Жан де Лафонтен (1621-1695)

Лафонтен Жан де (Jean de La Fontaine, 1621.8.7, Шато—Тьерри, Шампань — 1695.13.4, Париж) — француз шоири, масалчи. Франция академияси аъзоси (1684 йилдан).
Машҳур «Психея ва Купидоннинг муҳаббати» (1669) қиссасига «Минг бир кеча» эртаклари ҳамда Апулей (милоддан авввалги 2-аср) нинг «Метаморфозалар» асари асос бўлган.
Лафонтеннинг масал жанридаги асарлари кўпроқ шуҳрат қозонган. «Шеърий эртак ва ҳикоялар» (1—5-китоблар, 1665—85), «Масаллар» (1-12-китоблар, 1668—94) тўпламларида ўткир ҳажвчи, йирик мутафаккир, адабиётда Уйғониш даври анъаналарининг давомчиси сифатида майдонга чикди.
Унинг антик давр, Европа ҳамда Шарқ адабиёти («Калила ва Димна» ва б.), шунингдек, халқ донишмандлигидан руҳланиб яратган масаллари замонавийлиги, ўткир ҳажви, тавсифларнинг ёрқинлиги билан жаҳон сатирик адабиёти хазинасини бойитди.
Ўзбек ва рус масалчилиги ривожида ҳам Лафонтен ижодининг муҳим ўрни бор. «Косиб ва дўкондор» масали ўзбек тилига таржима қилинган (1984).

МАСАЛЛАР

ЭРКАК, АЁЛ ВА ЎҒРИ

Қачонлардир бир эр бор эди,
Ёрин севиб бахтиёр эди.
Фақат гоҳо эзарди хаёл —
Чунки уни севмасди аёл.
Бўлмаса-да, эгрими-ёвуз,
Бу аёлнинг бағри эди муз.
Бир тош эди умрида худди,
Ўтдек ёнмас эди вужуди
Гоҳ-гоҳида ўкинарди эр —
Хотини ҳам севса нетарди?
Уй бир бўлгач, ёстиқ бўлгач бир,
Наҳот, бўлак уларнинг дарди?

Шу тахлитда улар ҳаёти
Ўзгармасдан, кўп кунлар ўтди.
Бир кун эрни қаттиқ эзди ғам,
Юрак-бағри куйиб ниҳоят —
Севмайсан, деб ёрига шу дам
Дил-дилидан қилди шикоят.
Кутмаган ҳол…
Айни шу замон,
Очилганча эшик ногаҳон —
Ўғри уйга кирди бостириб.
Хотин қўрқиб, йўқотиб ўзин,
Титраб эри пинжига кириб
Шивирлади: “Жоним, азизим!”
Буни кўриб, эрга кирди жон,
У ўғрига деди: “Ошнажон,
Яхши одам экансан! Ахир,
Менга сен бахт келтирдинг бу кун.
Олгинг келса уйдан нимадир,
Олавергин! Ана, пул, тугун.
Истаганинг олгин бемалол!”
Ўғри уйни шипирди ҳалол…

Бу қиссадан нима ҳисса бор?
Демоқчиман, қўрқишлик ёмон.
Муҳаббатга ва лекин зинҳор —
У яратиб бермайди имкон.
Муҳаббатдир ўзгача. Иймон.
У бўлолмас бошга тушган қор!

Эшитганман, қай бир девона —
Қучсин, дея ўзини ёри
Ўт қўйибди. Ва ўтдан хона,
Хонадаги жамики бори
Куйиб битган бекордан-бекор.
Уни зарра севгани йўқ ёр.
Бундай ҳоллар доим муваққат,
Бошқа нарса, дўстлар, муҳаббат!

МАЙМУН

Яшар эди Парижда маймун,
Уйлантириб қўйишди бир кун.
У кўрганди… Эгаси, бир эр —
Хотинини қилиб қора ер,
Урар эди эрта-кеч. Шундан,
Тўғри қилиб балки, деб, Одам —
Ўз қавмига бизнинг маймун ҳам
Қўл кўтарди уйланган кундан.

Дўппосларди қаттиқ, ваҳшийвор.
Хотини-чи? Қулаб бемадор
Ўлиб қолди калтакдан бир кун…
Иккинчи бор уйланди маймун.
Яна ўша, кибрли турар —
Хотинми, бас, қутуриб урар…
Бу кун бизнинг, тақлид “дарди”дан
Қутулмаган ёзувчилар кам!
Бироқ мундоқ, дейиш шартмикан? —
Қаршингдаги буюк бўлса ҳам…

ДЎКОНДОР ВА ЭТИКДЎЗ

Бир дўкондор бўлар эди. Қасри-саройда
Яшар эди. Ичгани бол, пичоғи мойда.
Базми жамшид қурарди у кўрсанг эрта-кеч,
Унинг йиққан мулки эса тугамасди ҳеч.
Даргоҳида тўкин эди емак ҳам, май ҳам,
Бу даргоҳни ноз-неъматда жаннат деса кам.
Дўкондорни қийнар эди на дард, на оғриқ,
Унга худо берган эди метиндек соғлиқ.
Уни фақат…
қийнар эди биргина қайғу —
Тунлар аксар кўзларидан қочарди уйқу.
Хўш? Тинчини йўқотди у нима балодан?
Қўрқадиган жойи борми сувдан, оловдан?
Биров билмас…
негадир у топмасди ором,
Унинг руҳи аллақандай безовта мудом.
Гоҳ тун бўйи мижжа қоқмас. Ниҳоят, саҳар
Кўзи кетар ва албатта, янги дардисар —
Ухлашига халал берар… Боисин айтсак,
Ён қўшниси ашулага ишқибоз андак —
Ётоқхона ойнасига рўпара ойна
Орқасида ўтиради этикдўз, ана.
У камбағал. Уй-маскани хароба, бироқ
Ҳеч ғами йўқ. Илк саҳардан ўчгунча чироқ —
Ашулани авж пардадан туширмайди у,
Дўкондорга кундузи ҳам бермайди уйқу.
Дўкондор кўп ўйлаб юрди: не қилса агар,
Бетартиб бу “вадаванг”дан қолмайди асар?
Жанжаллашса, обрў кетар, бундан қилар ор,
Илтимос-чи? Илтимос ҳам ўтмайди. Бекор!
Боши қотди…
излаб-топиб ақалли бир сўз,
чақиртирди у қўшнини.
Келди этикдўз.
— Ишлар қалай? Саломатлик? Жон биродарим!
— Раҳмат, хўжам, ёмон эмас менинг ишларим!
— Турмушинг-чи, биродарим, азиз дўстгинам?
(Бундай пайтда биров бўлмас марҳамати кам!)
—Турмушим ҳам ёмон эмас, Худога шукур!
—Мен кузатдим, сен яшайсан худди таранг тор,
—Кайфиятинг доим аъло, машқинг жарангдор…
—Буниси рост. Ҳаётимда ҳаловат-ҳузур!
Куним ўтар менинг меҳнат билан. Билмайман тиним.
Бундан бўлак, ёш ва дилкаш менинг хотиним.
Сизга айтсам, кимнинг бўлса хотини дилкаш,
Тунми, кунми бўлмас унинг юрагида ғаш.
—Топган пулинг етарлими яшамоқ учун?
—Ўйлашимча, ўз ҳаддини агар билса ким,
Бу дунёда бўлмас унда ортиқча чиқим.
—Демак, дўстим, бой бўлишга майлинг йўқ бу кун!
—Менинг учун неки бордир қўлимда, басдир,
Лекин, хўжам, одам зоти бемайл эмасдир.
Бу дунёда тартиб шудир, одатда инсон
Яшолмайди қимирламай, беғам-беармон.
Сен бадавлат бир кишисан. Аммо сенга ҳам
Биламанки, бор давлатинг кўринади кам.
Мен ҳам бир оз бойроқ бўлсам, қилмасди зиён.
—Баракалла. Гапни дангал айтдинг, биродар,
Ҳаёт экан! Биров бой-у, қашшоқ бировлар.
Гарчи дерлар, камбағаллик айб эмас, бироқ
Одам учун бой-бадавлат бўлган яхшироқ!
Сен бор гапни гапирганинг хуш ёқди менга,
Мана, сенга бир халтача олтин. Мукофот.
Худо қўллаб, орадан кўп ўтмасдан, сенга —
Ишонаман, насиб этар тўкин-тинч ҳаёт!
Мана, сен ҳам бойсан энди. Қўлингда олтин,
Аммо уни асраш керак ҳаммадан олдин.
Совурмагин. Қара, бир кун бу беш юз танга
Эҳтимолки, керак пайтда ярайди сенга…
Шундан кейин, дўкондорга айтмай ҳеч бир сўз,
Олтин билан ўз уйига кетди этикдўз.
Халтачани этагига эҳтиёт ўраб,
Ўз-ўзидан қўрққанича ўнг-сўлга қараб —
Уйга келди.
Ерга кўмди олтинни шу дам,
Ерга кўмди олтин билан…
ўз тинчини ҳам!
Куйламасдан қўйди энди. На завқ, на уйқу —
Безовталик балосига дучор бўлди у.
Типирчилаб, кундан-кунга қуриди шўри:
Уйдан-уйга мушук ўтса агар бемаҳал
Ёки тунда эшик-ойна ғижирласа сал —
Ўйлардики, келаяпти ёвуз бир ўғри.
Қулоғи динг. Боши гаранг. Хаёл паришон,
Ҳар томонга югуради, ҳалқумида жон.
Хуллас, турмуш чиқди издан ваҳима босиб…

Кунлар ўтиб, ҳушин йиғди ниҳоят, косиб.
У олтинни ердан олиб, ўраб этакка,
Кириб борди, қўшнисини яна кўрмакка.
Дўкондорга қайтиб берди мулкни этикдўз,
Мийиғида кулганича сўнгра қотди сўз:
— Раҳмат, хўжам, олтин менга бўлди дардисар,
Мен олдинлар фароғатда эдим нақадар,
Камбағалга асло тўғри келмаскан олтин —
Мени тинч қўй, ўзинг уни яхшиси олгин.
Менга билган ашула-ю
уйқуга эваз —
Бошқа нарса бу дунёда керак ҳам эмас!

Русчадан Омон Мухтор таржималари