Агар яна бир зум, бор-йўғи бир зумгина суратга қараб турса, кўксини чангаллаб йиқилишига унинг кўзи етди. Кулги деганиям шунчалик ўткир, шафқатсиз бўладими! Кўзлардан отилаётган ханжар Эркиннинг ўнг-сўлида ялтирар, ханжардан узилган сиртмоқ томоғига ёпишар, бўйнини аёвсиз қитиқлаб, бироз чекингандай бўларди-ю, «а» дейишлик вақт ўтмасдан яна қайтадан ҳужумга ўтарди. Эркин хонанинг қайси томонига кўзини олиб қочмасин, ханжар яшиндек қувиб етарди. Тўрт томон девор, шифт, эшик, дераза, хонадаги катта-кичик нарсаларнинг ҳаммасига ёпишиб олган, кулаётган кўзлар таъқиб этарди. Сассиз-овозсиз кулги шунчалик даҳшатли бўладими-я? Бундан кўра қулоқларини қоматга келтириб, узиб-узиб олгудайин бақириб кулса яхши эмасми?
Эркиннинг қўлидаги бўёқ чўтка титрай-титрай ердан нажот излади. Тезроқ иложини топмаса бўлмайди, яна бир лаҳзагина кечикса, ханжар ва сиртмоқ шериклашиб олиб, уни ерпарчин қилишади. Тезроқ! Эркин қўлига илашган матони сурат устига ёпди. Сиртмоқни йиғиштириб олган ханжар қоп-қора мато ортига яширинар экан, Эркин ҳолсизланиб, лиқилдоқ курсига чўкди.
Норози ғижирлаётган курсида беш дақиқа ўтирдими, ўн дақиқами, ўзининг афтода ҳолидан ғаши келган Эркин пешонасига устма-уст шапатилаб урди-да, қора мато ёпилган расмга қарамасдан ўтишга уриниб, хона бурчагида қапишиб ётган суратлар томон етиб олди. Қидирган расмини осонгина топди. Бошдан-оёқ ярми қоронғуликка кириб бўлган одам ортидан соч-соқоли ўсиб кетган, узун чопони ерда судралиб бораётган йигитнинг илтижо тўла нигоҳи қувларди. Йигитнинг ортида ям-яшил майсалар қоплаган йўл, икки қадам ортда тошлар туртиб чиққан ўнқир-чўнқирлик, олдинда тарам-тарам ёрилган чўл, бир қадам нарида қумлоқ саҳро йўли… Эркин баъзан бу расмни ўзи чизганини ҳам унутган ҳолда унга соатлаб термулиб ўтирарди. «Вақти келиб бу сурат сени дунёга танитади. Йигитнинг кўзидаги илтижонинг ўзи бир олам. Ҳар гал томоша қилганимда бир ўйланаман: бу беғубор нигоҳдаги илтижо нима учун? У қоронғуликка сингиб бораётган инсонни тўхтатмоқчими? Ё йигит ўзидан анча олдинда бораётган инсонга й
этиб олиш, у каби зулмат қўйнидан нур, ҳақиқат қидириш учун илтижо қиляптими? Балки… йўқ, бу расмни шарҳлаш оғир. Мен инсон кўзларини, ундаги маъно, ифодани бунчалик усталик, маҳорат билан чиза олмасдим. Эсингдами, кўп рассомлар айнан инсон кўзини тасвирлашдан чўчишади, деганларим?!»
Устозининг ҳайрат тўла кӯзлари Эркиннинг елкасидан тортиб, ерда мунғайиб ётган бўёқ чўтка томон етаклади. Эркин бундан уч кун олдин, ташқарида ёмғир сим-сим ёғиб турган маҳал бошлаб қўйган сурати нусхасини қўлига олди. Осмонни қора булут қоплаган, оқ рўмолини томоғидан айлантириб танғиб олган олтмиш ёшлардаги аёл қўлида бир тутам ям-яшил кўкат, кўзлари кулиб қараётгандай туюлса-да, қорачиқларининг туб-тубида оғир бир мунг яширинган…
Эркин сурат нусхасини чизиб бўлар экан, қорачиқлардаги мунг сўроғи нигоҳига қадалиб олди. Қаерда кўрган эди бу мунгни? Балким, ҳеч қаерда, ҳеч қачон кўрмагандир. Шунчаки хаёл маҳсулидир? Хаёлига келгач, чизди-қўйди-да. Мунг яширинган қорачиқни ўзи ифодалаб, ўзи ундан қочишга паноҳ излайдими? Эркин кўзини қаттиқ юмган кўйи бор нарсани унутишга уринар экан, тўсатдан ғира-шира манзара бостириб келди-ю, ҳалигача ёлғон тасалли излаб, ўз-ўзини алдаётганини тан олди…
… Шаҳар ўртасидаги дарёга туташиб кетган хиёбон. Ҳали барг ёзишни хаёлига ҳам келтирмаган атиргул кўчатлари атрофини ям-яшил майсалар қоплаган. Осмонни эгаллаб олган қоп-қора булутлар қийтиғидан сизаётган бир тутам нур майсалар бетини эркалаб силайди. Қўлида жимит пичоқча тутган, оқ рўмолини томоғидан ўраб танғиб олган аёл майсаларга озор беришдан чўчигандайин оҳиста қадам қўйиб, жағжағ териб, ипини елкасига ташлаб олган халтачасига авайлаб соларди. Майсалар узра энгашганича зўрға зарур гиёҳни излаётган аёл беш-ўн қадам нарида тўхтаган қоп-қора «Мерседес»га, ундан тушиб, ўзи томон яқинлашиб келаётган йигитга ва икки қадам ташлар-ташламас, лабини бурганча тўхтаган жувонга эътибор ҳам бермади.
– Ойи, ойижоним-эй, изламаган жойим қолмади-я. Бир оғизгина айтиб кетсангиз бўлмайдими-я! Уйқудан туриб хонангиздан чиқиб қоларсиз, деб қанча пойладим. Йўқсиз. Тонг саҳарлаб нима қилиб юрибсиз бу ерда? Ие-ие, елкангизга нима осиб олибсиз? Ойижоним-эй, – ўғил хотиржам, ширин гапиришга уринаётган бўлса-да, овоз оҳангида билинар-билинмас ранжиш сезиларди.
Аёл ўзи излаётган навбатдаги майсани пичоқчаси билан оҳиста қирқиб олгач, елкасидаги халтачасига солди-да, ўғлига юзланди:
– Болам, кўнглим жағ-жағ сомса тусаб қолди. Кўкка етказганига шукр, деб…
– Оббо, ойижоним-эй, – ўғил онанинг кулимсираган кўзларидаги ўтинчга эътибор ҳам бермасдан, сўзини шартта бўлди. – Кўксомса егингиз келган бўлса, менга айтмайсизми! Ҳозир бозорда одамнинг жонини ҳам топса бўлади.
– Мен, мен… ўз қўлинг билан терганинг бошқача-да, болам. Невараларимга ўзим пишириб берайин деб…
– Невараларингиз… болаларим шу сассиқ ўтга қараб қолишган эмас, – бу гал аёлнинг сўзини юпқа лаблари тўхтовсиз очилиб-юмилаётган жувоннинг шанғиллаши бўлди. – Еганингиз олдингизда бўлса, одамларнинг қозони ойлаб гўшт кўрмаётган маҳал кунига уч марта сергўшт овқат пиширсак! Сизнинг мақсадингиз бошқа – ўғлингизни, мени ёмонотлиқ қилиш! Одамлар анов кампирнинг қорни нонга тўймасдан ўт териб юрибди, деб айтишсин-да, кимсан Ўткирбекнинг онаси-я, дейишсин-да…
– Хоним, ўзингизни босинг, уйимизда эмасмиз, – ўғил онасининг қўлидан авайлаб етаклар экан, хотинига ўқрайди.
– Менга кўзингизни олайтирманг! Сиз учун одамларнинг гап-сўзи бир тийин бўлса, ана, боринг, онангиз билан бирга-бирга сассиқ ўт теринг!
Жувон шартта бурилиб, чопганича машинага ўтириб олди. Қарсиллаб ёпилган эшик инграганча оғир хўрсинди…
Эркиннинг ярим соатча илгари ўксиниб турган хотираси енгил нафас олди-да, бундан беш йил бурунги манзарани бор бўйича тасвирлади. Ўнг қўлида жимит пичоқча, чап елкасида халтача, оқ рўмоли томоғидан танғиб ўралган аёлнинг кулимсираган кўзлари қорачиқлари тубида мунг. Юракларни тешиб юборувчи мунг!
Ҳали тайёр бўлмаган суратнинг нусхаси ўз номи билан нусха. Эркин нусхага қарамасликка уриниб, хотираси араз қилмасдан бурун янги расм чизишга тутинди. Кўпинча янги асарни бошлашдан олдин инжиқлик билан ранг танлар, танлаган рангларидан кўнгли тўлмасдан, бошқасини излар, қайта-қайта алмаштирарди. Бу гал зарур ранглар осонгина топилганидан ўзи ҳам ҳайрон, фақат кўзларига қадалганча нари кетмаётган мунгли қорачиқларни аслидайин тасвирлай олишни ўйлаб хавотир тортар эди.
Икки соат ишладими, уч соатми, эшик оҳиста тақиллади. Эркиннинг норози нигоҳи остонада чойнак тутган хотинининг ҳуркак кўзларига тўқнашди.
– Эшикни ёп! Мен сендан чой сўрадимми? – Эркин бақириб айтиши зарур бўлган гапни пичирлаётганидан ҳайрон эди.
– Дадаси… анов… буюртмачилар келишувди. Сизни кўрамиз деб… икки оёқни бир этикка… ҳа, бир этикка…
– Чайналма бунча. Чойнакни қўйгин-да, эшикни ёп!
Аёл кичик хонтахта устига чойнакни қўяркан, ичкарига ҳеч қандай такаллуфсиз икки йигит кириб келди.
– Ассалому алайкум, акажон! Бу сизнинг олдингизга кириш хўжайиннинг ҳузурига киришдан ўн баравар қийин эканми…
Эркин қўшқўллаб кўришган биринчи йигитга худди Азроилни кўргандай олайганди, иккинчи йигит садақа узатаётгандай қўл чўзди.
– Бизни хўжайин юбордилар, – Эркиннинг тилига кўчаётган аламли нафратини қўшқўллаб сўрашган йигит тўхтатиб қолди. – Бориб, бир хабар олингларчи, сурат битдимикан, дедилар. Энди, акажон, эрта ўтиб, индин юбилей. Онахонимиз ҳаёт бўлганларида етмишга кирардилар. Ким ўлган онасининг юбилейини қилиб, одам тўплайди, айтинг. Хўжайиннинг валломатликларини бутун шаҳар билади. Агар сиз ҳам онахоннинг суратларини кўнгилларидагидай чизган бўлсангиз, агар тўйга келганлар қойил қолиб кетишса, биласизми, хўжайин сизни зарга кўмиб ташлайдилар…
« Э, келинг, келинг, нима дейдилар, шаҳримизнинг, нима дейдилар, Беҳзоди, йўқ, Монийси сиз экансиз-да…»
Ҳали эшикдан кирмасдан олдин ҳам Эркин ўзи ўзидан ўпкалаб келаётган эди. Аввалига шаҳарда Ўткирбек деб ном чиқарган, қўли узоқ-узоқларга етадиган одам юборган вакилни қуруқ қайтармоқчи бўлди. Иши бўлса, ўзи келсин эди, манови вакил кўзини лўқ қилганча, агар хўжайин ўта муҳим ишлар билан банд бўлмаганларида , ўзлари келардилар, деганда, шартта нима мен бекорчиликдан пашша қўриб ўтирибманми, дея тарсакилашга чоғланди-ю, остонасига биринчи марта қадам босган меҳмон ҳурмати шаштига сув сепди. «Борганингизда ўзлари айтарлар, лекин менинг эшитишимча, онахонимизнинг суратларини чиздирмоқчилар. Хўжайиннинг таъблари нозик, унча-мунча нарсани ёқтирмайдилар. Манаман деган рассомларнинг суратларини кўриб, сизни маъқул топдилар», вакил негадир чўчинқираётгандайин сўзларди.
Пўрим кийинган, салобатидан от ҳуркадиган одам бозор оралаб мол танламоқда. Атрофдаги хилма-хил молларга нописандлик билан кўз қирини ташлаб ўтди, ниҳоят, биттасига қўлини бигиз қилди: менга мана шу маъқул, нархи қанча?
Бормайди! Шаҳарни сўраб турган бой бўлса, ўзига!
Вакил титраб-қақшаб қўлидаги телефон рақамини териб, пичирлайди:
– Ака, хўжайин сиз билан гаплашмоқчилар. – Вакил телефонни Эркинга узатгач, титраётган қўлларини орқасига яширди.
– Ассалому алайкум. Эркин ака, безовта қилганим учун узр, – Эркин телефонда гапираётган одамнинг фақат шаҳарга эмас, бутун музофотга номи кетган Ўткирбек эканлигига ўзини ишонтиришга уринди. – Агар ўта серташвиш бўлмаганимда, ўзим бош уриб борган бўлардим. Биламан, ижодкор одамнинг ортиқча вақти бўлмайди, бўш юрганларингда ҳам хаёлларинг янги мавзу билан банд. Шу… онажонимизнинг ҳурматлари учун бирров келиб-кетсангиз, сиздан миннатдор бўлардим…
Эркин «майли, вақт топиб борарман», деганини сезмай қолди.Ўткирбекка «борарман», деб айтган бўлса-да, Эркиннинг ҳеч оёғи тортмади. Агар ўша куни уйидаги қадимий араби гиламига харидор келмаганида ва қайнисининг аччиқ-тизиқ маслаҳатларини эшитмаганда эди, Ўткирбекка сим қоқиб, узрини айтиб, юрагида олишаётган итларни қувиб чиқарган бўларди.
Лекин ўша куни аввалига кун оралаб эшик қоқадиган, эски буюмларни қидириб юрадиган қўшниси келди ва яна ўн марта такрорлаган эски гапини бошлади: «Бозори келганда сотиб қолинг бу эски матоҳингизни, ўрнига ўнта янги гилам олиб ташлайсиз. Эрта-индин ҳеч ким сўрамаса, пушаймон ич-этингизни еб қўймасин, қўшни. Қиёмат қўшнидан деганларидек, бир ярим баравар нархини айтяпман. Ўйлаб ўтирманг.» Қўшнининг гапларидан ғаши келса-да, Эркин ғазабини ичига ютди. «Қўшни, қочиб кетаётганингиз йўқ-ку, сотадиган бўлсам, ўзим уйингизга чиқаман» – Эркин бу сўзларнинг тилига қандай келганлигига таажжубда эди.
Қўшнининг ортидан қайниси кириб келди. Дарров қаердан хабар топа қолибди, опасидан эшитганми ё, бир пиёла чой ичар-ичмас, Ўткирбекнинг таклифидан гап очиб қолди. «Почча, дангалига кўчай, бунақа имкониятни фақатгина ғирт аҳмоқ одамгина қўлдан чиқаради. Ўткирбекнинг марҳаматини истаб унинг эшигида сарғайиб ўтирадагин рассому шоирлар, ҳофизу ёзувчилар сон мингта. Ана, ҳамкасбларингиз майда-чуйда бойвачча-ю, амалдорларнинг расмини чизиб, кун кечиришяпти. Почча, агар ўзимдан орттира олганимда, жиянларимдан топган-тутганимни аямасдим. Эрта-индин ўғлингизни уйлантиришингиз керак. Нима, келинни шу каталакдек икки хонали уйингизга туширасизми? Келин-куёв опам билан бир хонада яшашадими ёки устахонангизда расмлар билан гаплашиб ётишадими? Агар Ўткирбекнинг этагидан тутсангиз, кўргазмаям қиласиз, кейин, – қайни иккита нон, тақсимчадаги қанд ва чойнак-пиёладан бошқа ҳеч нарса йўқ, бир четида нўхатдек тешик қорайиб турган дастурхонда кўз айлантирди, – кейин р
ўзғорингизни бутлаб оларсиз.»
Кўнгли оғриб, юраги атрофи сим-симлаётган бўлса-да, Эркин тилини тишлади. Опа-сининг ўн йилдан буён эски палтосини алмаштирмаганини, жиянларининг йўлкира топа олмай, ўқишга яёв боришларини, кунда бир маҳал аранг қайнайдиган қозонларининг гўшт нималигини унутиб юборганлигини яхши билса-да, қайниси ҳеч қачон оғиз очган эмас. Хотини-ку, нолиш деганларидан етти чақирим наридан ўтади. Ўтган ой ўғлини университет йўлида ҳамсабоқлари билан учратганда ўзининг ночорлигидан биринчи марта ошкора ўкинди: қимматбаҳо кийимлари ўзларига ярашган йигитлар орасидаги ўғли эгнидаги ранги унниқиб кетган кўйлак-шимидан бўйин қисиб жимгина бораётгандай эди… Агар… агар Ўткирбекнинг кўнглига йўл топса, унинг ўғлиям бошқа тенгдошлари қатори бошини баланд кўтариб, ҳеч кимга гап бермай юрарди, рўзғори яхшиланарди, балки икки азалий орзусига етарди ҳам: алоҳида устахона очиб оларди ва суратларининг кўргазмасини ташкил этарди. Ўткирбекнинг олдига борса-борибди, устига қа
йниси айтмоқчи бошқалар эшигида сарғайиб ўтирадиган одамнинг ўзи йўқлаётган бўлса, у ялинаётган бўлмаса…
… Беҳзод деяпти бу, Моний деяпти… Ўзини билимдон кўрсатиш учун китоб варақлаганми? Аслида қўлига китоб олишга вақти бормикан? Бир ишорага маҳтал шогирдлари сўраб-суриштиришгандир балким…
– Эркин ака, ўтган йили мен шаҳар рассомлари кўргазмасида сизни бир кўргандим. Ўшанда, кўнглингизга келмасин, ҳамма суратлар олдида йўқ деганда беш-олтитадан одам, фақат энг чеккадаги расм олдида биттагина йигитча турарди. Бошқа суратларни томоша қилаётганлар алмашар, йигитча эса, жойидан жилмасди. Мен йигитчани мафтун этган сурат томон юрдим. Унда бир одам қоронғулик қўйнига кириб борар, ундан анчагина ортда келаётган узун чопонли инсон изма-из борар эди. Бирпасда мен ҳалиги йигитча ҳолига тушдим. Ана шунда шаҳримизда шунчалик зўр расм чизадиган рассом борлигини билмаслигимни ўйладим…
«Кўнгил топишга устаси фаранг экан. Бир зумда ўзига ром этди-қўйди-я». Эркин ҳали дабдабали уйга қадам қўйганида кўкрагидан итарган ётсирашнинг бегона бўлганини тан олди.
– Хуллас, Эркин ака, раҳматли онамизнинг етмиш ёшларига ош бериш ниятидамиз. Шунга иккию-уч ҳажмда портретларини чизиб берсангиз. Миннатдор бўлардим. Истаган пайтингизда хизматингиздаман. Эшитдим, портрет ишлашни унчалик хуш кўрмас экансиз. Лекин «Жоконда – Мона Лиза», «Мадонна Конестабилс», гарчи бола билан бўлса-да, «Номаълум аёл» каби буюк асарлар ҳам бор-ку…
Барибир Эркин Ўткирбекнинг онаси расмини чизишга истар-истамас кириш-ди. Ўткирбек мана шу суратга қараб чизсангиз, яхши бўларди, дея ўз қўли билан берган фотосуратни ўрганаётган пайтда устахона эшиги тақиллади. «Онахоннинг бошқа суратларини бериб юборишди. Бунисига қараб ишларкансиз», – дея фотосурат узатди қўшқўллаб сўрашадиган йигит. – Манови пулга бўёқ, мато, бошқа керакли нарсаларни сотиб оларкансиз!» Йигит Эркиннинг қўлига юз долларлик тутқазди. «Суратни хўжайиннинг кўнгилларига ёқадиган қилиб чиза олсангиз, мингта кўкидан оласиз. Агар вақтида ва хўжайин айтганларидай қилиб чизмасангиз, сиз мингта берасиз! – Садақа узатаётгандай қўл чўзадиган йигит беўхшов ишшайди, – ўн кун етиб-ортса керак битта сурат чизишга! Нима ўн кунда минг долларлик бўлиб қолсангиз ёмонми?..»
«Ўткирбек онасининг қиёфасини бахтиёр тасвирлашимни истабди-да». Эркин «югурдаклар» ташлаб кетган фотосуратни кўздан кечирар экан, миясида шу фикр чақнади. Бу сурат Ўткирбек олдин бериб юборган суратдан бутунлай фарқ қиларди. Олдинги суратда чеҳрасидан нур ёғилиб турган олтмиш ёшлардаги онахон маъюсгина турарди. Янги суратда суратчи «кулинг», деган чамаси, эллик ёшлардаги аёлнинг зўраки табассумдан кўзлари қисилган.Эркин яхшироқ қараб, фотосуратнинг кейинчалик қайта тайёрланганини сезиб қолди. Аёлнинг бўйни ва ундаги тилла занжир, атиргулли қора барқут кўйлак ўзиники эмас эди…
«Онасини бахтиёр тасвирлашимни истабдими, истагини юз фоиз бажарганим бўлсин. Жоконда, номаълум аёл ҳақида сафсата сотган эканда. Мен лақма… лаққа тушаверибман-чи. Йўқ, чизмайман бунақа расмни! Ана, эшигида сарғайган рассомлар камми, кимга истаса чиздираверсин!» Эркин сурат ва пулни чўнтагига солиб, эшик очганида, йўлакда пастак курсида ўтирганча пошнаси ейилган туфлисини ечаётган ўғлига кўзи тушди. Ўғлига ортиқ қарамасликка тиришиб, оёғига поябзалини илди. Сурат учун зарур ашёлар олишга аҳд қилиб бозорга йўл олди…
Қўшқўллаб сўрашадиган йигит Эркин чизаётган расмга оғзини очганча тикилиб қолди.
– Ё қудратингдан, онахон тирилиб қолибдиларми?
– Нажот, сурат тайёр бўптими? Қани қоч, мен ҳам бир кўрай, – садақа бераётгандай қўл узатадиган йигит суратга қараб афтини буриштирди. – Ким бу кафанга ўралган кампир? Ҳой, акахон, биз буюрган сурат қани? Ё фотосуратни йўқотиб қўй-дингизми? Қулоқларингизга пахта тиқилмаганми? Агар эртага кечгача суратни тай-ёрламасангиз, минг долларни санаб қўяверинг.
Эркин устига қора мато ташланган сурат томон юрди. Мато ортидан ўқдек отилган кулги чўзилган қўлини қайтариб ташлади.
– Қулоқдан пахтани олдингизми? Эртага бошқача гаплашамиз! Биз сизга ўхшаб сўзимизни ҳавога учириб, бош қашиб ўтирадиган эмасмиз! Нажот, нега анқаясан? Кетдик!
Қарсиллаб ёпилган эшик «менда нима айб», дегандай ғижирлаб Эркиннинг тилига кўчаётган ғазаб йўлини тўсиб, бўғзига қайтарди.Мадорсиз оёқлар шалвираб эгасини бўёғи қуримаган сурат қаршисидаги лиқилдоқ курсига бошлади. Эркиннинг юраги симиллаб оғрир, умидвор нигоҳи ёпиқ эшик ортидан нажот изларди. Хотинининг рухсатсиз киришга юраги бетламаслигини яхши билса-да, ҳозир унинг бир пиёла сув ва юракдори кўтариб киришини истарди. Эшик очилавермагач, ўрнидан тураётганди, мунгли нигоҳ илтижоси елкасидан босди. «Она сутини унутган бир югурдак йигитчанинг гапларига аза очяпсанми, ўғлим? Ёруғ дунёнинг ғалвалари кўп, лекин бош қотиришга арзийдиганлари оз». Қорачиқлар тубидаги мунг юракдаги сим-сим оғриқни суғуриб олди.
Йўқ, бир дунё зар берса-да, кўксига замбарак тираса-да, бу суратни ўша Ўткирбек деганларига бермайди. Агар, борди-ю, Ўткирбек онасининг суратини кўр-са, қорачиқлардаги мунгга чидай олармикан? Ғалати хаёлларга боради-я! Шаҳарда фақат ўзидан бошқанинг номини тилга олмасликлари учун чиранадиган Ўткирбек деганлари суратдаги ифодани қандай ҳис қилсин? Унга онасининг асил қиёфаси эмас. ҳаётидан мамнун, қўли осмонларга етгувчи ўғлининг тўкин-сочин хонадонидаги бахтиёр тасвири керак! Йўқ, ҳеч қачон қорачиқдаги мунгни кўр юракка топшириб қўймайди. Минг доллармиш-а?! Қорачиқдаги мунгни бозорга солиб бўларканми? Бериб бўпти! Бирпас тўхта, Ўткирбек бу суратга эмас. бошқа бахтиёр қиёфага харидор-ку!
Эркин устига қора мато ўралган суратни авайлаб кўтариб, яширишга жой излади. Хонанинг тўрт томонида анча кезинди, охири нусха суратлар ортига жойлади. Ўн-ўн беш дақиқадан сўнг уйга эски буюмларни сотиб олувчи қўшнисини бошлаб келди…
– Дадаси, сизни сўрашяпти…
– Ким? – Эркин остонада қимтиниб турган хотинига норози боқди.
– Чиқсангиз кўрасиз…
Хотини ортга буриларкан, ноилож эргашган Эркин йўлакдаги араби гиламни кўриб тўхтади.
– Қўшни айнаб қолибдими, хотин? Пулини… ҳалиги югурдаклар олиб кетишгандими? Энди…
– Дадаси ташқарига қаранг, кутиб қолишди, – хотини пичирлар, лекин шундай бўлса-да, овозидаги титроқ сезиларди.
– Намунча ичимдагини топ, бўлмасанг?! – Эркин ғудранганча эшик очди.
– Ассалому алайкум, Эркин ака…
Эркин кулимсираганча қўл узатган Ўткирбекка бақрайиб қолди.
– Уйингизга кирсам бўладими, Эркин ака…
– Э, майли, майли…марҳамат, – Эркин Ўткирбекни устахонага бошлади. – Айбга буюрмайсиз, ҳаммаёқ ивирсиб ётибди. Биз сизни…
«Нимага киритди уни? Нега ўғирлик қилган ёш бола мисол титраб-қақшаяпти?»
– Мен… мен онажонимни соғиндим, – Ўткирбек Эркиннинг норози, алғов-далғов хаёлларини титкилаб ташлади. – Онажонимнинг қорачиқларидаги мунгни кўргани келдим…
Исписор,
декабр, 2003 йил.