— Зулфи-и! Ҳо, Зулфияхон! Чиқақолинг, севинчли хабар кеп қолди!
— Ҳозир, она, ҳозир чиқаман.
Зулфиянинг товуши қўнғироқдек жаранглаб чиққан бўлсада, унинг ўзи ҳийла паришонхаёл эди. Кундошларининг ёнида сир бой бермайди, шу боис қандай бўлмасин чеҳрасидан табассум аримайди.
Уларнинг раъйига қарамоғи лозим, улардан ҳушёр юрмоғи лозим, улар билан орани бузмаслиги шарт… аммо-лекин ҳар нима қилганда ҳам аёл аёлда: Зулфия иккала кундошидан ўзининг ёшлиги, қолаверса… самбит новдадай расо бўй-басти, суқсурдай чиройи билан бойга суюклироқ эканлигини ҳам яхши ҳис қилади, вақти-бевақт шу борада тили узунлигини кўз-кўз қилиш илинжида киборли юришлару, беписанд боқишлар қилиб қўяр, унинг бундай қилиғидан Адолатнинг ич-эти қирилиб тушаётганини сезиб, қувончидан қарсак чалиб юборишдан базўр ўзини тияр эди. Ўрни келганда Адолат ҳам яхшиллатиб игнасини санчиб олар, Зулфиянинг туғмаслигини киши билмас пичинглар билан бетига солар эди.
Тавба… Зулфия қизлик чоғи ўзидан икки ёш катта Адолат билан Олия отинда таҳсил олган, негадир у билан жанжаллашгани-жанжаллашган, отин ойи, «Ҳо-ой, Зулфи, ҳо-ой Адол, нима бало, кундошмисанлар, юмдалашганинг юмдалашган!» дея чакак қокқани қоққан эди. Фаришталар «омин» деган экан, тақдир уларни бир эрга хотин қилди…
Улар орасидаги пинҳона «жанг»лар бир сафар ошкор тўқнашувга айланди. Нима бўлдию, уйда ўзларидан бошқа ҳеч зот йўқлигидан фойдаланишдими, икки кундошнинг дилидаги тилига кўчди: Зулфия бойнинг суюкли кенжа хотини эканини пеш қилди, Адолат унинг тирноққа зорлигини «фош» қилди. Шунда Зулфия кундошининг бу борадаги севинчини ҳам чиппакка чиқарди:
— Куз келсин, қўчқордай ўғил туғиб бермасам, отимми бошқа қўяман! Ҳа-а, аламингдан ёрилиб ўларсан, ўшанда!..
Адолат ҳанг-манг бўлиб қолди, ишониб-ишонмай кундошининг қорнига анграйди, сўнг ўзининг ғафлатда қолганини сезди шекилли, бир нарсани шошилинч олиб чиққани зипиллаб юриб уйига кирди. Алланималар дея вайсади-вайсади-да, охири йигғамсираб қарғади:
— Йўқол, маҳаллангга йўқол!
Зулфия дабдурустдан қарғинишнинг маъносига тушунмаган бўлса-да, бўш келмади. Дераза ёнига яқинлашди-да, овозини баралла қўйиб аламини олди:
— Жа, билгинг келаётган бўлса, тарозини обке, тож-тахтимиззи бир тортиб кўрамиз! Йўқол кимлигини ўшанда биласан! Ҳу-у, зоти паст!..
Бу жанжал Мактабхон онанинг қулоғига қайдан етди — Зулфия ўйлаб-ўйлаб тополмади. Она Адолатга нелар деб танбеҳ берган-бермагани унга қоронғи, лекин бир оқшом суҳбат орасида Зулфияга ётиғи билан насиҳат қилди:
— Зулфияхон, болам, кибор — кибрдандир, кибр — ҳаромдир… Илоҳим, Бой оғамизнииг давлати зиёда бўлсин, манаши «Насёнал» меҳмонхонасининг барча жиҳозини Полшадан келтирдилар… Ҳаммамизга етиб ортади… Хонадонимизга ҳаром ораласа барчамиз кўр бўламиз.
Зулфия одам бўйига икки баравар келадиган тошойнадан ўзига қараб турган оппоқ, юзи хиёл чўзиқ, ранги тиниқ, қорни дўппайган қўҳлик жувонни бош-оёқ кузатиб туриб, ўша-ўша, Адолат билан қайтиб қирпичоқ бўлмаганига ичдан севинди. Мовий кўзларида йилтиллай бошлаган ёшни шошилиб артди.
— Кичик ойи-и!
— Чиқвомман, Саломатхон, — деди Зулфия Адолатнинг иккинчи қизини овозидан таниб.
Зулфия оғир-вазмин қадам босиб айвонга чиққан эди, Саломат югуриб келиб унинг қўлидан тутди.
— Отамчи, ҳайитга янгн кўйлак тиктиринглар деб газлама дафтарини киритибдилар. Вой, шунақаям кўпки-и!..
У хабар берди-ю, сабри етмай яна югуриб, бош кўтармай дафтар варақлаб ўтирган Муборак опасининг тепасига борди.
Зулфия Мактабхон онанинг чап томонига бориб оҳиста чўқди.
— Муборакхон, қизим, дафтарни берчи, аввал биз кўрайли, кейин сан синглинг билан танлийсан.
Муборак дафтарни Мактабхон опага узатди. Она дафтгарни бир бошдан варақлай туриб, «Мана, мана-а» деб қўяр, уч-тўрт варақ ўтгач, «Ёқадими, тааланглар» деб икки биқинига сукилиб ўтирган кундошларига қараб қўярди.
— Овволоом сизга танлиймиз, опа, — деди Адолат тўнғич кундошнинг ҳурматини сақлаб. — Ке, Мубор, силар ҳам танлашасилар.
— Ўнг қўл вазирларга хон атлас ярашади-да! — деди кулгисини яшириб Муборак.
Тўхтабой, «Мактабдош — ўнг қўл вазирим»дегашни хонадон азоларининг каттаю кичиги эшитган, шу боис Муборак шунга шама қилаётганини сезган кундошлар орасида енгил кулги кўтарилди.
— Ўрисча таҳсилга қатнаб тилинг чиқиб қолди-я, сен қизннг! — Деди Мактабхон она кўзойнаги остидан кизига ҳайрондака ўқрайиб.
Муборак катта онасининг жиғига тегишни давом эттирди:
— Хон атлас бўлганда ҳам кўш этакли бўлса, хўп, ярашади-да!
— Ке-ке, олдин сенга танлаймиз, — деди Мактабхон она ён бериб. — Анув, дўпир-дўнғирингни чалиш учун ҳам алоҳида кўйлак сўрарсан?
— Бўлмаса-чи! — Муборак шундай деб югуриб келди-да, катта онаси билан кичик онаси орасига суқулиб дафтарга энгашди. — Зулфи онам менга мосини танлаб берадилар!
Зулфия гапга чечан, энди-энди ўрис тилини ўрганаётган, ҳатто Варшавадан махсус келтирилган пианинода кўй чалишни машқ қила бошлаган бу қувноқ қизни астойдил яхши кўрар, у ҳам бошқаларга айтилмайдиган сирларини кичик онаси — Зулфия билан баҳам кўрар эди. Шунадай бўлсада, ҳозир Мактабхон онанинг ҳурматини сақлаш лозимлигини унутмади.
— Опа, ўтган ҳайитда хонатлас танлаган эдиз, бу сафар ўқлоғи шойидан тиктиринг. Сизга чунонам ярашадики!.. Ниҳол-ниҳоллигидан бўлса яна яхши!.. Адолатхон опам хонатлас кийсинлар.
— Бе-э, менга ким қўйибди хонатласни, — эътироз билдирди Адолат, — одмироқ бўлса ҳам майли.
— Камсуқумлигинг қолмади-қолмади-да, Адол, кимсан Тўхтабойваччага қатор-қатор ўғил-қиззи туғиб берган хотин бўлсанг, бой ота ҳайит баҳона дафтарни киритибдилар, чертиб-чертиб танлаб-танлаб киямиз-да! Учовимиз бир сидра хонатлас, бир сидра оч пушти шойи бор-ку, мана, рангини қаранглар, чўғдай ял-ял ёниб юрасизлар!..
— Мен ҳозир кўйлак тиктирмай турақолай…
— Вой, нега тиктирмас экансиз?! — суҳбатга аралашди Саломат.
Зулфиянинг муддаосини тушунган Адолат қизини беозор, енгилгина жеркиди:
— Сен аралашмай ўтир. — Шундай деб қалин дафтарнинг ҳар варағита ёпиштирилган бири биридан рангдор ва чиройли газмол намуналарини ёнидагиларга кўз-кўз қила бошлади: — Аввал ҳаммасини бир бошдан кўриб чиқайлик, ягқинда хориждан янгиларини олиб келишди деб эшитувдим…
— Олмон шойиси деган эдилар — унинг гапини тўлдирди Зулфия.
— Мана, манави эмасми? — кўйлаклик танлашда улоқни ўз ихтиёри билан ёшларга топширган Мактабхон она, оч ҳаворанг газмол парчада ёпиштирилган варақни кўзига яқинлаштириб қаради. — Қурмагурлар-эй, бунча нозик ишлашмаса! Шишага ўхшайди-я!..
— Шуниси сизга ярашади, Зулфияхон, — деди Адолат.
— Мовий кўзлар, мовий либосла-ар!.. Кундошлар, уларга қўшилиб қизлар Муборакнинг хиргойисини эшитиб кулиб юборишди. Зулфия ўзининг кўм-кўк ҳаво ранг кўзи беғараз кулгига сабаб бўлганидан эркаланиб аста жилмайди.
Худди шу қаҳ-қаҳ кулги устига эшик очилиб ичкарида Тўхтабой пайдо бўлди. Биринчи бўлиб Муборак она билан Саломатхон дик этиб ўрнидан турди, Адолат бой томон бир қадам пешвоз юриб тўхтади, Зулфия ўрнидан оғир қўзгалиб қад ростлаган Мактабхон онанинг панасига ўтиб ер чизганча тураверди. Бойнинг доимо вазмин, босиқ, айни чоқда жиддий қиёфасидан унинг азвойини бирдан англаб бўлмас, баъзан феъли айниброқ турибдими ёҳуд хушнудми — шуларнида фарқлаш қийин кечар, одатда биринчи гапини эшитиб у кишининг кайфияти аниқлаб олинмагунча каттаю-кичик чурқ этиб товуш чиқармас эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бой хонтахта устида очиқ қолган дафтарга кўз қирини ташаб қўйди-да, лабининг бир чеккасида кулимсираб, деди:
— Силар кўйлаклик танлагунча ҳайит ўтиб кетар ҳали…
Тўхтабой тўсаттан бошлаб келган извошга чиқиб жойлашиб ўтириб олганича хаёлга толди. Хаёл олиб қочиб ҳатто қўш отнинг туёқларига тарақлаб урилишини ҳам, жониворларнинг сувлиқни чайнаб асабий кишнашини ҳам эшитмади. Извош Масковдан ташқарига чиқаётгандагина тек қотиб ўтирган кўйи сўз қотди:
— Борадиган жойимизни тушунтирдингми? Гумашта йигит хўжайиннинг авзойига қараб дамини ичига ютиб ўтирган жамми, бойдан садо чиққан заҳоти жонланиб тилга кирди:
— «Ново Варваревск» десам ўнта извошчи «К дачу Миркамиля? Я, я отвезу!» деб ҳозиру нозир бўлиб турибди, бой ота!
Унча-бунчага қувончини ҳам, ранжиганини ҳам намоён қилавермайдиган Тўхтабой ҳаяжондан қалқиб тушди. «Дача» эмиш, ҳукумати сургунга жўнатиб қўйибдию, булар «дача» дейди. Миркомилбой Масковга келганига икки ой бўлдими-йўқми, избошчилар исми-шарифигача хабар топибди»…
Тўхтабой Миркомилбойнинг «дача»сида уч кун қандай ўтиб кетганини ҳам пайқамади. Назарида, Миркомилбой уни совуқ қаршилагандай туюлди. Андижонлик бойнинг димоғдорлиги аввалига унинг ҳамиятига тегди, бироқ кейин Тўхтабой шайтонга ҳай берди: «Юртидан бадарға қилиниб сургун муддатини шу зах ва моғор ҳиди анқиб турган ўрмонда ўтказаётган одамдангина қиламанми!.. »
Миркомилбой ҳам Тўхтабойни бирров келиб изига қайтади деб ўйлаган эканми, иккинчи кунга қолганини кўриб унинг елкасига қоқиб, бағрига босиб миннатдорчилигини яширмади:
— Раҳмат, Тўхтажон, ука! Мусофирчиликда ёнингда душманинг бўлсаям ҳамюртинг бўлсин экан. Сиз эса ўзимиздан… Шундан пича қийналиш бор, холос…
— Худо хоҳласа бундан қийналмайсиз, тақсир, — деди Тўхтабой ҳам Миркомилнинг билагидан тутиб.
— Жой… мана, бемалол, — деди Миркомил қатор кетган икки қаватли тахта уйларга ишора қилиб. Тўхтабой ҳазилга йўйди:
— Нима, «Сургун қилинганлар келаверсин» демоқчимисиз, тақсир?
Миркомил шундагина гапининг тескари маъносига эътибор қилди ва одатича хас қошини чимириб, лабларини қимтиб кулди.
Тўхтабой Миркомилнинг ниҳоятда зийрак ва ҳушёр одамлигини яхши билсада, Ново Варваревскка келишининг учинчи кунидаги суҳбат асносида ҳайратидан ёқа ушлаб қолди. Миркомилбой билан неча марталаб қуюқ меҳмондорчиликда бир дастурхондан овқат еган, неча мартда у билан икки-уч кунлаб бир поездда ҳамроҳ бўлган, Миркомилнинг босиқ ва тагдор гап-сўзи, қочириқлари, танбеҳу насиҳатлари икки-уч оғиздан ошмас эди. Мана энди, мусофирчилик боисми ёки бўлак сабаблари борми — бой пича сўзамоллашибди…
— Бизнинг Туркистон бойларимиз узоқни кўра билишмайди. Қайси савдогар, қайси топармон-тутармонга қараманг, биздан пахта, пилла жўнатади, Россиядан ва ҳоказо ўзга юртлардан эса газмол, устбош олиб боради. Камина ҳам кимсан Миркомилбой бўлгунича Анжану Фарғонанинг пахтасини сотмаган сортимиз қолмади. Ўзларини ҳам биламиз, Россиядан газмол, телпак, мўйна оббориб сотадилар.
Миркомил шундай деб таққа тўхтади-да, Тўхтабой томон ўғирилди. Сўзида давом этди:
— Эътибор берсинлар-а!.. Биз хом ашёни икки қўллаб кепак нархига сотамизу, булар ўла қолса ҳам хомашё сотмайди — тайёр буюм сотади, буюм! Дейлик, мўйнанинг хомини сўрангчи, ўша шойи газламаларнинг шойи ипагини сўраб кўрингчи, икки дунёда ҳам бермайди! Чунки, буларнинг калласи сиз билан меникидан дурустроқ ишлайди!..
Бу гаплар Тўхтабой учун фавқулодда янгилик бўлмаса-да, негадир эти жимирлашиб кетди, бошини кўтариб қараганда ҳам учлари кўринмайдиган тик дарахтнинг мотор босган танасидан совуқ уфурди — ҳам алам, ҳам ғазабдан лаби гезарди.
— Мен Лондон, сўнг Порижга ўйнагани борганим йўқ, — сўзларини янаям чертиб-чертиб гапида давом этди Миркомил. — Ўша юртлардан йигирувчилик, тўқимачилик ускуналарини ундиргани бордим. Гаплашдим. Келишдим ҳам.
— Нақадар улуғ ишлар бошлабсиз, тақсир! — Ҳайратини яширмай деди Тўхтабой ва бир зум сукут сақлаб бирдан шаштидан тушди: — Бироқ, сиз билан биз улуғ муддаоларни кўзласан-у, ўрис ҳукумати ўз ҳолимизга қўймаётгани чатоқ-да…
Миркомил жавоб қилмади. У хиёл бурилиб рўпарасидаги дарахтнинг қучоқ етмас танасига қаради, кўкимтир пўпанак босган, тик, ниҳоятда баланд… йиқитай деса, нақадар бақувват, шох-бутоқларни синдирай деса нақадар қўл етмас…
Бой лабини тишлади, нафратда афтини бужмайтирди, узоқдан кўрган одам уни куляпти деб ўйлаши мумкин эди.
— А, биз сиёсатчи бўлмасак!.. Тужжор одамни ўз ҳолига қўй, қизталоқ!
— Тужжорлик ҳам сиёсат экан-да, аслида тақсир. Савдогарчилик қилавурибмизу, замоннинг тошу тарозисини ҳисобга олмабмиз, ака, аслида…
Миркомил ҳанг-манг бўлиб қолди. Унинг ҳайрати Тўхтабойнинг ҳозиргина ҳайратланишидан ўн ҳисса ошиб тушди. Бир неча сонияда жуда-жуда кўп воқеалар хамр ичидан чакмоқ яшинга учиб ўтди. У бутун умр ўзини йирик бир савдогаргина ҳисоблаб келар, кези келганда «менинг сиёсат билан ишим йўқ» деган жойлари бўлган, энди… неча бор тафтишу терговга чақирилиши, қийин-қистовга олиниши, сургунга жўнатилиши, изидан соядек айғоқчилар эргашиб юршни… булар сиёсат бўлмай, нима?!. Нега шу чоққа довур кимсан Миркомил шуларни ўйламади, нега…
— Тўхтабой!..
Бойнинг бу тахлит мурожаатини кутмаган Тўхтабой «ялт» этиб суҳбатдошига қаради. У худо ярлақаб савдогарчилик йўлида иззат-обрў топган ва шунинг баробарида… азиятлар чеккан Миркомилга ич-ичидан ачинди. Тўхтабой хаёлга толганидан Миркомилбой қандай қилиб мавзуни ўзгартириб юборганини сезмай қолди.
— Шундай ишлар бошлаш ҳаракатида юрибмизу сиз қаёқдаги Захарув, Китопларга кунингиз қолиб сиқилиб ўтирибсиз.
Башарти шу топда, «Ия, бой ака, шулардан ҳам хабарингиз борми?» деса Тўхтабой жуда паст кетган бўлар эди, шу боис «билсанг-билибсан-да»деган мазмунда атай чурқ этмади. Унияг устомонлигини пайқаган Миркомилбой ҳам «индамансан-а-индамайсан» деган маънода пчингини атай қарийб такрорлади:
— Нима қилиб, ўша ўрис билан немис жуҳудининг қармоғига отилиб ўтирибдилар, Тўхтажон?
Тўхтабойнинг назарида Миркомил «Тўхтажон» деганда ҳозиргина «Тўхтабой» деб юборганннинг аламига «жон»га қаттиқроқ урғу берди. Энди эсласа, бой унга сира «Тўхтабой»» деб мурожаат қилмаган экан. Ваҳоланки, Тўхтабой қаерда бўлмасин Миркомилнинг ёшига, давлатига, ўзига нисбатан энига ҳам, бўйига ҳам йириклигини тан олади, ҳурматини жойига қўяди. Бироқ, Миркомилнинг, «Тўхтабой» дейишга тили бормайди.
Бундан гина-қудратнинг ўрни эмас эди.
— Векселдан куйдим…
— «Насёнал»ни топширдилар?..
— «Насёнал» кетди…
— Айтинг… Яна?..
— «Насёнал»га қўшни кўчадаги икки қаватли дўкон… .
— Яна?..
— Яна…
— Тошканни ҳам ташлаб чиқибдилару!..
Тўхтабой ер тепиниб юборди. Азбаройи манглайидан тер чиқиб кетди. Ҳақиқатан ҳам Миркомилбойнинг тили аччиқ эди. Ўйлаб кўрса, шундай — кимсан Тўхтабойдек дасти дароз бой меҳмонхонасиз, улкан дўкони, расталари кетгани етмагандай бола-чақасию, уч хотинини қўкон аравага юклаб етти пушти яшаб ўтган она шаҳрини ташлаб жўнаб юборибди.
Шу тобда Тўхтабой, «Ажаб, тақсир, бу ҳақда қайдан хабар топдингиз?» деб савол қотганида анча соддаликка йўл қўйган, қрнинг остида чувалчанг ғимирласа сезадиган Миркомилдек бой олдида жуда-жуда қадри тушиб кетган бўлур эди. Яхшики, Тўхтабой ҳам анойи эмас, «бозор кўрган» бойлардан… — У ажабланганини сездирмади, Сездирмадию… тўнғич хотини Мактабхоннинг тош ютиб сабр қилганларини эслади.
Адолат, «Шўтта қоп кетамизми, энди!» деб очиқ бош кўтарди, Зулфия норозилигини, «Тошкентдаги уйимиз яхши эди-да…» дея изҳор қилди, холос. «Сабр қилинглар, Худо хоҳласа қайтамиз» деб тасалли беришга берардию, Худо қачон хоҳлашини тахминан бўлсада, билмас эди, Тўхтабойнинг жим қолиши ҳийла чўзилганини Миркомилбой унииг изза бўлишликка йўйдими, унинг кўнглини кўтаришга уринди:
— Сабрлисиз, Тўхтажон, ука… Ўзбек сабрга туғилган… Сабр, сабрнинг таги олтин… Сабрнинг… са… Айтмоқчи, «Насёнал»да туғилган ўғилчанинг отини Собиржон қўйган эдингиз, каттакон йигит бўб қолгандир?
Энди Тўхтабой чинакамига ҳанг-манг бўлиб қолди. Энди у ҳайратланганини яширмади. Дунёнинг ташвишини бошида кўтариб юрган, Андижон йигитларини мардикорликдан олиб қолиш илинжидаги саъй-ҳаракатлари ва бошқа туҳматлар эвазига мана шу қора ўрмонга сургун қилинган Миркомилбойдек одамнинг Тўхтабойни, уйчанг цинганию, оила аъзолари билан Тўқмоққа кўчганигача, «Насёнал» меҳмонхонасидаги уйингда уч йил муқаддам туғилган ўғлига Собиржон дея исм қўйганинн эсда сақлаб юришдан бўлак ташвиши йўқми?!. «Келин онамиз фарзандли бўлишни беш йил кутибдилар, меҳмоннинг отини Собиржон қўяқолайлик», — деган эди гўдакнинг қулоғига азон айтган қори домла. Тўхтабой рози бўлди, айтган эди Зулфия ҳам эътироз билдирмади ўшанда…
Миркомил Тўхтабойни яна ўйга толдириб қўйганидан ичида севиндими ёки унга ачиндими, юпатишга ўтди:
— Савдо-сотиқ иши шу, тақсир. Бугун чикка, эртага пукка. Бу ёғи ёлғиз яратган эгамизга аён, ука… Ўзбекнинг Тўхтабойини вексел минан синдирган жуҳудларнииг белини биз пул билан, тадбир билан букамиз. Иншоаллоҳ, Собиржоннинг суннат тўйини ўзингиз қурган «Насёнал» да ўтказамиз… Тўйболага атаб «Насёнал»ли ҳовлисига ўз қўлим билаи тўриқ етаклаб кираман, иншоаллоҳ!..
Бу меҳрибонлик қиёфасидан баджаҳл ва қаттиққўл кўринадиган, аслида дийдаси бўш Тўхтабойнинг кўнглини тўлдириб юборди— у сўзсиз ва несиз Миркомилга термилди. Миркомил мазмундор ва салобатли бош ирғаб кўзларини юмиб қўйди ва қуюқ ўрмон қўйнидаги кимсасиз ёлғизоёқ йўл устида турган кўйи баралла гапирди:
— Тадбирли одамлар қараб турмайдилар, Тўхтабой, ука. Биз ҳам анойи эмасмиз!..
Кўқон аравада кетаётган Мактабхон она йўловчиларнинг ғўнгир-ғўнғирини эшитади-ю соябон ичидан ташқарига мўралади-да, «Мирободнинг гузари» деди. Араванинг силкиниши мақомига гарқ бўлиб хомуш хаёл суриб кетаётган Зулфия бошини кўтармади.
Кўчада ит ҳуриди. Мактабхон опанинг тиззасига бошини қўйиб ётган тўрт ёшли Солиҳжон «Кучу, кучу!» деганча «дик» этиб сакраб турди, Мактабхон она ҳеч бир сўз айтишга мажоли қолмагандай Солиҳжоннинг қўлидан тутди. Зулфия бояги-бояги— бир нуқтага тикилганча кўзини узмади. «Йиғлаяпти» деб ўйлади Мактабхон она. Бояги итнинг ҳуришига дайди итларнинг вовуллаши қўшилди. Солиҳжон яна соябон ичидан таги-қарига чиқишга интилди. Онасининг, катта онасанинг авзойдан оғир кўнгилсизлик юз берганини ўзича тахмин қилиб турли хаёлга бораётган Собиржон «Ўтир!.. » деди товушини баландлатмай, укасининг қўлидан тортиб.
Йўловчилар қўнғир-қўнғири ортда колди. Араванинг тунука қопланган ёғоч ғилдираги йўлнинг ўнқир-чўнқиридан тарақлаб-гичирлаб, туртилиб-урилиб, карвоннинг, «Ҳа, чувв-э!» деган асабий ҳайқириши тез-тез эшитила бошланди.
— Қаёққа келяпмиз, котта ойи?..
Мактабхон она ташқарига ягга бир кўз ташлади-да, елка қисди:
— Танимадим. Бу кўчадарни кўрмаганман…
Арава силтанди, гупчаги қаттиқ гачирлади, бир оёғи зум кўтарилиб қайтиб тарақлаб тушди. Соябоннинг гардиши сингудай қисирлади. Зулфия йиғлаб юборди. Собиржон онасини овитмоқчи бўлгандек уиниг елкасини силади. Солиҳжон онаси не сабабдан йиғлаб юборганига ақли етмасдан жим бўлиб қолди.
— Солиҳжон, укангни маҳкам ушла, болам. Йўл чатоққа ўхшайди, ағанаб тушмасин тағин!
Тўрт ёшли Солиҳжон йўлнинг нотекислигидан эмас, балки ундан даҳшатлироқ бир хавф-хатарни кўргандек ўзини онасининг пинжига ташлади. Ниҳоят, Зулфия тилга кирди. У бошини кўтармай, сўради:
— Қаёқка боришимизни айтдиларми?..
— Қаёқка бораётганимиз ёлғиз Яратганга аён… Шом намозига азон ешитилиб оқшом пардаси яқинлашаётганиданми ёхуд Мактабхон опанинг ўйчан бир кайфиятда берган жавобининг мавҳум лигиданми — кичкина соябон ичи туйқус қоронғилагади.
Зулфия аравадан тушганда ҳам атроф ним коронғилигидан ҳайрон бўлди. Кўча тор, икала томондаги гувалак девар қўқон аравасига ғилдиракларидан пастроқ эди. Уларга ҳеч ким пешвоз чиқмаган эди. Фақат кимнингдир «Буёққа» деган қарийб шипшигани товуши эшитилди-да аравадан бўгчасини кўлтиқлаб бирннчи тушган Мактабхон опа ортиқ илтифот кутмай тор ва ичакдай узун йўлка бўйлаб юрди. Зулфия аравадан турганда камдир Солиҳжонни кўтариб олди — тор йўлакнинг коронғилигидан ташқари унинг юракни сиқиб юборадиган биқиқлигидан Зулфия нафаси қайтиб, чачвоннинг бир чеккасинн кўтарди. Адоғида қўш қаватли, пастак эшик кўриб турган йўлак назарида жуда узундай туюлди, Зулфия бошини кўтариб тепага қаради — кўк дарахт шохлари орасидан қорамтир осмон парчаси қўринди. «Ҳартугул, осмон кўринар экан», деди Зулфия енгил нафас олиб. Бироқ бу енгил тортиши узоққа чўзилмади — у эшик остонасидан ичкарига бир қадам қўйдию, бетига урилган зимистоннинг қуюқлигидан ҳушини йўқотаёзди.
Кўз олди қороюғилашди. Тўхтади. Темирдай қаттиқ қўл кўксидан итаргандай бўлди, у ортик оёғини силжитолмай қолди.
— Буёққа, Зулфиой, буёққа!..
Зулфия Насвали бувиннг овозиии таниди эшитди, лекин бувининг ўзи кўзга кўринмади. «Юлдош-ку!» деб юборди Зулфия ичида.
— Юринг, опа, — деган оваози келди Собиржоннинг. Зулфия шундагина тор, шифти паст, зим-зиё йўлакда милт-милт қилиб жон сақлаётган шуълани кўрди-да, оёғини бирдан ердан узди. Шуъла кўринган томонга икки қадам қўйганда Насвали буви:
— И-и, Зулфиой, уёққа эмас, буёққа, буёқка, — деди шошиб унинг билагидан тутиб.
Инсон зоти абадул-абад йилт этган бўлса-да ёруғлик сари интилишши бу чоқ Зулфия хаёлига келтиртмади албатта, бироқ у одамлар одамларни фақат ёруғлик томон даъват қиладилар, бошлайдилар деб ишонар, шундай ўйлар эди. Аммо-лекин Тўқмоқдан не шодиёнаю, не ёруғ ниятлар билан йўлга чиқган бўлса не шоду ҳуррамликлар билан Тошкентга етиб келганлари ва у лаҳза сайин ўзларини қарши олаётган ёвуз ва даҳшатли қоронғилик ичига кириб кетишаётганини ич-ичидан туйиб юрагини бировга солаётган оғриқдан ўзини қўярга жой тополмаётган эди.
У шу хаёлларда Насвали бувининг етовида пайпасланиб-амаллаб нарвонга оёқ қўйди. Бир поғона кўтарилди. Яна нарвон қаттиқ ғичирладп. Зулфиянинг юраги орқага тортиб кетди — нарвонга чиқишдан олдин кўзига кўринган шуълани излади. Тпнолмади. Паранжисининг этагини йиғиб оёғининг остига қарамоқчи бўлди.
— Онангни қўлидан торт, — деди тепада Мактабхон она.
— Она, қўлиззи беринг, — деди Собиржон.
Зулфия «ҳозир» деди-да, нарвоидан яна икки-уч поғона кўтарилди. У онда-сонда тушида шундай аҳволга тушар — ниҳоятда тор ва қоронғи оралиқдан қисилиб ўрилиб-сирғалиб нафаси қайтиб ўтиб олгунича жони ҳалқумига келар — тушидаги азобдан кун бўйи ўзига келолмай юрарди.
Ҳозир ўнгида худди ўшандай аҳволда қолди. У ўғлининг мададида нарвоннинг юқори поғонасидан икки-уч бўйра катталигидаги тор саҳнга оёқ қўйди. Кетидан изма-из чиққан Насвали бувига ҳам, Мактабхон онанинг, яна бир нотаниш аёлнинг қимтиниб ичкарига таклиф қилаётганига ҳам эътибор қилмай чачвон ва паранжини қўлига олганича осмонга қаради. Турган жойида ўгирилиб аланглади. Юлдуз кўринмайди.
— Намунча юлдуз қидириб қолдийз, Зулфихон? Зулфия Мактабхон онанинг иродасига, ҳар қандай вазиятда эркакшодалик билан ўзини йўқотмай, ҳатто ҳазил-мутойибага ўрин топиишга ҳайрон қолар, унинг бу фазилатидан ўрнак олишага ннтилар эди. Бинобарин, шу топда ўзига ёқмаса-да, лоақал онасидек маслаҳатгўйи бўлиб қолган тўнғич кундошнииг ҳурмати учун мутойибага яраша жавоб беригага уринди:
— Юлдуз кўриб қолайлик, деяпман, опа. Топсам сизга ҳам кўрсатмоқчи эдим…
Шундай дедию, ҳазили ҳазилдан кўра кўнглидаги қўрқув-хатарнинг даракчиси бўлиб қолганини кейин сезди.
— Умидсизланманг, Зулфияхон, умидсизланманг. Бой отангиз омон бўлсалар кўчимиз кўчада қолмайди, иншоаллоҳ.
— Худо хоҳласа шундай бўлади, — унга илова қилди Насвали буви.
Икки кундош, икки ўғилл, Насвали буви, мезбон аёл ичкарига кириб файзсиз хонада кигиз устига тўшалган қуруқ дастурхон теграгига омонатгина ўтириб юзга фотиҳа тортишдию, мезбон аёл оёқ учида юриб ташқарига чиқди. Насвали буви гапга тушди:
— Боя мени шетга ташлаб кетишди. Супурдим. Ҳаммаёқ озода. Ҳай, Собиржон болам, укангга эҳтиёт бўл, ҳовличанинг чеккасига бормасии, хўпми?.. Ери ўпирилган экан…
Зулфия чўчиб ёнида жимгина ўтирган Солиҳжонни бағрига босди. Оиланинг ҳақиқий аъзоси бўлиб кетган, ёшу кекса бирдан ҳурмат қиладиган Насивали бувининг сўзини бўлмай, ўзини, Мактабхон онани ташвишлантира ётган ҳабар ҳақида бирон янги гап эшитиш умидида кампирнинг оғзини пойлади. Насвали буви давом этди:
— Ўзлари жой топишга кетди. Сўнг, оташаравада келаётган юкларни кутиб олишга борар экан.
— «Насёнал»ни, уйимизни нега олибдилар?! — сабри чидамай сўради Зулфия.
— Захаруп оган, масковлик бой… Мактабхон она унииг гапини бўлди:
— Захаруп эмас, ҳукумат оган.
— Ҳукумат?!. Ҳукумат қандай олади?— тушунмай сўради Зулфия.
— Шўро деган ҳукумат кепти. Ҳамма катта иморатлар, ҳамма катта уй-жойлар энди ўша шўронинг қўлига ўтармиш.
— Вой, шўримм!.. Бизчи?!.
Зулфиянинг аянчли товушига зид ўлароқ Мактабхон онанинг дадил, босиқ товуши эшитилди:
— Бир кеча минг кеча эмас, кимсан Тўхтабойнинг болаларимиз — худо хоҳласа кўчада қолмаймиз…
… «Кўчимиз кўчада қолмайди», «худо хоҳласа кўчада қолмаймиз»… Зулфия йўлда обдон толиққан эканига қарамай алламаҳалгача мижжа қоқмади. Тўқмоқда икки ёз яшаб, ниҳоят, Тошкентга қайтиш дарагини эшитгандагина севинишлари, кўч-кўронни ортишаётганда, аввал араваларга, Тўқмоқдан Пишпекка етгач, аравалардан вагонга ортишганини— ўшандаги энтикишлари бу қадар чиппакка чиқади деб ўйламаган эди. Кишининг хаёлига кебди дейсиз! Орада Тўхтабой неча йил Тошкентга қайтмади, Масковга борди, «Насёнал»ни, уй-жой, дўконлариинг барини қайтиб қўлга олгашини айтиб даста-даста суюичилар улашди. Мана энди, шўро… Зулфиянинг ўйлови «қоқилди». У эслашга уринди: «Шўро»миди?.. Шўра»ми?
Шў-ра… Йўқ, Йў-ға, йўғ-а, Шў-ра… Шў-ро… Ҳа-ҳа, шўро-шўро! Отинг курсин-а!.. Ҳўра бўлсаям, шўра бўлсаям бировиинг жойига кўз олайтирдими, бас, бир гўрда!.. »
Зулфия у ён бошидан бу ён бошига кўп ағдарилди , алҳол, кўзи илинай деганда, корнидаги гумонаси қимирлаб яна уйқуси қочди. Ғимирлаш аломати сезилган унг биқинини авайлаб силади. Тўқмокда, зориққан чоғлари яхши ниятлар билан кўйлакчалар, қалпоқчалар тикканини эслади. «Буниси қиз бўлади, Зулфия» деди Мактабхон она. Насвали буви ҳам шу гапни тасдиқлади. Дунёдан фарзанд кўрмай ўтаётган Мактабхон онанинг, ҳатто оила қурмаган Насвали бувинннг бу қадар самимий ииятларини эшитиб, Зулфия ғалати бўлиб кетди. «Майли, қиз бўлса, яна яхши», деди. Шу «тахмин-янгилик»ни Тўхтабойнинг қулоғига шипшиганида, бой, «Ўғилми-қизми — хайрли бўлсин», деди-қўйди. Наҳотки, бой ўшанда манави аҳволни сезган бўлса!? Хотин, бола-чақаси шундай кунларга қолишини — она шаҳрига келиб кимсасиз, овлоқ кўчадаги пастқам ва файзсиз болхонада тунаш мумкинлигини сезса бой Тўқмоқдан кўч-кўронини ортиб йўлга чиқармиди!..
Зулфрия шундагина Тўқмоқда вақтинча қолган Адолатни эслади. «Яхшиямки, у келмаган экан. Бир этак бола билан қаерга сиғарди?» Фақат…
Кўч-кўронни сарамжойлаётиб Адолат тушмагур қизил кигизга ўралаётган тугунлар орасига Зулфияга қарашли бўҳчани ҳам ирғитиб юборди. Ёмон ниятда қилгани йўқ. Бирок, Адолат бўҳчани нрғитиб юборганига кўзи тушдию, Зулфиямннг юраги жувиллаб, ачишди. Ўзи билаи аравада олиб кетиш ииятида бўҳчани қайтиб олишга жазм қилдию негадир қайтди. Кундоши ёмон хаёлга бормасин деган ўйда, қайтди. Аслида олса бўларкан… унда қорнидаги, мана, ҳозир кетма-кет «тўполон» қилиб оромини бузаётган, туғилажак қизалоғига аталган ширин-ширин кўйлакчалар, қалпоқчалар бор эди…
Зулфия хаёлини олиб қочаётган шайтонга ҳай берди. Ўзини чалғитди. Ҳомиласини тинчлантириш ниятида қорнини силади-сийпади, силади-сийпади… Бир текисда нафас олиб ширин ухлаётган Мактабхон онасига, ёнма-ён ётган ўғилларига ҳаваси келиб, Худодан хайрли тонгларда хайрли янгиликлар билаи уйғотишини сўраб-ёлвориб оғир уйқуга кетди.
Зулфиянинг дуоларини Худо инобатга олди — у тиниқиб ухлади, бир пайт уйғондию, қаерда ётганини дабдурустдан эслай олмади, кўзини пириллатди, сўнг деразадан кўринаётган қўшни томни қоплаган оппоқ қорни кўрдию, тонгдан оқликни кўрганидан севиниб кетди. Руҳини қамраган бир шодлик қанотида парвоз қилгудай қанотларини ёзиб ўрнидан турмоқчи эди, ташқаридан ғўнғир-ғўнғир овоз келди. У ўрнидан ирғиб туриб дераза ёнига борди. Мактабхон она зинада, Насвали буви қалин ёққан қорга тиззасига қадар ботиб ҳовличада қаққайган кўйи зина тепасида совуқдан дийдираб гапираётган ҳонадон соҳибасининг оғзига бақрайиб қолишган эди. Уй бекаси худди оғир айб қилган одамдай гуноҳкорона бир мунг билан бошини ҳам қилганча гапирди:
— Саҳар келиб айтишди. . Пишпекдан кевотган қизил вагондаги кўчни ҳукумат кимошдига сотиб юборибди. Бой ота ўшани суриштиргани кетибдилар…
…Эски паранжи ёпинган кимса муюлишдан ўтиб кунботардаги Аллон масжиди томон боратуриб йўлнинг лойлигидан қадамини секинлатди, бундай пайтда одатда одам йўловчилар босиб из қолдирган қуруқроқ жойларнн мўлжалга олиб қадам ташлайди, бироқ кимса одимнни секинлаштирганига қарамай аксинча на лой-накўлмак демай кечиб кетаверди. Ташқаридан кузатган киши паранжили кимсани кўзи ожиз деб ўйлаб уни етаклаш учун кўмакка ошиқиши тайин эди. Кўча кимсасиз, ҳадемай масжиддан қайтадиган намозхонлар уй-уйига кириб кетса бу пилч-пилч лойгарчиликда то бамдодга қадар лой-сув кечиб кўчада юриш ҳеч кимга зарил келгани йўқ!
Паранжили кимса ўнг ёқдаги икки тавақали, кенг дарвоза рўпарасига келганда қарийб тўхтади, яқинлашмай туриб дарвозага разм солди — орқасига бирров ўгирилиб кўз югуртирди-да, ўзини қия очиқ эшикка урди.
Йўлак кенг, оёқ остига мусулмон ғишти ётқизилган— озода эди. Кўлага тезгина ҳовлига ўтиб, чапга — деразасидан ғира-шира шуъла кўринаётган равон томонга юрди, яқин қолганда атай томоқ қириб ясама йўталди.
Сандал чеккасида аллақачон уйқуга кетган ўғилчасини ёнбошлаганича ҳамон аллалаб хаёлга толган Зулфия йўтални эшитиб сергак тортди.
— Адам! — деди сандалнинг бошқа томонида кўргани белига довур тортиб ётган Солиҳжон ёшига хос бўлмаган эҳтиёткорлик билан шипшб.
— Овозингни чпқарма!— Зулфия шошилиб сандал устидаги пиликни пуфлаб ўчирди-да, ўғлининг эҳтиёткорлиги мақомида шивирлади. Ва қад ростлаб кавшандозга чиқди. Солиҳжон отасини паранжини бошидан олиб ташлашини кутмай қучоқлаб олди. Ота-бола соғинчларига зид ўлароқ сас-садо чиқармай қучақлашиб ўпишар, Зулфия эса дам сайин хавотири ортиб кўзлари девор оша кўчани кузатар эди.
— Тинчмисилар?.. Собиржон қани?.. Осимхон ухлаяптими?..
Зулфия эрининг саволига жавоб қайтариб улгурмади.
— Собиржонни Хайриниса билан Мактабхон онадан хабар огани кетувди… Қора қозонни қайнатиб ўтирибмиз… Ўзингиз тузукмнсиз?.. Опам, болалар яхшими?.. Хўрда бориди…
— Қорним тўқ, — деди Тўхтабой хотинининг таклифига ортиқча илтифот қилмай. — Солиҳжон! Бозорга опчиқадиган ул-булларинг қолдими?
Зулфия қоронғида эрининг кўз ёшларини кузатди, Тўхтабой ўғлига қарата сўз бошлаган бўлсада, ўзи жонсарак, думалоқ дўнг пешонасидан, пича букри ва учли бурнидан ҳовур кўтарилаётгандек туюлди назарида.
— Олма сотвоммиз… Баргакдан оз қолди.
— Дуруст. Онанг билан санга ишондим, ўғлим. Онангни, сингилларингни эҳтиёт қилинглар. Тузикми?.. Ман… ма, Зулфи, расамади минан сарфлаб турарсан, тузикми?.. Ман…
— Қачон келдийз? Тошкенда беш-олти кун бўларсиз? — Сенлардан хабар олишим хавфли бўлиб қолди.
Узоқ кемай қолсам Собиржон ё сен — Солиҳжон, Абдулҳай амакинга ё бўлмаса Сағбондаги Дўст тоға борку, махсидўз, ўшангга учранг. Дурустми!.. Орттирганимми ўшаларга қолдириб кетаман.
— Ўзингизга қаранг. Уёқда… кўпчиликсизла… Тўхтабой кенжа аёлининг тантилигидан, танти бўлмаса-да, бу қадар зушдалигидан кўнгли кўтарилди.
— Безовта қилишмаяптими?— сўради у.
Зулфия эрииинг товушида зардаю алам аралаш адолатсизликка нисбатан нафрат оҳангини сезди.
— Бой налогчиларнинг нафси тўгайдиганга ўхшамаётти-да. Ҳай, сабр қип турайлик, уларга боққан балоям бордир…
Тўхтабой эҳтиёткарликни унутиб баралла томоқ қирди — одатда у негадир жаҳлини ичига ютган кезлар шундай қилар эди.
Бой ортиқ гапирмади. У ҳамон билагида ушлаб турган паранжини ўнг-терсини пайпаслаб қарана бошлади, Кавшандоздан ўтди-да, эмаклаб чўзилганича бориб, ухлаб ётган Осимжоннинг пешонасидан ўпди. Қаншаридаги холини силади. Сўнг қиблага юзланган кўйи чўк тушиб дуога қўл очди. «Ўзингга топширдим»» дегани эшитилди, холос. Сўнг, тезда турди-да, «Бор, кўчага қарачи, ҳеч ким йўқми?» деди ўғлига. Ўзи Солиҳжоннинг изидан кела туриб паранжи ёпинди.
… Тақдир не кунларни раво кўрмади унга! Эсини танибдики, ўзини тижоратга урди, шу йўлда машақққат чекди, ютди-ютқазди, ютди-ютқазди — кимсан Тўхтабой деган ном орттирди. Бири биридан гўзал отларини миниб гижинглатиб ўтганида ёшу қари ҳурматини бажо келтиришар эди. Сағбондан Пиёзбозорга қадар, Бешёғочдан Каласга қадар — уни танимайдиган одам йўқ. Эски шаҳар бозорида қатор-қатор расталарда, Янги шахарда икки қаватли дўконларда Тўхтабойга қарашли мол-ҳоллар сотилар, Янги шаҳарнинг кўркига кўрк қўшган «Насёнал» унинг фахри, иззат-обрўси эди — бари-баридан айрилди. Уч хотин, ўн бир ўғил-қиз унинг шип-шийдон этилган қўлига қаради-қолди…
Худо шоҳид, Тўхтабой қўлдан кетган ҳеч бир нарсага юрак-бағри ўртаниб ачинмади. «Ўзи берганди — ўзи олди» деган гапни бот-бот такрорлар, унинг бу гапини эшитган сайин Зулфия тугул, ҳатто оғир-вазмин Мактабхон она ҳам баъзан тутақиб кетар, «ўзи олдими, Шўро олдими!» деб аламидан дардини тўкиб соларди.
— Ё, боқий!..
Бу хонадонда Тўхтабойга тик қараш уёқда турсин, унинг сўзини икки қиладиган одам бўлмаган, хусусан, бой шу жарангдор каломни тилга кўчиргач каттаю кичикнинг уни ўчди.
— Сен ҳам, — деди Тўхтабой Мактабхон онага, сўнг Зулфияга гапирди: — Сен ҳам, анави, манави — ҳамма-ҳаммаси фоний — омонат. Ёлғиз Боқийнинг ўзи боқий! Тузукми?. Молдавлатимнинг бари йўқдан бор бўлди — мана энди, барча-барчаси бордан йўқ бўлди — фийсабилиллоҳ, ризоман, тузукми?! Шўрога шу керак экан — икки қўллаб топширганим бўлсин!
— Шўро узоққа бормайди, дейишвотти, барака топгур…
Ҳамма қолиб Насвали буви орага суқилганидан Тўхтабойинг ўзи ҳам ҳайрон бўлди — бувига, хотинларига — Собиржон билан қизи Ҳайриниса ҳам бор эди шекилли — болаларига бирма-бир қараб чиқди-да, ҳам жаҳл, ҳам босиқлик билан деди:
— Шўро ҳам боқий эмас, илло шуни унутмаларинг, у — юз қовун пишиғидан сўнг йўқолади. Тузукми?!.
Бойнинг бу иқрори хонадон аъзоларининг бошига бир неча йиллардан буён устма-уст тушаётган дарду ситамлару, айрилиқлар, тўзондай сочилиб кетишлардан мағлубликни тан олгувчи фатводай гумбурлади.
«Ё, боқий, антал боқий!.. Ё, боқий, антал боқий!.. Ё, боқий!.. »
Тилидан шу муборак калима тушмай қолган Тўхтабой тақдир зарбаларининг биттасигагина чидолмас — ўз маҳрами — шаърий хотинидан хўжакўрсинга ажрашиб, ўз пушти-камаридан бўлган болаларини ўғринча, бу етмагандай— паранжи ўраниб кириб кўрса, бирров кириб чиқишини биров пайқаса, Зулфияга, болаларига зуғум баттар зўрайишини ўйлаб алланеча кунгача хавотирда юрса…
У Кайковус анҳори устидан ўтгач кўприкдан пастликка эниб толзорга етганда рўпарасидан югургилаб келаётган ўн-ўн бир ёшлар чамасидаги қизалоқни кўрди. Қизалоқ рўмоли билан бош-кўзини тўсиб, тугунчани қўлтиғига маҳкам қисганича тўхтаб қолди. Узун-узун киприклари остидаги, бири-биридан чиройли кўзлари жовдираб қизалоқ нима қиларини билмай тараддудланиб қолди.
Бошқа пайт Тўхтабой гап сўзсиз ўгиб кетаверар, толзор теварагида доимо гавжум бўладиган супада ўтирганлар орасидаги «холис»ларга гап топилишини истамас эди.
Бу сафар у одатини канда қилди.
— Моҳич, ке, қизим.
Моҳиниса кўча-кўйда отаси дуч келиб қолса у кишини танимагандай ўтиб кетиш шартига қаттиқ риоя қилиши зарурлигини унутмаган, шу боис, отасининг бу қабил қарши олишига тушунмайроқ турган эди.
— Ё, боқий!.. — Тўхтабойнинг лаблари асабий пичирлади. Учди. — Ке, қизим. Эрталабдан қаттан кевосоан? Онанг дурустми? Окаларингчи?.. .
— Ҳм… деди Моҳиниса ҳамма саволга жавобан.
— Бунча юпун кийинмасанг, Моҳич?..
Тўхтабой ортиқ жавоб кутмади, узун чакмонининг ички чўнтагидан бир «афт парварда олди-да, қизининг жажжи ҳовучига солди.
— Ужанг йиғламаяптими?
— Йў-ў. .
— Бир, борақол. Эҳтиёт бўл, она қизим… Тўхтабойнинг томоғига алланарса қадалди. Қайрилиб қизига қарамасликка уриниб йўлида давом этди. У Тошкентга бу сафар келганидан буён кунлари ниҳоятда бебарака ўтди. Уйлаган ҳеч бир режаси унмади. Эски дўкондор таниши икки тўп шойини бошқага пуллаб юборибди — савдо аҳли орасида бунақанги лабсизликни Тўхтабой кўрмаганди — ўшани амаллаб Тўқмоққа етказиб олса у ердаги болаларига чойчақа чиқарди. Яна уч-тўрт кун кутай деса Адолат тез-тез кўрпа-тўшак қилиб ётиб оладиган бўлиб қолди— кўнгли шундан алағда. Шунча кун Тошкентда юриб Мактабхондан хабар олмади. Тўғри, Мактабхон — укаси Асқархонникида, унинг иссиқ-совуғидан хавотир олмаса ҳам бўлади, шундай бўлсада, йўл усти кириб чиқиш илинжида икки қайта Бешёғочга ўтди, чалғиб, қайсинисикига кириш фурсатини топмади.
«Янаги келишимда кўриб чиқаман», деб дилига тугди Тўхтабой. Оғзи қуришди. Зўр бериб ютунди — лабларини базўр намлади. Заргарликка олиб борадиган кўча ёнида ўтаётганида, «Тоға, ҳў, тоға!»» деган чақириқни эшитиб тўхтади.
— Бунча тез юрмасангиз, тоға, изингиздан етолмаяпман-а.
Тўхтабой кулимсираб келиб кўришган Абдумалик жиянининг қўнғиз мўйлабига, итёқа, оқ кўйлагига разм солиб хаёлини жамлади.
— Э, жиян, Обида опам тузукмилар? Болачақалар омонми?
— Дуруст, дуруст. Кепсиз, деб эшитдим. Қаёқларда юрийсиз, ўзи?!. Тўқмоқдай жойдан келиб бизникига кирмасангиз?..
Тўхтабой синиқ жилмайди. Жияни аҳволни билиб туриб гина қилаётган эди.
— Бир бировимизникига яширинмай-нетмай, бехавотир кириб… — Тўхтабойнинг лаблари бир-бирига чиппа ёндашди, гапини давом эттириш учун чираниб оғиз очди: — Кириб чиқадиган пайтлар ҳам келар, жиян…
— Иншоаллоҳ, этганингиз келсин. Ман…
Тўҳтабой гапини айтиб олишга ошиқаётган одамдай жиянининг сўзини бўлди:
— Тинч бўлсанглар, бас. Гина-кудуратлар ҳам ўшанда ярашади…
— Сан буёққа кетвоссан шекили? — Тўхтабой шундай деб ўнг томонда юқорилашиб кетган тор тупроқ кўчани кўрсатди. Бехосдан қалқиб кетган одамдай томоғини кириб йўталди. — Йўлингдан қолма, жиян.
— Ман… — Абдумалик тоғасининг ўйчан, ҳатто маъюс кўринаётганини сезди, тўхтаб-тўхтаб гапираётганига эътибор қилди, шундан у кишини ёлғиз қолдариб кетгиси келмай ғудранди.
— Тушунаман, жиян, тушунаман. Хижолатвозликни хаёлингга келтирма, акоси.
Б. . б. . боравер…
Абдумалик тоғасининг худди томоғи оғриётган одамдай қийналиб ютунаётганини, қайта-қайта тамшанса-да, овози қуруқ чиқаётганини, шу боис гапиришга қийналаётганини энди пайқади. «Мазангиз йўқми?» деб сўрамоқчи эди, Тўхтабойнинг қатъият билан «Боравер» деган амрини инкор қилолмади. Ноилож, тоғасининг бетига қарамай хайрлашди ва тор кўча томон қадамини жадаллатди. Тўхтабой ҳам ўз йўлидан қолмади. У бу йўлларда ёлғиз юрган одам эмас, албатта ёнверидан ҳамроҳлар аримас эди. Энди… у пича юргач, негадир орқага ўгирилди, чамаси Абдумаликдан бир нимани суриштиргиси келди, ҳатто товуш бериб чақирмай ниятида лаб жуфтладию, овози чиқмади. Абдумаликни тўхтатса, Чиғатойдага тушаверишдаги Сомон бозор чойхонасида бир нафас гурунглашса… Абдулҳайни сўраса… Айтмоқчи, Абдувалининг тақдири нима кечди?.. Олмонияга икки-уч йиллик ўқишга жўнаяпман деб кетганича, мана, ўн йилдан ошди-ёв!..
Қизиқ, Қаюмхон почча баджаҳл, серзарда, фикри-хаёли савдогарчиликдаги одам. Лекин ўғилларига илмга ташналикни қаердан юқтирган?.. Кенжаси Абдували ўқишдан бошқа нарсани билмайди. У-ў, ўқиганга нима етсин! Дунё — ўқиганники!.. Утлибил илма минал маҳди, алал лаҳди. Дарвоқе, ўша — хуфтон уйига охирги яширинча кириб чиқаётиб ўғли Солиҳжон шошилинчда маслаҳат сўради:
— Ада, ўқисам дегандим…
Уёғини айтолмади. Уёғини Тўхтабой ҳам айтолмади. Нима десин?.. Кимсан Тўхтабойваччанинг ўғлини шўро ўқитармиди!. Бойнинг фарзандларига шўро илмни раво кўрмайди. Уз кучига ишонмаган ҳукумат фуқароси илмли бўлишидан чўчийди. Тўхтабойни жуда яхши билади. Шундай бўлсада, кўча эшик тагида Зулфияни чақирди.
— Онаси — деди бурунги қатъиятли овозда тайинлаб. — Болаларни ўқитиш пайида бўлинглар. Собиржон ўқиса укаларини ҳам изидан етаклайди. Қаюм поччага олиб бор. Абдулҳайга, Абдумаликка маслаҳат сол — ёрдамини аямайди улар. Тузукми?..
Аммо-лекин… шўрога илмли одам керак эмас. Абдували мусофир юртларда кимсан Вали Қаюмхон бўлиб юрибди, эрта бириси кун Тўхтабойнинг ўғиллари ўз юртида мусофир — бегона бўлиб қолмасмикан? Ё, боқий, антал боқий!.. Ё, боқий!..
Тўхтабой Қаюмни бозори муюлишидаги чойхона ёнидан ўтаётганда сўрида ўтирган беш-олти чойхўрга қарамади, кўз қирини ташлаганида Саҳий тайибнинг ёнида Абдумалик орқасини ўгириб тургандай туюлди — Тўхтабой паришонхаёллигидан унга эътибор қилмади.
Ҳар сафар Пичақчилик муюлишидан ўтгач Тўхтабой йўлни ўнгдан солар, шу кўчада яшовчи, яратганнинг ўзидан башқа ҳеч бир жонзоту жондордан ҳайиқмайдиган Туобил ҳожини ўчратса пича гурунглашар, Алишер Маҳсумнинг ҳасратларига қулоқ тутар эди, бу сафар ҳам шундай қилди – бир оз юрса извошлар бекатига етар, у ердан Пиёнбозюрга борар, ваъдалашган танишларини кўргач, у ердан Тўқмоқ қайтади дея йўлга равона бўларди. Фақат у бир қанча одимни оғир ўй остида ўтди ва… изига қайтди. Изига қайтиб, ўнг ёққа бурилганда, ҳозир ўзи келган сўл томонда кўринган уч йўловчидан бири ўзини дуч келган эшикка урди. Тўхтабой ундай шарпага эътибор қиладиган аҳволда эмас эди.
Шу топдаги вазиятдан келиб чиқса, у ўзи қурдирган жомеъ масжидига қадам босмаслиги керак — қандай бўлмасин Тўхтабой бойлигини унутган фақир ва бечора одам қйёфасида юрмоғи лозим, у бой эмас, масжид қурдирмаган, меҳмонхана бунёд этган эмас, ҳар ҳайит арафасида Пиёнбозорда етим-эсирга беминнат ош-нон улашган эмас, қатар-қатор дўконлари ҳам йўқ… булар майли-я, бари-баридан қўлнинг кири янглиг воз кечди, мол-мулкнинг баҳридан ўтиш-мумкин, лекин унинг бойлиги… битмас-туганмас орзуниятлари, бири бирндан арзанда уч аёли, бири биридан шакар ўн бир ўғил-қизи қайда қолди?.. Мактабхон укасиникида, Адолат Тўқмоқда, Зулфия Гулбоғ ўрнидаги ҳовлида-жўжабирдай жон… «Худо сиззи етказди, Тўхтажон, — деган эди ўлим тўшагида ётган Зулфиянинг отаси — Ислом саррож кўзларидан ёш дувиллаб — Қизим ҳалолингиз. Оиламга бош бўлинг — кўчада қолишмасин… »
Тўхтабой истамаган эди уларнинг кўчада қолишини… «Ё, боқий! Ўзинт боқий!.. Ё, боқий!.. »
Тўхтабой намоз пайти эмасада масжид дарвозасидан кириб борди. Сўл томондаги пастак уй теварагини супураётган дароз, ҳирсдай бақувват, эчки соқол қоровул чол уни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолди. Мум тишлади.
— Ассалому алайкум раҳмату ва барокатуҳ!.. Тўхтабой қоровул чолга эмас, масжидга, бу муборак масканнинг замину-эру қадди-бастига салом берган эди. У тўғри хонақоҳга йўл олди, меҳробга икки-уч одим қолгунча бир маромда вазмин юриб борди — ташқаридан уни кузатиб турган қоровул чол гўё Тўхтабой ҳозир масжидни орқалаб кетадигандек талвасага тушди, дод-вой солиб бошига ҳалойиқни йиғмоқчидек лапанглаб кўчага югурди — Тўхтабой эса меҳраб пойида пешонасини саждага қўйди…
— Ёлғиз ўзинг боқийсан, Эгам!.. Фонийлар узра боқийлик ёлғиз сенга ярашади!.. Қодирсан!.. Закийсан!.. Одилсан, одил!.. Одилликда бокийсан!.. боқий!.. Антал боқий — ўзинг боқий!.. Ё, боқий!..
… Қоровул чол ҳовлиқиб чориғини сургаб тўрт-беш бекорчини бошлаб келганда Тўхтабой Каллахонадан ўтиб Маҳсидўзликка, ундан оша Хадрага етаёзган — йўл-йўлакай нимаики кўрган бўлса, ким билан учрашиб, ким билан гаплашган бўлса — бари-барини унутган, қай ўй-қай хаёлда кетиб бораётганини сезмас, меҳробга юзма-юз чўк тушиб илтижо қилаётганда овози равонлашганини, сира қийналмай тупук ютганини, мана энди, баҳорнинг намочил кунида оғзи янаям қуришиб бораётганини ўйламас, фикри-ўйида юрса-юраверса, йўли адоғ бўлмаса, жон-жонига туташ бўлиб кетган Тошкент кўчаларидан айланиб-ўргилса… шу кетганча Тўқмоқнинг биқинидаги сермавж Чу дарёсига шўнғисада, ҳовурдан чиқса, ҳароратлари босилса, муздай ва тезоқар сувни сипқорса, ташналиги қониб ҳуши жойига келса ва ҳамма-ҳаммаси қайта бошдан бошланса… болалиги, ўсмирлиги, тижорат йўлига кириши, уйланиш, бола-чақа орттириш, довруғ таратиш манчман деган ўрис, немис, жуҳуд бойларига иззат-икром кўрсатиш
… бор-будидан айрилиш, асл бойликлари бўлмиш аёлларию фарзандларидан мосуво бўлиш… Чунинг суви тезоқар-да!.. Муздаклиги яхши, о-оҳ!.. Тез оқиши ундан яхши. Шиддат билан оқади. Одамнинг умрига ўхшайди — тўхташ нелигини билмайди, олдинга, олдинга, олдинга…
— Ҳой, амаки!..
— Қочинг-г!..
— Тоға-а-а!!!
Тўхтабой устига бостириб келаётган трамвайни кўрдию, унинг ваҳимасини фаҳмлаб улгурмади — беихтиёр бошини силтаб тортади, вагоннинг тумшуғи чириллаб бетини ялаб ўтди. Тўхтабой тўхтамади — яна бир қадам олдинга ташлади, ташладию, трамвай вагонининг «думи» зарб билан уриб уни шу йўлга ағдарди.
Тўхтабой шаҳар ўртасида ерга узала тушиб ётадиган инсон эмас эди, зеро, у лаҳзалар ичида ҳушини йиғдию, ирғиб турмоқчи бўлди, оёғи ўзига бўйсунмади, қўли билан тиралиб қаддини ростламоқчи эди — кафти аранг кўтарилиб кўксига етди , холос. Йўловчилар югуриб келиб уни ўраб олишди. Қий-чув қўпди. Аёллардан бири ҳўнграб юборди. Одамлар орасидан ёриб ўтган итёқали оқ кўйлак кийган, қўнғиз мўйлабли йигит энгашиб, энтикиб Тўхтабойнинг бошини билагига олди. Қалтироқ қўллари билан ёқа тугмаларини ечишга тутинди.
— Ё, боқий…
Ранги докадай оқариб кетган Тўхтабой гўё фонийлар орасидан боқийлик истагандай сўниб бораётган кўзларини аранг очиб тепасида гавжумлашаётган башараларга аланглади, қийналиб тамшанди, нотаниш чеҳралар орасидан итёқа кўйлак кийган қўнғиз мўйлабли йигитни топди, бор қувватини кўзларига жамлаб унга тикилди, лекин у йигит мубҳам бир хавотирда ўзини изма-из кузатиб келаётган жияни — Абдумалик эканини танимади…
* * *
Ўрта ёшлардаги дароз бўйли гўрков узун қўлларини лаҳаддан чўзиб оппоқ кафанга ўралган майитнинг оёқ томонидан одди, сўнг белбоғичини кафти аралаш ўради, авайлаб пастга туширди.
… У кеча шом чоғи, «Тўхтабой бандаликни бажо келтирибди!» деган хабарни эшитганда ажабланиб ёқа тутди. «Эссиз, шундай одам ҳа ҳам ўтибди-да!» деди бош чайқаб. Бош чайқай-чайқай, марҳумнинг ҳаққига дуолар ўқий-ўқий қабрни ҳозирлади, лаҳад тупроғини ихлос билан чуқурроқ, кенгроқ олди. Тупроқ тортаётиб манглайига нимадир илашди — лаҳад шифтида бир қарич чиқмайдиган қилдай ингичка илдиз осилиб турган экан. Уни юлиб ташлаш ниятида тортди — илдиз узилмади, «зарари йўқ» деган ўйда ишини битирди, ташқарига чиқаётиб илдизнинг муздек учи яна пешонасига тегди, бу сафар у кетмонни ишга солди — калта сонли кетмонни икки дафъа сирмади ҳамки, илдиз узилмай тебраниб тураверди. Шунда… тебранишдан тўхтамаган илдизнинг у учида бир томчи сув симобдай йилтираб кўринди. «Ажабо!» Гўрков тушунолмай бир зум ҳаяллади. Чинчилоғининг учида томчини «илиб»» олди-да, лабининг чеккасига теккизди, теккиздию, ҳайрати чандон ортди: «Товба! Бу қадар суюқ, бу қадар тиниқ, бу қадар тотли
!.. »
… «О-омин! Савол-жавобингизни Аллоҳнинг ўзи осон қилсин!». Гўрков шивирлаб юзига фотиҳа тортгач, лаҳаддан сирғалиб чиқди, юқоридан қўлма-қўл узатишаётган гувалани лаҳад оғзига тера бошлади. Сўнгги икки-уч гувалани қўйишга улгурмай қоронғилашиб бораётган лаҳадга беихтиёр қаради. Қарадию… майитнинг қоқ лаби устига томган илдиз шираси пахтадай оқ кафанликдан шимилиб ўтаётганини кўрди…