19 февраль куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлари ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан икки мамлакат раҳбарлари бир-бирига табрик хати йўллади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти Дональд Трампга йўллаган табрик мактубида бундай дейилади: “Ўтган даврда ўзаро дўстлик ва шериклик муносабатларида мустаҳкам пойдевор яратилди. Кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадал ва кенг кўламли характер касб этди”.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг фундаментал принцип ва концептуал асослари ўзгармасдан қолишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон АҚШ билан анъанавий муносабатларни сақлаш, ҳар томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг қатъий тарафдоридир.
Мактубда Америка бизнесининг юртимизда узоқ муддатли фаолият юритиши ҳамда АҚШнинг етакчи корпорация ва компаниялари билан инвестициявий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланган.
Ўзбекистон Президенти ўзаро англашув, ҳурмат ва икки томонлама манфаатдорлик тамойилларига асосланган стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни янада ривожлантириш икки халқ манфаатларига хизмат қилишини қайд этган.
Ўз навбатида, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Ўзбекистон етакчисига табрик мактуби йўллаган.
“Келгуси йилларда ҳам минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий мақсадларимизни амалга оширишда Сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз, деган умиддаман. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикаси ва унинг қўшни давлатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Сизнинг Марказий Осиёни янада тараққий эттириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайди”, – дейилган Д.Трамп йўллаган мактубда.
Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 19 февралда ўрнатилган. Ушбу давр мобайнида ўзаро ҳамкорликнинг улкан салоҳияти шакиллантирилди ва коструктив ҳамкорлик тажрибаси тўпланди.
Ўзбекистон-Америка муносабатлари доирасидаги барча йўналишларда сифат жиҳатидан янги ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни белгилаб берган асосий ҳужжат бу икки мамлакат ўртасида 2002 йил мартда имзоланган Стратегик шерикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги Декларация ҳисобланади.
Шу мавзудаги мақола:
Президент Шавкат Мирзиёев Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан учрашди. 02.02.2017