Илҳом Зойир. “Ўғирланган” пул можароси (ҳикоя)

Муслимов бошлиқнинг хонасига кириб келганида, бошлиқ аллақандай қоғозларга ғарқ бўлиб ўтирарди.
— Чақиртирган экансиз, Ахмад Алиевич, —деди тавозе билан Муслимов ва рухсат сўрамай стулга ўтирди. — Масала муҳимми ёки шунчаки…
— Муҳиммас, долзарб, — деди Ахмад Алиевич қоғоздан бош кўтармай. — Бизга мукофот ажратилибди, юқоридан! Чоракликда давомадимиз яхши бўлган экан. Сизнингча кимларга берсак тўғри бўлади?
Муслимов ғимирлаб қолди.
— Ўзиям, бу чоракликда ходимларимиз жуда фаол ишлашди. Ҳаммаси мукофотга лойиқ.
— Гапни умумий қилманг, Муслимов, — деди Аҳмад Алиевич столни тиқирлатиб. — Масалага конкрет ёндашинг! Мукофот ҳаммага етмайди. Сизнингча, кимларга берсак бўлади, шундан гапиринг!
— Ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ҳакимовга, муҳандис Тўхтаевга, ҳисобчи Фая опага, иқтисодчи Холтоевага…
— Ўтламанг! Ён босиш бўлмасин! Буларингизнинг бари прогулчи! Бирови кеч келади, бирови эрта кетади. Ҳакимовингиз бўлса, билмадим нима билан шуғулланади? Кеча тушликдан кейин ишхонада ҳеч кимни кўрмадим.
— Нимага энди, ҳамма шу ерда эди…
— Қани бўлмаса чақиринг-чи, ўша ҳаммани… Тўхтанг, Гўзалхон чақиради. Гўзалхон беш минутга одамларни бу ерга чақиринг!..
Жамоа бирин-кетин кириб келишди. Ҳамма келиб бўлгач, Аҳмад Алиевич юзига тундлик аломатини зоҳир этиб гап бошлади.
— Сизларга бу гапни айтишим ноқулай, — деди кўзини деразадан узмай. — Кеча, аниқроғи, тушликдан сўнг костюмимни ечиб, ана шу стулнинг суянчиғига илиб, ўзим бир иш билан ташқарига чиқиб кетгандим. Чўнтагида бир, икки сўм пул бор эди. Қайтиб кирсам, костюм жойида, лекин пул йўқ. Шунинг учун сизларни чақирдимки, мабодо… Йўқ-йўқ мен сизлардан гумон қилаётганим йўқ, мабодо…
Хона сукунатга чўмди. Кўзлар бир-бирига шубҳа билан боқди. Пичир-пичир бошланди. Ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ҳакимов ўзига тикилиб турган муҳандис Тўхтаевнинг кўк кўзларига қараб, беихтиёр:
— Рафиқжон сиз менга унақа қараманг, —деди безовталаниб. — Бировнинг чўнтагига куним қолмаган ҳалигача!
Ўғирлик устида қўлга тушган одамдек, Тўхтаев чўчиб тушди.
— Эй, сизга қараб ҳам бўлмайдими? Боринг у ёққаей!
Ҳакимов асабийлашди.
— Бир қараяпсизки, одамни тешиб юборай дейсиз! Худди пулни мен ўғирлаганману сиз қуруқ қолгандай! Ахборотингиз учун мен кеча тушликдан кейин кетганман. Божам юбилейини қилаётган эди, ўшангга кетганман.
— Мен сизни ўғри деяётганим йўқ-ку Чинпўлат ака! Кеча мен ҳам тушликдан сўнг бу ерда йўқ эдим. Хотиним янги бўшанганини ҳамма билади. Кеча шуни олиб чиқдим. Эҳтимол, Гўзалхон билар, қабулхонада пайпоқ тўқиб ўтирган эдилар. Бегона одам дарров билинади-ку! — Гўзалхон, кеча мабодо бирорта бегона киши…
Пойгакда ўтирган котиба қиз Гўзалхон ҳаяжонланганича ўрнидан турди.
— Мен-мен… Йўқ-йўқ… Бегона киши келгани йўқ, — деди оппоқ қўлчаларини бир-бирига ишқалаб. — Мен кеча тушликдан кейин ярмаркага тушгандим. Эшмат акамла келувдила-да, шунга… У киши бегона эмас-ку. Бу ёққа чиққанлари ҳам йўқ, пастдан телепон қилдила, телпон билан ўғирлик қилиб бўлмайди-ку?!Эшмат акам билан юрганимизни машинисткамиз Зухра опа, кассиримиз Галя опа ва Мўтти опалар кўришди. Галя опа, ўзингиз бир нима денг! Була мани ўғри қиляпти! Ман тушиб кетаётганда Султон ака билан Карим ака хонасида гаплашиб ўтиришган эди.Карим ака менга “ҳа, свиданиягами?” деб ҳам қўйдила…
— Гўзалхон, гумон иймондан айирар, деган гап бор, қизим, – деди Карим ака кўзойнагини асабий тарзда тўғирлаб оларкан. — Сен, қизим, бизларни тушликдан олдин кўргансан. Кеча Султон аканг шахматдан ютқазгани учун менга пивога тушган. Шунга иккимиз сал вақтлироқ қуённи расмини чизганмиз. Эсон тоғага “юринг” дедик, у киши “ишим бор” деб унамади… Эсон тоға, ўзиз айтинг буларга, кеча шунақа гап бўлувдими?
Эсон тоға бепарво одам. Шунинг билан бирга ҳалол. У кишидан гумон қилмаса ҳам бўлади.
— Тўғри, сизларни кўрувдим, — деди Эсон тоға ер чизиб. — Сизлар кетгандан кейин эшикларни тортиб-тортиб кўрдим. Ҳамма эшиклар берк экан. Шундан кейин мен ҳам ўзимни ишимга кетдим-да.
Эсон тоғанинг гапи масалага нуқта қўйгандек бўлди. Лекин Аҳмад Алиевич яна зуғумга олди.
— Демак, кеча тушликдан сўнг бу ерда ҳеч ким бўлмаган, мендан бошқа! Менинг хонамга ҳам ҳеч ким кирмаган, шундайми?
— Шундай, шундай, — деди Эсон тоға бепарволик билан.
— Эсон ака, — деди Аҳмад Алиевич қўлини бигиз қилиб, — сиз шундай дейсиз-ку, бошқа сайёрадан келиб мани чўнтагимни шилиб кетмагандир! Муслимов, даромад яхши деб чирангани-чиранган! Яна буларга мукофот ҳам бераман дейди! — Аҳмад Алиевич яна узоқ гапирди. Лекин ўғри топилмади. У Муслимовга “сиз қолинг” деб бошқаларга рухсат берди.
Муслимов ўсал бўлгандек бошини хам қилганча ўтираверди. Аҳмад Алиевич ўша тундлик билан:
— Сиз ана шундай дангасаларга мукофот бераман дейсиз! — деди.
— Мен бунақа бўлганини қандай билай, Аҳмад Алиевич, — деди гуноҳкорларча ғулдираб. — Кеча ўзим ҳам тушликдан кейин йўқ эдим.
— Ана, ҳатто ўзингиз ҳам мукофотга лойиқ эмассиз! Майли кетаверинг!..
Муслимов ўрнидан оғир қўзғалди ва эшик томон йўналаркан:
— Яхши иш бўлмабди, Аҳмад Алиевич — деди майинлик билан. — Ўғирланган пулингиз кўпмиди?
— Кўп-камлигини мукофотни олгандан кейин биламизда, Муслимов, — деди Аҳмад Алиевич, муғомбирона жилмайиб.

РЎЙХАТ

Тушликдан қайтиб энди хонамга кирган эдим, бош муҳарриримиз Ўсар Келдиев чақириб колди.
— Ўтир қани, бу ерга! — деди тажанг бир қиёфада. Тажанглигини кўриб “бугунги сонда навбатчи эдим, бирор жиддий хато ўтиб кетибдими”, деган хаёлга бориб, руҳиятим чўкди. — Сен болани деб қачонгача гап эшитаман-а? Тинчгина мақола-пақолангни ёзиб юрсанг, бирор жойинг камаядими? Ё ҳажвия ёзмасанг уйқинг келмайдими?
— Бирор гап бўлдими, Ўсар ака?
— Дард бўлди! Кечаги “Каламуш”ингдаги фамилия “Заготзерно” бошлиғининг фамилияси билан бир хил экан-ку. Ўшани Эшматов эмас, Тошматов десанг сазанг ўлармиди ё биров ёқангдан олармиди? Ҳажвияда кетаверарди.
— У кишини умуман хаёлимга келтирганим йўқ эди, —дедим ўзимни оқламоқчи бўлиб. — У кишиям қизиқ экан. У бир ҳажвия. Мақола бўлса бошқа гап — факт деб даъво килса бўларди.
Келдиев жиринглаган телефон гўшагини “чакагинг ўчсин,” дегандек шарт кўтариб ташлади. “Ҳозир менинг ҳам бошимга телефоннинг куни тушади”, деб ўйладим.
— Мана шу Дўланбой Эшматов бўлмаганида ўтган йилда бирорта ҳам сонимиз чиқмасди. Ҳамма қоғозларимизни шу киши кўтарганидан хабаринг бор эди-ку! — Келдиев бир оз ҳовуридан тушгандай бўлди. — Сен айтган гапни мен ҳам у кишига айтдим. Лекин бундан нима фойда? Бунақа гапларни у киши билмайди. Раҳбар одам мақола билан ҳажвиянинг фарқини қаёқдан билсин!
Мени гуноҳкорлардай елка қисиб ўтирганимни кўриб янаям юмшади. Пешонасини қашиб-қашиб, деди
— Сен битта рўйхат қил!
— Қанақа рўйхат? — дедим бошимни кўтариб.
Келдиев айтадиган гапини обдан пишитиб олди, чоғи.
— Тумандаги барча раҳбарларнинг исм-фамилиясини битта рўйхатга тизиб чиқ, кейин шу рўйхатни столингдаги ойнанинг тагига қистириб қўй. Ҳажвия ёзмокчи бўлсанг шу рўйхатга кирган фамилиялардан фойдаланмайсан уқдингми! — деди.
Бир ҳафта деганда сўраб-суриштириб рўйхатни туздим, Келдиев айтганидай столимдаги ойнанинг тагига солиб қўйдим.
Орадан бир -бир ярим ойлар ўтгач, Келдиев яна чақириб колди.
— Илёсжон, рўйхатингда Эшматов бормиди? — деди тиржайиб
— Нимайди? — дедим яна бирорта ножўя иш қилиб қўйибманми, деган хаёлга бориб.
— Сен ундан ҳажвияларингда фойдаланишинг мумкин. Ҳақиқатан каламуш экан у. Бугун пўстагини қоқиб, ишдан олишди. Ҳамма ёқни кемириб ташлаган экан.
— Унинг ўрнига ким бўлди? — дедим мен ҳам пишиқлик қилиб.
— Абдиқул Валиевич Ваҳобовни рўйхатингга ёзиб қўй, — деди Келдиев ним табассум билан.