Дуйсбургда вокзал катта: ўн учта перроннинг ҳаммаси қуббасимон шиша том остида. Бир поезд келаверади, бошқаси кетаверади. Пулинг борми, ўтир-да кетавер: Ҳолландиями, Даниями, Швеция, Швейцария, Австрия, Франциями кўнглинг тусаган томонга… Йўловчилар оқими кундузи ҳам, кечаси ҳам тинмайди. Юклар – хомашё, тайёр маҳсулотлар оқими ҳам худди шундай. Беш эмас, ўн эмас, қирқта темирйўлда юк вагонлари ортишни ва бўшатишни кутиб туради. Чамамда, ёруғ дунёнинг бирон ерида бошқа бундай вокзал йўқдай кўринади.
Яқинда ўқитувчимиз фрау Рамахер:
– Икки синф, шу жумладан, сизларнинг синф ҳам Кёльнга саёҳатга боради, – деб эълон қилди. – Харажатларни мактаб тўлайди. Саёҳатда қатнашиш мажбурий. Лекин ота-онангиздан ёзма рухсат олиб келишингиз керак.
Мен уйга қанот боғлагандай учдим. “Мана бу гал энди, – ўйладим, – дадам йўқ деёлмайдилар.”
Айтганимдай бўлди. Гапларимни эшитиб, отам “ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам демай, бош чайқаб қўйдилар холос. Аммо мен ҳам дарҳол: “Яхши, қизим, борақол” деб рози бўлишларини кутмагандим. Унақалардан эмаслар. Аммо унамай гапимни шарт кесиб қўймадилар – шунисига ҳам раҳмат.
– Дада, агар бормасам, мени синфда қолдиришади, – деб тушунтирдим яхшилаб. – Ўқув саёҳати бу, тарих дарси билан иккови бир.
Бу чин ҳақиқат эди – мен ахир ойимга ҳам, дадамга ҳам ҳеч ёлғон гапирмайман. Биз роман-герман музейини зиёрат қилишимиз лозим эди. Умуман мен ота-онам билан Кёльнга борганман, аммо биз бу музейга кириб ўтмагандик. Биздан таассуротларимизни ён дафтарга қайд қилиб келиш талаб қилинарди. Буларнинг ҳаммасини отамга айтиб бердим ва сарф-харажатларни мактаб тўлашини таъкидладим.
– Эй, омон бўлгур, Комил оға, нимасини ўйлайсиз? – дея мени қўллади ойим.– Мактаб барча ҳаражатларни тўларкан, сиз рухсат хати ёзиб бераркансиз, холос. Тушлик учун 20 марка беринг қизингизга, тамом-вассалом. Қолгани худога ҳавола.
Барака топкур ойим зўр-да ўзи.
Лекин отамдан хафа бўлсак ҳам гуноҳ бўлади. У ўттиз марка чиқариб менга узатди.
– Мени тўғри тушун, Гултан. Биз бу ерда бегона одамлар орасида мусофирмиз. Агар эҳтиётимизни қилмасак, бир балога йўлиқишимиз ҳеч гап эмас. Сени немис мактабига берганимиз учун баъзи юрт-дошларимиз учириқ гаплар қилиб юришипти. Аммо бу менинг ишим. Улар турк вақфи фондига пул ўтказишимиз зарурроқ эди, деб ҳисоблашади. Аммо бу ҳам менинг ишим. Сен эса хотиржам саёҳатга боравер. Лекин тўғри бориб тўғри кел, ножўя ҳаракат қилма, ўзимнинг шакарим, хўпми?
– Ножўя ҳаракат қилмайди, хавотир олманг, дадаси, – яна ёнимни олди онам. Бошини кўтариб, мағрур қаради – арслондан қаери кам? – Қизимиз ҳеч қачон ёмон йўлга юрмаган ва юрмайди ҳам.
Ойим дадамни ишонтириш учун ўлиб-тирилаётганини эшитиб: “Негаям қиз бўлиб туғилдим-а, ўғил бўлганимда маза бўларди,– деб ўйладим.–Турклар ўғилларидан хавотир ҳам олишмайди, йўғам де-йишмайди – нима сўраса, пулни ҳам кўпроқ беришади. Менга бўлса “ундай юрма, бундай юрма…. бегона жойларда” деган танбеҳлар… Жонга тегди.”
Менинг ойим жудаям яхши, тушунган хотин. Отамга қандай ёндашиш, қандай муомала қилишни билади. Дадам берган пулга яна ўз ёнидан ўн марка қўшди. Фақат немисларгина ўз болаларига саёҳат учун шунча пул беришади…
Дадам ишга кеч қолмаслик учун эртароқ ётди. Мен уйдан ундан бир соат кейин кетишим керак эди. Йиғилиш соат еттига та-йинланган эди. Шунинг учун мен ҳам телевизор кўрмай, эрта ёта қолдим.
Соат жиринглаганда мен ёнбошимга ўгирилдим ва ойимнинг “У яна бир соат ухлаб олсин” деганини эшитдим. Дадам менга яна бирнеча йўл-йўриқ бериш учун ҳамон мени уйғотмоқчи бўлар, аммо ойим: “Керакли гапнинг ҳаммасини мен ўзим унга айтаман” деб, уни менга яқин йўлатмасди.
Укаларимни уйғотишга ҳам қўймади. Дадам жимгина кийиниб, ишига кетди.
Мен уйғониб ўрнимдан турганимда чой тайёр эди. Аксарият немисларнинг чойи бизникидай хушбўй ва аччиқ бўлмайди, аммо бу сафар у менга шундай ёқдики, бир йўла бир неча финжон ичдим. Ойим нимаки тайёрласа, ҳаммаси мазали бўлади. Мен яна иккита сарёғли бутерброд едим. Ойим сафар жилдимга сочиқ, совун, тиш чўтка ва тароқ солди.
“Югур, – деди у, – бўлмаса кеч қоласан!” Мен Рурортгача автобусда бориб, кейин трамвайга ўтишим керак эди. Йўл учун вокзалгача ўттиз-қирқ дақиқа вақт кетарди.
Олмонияда автобуслар аниқ вақтларда юради. Худди поездлардай. Ҳар бир қўналғада ойнали рамкада қатнов жадвали осиғлиқ. Автобуслар худди кўрсатилган вақтда келади. Бегим кунлари вақт оралиғи қисқароқ, дам олиш кунлари каттароқ. Биз – укам иккимиз унча кўп кезмаймиз. Дадам Август Тиссен заводида ишлайдилар. Шунинг учун Рурортгача ойлик чипта олиб қўядилар, шунда арзонроқ тушади.
Рурортдан ўтаётганимизда, мен дадам ишлайдиган заводни кўрдим. У Анқарадаги Хўжа масжиди каби жуда катта ва улуғвор. Унинг нақ кўкка қадалгандай карнайлари минораларга ўхшайди. Пештоқиннинг ярми ойнадан, ярми пишиқ ғиштдан. Ён деворлари эса семон, оқлаб қўйилган-у, лекин қурум босиб ётибди. Бу ерда ҳамма бинолар шу қадар кирки… Тиссен компанияси эса жуда катта бир салтанат. Бу ерда, Дуйсбургда катта заводлари бор. Брукхаузенда бундан ҳам каттароғи бор. Яна Оберхаузен, Бохум, Эссен ва бошқа жойларда ҳам заводлари бор.
“Заводимиз ташқи томондан бунчалик чиройли эканига қараманг,- деб ҳикоя қилади дадам.- Ичкариси – дўзахдан баттар. Ёзда ҳам, қишда ҳам одамни адойи тамом қиладиган алангаи оташ. Жаҳаннамнинг ўзи. Олмонлар пиво билан чанқоқларини босишади. Бизнинг турклар эса дастурхон устида айтиб бўлмайдиган “онангни”ларни айтиб сўкинишади ёки, аксинча, Оллоҳдан мадад сўраб дуо ўқишади. Биз пиво ичмаймиз, чунки бир томондан гуноҳ бўлса, иккинчи томондан ортиқча чиқим. Дам олмай ишлаб терга ботамиз.
Қайнаб турган суюқликни катта темир чўмичда сузиб олиб, қолипларга солинади.
Ҳалокат билан якун топадиган кўп бахтсиз ҳодисалар бўлиб туради. Мен ҳозирча нина тешигидан ипни бемалол ўтказа оламан. Аллақачон кўр бўлишим мумкин эди, лекин кўр бўлмадим,чунки қора кўзойнакда ишлайман.
Ростини айтсам, менинг ишим унчалик қийин эмас. Худога шукур, уни эплаб турибман. Маъданни эритиб, эритма сифатини текшираман. Қўлимда эмас, албатта, махсус ускуналар билан. Менга керакли нарсани автомат узатиб туради. Эритишни ҳам автомат бажаради. Бу Олмонияда ҳамма ишни автоматлар қилади. Сен фақат бир тугмани босасан, холос… Мен ўзим олмонларга ўхшаб пиво ичмайман. Бизникилар каби “онангни”лаб сўкинмайман. Фақат имкон қадар ишни “бисмилло” билан бошлайман. Бизда тушлик танаффус соат ўнда. Ўшанда чой ичаман: барака топкур Кўк Сулаймоннинг жаннати қизи термосларга қуйиб беради! Сарёғли ва пишлоқли бутерброд билан битта кўк олмани тановул қиламан. Танаффусдан кейин ишнинг унуми ортади.
Худди тоғдан тушаётгандай бўласан. Оёқларни чалиштириб ўтирасан, автоматлар ўз ишини қилаверади. Менинг ўрнимга келувчи шеригим – итальян. Жуда тартибли йигит, иш бошлашига роппа-расо беш дақиқа қолганда келади. Биз яхши дўстлардай қўл бериб сўрашамиз, кейин мен душга кетаман. Совун билан яхшилаб чўмиламан. Уйда совун ишлатмай қўя қоламан. Қарабсизки, фақат иқтисод қилинган совуннинг ўзидан бир йилда саксон марка тушиб турипти! Бу – битта шимга етади, бўлмаганда орқангни бекитасан…”
Рурортда мен билан бирга трамвайга синфдошим Силвия ҳам чиқди. Кўз очиб юмгунча қўлда гитараси билан Хайнрих ҳам олдимизда пайдо бўлди. Мен уни ёқтирмайман, қандайдир бир қайнови ичида, телбароқ. Вокзалда бизни фрау Рамахер кутиб олди. Тезда герр Лоренц ҳам етиб келди. Сўнг бизга ён томонимдаги партада ўтирадиган қўшним Гизела қўшилди. Соат роппа-расо етти эди. Вокзал боларининг инига ўхшарди. Бирдан бошқа шаҳарлик бир тўда ишчи ёпирилди, кўпчилик дуйсбургликлар. У ёққа ишлашга кетаётган эдилар.
– Айрим ишчилар бу ёққа ҳатто Гамбургдан ва Бонндан ҳам келади, бу ерлик баъзи бировлар эса Дортмунд ва Моннстерга ишлашга боради, – деб изоҳ берди фрау Рамахер.
Мен эса илжайиб қўйдим ва ичимда: “Фақат Олмонияда эмас, бутун ёруғ дунёда Дуйсбургдай бошқа шаҳар йўқ,– деб ўйладим. – Бу ерга олис турк қишлоқларидан ишлагани келишади. Ойим тўғри айтади: шаҳар, албатта, бошдан-оёқ тутун ва қурумга кўмилган, ҳатто тепада осмон ҳам кўринмайди, лекин бу ерда пул ишлаш мумкин, энг муҳими шу-да ўзи! Пулнинг ўрни бўлакча!”
Мана мен пулни ҳисоблай бошладим. Биргина шу Кёльн саёҳатимга дадам совундан иқтисод қилган ярим йиллик пули кетар экан. Оҳ, дадажоним, мендан ҳеч нимангизни қизғанмайсиз-а!
Болалар учта-учта, бешта-бешта бўлиб келишарди. Баъзи бировлар таксида келди. Моника Шнейдерни машинада онаси олиб келди. Урсула ўз йигити Хартман билан қадам ранжида қилди. Ҳамма тўпланиб бўлиши билан сафар халталаримизни елкага осдик ва ер ости йўлаги билан тўртинчи перронга бордик. Ёниб-парпираб турган табло поездимизнинг силжиш вақтини кўрсатарди. Биз кутиб турдик. Теграмиз йўловчилар билан тўла эди, ҳаммаси олмонлар. Баъзилари итларини ҳам олиб келишипти. Бизнинг синфда биргина мен туркман. Мен олмон тилини яхши билганим ва бошқа фанларни ҳам туппа-тузук ўзлаштирганим учун, олмон синфига қабул қилишган. Умуман олганда, турк болалари йиллаб тайёрлов синфларида ўти-ришади.
Ойим мени омадлисан дейди. Эрга тегишда ҳам омадинг келса – тамом-вассалом. Бахтли бўлдим деявер!
Биз Олмонияга кўчиб келганимизда тепамизда бир буви турарди. У мени ўзи билан бозорга олиб борар, ўйнагани истироҳат боғига етаклаб кетарди. Кўпинча уйига чақириб, мен билан олмонча гаплашарди.
Бир жумлани, эслаб қолишим учун, ўн марталаб, ҳатто йигирма марта ҳам такрорларди. Укаларимдан ҳам эътиборини соқит қилмасди. Шу кампир туфайли дадам ҳам олмонча гаплашишни ўрганиб олди. Ойим ҳатто дадамни ундан рашк қила бошладилар. Ўрталарида бирон нима бўлган-бўлмаганини билмайман, фақат ойим дадамни иккинчи қаватга чиқармай қўйдилар. Аммо бизларнинг чиқишимизга қаршилик қилмасдилар.
Бундан икки йил бурун бизнинг бувимиз ўлди. Ойим норози бўлиб, қовоқ-тумшуқ қилганига қарамай, дадам уни Нойер Фридхоф кабристонига қадар кузатиб борди. Дафн маросимида одам жуда оз эди: икки-уч қариндоши, қизи ва отам. Ётган жойи пардай юмшоқ бўлсин, илойим! Ўша хотин менга олмон тилини ўргатди. Ўшандан буён ҳаётимда ҳаммаси яхшиликка қараб кетган.
Поездимиз ҳали келмаганди. Мен Моника Шнейдер билан ёнма-ён турардим; икки ватандошимиз перронни супуриб юрганини кўрдим: бири – шундоқ ёнгинамизда, иккинчиси – сал нарироқда. Яқинимиздагиси қуюқ мўйловлари орасидан тутун бурқситарди.
– Ҳей, Комил оға,– деб қичқирди у туйқусдан. – Тугат энди, бу ёққа кел. Тез орада Мюнхен экспресси жўнайди.
Иккинчи фаррош қаддини ростлади. Худди баданимни чақмоқ ургандай бир титраб тушдим. Бу менинг дадам эди.
Бошим айланиб кетди. Бу нимаси? Дадамга яқинлашишдан ҳадиксирардим: Моника Шнейдернинг кўзи тушишини истамас эдим – унинг шу пайтда билиб қолиши бемаврид кўринарди. Дадамнинг шериги мени кўриб қолиши ҳам хатарли эди. Энг маъқули ўзни четга олиш. Мен Хайнрихнинг ортига яшириндим: унинг кифт-лари барваста, яна тағин қўлларида гитараси ҳам бор эди. Аммо ўзим дадамни кузатардим. Одатда, у ишга кетаркан, ўзининг қишлоқдан олиб келган эски кепкасини бошига қўндириб оларди. Аммо бугун у француз полициячилари киядиган кепкасимон бир нарсани кийганди. Ҳам ҳокимият фаррошлари киядиган кийимда эди. Агарда шериги унинг отини айтиб чақирмаганда мен уни ҳатто пайқамаган бўлардим. Тиш чўткага ўхшаш узун чўткаси билан йўловчиларнинг оёқлари атрофидаги сигарета қолдиқларини илиб-илиб супуриб оларди. Баъзи бир олмонлар, америкаликларга ўхшаб, кока-коланинг эзилган пакетчаларини дуч келган ерга отиб кетишарди. Ёки қатиқ пакетчаларини ахлат яшикларига отишар ва улар ҳам мўлжалга тушмай сочилиб ётарди. Бизнинг бувимиз, урушдан илгари ҳамма олмонлар жуда покдомон бўлишган, энди улар ёмон томонга ўзгариб кетишди, дер эди.
Мен ҳеч кимга билдирмай, дадам қандай ишлаётганини кузатаётганимда поездимиз келди. Дадам чўтка-супургисини пиёда аскарлардай елкасига отди-да, бизнинг перронимизга сакраб ўтди. У ўз шеригининг ёнига келиб тўхтади, шундан кейин икковлари поезд қай тахлит тарақа-туруқ қилиб ва вишиллаб, ғилдираб келишларига қараб туришди. Икковларининг ҳам мўйловлари узун-узун ва қуюқ эди. Отам биз томонга қараб-қараб қўярди. Балки у ўқувчилар тўдаси ичидан мени қидиргандир. Буни фаҳмлаганимда, кўнглим баттар чўкиб кетди.
Саёҳат ҳаммаси бўлиб бир кунга мўлжалланган эди. Уйга қайтганимда кечқурун нима дейман энди? “Демак, дада, сизни Хўжатепа масжидига ўхшайдиган ўша ажойиб заводдан ҳайдашибди-да? Фаррошликка боришга мажбур бўлибсиз-да?”
Аммо мен у нима деб жавоб беришини олдиндан биламан:
“Қизалоғим, мен сенга автоматлар тўғрисида гапириб бергандим. Бу лаънати автоматларнинг ҳар бири ўнларча, ҳатто юзларча ишчиларнинг ўрнини боса олади. Шунинг учун ортиқча ишчиларни, биринчи навбатда муҳожирларни ишдан бўшата бошлашди. Шундай қилиб мен ҳам кўчада қолдим. Турган гапки, жуда қаттиқ хафа бўлдим. Аммо сизларни хафа қилгим келмади, ҳеч кимга ҳеч нима демадим. Олти ой иш қидирдим. Одатдаги вақтим, эрта билан кетар, оқшом қайтардим. Раҳмат, дўстларим ёрдам беришди, фаррошликка жойлаб қўйишди. Кўрганингдай, энди мен Дуйсбург вокзалида, шеригим Авносли Иброҳим билан, перронларни супураман. Сен, Гултан, энди анча катта бўлиб қолдинг, ҳаёт нималигини сал-пал тушунишинг керак. Ишми иш, ишдан уялиб юриш ўринсиз. Ҳар неки бўлса-да, сендан илтимос қиламан: ойингга ҳам, укаларингга ҳам ҳеч нима дема. Яна бир илтимосим – ҳар доим айтадиган гапим – тўғри юр, она қизим. Ўзингни ҳам, оиламизни ҳам уятга қўйма. Сенга айтар гапимнинг ҳаммаси шу…”
Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 4-сон