20 февраль куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.
Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, зиёратчилар, ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ва ошпазлардан иборат 200 нафар киши Саудия Арабистонига кузатилди.
Зиёратчилар Маккаи мукаррамада “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Нур ал-Мавадда” меҳмонхоналарида турадилар. Уларга Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги “ал-Ҳидоя” ширкати хизмат кўрсатади.
Зиёратчиларни Жидда шаҳри аэропортида кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари Ҳаж ва Умра масалалари бўйича атташе З.Абдуллаев бошчилигида ишчи гуруҳи ва “ал-Ҳидоя” ширкати ходимлари билан биргаликда амалга оширилади.
Бу йилги баҳорги умра мавсумида 5500 нафар ва Рамазон мавсумида 670 нафар юртдошларимиз умра зиёратига бориши режалаштирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасидаги келишувга кўра, “Умра-2017” баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 1 апрелга қадар давом этади.