.
– Бугун биз адабиётдан қандай дарс ўтганимизни биласанми? – деди Ақчагулнинг ўзи гап бошлаб.
Нуржан елка қисди.
– Оғзаки адабиётдан “Анқов деҳқон” деган эртакни ўтдик. Айтиб берайми?
– Айт.
– Бир бор экан, бир йўқ экан, бизникидай кичкина бир овулда анқов деҳқон яшаган экан. У ҳар йили тариқ, жўхори экар экан. Қараса, одамлар қовун еб ўтиришибди-ю, ҳеч ким унга тилик бермабди. Аччиғи чиқиб, келаси йили ўзи ҳам қовун экмоқчи бўлибди. Қовуни мўл бўлибди. Пишадиган пайти ҳам яқинлашибди. Пайкал оралаб юрганида битта қовун унинг кўзига яхши кўриниб кетибди. Қовун учидан сарғайиб келаётган экан. Бир-икки кундан кейин тенг ярми сарғайибди. Ўша қовуннинг ёқимли ҳиди пайкалнинг нариги чеккасидаги одамнинг димоғини қитиқлар экан. Ҳар гал деҳқон уни узишга кўзи қиймай, “пишаверсин” деб силаб-сийпалаб кетаверибди. Шундан сўнг нима бўлганини биласанми?
– Нима бўпти? – деб сўради Нуржан анқовсираб.
– Бир куни бориб қараса, бояги қовунни шоқол ёриб еб кетган экан.
– Аҳмоқ экансан, – дейишибди бу гапни эшитган қўни-қўшнилар.
– Ўша деҳқон нега тузоқ қўйиб, шоқолни ушлаб олмаган? – деди Нуржан.
– Қовундан айрилгач, тузоқ қўйишдан нима фойда? – деди Ақчагул кулиб. – Тузоқни олдинроқ қўйиш керак эди.
Бу гаплар Ақчагулнинг хаёлига қаёқдан келди? Ўша дамда эртак айтиш қандай кўнглига сиғди? Трактордан тушгач, ўзи ҳам бунга ҳайрон бўлди.
– Сенинг ҳам қовунингни шоқол еб кетсин! – деб кулди Ақчагул трактордан туша туриб.
– Еёлмайди. Отам пашшахона қуриб, пайкалнинг бошида ётибди.
–Анқов! Сенга эртак айтган мен ҳам аҳмоқ, – деб куйиб-пишди Ақчагул ўзича. Лекин қанчалик анқов бўлгани билан унинг учун Нуржандан яхшироқ одам йўқ. Уни ана шу анқовлигича, ана шу соддалигича яхши кўради.
Ўша воқеадан сўнг Ақчагул икки кун мактабга бормади. Учинчи куни ноилож борди. Партасининг токчасида бир хат турганига кўзи тушди. Қўлига олди. “Ақчагулга Сақбайдан” деб ёзилган экан. Почтадан келгани йўқ, кимдир ташлаб кетгани аниқ. Қизнинг яна аччиғи чиқди. “Ким орада воситачилик қилиб юрибди? Ахир, хатни биронтасидан бериб юборгандир.” Дарров бу фикридан қайтди. Сабаби, Сақбай анча қайсар, бунинг устига, бир-икки синф юқорида ўқийди, шунинг учун у дуч келган синфга тортинмасдан кириб бораверар эди. “Демак, хатни ўзи қўйиб кетган”.
Ақчагул мактубни ўқимасдан йиртиб ташлади. У ўтган-қайтганда Сақбайнинг назарига тушмасликка тиришар эди. Бунга эришган бўлса-да, тез-тез партасига хат келиб тушаверди. У ҳам очиб кўрмай йиртиб ташлайверди. Бир куни ёшлар газетасининг “Сирлашув” саҳифасида “Е. Сақбай, Кегейли райони”, дея имзо қўйилган мақолага кўзи тушиб қолди. Дастлаб ўқимасликка тиришган бўлса-да, сабри чидамади, мақолага кўз югуртирди.
“Мен бир қизни яхши кўриб қолдим. У овулнинг қизи. Онаси ёшлигида вафот этган. Отаси ғарибҳол одам. Қўл учида кун кўришади. Лекин мени қизнинг оиласи, қандай яшаши қизиқтирмайди. Уни бир кун кўрмасам туролмайман. Бироқ у қиз ҳечам менга рўйхушлик бермайди. Бир-икки оғиз гап қўшгани билан ичида ёмон кўрса керак, деб ўйлайман. Бунинг устига, овулда ўсган, уятчан қиз.
Менинг бу ишимдан отам хабар топибди. Бир куни олдига чақириб олиб, қаттиқ койиди:
– Отани обрўли қиладиган ҳам фарзанд, ер билан яксон қиладиган ҳам фарзанд, – деди у киши. – Нима қилиб юрганингни биласанми, занғарнинг боласи? Ўсган уянгга бир қарамайсанми? Менинг қиз ўстириб, ўғил тарбиялашдан мақсадим – ўзим билан тенг, борди-келди қилишга арзийдиган одамлар билан қуда бўлиш. Сен бўлсанг, ўзингга эрк бериб, умрида косаси оқармаган бир бечоранинг қизига илакишиб юрибсан. Ақлингни киритиб қўйиш керак сен боланинг, билдингми? Бундан кейин сенинг ўша сўқмоқлардан юрганингни кўрмайин! Гап тамом!
Отамнинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Одамни мол-дунёсига қараб яхши кўриш керакми? Бир томондан, балки бу гапларда ҳам жон бордир, деб ўйлайман. Ахир, отам, кўпни кўрган, обрў-эътиборли одам. Лекин ўша қиздан воз кечишга ҳам кўзим қиймайди. Нима қилишим керак? Маслаҳат беринг”.
Ақчагул бу мақолани ўқимаслиги керак экан. Ўқиди-ю, юрагига наштар қадалгандай бўлди. “Қайтиб Сақбай отли кимсага кўзим тушмагай” деб ўзича онт ичди.
Оймарака уни рўпара қилган одам ўша Сақбай эди.

* * *

Ақчагул ғирра ортига бурилиб, эшикка юзланди. Ҳаяжонланганидан куппа-кундузи эшикни топа олмас эди.
– Ақча, тўхта! – деб Сақбай ортидан етиб келди. – Қаёққа кетаяпсан?
Ақчагул индамади.
– Сизлар танишмидингиз? – деди Оймарака ажабланиб.
– Танишмиз. Бизнинг овулнинг қизи бу.
У Оймаракага “сиз кетаверинг” дегандай ишора қилди.
– Кел, бирпас ўтир, кейин кетарсан.
– Мен билмасдан кириб қолдим.
– Зиёни йўқ. Душманингнинг олдига келмадинг-ку! Ҳалиям ўша ҳуркаклигинг қолмабди-да.
У Ақчагулнинг тирсагидан авайлаб ушлаб, олдидаги ўриндиқлардан бирига ўтқазди.
– Аҳволинг қалай? Тақдирнинг ишини қара-я. Сени бошқа кўрмасам керак деб ўйлаган эдим. Болаларинг ҳам бордир?
– Бор.
– Олди неча ёшга чиқди?
– Тўққизинчи синфда.
– Яхши. Тракторчи эринг омонми?
– Худога шукр…
– Кўрдингми, ўзингни кўрмасам ҳам кимга турмушга чиққанинг-ни биламан.
Ақчагул жавоб бермади.
– Эҳ, ўша вақтлар! Бир зумда ўтди-кетди, – деб керилди Сақбай. – Қайсарлигим тутиб гердаймасдан, ортингдан қолмаслигим керак экан. Аттанг…
– Мен борақолай… – Ақчагул ўрнидан турмоқчи бўлди.
– Тў-тў-тўхта! – деди Сақбай шошиб. – Сени кўриб, беихтиёр ўспиринлик даврларим ёдимга тушиб кетди. Нимага келганингниям сўрамабман.
– Бояги аёл, бир кишига учраштираман деб бошлаб келувди. Сиз эканингизни билмабман.
– Бўлди-бўлди! Мен унга ишга яроқли бир аёл топинг, деган эдим.
– Раҳмат, энди у ишнинг менга кераги йўқ.
– Бола бўлма-да, Ақчагул! Ўтган иш ўтди. Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Бир марта автобусдан тортиб…
– Эсимга солманг.
– Бўлди! Демак, энди бизга ишга кирасан?
– Йўқ. Кирмайман. Ўзимнинг ишим бор.
– Биламан қандай ишинг борлигини. Ҳар доим сиртдан кузатиб юрардим. Лекин бундай юзма-юз учрашмасак керак деб ўйлаган эдим. Энди у ишингни йиғиштир. Мен сенга Оймарака опага ваъда қилган ишни олиб бераман.
– Кимдан?
– Бошлиқдан.
Ақчагул енгил тин олди. “Худога шукр, ҳартугул унинг ўзи бошлиқ эмас экан”.
Сақбай Ақчагулнинг олдига бир варақ қоғоз билан ручка қўйди.
– Ариза ёз.
– Кимга?
– Ҳалиям ёшликдаги қайсарлигинг қолмабди-да! Қўрқма, менга эмас, министрнинг номига ёзасан.
Ақчагул истар-истамас ручкани қўлига олди. Сақбай аризанинг баёнини айтиб турди. Аризанинг мазмунига кўра, у хўжалик ишлари юритувчиси бўлар экан.
– Сен шу ерда ўтириб тур, – деди Сақбай аризани қўлига олиб. – Мен бирров қўл қўйдириб чиқаман. Бу ишнинг ихтиёри менинг қўлимда. Ортиқча гап бўлиши мумкин эмас.
У ортига қарай-қарай ошиғич равишда хонадан чиқиб кетди. Бошқа идорада шундай иш тўғри келганида Ақчагул учиб-қўниб рози бўлган бўларди. Ҳозир эса қувониш у ёқда турсин, тўрга тушган қуёндай қалт-қалт титраб ўтирибди. “От босмайман деган ерини уч марта босади” дейишар эди. Тақдирнинг ўзи мени унинг олдига бошлаб келди! Яна эски қўшиғини бошласа нима қиламан? Йўғ-е, худо урибдими?
– Мана, бир пасда иш битди! – деб Сақбай хурсанд ҳолда кириб келди. – Табриклайман! Хўжалик мудири этиб тайинландинг. Уч фаррош, икки қоровул, икки уста қўл остингда ишлайди. Шу бинонинг биринчи қаватидан тўртинчи қаватигача ҳамма дов-дастгоҳ сенинг ихтиёрингда бўлади.
Сақбай стол тагидаги қўнғироқ тугмачасини босиб, котиба қизни чақирди.
–Танишиб қўй, Ақчагул опанг бугундан бошлаб хўжалик мудири. Бу кишини ҳозироқ девонхонага бошлаб бор, тезроқ буйруқ тайёрлашсин. Бирон баҳона билан бу ишни пайсалга солишмасин. Ўзим ҳам қўнғироқ қилиб қўяман.
Ақчагул котиба қизга эргашиб девонхонага кириб борди. Сақбай қўнғироқ қилган бўлса керак, бу ерда уни кўп кутдиришмади. Шу пайт Сақбай ҳам келиб қолди.
–Ўзим сени иш билан таништираман.
Пастда уларга Оймарака билан кечаги аёл ҳам қўшилди.
– Опа, сиз айтгач, бизда жон қоладими? Ақчагулни ишга олдик, – деди Сақбай кулиб.
– Жуда яхши бўпти-да.
Пастки қаватнинг ҳовлига чиқиш эшиги ёнидаги кичкина бир бўлмада Ақчагул ўтирадиган бўлди. У ерда бир стол, бир стул, яна бир-иккита курси қўйилган эди. Тўрда эса тўрт-бешта янги белкурак, полювгич, иккита челак турибди.
– Буларни омборга олиб бориб қўясан, – деди Сақбай. – Юр, энди ўша ерни кўрсатаман.
Тўрталаси ҳовлидаги омборга ўтишди. Ҳайтовур, бу ерда лаш-лушлар кўп экан. Матрас, кўрпа, қоп, палос ва яна бир қанча қоғоз қутилар тахлаб ташланган.
– Шуларнинг ҳаммаси сенинг ихтиёрингда бўлади. Энди буларнинг барини Оймарака опадан қўл қўйиб қабул қилиб оласан. Сўнг далолатнома тузасизлар, мен тасдиқлаб бераман. Бугунча шу ёғини уддаласангиз ҳам катта гап.
Чиндан ҳам, олиш-бериш жуда майда иш экан. Кечга бориб зўрға тугатишди. Бир қисмини эртага қолдиришга кўнгли бўлмади, ҳеч вақт аёл киши бир-бирига ишонармиди? Нима бўлганда ҳам тугатиб кетгани маъқул.
– Мен сизни қандай таништиришни билмай, Сақбайнинг олдига қўрқа-писа бошлаб борган эдим, – деди Оймарака иш орасида. – Ҳартугул сизни кўриши билан инсофга келақолди. Бўлмаса, унга унча-мунча одам ёқмайди. Етти пуштигача сўраб-суриштириб, безор қилади.
У Ақчагул бир кунда ишга кириб олгани билан мақтанса керак деб ўйлаган эди. Қайтанга ундан бир оғиз жавоб ололмаганига қисиниб, ноқулай аҳволда қолди.
– Сақбай билан овулдош экансиз-да?
– Ҳа, бир мактабда ўқиганмиз.
– Ундай бўлса, овқат кўтариб эшикма-эшик мўралаб юргунча, олдинроқ келмабсиз-да?
Ақчагул уни қайириб ташлагиси келди.
– У ишим ҳам ёмон эмасди.
– Қайдам, ўзимиз қилиб кўрмагач, қийин бўлса керак деб ўйлаймиз-да, – деди Оймарака гапини ювиб-чайиб. – Ишдан боргач, кечки овқатни зўрға пиширамиз. Қозон-товоқ одамни чарчатади.
– Опа, бир қиз айтган экан, “қозондан қора нарса йўқ, есанг қорнинг тўйдирар” деб. “Қозондан чарчадим” дейиш аёл кишига ярашмас-ов.
– Ҳа, дуруст-дуруст, – деди ўйламасдан айтган гапи учун яхшигина дакки еган Оймарака зўрма-зўраки илжайиб. – Садағаси кетай, қозондан айирмасин. Гап унинг оғир-енгиллигида эмас, мен бурунроқ келганингизда аллақачон мана шу ташвишлардан қутулган бўлардим, демоқчийдим. Бўлмаса, бу иш учун ойлигимга бир тийин қўшиб беришмайди…
– Бу жой анчадан бери бўш турганмиди?
– Тўрт ой бўлди. Уч марта одам олиб келдим. Сақбай бирини ундоқ деди, бирини бундоқ деди, хуллас, ҳеч бирини ёқтирмади. Аввал ишлаб юрган аёлни ҳам тергайвериб, охири бўшатиб юборди. Сен бир деганда унга маъқул келиб қолдинг.
Ақчагул нима дейишни билмай, тилини тишлаб қолди. “Бошланди, – деб ўйлади ичида. – Йўқ жойдан ўзимга гап орттириб олмасам яхшийди. Балки, эртагаёқ бу ердан оёғимни узганим маъқулмикин? Унда тирикчилик нима бўлади? Нуржаннинг эса “рўзғор тебратаман” деб кўзи учиб тургани йўқ”.
У билан илк бор бир ёстиққа бош қўйган дамларда қанчалик бахт-ли эди. Иккови ҳам бир-бирини еру кўкка ишонишмасди. Тилда айтмаса-да, бир-бирининг кўнглидан кечаётган ҳис-туйғуларни жон юраги билан сезишарди. Улар овулдаги энг ёш келин-куёв бўлишди. Ўн етти ёшида оила қуришди. Ақчагул яқиндагина тўққизинчи синф-ни битирган эди. Сентябрга бир ҳафта қолганда уни сўраб келишди. Аммо у мактабни битиролмай қолганига ўкингани йўқ. Барибир аввалдан пахтакор бўлишни орзу қиларди. Бунинг учун тўққиз синфлик саводнинг ўзи етарли эди.
Ўша йили ёзда Нуржаннинг отаси оғриб қолди. Овулда шивир-шивир гап тарқалди: “Нурнияз рак бўлганмиш”. Хуллас, ўқиш бошланишига етти кун қолганда Ақчагулларникига Эжибой биргат билан Нуржаннинг бобоси Пирнияз чол кириб келишди. Чол ўзини анча олдириб қўйган эди. Дастурхон теграсидан жой олгач, бир муддат икки елкасидан нафас олиб, энтикиб ўтирди.
Гапни Эжибой биргат бошлади.
– Тонготар оға, хабарингиз бор чиқар, Нурнияз бу йил баҳордан бери хаста ётибди. Дуч келган жойда ўтириб кетаверарди, шунга аёзлаган чиқар деб ўйлагандик, йўқ, иллат жигарида экан. Пирнияз отанинг аҳволини ўзингиз кўриб турибсиз. Болам кўзи очиқлигида бир келин кўриб кетсин деб келиб ўтирибди.
– Шундай, чироғим, – деди Пирнияз чол ўпкаси тўлиб. – Эжибой бор гапни айтган чиқар, қулоқ қурғур бурунгидай эмас. Бир сўзни эшитсам, бирини эшитмайман. Оллоҳ таолонинг пешонамизга ёзиб қўйгани кўп экан-да, чироғим. Аввал мени олса бўлмасмикин?
Чолнинг хўрлиги келиб, елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади.
– Ундай деманг, Пирнияз оға, чиқмаган жондан умид, дейишади, – деб Эжибой унга тасалли берди. – Дўхтирлар ҳам худо эмас, адашади.
– А-а?!
– Дўхтирлар янглишгандир дейман! Балки эрта-индин Нурнияз оёққа туриб кетар, қаёқдан биласиз?
– Илоҳим, айтганинг келсин, болам!
– Шундай қилиб, Тонготар оға, қизингиз Ақчагулни Нуржанга сўраб келиб ўтирибмиз.
Ақчагулнинг отаси бир муддат жим қолди.
– Эжибой иним, бир ўғлимни ичкуёв қилиб қўлимдан олиб бердинг, энди қизимни сўраб турибсан. Бу дейман, менинг изимдан тушиб олдинг-ов, – деди у қўлидаги пиёлага ўйчан тикилиб.
– Сўзимизни сийлайди деб сизга эркинсиймиз-да, Тонготар оға.
– Қайдам, қизим ҳали ёш! Мактабда ўқияпти, институтда эмас…
– Ота-боболар “ўн учда ўтов бекаси” деб бекорга айтишмаган. Қизингиз сизга ёш кўрингани билан овул-элда аллақачон бўй қизлар қаторига қўшилган.
Бир зум орага жимлик чўкди.
– Қизимизни узатсак, бу уйда аёл зоти қолмайди-да, иним. Қартайганда мен иссиқ овқатсиз қоламан-ку?
– Нега иссиқ овқатсиз қоласиз? Икки уйнинг орасини бор-йўғи бир парча отиз ажратиб турибди. Худо хоҳласа, унинг ўртасидаги сўқмоқ серқатнов бўлади. Ақчагул чаққон қиз, икки уйнинг таомини пиширишдан чарчамайди. Бир-икки йилни ортга солсак, мана, Худайберган инимиз ҳам келин олиб келиб берар.
Хуллас, шу куни совчилар Ақчагулнинг бошини боғлаб кетишди. Эжибойнинг ўзи шаҳарга бориб, мактабдагиларни кўндириб келди. Бир ҳафта ичида шоша-пиша тўй ҳам бўлиб ўтди. Тўйдан сўнг овулнинг икки-уч қарияси келиб, нон синдириб, фотиҳа ўқишди. Нуржаннинг бобоси қудасининг уйига икки соғин сигир олиб келиб боғлади. Бу Ақчагулнинг қалин моли эди.
Шу йили қишда, декабрнинг аёзли кунларидан бирида Нуржаннинг отаси қайтиш қилди.
– Гал меники эди-ку, э худо, нега аввал мени олмадинг? – деб нола қиларди Пирнияз чол азага келганлар олдида.
Овулнинг одатига биноан марҳумни уч кун уйда сақлашади. Иккинчи куни пешиндан сўнг чол ҳам йиқилди. Жанозада юрганлар у ёқдан-бу ёққа зир югуриб қолишди.
– Дўхтир чақиринг.
– Томирини кўринг!
– Юзини елпинг! Шамол беринг…
Лекин Пирнияз чол йиқилган чоғидаёқ омонатини эгасига топширган эди. Аза устига аза бўлди! Чоршанба куни Нурниязни, пайшанба куни Пирнияз чолни чиқаришди. Овул аҳли, оғайни-қариндошлар тўрт кун туриб, бу оиланинг қайғусига шерик бўлишди.
– Нуржан болам, белни маҳкам боғла! – дейишди овул оқсоқоллари унга тасалли бериб. – Энди бу уйнинг бошчиси ўзингсан. Отанг борди-келди қилиб юрган одамлар билан алоқани узма. Эр киши оиланинг паноҳи бўлади. Бу оғир юкни зиммангга олишинг керак.
Нуржан ёшлигидан ана шундай юкни елкасига ортган эди. У ишдан чарчаб келганида Ақчагул елиб-югуриб атрофида парвона бўларди. Унинг мой сингиб қолган камзулини ишқалаб ювар эди. Камзулдан эркак кишининг ёқимли ҳиди, ўзи севган одамнинг ҳиди келиб турарди…
Ақчагул уйга кириб келганида эри айвонда чой ичиб ўтирар, қизи кечки овқат тараддудида қозон бошида уймалашарди.
– Келдингми, онаси? – деди Нуржан қувониб. – Қаёққа кетганингни билолмай ўтирган эдик. Идишларинг уйда қолган…
–Келдим, – деди Ақчагул бепарво оҳангда. Уйга кирар-кирмасдан иш топганини айтгиси келмади. Бу хабарни айтишга унчалик ҳуши ҳам йўқ эди.

* * *

– Ойи, бугун биз учун хайрли кун бўлди, – деди Арзайим овқат сузилган лаганни ўртага қўятуриб. – Сиз ишга кирдингиз, мен ин-глиз тили бўйича репетитор топдим.
– Унга неча сўм берарканмиз?
Репититорга тўланадиган пул кўз олдига келиб, Ақчагул ҳушёр тортди. Лекин қизига билдирмасликка тиришди.
– Бир сўм ҳам бермаймиз.
– У қандай сахий киши экан? Бир балоси йўқмикин, ишқилиб?
– Бу инглиз тили ўқийди, биз китобини ялаб қорин тўйғизамиз, – деди ён томонда ўтирган Қувват.
– Сен тилингни тий! Тил ўрганишимнинг оғирлиги сенга тушаётгани йўқ, билдингми? Бир нарса десанг, дарров оғзингга уради.
– Менинг пухта болам-ей, – деб Ақчагул ўғлининг бошини меҳр билан силади. – Хўш, нега у одам сенга меҳрибончилик қилиб қолди? Муаллиминг эркак кишими, аёлми?
– Аёл киши. Қизини узатмоқчи экан. Шунга ҳар куни бирпас келиб, кўрпа-тўшагини қавиб берасан, деди.
– Бу иш қўлингдан келармикин? – деди отаси гапга аралашиб.
–Уйда кўрпачаларнинг барини ўзим қавидим-ку?
Чиндан ҳам Ақчагулнинг уйда бемалол ўтириб, кўрпа-тўшак тикишга вақти бўлгани йўқ. Бир лаҳза ёнбоши ерга тегмай, эртадан-кечгача елиб-югуради. Бир-икки кўрпачани бошлаб қўйиб, қизига йўл-йўриқ кўрсатганини айтмаса, икки тахмоннинг устида хирмон қилиб йиғилган юк шугина гўдакнинг қўлидан чиққан. Арзайимнинг жинғил хивични шувиллатиб пахта саваб ўтирганини кўрганида, Ақчагул ўзича: “Ёмон кўздан асрасин, ишқилиб. Онамнинг худди ўзи-я”, дея ёқасига туфлаб қўяр эди. Ҳунарнинг зиёни йўқ экан, мана, олдидан чиқиб турибди.
– Кампир, сизларга эргашиб мен ҳам иш топдим, – деди Нуржан лагандан бош кўтариб.
– Кампир деманг! – деди Ақчагул қошларини чимириб. Ахир, бугун ўз кўзи билан кўрди, ўзидан икки-уч ёш катта бўлган Сақбай сочини ёғлаб тараган, ҳар гал хонасига кирган-чиққанида кўзгу қаршисида бир тўхтамай ўтмайди. Аёл зоти кўринса-ку, кўзлари ёнади. Бу эса гўё саксонга кирган чолдай “кампир, кампир” дейди. Аслида, ҳали қирқ бешгаям тўлгани йўқ.
– Ҳа, кампир десам ёмонми? – деди Нуржан етим боладай ялтоқланиб.
– Ёмон эмас… Худойим кампирликка етказсин. Лекин ҳар нарсанинг ҳам вақти-соати бор. Ёшини яшаб бўлган чол эмассиз-ку, ҳарқалай. Ҳали кампир дейишга ҳам улгурарсиз!
Нуржан индаёлмай қолди. “Гапларим кўнглига оғир ботди-ёв”, дея ўнғайсизланди Ақчагул.
– Хўш, қанақа иш экан? Ойлиги неча сўм?
– Ойлиги топишга қараб.
– Нима топасиз?
– Олтин-кумуш.
– Нима?! Одамлар зўрға кунини кечириб турганда олтин-кумушни қаёқдан топасиз? Ё Устюртга ер бўралаш учун борасизми?
Нуржан мийиғида кулди.
– Бу фикр кеча Тўхташнинг уйида ўтирганимизда пайдо бўлди… Вой-бўй, Тўхташ деганлари бало, эркак одамдан ўтади. Ўн олти халта Астананинг унини олиб келибди. Ўттиз бакалашка спирт ҳам. Яна бир чангал тенгесиям бор. Булар – бизга кўрсатгани. Кўрсатмагани қанча, худо билади.
– Бакалашкасидан ичгандирсиз?
– Бир бакалашканинг ярмини зўрға ичдик. Кўзимизча қуйди. Дистилланган сувиниям ўша ёқдан олиб келибди. Лекин спирти жуда кучли экан. Ихлас билан Кўмакбай дастурхоннинг бошида думалаб қолишди. Жанабай икковимиз девор суяниб, амал-тақал қилиб қайтдик ҳайтовур. Пулини топиб берсангиз, бир бакалашкадан спирт бериб юбораман деб ўтирганди, кайф устида уни олиш ҳам эсимиздан чиқибди.
– Тўхташ олтин-кумуш ҳақида нима дейди?
– Энди шунга ўхшаш нарсалар билан олди-сотди қилармиш. Ўтган гал бир “КамАЗ”га сабзи юклаб кетган экан. Унга қўшиб бироз алюмин, мис, қалай олиб борган эдим, шу нарса кунимга яради, дейди. У ерда бир одам билан танишиб келибди. Темир-терсакни унга топшириб, ақчасини санаб олавераркан.
– Поездга темир-терсак чиқарканми?
– Нима билан олиб боришини билмайман. “У ёғи менинг ишим” дейди.
– Хўш, олтин-кумушни сиз қаердан топаркансиз?
– Олтин-кумуш эмас-ку, мен сал ошириб айтаяпман. Боя айтганимдай, алюмин идиш, сим, мис қумғон, мис қувур, шунга ўхшаган гўр-ер…
– Ана шу “гўр-ер”ни топиш осон эканми?
– Ахлатхоналарда кўп дейди-ку. Овул ораласак ҳам топилиб қолар.
– Қайдам. Мен бир ойликли иш топибдими деб қувониб ўтиргандим, – деди Ақчагул хаёлга толиб. Бу ҳолати уни қувонтираман деб кутиб ўтирган Нуржанга бошқача таъсир қилди.
– Бу замонда ойликли ишга кўз тикиб ўтирган одам бор эканми? – деди у хотинининг кўнглини кўтаришга уриниб. – Ҳозир ҳамма ўзини бизнесга ураяпти.
– Ахлат титкилаш ҳам бизнес эканми?
– Биз каби камбағалларга насиб қилгани шу экан-да… Биз фақат ахлат титкиламаймиз. Овул-эл оралаб йиғсак ҳам бўлади. Бир пайтлар муаллим, музейларга ҳам эл оралаб мол тўплашган, дерди-ку.
– Унинг йўриғи бошқа…
Лекин тижоратнинг йўриғи қанақа бўлишини Ақчагулнинг ўзи ҳам тузук-қуруқ тушунмасди. У ҳам анча пайтгача савдо-сотиққа ишонмай юрди. Хаёлида буларнинг ҳаммаси алдамчи, ўткинчи ҳолат бўлиб кўринарди. Бугун жарақ-жарақ пул топаётган тужжорлар эртага қора нонга зор бўладигандек туюларди унга. Аксинча, улар кун сайин олға кетишаяпти.
Бир гал овулдоши Сапарнинг фермер бўлгани-ю, давлатдан қарз кўтариб, йигирмата сигир сотиб олганини эшитганида юраги “шув” этиб кетди. Болаликдан унча ёқтирмаса-да, унга ичи ачишди. Гўё эрта-бир кун Сапарнинг бошига катта кулфат тушадигандек эди. Аммо хавотири беҳуда экан. Бугун ана шу Сапарнинг моллари юздан ошибди. Уйида уч бирдай машинаси бор. Яқинда эса “Сапар шахсий автобус олиб, Тошкентдан Нукусга қатнатиб қўйибди”, деган гап қулоғига чалинди. Ана буни бизнес деса бўлади. Нуржан бўлса бировга темир-терсак йиғиб бериб, у беражак уч-тўрт танганинг ишқида маст бўлиб, “бизнесга ўтдим” деб ўтирибди. Ҳа, тадбиркорлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан. Қолаверса, вақтида ҳаракат қилмадингми, бошқалардан орқада қолиб кетаверасан… Эй, нима бўлгандаям борига шукр! Уларнинг ҳам ҳаёти ўнгланиб кетар. Ойнинг ўн беши қорон-ғи бўлса, ўн беши ёруғ дейишган.
Ақчагулнинг кўнгли алғов-далғов эди. Бир томондан Сақбайнинг ёрдами билан ишга кирганидан ўкинди. Ўкинчдан ҳам кўра, бир кунмас-бир кун Сақбайнинг қопқонига тушиб қоладигандек сезарди ўзини. Бу ҳақда ўйлаганида бутун вужудида қалтироқ тургандек бўлади. Бормай қўявергани маъқулмикин? Йўғ-ей, нега бормайди? У ҳам ёш боламидики, Ақчагулга осилиб олса. Аллақачон эс-ҳушини йиғиб олгандир. Қолаверса, ўзининг ҳам танасида жони бор, бегона эркакка ихтиёрини топшириб қўймас! Сақбай сал бежо ҳаракат қилгудек бўлса, бола-чақаси оч қолса ҳам унинг манглайига урар-ов!
У кўнглидаги хавотирига юпанч топгандек бўлди. Лекин Нуржаннинг тақдирини ўйлаганида боши берк кўчага кириб қолаверарди. Ўн икки мучаси бут, тоғни урса талқон қиладиган эри гапирган гапининг олди-ортини билмайдиган, эси ярим бир хотинга қарам бўлиб қоладими? Нега бундай бўлди? Унинг йигитлик номуси қаерда қолди? Нимага Нуржан ҳамма нарсага бепарво бўлиб бораяпти? Тўхташга чорикорлик қилишдан уялиш у ёқда турсин, Жанабай, Ихлас ва Кўмаклардан кўра зиёдроқ темир-терсак йиғишга чоғланиб ўтирганини айтмайсанми? Худди ёш гўдакни ширинлик бериб алдаб қўйганга ўхшайди.
Нуржан овулдан чиқиб кетмаганида шу аҳволга тушармиди? Ҳаммасига Эжибой биргат сабабчи. Эжибой етди уларнинг бошига! У эсига тушганида эр-хотин ич-ичидан ғижиниб қўйса-да, тўй-маъракада дуч келиб қолса, чол билан қўш-қўллаб саломлашганини сезмай қолишади. Бу ёғи мусулмончилик, ёши катталарни иззатлаш керак. Эжибой биргат ҳам қариб, гаранг бўлиб қолган. Унча-мунча одамни танимайди. Қўлини кўзига кўлагайлаб:
– Кимсан? – деб сўрайди.
Шундан сўнг улар ҳаммасини унутиб юборишади. Бўлмаса, вақтида у роса қутурганди! Бошлиқнинг гапини ҳам назар-писанд қилмас эди.
– Анави ерни нега иккинчи сувдан кейин шудгор қилмадингиз! – деди бир куни бошлиқ унга.
– У ерни уч кундан кейин шудгорлаймиз, – деди Эжибой биргат.
– Уч кунгача дала тўнтарилган кесакка айланади, – деди бошлиқ.
– Эй, иним, мен пахта экиб юрганимда сен икки бутига шапатилаб юрган бола эдинг, билдингми? Шудгорлайманми, шудгорламайманми, бу ёғи менинг ишим. Кузда шу ердан 32 центнер пахтани ўлчаб олаверасан! – деди Эжибой биргат кесиб.
Бошлиқ қип-қизариб кетди. Эгатдаги аёллардан уялди. Индамасдан машинасига минди-да, эшигини тарс этиб ёпиб, жўнаб қолди. Биргат бабақ хўроздай гердайиб турди отизнинг бошида. Бу воқеани ўз кўзи билан кўрган одамларнинг дами ичига тушиб кетди. Қани, эндиям биронтаси унинг юзига тик қараб кўрсин-чи!
Бироқ Эжибой қанчалик чарс бўлса-да, Нуржанга индамас эди. Сабаби, Нуржан ўзининг ишига пухта эди. Муштдайлигидан рулга ўтиргани сабабли тракторнинг икир-чикирини яхши биларди. Экишни ҳам Нуржан бошлаб беради. Икки юз-уч юз метрлик эгатнинг у бошидан-бу бошигача қандай қилиб бир текисда жўяк олганига ҳайрон қоласан. Худди ип тортиб, устидан юриб чиққанга ўхшайди.
Теримда ҳам шу аҳвол. Бошқа таркторчилар далани беш марта айланиб келганида ҳам бункери тўлмайди. У эса икки бор айланиб келса кифоя, тележкага пахта ағдараётганини кўрасан. Пахта машинанинг ортидан теримчилар тушишади. Ҳар гал улар жўяк талашиб чувиллашади.
– Ҳой, табелчи қайним, менинг қаторимни алмаштириб бер. Доим Нуржан териб кетган жўякка мен тушавераманми? Унинг изидан эчки қўйиб юборсанг ҳам бир чаноқ топиб еёлмайди.
Чинданам, Нуржан пахтани тоза терарди. Шунинг учун ҳам икки бор айланиб келганидаёқ унинг бункери тўлади. Бошқаларда ҳам шундай трактор. Лекин натижа бошқа.
Бир сафар районда машина терими кечроқ бошланди. Район раҳбарининг патагига қурт тушиб қолган.
– Эжибой оға, машина теримини сизнинг биргатдан бошлаймиз, – деди у. – Хўжалик бўйича машиналарни йиғиб, бир ерга соламиз. Пахтани сифатли териб, биринчи бункерни тўлдирган механизаторни “Урал” мотоцикли билан мукофотлаймиз.
Шу куни терим байрамга айланиб кетди. Отизнинг чеккасига байроқ қадаб қўйилди. Бошлиқ новвос сўйдириб, эгат бошида дошқозон осдирди. Самовар қайнаб турди. Районнинг энг каттаси бош бўлиб тургач, бошқаларда жон қолармиди? Ҳамма елиб-югуриб юрибди. РайПОнинг бошлиғи каттагина “Зил” машинасига ортилган “Урал” мотоциклини даланинг бошига келтириб қўйди. Ғилдираги чанг бўлмасин деб пастга туширмади.
Ўн олтита машина бирваракайига теримга тушди. Шу куни теримчиларни ҳам ён тарафдаги марзага туширишди. Ҳаммага тушлик ов-қат дала бошида бериладиган бўлди. Ақчагулнинг икки кўзи пахта машиналарда эди. “Нуржанни худойимнинг ўзи қўлласин, ишқилиб!” Бир трактор дастлабки қатордан чиқмай турибоқ бузилди.
Район каттасининг фиғони фалакка ўрлади.
– Кўзинг қаёқда эди?! Ёз бўйи нима иш қилдинг?!! – дея бошлиққа ўшқиргани теримчиларнинг ҳам қулоғига чалинди. Аммо Эжибой биргатга ҳеч нарса демади. Афтидан, бузилган трактор бошқа овулдан келган бўлса керак. Иккинчи бор далани айланиб келгунча пахта териш машиналарининг тўрттаси эгат орасида қолиб кетди. Нуржан маррага иккинчи марта қайтиб келгач, нарироқда қантарилган тележкага қараб бурилди.
– Бу тракторчи ким? – деб сўради районнинг каттаси.
– Нурниязнинг ўғли, – деб жавоб қилди Эжибой биргат. – Исми Нуржан!
– Отасига раҳмат! Раваж, мотоциклни олиб кел!
РайПОнинг бошлиғи мотоциклни ерга туширди. Эжибой биргат одам юбориб, ҳамма механизаторларни бир ерга йиғди. Кичикроқ мажлис бўлди.
Районнинг каттаси мотоциклни тантана билан Нуржанга топширди.
– Пулини сен тўлайсан! – деди бошлиққа. Ақчагул буларнинг ҳаммасини қулоғи билан эшитди, кўзи билан кўрди.
Кейинги йили Нуржан район кенгашига депутат этиб сайланди.
Шундан сўнг унинг ошиғи олчи тура бошлади. Депутат бўлган йили мукофотга “Москвич” олди. Кўкламда “Урал”ни сотиб, укасини уйлантирди. Хуллас, ўн тўрт йил давомида овулда илғор таркторчи бўлиб гуриллаб юрди. Республикага депутат бўлган йиллари бўйнига галстук тақиб, мажлисларга бориб келарди.
Кейинроқ районнинг каттаси ўзгарди. Бошлиқ ҳам кетди. Натижада Эжибой биргатдан бошқа Нуржаннинг қадрига етадиган одам қолмади. Лекин у ҳам катталарнинг назарига тушиб қолгани учун зимдан Нуржанга ғашлиги келиб юраркан. Раҳбарлар ўзгаргач, Нуржанга тез-тез дўқ урадиган одат чиқарди.
– Кўпам гердаяверма, бола, сен бўлмасанг ҳам ҳукумат қулаб кетмайди, – деб ҳуда-беҳуда киноя қиларди у.
Нуржан индамайди. Отаси тенги одамга нимаям десин? Лекин Эжибой кунда-кун ора ҳеч бир сабабсиз унга азоб берар эди.
– Шу ишни йиғиштирсаммикин? – дерди баъзан уйга келганида синиқиб.
– Кейин нима қиласиз? – деб унга тасалли беришга чоғланади Ақчагул. – Катта одам бақириб-чақиради. Барибир овулда унинг кунига сиз яраб турибсиз. Ташлаб кетсангиз, хизматингизни миннат қилган бўласиз.
Қишин-ёзин Нуржанга тиним йўқ. Кузда пахта теради. Қишда овулдаги хонадонларга Башардан жинғил ташийди. Январнинг ўрталарида “Уч том”дан гўнг олиб келади. Бошқа таркторларнинг ё тележкаси, ё барабани бузилган бўлади. Уникининг барабани мустаҳкам! Кейин “Алтай”га ўтириб, ер текислайди, чел олади, мола бостиради… Хуллас, йил-ўн икки ой тинмайди. Шунча ишни уддалагандан кейин миннат қилгиси келади-да! Эжибой биргат буни яхши билгани учун аввалдан уни босиб қўйиш учунми, баҳона топиб унга дўқ-пўписа қилади.
Бир куни тонг саҳарда варақачилар деразани қоқишди. Бу пайтда Нуржан кўрак терадиган машинани созлаб, пахта чувиб ётганига эндигина икки кун бўлганди.
– Нуржан оғани милиция олиб кетиб қолди, – деди машинага курак ташлаб турган ёрдамчи болалар.
– Ие, нимага? – деб Ақчагул чўчиб тушди.
– Биргат билан ёқалашиб қолди. Шунинг учун у милиция чақириб, Нуржан оғани бериб юборди.
Ақчагул ҳовлиқиб бориб, қайнонасини уйғотди. Уй бир зумда тўс-тўполон бўлиб кетди. Нуржаннинг укаси “Москвич”ни юргизди. Мелисахонада уларга Нуржанни кўрсатишмади. Эжибой биргат навбатчи милиционернинг олдида ўтирган экан.
– Сендан яхши одам йўқ деганга кўзини эт босиб кетибди бу боланинг! Шошмай турсин, ҳали уни турмада чиритаман!
Эжибой биргат бу гапни уларга эшиттириб айтди.
– Биргат қурдош, менинг болам сенга нима ёмонлик қилди? – деди Нуржаннинг онаси қалтираб.
– Тағин нима қилсин эди?!
– Ие… Ҳеч нарса!
– Мана, ўғлингнинг ҳунарини кўриб қўй! – Биргатнинг чап чаккаси кўкариб кетган эди.
– Ўғлингиз қамалади, – деди навбатчи милиционер. – Бошлиғига қўл кўтарганнинг жазоси шу. Меҳнат қаҳрамонини ургани учун қўшимча жазо ҳам олса керак. Бу ёғини судда биласиз.
Нуржаннинг онаси қанча ялиниб-ёлвормасин, Эжибой биргат шаштидан тушмади. Навбатчи милиционер эса Нуржанни кўрсатмади, бир оғиз гаплаштирмади ҳам. Охири улар кун қизариб чиқиб келаётган пайтда ноумид уйга қайтишди. Кейинчалик ҳаммаси ойдинлашди…
Ярим оқшомда кўрак машинаси бир тележка кўракни чувиб бўлди. Аммо тележкани пунктга олиб бориши керак бўлган Қоржовбойдан дарак йўқ эди. У Эжибойнинг хотинига жиян бўлади.
– Пахтани сен олиб борасан, – деди Эжибой Нуржанга.
– Қоржовбой қаерда?
– Унинг қаерда экани билан сенинг нима ишинг бор?! Одамларни ишлатадиган ҳам, уларга рухсат берадиган ҳам мен. Тез тележкадан туш.
Нуржан икки йигит билан тележкада пахта босаётган эди.
– Қоржовбойнинг ўзи олиб борсин, – деди Нуржан ишидан тўхтамай.
– Нима дединг?!
Нуржан индамади.
– Кўзингни ёғ босибди, падарингга лаънатнинг боласи!
– Отамга тил текизманг! – деди Нуржан ортига бурилиб.
– Нима?! Сен ҳали менга гап қайтарадиган бўлдингми? Тузимни ичиб, тузлиғимга тупураяпсанми, етимча!
Эжибой биргат отиз четидан кесак олиб, Нуржанга ота бошлади. Бўз болалар тележкадан сакраб тушиб кетишди. Кутилмаганда кесакбўронга дучор бўлган Нуржан нима қилишини билмай гангиб қолди. Эжибой биргат бу билан ҳам кифояланмай, ҳар гал кесак улоқтирганида “ўл, етимча”, “сенга ўхшаган тирранчани бобонг билан отангнинг изидан жўнатаман”, “ҳе, отангга лаънатнинг боласи”, деб оғзига келганини қайтармай сўкарди. Нуржан эса икки қўли билан юзини пана қилишдан бошқасини билмасди. Зилдай кесаклар гоҳ елкасига, гоҳ бўйнига қарсиллаб келиб уриларди. Охири жон аччиғида четанли тележканинг устидан ўзини ерга ташлади. Уч метрча баланддан сакрагани боис ўзини ўнглолмай, ерга чалпак бўлиб йиқилган Нуржан дарров ўрнидан туролмади. Чап оёғи жазиллаб оғриди. Эндигина қаддини ростлаётганида тележкани айланиб етиб келган Эжибой бор кучи билан унинг орқасига тепди. Нуржан яна мункиб кетди. Ниҳоят, унинг ҳам сабри тугади. Сийлаш деганиям шунчалик бўлар-да. Қачонгача Эжибойнинг хўрликларига чидайди? У икки қўлига таяниб ўрнидан турди-да, биргатнинг чап юзига мушт туширди. Эжибой биргат уйиб қўйилган чаноқ ғарами устига ағдарилди. Нуржан қайтиб унга қўл кўтармади.
Эжибой биргат ўрнидан туриб, уст-бошини қоқди-да:
– Шошмай тур, бола, энди мендан кўрадиганингни кўрасан! – дея отига миниб, бир зумда қоронғилик қаърига сингиб кетди.
Нуржан бир муддат ўзига келолмай ўтирди. Нима қилиб қўйди? Энди нима бўлади? Кимсан, меҳнат қаҳрамонига қўл кўтарди. Эжибойга овул одамлари тугул, бошлиқ ҳам қаттиқ-қуруқ гапиролмайди. Янги тайинланган район каттаси эса анча нарида машинасидан тушиб келиб, у билан қўш-қўллаб кўришади. У ҳатто Нуржаннинг исмини ҳам билмайди. Шундай бўлгач, ким ҳам унинг гапига қулоқ соларди? Лекин боя индамай қўл қовуштириб ўтиравериши керакмиди? Эжибой отган кесакларнинг зарбидан аъзои бадани илма-тешик бўлиб кетаёзди-ку. Бунинг устига, икки гапининг бирида “етимча” деб ҳақорат қилади. Бу дунёда отаси ўлмайдиган одам борми? Худога шукр, отаси у ўн еттига чиққанида, келин тушириб қазо қилди. Қолаверса, ҳали олдида онаси бор. Орқасида укаси улғайиб келаяпти. Шундай одам етимча бўп қолдими? Буям бир одамни камситиш, қадрини ерга уришнинг йўли-да! Ҳукумат бордир, ундан ҳам ҳол сўрайдиган мардум топилар! Тилини боғлаб қўйишмаса, Эжибой биргатнинг ўзига қилган зуғумларини рўй-рост айтиб беради!
Нима бўлганда ҳам пахтани топшириб келмаса бўлмайди. Акс ҳолда ҳамма айб ўзининг бўйнига тушади. Пахта терими кампаниясига қарши чиққан бўлади. Сиёсатга буриб юборади улар. Ана ундан ке-йин ишлар чатоқ бўлади.
Кўмакчи болалар Нуржанга тасалли беришни ҳам, жимгина ётоқ жойга кетишни ҳам билолмай, челнинг бошида шумшайиб ўтиришарди.
– Челакда сув борми? – деб сўради Нуржан улардан.
– Бор, оға, – деб улар ўринларидан туришди.
– Қуйиб юборинглар, юз-қўлимни ювиб олай.
Нуржан ярим челак сув билан юз-қўлларини, бўйнини ювди. Уст-бошини қоқди. Эжибой отган кесакларнинг чанги кийимига сингиб қолган экан, зўрға кетказди.
– Мен уйга бориб, прицепни олиб келаман, – деди Нуржан бўз болаларга. – Сизлар кетмай туринглар, тележкани тиркашиб юборасизлар.
Тракторнинг ортидаги “П” ҳарфига ўхшаб кетадиган прицеп кўрак тозалайдиган механизмни қўшган вақтда ечиб олинар эди. Бусиз ҳеч нарса қилолмайсан. Тракторнинг орқасида икки ғилдирагидан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Четдан қарасанг, трактор думи юлинган товуққа ўхшаб кўринади.
Қоржовбойнинг трактори эгат четида шай турибди. Лекин у бошқа бировнинг тракторига ўтиришни истамади. “Киши кийими кирчил” дейишган. Нуржан алламаҳалда прицепни тортиб келди. Сўнг уни тракторга тиркади. Шу пайт тепасида қизғиш-яшил чироқ лип-лип қилиб турган енгил машина отиз чеккасига келиб тўхтади. Машинадан икки милиционер билан Эжибой биргат тушди.
– Ана, ўша қаҳрамон! – деди Эжибой биргат уни кўрсатиб.
– Меҳнат қаҳрамонига қўл кўтарган қаҳрамон шуми? – деди милиционерлардан бири.
– Ҳа! Муштумзўрларнинг қаҳрамони бу!
Шундай қилиб, трактор жойида қолаверди. Милиционерлар уни машинага босиб, шаҳарга олиб кетишди. Олдинги ўриндиқда ялпа-йиб ўтириб олган Эжибой биргат йўл-йўлакай вайсаб борди. У энди ҳақиқий етимпарварга айланганди.
Эртаси куни Нуржаннинг онаси Боғда кампир бўлим бошлиғи билан овулнинг ёши улуғи Нурлибай ҳосилотни излаб кетди. Нурлибой ўттизинчи йилларда илк бор ташкил этилган колхозда ҳосилот бўлиб ишлаган, бу атрофдаги элатда уни ҳурмат қилмайдиган одам йўқ эди.
– Сен пахтадан қолма, – деди қайнонаси Ақчагулга. – Биргат қурдош буларнинг ҳаммаси “дизертир” деб айб тақашдан ҳам тоймайди.
Эжибой биргат ёмон кўрган одамини “дизертир” деб аташни хуш кўрарди. Шундай деса, кўнгли хотиржам бўлар, душманини енггандай, ҳузур қиларди. Боғда кампир саводсиз аёл бўлса-да, бу сўзнинг маъноси ёмон эканлигини биларди.
Шу куни у бошлиқ билан Нурлибай ҳосилотни олиб, Эжибойникига борди.
– Йўқ, – деди у. – Қирқ тўртинчи йили урушга кетиб, икки йил қон кечиб юрганда ҳам юзимга доғ туширмай келган эдим. Энди келиб-келиб бир тракторчидан калтак ейманми? Кечирмайман!
Нуржан уч кун қамоқда ётди. Эжибой биргат ҳам ўжарлик қилиб аризасини қайтариб олмади. Овулда, бу атрофда ундан кечирим сўраб бормаган одам қолмади.
– Майли, кечираман, – деди у ниҳоят инсофга келиб. – Бироқ овулдан қорасини ўчирсин. Бир ҳафта ичида кўчаман деб тилхат берсин.
– Бу нима деган гап? Одатда, ён қўшнисига хиёнат қилган ёки элнинг юзига қарай олмайдиган даражада юзиқорачилик қилган киши овулдан қувғин қилинарди. Бу нимага кўчади?
– Нимага кўчмас экан? Мени калтаклаб, устимдан кулиб юр-синми овулда?
– Кулмайди. Кулиб аҳмоқ бўптими?
– Аҳмоқ бўлмаса, отасидан катта одамга қўл кўтардими? Ахир, мен Нурнияздан тўққиз ойлик каттаман. Бунинг устига, биргат деган номим бор, элнинг улуғиман.
– Элнинг улуғи бўлсанг кенг бўл, кечиримли бўл. “Катта – кўприк, кичик – кофир” дейишган. Шу йигит кофир бўлақолсин.
– Унга жуда ичингиз ачиб қолдими дейман?
– Нимага ичимиз ачимас экан? Бир элда ўтириб, муштдай болани кўчириб юборсак, кейин юртнинг юзига қандай қараймиз?
– Мен қарайман юртнинг юзига, мен! Билдингизми? Мен ҳам уни уй ичи билан кўчсин, деяётганим йўқ. Хотинини олсин-да, кўтарсин тўрва халтасини. Куним унга қолгани йўқ!
Хуллас, одамлар Эжибойнинг шу валломатлигигаям қойил бўлишди. Милиция Нуржандан тилхат олиб, қўйиб юборди. Эр-хотин Нукусга кўчадиган бўлишди. Нуржан икки кун юриб, шаҳарнинг бир чеккасидан ижарага уй топиб келди. Хуллас, ноябрнинг охирида улар бир палос, тўрт-бешта кўрпа-тўшак, етар-етмас қозон-товоқ билан киракаш машинада Нукусга йўл олишди.
Бу машмашалардан бехабар мурғак Арзайимнинг қувончи чексиз эди.
– Урре, биз меҳмонга бораяпмиз!
– Ҳали кўрасан, – деганди Нуржан ўшанда Эжибой биргатнинг ортидан ғижиниб. – Нукусда гулдай рўзғор қиламан. Ўшанда ичинг куйиб, қилмишингдан пушаймон бўласан.
Қаёқда! Шу гапни айтиб керилган азамат бугун Тўхташга “олтин-кумуш” йиғиб бераман, у менга мўмайгина ақча беради, деб ҳовлиқиб ўтирибди. Ёзмиш деганлари бунча чигал бўлмаса!
Олис-олислардан хўроз қичқириғи эшитилганда Ақчагулнинг кўзи илинди.

* * *

Ақчагул қанчалик чарчаб ухлаган бўлса-да, кўнгли хотиржам эмасди. Шу боис уйқусида ҳам бесаранжомланиб, тез-тез уйғониб кетаверди. Ҳар гал кўзини очганида “менга нима бўлаяпти?” дея ўзига ўзи савол беради-ю, даъфатан кундузги воқеа ёдига тушиб, кўнгли яна алғов-далғов бўлади. Хаёлида гўё у кутилмаганда йўлидан адашаётгандек туюлаверди. Нега бундай йўл тутди? Ҳалиям бўлса ортига қайтгани яхшимикин? Лекин қайтганда қаёққа боради? Яна қайноқ кастрюль билан қалай тоғорани бағрига босиб, ўша бино йўлакларида тентираб юрадими? “Энди мен бор пайтимда келмагин, қароғим” дея тайинлаган қоровул чолнинг юзига қандай қарайди? Уни остонадан итариб юборишган янги идорага қайтиб оёқ босмаслиги тайин. Унда қайси эшик “келақол” деб унинг йўлига кўз тикиб ўтирибди? Пешонасига ёзилгани шу экан, бу ёғига тақдирга таваккал қилиб, жимгина ишлайверади. Сақбай ёмон одам эмас! Қизлик вақтида унга бўй бермаган эди, кап-катта аёл бўлганида бўш келармиди? Аввало, худонинг ўзи сақласин!
Ҳадемай тонг отиб, хона ёриша бошлади. Ақчагул усти очилиб қолган қизининг кўрпасини яхшилаб ёпиб қўйди. Бўлманинг поли битмаганлиги учун ҳаммалари бир жойда тиқилиб ухлашарди. Тўрда Нуржан, унинг ёнида Есен, ундан кейин Қувват, сўнг Ақчагул, онасининг нариги тарафида Арзайим ётади. Ҳар гал эрталаб ёстиқдан бош кўтарганида эскидан қолган бир ирим Ақчагулнинг ёдига тушади. “Қиз бола пойгакда ётса, уйдан давлат кўтарилади”. Балки шунинг учун топганимиз-топганимизга етмаётгандир, деб ўйлайди ўзича. Лекин бир иримни деб ким ҳам қизини отасидан юқорига чиқарарди? Мусулмончилик, ота-онага ҳурмат қайда қолади унда? Худо хоҳласа, ҳали уларнинг ҳам ҳаёти ўнгланиб, бу кунлар орқада қолар.
Ақчагул ҳуда-беҳуда ўйлардан ўзини чалғитиш илинжида хонанинг шифтига кўз югуртирди. Бултур баҳорда чакка ўтиб, сувоғи кўчган девор ҳалигача шу аҳволда турарди. “Астағфирулло, сираям эркаги бор уйга ўхшамайди бу уй… Нуржан кун бўйи қарта ўйнагунча, ярим челак лой қориб, суваб ташлаганида уйнинг қамиши шалвираб осилиб турмасди”. У ўкинч билан эрига қаради. Аммо ухлаб ётган Нуржаннинг юзига бевақт тушган қат-қат ажинларни кўриб, унга раҳми келиб кетди. У бир пайтлардаги Нуржанга сираям ўхшамасди. Ёшлигида қандай суқсурдай йигит эди! Бунинг устига, жуда ораста эди. Эрталаб-кечқурун қўлини содалаб ювиб, ора-сира мойнинг ҳидини олсин деб энгил-бошига атир сув ҳам сепиб қўярди. Хуллас, Нуржан ҳеч қачон бошқа тракторчилар каби қорамойга қоришиб юрмасди. Ёки яхши кўрган одамингнинг унча-мунча камчилиги ҳам кўзингга кўринмасмикин? Хуллас, Ақчагулга қолса, осмоннинг остида иккита йигит бўлса, биттаси Нуржан, битта бўлса, Нуржаннинг ўзи! У эндигина мўйлаби сабза уриб келаётган бўз йигитлик даврида Сақбайга ўхшаганларнинг юзтасига арзийдиган йигит бўлди. Бугун Сақбай ўша йигитлигича қолган-у, Нуржан анча барвақт қариб бораётганга ўхшайди.
Сақбай аввалгига қараганда анча тўлишган, қорин ҳам қўйибди. Лекин қурсоғи ўзига ярашимли. Эгнида оппоқ кўйлак, ҳаворанг кос-тюм-шим, бўйнида чўғдек қизил бўйинбоғ. Сочлари ҳамон қоп-қора. Гап билан каттанинг ҳам, кичикнинг ҳам ичига кириб кетади. Абжир. Хуллас, Сақбай билан Нуржанни бир-бирига солиштириб бўлмасди. Нуржанга қараб тураркан, Ақчагулга шу нарса аёздай ботди. “Нимага шундай бўлди?” Ахир, шаҳарда ҳам трактор ҳайдатиш ўрнига, ўзим ишлаб, уни ўқитсам бўлмасмиди? Лекин энди бундай надоматлардан фойда йўқ. Бир томондан, айб ўзида ҳам эмас. Бир умр трактор ҳайдаган одамлар орасида ҳам қаддини жинғилдай тик тутиб, икки юзи нақш олмадай қизариб юрганлар оз эмас. Нуржанни турмуш қартайтирди, етишмовчилик Нуржаннинг қаддини букди, Нуржанни беайб тортган азоб-уқубатлари соб қилди. У кўнглида кири йўқ, соддагина овул боласи эди. Ҳаётнинг аччиқ-чучугига, кези келганда йўлида учрайдиган ноҳақликларга бардош беришга ўзини чоғлаб ўсмаган эди. Бундай одам ўзини тез олдиради, хоксор бўлиб қолади.
Нукусга кўчиб келган дастлабки пайтларда Нуржаннинг дами баланд эди. “Шаҳарда тўрт ғилдиракли яп-янги трактор топиб ҳайдайман, тележкасининг олди-ортида чироқлари ярқираб туради, кабинаси озода, ичидан парда тутилган, балки радиоси ҳам бўлар, сигнали эса “Волга”никидан қолишмайди” дея болаларча орзу қиларди. Лекин ҳеч бир ўйлагани амалга ошмади. Шаҳар Нуржанга муҳтож эмас экан. Унинг довруғи-ю обрўси овули билан қўшилиб, ўша ёқда қолиб кетганлигини кейин билди. Энди ўша обрўни тиклаб бўлмасди. Шаҳардаги ҳеч бир маҳкама бошлиқлари уни танимади, ҳеч ким, “ия, Нуржан, келдингми?” деб олдига кулиб чиқмади. Илинж билан кириб борган идорадан ноумид шалвираб чиқарди. Бора-бора у ҳар кимдан дакки эшитавериб, кўзи қўрқиб қолган сағир бола каби одамови бўлиб қолди. Уч ой сарсон-саргардон бўлиб юргач, ниҳоят, ободонлаштириш идорасига ишга жойлашди. У ердаги сочилиб ётган эски тракторини йигирма икки кун деганда зўрға эпга келтириб, уйга ҳайдаб келди. Шунисига ҳам шукр қилди. Мурғак Арзайим эса гўё отаси самолёт ҳайдаб келгандай қувонди. Эмизикли Қувват ҳали ҳеч нарсанинг фарқига бормасди. Нуржаннинг трактори атиги бир кунгина уй олдида турди. Эртаси куни чой ичиб ўтирганида ижара уйнинг эгаси Турдимурат оға уни сўроқлаб келди.
– Бугундан бошлаб манави тракторни уйнинг олди у ёқда турсин, шу кўчадан ҳайдаб ўтганингни кўрмай, – деди у Нуржанга қўлини бигиз қилиб. – Қаерда яшаётганингни биласанми ўзи? Бу сенинг уйинг эмас, менинг уйим!
Шу бўлди-ю, кичкина Арзайим қайтиб тракторнинг қорасини кўрмади. Нуржан эрталаб пиёда ишга кетиб, кечқурун яёв қайтадиган бўлди. Бироқ унинг бошлиқлари яхши одамлар эди.
– Ука, кундузи рулда ўтириб, оқшом уйига пиёда қайтиш учувчиларга ярашади, сен тракторни миниб кетавер, – дейишди.
Нуржан бўлган воқеани уларга айта олмади.
– Тракторни қўядиган жой йўқ, уйнинг атрофи торроқ, – деб ерга қаради.
Шаҳарга сингишолмай овораю сарсон бўлиб юриши, қолаверса, Турдимурат оғанинг йўқ ердаги баҳоналар билан ўгай боласига бақиргандай азоб беришлари аста-секин унинг руҳини чўктира бошлади. Ўша вақтлар буни Ақчагул ҳам, Нуржаннинг ўзи ҳам сезгани йўқ. Мана, энди ёши етмай юзини ажин қоплаб, тишлари тўкилиб қолганида билинди. Дастлаб буни Ақчагул сезди. Нуржан ўзининг бу аҳволидан ўкингани йўқ. У аллақачон қисматнинг шўришларига кўникиб, тақдирига тан бериб бўлганди.
Ўша пайтларда эски трактор ҳам уларнинг кунига яраб турганди. Нуржан ора-сира идорадан сариёғ, токда сўйилган молнинг арзон гўштини, гоҳида байрамолди деб чўчқа консервасини олиб келади. Бироқ ўзлари уни емайди. Ташлаб юборишга ҳам кўзлари қиймайди. Бир куни Ақчагул тўрт қути консервани тортина-тортина ўзлари ижарада ўтирган уйнинг бекасига олиб борди.
– Газхонага қўяқол, – деди Малика янга бурнини жийириб. – Мен унақа макруҳ нарсаларга қўлимниям урмайман. Оғанг ароқ ичганида газак қилар.
Ақчагул бир куни тасодифан унинг ана шу “макруҳ” нарсани шаҳарга олиб бориб, ўрисларга сотиб юргани устидан чиқиб қолди. Бироқ ўзини кўрмаганга олди. Эрига ҳам айтиб ўтирмади.
Орадан уч-тўрт йил ўтди. Ақчагул эрининг тракторчиликдан топганини оз-оздан тугиб қўя бошлади. Унга ўзининг рўзғордан орттирганини ҳам қўшди. Бошқалар сариёғ еганда улар маргаринга қаноат қилишди. Ўша йиллари қишин-ёзин бозорда карам мўл бўларди. Булар учун арзон таом карам шўрва бўлди. Нима бўлганда ҳам иссиқ овқат, нон бўктириб ейилса, қорин тўяди. Шу тариқа тийинлаб йиғмаса, қачонгача бировнинг уйида сиғинди бўлиб ўтиришади? “Тортиб ичсанг той қолади, қўрқиб ичсанг қўй қолади” деб бекорга айтишмаган.
Лекин бу кунларнинг ҳам охири бахайр бўлмади. Бир куни Нуржан уйга қайтмади. Эрталабгача Ақчагулнинг кўзи илинмади. Иккаласи бирга яшаётгандан бери бирон марта эри уйга келмай қолмаганди. Марғилонда бўлса ҳам етиб келарди. Балки тракторига бир гап бўлдимикин, деб ўйлади у ўзича. Ёки йигитчилик қилиб кетдимикин… Ақчагул ўз хаёлидан ўзи қўрқиб кетди. Йўғ-ей, Нуржан бунчаликка бормайди.
Эрталаб Турдимурат оға бир милиционерни бошлаб келди.
– Келин! – деди у остонада оёқ илиб. – Бу кўчада қирқ йил яшаб, бирон марта эшигимга милиция излаб келмаган эди. Қоронғи тушмай туриб, уйни бўшатиб қўйинглар.
Ақчагул ҳеч нарсага тушунолмай, ташқарига чиқди.
– Сиз Пирниязов Нуржаннинг кими бўласиз? – деди милиционер сумкасидан каттагина ён дафтар чиқара туриб.
– Оиласи…
– Ҳм… Эрингиз нега уйга келмаганини биласизми?
– Йўқ, тинчликми, ишқилиб?
– Эрингиз қамалаяпти.
– Вой, нега?!
– Кейин биласиз.
Шундан сўнг савол-жавоб бошланди. Нуржаннинг асли ким, ота тарафи қандай, овулда нима иш қилган, аввал судланганми, хуллас, шунга ўхшаш гаплар…
Милиционер кетгач, у шоша-пиша кийинди-да, Қувватни кўтариб, Арзайимни судраклаганча милиция идорасига етиб борди. Лекин у билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Бу ерда икки соатгача эрини кўрсатишмади. Сўнг рўпара қилишди.
Воқеа бундай бўлган экан…
Март ойининг бошлари эди. Ободонлаштириш идораси ишчилари Нуржаннинг трактори билан терак буташга чиқишган. Ишчилар йўл четига қўйилган тракторнинг устига чиқиб, дарахтларнинг қуриган шохларини чопишаётганда кутилмаганда бир “КамАЗ” машинаси катта тезликда келиб тележканинг ортидан келиб урилади. Оқибатда ишчилардан бири пастдаги ариққа учиб кетади, бошқа бири эса тележканинг тагига бориб тушади. Трактор машинанинг зарбига дош беролмай, олдинга силжиб кетиб, ўша киши ғилдирак остида қолиб кетади. Бечора шу ернинг ўзидаёқ вафот этади. Шериги эса жароҳатланиб касалхонга тушади. Кўз очиб-юмгунча Нуржанни қамоққа олиб бориб тиқишади.
Баъзилар “бу ишда Нуржаннинг айби йўқ” деб Ақчагулни ҳам, унинг овулдан етиб келган қайнонасини ҳам юпатган бўлишди. Лекин бу ёғи нима бўлиши улар учун қоронғи эди. Етар-етмас бўлсаям, аввалги тинчгина ўтирган кунлари яхши экан, Ақчагулнинг бир ташвишига минг ташвиш қўшилди. Тиш-тирноқлаб йиққан пулларини эрининг йўлида ҳовучлаб соча бошлади. Сўраган пулини бериб, адвокат ёллади. Унинг сарфлаётган пуллари бошқаларникига қараганда озми, кўпми, бунисини билмайди. Бироқ у бор-будини сарфлаб тугатди. Судга қадар Нуржанни ойда бир мартагина кўрсатишарди. У билан учрашадиган кун яқинлашган сари ўзини қўярга жой тополмай қоладиган Ақчагул, ойнанинг нариги тарафида юзи дўмпайиб шишган, кўзлари кўкарган эрини кўрганида ўртаниб кетади. Уйга келгунча ўпкасини боса олмайди. Ўзи йиғлаб, ўзи юпанади. Бироқ дардини сиртига чиқармайди, ичида ўксинади. Унинг елиб-югуришлари ҳеч қандай натижа бермади. Нуржанни бир одамнинг ўлимида айблаб, беш йилга қамаб юборишди. Ақчагул “КамАЗ”нинг эгаси ким эканлигиниям билолмади. У суд бўлмасдан бурун ўзини оқлаб олган экан. Нуржаннинг жонига оро кирадиган кими бор? Ноилож беш йилни орқалаб кетаверди.
Ақчагул яна тиш-тирноқлаб йиғиниб, унга қайнонаси соттириб берган бир қўй, бир эчкининг пулини ҳам қўшди-да, бир марта эрининг орқасидан Товоқсойга бориб келди. Номини қамоқхона демаса, у ерлар тоғнинг этагидаги хушманзара бир жой экан. Лекин Нуржан тақдирнинг бундай зарбасидан бутунлай тушкунликка тушган, сочининг икки чаккаси оқариб кетган эди.
Ҳайтовур у қамоқда тўлиқ ўтирмади, уч ярим йил деганда уйга қайтиб келди. Лекин олдинги курак тишлари синиб, чап елкаси майрилиб келди. Бунинг сабаби ёлғиз ўзига аён. Бу тўғрида Ақчагулга ҳам очиқ-ойдин бир гап айтмайди. Аввалгидек хуш-хандон ўтирмайди, болаларни ҳам суюб эркалатмайди. Болалар ҳам гўё уйга бегона одам келиб қолгандай, ундан ётсираб туришади. Қувватга “отангга бор” деса, жон ҳолатда ортига бурилиб қочади. Хуллас, Ақчагул энди аввалги Нуржан йўқ эканлигини тушуниб етганди. Есен отаси қамоқдан қайтишидан икки ой бурун туғилди. Ақчагул Товоқсойда уч кун эри билан бирга туриб, бўйида гумона билан қайтганди…
Ақчагул кечаги қолган ундан хамир қориб ўтираркан, адоқсиз азоб-уқубатлар аллақачон иродасини букиб қўйган эридан илгаригидек номускашлик кутиш бефойда эканлигига яна бир бор иқрор бўлди. Аттанг, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Вақтни орқага қайтариб бўлмайди.
Нонуштага дастурхон ёзганида болалар уйқудан уйғонишди, уларнинг изидан Нуржан ҳам турди.
–Арзай, мен ишга кетаяпман, – деди Ақчагул қизига. – Хамир кўпчигандан кейин, Гулайда опангнинг тандирида ёпиб ол. Сўнг укаларинг билан арава олиб бориб, овулдаги дўкондан бир халта ун олиб келинглар. Яна бир халтанинг пулини қайтариб берақолсин.
Ақчагул эрига ҳеч нарса демади. Барибир фойдаси йўқ. Нуржан бугун Тўхташнинг буюртмаси бўйича “олтин-кумуш” йиққани отланади. Бир ҳисобда шу ишгина билан бўлса ҳам ўзини ўзи овутиб юргани ҳам маъқул.

* * *

Сақбайнинг ёшликдаги хурмача қилиқлари миясида обдон муҳрланиб қолгани боис Ақчагул омонатгина ишга бориб-келиб юрди. Имкон қадар юқори қаватларга кўтарилмасликка тиришади. Юқорида у аралашадиган юмуш ҳам йўқ. Аслида у тўрт қаватли иморатнинг бор дов-даскасига эга бўлиши керак. Лекин ёшлигидан бировга буйруқ бериб ўрганмагани боис қўл остидаги фаррошлар билан қоровулларга ҳам беозор муомала қиларди. Унинг ана шу ювошлигини билгани учунми, Оймарака ҳар куни чошгоҳга яқин ёнига келиб:
– Ҳой, бошлиқ келин, бизларга нима топшириқ бор? – деб сўрайди. Ундан тайинли гап ололмаслигини билиб, ёнидаги ўриндиққа ястаниб ўтириб олади. Жангилсин у бор ерга кирмайди. Умуман, у ҳеч нарсага қизиқмайдиган, феъли кенг аёл экан. Қоровуллардан бири ҳали қирққа ҳам кирмаган, енгилтабиат йигит. Ўтган-кетган аёлларга: “Опа, қалай, поччам бақувватми?” деб гап ташлаб ўтиради. Дастлабки кезларда Ақчагулга ҳам пичинг қила бошлаган эди, у чурқ этиб оғиз очмагач, тилини тишлади. Ақчагулни остонадан итариб юборган киши ёши анчага бориб қолган, қулоғи оғирроқ одам экан. Жуда калондимоғ киши, ўзини министр билан Сақбайдан кейинги одам деб ўйласа керак. Кўпчилик уни хушламайди, ташқаридан келган одамлар ҳам номигагина салом бериб ўтади. Салом бермаса ҳам унинг парвойига келмайди.
Ҳаммадан ҳам Оймарака ботир. Ақчагул чақирса-чақирмаса, олдига кириб келаверади. Ора-сира сал рўйхушлик берганини айтмаса, Ақчагул ҳадеб унинг гап-сўзларига қўшилавермайди. Қўшиладиган ҳоли ҳам йўқ. Бу ер унга бегона. Сақбай билан ёшлигидан таниш эканлиги ҳақида гапиришни ҳам истамайди. Бу ҳақда бир нарса деса, бўлар-бўлмас миш-мишлар пайдо бўлиши ҳеч гапмас. Вақт ўтгани сари у хўжалик мудирлиги вазифаси дуч келган одамни ўйламасдан олаверадиган, чакана жой эмаслигини тушуна бошлади. Оймарака ҳам ўша куни раҳми келганидан шунчаки йўлигагина уни таклиф қилган бўлса керак. Чунки эртаси куни Ақчагулни минг истиҳола билан Сақбайнинг олдига бошлаб борди. У Сақбайнинг жуда қаттиққўл эканини, унча-мунча аёлни ишга қабул қилавермаслигини яхши биларди. Бироқ ўшанда нима учун дарров рози бўлганини ҳалигача тушунолмайди. Ақчагулнинг бамъани аёл эканини кўргач, “икковининг орасида бир гап бор” деб ўйлашга ҳам кўнгли бормади. Хуллас, Ақчагулнинг бир лаҳзада шу ишга тайинлангани нафақат Оймарака учун, балки идорадаги кўпчилик аёллар учун ҳам жумбоқ эди. Ақчагул зимдан ўзига қадалган маъноли, синовчан нигоҳларни сезиб юрарди. Бора-бора бу ҳол унга қаттиқ бота бошлади. “Менинг бошқалардан қаерим кам, – деб ўйларди у ўзича. – Ишга кириш учун албатта, таниш-билиш ёки бошқа бир сабаб бўлиши керакми? Ёки бу ерда бегона эканлигим, балки ўзимга унчалик эътибор бермаслигим уларнинг ғашини келтираётганмикин. Озгина пардоз-андоз қилсам, син-сумбатим манаман деган аёлникидан қолишмаса керак”.
Аёл кишининг ҳаддан ташқари ўзига зеб бериши ҳам ярамайди. Ақчагул қўғирчоқдек ясаниб юришни истамайди. Бунга унинг ёши ҳам тўғри келмайди. Бироқ борини эплаб кийиб, сочини замонага мос турмаклаб юриш ҳам унчалик қийин эмас. Шундай қилди ҳам. Ишга кирганининг дастлабки кунларидаёқ хотин-қизлар байрами муносабати билан уларга бир ойлик миқдорида мукофот пули беришди. Пулга қўшиб гул, атир, совун ва рўмол ҳам совға қилишди. Кўпдан бери ойлик олиб кўрмаган Ақчагул учун шуларнинг ўзи катта давлат эди. Атир билан совунни қизига бериб, рўмолни ўзи ўради. Мукофот пулининг бир қисмига “душман кўзи” деб арзонроқ матодан ихчамгина кўйлак тиктириб кийди. Қолганини рўзғорнинг кам-кўстига сарфлади. Ўша кунларда “олтин-кумуш” йиға бошлаган эри ҳам Тўхташнинг берганини тийин-тийинигача уйга олиб келарди. Шунга қизиқиб кетдими, ҳайтовур уй олдидаги қартабозликдан ўзини тортди.
Ақчагул бир-икки ойнинг ичида ўзини ўнглаб олди. Ишхонада аёлларнинг тушлик ўтиришига қўшилди. Навбати келганда ўзи ҳам уйидан палов, гоҳида гўшт билан картошка қовуриб олиб борар эди. Амалнинг ўзига яраша ҳавоси бўлар экан, баъзида Оймаракани ҳам, Жангилсинни ҳам, эшик олдида ўтирадиган ёши улуғ қоровулни ҳам у-бу юмушларга буюрадиган бўлди. У кун бўйи бир нарсадан – Сақбайнинг ўз хонасига чақириб қолишидан хавотирланиб юрарди. Чақирса, яна эски қўшиғини бошлаши мумкин. Бормасдан иложи йўқ, кимсан, министр ўринбосарини менсимаслик одобдан эмас. Лекин Сақбай у ўйлагандек енгилтак бўлиб чиқмади. Балки ёши анчага бориб қолгани боис ўзини тутиб олганми ёки хизмат вазифаси йўл қўймайдими, хуллас, эрталаб хизмат машинасидан тушади-ю, теваракка қарамасдан тўғри лифтга чиқиб, юқорига кўтарилиб кетади. Йўлида дуч келган одам билан саломлашади, бошқаси билан иши йўқ.
Дастлабки пайтларда ундан қочқолоқлаб юрган Ақчагул сўнг-сўнг Сақбайга зимдан эътибор бера бошлади. Кўнглида унга нисбатан қандайдир бир нозик ҳиссиёт уйғонаётганга ўхшарди. Ора-сира уни сирт-дан кўриб тургиси келади. Балки унинг ҳам ўзига эътибор қаратишини кутадими ёки ёшлик чоғларидаги каби “салом, Ақчагул” деб ёнидан жилмайиб ўтишини тусайдими, ишқилиб, нимани хоҳлашини ўзи ҳам билмайди. Унга нимадир етишмаётганлиги аниқ.
Бир гал Сақбайнинг ўзи Ақчагулнинг олдига тушиб келди. Баҳор байрамларидан бири яқинлашиб қолган эди. Ақчагул пинҳоний бир ҳаяжон таъсирида ўрнидан туриб кетганини сезмай қолди.
– Салом бердик.
– Яхшимисиз?
Сақбай очиқ чеҳра билан унга қўл чўзди. Ақчагул тортина-тортина қўлини узатди. Бир вақтлар уни автобусдан тортиб туширган чайир қўллар анча мулойим тортиб қолгандек эди.
– Ишга ўрганиб кетдингми?
– Оз-моз.
– Қўрқма. Одам қилган ишни одам қилади. Гап бундай, Ақчагул, эртага ёрдамчи хўжаликда ишлаётган икки ишчини ҳам чақиртирганман. Улар келгач, министрнинг, менинг кабинетимдаги ва холл-даги пардаларни алмаштирамиз. Сен омбордаги йиғма карнизларни беришинг керак.
– Карнизларнинг пардалик матоси йўқ-ку?
– Янги пардалар матодан эмас.Ўрнатишганда кўрасан. Чиққан пардаларни эса бир чеккага тахлаб қўй. Байрам ўтгач, ҳисобдан чиқарамиз. Керак бўлса, ўзинг уйингга олиб кетарсан ёки ёнингдаги аёллар билан бўлишарсан.
Шу пайт Оймарака айтган бир гап Ақчагулнинг ёдига тушди.
– Сақбайга йўриғига юрадиган одам керак. Бир гал идорада бир йилгина тўшалган гиламларни янгисига алмаштириб, уларни ўраб-чирмаб уйига олиб кетган эди.
Сақбай бундай ишларни Ақчагулнинг қўли билан амалга оширмоқчими? Йўқ, у бунга рози бўлмайди. Керак бўлса, шу заҳоти аризасини ёзиб беради. Лекин ҳозирча бир нарсани билмасдан бу ҳақда гап очишга журъат қилолмади.
Сақбай ҳовли тўридаги икки хонали меҳмонхона чойшабларини алмаштириб, идиш-товоқларини янгилаб қўйишни буюрди-да, юқорига чиқиб кетди. Меҳмон келса керак. Ҳар гал комиссия келганида ёки байрамларда Сақбай, министр ва бир-икки қўноқлар бир муддат у ерда вақтичоғлик қилишади. Шукрки, бундай пайтларда Ақчагулни ҳам, у билан ишлайдиган аёлларни ҳам хизматга чақиришмайди. Ўзларининг котибалари ва бир-икки ёшроқ ходималар уларнинг атрофида парвона бўлишади. Ташқаридан бирон нарса олиб келиш керак бўлиб қолса, ҳайдовчилари зумда муҳайё қилишади.
Бундай кезларда Ақчагулнинг вазифаси – бир-икки кун аввал дас-турхонни алмаштириш, синган, кирлаган идишлар ўрнига янгисини қўйишдан иборат. Тўрдаги икки кишилик диваннинг тўшаги эса камдан-кам ҳолларда алмаштирилади. Меҳмонхонага боришни истамаган ёки узоқроқ муддат қоладиган қўноқлар, министрликка келадиган тафтишчиларгина шу ерда жойлашишади.
Ақчагул иложи борича ҳовли тарафга чиқмасликка тиришади. Чиқиши билан Нукусга эндигина кўчиб келиб, қийналиб юрган даврлари хаёлида жонланади. Бугун ноилож ўша тарафга ўтишга мажбур бўлди. У ерга бориши билан яна эски воқеалар бирма-бир кўз олдидан ўта бошлади.
Бу ерда корейслар маҳалласига олиб борадиган тор кўча бор эди. Ўша пайтлар министрликнинг ўрнида ахлатга тўлиб ётадиган ўра бўларди. Идора олдидаги ораста кўча ҳам кейинчалик барпо қилинди. Ана шу тор кўча улар ижарада турадиган уйга олиб борар эди. Эжибой биргатнинг сургунига дучор бўлиб, шаҳарга келиб қолган эр-хотин дафъатан бутунлай довдираб қолишди. Алоҳида рўзғор тутиш учун кўп нарса керак бўларкан. Лекин уларда бири бўлса, бири йўқ. Уй эгасидан кунда бир нарса тиланиб боравериш ҳам тўғри келмайди. Шундай бўлса-да, дастлабки пайтларда Ақчагул у-бу сўраб борди. Малика янга тишини-тишига босиб бўлса-да, сўраганини бериб юборарди. Бироқ Турдимурат оға жуда хасис одам эди. Бир куни Ақчагулни остонадан қайтарди.
– Тағин нима сўраб келдинг? Сизлар бир оиламисиз ёки тиланиб юрадиган девонамисиз?
Худо ёрлақаб, бу сафар у ҳеч нарса сўраб боргани йўқ эди.
– Кечирасиз, оға, сут сотиб юрган аёллар келган экан…
– Келса, ўзлари киради. Уларнинг орасида даллоллик қилишинг шарт эмас.
Ақчагулнинг манглайига яшин ургандай бўлди. Шу-шу, оч қолса-да, ўша уйга бош суқмасликка қасам ичди.
Улар шаҳар ҳаётига дарров кўникишолмади. Ҳар шанба куни Арзайимни етаклаб, Қувватни кўтариб, овулга ошиқишарди. Бу ҳақда ўйлаганда ўзларининг ҳам кулгиси қистайди. “Нега биз айнан шанба куни овулга борамиз, ахир бирон жойда ишлаётганимиз йўқ, талаба ҳам эмасмиз…” Барибир бу одатни канда қилишмайди, шанба куни эр-хотиннинг оёғи овулга тортаверарди.
Қайтишда бир дунё егулик кўтариб келишади. Нон, зоғора, тариқ, мош, қатиқ-сут дегандай… Уч килолик банкадаги қатиқни ўлчаб ичгандай келаси шанбагача етказади. Озайган сайин уларга ташвиши туша бошлайди. Уларга қайнонаси бир соғин сигир, икки қўй, уч жонлиқ берган эди. Лекин уларни қаёққа олиб боради? Ўзлари бировнинг уйида сиғинди бўлса. Бўлмаса, сут-қатиғи ўзларига етарди. Бир қўйни сотса, икки-уч ойга етадиган емиш олишади. У ёғига худо берса, ўз-ўзидан улашиб кетаверар эди-ку !..
Ақчагулларнинг тузукроқ еб-ичмагандан ҳам кўра, ўша тор ижара уйда униб-ўсиши қийин бўлди. Ойма-ой ижара пулини тўлаб туришса-да, ўтирса ўпоқ – турса сўпоқ эди. Кичкина Қувват йиғласа, бирови чопиб келади.
– Болангнинг чакагини ўчир, отамнинг давлениеси бор.
Қувват шу заҳоти жимиб қолади. Ота-онасининг эркалашларига кўнмаган гўдак, ташқаридан югуриб келган одамдан қўрқиб юпанади. Икки боласи кундузи ҳовлида ўйнашдан юрак олдириб қўйишган. Хонадон бекасидан тортиб, болалари-ю, келинлари ҳам уларни супурги билан савалаганча қувиб солишади.
– Кир катагингга!
Азондан иш ахтариб кетадиган Нуржан бу воқеалардан бехабар. Ақчагул хафа бўлмасин деб унга айтмайди.
Кейинроқ Арзайим билан Қувватни боғчага беришди. Шу ишни уддалагунчаям Ақчагулнинг она сути оғзидан келди. Болаларини етаклаб бориб, эрталабдан навбатга туради-да, пешинда ортига қайтади, тушдан сўнг яна боради. Шунда ҳам бошлиққа кириш учун унга навбат етмайди. Аммо у хафа бўлмайди. Ижара уйда хўжайиннинг бақир-чақирини эшитгандан кўра ўша ерда ўтиргани тузук.
Бир куни эшик ёнида ўтирган машинистка аёл уни ёнига чақирди. Тушлик пайти эди. Яна сарсон бўлиб уйга бориб-келишдан эриниб, идорада қолган эди.
– Синглим, эскиларнинг “ақлли пора беради, ақлсиз бора беради” деган бир гапи бор. Бир ойдан бери бу ерга қатнайсан, сенга ўхшаган хотинлар эса бир кунда ишини битириб кетишаяпти…
– Нима қилишим керак?
– Иримини қил.
Ақчагул иримини қилди. Овулдаги икки қўйнинг бирини соттириб, пулини машинистка аёлнинг киссасига тиққан эди, икки кун ичида иши ҳал бўлди. Ўзи газетада чиққан эълон бўйича бориб, пашша-чивинларни дорилайдиган идорага ишга жойлашди. У ерда ишлайдиган аёлларнинг айтишича, бу касб жуда зарарли эмиш, шунинг учун эртадан-кечгача оғзига оқ мато боғлаб юришади. Шундаям ҳар хил дори-дармоннинг кўланса ҳиди димоғини ёриб юборай дейди.
– Шу ишдан дамқисма касалини орттириб олмасдан пенсияга чиқиб кетсак яхши бўларди, – дейишади улар.
Излай-излай зўрға ишга жойлашгани учунми, Ақчагул бундай гап-сўзларга унчалик эътибор бермайди. “Худо сақласин”, деб қўяди ўзича, зиёни бўлса бордир, бироқ унинг қўлидан нимаям келарди? Шунга яраша ойлигиям яхши. Қолаверса, ҳар куни бепул сут-қатиқ беришади. Энди илгаригидек ҳадеб овулга чопишнинг ҳожати йўқ. Бунга қўлиям тегмайди. Эски бўлсаям яқиндан бери Нуржаннинг остида трактори бор. Иккаласининг топгани бир рўзғорни обод қилишга бемалол етади. Еб-ичишдан ташқари, янги кийим олишга ҳам уларнинг қурби етади. Лекин ҳозирча борини кийиб туришади. Аввало, уйли-жойли бўлиб олиш керак. Шу ниятда тежаб-тергаб пул йиғишмоқда эди.
Эр-хотин эртадан-кечгача уйда бўлишмаса-да, ижара уйнинг хўжайини билан муроса қилишлари қийин бўлди. Турдимурат оға қийналиб яшайдими ё улар бераётган ижара пулидан кўнгли тўлмайдими, ишқилиб маломатини канда қилмасди. Эртаю кеч “жим-жим” деб тергайверганлари туфайли болалари шивирлаб гапиришга ўрганиб қолишган. Эр-хотин ҳам оёқ учида уйга кириб-чиқишади. Шунда ҳам ким ёмон – улар ёмон. Эшикнинг олдига сув тўккан – Ақчагул, ҳовлига лой оёғи билан кирган – Нуржан. Бир куни Турдимурат оға тонг отмасдан улар ётган хонанинг деразасини синдиргудек тақиллатди. Иккаласи ҳам ишдан чарчаб келгани учун тошдек қотиб қолишган экан. Ақчагул сакраб ўрнидан турди. У деразанинг тақиллишидан ҳам кўра, қучоғида ётган Қувватнинг кутилмаганда чириллаб йиғлашидан қўрқиб уйғониб кетган эди.
– Ҳа-ҳа, нима бўлди, болажоним, ёт, ёта қол, – деди уйқули кўзлари билан ўғлининг елкасидан қоқиб.
– Ҳой, лаънати, ётмай ерга қапишгур, нега эшикни очмайсан?
Ақчагул уйнинг хўжайинини овозидан таниб, Нуржанни турткилаб уйғотди.
– Туринг, оғам деразани қоқаяпти.
Нуржан дарвозани очгунча хўжайин унинг етти пуштини қалаштириб сўкишга улгурди.
– Нима, мен ўз уйимга кира олмайманми? – деди у Нуржаннинг билагидан тутиб.
– Кирсангиз, болаларингиз ётган хонанинг деразасини қоқмайсизми? – деди Нуржан ҳам чидолмай.
– Сен-чи?! Сенинг тинчинг бузиладими? Хоннинг уйқусими сенинг уйқунг? Вой, онангни палон қилай, келгинди!
– Онамни сўкманг! – деб Нуржан қўлини тортиб олди.
– Нима деяпсан?! – дея кутилмаганда Турдимурат оға Нуржаннинг тумшуғига мушт туширди. Нуржан гандираклаб бориб, дарвоза олдида уйиб қўйилган шелуханинг устига ўтириб қолди. Шоша-пиша ташқарига чиққан Ақчагул уларни ажратишга улгурмади. Аслида унинг қўлидан нимаям келарди!
– Чошгоҳга қолмай кўрпа-тўшагингни кўчага чиқариб ташлайман! – деб Турдимурат оға ҳовлига кирди-да, дарвозани “қарс” этиб ёпди. Бу билан ҳам қаноатланмай, эшик зулфинини ичкаридан илдирди. Эр-хотин нима қилишни билмай, бир муддат серрайиб туриб қолишди. Сўнг айвоннинг очиқ қолган деразасидан бир-бирини тортиб ичкарига киришди-да, оҳиста қадамлар билан ўзларининг бўлмасига ўтишди.
Эрталаб мушт кўтарган хўжайин эмас, Нуржан ундан кечирим сўраб борди. Ўзга чора ҳам йўқ эди. Янги бошпана, уй ахтаришга иккаласининг ҳам қўли тегмайди. Бошқа жойга кўчишса, Арзайим билан Қувватни ҳам бу ердаги боғчадан чиқариб олишга тўғри келади. Бу масала кўчиб-қўнгандан ҳам оғир. Шу сабабли улар айбсиз айбдор бўлиб, тишни-тишга босишга мажбур бўлди. Хўжайин бир муддат ҳовуридан тушди, аммо зуғумлари камаймади. “Одам боласи тенгликка кўнса ҳам, камликка кўнмайди” дейишган қадимгилар. Йўқ, бошга тушса, одам ҳаммасига чидаркан. Овулда бировдан гап эшитиб кўрмаган бояқишлар аллакимнинг берган азобларини жимгина кўтаришди. Эжибой биргатнинг қилиқлари буникининг олдида ҳолва экан. Нима қилганда ҳам у элнинг одами эди, отангни билади, онангни билади. Бунга сен кимсан – ҳеч ким! Шунинг учун Турдимурат оғадан ўпка-гина қилиш бефойда. Начора, пешонага ёзилгани шу экан-да. Осмон узоқ, ер қаттиқ…
Тез орада Турдимурат оғанинг эт бериб боқиб ўтирган бўрибосар ити касал бўлиб қолди. Азза-базза дўхтир ҳам чақириб келишганди, шифоси йўқ дебди. Кечқурун Турдимурат оға билан Малика янга:
– Шу девоналар келди-ю, уйимиздан барака қочди! – дея тўнғиллаб юришди.
Эрталаб ит қозиқда ўлиб чиқди. Улар бир ҳаром кучукка туппа-тузук аза тутишди. Кечқурун ишдан қайтган Ақчагул ўзларининг кўрпа-тўшаги дарвоза олдида уйилиб ётганига дуч келди. Бу гал хўжа-йин инсофга келмади. Улар туни билан икки боласини етаклаб, ижарага уй излаб чиқишди.
Министрликнинг ҳовлисига келиб тугайдиган тор кўча Ақчагулга ана шундай кўнгилсиз хотираларни эслатар эди. Шунинг учун ҳам у имкони борича чорбоққа чиқмасликка ҳаракат қилади. Бугун ҳам зарур нарсаларни Оймарака билан Жангилсинга бериб, меҳмонхонани тозалаттирди. Кейинроқ ўзи бир ровгина хабар олди-да, шу заҳоти изига қайтди.
Байрамдан бир кун бурун Сақбай айтган пардалар алмаштирилди. Оқ атласдан тикилиб, сочиқ ва попуклар билан зеб берилган еттита парда йиғиштириб олинди. Ўрнига тўрт бармоқ энли қаттиқ матодан ишланган, тугмачалар ёрдамида очилиб-ёпиладиган парда тутилди.
Ақчагул атлас пардаларни тахлаб қўяётганида Сақбайнинг ўзи келиб, уларни учала аёлга бўлиб берди. Ақчагулга учта, Оймарака билан Жангилсинга иккитадан парда тегди.
– Байрамдан кейин ҳисобдан чиқарамиз, актини ўзим ёзиб бераман, – деди Сақбай. Сўнг уларга эртароқ уйга қайтишга рухсат берди.
Ақчагул йўл-йўлакай бозорга кириб, пардаларни арзон-гаровга сотди-да, пулига эронча палос олди. Бу улар алоҳида яшаётгандан бери олинган илк янги буюм эди.

* * *

Нуржан хотинининг нима иш қилиши, ойлиги неча пуллигига сира қизиқмасди. У “кийими кўк, томоғи тўқ” бўлганига хурсанд. Ора-сира Тўхташдан оладиган “маоши”ни ҳам олиб келиб, Ақчагулнинг қўлига тутқазади. Бундай кунларда у ўзини шу уйнинг эркагидек тутиб, гердайиб ўтиради. Бироқ бу ҳам кўпга чўзилмади. Чунки, кейинги пайтларда Тўхташ овул оралаб йиғиб келинган “олтин-кумуш” эвазига уни едириб-ичирарди-да, қўлига ёлчитиб пул бермасди.
Ақчагул уйига палос олиб келиб тўшаган куни ҳаммаси қувониб қолишди. Чўғдек гилам одмигина уйга файз бағишлагандай бўлди. Овулдан келтирилган кигизлар аллақачон тешилиб қолганди. Наматга қўшиб олиб келинган палос шу чоққача оиланинг кунига яраб турганди. Палос деганлари жуда чидамли буюм экан. Ҳар йили қишда бир марта қорга ёйиб олинса, дўкондан янги сотиб олингандай ранги очилиб кетади.
– Ақчагул, топишинг яхшими, дейман? – деди Нуржан янги палоснинг устига кўрпача ҳам тўшамасдан ўтириб олиб.
Ақчагул индамади. Бу матоҳни ойлигига сотиб олмаганини Нуржан ҳам билади. Гўё у “хотиним бу гиламни ё идорадан ўғирлаб олган, ё бирон сабаб билан бошлиқлари унга совға қилган”, деб ўйлаётгандек туюлаверди. Шунинг учун гиламли бўлганига унчалик қувонмади.
– Она, энди ортиқча пул топсангиз, гилам олманг, – деди Арзайим унга.
– Тўғри, унинг ўрнига томни шиферлаб олайлик, – деди Нуржан.
– Йўқ, анави ерни пол қилдирамиз. Шунда ҳаммамиз бир хонада тиқилишмай, бўлак-бўлак ётамиз.
– Яхши, шундай қиламиз, – дея чуғурлашди Қувват билан Есен.
Ақчагул ўзини янаям ноқулай ҳис қила бошлади. Гўё болалари ҳам палосни қайси пулига сотиб олганини билгиси келаётгандек…
– Мени каттагина хазинага дуч келибди деб ўйлаяпсиз-ов, – деди у зўрма-зўраки кулиб. – Идорада эски пардаларни ҳисобдан чиқарувдик, шуни бозорда сотиб, пулига гилам олдим. Битта тўшак бўлсаям қўшилгани наф дедим.
– Жуда яхши, – деди Нуржан қувлик билан. – Эртага столни ҳисобдан чиқар, индинига эшикни…
Арзайим гап нимадалигини билгач, шалпайиб қолди.
– Қайдан билай, – деди у астагина. – Пул йиғиладиган бўлса, мен чет элга кетганда керак бўлар деб ўйлаган эдим.
– Чет элга?! – Нуржан чўчиб тушгандай бўлди. – Нима, у ёқда тоғангнинг уйи бор эканми?
– Кузда хорижий жамғарма дастури бўйича имтиҳон топшираман, ўтиб кетсам, ўнинчини ўша ёқда ўқийман.
– Ван, ту, сри, фо…
– Гудбай, гудмонин…
Қувват билан Есен Арзайимни мазахлаб кулишди.
– Қизимни калака қилманг, – деди Ақчагул Арзайимнинг ёнини олиб. – Яхшилаб тайёрланавер, у ёғи бир гап бўлар.
Аммо у ёғи нима бўлиши номаълум. Ақчагул қизининг кўнгли учунгина шундай деди. Аслида, қўлига ортиқча пул тушишига ҳеч қандай умид йўқ эди. Овулдаги ўзларига теккан мол-ҳолниям аллақачон сотиб тугатишди. Қайнонаси берган сигир икки марта болалаганди. Жониворнинг яна уч-тўрт туққудай чамаси бор эди. Лекин Нуржан қамоққа тушганига икки йилча бўлганида қайнонаси оғриб қолди.
– Бориб, боламни кўриб кел,– деди у Ақчагулга. – Энди менинг у ёқларга боргудай ҳолим йўқ. Дийдор қиёматга қолса, ўғлим мендан рози бўлсин. Фарзандни уйли-жойли қилиш ота-онанинг бурчи эди, бева бошим билан бу ишни уддалай олмадим… Қўлимдан нимаям келарди, бу ёғига сизларни худонинг ўзи қўлласин.
У ҳар сафар айтадиган гапини такрорлади:
– Болагинамнинг ҳоли нима кечдийкин… Ё ўғлининг, ё қизининг ортидан эргашадиган яна биргина гўдак бўлганида қанийди…
Қайнонасининг нияти ижобат бўлиб, Ақчагул у ёқдан гумонали бўлиб қайтди. Кампир ҳам, Нуржан ҳам ўғил кўришни исташарди, уларнинг тилаги ижобат бўлиб, Есен туғилди.
Нуржанга онасининг қабрига бир сиқим тупроқ сочиш насиб этмади, дийдор қиёматга қолди.
Жанозанинг биринчи куни Ақчагул ўзининг ёлғиз сигирини қайнонасининг худойисига сўйдирди.
– Йўл катта ўғилники, – деди у маслаҳатга йиғилган эл оғаларига. Овул одамлари Ақчагулнинг ўринли сўзига эътироз билдиришолмади.
Қолган икки бузоқ етилиб, говмиш бўлгач, эчкилар билан қўшиб пуллаб, мана шу уч хонали уйни сотиб олган эди. Хуллас, кузгача нима гап бўлиши Ақчагулга номаълум. Худо оғзига солдими ёки қизини хафа қилгиси келдими, шундай деганини ўзи ҳам сезмай қолди. Уйдагилар бу гапга чиппа-чин ишонишди. Чунки неча йилдан бери рўзғорни ўзи тебратиб келаётгани туфайли болалари ҳам, Нуржан ҳам унга қаттиқ суяниб қолишган эди.
Арзайим кейинги вақтларда муаллимларидан рухсат олиб, репетиторга қатнай бошлади. Мактабдагилар хорижда ўқиш учун тайёрланаётган бошқа болаларга ҳам шундай шароит яратиб беришди. Қизи эрталаб бир соат дарс ўқийди-да, сўнг репетиторга боради. Баъзан тўғри ўша ёққа йўл олади. Нима бўлганда ҳам Арзайим бу ишга боши билан шўнғиб кетди. Шунинг фойдасидир, кечқурун телевизорда инглиз тилида бериладиган “Ўзбекистон янгиликлари”ни уйдагиларга таржима қилиб бериб ўтиради.
– Алдама, – дейди Есен унинг жиғига тегиб. – Биз тушунмаганимиз учун ўзингча оғзингга келганини гапираяпсан.
Есен уйнинг эркатойи, шу боис қилиқлари кечиримли. У ҳам буни яхши билгани учун гапдан қолмайди.
Оқшом чор тарафдан йиғилиб келишгач, дастурхон бошида ана шундай гангир-гунгир суҳбат қуриб овқатланишади. Кундуз кунлари гоҳ Қувват, гоҳ Есен кўча бошига кичкина йиғма стол қўйиб, сақич, шам, гугурт, сода, совун сотади. Ошиб-тошиб кетмаса-да, кундалик ичиладиган қора чой билан сут шунинг ҳисобидан келиб туради.
Нуржан тонг азонда Кўмак ва Ихлас билан бирга одатдаги юмушига йўл олади. Улар кўчанинг бошигача, ошиб кетса бозорга довур бирга боришади. У ёғига қаерга боришларини бир-биридан сир тутишади.
Нуржан Тўхташнинг нима учун бу нарсаларни яширинча олиб кетишини тушунолмас эди. Баъзида у Нуржанни олиб қолиб, темир-терсакларни тариқ, ўрик тўла халталарнинг ичига билинтирмай жойлаштиришни буюради. Нуржаннинг билагида кучи кўп, унча-мунча мис қувурларни икки буклаб, қопнинг тубигача тиқиб юборади. Шу сабабли Тўхташ бошқаларга қараганда унга бир-икки сўм зиёдроқ беради. Ихлас билан Кўмакка ишонмайди. Афтидан, йўлда бу лаш-лушларни мелиса сезиб қолса, унга уришса керак. Уришса-уришавермайдими, унга нима? Барибир, ўзи овулда қолади.
Бир куни Нуржан хасталаниб, ётиб қолди. Ақчагул унга қайноққина сутли гўжа пишириб бериб, ишга кетди. Аёзлагандир, деб ўйлаганди. Кеч-қурун унинг аҳволини кўриб, ҳайрон қолди. Эрининг аъзои бадани тўрсалоқдай шишиб кетган эди. У Нуржаннинг кийимларини алмаштирди. Остидаги кўрпача ҳам ивиб кетган экан, ўрнига бошқасини солди.
Эртаси куни овул фельдшерини чақириб келди. У Нуржаннинг баданига аллақандай бадбўй малҳам суртиб кетди. Лекин Нуржан бери қарамади. Кейин соат сайин унинг кийимини алмаштиришга тўғри келди. Қувват билан Есен отасининг бошида ўтиришди. Бироқ шунда ҳам Ақчагул унчалик қўрққани йўқ. Аёз тер чиқаётгандир деб ўйлади.
Бир ҳафтадан сўнг Нуржан ўрнидан туролмай қолди. Ётган жойида вужуди тешилиб, сув оқа бошлади. Ақчагул шундан кейингина хавотирга тушиб қолди. Ахир, бунақа бўлишини у қаёқдан ҳам билсин?
“Тез ёрдам” машинасида етиб келган шифокор Нуржаннинг аҳволини кўриб, қўрқиб кетди.
– Шу пайтгача қандай чидаб ўтирдингиз? – деди у Ақчагулни четга тортиб. – Яна икки кун кечикканингизда эрингиздан ажраб қолардингиз.
– Энди нима қиламиз?
– Дарҳол ётқизиш керак.
Тунда Нуржанни шифохонага олиб бориб, жонлантириш бўлимига ётқизишди.
Дўхтирлар Ақчагулнинг қўлига дори-дармонлар рўйхати ёзилган тўрт варақ қоғозни тутқазишди.
– Тезда манави дориларни топиб келинг.
Ақчагул гангиб қолди.
– Оға… оға… мен… Буларни қаёқдан топаман? – деди тили зўрға калимага келиб.
– Пулингиз йўқми?
– Йўқ эди.
– Унда пастдаги дорихонага тушинг. Узугингиз ёки зирагингизни гаровга қўйсангиз, буларни топиб беришади.
Ақчагул дориларнинг қанчалик зарур эканлигини билса-да, оёғини зўрға судраб пастга тушди. Чунки унда шифокор айтган қимматбаҳо узук ҳам, зирак ҳам йўқ эди.
Дорихона сотувчиси оқкўнгил аёл экан. Унинг аҳволини тушуниб, дори-дармонларни насияга бериб юборди.
Ақчагул шу куни шифохона даҳлизида тик оёқда тонг оттирди. Уйда ёлғиз қолган болалар эшикни ичкаридан қулфлаб ётишар…
Эртаси куни чошгоҳда Нуржанни кўришга рухсат беришди. Эрининг аҳволи кечагидан бироз яхшиланган, сўник кўзларига ҳам нур қайтгандай эди.
– Кампир…
– Кампир деманг, Нуржан, – деди Ақчагул кулиб.
– Бўлмаса нима дейин?
– Бир пайтлар Ақча деб чақирардингиз-ку?
– Майли, Ақча бўлса Ақча-да… Тўхташнинг ишидан топган фойдамиз шу бўлди.
– Бу нима деганингиз?
– Шифокорлар шундай дейишди. Қанақа исқирт жойда ишлайсан, деб сўрашди. Ахлатхоналардан темир-терсак йиғаман дейишга тилим бормади. Сал бўлмаса, танамдаги бор сув оқиб кетиб, ўлиб қоларканман.
– Қаёқдаги гапларни гапирасиз-а!
– Мен дўхтирларнинг гапини айтаяпман.
Нуржан ўн беш кун деганда тузалиб, касалхонадан чиқди. Ақчагул насияга дори-дармон олавериб, анчагина қарз бўлиб қолган эди. Эрини олиб чиқаётганда дорихонанинг устида ҳатлаб ўтолмасди. Бироқ нима қилишгаям ҳайрон эди. Қарз сўрайдиган одами йўқ. Ойликкача ҳали анча вақт бор.
Ўйлай-ўйлай, охири Сақбайнинг ҳузурига кирди.
– Шунча пайтдан бери нимага олдимга келмадинг? – деди у воқеадан хабар топгач. Сўнг гўшакни кўтариб, ҳисобчига қўнғироқ қилди. – Ҳозироқ Ақчагулнинг маоши билан бир ойлик ёрдам пулини ҳисоблаб, кассага ўтказинг. Ўзим буйруқ чиқариб бераман.
– Раҳмат, барака топинг!
Қувонганидан Ақчагулнинг тилига бундан ортиқ сўз келмади. Чиқиб кетаётиб, зимдан унга назар солди. Сақбай яхшилигини миннат қилаётган одамга ўхшамади.
Ақчагул шу пайтгача ундан қочиб юрганига афсусланди. Кўнглида Сақбайга нисбатан илиқлик уйғона бошлаганини сезди.

* * *

Идорадаги юмушлар айтарли кўп бўлмаса-да, Ақчагулни анча-мунча овора қилди. Ҳисоб-китоб, ёзув-чизув ишларини юритишида мактабда олган билими фойда берди. Пашша-чивинларни дорилайдиган идорада ишлаб юрганида бу нарсаларга ҳожат йўқ эди. У ерда қоғоз қораламаса ҳам маоши ёмон эмас эди, бунинг устига, сут-қатиқ ҳам беришарди. Хуллас, топгани рўзғор тебратишга етиб турарди.
Ақчагул бадбўй дорилар ҳиди анқиб ётадиган идорада анча вақт ишлади. Ҳамкасблари яхши одамлар эди. Ҳеч бири уни бегона кўриб, кўкрагидан итармади. Бошлиқлар ҳам унинг аҳволини тушуниб, кўмак беришди. Бу ерда иш бошлаган кунлари отаси тўшакка михланиб қолган эди. Нукусга кўчиб кетган акаси овул, ота-она деган гапларни буткул унутган, нўхталанган филдай хотинининг етагига юриб кетганди. У ўтир деса ўтиради, тур деса туради. Умри етса, хотини қоққан қозиқнинг теварагида юз йил айлангудек чоғи бор. Ичкуёв бўлиб уйдан чиқиб кетган иккинчи акаси оқибатсиз чиқди. Ақчагул бир пайтлар унинг эрга тегаётган қиздай: “Ўзингиз биласиз” деганидан қўрққан эди. Аммо унинг хотини бамаъни аёл эди. Болаларини эрига қолдириб келиб, ҳафталаб қайнотасини парваришлаган пайтлари бўлди. Не тонгки, акаси унга рухсат бериб қўйиш ўрнига, изидан хабарчи юбориб, уйига чақиртириб олар эди. “Бой ғайратли бўлса, хотини уятли бўлади” деган экан қадимгилар. Ақчагул икки акасининг аҳволини кўриб, ичида куйиб-ёнади, лекин сиртига чиқаролмайди. Бармоғингнинг унисини тишласанг ҳам оғрийди, бунисини ҳам…
Ўша пайтларда у ўн-ўн беш кунлаб отасининг бошида қолиб кетарди. Ҳамкасблари унинг йўқлигини билдиришмади, маошини ҳам тўлиғича ёзиб беришди. Бошқаларга ўхшаб, ишламаган кунларинг учун касаллик варақаси олиб кел, дейишмади. Қизиқ, уларнинг ҳеч бири, “отангнинг сендан бошқа ўғил-қизлари йўқми?” деб ҳам сўрашмади. Одамгарчилиги бор эди уларнинг. Шунинг учун ҳам Ақчагул кўча-кўйда биронтасини учратиб қолса, туғишган одамига дуч келгандай, суюниб кетади.
Дўхтирлар отасининг касали ҳақида узил-кесил бир гап айтишмади. Шифохонага ҳам олиб кетишмади.
– Яхшилаб қарайверинг, – дейишди Ақчагул билан Қудайберганга. – Яна қанча яшашини худо билади.
Тонготар бобо бу касалдан тузалмаслигини сезган экан.
– Қизим, – деди бир куни у Ақчагулни ёнига ўтқазиб. – Бугун оқшом онанг тушимга кирибди. Икковимиз қора говмишни бозорга ҳайдаб кетаётган эмишмиз. Ўзинг биласан, бир пайтлар онанг соққан ўша сигир аллақачон ўлиб кетган. Тушимдаги қора сигир – менинг касалим. Кампир мени шу дардим билан қўшиб олиб кетди, қизим.
– Қўйинг, ота, ундай деманг.
– Йўқ, болам, Оллоҳ таоло тил-забонимдан айирмасдан бурун айтиб қолганим тузук… Мен сизларни яхшилаб тарбиялай олмадим. Худо шундай яратган, шекилли, бўшангроқ бўлганим учун бу рўзғорнинг ҳамма кирдикори онангнинг бўйнида эди. Аммо бечоранинг умри қисқа бўлди. Отадан қаттиққўллик, онадан йўл-йўриқ ўрганмаган ўғилларим хотинларининг етовида кетишди. Ичида тиришқоғи ўзинг эдинг, лекин сени ҳам ўқита олмадим… Энди ортимда қолаётган Қудайберганни сенга топшираман. Шу болани ўқитиб, уйлантиргин. Жасадимни онангнинг ёнига қўйишсин, у ерда менга лойиқ жой бор. Ётиб қолмасимдан бурун унинг бошига бориб, “яқинда менам ёнингга келаман” деб ваъда қилиб келувдим. Таъзия-маъракамга ола сигирни сўйдиринглар. Лекин аввал Эжибойга бир кўрсатиб олинг-лар, тағин бўғоз бўлиб чиқмасин…
Ақчагул отасининг олдида ўзини ушлашга қанчалик уринмасин, уддасидан чиқолмади. Ҳалқумига келиб қадалган йиғи бўғзини заҳардай ачитиб, беихтиёр инграб юборди. Сўнг ошхонага ўтиб, аччиқ-аччиқ йиғлади. Ёшлай ўлиб кетган онаси эсига тушиб йиғлади. Эркакман деб юрган акаларининг қилмишидан ори келиб йиғлади. Юраги дардга тўлиб қолган экан…
Чол кўпга бормади. Ақчагул отасининг “мени онангнинг ёнига қўйинглар” деган васиятидан бошқасини бажаролмагини учун ҳалигача пинҳона изтироб чекади. Отаси “маъракамда сўйинглар” деган ола сигир бўғоз бўлиб чиқди. У ўқитиб, уйлантириши керак бўлган Қудайберган отасининг йилини беришгач, “Москвада ПТУда ўқийман” деб оёқ тираб туриб олди. Ақчагул қанчалик уринмасин, укасини ниятидан қайтаролмади. Қудайберган йўлкирага пул керак деб ота маконини аллакимларга арзон-гаровга сотиб юборди. Овулдаги ғарибгина ҳовлига кимнинг ҳам кўзи учиб турибди дейсиз? Шу куниёқ уйнинг томини очиб, ёғоч-тахтаси-ю, эшик-ромини бузиб олиб кетишди. Ақчагулнинг болалиги кечган қадрдон ҳовли тун бўйи бойўғлилар увиллаб чиқадиган эски чолдеворга айланиб қолди. Ҳозир ўша хароба ҳам йўқ – ўрнини текислаб, буғдой экиб юборишган.
Энди овул деса Ақчагулнинг юраги безиллайдиган бўлиб қолган. У ерга кимни қора тортиб боради? “Келдингми, қароғим?” деб кутиб оладиган ака-укаси йўқ у ерда… Қудайберган шу кетганича “ПТУни битирдим, институтга тайёрланаяпман” деб хат ёзди, кейинроқ “Надя деган қизга уйланаяпман” деб хабар қилди, вассалом. Ақчагулнинг кейинги ёзган хатларига жавоб ҳам бермади. Қайнонаси оламдан ўтгач, уларнинг овулдан бира тўла оёғи тортилди. Нуржаннинг жигарлари ҳам анча бегоналашиб кетишди. Дурустроқ борди-келди қилишмади. Туғишганлар қанчалик обрўли, меҳрибон бўлишса ҳам аёли оқибатли бўлмаса, бир-бири билан маърака-маросимлардагина саломлашишдан нарига ўтмайдиган бегоналарга айланиб қолишар экан. Балки ҳаммаям бунақа бемеҳр эмасдир. Бироқ Ақчагул билан Нуржаннинг бошида шу савдолар бор экан. Нуржан қамоқдан қайтганида Ақчагул билан бирга ишлайдиган аёллар бирин-кетин келиб, “кўрган-кечирганингиз шу бўлсин” дея дуо қилиб кетишди. Ақчагул шунга ҳам шукр қилди. Бироқ эрининг овулдаги оға-инилари, ёр-биродарлари бир бор кўнгил сўраб келишга ҳам ярамади. Шуниси Ақчагулга аёздай ботди. У қайнукасининг йўлига кўз тикканди, Нуржаннинг қайтганидан хурсанд бўлиб, уйининг тўрида бўза ичиб ётадиган ёр-жўраларини кутган эди. Лекин умидлари сароб бўлиб чиқди. Овулда яшаганларида бутун эл кўчиб келган бўларди. Овулда яшаганларида бундай шўришлар ҳам бошига тушмасди. Оти ўчсин, уларни бегона элда дарбадар қилган ўша воқеанинг. Илойим, Эжибой биргат гўрида тикка тургай!..
Ақчагул аччиқ устида ана шундай бадбин хаёлларга боради-да, дарҳол эс-ҳушини йиғиб олиб, ёқасига туфлайди.
– Эсимни еб қўйибман. Бандасини ёрлақаш ҳам, жазолаш ҳам яратганнинг иши! – дея шивирлайди ўзича.
Нуржан қамалиб кетгандан кейин ҳам ишхонадагилар уни ташлаб қўйишмади. Есенга ҳомиладор бўлгач, Ақчагул таътилга чиқди. Сўнг икки йил уйда бола парваришлаб ўтирди. Тез орада Нуржан турмадан чиқиб келиб, рўзғор ташвишларини зиммасига олгандай бўлди. Бироқ уни ҳеч қаерда ишга олишмади. Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилингани боис олдинги ишхонасига қайтиб бормади. Қаерга борса, унинг шахсий варақасини кўришади-да:
– Қамалиб чиқибсиз-ку, – дея қўрқиб кетишади. Биронтаси ундан “Нега қамалдинг?” деб сўрамайди. Сўнг:
– Бизда бўш ўрин йўқ, – деб гапни қисқа қилишади.
Нуржан иш топишдан умидини узиб, икки-уч йигит билан мардикорчилик қила бошлади. Бировларнинг уйини сувоқ қилиб, пахсасини урар, сабзисини ковлаб берар, хуллас, қора қозонни қайнатишга етадиган чойчақа топиб келарди. Бора-бора у ўзлари яшайдиган кўчанинг бадавлат йигитларига қўшилиб, қарта ўйнайдиган одат чиқарди. Энди унга умид қилиш бефойда эди. Тирик жонга томоқ керак. Кейинги вақт-да қаёққа қарасанг, эркаги уйда ўтириб, аёли тирикчилик ташвиши билан елиб-югурганини кўрасан. “Элда одат бўлса, кампир, орқамга мин” деганларидай, бу савдо Ақчагулнинг ҳам бошига тушди.
Ҳаракат қилса, худо берар экан, мана, бинойидек иш топди. Ҳисоб-китобга ҳам анча қўли келишиб қолди. Одамлар билан муомала қилишни ўрганиб, дўст-дугона ортдирди. Идорада ҳам ҳурмати жойида, ҳеч ким уни “фаррошларнинг бошлиғи экан” деб камситмайди. Ақчагулнинг юриш-туриши, ўзини тутиши барчага бирдай маъқул келиб қолган.
Елиб-югуриб ҳужжат тайёрлаб, болаларига нафақа, эрига ёрдам пули чиқартириб олди. Тома-тома кўл бўлармиш. Индамай юраверганида шу ҳам йўқ эди.
Бир пайтлар Нуржан ҳазил тариқасида айтган гаплар ҳақиқатга айлана бошлади.
– Бугун эшикни ҳисобдан чиқар, эртага деразани… – деган эди у.
Кузги байрам арафасида тўртинчи қаватдаги гилам ва мебеллар янгиланди. Ҳисобдан чиқарилган яп-янги шкафлар ва буруннинг қонидай қип-қизил гиламларни пастки қаватдагилар бўлишиб олишди. Бошқа жиҳозлар Ақчагулнинг омборига келиб тушди. Орадан беш-олти кун ўтгач, Сақбай уларни ҳам учала аёлга, эшикдаги қоровуллар билан ёрдамчи хўжаликдан келган икки устага тақсимлаб берди. Бу гал ҳам Ақчагулга бошқаларга қараганда тузукроқ – битта гилам, уч газ поёндоз ва икки шкаф зиёд тегди.
– Мен буларни ололмайман, – деди Ақчагул оёқ тираб. – Эримнинг қамалиб чиққани ҳам етади, аёл бошим билан судланиб кетишдан қўрқаман.
Сақбай шарақлаб кулди.
– Қизиқмисан, мен сени шу йўлга бошлармидим? Мана, қўлимда маҳаллий касаба уюшмаси йиғилишининг “ҳисобдан чиқарилган нарсалар кам таъминланган оилаларга бўлиб берилсин” деган қарори бор. Ёки сени бу рўйхатга киритишганидан уялаяпсанми?
– Йўғ-ей, камбағалликнинг нимаси айб?
– Унда қўрқмасдан олавер.
Ақчагул ўзига тегишли нарсаларни олди. Бироқ уларни уйига элтмади. Кўчада ўтирадиган хотинларнинг гап чиқаришидан чўчиди. Ҳар куни тўрт-беш хотин кўча бошида давра қуриб ўтириб, кимнинг уйига ким келгани-ю, кимнинг нима олиб келганини эринмасдан ҳисоблаб ўтиришади. Ақчагул шкаф билан гилам ортилган машинани ҳовлисининг олдига олиб келиб қантарса, уларга худо беради:
– Бу хотин шунча нарсани қаёқдан топаяпти?
– Эри бўшангроқ бўлгани учун ўзига эрк бериб юборди…
Бир томондан эрини ҳам аяди. Минг қилгандаям эркак киши, ҳар хил хаёлларга бориб, кўнгли оғриши мумкин.
Орадан икки-уч ҳафта ўтгач, Ақчагул ўша матоҳларни сотди. Бир шкафнинг пулини Нуржанга бериб, ўн халта ёғоч қипиғи ва икки халта оҳак олдирди. Кўмак билан Ихлас учовига икки шиша ароқ қуйиб бериб, полсиз уй билан газхонанинг сатҳини сувоқ қилдирди. Сувоғи қуригач, хона тахта билан поллагандай шинамгина бўлиб қолди. Энди ота-болалар бир жойга тиқилмай, бўлак ётишса ҳам бўлади.
Ақчагул қолган пулларини “яхши кунларда яраб қолар” деб сандиққа ташлаб қўйган эди. Нияти холис экан, кузда Арзайим имтиҳондан ўтиб, хорижга ўқишга кетди. Ўша куни Ақчагул дунёга қайта келгандай қувонди. У “умримнинг қизиқ даври ўтди” деб тушкунликка тушиб юрарди. Бекор ноумид бўлган экан. Ақчагулнинг ёруғ кунлари олдинда экан. “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ” дейишарди, унинг бахтли дамлари энди бошланаётган эди. “Бундай чароғон кунларнинг юзини булут тўсмасин, илойим. Берган риз-қингга, етказган неъматингга шукр, худойим!”
Арзайимни самолётга чиқариб, чет элга кузатиб келишган куни Ақчагул қарама-қарши ҳиссиётлар оғушида қолди. Бир тарафдан уйи ҳувиллаб қолганидан эзилса, бошқа тарафдан икки қўлтиғидан қанот ўсиб чиққандай қувончдан энтикиб, кечқурун аламаҳалгача ухлолмади.

* * *

Ақчагулнинг топиш-тутиши ёмон эмасди. Бунинг устига, тежамкорлиги ҳам фойда берди. Ҳар чорак сўнггида ёки байрамларда оладиган мукофот пулларини рўзғорга сарфламай, тугиб қўя бошлади. Керак пайтда олдимиздан чиқар деб шундай йўл тутарди. Маҳалладан берилаётган ёрдам пули, ўғилларига ойма-ой чиқиб турган нафақа жонига оро кириб, ойлик маошининг ҳам нақ ярми тежала бошлади. Қолаверса, улар олди-ортига қармасдан харжламай, кўрпасига қараб оёқ узатишди. Ақчагулнинг онаси ҳаётлик чоғида ҳар якшанба куни бозордан бир кило гўшт олиб келиб, ҳаммасини қозонга соларди. Кечқурун бутун оила бир дастурхон атрофида жам бўлишиб, шўрва ичишарди. “Эти – этга, шўрваси – бетга” дерди онаси баъзан. Ҳафтанинг бошқа кунлари эл қатори оби-ёвғонга қаноат қилишарди. Бироқ шаҳарнинг йўриғи бошқа. Бу ерда кунига икки маҳал қозони қайнамайдиган оила йўқ ҳисоби. Бунинг устига, шаҳарликлар мошова, угра ош каби камтарона емакларни билишмайди ҳам. Уйда гўшт тугаса, хотинлар “масаллиқ йўқ” деб тиззасини қучоқлаб ўтираверади. Ақчагулнинг бундай одати йўқ. У етимликда ўсган, йўқчиликни кўп кўрган. Керак бўлса, қуруқ ошқовоқнинг ўзидан ҳам қорин тўйдиргудек овқат пишираверади. Шунинг ҳисобига болалари сира оч қолгани йўқ. Яна бироз сабр қилишса, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Ақчагул ана шундай умид билан яшарди. Рўзғорнинг майда-чуйда харажатларига ўзининг пулидан сарфлаб, Нуржаннинг топган бир-икки сўмини тугиб қўяверди. “Эркак кишининг топгани баракали бўлади” дея ирим қиларди ўзича. Қолаверса, уйнинг чала қолган қурилишини давом этдириш керак. Ҳозирча болалари ёш бўлгани учун бир эшикдан кириб чиқиладиган учта хонада яшаётганликлари унчалик сезилмайди. Эрта бир кун Арзайимга совчи келса, Қувват уйланса, меҳмонларни қаерга ўтқазишади, келинни қайси уйга тушириб олишади? Шуларни ўйлаганда, ҳамма ташвиш ёлғиз ўзининг елкасида тургандай, Ақчагулнинг кўзига уйқу келмайди. Эркак киши табиатан бепарвороқ, орқайинроқ бўладими, Нуржаннинг парвойи фалак.
Арзайимнинг хорижга ўқишга кетиши Ақчагулни янаям шошириб қўйди. Қизи у ёқларда юрт кўриб, эл танийди. Вақти келиб, у ўзларини вайрона уйда яшашга мажбур қилган ота-онасидан гина қилмайдими? Тилида айтмаса ҳам кўнглида изза тортади. Замонга боқолмаган ота-онасидан нолийди. Хуллас, қизи ёзги таътилга келгунча пойдевори қўйилган беш хонали уйнинг пахсасини кўтариб қўйиш керак. Жиллақурса бу йилча ёғочини ошириб, томини ёпиб олишса, у ёғи енгил кечади. Уй қуриш – файзли иш, бир бошланса, битаверади. Аввало, Нуржанни шунга кўндириб, қўлтиғидан пуфлаш керак. Буниси – Ақчагулнинг вазифаси. Эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин. Худога шукр, эрни эр қилиш Ақчагулнинг қўлидан келади.
Кузнинг дастлабки ойи охирларида Нуржан уйга айланишиб қолди. Кўчадан трактор ушлаб, ғишт таший бошлади. Кўчада қарта ўйнаб ўтирадиган йигитларни ҳашарга айтди. Ақчагул уларга икки маҳал овқат пишириб, ора-сира “тентак сув”дан бериб турди. Йигитлар ҳам бекорчиликдан зерикишган экан шекилли, девор кўтараётган устага жон деб ёрдам бера бошлашди. Ғиштли уйнинг яхши томони, у пахсага қараганда тез битаркан. Хуллас, етти-саккиз кун ичида Нуржаннинг ғарибгина мунғайиб турган уч хонали уйи ёнида янги иморат қад ростлади. У кўчанинг нарига бошидан ҳам кўриниб турарди. Ақчагул билан Нуржан тез орада янги бинонинг томини ёпиш тараддудига тушишди. Бир дона оқ терак фалон пул, уйни ёпиш учун эса камида ўттизта болор керак. Бироқ оёқ остидан бунинг ҳам имкони топилди.
– Эски шаҳарда кинотеатр бузилаётган экан, унинг ёғоч-тахтаси билан ғиштини арзон-гаровга пуллашаётганмиш, – деган гапдан хабар топишди.
Унча-мунчага пинагини бузавермайдиган Нуржан бир куни тушдан кейин уйдан чиқиб кетиб, кечга яқин ёғоч юкланган тракторни бошлаб келди. Пулнинг етишига қараб йигирма саккизта қарағай тўсин сотиб олибди. Отини эски демаса, ҳеч бир айби йўқ. Хуллас, куз оёқламай туриб, беш хонали уйнинг томи ёпилди. Бу йилча шунинг ўзи етарли. Бошқасига ҳозирча имкон йўқ.
– Мен бир-икки йигит билан Волгаградга кетмоқчиман, – деб қолди бир куни кечқурун Нуржан. – Ботир деган йигит биргадиримиз бўлади. Ўша ёқда юз гектарлик картошка бор экан, йиғиштириб олишга одам керак эмиш.
– Шундайми? – дея Ақчагул бир муддат ўйланиб қолди-да, сўнг эрига қараб жилмайди. – У ёқларда ҳам Тўхташга ўхшаган хотиннинг ортидан эргашиб кетмасангиз яхшийди.
– Тўхташ қўлга тушиб қолганмиш-ку?
– Ие, нимага?
– Алюмин билан мисни четга олиб кетиш мумкин эмас экан.
– Ишқилиб, сизларгаям зиёни тегмаса гўрга эди!
– Бизга нега зиёни тегаркин? Пулини тўлади, йиғиб бердик. Қолгани билан ишимиз бўлгани йўқ.
– Барибир энди бундай балолардан узоқроқ юринг. Ахир, шунинг касрига ўзингиз ҳам бир ўлимдан қолдингиз.
Сирасини айтганда, Ақчагул эрининг тузукроқ пул топиш учун кетаётганидан ўзича хурсанд ҳам бўлди. Биринчидан, камбағалчиликдан қутулиб келишаяпти, қолаверса, баҳорда манави иморатга яна қўл уриш керак. Бунинг учун анчагина пул керак. Кейинги ҳафта Нуржан шериклари билан поездда жўнаб кетди. Ақчагул эрига оқ йўл тилаб остонадан кузатиб қолди.
Нуржан билан Арзайим кетгач, Ақчагулнинг ташвишлари янаям кўпайди. Эрталаб вақтли туриб, болаларига чой ичириб мактабга жўнатади. Кечқурун вақтлироқ қайтиб, қозонга уннамаса бўлмайди. Ақчагул идорадаги аёллар билан тўкин дастурхон атрофида тушлик қилиб ўтирган чоғларида ўғилларини ўйлаб виждони қийналиб кетарди. Лекин илож қанча, дастурхон – ўртаники. Ўзининг ҳақини емай, болаларига олиб бориб беролмайди. Бундай кезларда ўзидан-ўзи инжилиб, еган-ичгани татимайди.
Бир ойдан сўнг Ақчагулнинг ишга кирганига бир йил тўлар эди.
– Ақча, отпускага чиқиш ниятинг йўқми? – деб сўраб қолди бир куни Сақбай уни даҳлизда учратиб.
– Қайдам…
– Мабодо уйда қийин-қистовли юмушинг йўқми?
– Йўқ.
– Ундай бўлса, тартиб бўйича таътилга чиққин-да, ишингни давом эттиравер. Шунда ҳам ойлигингни, ҳам отпуска пулингни оласан.
– Шундай қилса бўладими?
– Бўлади. Бир сўм бўлсаям қўлингга кўпроқ пул тушгани яхшимасми?
Эртасига у Сақбайнинг ҳузурига кириб, ариза ёзди. Икки кундан сўнг таътил пулини чиқартириб олди. Сақбай айтганидек, ишини ҳам давом эттираверди.
Кунлар бир маромда ўтиб борарди. Ақчагул Сақбайдан гумон қилишни йиғиштирди. Аксинча, кўнглида унга нисбатан қандайдир бир илиқ туйғу уйғонган эди. У энди илгаригидек енгилтак бола эмас, мансаби, бойлиги билан кеккаядиган одамга ҳам ўхшамайди. Ақл-фаросатли, ҳурмат-иззатга лойиқ одам бўлиб кўринади Ақчагулнинг кўзига. Шу ҳақда ўйлаганида бундай хусусиятлар Нуржанга насиб этмаганидан хафа бўлиб кетади. Очиқ тан олишни истамаса-да, ич-ичидан Сақбайни ҳам қизғонар, ҳам уни ўзига яқин оларди.
Ақчагул яқин кунларда ҳаётида жиддий ўзгариш юз беражагини, ана шу ўзгариш тақдирини остин-устун қилиб юборажагини сезмади. Қанчалик эҳтиёткор бўлмасин, у пешонасидаги ёзиқдан қочиб қутулолмади.
Сақбай шанба куни Ақчагулни ишга чақиртирди. Ажабланадиган ери йўқ, илгари ҳам баъзан дам олиш кунлари у-бу юмуш чиқиб турарди. Бироқ бу галги чорловнинг боиси ўзгача эканини у қаёқдан ҳам билсин.
Сақбай ҳовли тўридаги кичик меҳмонхонада икки эркак ва икки аёл билан чақчақлашиб ўтирарди. Ақчагул уларни танимади.
– Узр, Ақчагул, қўноқларга котибам хизмат қилиши керак эди, лекин у эрталаб тобим йўқ деб қўнғироқ қилди. Малол келмаса, чой-пойга қарашиб юборсанг. Янаям ўзинг биласан, агар ёқмаса, уйдан хотинимни чақираман, – деди уларни ичкарига киритиб, ёнига қайтиб келган Сақбай.
Ақчагул унга йўқ деёлмади. Нима бўпти, хизмат қилса, бир жойи камайиб қолармиди? Сақбай ёлғиз эмас, ёнида шунча одам бор. Қолаверса, уни бир йилдан бери синаб келаяпти. Бирон марта ўзига ола қараганини сезгани йўқ.
Меҳмонлар кун оққунча ўтиришди. Балиқ қовуртириб ейишди, ташқаридан кабоб олиб келтиришди. Ҳаммасини Ақчагул бадастур қилиб дастурхонга тортиб турди. Лекин уларнинг гап-сўзлари билан иши бўлгани йўқ.
– Ақчагул, бир дақиқа шошма, – деди Сақбай у столдаги ликобчаларни алмаштириш учун кирганида. – Манави ерга ўтир, сенга айтадиган икки оғиз гапим бор. Олдингда ўтирган манави йигитлар ҳам қорақалпоқнинг эътиборли азаматларидан. Институтда бирга ўқиганмиз. Битиргандан бери борди-келди қиламиз. Кечқурун иккови ҳам Тошкентга учиб кетишади. Вақтлари зиқ бўлгани учун уйимга бориб ўтирмай, мени қутлаш учун шу ерга келишибди.
Ақчагул илк бор меҳмонларга разм солди. Тўрда ўтирган дўрдоқ лабли йигит Сақбайга “оддий бир хизматкор аёлни бунчалик иззатлашнинг нима кераги бор?” дегандек ўктам қараш қилди. Ёнидаги гавдали аёл ҳам анчайин такаббур эканлиги кўриниб турибди. У ҳар бармоғига қўша-қўша узук тақиб, йўғон қошларини қоп-қора қилиб бўяган, икки бетига ҳам аямай упа чаплаган эди. От жағли, қиррабурун йигит эса шеригига нисбатан бироз ихчамроқ, абжир кишига ўхшайди. Унинг қаватидаги жувон бир қадар фаҳм-фаросатли бўлиб, ҳуда-беҳуда гапга аралашавермасди.
– Нима билан қутлашади? – деди Ақчагул зўрма-зўраки жилмайиб.
– Сенинг хабаринг йўқми, ахир бугун менинг туғилган куним-ку?
–Ие?.. Табриклайман.
–Раҳмат. Хўш, сенга қайси биридан қуяй – оқиданми, коньякми ёки шампанми?
– Йўқ, мен ҳеч қайсисини ичмайман.
– Боя айтдим-ку, – деди у ёнида ўтирган аёлларга юзланиб. – Ақчагул иймон-эътиқодли аёл, бунақа нарсаларни оғзига ҳам олмайди, десам ишонмайсиз. Худди мен ундан ароқни қизғанаётгандай…
Меҳмон аёллардан бири дарров гапни илиб кетди.
– Қўйинг, ундай деманг, биз ҳам бориб турган алкаш эмасмиз, Сақбайнинг кўнгли учун келиб ўтирибмиз. Бу киши боядан бери сизни оғзидан бол томиб мақтайди. Сизни ўзининг туғишганларидан ҳам кўпроқ ҳурмат қиларкан.
– Бундай иззат-ҳурмат учун заҳар бўлса ҳам ичиб юборишга тўғри келади, – дея гап қўшди от жағли йигит. Шериги эса “шунга суханимни зое қиламанми” дегандек ҳамон безрайиб ўтирарди.
– Яхши, шошмай туринг, ҳозир ичади, – деб Сақбай шампан шишасини қўлига олди. – Ақча, сенга мана шу газли сувдан қуя қолай, бурун ичганингни кўрмагач…
Ақчагул лом-мим демади. Очиғи, у илгари бунақа даврада сира ўтириб кўрмаган эди. Тўғри, овулда қиз узатиб борганида шампан деганларини бир марта татиб кўрган эди. Ўшанда ҳам ҳозиргидай улкан қадаҳда эмас, кичкинагина пиёлада ичганди. Сақбай эса бўйи бир қаричча келадиган ингичка бўйинли фужерга шампан қуйган эди.
– Синглим, мендан ёшроқ кўринасиз, – деди тўрда ўтирган олифта жувон. – Бу гал мен тилак айтмоқчиман. Аёл зотини маломатга қолдирмай, сиз ҳам қўлингиздаги газли сувни ичиб юборинг… Ўзим сизга коктейл тайёрлаб бераман.
У шишалар орасидаги “Оқ лайлак” коньягидан қадаҳга озгина қуйди-да, шампан шишасининг оғзидаги сим билан уни аралаштириб юборди. Қадаҳдаги ичимлик кўпикланиб, қизғиш-сарғимтир тусга кирди.
Шундан сўнг жувон узундан-узоқ табрик сўзи айтди. Гаплари жуда оҳанжамали эди. У Сақбайнинг шу чоққача Ақчагулга номаълум бўлган кўпдан-кўп яхши фазилатларини бирма-бир санаб ўтди, бу ерда ўтирганларнинг у билан абадий дўст бўлиб қолишини тилади, бугунги файзли даврада кўнглида кири йўқ, энг сара дўстлар йиғилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Қолаверса, ўзларининг қаторига яна бир оқ-кўнгил инсон, қадрдон дўст – Ақчагулнинг ҳам қўшилгани унга қанчалик қувонч бағишлаганини тил билан таърифлай олмаслигини-да изҳор этди.
Дарҳақиқат, бундай илиқ сўзлар, умрида эшитмаган мақтовлар учун Ақчагул шу топда заҳар ичишга ҳам тайёр эди. У каттагина қадаҳдаги ичимликни охиригача сипқорди. Даврадагилар уни жўр бўлиб олқишлаб, газак узатишди. Сақбай эса жилмайган куйи Ақчагулнинг қадаҳ тутган қўлини ўпиб қўйди.
Шундан кейин Ақчагулга сўз берилди. Биринчи қадаҳданоқ боши айлана бошлаган Ақчагул Сақбайнинг ўзига қилган яхшиликларини сира яшира олмади. Ундан жудаям миннатдор эканини айтиб, шу қадаҳни унинг туғилган куни ҳурматига ичишларини илтимос қилди.
Шундай қилиб, иккинчи, учинчи, тўртинчи… қадаҳдаги коктейллар ичилди. Тез орада Ақчагул ўзини идора қилолмай қолди. У ўша куни кўп нарсаларни бой берганини кейин билди. Лекин кеч эди.
У қоронғи говгумда сочлари тўзиган ҳолда Сақбайнинг машинасига минаркан, биринчи марта эс-ҳушидан айрилиб, эрига хиёнат қилгани учун ичидан қон йиғларди. Уйда эшикни ичкаридан тамбалаб, ҳурпайишиб ўтирган болаларининг кўзига қандай қарашини ўйлаб юрак-бағри эзиларди. Рулда кетаётган Сақбай эса ўз ишидан мамнун, Ақчагулнинг обдон ўйлаб олишига имкон бергандек миқ этмасди. У “барибир энди кўзига оловдай кўринаман, бундан кейин ўзи ёнимга ишва қилиб келади” деган ўйдан сармаст эди. Сақбай узоқ йиллар бурун кўнглида армон бўлиб қолган мақсадига ниҳоят, бугун эришган эди.

* * *

Аёл зоти табиатан нозик хилқат этиб яратилгани боис эркак кишининг ўзини эркалатишини, силаб-сийпалашини, ширин сўзлар билан кўнглини овлашини истайди. Ахир, гул ҳам парвариш қилинмаса, сўлиб қолади! Ақчагул бундоқ ўйлаб кўрса, турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб, ҳаётнинг бундай лаззатларини аллақачон унутиб юборган экан. Нуржан қамоқдан руҳи синиб, ёши етмай мункайиб қайтиб келгач, уйга омонатгина кириб-чиқадиган бир шарпага айланиб қолганди. Ақчагул билан кундалик икир-чикирлар, рўзғорнинг кам-кўсти ҳақида гаплашишини айтмаса, ишқ-муҳаббатнинг тотли дамларини қайта унинг ёдига сола олмади. Ақчагул ҳам эридан бундан ортиқ ҳеч нарсани талаб қилмасди. У ишқ-муҳаббатнинг лаззатли онлари ортда қолганига ишониб, бундан буёғига шу тахлитда яшасам керак деб ўйларди. Йўқ, ундай эмас экан. Бир пайтлар вужудини оташдек куйдирган эҳтирос ҳали ҳам сўнмаганлигини англади. Фақат уни уйғота билиш керак экан, Ақчагулнинг нозик вужуди кучли эркак қўлларини соғинган экан. Аёлдаги бундай пинҳоний чанқоқликни Сақбай пайқаган эди, Сақбай унинг вужудидаги унутилиб бораётган ҳузурбахш ҳиссиётларни қайтадан жонлантириб юборди. Шунинг учун Ақчагул қадаҳ тўла коктейлларни кетма-кет сипқориб маст бўлган ўша кунни ўйлаганида соддагина эрининг юзига қандай қарашини ўйлаб вужуди сесканиб кетади-ю, лекин Сақбай билан кечган онларда қайта яшаргандай лаззатга чўмганини инкор этолмайди. Буни ичдан тан олгани сари ўзидан ўзи уялиб кетади, виждони қийналади. Аммо вақт ўтгани сайин ана шу куннинг яна такрорланишини қўмсай бошлаганини пайқаб қолди.
Нуржан бир ярим ойда қайтиб келди. Бу орада Ақчагул бир-икки марта Сақбай билан пинҳона кўз уриштириб улгурган эди… У энди эрининг узоқ сафардан келганига аввалгидай қувонмади. Олиб келган “мўмай пули”ни ҳам санаб кўрмасдан сандиқнинг тубига ташлади. У эрига бурунгидай очиқ юз билан қараш, бир пайтлардагидек меҳрибонлик кўрсатишга ўзини нолойиқ деб биларди. У энди Нуржан учун пашша тушган ош эди. Дунёда эркак киши учун бундан ортиқ иснод йўқ. Шу боис ҳам эрига ич-ичидан раҳми келарди. Ақчагул ўзини калити йўқолган сирли сандиққа менгзади. Бу сандиқ энди сира очилмаслиги керак. Бу сандиқ ёпиғлиқ ҳолида қачондир йўқликка кетиши тайин. Қанийди, ўша кун тезроқ келақолса. Бир умрлик азоби бор бўлган бир лаҳзалик лаззат Ақчагулни буткул хароб қилмасдан келақолсин ўша қора кун.
Арзайимдан ора-сира хат келиб турди. У ҳар хатида аста-секин кўзи очилаётгани, дунё у ўйлаганидек Кегейли билан Нукуснинг орасидангина иборат эмас, балки ақл бовар қилмас даражада бепоён эканлиги, шу чоққача кўрмаган, эшитмаган ажойиб нарсаларни ўз кўзи билан кўргани сайин ҳаётга қизиқиши ортиб бораётганлиги ҳақида ёзарди.
“Ойи, – деб ёзган эди у қишнинг охирларида келган бир мактубида. – Биз сизнинг бошингизга қанчалик ташвиш солган эканмиз-а! Мен ўн олтига киргунча бирон фойдали иш қилмадим. Укаларимнинг ташвиши ҳам сизнинг елкангизда эди. Отам эса шу уйнинг эгаси эканлигини унутиб, кун узоғи бекорчи одамлар билан қарта ўйнаб ўтирарди. Сизнинг бир ўзинингиз рўзғор ташвишида елиб-юрардингиз. Биз эса еб-ичганимизга хурсандмиз. Эртанги кун, келажак ҳақида ўйлагимиз ҳам келмасди. “Уйга уйсанг ҳам кўпаймайди” деган ҳикматли нақлни китобдан ўқиганим билан маъноси ҳақида унчалик бош қотирмасдим. Энди ўйлаб қарасам, бизлар уйда борини кўпайтириш ўрнига, овулдаги мол-ҳолниям сотиб ебмиз. Агар ҳаммамиз бирдай топиб-тутганимизда бу қадар камбағал яшамасдик. Жиллақурса ҳар биримиз ўзимиз учун курашганимизда, сизга бунчалик оғир бўлмас эди. Ўша кунлар ёдимга тушса, сизга жудаям раҳмим келиб кетади. Ойижон, мени кечиринг. Йўл қўйган хатоларимни, албатта, тузатаман. Биз энди камбағал яшамаймиз. Сиз унгача укаларимни ишга ўргатинг. Ўз кунини ўзи кўрадиган бўлсин икковиям. Бу ерда ўн иккига кирган болалар ота-онасининг ёрдамисиз мустақил ҳаёт кечиришга ўрганишар экан. Керак бўлса, бундан кейин шу уйдан кириб-чиққани учун пул ҳам тўлашади. Ҳеч ким “мени ҳукумат боқади” деб кутиб ўтирмайди. Чинданам шундай қилиш керак экан. Ҳар ким ўзи учун тиришса, ўзи бойиса, шунинг ҳисобига давлат бақувват, ҳукумат бой бўлар экан. Одамлари бойиган сари мамлакатнинг ҳам қудрати ошиб бораркан. Худо хоҳласа, мен бу ерда мактабни битиргач, уйга қайтиб бориб, институтга кираман, магистратурада ўқийман. Қувват немис тилини ўргансин, Есенни япон тили курсига бериш керак. Ўзиям кўзлари қисиқ, японларга ўхшайди. Учовимизнинг ўқишни битириб олишимиз учун ўн-ўн беш йил керак бўлади. Унгача сабр билан кутасиз, ойижон, ахир, сиз жудаям сабр-лисиз-ку, ҳаммасига чидайсиз. Кейин отам икковингиз бизнинг роҳатимизни кўрасиз! Сизга ҳам, отамга ҳам тани-сиҳатлик, тўқсон-юз йилдан кам бўлмаган умр тилайман. Айтмоқчи, ёзда таътилга бораман, ўқишдан бўш вақтларимда ишлаб, йўл харажатини ҳам топиб қўйганман.
Сизнинг Арзайингиз”.
Ақчагул ҳеч кимга кўрсатмасдан хатни бағрига босганча, тўйиб-тўйиб йиғлаб олди. “Бечора болагинам-ей, – дея ўксинди у. – Сенинг гўдакдай беғубор кўзларингга қандай қарайман? Самолётдан тушиб, “онажон” деб олдимга югурганингда хиёнатга булғанган қучоғимни сенга қандай очаман? Айт, қизим, қандай очаман?! Сен ҳалиям мени бардошли аёл деб биласан, лекин мен аллақачон сабрни бой бериб бўлганман…”
У зилдай танасини зўрға кўтариб ишга кетди. Кун бўйи ҳеч ким билан очилиб гаплашмади. Аёлларнинг тушлик дастурхонига ҳам қўшилмади. Хонани ичкаридан қулфлаб олиб, чуқур хаёлга толди. Қанча ўйлагани билан олдинда “йилт” этган ёруғлик кўринмасди. Келажаги ҳам кўнгли каби зулматга бурканган эди.
Кўклам киргач, Ақчагулнинг вужудида билинар-билинмас ўзгариш сезила бошлади. Ақчагул қачонлардир шундай ҳол юз беришини олдиндан билган эди. Бу нарсанинг имкон қадар кейинроққа сурилишини, иложи бўлса, юз бермаслигини истаган эди. Лекин унинг қўлидан нимаям келарди, вақт ўз ишини қила бошлади. Ақчагулнинг юзига тариқнинг қобиғидай сепкил тоша бошлади. Иштаҳаси йўқолди. Хуллас, унга бахтсизлик келтирадиган ўша қора кун ойсиз тундаги қўрқинчли шарпа каби аста-секин яқинлашмоқда эди.
Наврўз байрами куни Ақчагул сайилга чиқмай, эри билан болаларини жўнатди. Ўзи уйда қолиб, тушлик тайёрламоқчи бўлди. Аслида у ёлғиз қолиб, юрагидаги дардларини қоғозга туширмоқчи, дунёнинг бир чеккасида ўзини соғиниб яшаётган қизи Арзайимга хат ёзмоқчи эди.
“Жигарбандим Арзайим! – деб бошлади у мактубини. – “Ойи” деган тилларингдан айланай, болажоним. Шу чоғда бегона элларда қандай юрганингни кўргим келаяпти. Сени жудаям соғиндим. Соғинганимдан ўпкам тўлиб, сенга нима деб ёзишни ҳам билолмаяпман. Оддий бир тракторчининг, оддий бир теримчининг муштдайгина, соддагина қизи бугун Америкада юради деб ким ҳам ўйлабди? Овулдан Нукусга кўчганимизда: “Бизлар меҳмонга бораяпмиз!” деб қувонганларинг ҳалигача хаёлимдан кетмайди. Ўн еттига чиқсанг ҳам мен учун ўн етти ойлик гўдакдайсан, айланайин болажоним.
Бизларнинг тан-жонимиз соғ. Сени уялиб юрмасин деб, беш хонали уйни тиклаб, устини ёпиб қўйдик. Деворини отанг топган пулга кўтартирдик. Иморатни эркак киши қуриши керак, ирими шунақа. Қувват сенинг хатингдан кейин немис тилини ўрганишга киришди. Бироқ Есен учун япон тили курсини тополмадик. У корейсчага қатнаб юрибди.
Арзай! Дунёда қиз учун онадан, она учун қизидан яқин сирдош топилмайди. Мен сенга ичимдаги бир сиримни тўкиб солмасам, бу гап ўзим билан бирга кетади. Шунинг учун уни сенга айтишни маъқул кўрдим. Ўзганларимни сабр билан охиригача ўқи. Кейин бахтиқаро онангни қанча койисанг ҳам, қанча айбласанг ҳам майли. Бироқ аввал гапларимни тинглаб ол, жигарбандим!
Шаҳарда манти-сомса сотиб, бирда топиб, бирда топмай юрган пайтлар энг бахтли дамларим эканлигини кейин билдим. Ишга кириб, илк бор уйга янги гилам кўтариб келганимда сизлар қанчалик қувонгандингиз. Бояқиш отанг ҳаммадан бурун палосга ўтириб кўриб, кўнгли тоғдай кўтарилганди. Бироқ ана шу палос билан оиламизга аста-секин бахтсизлик кириб кела бошлаганини энди-энди англаб турибман. Ўша идорада Сақбай деган бир киши бор эди. У мени ишга олди. Уни кўришим биланоқ дарров ишга кириш фикридан қайтмоқчи эдим. Лекин оиладаги етишмовчилик, қолаверса, унинг кўзидаги бепарволик, ҳамдардлик ҳисси ўша ерда ишлаб қолишимга сабаб бўлди. Ундан қўрқишимнинг сабаби, Сақбай ёшлигида отангнинг бахтини ўғирламоқчи бўлган йигитлардан бири эди. Бироқ мен уни яхши кўрмаганман, ҳозир ҳам ёқтирмайман. Мен дунёда биргина инсонни – боладай беғубор Нуржанни, сенинг отангни яхши кўраман. Сақбай бир йилгача менга шум ниятини сездирмади. У биргина менга эмас, ҳаммага бирдай меҳрибон бошлиққа ўхшарди. У бирин-кетин ҳисобдан чиқарилган жиҳозларни бўлиштириш, тез-тез ойлигимга мукофот пуллари қўшиб бериш билан менга ўзини меҳрибон одам қилиб кўрсатмоқчи бўлган экан. Натижада эски гиналарим ариб, унга нисбатан кўнглимда ҳурмат уйғонди. Сақбайдан қўрқмай қўйдим. Бунинг оқибатида ҳушёрликни йўқотиб, кунлардан бирида унинг тузоғига тушганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Мен билиб-билмай кўз очиб кўрган умр йўлдошимга, сизларнинг отангизга хиёнат қилдим. Шундан кейин менинг қора кунларим бошланди. Дастурхон бошида бошимни тик кўтариб ўтиролмайман. Отангнинг, Қувват билан Есеннинг кўзларига тик қарашга қора юзим чидамайди. Ёлғиз қолган чоғларимда кўз ёшларим сенинг хатларингни ҳўл қилади. Сенинг қувонч-дан порлаб, келажакка катта умид билан боққан кўзларингга тик қарашнинг қанчалик азоб эканлигини ўйлаб виждоним қийналади. Шунда ҳам тишимни-тишимга босиб чидадим, ичимда қон йиғлаб Қувватни немис тили курсига, Есенни корейсчага бердим.
Бўйларингдан айланайин, Арзайим! Мени энди она дейсанми, демайсанми, билмайман. Демасанг ҳам ўпкаламайман. Бунга сенинг ҳаққинг бор.
Бу хатни олганингда мен ёруғ дунёда бўлмайман. Дийдор қиёматга қолди, жигарбандим. Шу яширин кечган дамларнинг бирида бўйимда бўлиб қолибди. Яқинда унга жон энади. Яна бироз чидасам, кеч бўлади. Икки жоннинг умрига зомин бўлган бўламан. Худонинг олдида бундан бошқа гуноҳим озми! Шунинг учун ўз жонимга қасд этишдан бошқа чорам қолмади. Менинг гуноҳим туфайли дунёга келган гўдакни ортингиздан эргаштириб юришингизни истамадим.
Қизим! Сендан ягона ўтинчим, бу сирни ўзингдан бошқа ҳеч кимга айтма. Отанг билса, буни кўтаролмайди. Эркак киши учун бундан ёмон иснод, бундан ортиқ ўлим йўқ.
Эсон-омон битириб келсанг, укаларингни ўқит. Мени деб қайғуга ботиб, ўқишни ташлаб қўймагин. Ундай қилсанг, берган оқ сутимга рози эмасман. Ахир, мен икки бирдай укангни, муштипар отангни сенга топшириб кетаяпман. Ортимда Арзайдай дунё кўрган фарзандим бор деган ўй менга таскин беради. Бироқ укаларингни яхшироқ ўқит, кейинчалик ҳаммангиз ҳар тарафга тарқаб кетиб, отангиз қариган чоғида ёлғизланиб қолмасин. Унинг кўнглига қаранглар, отанг аёлидан тузукроқ меҳр кўрмади, ҳеч бўлмаса, фарзандларининг роҳатини кўрсин! Қайтиб келганингдан кейин тўғри менинг бошимга боргин. Қуръон ўқитгач, оёқ тарафимда бирпас ўтир. Шунда мен сени кўраман. Овулдан кетганингдан бери қанчалик улғайганингни билиб оламан. Ўзингни бахтсиз сезиб, ўксиб йиғлама. Ундай қилсанг, менинг ҳам кўзларимни сув қоплайди. Ойдай юзларингни, сутнинг бетидаги қаймоқдай юпқагина лабларингни кўролмай қоламан. Сен эл кўрган, мард қизсан-ку, чида!
Мен бахтиқаро аёл эмасман, қизим. Ортимда бир-биридан ширин уч фарзанд қолдирдим. Кўнглим сезиб турибди, сизларнинг келажагингиз ёруғ. Вақти келиб, учовингиз ҳам гулдай оила қурасизлар! Сизларни эл танийди. “Кимсан – Арзайнинг, Қувватнинг, Есеннинг отаси” деб отангизни ҳамма ҳурмат қиладиган бўлади.Ўша кунлар узоқ эмас. У кунларни мен кўрмасам ҳам эл-юрт, туғилиб ўсган овулим кўради. Шуни билганим учун ҳам ўзимни бахтли аёл деб ҳисоблайман.
Ҳаётда адашган онангни кечира олсанг, кечир, қизим. Дийдор қиёматлик бўлсин, соғ бўлгин. Мен сизларга берган оқ сутимга розиман.
Онанг Ақчагул”.
Нуржан билан ўғиллари сайилдан хурсанд қайтишди. Улар келгунча Ақчагул гўшт тўғраб, шавла пишириб қўйган эди. Лаганга сузиб, уларнинг олдига қўйди-да:
– Мен еб олган эдим, – деб ташқарига чиқди. Куни бўйи йиғлайвериб, қизариб кетган кўзларини яшириш учун шундай қилди.
Эртаси куни почтага кириб, қизига хат жўнатди. Наврўздан ке-йинги учинчи куни у барвақт уйғонди. Уйдаги жиҳозларнинг суратини кўзларига жойлаб олмоқчидек, уларга бирма-бир термилди. Ўчоқ бошидаги қозон-товоқни пешонасига суртди, қумғон ва чойнак-пиёлаларни, ҳатто, супургини ҳам навбат билан силаб, жойига қўйди. Шундан сўнг пишиллаб ухлаб ётган болаларининг бошига келиб, бироз ўтирди. Қувват билан Есенга кўзлари тўймай тикилди. Назарида дунёда унинг ўғилларидан ҳам чиройлироқ гўдак йўқ эди. Уйқусининг ширинлигини айтмайсизми! Ақчагул кўз ёшлари болаларининг юзига томишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан дастлаб Есенни, сўнг Қувватни ўпди.
Кейин Нуржаннинг ёнига келиб тиз чўкди. “Мени кечиринг, кўз очиб кўрган ёстиқдошим, – деди ичида энтикиб. – Мен сизга лойиқ йўлдош бўла олмадим. Қиёматда ҳам сиз билан бирга бўлишга лойиқ эмасман”.
Ақчагул эрининг қуруқшаган лабларидан сўнгги марта ўпди-да. эшик ортидаги арқонни олиб, чала битган иморатга кириб кетди.
Кун чошгоҳга яқинлашганда одамлар жимгина Нуржаннинг уйига қараб келаверди.

* * *

Самолёт Нукус аэропортига келиб қўнди. Нуржан билан икки ўғли белгиланган вақтдан ярим соат бурун у ерга етиб боришган эди. Самолётга трап қўйилгандан бошлаб Нуржаннинг юраги хонасига сиғмай ура бошлади. У бир нарсадан қаттиқ ташвишланарди. Юраги тўлиб-тошиб келган қизи:
– Онам қани? – деса нима деб жавоб қилади?!
Улар хафа бўлмасин, деб Арзайимга бўлган воқеани билдиришмаган эди.
Лекин у ўйлагандай бўлиб чиқмади. Отаси билан укаларини узоқдан таниган Арзайим қўлидаги сумкасини ерга ташлаганча қучоқ очиб улар томонга ошиқди. Унинг киприклари орасидан сизиб чиқаётган мунчоқдек кўз ёшлари икки юзининг олмалигини, кўйлагининг ёқасини ҳўл қилганди. Арзайимнинг кўзларига атрофдаги одамлар кўринмасди. У бутунлай тақдирига тан берган отасини, мунғайишиб турган укаларини, кўз олдида гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ ғойиб бўлаётган онасининг сиймосинигина кўрар эди.
– Онамнинг бошига ҳайданг! – деди Арзайим таксига ўтираётиб.
Нуржан қизининг фақатгина соғинч туфайли эмас, онасининг ўлимини сезганлиги учун ҳам тинимсиз кўз ёш тўкаётганлигини пайқади. Лекин кимдан эшитгани, қандай билгани унинг учун жумбоқ эди.
Қабр бошида Арзайим ўзини тутиб туролмади. Беихтиёр онасининг васияти ёдига тушиб кетганида ўрнидан туриб нари кетди. Бироз ўзини қўлга олиб, яна онасининг оёқ учида анча вақт ўтирди. Онам мени кўрсин, дийдоримга тўйиб олсин деб шундай қилди…
Улар анча муддат қабр бошида туриб қолишди. Уларни она меҳри кўринмас ришта билан бу ерга боғлаб турарди.
– Кечир, қизим, – деди Нуржан уйга қайтишаётганда. – Мен онангга лойиқ йўлдош бўлолмадим. Уни бахтли қилиш қўлимдан келмади. Бир аёлни бахтли қилолмаган эркак эркакми?!
Фарзандлар оғир тин олишди. Шу топда уларнинг дийдаси қота бошлаган эди. Ҳаёт курашлардан иборат эканлигини тушуниб ета бошлаган эдилар. Бу дунёда топиш билан бирга йўқотиш ҳам борлигини англаб етаётган эди улар.
Аммо олдинда уларни ойдин келажак кутмоқда! Ўзлари орзу қилган келажак кутаяпти. Онаси кўрмоқни истаган ёруғ кунлар турибди бу йўлда.
________
* Сақ – бек, раҳбар.

Қорақалпоқ тилидан Ғафур Шермуҳаммад таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 6-сон